Саломат Вафо асарлари

75 йиллик чинқириқ. янги ҳикоя. Саломат Вафо


Marta o'qildi

75 йиллик чинқириқ. янги ҳикоя. Саломат Вафо

    Бу худо қарғаган жойга, қайси ақлли олиб келган экан. Бу  бинонинг совет даврида қурилган 9 қавати, саноқсиз синиқ ойналари, қайси бир аламзада ходимнинг бу ёруғ оламга  ғарибхонанинг борлиги  ҳақида бонг урмоқчи бўлгандай дераза ромига осиб қўйган қизил дуррами ёки аллақандай  газмол йиртиғи мотам  байроғидай  шамолда ҳилпираб   турарди. 

  Сайлхон студент бўлгани, оиласи йўқлиги ва   байрам кунида борар  жойи йўқлиги сабаб,  бир тўп дафтар солинган  сунъий чарм сумкасини қўлтиқлаб, ўтиришга қулай жой излаб юрарди.

  Бу кимсасиз  йўлакларга  асрлар сукунати чўккан, чанг босган, ёрилган, ўйнаб қолган пол таҳталари, орасига  кимлардир нос туфлаган, чой қолдиқларини ташлаган ва одамзод  наслининг ибтидодан шаклланган  заруратининг бари бажарилган  эди. Байни иккинчи  жаҳон уруши даврида тутқун асирлар ишлаган узун катакомбаларни эслатадиган ҳира ёриган  каридорларга оғир жимлик чўккан.

  Бугун эрталабки соат тўртдан бошлаб, Тошкентнинг  икки юздан ошиқ масжитларида жума ва  ийд   рамазон намозлари ўқилган бўлиб,   сўфининг саси ва масжитларга йиғилган юз мингларча одамнинг “аллоҳу акбааар..” дея гувранганидан  эски бинонинг синган ойналари зириллаб, ичкаридагилар безоватадай силкинарди.  

  Бу бинода ишлайдиган қари -  қартангларнинг бирортаси  ибодат қилмасада,  жума намозига чиқмасада, мамлакатнинг байрами, таътилларидан фойдаланиб, умри давомида бу ҳароба бинонинг чанг микробларини ҳидлаб, акса уриб аллергия касалига чалинарди. Йилар давомида деворлар аро йўталлар, аксалар сузар ва чанг - тўзонлар тўзғирди.   Бугунги  муборак  ийди қурбон байрами кунида уйларида қизлари, келинлари пиширган шакарли  бўғирсоқ, қуштили, ёғли қатлама, беҳили, олма,  олчали  кекс, сабзи ва пиёз қайласи солинган ўрама юпқа, серсабзи половни еб, кўк чой ичиб ўтирган бўлса ажаб эмас.

  Темир эшиклар даранг – даранг  урилиб, мовий ҳалат кийиб оғир қопларни орқалаган, судраган уч -  тўрт нафар  йигит  Сайилхонга рўпара бўлишди.

  “Бу  қопларда бир йил давомида   ёпилган чарм заводи, "Сайёра"  чит   фабрикаси, 15, 23, 48 сонли   касалхона ҳужжатлари бор.  Кичикроқ қопларда ва катакли каноп сумкаларда  банкрот бўлган қўшма корхона бирлашмалари,  "Шудринг"   рақс дастаси,  кўрлар ансамбилининг архив ҳужжатлари жойлашган..Мана бу ҳужжатга  имзо  қўйиб беринг ” йигитлар шошиб.

  “Оғалар, бугун ҳужжат олиб келишади дейишмаганди. Мени ишга келганимга бир ҳафта ҳам бўлмади”.

  “Қўл қўйинг. Бу юқорининг буйруғи. Ана сўрғичи турибди, бузилмаган ”.

    Темир эшик даранглаб  очилиб, кўзлари ола – кула  қорни кулгили тарзда дўмпайиб чиққан, ўрта ёшлардаги  қоравул Шоди ака кирди.

