Шеърият


Marta o'qildi

"Маъшуқлик муборак, Шамс Табризим..". шеърлар. Санобар Мехмонова.

 

«ФАНО САРҲАДЛАРИ» ТУРКУМИДАН

Айромиз, лек дил зоримиз бирлашадур,
Дийдорида дийдоримиз бирлашадур.
Ер устида Сени топмай, куйдим бироқ,
Ер остида мозоримиз бирлашадур.

***

Севдимми ё ишкдан аломат бўлди,
Улусдан минг карра маломат бўлди.
Қайдан оқиб келдинг дарё кўнглима –
Қиёмат бўлди-ей, қиёмат бўлди!

***

Қанийди дилда бир зор бўлса эди,
Дилимни куйласам, тор бўлса эди.
Улардим бегумон, ўлардим бешак,
Шу лаҳза ёнимда Ёр бўлса эди!

***

Япроқ ўзи титраб турса, Кузда не айб?
Юрак ўзи қайнаб турса,  сўзда не айб?
Момо Ҳаво, хато ўтса,  сиздан ўтган,
Ахир, айтинг, бизда не айб,  бизда не айб?

“РИНДОНА ХИРГОЙИ” ТУРКУМИДАН

***

Нигоҳлар пичирлар бир қадим зорни,
Эй, менинг балокаш ошуфта кезим.
Бизга бу савдолар муборак энди,
Ошиқлиқ муборак, Шамс Табризим.

Дунёни аланга ичига олдик,
На ақл қолдию, на бирор сезим.
Оламга шўришу ғавғолар солдик,
Маъшуқлик муборак, Шамс Табризим.

Кимлардан қолмаган бу қадим жунун,
Бунча жовдирайсан кўкларга, кўзим.
Муборак бўлсин бу ҳол отлиқ фунун,
Қўшиқлик муборак, Шамс Табризим.

Биздан қолиб кетар дунёга алам,
Художон, бер унга биз учун тўзим.
Тиз чўк пойимизга, эй муқаддас ғам,
Ошиқлик муборак, Шамс Табризим.

Қонларимга ташна қилди бу фироқ,
Келар бўлсанг, келгин энди, хунрезим.
Бунчалар гўзалсан, эй, гўзал қийноқ,
Маъшуқлик муборак, Шамс Табризим.

Ҳол билан савдони никохлаб қўйдим,
Жунуним бошимга чиққан шу кезим,
Ишқ билан ғавғони никохлаб қўйдим,
Ошиқлик муборак, Шамс Табризим.

***

Қай манзилни кўзладим,манзил йироқ билмайман
Қай соридан юракка тушди фироқ билмайман,
Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ билмайман —
Жон ипларини узмиш жонон бу ҳузун ичра
Кўнглим,қаён кетармиз энди бу жунун ичра.

Бухорода бандим йўқ Самарқандда қандим йўқ,
ҚАРШИ азалдан «қарши», ҳеч унга монандим йўқ,
Зорим кўпу зўрим йўқ, ҳеч кимсага пандим йўқ —
Жон ипини уздику,жонон бу ҳузун ичра,
Энди қайга борамиз,кўнглим бу жунун ичра?

«Осмон», дедим осмонга: «Куйга сол бу зоримни»,-
Ёмғирингга айт, ювсин дилда бор ғуборимни
Қай манзилга боғловдинг«ЖОН»имдаги«ДОР»имни —
Ахир,жон ипин узди,жонон бу ҳузун ичра
Қайга юрайлик энди,кўнглим,бу жунун ичра?

Айтинг,магар тугарму,чархнинг бу афсонаси,
Ҳар боби жон офати биз анинг девонаси
Ҳар кимсанинг борарға бўлсин бир остонаси
Йўқса,бир умр сарсон ку ндуз ичра,тун ичра
Бизлар қаён кетармиз,ё раб бу жунун ичра?!

Ҳаллож ҳам кетиб бўлди, Машраб ҳам кетиб бўлди,
Биздан кейин чиққанлар манзилга етиб бўлди,
Фурсат ҳам тугаб бўлди,умр ҳам ўтиб бўлди —
Наҳотки, бор нақдимиз насядир бугун ичра,
Айтгин,қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра?!?

