Мақола

Эътиқодимни нега ўзгартирдим?.       Озод Шарафиддинов


Marta o'qildi

Эътиқодимни нега ўзгартирдим?. Озод Шарафиддинов

  Эскиган, чириган тамаллар Йўқликка эгри йўл изларкан, Нега мен ундан юа ўгирмай? БОТУ 1996 йил бошларида «Труд» газетасида Россия Коммунистлар партияси раҳбари Геннадий Зюгановнинг суҳбати босилди. Унда қуйидаги гаплар ҳам бор эди: "Бутун умрини тинч яшаб, мамлакати, халқи ҳақида яхши гаплар гапириб келган, кейин айниган одамни кўрсам, ҳазар қиламан. Агар у бутун умри давомида ёлғон гапирган бўлса, ҳар куни уйига қайси юз билан кирди экан, яқинлари билан қандай мулоқотда бўлди экан? Одам олтмиш ёшга кирганида, чинакамига кўзи очилиши ва ўтмишни қаҳру ғазаб билан қоралаб, оёқости қилиши мумкинлигига негадир ақлим бовар қилмайди". Аввалига бу гапларга унчалик эътибор берганим йўқ — бамайлихотир юравердим. Лекин негадир юрагим ғашланаверди, аллақаерим зирапча киргандек лўқ-лўқ қилиб тинчлик бермасди. Ўйлаб қарасам, бу аччиқ гаплар тўғридан-тўғри менинг шаънимга айтилган экан.

  Тўғри, ўтмишни қоралашдан фойда йўқ. Чунки ўтмиш — ўтмиш-да! У аллақачон тарихга айланган. Унинг бирор кемтигини бутлаб қўйиш мумкин бўлмаганидек, бирор бесунақай жойини пардозлаб, текислаб ҳам бўлмайди. Ундан фақат сабоқ олиш мумкин. XX аср сўнггида юз берган бу мислсиз маънавий ҳалокат жуда кўп одамларни гарангситиб, саросимага солиб қўйди. Олимлар, мутафаккирлар унинг сабабларини ўрганишга киришди. Хозирнинг ўзида бу тўғрида ўнлаб, юзлаб салмоқли тадқиқотлар майдонга келди. Келажакда улар янада кўпроқ яратилар. Албатта, улкан тарихий эврилишлар силсиласида биргина одамнинг бошидан ўтганлари махсус эътибор бериб ўтиришга арзийдиган катта воқеа эмас. Масалан, мен нега эътиқодимни ўзгартдим, бу жараёнда қандай изтироблар чекдим, қандай ўйлар, ўкинчлар, афсусу надоматлар кўнглимдан кечди — бунинг кимга ҳам қизиғи бор дейсиз? Аммо ҳамма титраб-қақшаб зулматни қоралаётган чоғда биттагина шамчироқ ёқилсаю ўша зулматнинг бир чеккаси сал бўлсада ёришса нима қипти? Дарёлар ирмоқлардан, ирмоқлар томчилардан ташкил топади. Шундоқ экан, бир одамнинг аччиқ тажрибаси ҳам нимагадир асқотиб қолиши мумкин-ку! Хамма бўлмаса ҳам, лоақал невара-чевараларим ўқиб, мен бошимдан кечирган адашишлар ва хатоликлар йўлига қадам қўйишдан ўзларини тиярлар. * * * Абдулла Қаҳҳорнинг ибораси билан айтганда, мен партияга чақириқ қоғози билан кирган эмасман. Бинобарин, менинг коммунистча эътиқодим ҳам қандайдир мажбуриятлар туфайли, кимларнингдир қийин-қистови билан шаклланган эмас. Аксинча, эсимни танибманки, мен юрган йўллар тўппа-тўғри партияга олиб келувчи йўллар бўлган эди. Балоғат ёшига қадам қўйишим биланоқ партияга аъзо бўлиш, коммунистлар сафида одим отмоқ ҳаётимнинг бош мақсадига айланган эди. Мени бунга ҳеч ким мажбурлагани йўқ, лекин бутун турмуш тарзим, мактабда кечирган ҳаётим ҳам, оиламиздаги шароит