  “Олинг, олинг қопларни.. йўлакни бўшатинг. Байрам куни  ҳужжат олиб келишга ҳаққингиз йўқ. Мен йигирма йилдан бери шу ерда қоравул бўлиб ишлайман, бу бола кеча келган ҳеч нарса билмайди”.

  “Сиз кимсиз?” хурпайди мовий ҳалатлилар.

  “Мен қоравул қўшини сардори Шоди Калоновман”.

   “Қоравул қўшни сардори..нимани қўриқлайсизлар ўзи бу ерда..тирик жон борми?”.

  “Ҳов, укам. Бу архив ҳужжатлари одамдан қиммат туради, билсангиз”. 

   "Одамдан нимаси қиммат туради" дея совуқ кулишди келганлар.

  Сурғучланган катта  каноп  қопларни  ишчи чумолилардай  тизилишиб  кўтариб турган мовий ҳалатлилар,  бошлиғи имоси билан, қопларни қоравул турган жойга  "тап - тап" ташлашди. Атрофга  чанг ва қоплардаги моғор хиди тарқади. Жавраётган қоравул қоплар орасидан  силтаниб чиқиб,  эшак ари талаган  одамдай қизариб турди  ва   минғирлай – минғирлай ғойиб бўлди.

  Тумшайиб ётган қаронғиликда  ҳаётдан  ва одамлардан узоқда айвон  ва қаронғу  саҳнларда ғалати сафарбарлик шовури  пайдо бўлган эди.  Узун катакомба йўлакларда ва йўлакларнинг ойлаб, йиллаб очилмайдиган,  эгаларининг оламдан ўтиб кетганига аллақачон 75 йилдан ошиб кетган делолар:   53, 71,  104, 97, 49... ва ҳаказо  хранилише[i] деб ёзилган эшикларнинг ортида шивир – шивирлар сизиб чиқди.  Кимлардир полларни гурс – гурс босиб  юрар ва “эшикни ким очади” дегандай  тортишувлар бошланган эди.

  Рақамлар остида қотиб қолган темир эшик ортидаги оломон, гўё бугун  байрамлигини, масжитларда ҳайит намози ўқилаётгани  ва шу туфайли бинода ходимларнинг камлиги: бу гуруҳ  анқов студент бола билан Шоди қоринбой қоравулдан иборатлигини англашгандайи жонланиб қолган  эдилар.

  Сайлхон узоқ муддатли ҳужжатлар турган хоналардаги шовур -  шовурни, зириллаётган ойналар ортидаги  ингроқми, фарёдини аранг эшитаётгандай саросимада  беиҳтиёр  ўрнидан туриб,  қоравул ёпган эшикка қаради. 

  Эшикка ҳам жон киргандай бирдан  очилиб,   бир қиз  югуриб кириб Сайилхонга урилди.

  “Кўзингизга қарамайсизми?” дейди йигит ҳайрат билан  ва  қаршисида чиройли  қиз турганини кўриб жим қолади.

  “Ака, телефонингизни бериб туринг” дейди дабдурустдан.

   Йигитнинг кўзи бирданига  зулмат чўккан, қоралигидан ялтираётган ойнага тушди ва

  “Сиз..нима қилиб юрибсиз тунда,  бу...бу ёпиқ  бино ”...деди.

  “Ака,  яқин орада   фақат шу ерда чироқ кўрдик, адашиб қолдик”..

  “Мана..нима  қиласиз телепонни..?” дейди Сайилхон.

  Сайилхон қизнинг   аллақандай номерларни “тиқ - тиқ” терганини кузатиб туради. Қиз “алё..алё..” деб телефонни юқорига кўтарганича антенна ушлайдиган жойни топиш  учун  мультфильм қаҳрамони  қуёнга ўҳшаббб “зир..зир..”  у ёқдан бу ёққа югурарди.    