Ҳаволаниб кетди дил,ҳавоий бўлмоқчими?
Саболар атрин ҳўплаб,сабоий бўлмоқчими?
Руҳларимиз топишгач, Навоий бўлмоқчими?
Унгача Санобармиз ҳол отлиғ фунун ичра,
Бошла,қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра.

Қай манзилни кўзловдим-а,манзил йироқ билмасам
Қай соридан юракка тушган фироқ билмасам
Эй, юрак, кимнинг йўлида бунча муштоқ билмасам —
Жон ипин шарт уздику, жонон бу ҳузун ичра,
Кўнглим, қаён кетурмиз, энди бу жунун ичра?!?…

***

«Қаро кўзим»ни чорлаб, бахтимни қаро қилдим,
Қаро қошлар заҳмидан бағримни яро қилдим,
Севмасам бўлар экан, бошимга бало қилдим,
Энди шу балоларни аритгувчим,қайдасиз?
Ёш жонимни ҳижронда қаритгувчим,қайдасиз?

Келинг, қайда бўлсангиз, жабримгача севарман,
Йўлингизга энтиккан сабримгача севарман,
Ҳаргиз кўнгил узмоқ йўқ; қабримгача севарман —
Шунча Ишқни кўнглимдан аритгувчим, қайдасиз?
Мани муҳаббат билан қаритгувчим,қайдасиз?

Самолар паст бўлдилар тушкун-тушкун байт айтсам,
Саболар маст бўлдилар мушкин-мушкин байт айтсам,
Гоҳ вақтида,гоҳида бемаҳал,бевақт айтсам —
Жами йўқловларимни аритгувчим бир келинг!
Битта дийдори учун қаритгувчим бир келинг!

Не бахт кўзларингизда кўзим қолса,ўлмасман,
Ортимдан бир ўғлиму-қизим қолса,ўлмасман,
Мани шоир яратди, сўзим қолса ўлмасман,
Сўзларнинг жамолидан қондиргувчим,қайдасиз
Қабримдаям Ишқ билан ёндиргувчим,қайдасиз?

Йўқ,кетманг, изингиздан ўртанган жоним кетар,
Вовайло, жон надурки, дину иймоним кетар,
Айтинг, қайга борурман, еру осмоним кетар,
Еру-осмонларимни бор этмоққа бир келинг,
Дийдорингиз кўрсатиб қаритмоққа бир келинг!

Келинг қайда бўлсангиз…
Дийдорингиз кўрсатиб қаритмоққа бир келинг!!

2002 йил,феврал

 

ХОТИМА ЁКИ СЎНГСЎЗ ЎРНИДА

“Ва бу менман…”
Фурўғ Фаррухзод

Ва бу менман…
Юрагининг қарочўғини
Юлдузларнинг тафтларига едирган жонман.
Ва бу менман, ишонмасанг, бор — борлиғини
Юрагингга қурбонликка келтирган онман.

Ва бу менман…
Мендан кейин келган фасллар
Ғам ва шодлик орасида қолган таҳлика.
Мен биламан: тирикликнинг тахтида бир кун
Бу дунёни енгган ажал бўлар малика.

Ва бу менман. ..
Барча гўзал қўрқувларини
Яшилликнинг паноҳига яширган сўфий.
Оллоҳ, Оллоҳ, менинг яшил туйғуларимни
Мен кетгандан кейин асраб осмонингга қўй.

Ва бу менман…
Ўзга сўзга ҳожат қолмади.
Бору йўғим бир ўлимнинг бағрида маҳкум.
Сўз қолмади, сўзларимни сўзга солмадим
Ва мен учун эртага Сўз ўқийди ҳукм.

Ва бу менман…
Мендан кейин айтилган сўзлар,
Тангрим, сенинг даргоҳингга борганда етиб,
Ўлим мени сўз шаклида тортиқ этади,
Мен кетурман юракларда янграмоқ учун.

2002-2004 йиллар

***

Бир ғурубда дил этгач хато,
Бир қутбда адашди осмон.
Энди ишқман, ўлгунимча то
Ўлгунимча бир ишқдан мастман.