ҳам, умуман, мен яшаб нафас олаётган муҳит бошидан оёғигача буткул менда шу иштиёқни туғдирди ва яшнатиб авж олдирди. Бугун йиллар қаъридан назар ташласам, болалигим қирмизи алвонлар ял-ял товланиб, тантанавор мусиқа садолари яйраб турган, гулларга тўлиқ, чароғон нурларга кўмилган муаззам гўшадан чиқиб келаётгандек туюлади. Айниқса, мактаб йиллари... Барабан садолари, горн оҳанглари, пионер бўйинбоғларининг ҳилпираши, қувноқ қўшиқлар, сафларда шахдам юришлар... Қоматлар тик, бошлар мағрур кўтарилган. Том маънода ўзимизни бахтиёр ҳис қилардик. Тўғри, устимиз юпунгина эди, қорнимиз бирда тўйса, бирда тўймай қолар эди. Кўча- кўйларда ҳам, дала-даштларда ҳам беташвиш, ҳамма нарсадан мамнун одамлардан кўра, тунд, қовоғи солиқ, пешонаси тиришган, тажанг одамлар кўпроқ рўпара келарди. Улар Эътиқодимни нега ўзгартирдим? www.ziyouz.com kutubxonasi 3 қандайдир мусибат остида эзилгандай кўринарди. Аммо бу ташвишлар билан бизнинг ишимиз йўқ эди. Биз бахтиёр эдик ва бахтиёрлигимиз учун меҳрибон отамиз — доҳий Сталинга раҳматлар айтишдан бўшамасдик. Табиийки, у пайтларда биз дунёни боланинг кўзи билан кўрар, кўрганларимизни боланинг ақли билан идрок этар эдик — бизни исталган кўйга солса бўларди, биздан исталган қўғирчоқни ясаш мумкин эди. Бизга нимани уқтирсалар, шуни ҳақиқат деб қабул қилардик. Қулоқдан кирган панд-насиҳатлар, кўзимиз кўрган шиору чақириқлар юрагимизга бажарилиши шарт бўлган ҳарбий буйруқлардек ўрнашиб қоларди. Кейин балоғат ёшига етдик. Кечаги юриш-туришимизда ўйинга мойил томонлар кучли бўлган бўлса, бугун уларнинг ҳаммаси жиддий тус олди. Биз ўзимизни анча улғайган, ҳамма ишни мустақил ҳал эта оладиган одамлар сифатида ҳис қилдик. Комсомолга кирдик. Бу — ҳаётимизнинг илк босқичидаги энг жиддий, энг аҳамиятли воқеа эди. Сўровномалар тўлдирдик, ижтимоий келиб чиқишимизни баён қилдик, мажлисларга масала бўлдик, район комсомол қўмиталарининг бюро мажлисларида тик туриб саволларга жавоблар бердик, низомда айтилган талабларни оғишмай бажараман, деб қасамёд қилдик ва уни адо этишга бақадри имкон тиришдик ҳам. Комсомол билети биз учун энг муқаддас ашё эди — уни кўз қорачиғидай асрардик. Комсомоллик йилларимиз уруш даврига тўғри келди. Биз ҳали ҳам юпун, чала қурсоқ эдик, яшаш шароитимиз жуда қолоқ ва оғир эди. Турмушда ҳали тузукроқ рўшнолик кўрганимиз йўқ, хонадонларимизда биримиз икки бўлгани йўқ, юртимиз ҳам ободончиликдан йироқ эди. Биз буларнинг барини урушга йўярдик-да, ҳамон ўзимизни бахтиёр ҳисоблардик. Тўғри, юрагимизнинг аллақаерида шу бахтимиз кемтиклигини ғира-шира ҳис қилардик. Лекин "Нега шунақа? Бу кемтиклик нимада?" деб ўз-ўзимиздан сўрамасдик. Сўролмасдик ҳам. Биров ман этгани учун эмас, балки сўраб ўрганмаган эдик. Умуман, советча ҳаётимизнинг бирор жиҳатига шубҳа билдириш, бирон ишимизга шак келтириш ёки ақидамиздан гумон қилиш бизга ёт эди. Биз бахтиёр эдик, чунки