  “Руслан, ман бу ердаман,  ойналари синиқ  сариқ  бинонинг ичидаман. Эшигидан тўғри кириб келаверинг ” деб  телефонни узатди...

  Шу он катакомба йўлакми ёки сукунат ва зулмат чўккан қаватларнинг бирида нимадир  пақиллайди.  Бутун бино йўлакларида “пақ - пуқ”  этган сас  садо бериб,  липиллаб турган электр  чироқ  ўчиб қолди..  

  Қиз  қўрқиб “ааа..” деб чинқиради.

  Йўлакларда  хира ёриган катакомбаларда худди чироқ ўчишини кутиб тургандай  ҳавотирли шовур – шовур бошланади. Кимлардир йўталиб ёки акса уриб эшикларни очиб ёпишар, цимент ва ёғоч полларга "тапиллаб" эгасиз делолар ва хат жилдлар тушарди.

  “Қўрқманг..байрамда зўриққани учун электр автомат отиб юборган. Ҳозир ёниб қолади”.

    Қаронғу хоналар олдида, йўлакларда  кимлардир тапир – тупур югуради: кулади, йиғлайди.

   “Мен Кисловодскка учишим  керак” дейди 97 сақланиш хонасидан эркак овози.

   “Менинг дамим қисади. Ишимни Урганч медицина  институтидан ТошМИга ўзгартирсам,  алкашлар, дайдилар ишлайдиган  моргга ишга қўйишди. Мен  моргда ишлашга қўрқардим. Дайдилар, кимсасизларнинг ташландиқ  жасадлари.. Мен у ерда онамнинг қўшниси икки , уч  йил олдин Моноқда  йўқолиб қолган Рўза тоторнинг ўлигини  кўрдим. У ваннада аллақандай кислотали сувда аъзои –бадани бўлка нондай шишиб  илвираб ётарди.  Балки.. у Тошкентга олий маҳкамага бировнинг ҳоҳиши бўйича бирор  иғво хатини олиб келган. Балки, иш битгач шўрлик тоторни гувоҳ қолдирмаслик учун ўлдириб юборишгандир. Энди тоторнинг муросани билмайдиган юраги ва  беором қалбининг оналик  меҳри, қизғонч ва ҳасад   туйғуларини кислоталар ютиб юборган эди”.

  “Ҳамма ёғим ачиб кетди. Мен яқинда туққанман, худо ҳаққи.. моргдан олинглар..Ўлиб қоламан” дея  чинқирарди 103 хонадан  овози буғиқ аёл киши.

   Йигит телефони  фонаригини ёқиб, мурдадай оқариб, қалт – қалт титраётган, аллақачон қўрқинчдан саси чиқмай қолган  қизнинг юзини ёритди. Қиз улкан зулмат оламининг  юзига тушган заиф ёруғлигида улканлашиб, қўрқинчли тус олганди.

  “Ака, ичкарида одам бормиди?. Улар ким эди?. Ёрдам бериш керакмиди?. Нималар деб бақиришди. Каридорнинг охирида морг бормиди?. Ака, аҳир эшикка ТошМИ архиви деб ёзилган-ку..”.. дейди нафаси бўғзига тиқилиб.

  “Синглим ўзингизни босинг,  бу архив, морг эмас”.

  Сайилхон қизнинг иссиқ аммо титраётган қўлини ушлади. Қиз худди сувга ғарқ бўлаётган одамдай  нотаниш  Сайилхонга  ёпишди.

  Катакомбанинг энг тўридаги аллақайси эшиклардан бири қаттиқ дукиллайди. Кимдир мисоли дев панжалари билан қулф эшикни уриб зириллатаррди.