Мен — кунларга етмаган бир тун,
Кечаларда кун кечган хатар.
Ёлғизгина ошиқ кўнглимни
Енгмоққа йўқ бир маъшуқ Кадар.

Соғинчларим соғинди сени,
Соғинчларга асир тушганман.
Ёмғирларнинг илигидан еб,
Дарахтларнинг қонин ичганман.

Шундан дилбар кўринар олам,
Чўкиб маъсум тароватига.
Шундан ҳар тонг сомеъман мен ҳам
Майсаларнинг ибодатига.

Шундан буён кенгаяди ер,
Шундан буён тораяр осмон.
Эҳ, юлдузлар нима деса дер,
Мен тупроқнинг ҳидидан мастман.

1998

***

Мен билдим, билғулик кор энди йўқдир,
Унингдек ошиқу зор энди йўқдир.
Фидо бўлмоқликка бошим шай, аммо
Бошимга арзирли дор энди йўқдир.

***

Ҳеч бўлмаса бир ғунчачалик
Сукут сақлашни билганимдайди
Аллақачон очилиб кетмасмидим…

«ДЕВОНАВОР БИТИКЛАР» ТУРКУМИДАН

Бағрим тўла ташна хунлар,
Ҳалок этгай бу жунунлар,
Жонни ичманг, эй ҳузунлар,
Кўнгил майхона истайди.

Қорачўғи мани дорим,
Шу ишқ йўғим, шу ишқ борим,
Кел, энди ташна хуморим,
Кўнгил майхона истайди.

Бу ғам шаҳрин бузинг энди,
Бир офат кўргузинг энди,
Аё устоз, сузинг энди,
Кўнгил майхона истайди!

Сиз Хайёмсиз, ман — Санобар,
Дил уйинда хор саросар
Қаники жом?
Қани соғар?-
Кўнгил майхона истайди.

Не кўрдик бу хор дунёда
Мажруҳ,дилафгор дунёда
Бода,бода дағи бода-
Кўнгил майхона истайди!

Не бахтки,бир зорлиғдамиз
Йўқлиғдамиз,борлиғдамиз
Шоир деган хорлиғдамиз —
Кўнгил майхона истайди !

Дил қальасин бузиб айтдим,
Сўздан лашкар тузиб айтдим,
Қаранг, Жонни сузиб айтдим —
Кўнгил майхона истайди !

Сўз подишоҳ,ман ғуломман,
Анинг куйида мудомман,
Буткул тамоммман,тамомман-
Дод,кўнгил майхона истайди!

Кўйида гарди роҳим бор,
Мастман вале; огоҳим бор
Манинг қандай гуноҳим бор —
Бот кўнгил майхона истайди.

Чархни ишқдан тузинг энди,
Тараҳҳум кўргузинг энди
Сузинг энди,
Сузинг энди-
Эй,кўнгил майхона истайди!

Ман Хайёмман, сиз — Санобар,
Юракда ишқ отлиғ кадар.
Олиб келинг манга соғар-
Кўнгил майхона истайди !

Баробармиз обу-гилга,
Нечун афсонамиз элга,
Боқинг Румию Бедилга-
Недан, майхона истайди !

Бу дард бирла адо бўлдик,
Маст бўлдик, ҳар бало бўлдик,
Айтинг,кимга фидо бўлдик
Кўнгил майхона истайди !

Заминман ман,самоман ман,
Ҳаққа етган дуоман ман,
Ишқпараст бир баломан мен-
Кўнгил майхона истайди!

Аё устоз, сузинг энди…

2000,сентябрь

 

***

Осмонни қўй,ахтарни қўй,
Уммонни қўй,гавҳарни қўй,
Ҳатто оби кавсарни қўй-
Кел,сан мани ишқимни ич!!!

Бир ишқки қотили жондир,
Магар йўқ хавфи иймондир
У кофирдир,мусулмондир-
Олгин,мани ишқимни ич!

Буз оламнинг комларини,
Рад эт, бор аҳкомларини,
Синдир ҳамма жомларини —
Ол,сан мани ишқимни ич!