бизга "Сенлар — бахтиёрсан" деб уқтиришган эди. Биз Сталиннинг фарзандлари эдик. Сталинга садоқатимиз шу қадар улуғ эдики, уни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмасди. Биров "Сталин учун жон беришинг керак" деса, кўпчилигимиз сира иккиланмасдан "Мен тайёр!" дея олдинга чиқардик. Биз ана шундай садоқатли ва фидокор эдик. Анча йиллар ўтиб кетгандан кейин билдим — фашистлар Германиясидаги бизга тенгқур ёшлар ҳам Гитлерга садоқатда худди ўзимизга ўхшар экан, улар ҳам ўзларининг фашистча идеаллари йўлида жон фидо қилишга тайёр тураркан. Қизиқ, бир-бирига ашаддий душман икки мамлакат, бир-бири билан ҳаёт-мамот жанги олиб борган икки партия ўз ёшларини бир хил йўлда тарбия қилибди, уларни бир хил фазилатлар эгаси қилиб етиштирмоқчи бўлибди. Кейин- кейин улғайиб, тажриба орттириб, беш-олти кўйлакни йиртгандан кейин мулоҳаза юритиб билдимки, садоқат деганлари ҳам, шак, гумон деганлари ҳам ҳар хил бўлар экан. Садоқат деганлари жуда яхши, қимматли фазилат, аммо у кўр-кўрона, ақл ўтхоналарида тобланмаган бўлса, фазилат деб аташ қийин. Бундай "фазилат"дан фақат кулфат келиши мумкин. Худди шунингдек, ҳар қандай эркин фикр, ақлиёт бобидаги ҳар қандай кашфиёт гумондан, шакдан бошланади, лекин "гумон" ҳам кўр-кўрона бўлса, меъёр ва чегарадан чиқиб кетса, одамни беҳаловат қилади, ҳамма нарсадан юз ўгириб, ҳар қандай кеъматни оёқости қилувчи, ҳатто иймонини ҳам сустлаштирувчи махлуққа айлантиради. Аммо биз бу ҳақиқатлардан тамом бехабар эдик, комсомолга, Сталинга, коммунизмга садоқатимиз билан ҳеч нарсани ўйлашга, фикр юритишга қобил бўлмаган, бунинг ўрнига ҳар қандай буйруқни сўзсиз бажаришга тайёр турган манқуртсифат одамга айланиб бораётганимизни билмас эдик. Яна йиллар ўтди. Уруш тугади. Биз мактабни битириб, талаба бўлдик. Талабалик чиндан ҳам олтин давр. Беш йил мобайнида онадан бутунлай янги туғилгандай бўласиз. Ҳар куни бир янги кашфиёт юз очгандек, ақлга ақл қўшилгандек бўлади. Очиқ кўзлар янгидан очилади — ҳайрат билан амин бўласизки, олам аввал кўриб юрганингиздан бўлакча! Лекин сезасизки, эски, кўниккан одатларингиз сизни тарк этишга шошмайди, айниқса, асосий масалаларда сиз ҳамон ўша-ўшасиз! Қалбингизни кўпдан чирмаб келган кишанлар яна ҳам мустаҳкам бўлса бўлибдики, асло бўшашмабди. Газеталар, радио, жилд-жилд китобу рисолалар, кино экранлари ҳамон қулоғингизга социализмнинг буюк афзаллиги, доҳиймизнинг Эътиқодимни нега ўзгартирдим? www.ziyouz.com kutubxonasi 4 донолиги, партиянинг қудрати ҳақидаги чўпчакларни қуйишдан толиққани йўқ. Албатта, сиз ҳам бу гапларнинг ҳақлигига заррача шубҳа қилмайсиз ва фақат бизда — дунёнинг олтидан бирини ташкил қилувчи улуғ мамлакатдагина бахтлар салтанати қурилганига иймон келтирасиз. Коммунистик ғоялар талаба нигоҳида жозибадор ранглар билан намоён бўларди. Бу жозибага алоқадор нарсалар моҳиятини англамоқ учун китоб титишдан чарчамас эдик.