  “Оч, оч ж...  мени қандай олиб келгансан бу ерга, сен ғаар менга  уйқу  дори  бергансан.  Оч эшикни... бу столда уҳлай олмайман, у темир ва совуқ. Бу ерда  ўзим ҳам нечча марта итларни, сичқон ва  каламушларнинг қорнини ёриб  операция қилганман. Ооо..ч.чч..оч..жалаб дедим сенга..”  дерди гулдиракдай овоз эгаси эшикни гурсиллатиб.

     Мудҳиш бинога  сукунат чўкди, дев панжа ҳориди чоғи, эшик ортида аллақандай  ўйларга берилиб, жимиб қолган  эди. Ҳар замон, ҳар замон столни чертиб, ҳўрсиниб   умидсиз “уфф” тортарди. Аллақаерларда жумраклардан  "пилчиллаб"  сув томчиларди. Ҳар замон, ҳар замон аллақаерлардадир бузуқ  пионина клавишлари дараганлагандай бўларди.

  Яна узундан – узоқ йўлакларга эшиги  қараган қайсидир, 61, балки 219 хоналарда  тўпалон бошланиб қолди. “Ур - йиқит”, “қочди - қувди” бошланиб кетди.

  “Қоч..қоч, дедим. Нега ҳирсдай лошингни менинг устимга ташлагансан?. Хоромзода.  Вой..нафас ололмаяпман.. Нега оёғимни босасан?. Нега маргарин ва  ўрик жэми  сурилган нонингни менинг  устимда ёйсан. Кеча, бекитиб қўйган зоғора  печчи ва қотган пишлоқларингни ушоқларини тўкиб,  устимда единг. Индамадим.  Сен кетганан сўнг архивнинг  9 қаватидаги  бари кўрма сичқон,  каламушлари, талабалар ётоғи  сичқонлари йиғилиб келди. У тишинг синиб   тушгур кемирувчилар, ўрик жэми, пишлоқ ва нон исини олиб,   ҳамма нарсани бирваракайига шатирлатиб  кемиришга тушиб кетишди. Бу темир комбайин оғзи  менинг ҳам ялмаб  кетишига бир баҳя қолди. Ҳали ҳам кўнглим айнийди.  Энди келсанг, ҳужжатлар таҳланган  қоп жавонининг остида қоласан. Оғирлиғингдан йиқиладиган этиб қўйибман.  Мен тамонга   47 рақамли   хонага йўлни унут. йўмасам ажалинг  бизнинг қўлимизда. Сен худо урган бандада..  одамийликдан  зарра туйғу қолган бўлса,  мендан узоқроқ юргин ”.

  Яна зулмат чўккан 9 қаватли архивнинг қайси бир қаватларида, алланарса қарс этиб, электр ялт этиб ёнди. Узун йўлакларнинг қаеридадир Шоди қорвул  “атофруллоҳ..астафуруллоҳ..ўзингга шукур эгам, шукур” дея наъра торди, аммо овози бир оз  қайғули таралди. Синиқ ойналар ортида машиналарнинг сигнали, шовуллаши ва олис - олисларда юк поездларининг "вуппиллагани"  дунёнинг осойишта ва  тинчлигидан далолат берарди. 

   Шу он дунёни нурафшон этган қадимий архив биносининг ўзи каби қари электр чироғи "лоп - лоп"  этиб туриб, сўнг батамом  ўчди. Қора бино қора ойналарини ярқиратганича шаҳар четидаги оғочзорнинг ёнида қаққайиб турарди. 

  “Ўўў..”деди чор атроф узун йўлаклар, қаватларни боғловчи зиналар, кундузлари гавжум бўладиган қабулхона ўриндиқлари, қаронғи бинонинг  атрофидан айланиб ўтаётган машина эгалари, неча –неча йиллардан бери  тунда 9 қаватли бинонинг ойналардан жим  қарайдиган, саноқсиз сақлаш хоналаридаги сон -  саноқсиз, делоларнинг ёш, қари, шифокор, ҳамшира, бошлиқ, қоравул, операция амалиёти билан  қорни кесилган сурнайчи, Африканинг Фил суяги мамлакатидан ўқишга келиб, маст – аласт оқ танли болалар эрмак учун  ўриб ўлдирган студент , сочлари патила - патила кўзойнакли пиониночи шарпалардай  яна ойналарга ёпишдилар. Эшик ойнаси йўқ Дарбанд қалъасига қамалган  тутқунлардай олисларда милираётган  нурга мўлтираб  тикилдилар.