Токим паймона тўлгунча,
Азал ҳукми ўқилгунча,
То тошиб,то тўкилгунча —
Кел,сан мани ишқимни ич!

Уммон эсанг, дур бўлгайсан
Зулмат эсанг, нур бўлгайсан
Ҳур бўлурсан,ҳур бўлгайсан-
Ол! Сан мани ишқимни ич!

Кел,сан мани ишқимни ич!

2002 йил,январь

 

***

«Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи…»
Фахриёр.

Бу қайғуни мен битганим йўқ
Мен тузмадим, йўқ сени тақвим,
Жоним,сени унутганим йўқ —
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

Энди бу ғам ифода излар,
Ўзни дилга этаркан тақдим.
Қандоқ гўзал эди у ҳислар-
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

У кунларнинг гарди ҳам гўзал,
Хотирадан келаркан балқиб,
Оғриқлари,дарди ҳам гўзал-
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

Кўзларимга чўкмиш нигоҳинг,
Ҳасратларинг бунчалар талхдир.
Худо кечсин барча гуноҳинг-
Худо ҳаққи,муҳаббат ҳаққи.

Кетганинг йўқ,кўнглимдан йироқ
Оқаяпсан руҳимда қалқиб.
Учраштирар бизни бу фироқ —
Худо
ҳаққи,
Муҳаббат
ҳаққи!

2004йил,май

РОЗ

Дарахтлар ям-яшил розлари билан,
Ғунчалар гулоби нозлари билан,
Сувлар шивир-шивир созлари билан —
Мени севмоқдалар,
Қизғонмайсанми?!

Осмондан ёғилган ғамлар энтикиб,
Кўнглим хилватида шамлар энтикиб,
Шундай севгинавоз дамлар энтикиб  —
Мени севмоқдалар,
Қизғонмайсанми?!

Шамол ўз ишқини қилмоқда такбир,
Гуллар сепмоқдалар самовий атр,
Бу тоғлар мени деб қариди ахир —
Қизғонмайсанми?!?

Пойимгача етмай, гул бўлди қуриб,
Сен сабаб келмадим, бахтга улгуриб,
Лек,шунча севгининг ичида туриб-
СЕНИ СОҒИНЯПМАН БАРИБИР,
СЕНИ ҚЎМСАЯПМАН БАРИБИР,
СЕНИ ЎЙЛАЯПМАН БАРИБИР,
Ўйламайсанми?!

2013 йил,июнь

ИЗҲОР

Ахир,шу соғинчга тўла дунёда
Айтгин,,сандан бўлак кимим бор мани
Кел, жоним, кетайлик пойи-пиёда
Висолга етгани, бахтга етгани.

Билмайсан, ёмғирдай маҳзунлигимни,
Сезмадинг, шабнамдай бокиралигим.
Бир кун кўзларингга шеър битиб кетсам-
Балки эслармисан,шоиралигим.

Буям бир зор бўлди, буям бир фиғон,
Боқдинг, кўзим ёши сочилиб кетди.
Айбга буюрмайсан,энди ёрижон —
Дилнинг қулфи сенга очилиб кетди.

Наҳот,изтироблар ёлғон бўлсалар,
Ростмасми,Тангримга арз этмаганим.
Уммондай қаҳрини сочиб туриб ҳам —
Бир томчи соғинчга арзитмаганим.

Ахир шу видога тўлган дунёда
Айтгин,сандан бўлак кимим бор мани.
Шу
Гўзал
Ҳавода
Оппоқ
Ҳавода
Кетайлик,дил қадар ишққа етгани.
Кетайлик,кетайлик қалбга етгани…..

ЎКИНЧ

Гоҳида беҳудман, валек гоҳида-
Ҳушёрлиғ ўтида қоврилар дилим.
Қисматнинг бу янглиғ ўйинларида-
Андак таассуф бор,андак табассум.

Гоҳ дўст иғво этар,гоҳ фалак ғавғо —
Гоҳ кўзни куйдириб,гоҳ сўнар шамим.
Корингдан ўргилдим, эй маккор дунё —
Андак таассуф бор,андак табассум.

Билмам нима қолар,Севгидан кейин,
Балким пушаймонлиғ:«Негаям севдим»
Нима бўлганда ҳам қолмишлар аро-
Андак таассуф бор,андак табассум.