  Борис Пастернак шоир ва таржимон эди. Шеърият мухлисларининг айтишича, у жуда истеъдодли, ўзига хос, ялтоқиликдан узоқ шоир бўлган. У ўзбеклар ўртасида унча машҳур эмас эди. Ва умуман, бу шоирнинг расмий доиралар билан муомаласи чатоқ бўлиб, уни имкони борича саноққа қўшмасликка, китобларини чиқармасликка, ўзининг борлигини сезмасликка ҳаракат қилардилар. Шу одам "Доктор Живаго" деган роман ёзибди. Романда инқилобни қоралабди, оқ гвардиячиларни тузуккина одам сифатида тасвирлабди. Бунақа асарнинг бизда нашр бўлиши мумкин эмас эди — уни чет эллардаги аллақайси буржуа нашриётлари босиб чиқарибди, унга ҳатто Нобель мукофоти берилибди. Шундан кейин адабиёт оламида катта ҳангомалар бошланди. Партиянинг буйруғи билан Москвада таниқли ёзувчилардан бир гуруҳи Пастернакка очиқ хат ёзиб, уни ватанфурушликда, ғоясизликда, буржуа мафкурасига мойилликда айблади. Нобель мукофотидан воз кечишга ундади. Мамлакатдаги барча республикалар Ёзувчилар уюшмаларида уни қоралаб йиғинлар ўтказилди. Албатта, энди — бугунги кунда бундай йиғинлар ўтганининг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ деб қараймиз. Зеро, шўролар замонида қолипга сиғмаган ёзувчи ҳамма вақт ҳар хил йўллар билан қораланиб келган. Мени лол қолдиргани бошқа нарса эди — бизнинг уюшмамиздаги йиғинга бел боғлаб келганлар ичида Пастернакни биладиган одамларгина эмас, умрида унинг номини эшитмаган зотлар ҳам "зўр ҳужум"га шай турарди. Улар орасида "Доктор Живаго" романини ўқиганлар эса умуман йўқ эди. Шунга қарамай, сўзга чиққанлар "Мен "Доктор Живаго"ни ўқиган эмасман, лекин Пастернакни бутунлай қоралайман, бунақа хоинга совет ёзувчилари сафида ўрин йўқ!" деб ҳайқирдилар. Мажлис Пастернакни якдиллик билан қоралади. Ёзувчилар, яъни халқ назарида энг пешқадам, энг фикри очиқ, энг халқпарвар зиёлилар йиғинида бир одам топилмадики, "Эй биродарлар, асарни ҳеч қайсимиз ўқимаган бўлсак, гап нима тўғрида бораётганидан бехабар бўлсак ва умуман, Пастернакнинг ўзини тузукроқ билмасак, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитмаган бўлсак, қандай қилиб уни қоралашимиз мумкин? Бу виждонга, инсофга хилоф иш-ку!" деса... Ўшанда биз донолик билан эмас, жоҳиллик билан Пастернакнинг юзига тупурган эдик. Энди аён бўлмокдаки, ўшанда... Пастернакнинг эмас, ўзимизнинг башарамизга туфлаган эканмиз. Афсуски, партиянинг ички ҳаётидан ҳам, умуман, ўша даврлардаги жамият ҳаётидан ҳам бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг бари биз партия раҳбарлигида социалистик жамият эмас, аллақандай тўнкарилган тескари жамият қурганимиздан далолат беради. Тўғри, ҳаётимиз аввалгидан бирмунча дуруст бўлиб қолган эди. Еб-ичишимиз ҳам, яшаш шароитларимиз ҳам хийла эпақага келиб қолган эди. Бироқ жамият ҳаётида ёлғон- яшиқнинг кучайиши, инсоний қадр-қимматнинг камайиши, ҳаромхўрлик ва нопокликнинг авж Эътиқодимни нега ўзгартирдим? www.ziyouz.com kutubxonasi 12 олиши ахлоқни хароб этиб, эътиқодларнинг томирини қурита бошлаган эди. Мен онамни "ая" дердим. Аям Қўқоннинг ёнгинасидаги Охунқайнар қишлоғида туғилиб ўсган, сўнг тақдир тақозоси