    Сурнайчи жавонлар ортида ўтирганича ўзи  учун чалгандай  ҳазин оҳангда сурнай чаларди. Гўё оҳанглар бутун борлиқни, таҳланган ва чанг босган делоларни аллаларди.   Дераза ойналаридан чироқлари маржондай сочилган йўлларга, оғочлари қизғиш ёритилган неон чироқлари,  ҳар хил даврнинг тик турган, ўриндиқда ўтирган хотин ва эркак ҳайкали, от минган  полвон одамнинг ва қозондай салла ўраган, бир қўлида довотга  ботирадиган пар тутиб ҳаёл суриб  ўтирган хайкаллар заррин алвон рангларга буркаганди. Бир қарашда тандирда  ёниб тугаган оловнинг   қип – қизил чўғ каби чироқлар билан чороғон  бўлиб, ястланиб ётган Тошкентга қараб, “оҳ” ва  “уҳҳ” тортишарди. Улар шу тутқун ҳолида ҳам шаҳарни азиз ҳисобламоқда эдилар. Йўлларда елаётган ялтироқ машиналарга, ойнаванд кафелар ва баҳайбат шишаванд супермаркетларга ҳавас билан боқишарди.

   Дераза олдида жой етмай қолган  ёш қизлар  оёқ остида изиллаб йиғлайди. Сурнайчи сурнайини мунгли – мунгли  чаларди. Тартибсиз уйилиб ётган қоғоз жилдлар ортида кимдир сассиз -  садосиз йиғлайди. 

  “Ҳар бир эшигига отнинг калласидай қулф урилган, бу   эшик қачон очилади? ”.

  “Бизни қачон  қутқаришади?. Ким қутқаради?. Бизга қаровчилар, бизни сақловчилар, албатта ўлиб кетган бўлса, додимизни ким эшитар?. Дело жилдимизни мухрлаган, сўрғичлаган архивнинг кўзойнакли каламуш қиёфа  хотинлари қаерда?.  Анови янги  ишга келган оғзидан овуз сути кетмаган жўжаҳўрозлар нени ҳам биларди. Ҳ али чироқ ўчиб,    қора қайғу қоплаган бу қора бинони зулмат сукунати қоплаганида, анови Сайилхон дегани иштонига сийиб қўймаган бўса, отимни бошқа  қўяман.”.

  Яна ўтган вақт каби сарғайган йўлак катакомбанинг қулфли эшиклари дукиллаб урилиб, юзларча, мингларча одамларнинг ҳайқириқлари, фарёдлари  тутиб кетди.

 “Очинглар, биз ҳам одаммиз. Очинглар..Қачонгача бу ерда ётамиз?”.

  “Эшикнинг ҳамма мухрларида  75 йил сақлансин, деган  ёзув бор. Аҳир, биз  бу ерга келганда ёш ва навқирон эдик. Ҳар биримизнинг келганимизга 85 йил, 98 йил ва 113 йил бўлди.  Бизнинг дардимизга қулоқ соладиган инсон  борми?. Бу тутқунлик азоби қачондир битиши  ва сўнгги   бўлиши керакми?”.

  Ҳужжатлар сақланаётган хоналарнинг деразаси, эшиги олдида жой етмай, уймалашаётган одамларнинг оёғи остида қолган уч – тўрт нафар ёш қизлар ва ўғил болалар, гўё айтим айтгандай,  гўё бир –бири билан ҳазиллашгандай  йиғлашарди.