Манам,анча йўлни босдим,чамамда
Юр,энди кетмасак бўлмайди,Ўлим.
Ҳеч нарса қолмади.
Фақат дилимда —
Андак таассуф бор,андак табассум…

1999 йил.февраль

БИЛАМАН…

Биламан, биламан —
Бир куни келиб,
Шамоллардай эсиб,қайтажакман боз.
Маъюс кўзларингга,маъюс тикилиб —
Кўзларим тубида йиғлайди бир ноз —
Ўша мен бўламан,
Буни биламан.

Биламан қайғунинг қайғучил ёди
Юрагимни ўртаб,қилади найранг.
Аммо,ҳаётимнинг барча буржидан
Қор каби ёғади дилбар қиёфанг —
Мен унга термулиб,сенга тўламан,
Буни-да биламан.

Биламан,ошиқлар вақтдай бевафо,
Хушторлар тилида ўйиндир видо.
Севги деганлари оний кайфият-
Биламан,сен мангу ёрдирсан Худо!
Бошимда абадий бордирсан Худо!

Биламан,ошиғлик бандага эса
Исёнли бир ҳолдир, Ҳақнинг ҳукмига.
Нечун,юрагимга етмайди кучим —
Билсам ҳам ошиғман не учун,нега?!?
Гоҳ кулиб йиғлайман,
Гоҳ тўлиб йиғлайман.
Пушаймон бўлмайман
Эҳ, буни билмайман,
Билмайман!

2012 йил,июнь

ЎЛМАСМАН…

Дилимга Ишқингни ёпсанг,ўлмасман,
Шу ишқдан ўзингни топсанг,ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда —
Келиб кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!

Бу гулгун туйғудан маст бўлиб келсанг,
Пойимга ерданам паст бўлиб келсанг,
Мен билан ўлмоққа қасд бўлиб келсанг-
Бағримга жон каби тўлсанг ўлмасман!

Самолар азмига сени чорласам,
Саболар назмига сени чорласам,
Лайлолар базмига сени чорласам,
Бормай. кўзларимда қолсанг ўлмасман.

Умр ўтар,ёзу, қишли қировли,
Ҳол борми?
Ҳолинг не?,-дея сўровли,
Кўкcимда бир тафт бор ўтдан оловли —
Шу тафтдан бир хикмат топсанг ўлмасман!

Қарорим қолмади тўзимга ҳайда,
Бир сўз айтиб борсам, сўзимга ҳайда,
Ўзимга келайин, ўзимга ҳайда —
Кейин шу жонимни олсанг ўлмасман.

Минг йилки тўкилар,ёшим дув мени
Жин чалдими ёки пари дев мени,
Сев мени, сев мени, яна сев мани —
Сўнг қанча фироққа солсанг ўлмасман!

Кўксимга ҳажрингни ёпсанг ўлмасман,
Унга ажал атрин сепсанг ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда —
Келиб,кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!!!
Руҳимга ишқингни ёпсанг ўлмасман….
Шу ишқдан Худони топсанг ўлмасман..

***

Тили бўлганида сўзлай олганида
Энг зўр шоир бўларди Дарахт

Агар билганида —
Ҳаводан ҳам ўзга дафтар борлигини
Осмондан ҳам оғир залвор борлигини
Қўли бўлганида чизарди дарахт
Йиғлаб ҳаволарга ёзарди Дарахт
Дили бўлганида
Гулламоқ ва хазон бўлмоқнинг оралиғида
Бир улкан муҳаббат улкан айрилиқ
Борлигини билганида билганида эди
Воҳ ақлидан озарди Дарахт
Ҳар бир япроғига ёзарди дарахт
Мен каби тўкилиб,тонарди дарахт
Бу ишқда гуриллаб ёнарди Дарахт
Яхшиям,
Дарахт эмас
Одам этганингга шукр
Худойим!

2000 йил,август

МУНОЖОТ

Васлингдан мосуво кунларни кечдим,
Э бир хор,бир расво кунларни кечдим,
Ўлимдай бедаво кунларни кечдим,
Кечиб ўтарманми ёдингни, Худо?