билан аввал Қўқонга, кейин Тошкентга келиб қолган. Аям чамаси ўн йилча савдо соҳасида меҳнат қилганларидан кейин — 1938 йилда партияга кирдилар. У киши партияга чин юракдан ихлосманд эдилар. Аёлликларига қарамай, у кишини том маънода партиянинг солдати деса бўларди. Партия қайси ишга, қандай лавозимга қўймасин, аям уларни гап-сўзсиз, эътирозсиз бажарар, партиянинг ҳар бир топшириғини сидқидилдан адо этишга тиришар эди. Биз оилада тўрт фарзанд эдик; очиғини айтганда, болаликда она меҳрига тўйганмизми-йўқми, аниқ айта олмайман. Биз уйқудан турмасдан аям ишга кетган бўлар, кечқурун у киши ишдан қайтганда биз ухлаб қолардик. Шу алфозда йиллар ўтди — биз улғайдик, уйли-жойли бўлдик, аям ҳам салкам ярим асрлик аъзолик стажига эга бўлган партия фахрийсига айландилар. Аммо бир кун келиб, кексалик кор қилдими ё кўп йиллик "қадрдон" касаллари — диабет енгдими, ҳар ҳолда аям ётиб қолдилар. Бутун умри одамлар орасида — ҳаракатда, фаолиятда ўтган одам ётиб қолмасин экан. Негаки, ташқи дунёдан узилиб, тўрт девор ичига қамалиб қолишдан ёмони йўқ. Биз — фарзандлар, албатта, қўлимиздан келганча аямнинг аҳволини енгиллатишга ҳаракат қилдик, лекин у киши алам ва изтироблар ичида ҳаётдан кўз юмдилар. Кейин ўйлаб қарасам, у кишининг умрига завол бўлган нарса фақат қанд касалининг тажовузларигина эмас экан. Шак йўқ, ўлим ҳақ! Аммо одамни қисматидан беш кун бурун бу дунё билан видолашувга мажбур қиладиган сабаблар ҳам кўп экан. Аямнинг ҳадеганда тилга чиқавермайдиган алланечук оғир пинҳоний бир дарди бор эди. Кўпинча ишдан қайтиб, ҳузурларига кирсам, кўзлари намиққан, юзлари тунд бўларди. — Яна йиғладингизми, ая? — Йўқ, болам, нега йиғлай? Шунчаки сиқилдим-да, — дердилар аям шикаста овозда. Бир куни ўзлари ёрилдилар: — Нега бундай-а, ўғлим? Мен эллик йиллик умримни партияга бағишладим, сочимни супурги, қўлимни косов этиб, унинг хизматини қилдим, энди эса партия ширамни сўриб олиб, пўстимни туфлаб ташлади. Шунча хизматларим қумга сингиб кетдими? Дарҳақиқат, аям ётиб қолганларидан кейин у киши аъзо бўлган ташкилот аямни ҳисобдан чиқариб, маҳалладаги мактабнинг партия ташкилотига киритиб қўйган эди. Бу тўғрида бир одам келиб хабар бериб кетди-ю, ундан кейин бошқа ҳеч ким келмади. Орадан ойлар ўтди. Партия аъзоси ҳар ойда аъзолик бадали тўлаб турмоғи керак. Бу — партия аъзоси учун сўзсиз бажарилиши лозим бўлган темир қонун эди. Агар уч ой аъзолик бадали тўланмаса, у ўз-ўзидан партиядан чиқиб кетарди. Аям шундан қаттиқ безовта бўлди ва мени мактабга жўнатди. — Э, домла, шунга ташвиш қилиб юрибсизми? — деди котиб беғамгина оҳангда. — Нафақадаги одам бор-йўғи йигирма тийин бадал тўлайди. Ўзимиз тўлаб юборяпмиз. Аямнинг куйганича бор эди — партия ўзининг хасталикка учраб, ишга ярамай қолган аъзосидан бутунлай юз ўгирган эди. Мен эса у кишининг аламли саволига тузукроқ жавоб топиб беролмай гаранг эдим. Ҳа, бизнинг партия учун одам чўт эмас эди — инсон қадри ҳақида оғизда кўп баландпарвоз гаплар айтилса-да, амалда зарур бўлиб қолса, у ҳар қандай одамнинг баҳридан ўтиб кетаверарди. Орадан кўп ўтмай шунга ўхшаш кўргулик ўзимнинг бошимга тушди. 