  “Она,  мени ким олиб келди?. Бу ерда янгиманми?.  Аҳир, мен ҳиёбондаги  ҳуқушунослик  институтига  киргандим. 13 август..2015 йил.  Бухорога жўраларим билан кўришиб, ўқишга кирганимни суйинчалаш учун боргандим. Айй..гуноҳим не..энди 18га киргандим.  Мен Бухорода  мангу қолиб кетдим.  Онажон, кимлар боғлади кўзимни, кимлар боғлади қўлларимни. Онажоним, мен кўзимни бу қаронғи дунёларда, чанг босган уйилган ҳужжатларнинг ичида очдим.  Кўзларимга чанглар тўлди. Онаа..нега мен ўлдим. Ҳар кун деразадан кўриб тураман,  менинг  ўрнимда институтга  бораётган:  сингилларимни аянгникига борма, у сени расмга тушириб, сўнг интернетга қўяди  деб  калтаклаётган  ким у?. Нега у менинг кийимларимда, нега у менинг хонамда.. нега менинг қиёфамда.. Онажон, онажоним, менинг овозимни, дардимни ким эшитар?. Бизнинг фожеали тақдиримиздан одамлар хабар топармикан?.”

  Дераза олдидаги, қаронғи ойна шишаларига қапишган  юзлаган, минглаган қиёфаларнинг ҳитоблари, ёзғиришлари остида студент боланинг қизларникидай  йиғиси эшитилмай қолади.

  “Боламм.. Александр..Искандар.. аҳир, болам,  мен ҳам шу ердаман. Мени ҳам Дархондаги уйдан олиб кетдилар, бу уйни аянгнинг уйини таъмирлаган усталар ясатди. Воҳ   қизларим... У ёқда журналист опам  бор, иншаллоҳ бир куни халос бўламиз, боламм..”.

  “Бизни ҳеч ким қутқаролмайди, хола.  Мени ўз никоҳ тўйимдан олдин олиб кетишди. 29 сентябрь 2015 йил. Уйимизнинг ёнидаги улкан эгасиз уйда 3 кун уҳлатиб қўйишди. Ҳеч ким ҳеч нарса қилишолмаслигини билишгач, оҳ жуда оғриқли бўлди, хола. Мен ёш ва соғлом бўлганим учун: юрагимни, буйрагимни..эркаклигимни..  барча  ички аъзоларимни бир -  бир кесиб олишди...Сўнг кўзларим тупроққа тўлди, паҳлавон гавдамни   кунба – кун қурт – қумурсқалар кемирди.  Эҳ, аямнинг  ёлғиз ўзи  нима ҳам қила оларди?.  Унинг  қаламидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ.  Уйимизга  отам  ва менинг ўрнимга: Ёт, бегона   эркаклар аллақачон ўрнашиб олган. Аям, бизни қутқариш у ёқда турсин, мени, Искандарни ва хола сизни қиёфадошларга алмаштирганларини ёзгани учун уни жиннихонага ташлашди. 2015 йил 28 майда.. Жами  операция оҳирига етмагани учун уни ҳозирча ушлаб туришибди”.

  “Қандай операция?” дейди ҳорғин умидсиз хотин товуши.  

  “Нобел мукофоти бериш маросими..2016 йил 4 декабрга белгиланган..Шундан олдин ёзувчи  аям Саломат Вафони  алмаштириб юбориш режа этилган..Балки..сўнг приезидентлик сайловида  унинг ўрнида двойник хотин қатнашади..Мен онамни бу фожеалардан келаётган ҳавфдан  огоҳлантирай дейман, аммо  онамнинг баданида юксак частотали микро узаткичлар бор..Бу ноно технологиялар асбоблари.. Биз унинг яқинига боролмаймиз, биз унинг  тушларига киролмаймиз.. ”.