Фалак найрангидан руҳим ичмади,
Кўнглимни қуш қилдим барбир учмади,
Бир қошиқ қонимдан дунё кечмади,
Кечиб ўтарманми ишқингни, Эгам?

Фано боғларидан япроқ тўкилар,
Ҳар япроқ бандида бир оҳ тўкилар,
Боқ, жоним шу лаҳза Оллоҳ тўкилар —
Кечиб ўтарманми нурингни, Худо?

Нигоҳ солсам кўзим йўлларга тушди,
Дилин тополмаган, дилларга тушди,
Занжирларга тушди, ғулларга тушди
Кечиб ўтарманми эркингни, Худо —
Ки қандоқ васф этай кўркингни, Худо?

Санобар эдим ман, азал озорлиғ,
Жунун пешонамга битилган ёрлиғ
Буткул девонаман, буткул хумморлиғ —
Қучиб ўтарманми аршингни, Эгам?

Дардимни шеър қилдим кўксимга ёзиб,
Сўрма ҳеч, бир севдим ақлимдан озиб,
Сен берган умрни ошуфта кезиб,
Кечиб ўтарманми ёдингни, Худо,
Сен кечгил мен каби додингни, Худо!

1999 йил,октябрь

***

Қўҳна дунё,йўл бермадинг бурилиб ўтдик
Бир бўлмағур савдоларга берилиб ўтдик
Яссавийдай зот бош эгиб жим ўтганида-
Бизлар қайси коримизга керилиб ўтдик

2001 йил февраль

 

 «Бунча оз севасиз, ёмон севасиз»,-деб ўксинади Марина Цветаева. «Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасин,икки жаҳон демаки жон бўлмасин»,- деганча кўкка юзланиб муножот қилади Ҳазрат Навоий. «Фақат муҳаббатга дахлдор сўзларгина яшнатгувчидир»,- дейди беназир ёзувчи Эрих Мария Ремарк. «Дунёнинг асосида ишқ туради», — дея бу ғофил одамзодни уйғотмоқчи бўлади мавлоно Жалолиддин Румий. «Тушунинг, мен бугун бошқача яшашим керак, жуда бошқача, юрагим нодир ҳисларга тўла,ҳамма мудҳиш хотираларимни унутдим,қалбимда мудроқ туйғуларга ўрин йўқ, мен ахир севиб қолганман. Энди мени ёмон бўлишга,ўзгаларга зарар етказишга кўндиролмайсиз»,- дея ҳайқиради Хулио Кортасарнинг қаҳрамонларидан бири. «Кел,кўр мани Ишқ найлади»,-дея орифона жунун билан хитоб қилади Юнус Эмро. Ўзини қидираётган моҳият асрорига талпиниб,яратгандан бир нур истаётган жамийки ошиқларнинг индаллоси битта. ИШҚ…

Дунёнинг ҳар бир қитъасида,дунёнинг тўрт тарафида шу туйғу, ҳеч қачон ўлмайдиган,қаримайдиган туйғу бу. Бу одамиятнинг руҳи қадар қадим ва боқий туйғудир. Ишқдан,яъни ишқи илоҳийдан,яна ишқи илоҳийга қараб кетаётган бир йўловчилармиз.Дунё эса бир тўхтаб нафас ростлаб,ўтиб кетиладиган манзил…Шу манзилни обод қиладиган нарса бу бизнинг муҳаббатимиз, бу бизнинг гўзал туйғуларимиздир. Қалбингизни пайпаслаб кўринг,унда зарра бўлсин, муҳаббат борми, ўзингиздан кечиб, ўзгаларга эзгулик соғинишга қодирмисиз, демак, сиз яшаяпсиз….. Демак,сиз яшашга лойиқ сиз,қалбингиздаги муҳаббат ҳаққи,муҳаббатга муносибсиз. Дуолар ижобат бўладиган шу покиза кунда барчангизни Аҳмад Яссавийнинг ҳикматлари билан дуо қиламан: «Ҳар на қилсанг ошиқ қилгин Парвардигор!» (Санобар Меҳмонованинг фейсбукдаги саҳифасидан)

- - -


< Orqaga qaytish