80-йилларнинг бошларида одамларга чорбоғ тарқатиш расм бўлди. Бир гуруҳ ёзувчилар ҳам бу насибадан қуруқ қолмади. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Ростини айтсам, менга бир шапалоқ ер текканига жуда суюндим — одам ёши ўтиб борган сари ерга яқинроқ бўлишни хоҳлаб қоларкан. Тўғри, жиндай узоқлиги бор — Тошкентдан ўттиз беш чақирим келади. Нима қипти, йигирма йилдан бери гижинглатиб миниб юрган машинам бор, ҳар қандай узоғимни яқин қилади. Ер ташландиқ, заранг экан, тупроғи шўх. Бунисини ҳам эплаймиз. Жойимиз дўнгроқ экан — сув чиқиши қийин. Бу ҳам шаштимизни қайтара олмади. Аммо ишни бирор бошпана барпо этишдан бошламоқ керак эди. Бутун оила аъзоларимиз баҳамжиҳат ишга киришдик. Қурилиш материаллари топиш қийин эди, уларни топсангиз, машина топилмайди, машина топилса, сабил қолгур пул топилмай хуноб қилади. Ҳарқалай, ёру дўстлар, ошна-оғайнилар жонга ора Эътиқодимни нега ўзгартирдим? . Ўша йили ёзи билан ҳар куни чорбоғда ҳашар бўлди ва бу ҳашарларда иштирок этмаган биронта ёш ижодкор ёхуд шогирд қолмади. Хуллас, иморатни кўпчиликлашиб тиклаб олдик.

Сизлар, албатта, Динмуҳаммад Қўнаев ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У катта-катта кашфиётлар қилган атоқли геолог олим эди. Аммо кенг халқ оммасига геолог бўлиб эмас, йирик давлат арбоби ва донгдор партия ходими сифатида кўпроқ танилган эди. Қўнаев қирқ йилдан зиёдроқ раҳбарлик лавозимларида ишлади, шундан йигирма бир йил мобайнида партия Марказий Комитети Сиёсий Бюросига аъзо бўлди. Албатта, бу одам партиянинг ички ҳаётини яхши билган, унинг бу борада айтган гапларини сира шубҳа туғдирмайдиган далил тарзида қабул қилса бўлади. Яқинда Алматида унинг "Менинг даврим тўғрисида" деган хотиралар китоби чиқди. Унда шундай сатрлар бор: "Сен ҳокимият курсисида ўтирган бўлсанг, ҳурматга сазовор, муносиб одамсан. Мансабдан кетишинг билан сени эртасигаёқ унутиб юборадилар. Кўп ҳолларда эса менинг аҳволимга тушасан — янги чиққан раҳбарнинг қутқуси билан менинг устимга ҳар хил бўлар-бўлмас айблар тўнкадилар ва ўзимни оқлагани бирон оғиз гап айтишга мутлақо имкон бермадилар." Қўнаевнинг бошига тушган можаролар партия ўз аъзоларини қандай "қадрлаган"ини яққол кўрсатади. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Коммунистик партия раҳбарлари оғизда гуманистик ақидаларни алқаган бўлсалар-да, амалда одамларга ўз мақсадларига эришиш йўлида бир восита деб қараганлар. Шунинг учун коммунистик жамият қуриш ёки уни ҳимоя қилиш йўлида миллион-миллион одамларни қурбон қилиб юбораверганлар. Улар бу қилмишларини оқлаш учун махсус назариялар ҳам тўқиб чиқарганлар. "Одамлар давлат машинасининг мурватлари ва парракларидир" деган эди Сталин. лмишларини оқлаш учун махсус назариялар ҳам тўқиб чиқарганлар. "Одамлар давлат машинасининг мурватлари ва парракларидир" деган эди Сталин. Буюк доҳий яна бир жойда: "Бизда алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ!" деган шиорни олдинга сурган эди.

   «Тафаккур» журнали 1997 йил, 10-сон. мақола  қисқартириб олинди.

- - -


< Orqaga qaytish