  “Қудратли тангрим, энди бизга йўл йўқми?. Тушларга киришдан ҳам маҳруммизми?.  Наҳотки, бу сулоладан 7 нафар одам қатл этилганини ҳеч ким билмаса..Олам огоҳ бўлмаса... Ўқитувчи онамнинг фарзандлари: Саъдулла оғам ва унинг хотини Бахтигул бийим,  Турсуной апикам, Даврон оғам, оҳ  менинг Искандар болам ва сен тўйдан олдин ўлдирилган  Ҳумоюнбек..ва мен ўнлаган  уйлар, дўконлар, икки -  уч килолик олмос ва олтинлар учун ўлдирилган нотариус  Ёрқиной  ”..дея баланд - паст овозда йиғлашарди қариндошлар.

  Яна тўққиз қаватли мудхиш қора бинонинг 9 қавати, йўлаклари, зиналари, сон –саноқсиз қулф осилган сақлаш хоналари  увиллай бошлади.

  “Дунёда ҳеч сир яширин  қолмаган, Саломат Вафо номи дунё саҳнасида  пайдо бўлиши билан  дело эгалари оёққа туради..Тайёрланган мақола ва фотолар пайдар – пай дунёнинг ҳар бурчагида газета ва ТВларда чиқа бошлайди.. ”..дея ҳитоб этади  қора бинонинг қора эгалари.

   Зулмат оламини  нурафшон айлаб бинода  яна чироқ лоп этиб ёнди..

   Чироқ ёнишини  кутиб  тургандай, қўлида телефон билан  Руслан деган паҳмоқ соч, тирсакигига сариқ ямоқ солинган чарм куртка кийган ўрта бўй  йигитча киради. Йигит қиз иккаласи бир – бири билан қучоқлаша кетади. Туну – кун ёниб турадиган неон чироқлари севишганларнинг ҳаяжонларини тўла кўрсатолмаслигини билгандай лопиллайди. Қари исковуч итдай  Руслан паҳмоқ сочнинг  изидан етиб келган Шоди ўзи айтганидай  қоравул отрядининг бошлиғи,  Сайилхонга қўшилиб анқаяди.

   Эски эшик, ойналар ва уларга осилган тўр дарпардалар  негадир титраб кетади.  

  “Биз  ажраҳо ялагандай шип – шийдонмиз. Ҳужжатларимизни университетда йўқотдикми, бекатда қолдирдикми билмайман”.

  “Моие...”  ғалати товушлар чиқаради Сайилхон.

  “Дўстим, шу ерда эрталабгача ўҳласак бўладими? ”.

  “Қанақа эрталабгача, қанақа уйқу, эс – песинг борми, сен боланинг..Бу ер сенга мехмонхона эмас.Бу ерни архив, аррхивв деб қўйибди”.

  Қоравул  ҳокимият  текканидан кеккайиб, мўйловини типратикандай тиккайтириб, мисоли Руслан деган паҳмоқ сочга санчиб оладиган сассиқ кўзандай шишади.

  “Байрам кунларида архивга мен бош..мен масъул оддамман. Чиқинг Шоди ака, анови қути, буткангизга... ” дейди чийиллаб қизариб Сайилхон, айни шу лаҳзада бирдан  улғайиб қолгандай бўлади.  

  Шоди ака  кеча келган ёш боладан  бундай муомила кутмагани учун жим қолади ва  аста чиқиб кетади.

  “Мен сизларга архив иш ўрганувчиларининг хонасини очиб бераман. Бу ерда турадиган қизлар ҳайит байрамида қишлоғига кетишган.  Жун одеаяллар билан ўраниб оласизлар”.  

  Аллақаерларидадир сичқонлар чийиллаб, сувараклар шитирлаб жой талашаётган узун катакомба йўлакларидан эски полларни босиб ғарч – ғурч юриб  келаркан, Сайилхоннинг кўксидан тоғни ағдарган одамдай ғурур туярди. Совет тузуми ағдарилганига йигирма йилдан ошган бўлсада, унинг сўнги шарпалари, бу худо қарғаган архив – катакомбада сақланиб қолган эди. Сон – саноқсиз тахта эшикларга “1 хранилище”, “2..3..10..18..23..103 хранилище” деб ёзилган ва сақланиш хоналарининг  лиқ тўла токчаларида “75 йил сақлансин”  деган  сиёҳли тамға босилган   эди.

“75 йил сақлансин”.

   Йўлакнинг қоқ марказидаги ойнаванд саҳнда столларнинг устида ташкилотларнинг, бирон корхоналарда ишлаган одамлар рўйхатига  тўла,  хат  ва китоб жилдлари  қалашиб ётарди. Ўнлаган чанг босган хат жилдлар ва уларнинг ичидаги юзлаган тақдирлар, армонлар,  сарғайган фотолар..фожеалар.. Кимлардир таътилда Кисловодскда дам олган,  қимдир, бўшаш учун ариза ёзган, кимдир уйланган эди. Яна бировлар  онаси вафоти муносабати ёки Россиянинг ноқоратупроқ ҳудудига  кўчиб кетиш учун ёзган аризалари..Кимнинг ўқиш таътилига чиққан, кимнинг делосига  бугунги кундан узоқ санъа, масалан 1925 ёки 1935 туғилган    деб ёзилган эди.

   Ўзи билан фамилядош одамларнинг хат жилдиини кўриб кўзлари чақнаб кетди. Фақат бу одамлар Сайилхондан икки, уч мучал катта,  Қурбонов Фарҳод 1923 йилда Тошкентнинг Октябрь тумани, Толариқ маҳалласида туғилган.

  “Жииимм..” этган  сукунат чўккан эди эски қоғозлар, қарғишлар, қайғулар  салтанатига.  “Жииим..” дерди сув оқаверганидан сарғайиб кетган  жумраклар. “Жииимм..” дерди зирилдоқ ойналар, талаба қизлар унутган дарз кетган кўзгулар билан қўшилиб.  “Жииим” дерди эгаси аллақачон дунёдан ўтиб кетган Ёрқинойнинг  сарғайган  расмлари.  “Жииимм” деб йиғларди қўлида гул кўтарган куёв либосидаги қоп -  қора костюм – шим кийган  узун бўйли Ҳумоюнбек.  “Жиимм” дерди  йиғи аралаш, барча ҳужжатлари, расмлари ўзгартирилган  талаба Искандар.

     Рақамланган ва катта қулфлар осилган ҳасратлар, қайғулар, хотиралар, эҳтирослар, эскирган атир хидлари қамалган,   занглаган темир қулфлар осилган эшиклар “жии...иимм..” дерди.

   Кўзёшлар ва ҳасратлар бор эди саржинланган сарғайган  қоғозларда . Шодликлар,  армонлар ва ғуссалар  хукмрон эди бу йўлакларда. Бу ҳудуднинг оғир, чангли ҳавосида унутилган инсон хотиралари  ҳасрат чекарди. Тун бўйи узун йўлаклар, дераза  ойналари остида, лопиллаган полларда  шарпасиз юриб чиқарди  қулфли хоналардан, темир эшиклардан чиқишни истаган маюс хотиралар.

    Деразаларда ойна шишалари билан қотиб – қолган қаронғи тун, кишининг миясида  фикр туғдирмаган  ҳолатда,  қаттиқ жисмдай  бегона одамдай қараб турарди зулмат .  

   Сайлхонинг мияси 75 йилдан ортиқ муддат сақланиб, ёқиш, сувга оқизиш, кулини кўкка совуриш ходимларнинг  ёдидан кўтарилган чанг босган делолардай тўҳтаб, сукутга чўмиб қолган эди. 

   май - июнь - июль 2016. Тошкент

  



[i][i]

- - -


< Orqaga qaytish