Маданият, санъат

ХОРАЗМ МАЛИКАСИ   ДОРОВА. роман хронология. Саломат Вафо.


Marta o'qildi

ХОРАЗМ МАЛИКАСИ ДОРОВА. роман хронология. Саломат Вафо.

                                                             

                        

                                               “Ўт чақнатиб чопувчи отлар билан қасам”.

                                                   “Қуръони карим” китоби. Аъдият сураси(100).   

                            “Тангри ҳамма  нарсадан қуҳнароқ, чунки у  яратилмагандир”.

                                                              Милетлик  Фалес

                     

                                    1 - ҚИСМ

 

  Олов лашкарлари йўлга отланганда, қадимий қалъа уcтида    улкан олмос мисол осилган ўн беш кунлик Ой тўлган,  хабарчи каптарлар дунёнинг олис буржидан  ерга соя ташлаб, тарам – тарам нур таратаётган  булутлар остидан  пориллаб учган, беҳаловат чўл чумчуқлари булутлар мисол  ердан кўтарилган, ер юзида вақт   тонгга дўнганда, ҳали осмон худоларининг ғайб  қопқолари очилмаган  эди.

        Дунёнинг барча дарёю - денгизлари, уммон  ва кўлларини қамчилаб, дўқ – пўпсалаб ўз измига бўйсундирган Сулаймон пайғамбар, Орол юртларига келганда ҳориган экан. Бу кенгликларда ўзининг телба шошқинлиги, қулоқсиз тўлқинлари, сув ости  кемаларидай улкан лаққа балиқ жайнлари ва ваҳимали гирдоблари билан ном чиқарган Жайхун оқаркан.  Пайғамбар ёмғир булутларига чиқиб, Хасан –Ҳусан ўқ ёйидан қамчи ясаб, дарёнинг  торайган  сокин жойини топиб қамчилай кетибди. У қора терга ботиб саҳро қушларини “қирқинчи дарра.. қирқ..қирқ..” дея чуғурлашса-да, Жайхун ўзанига қайтмасмиш.  Сулаймон пайғамбар  қирқ  дарра уриб,  ўз измига юргиза олмаган, гоҳ боғ – роғларни,  гоҳ  ёв қўлида қолган Гурганжни сувга бостириб тиз чўкдириш яроғига айланган, қалъа- кентларни вайрон этган Жайхун ойнинг тонг олди  оқиш нурларида қора симобдай ваҳимали  жимирларди.

  Қалъанинг баланд деворлари, сув тўлдирилган ҳандақлари, мовий, кўк ва оқ булутлар аксланадиган сувга тўла ховузлар қуршовидаги улкан    ёғоч дарвоза очилиб, ранго – ранг.. қизил, яшил, ангоб рангли,  жанг кийимлари кийган, бошида дубулғами ёки  ёпинчиқ  ёпган  ва машъала кўтарган    қизлар саф - саф бўлиб чиқарди.  Қалъанинг баланд девори  соқчи минораларида фонус ва маёқ кўтарган  соқчилар  жангчи хотинлар карвони учун жонли маёққа айланганди. Дарвоза ортидаги тўтиқушдай “Хафтяк” ва дунё шоирларининг шеърларини ёдлайдиган мадраса  талабалари ҳали  уйғонмаган, тушларида варрак учириб, қозон ўчоқда пишадиган, тутун иси анқиган половларни кўришарди.

   Мамлакатнинг қайси бурчидаги муллаваччаларнинг  оналари болаларини соғиниб, эрталабки қаймоққа нон тўғрар,  куя тушмаслиги учун солинган тамакининг иси таралган қишлик пахтали чапонларини офтобга ёйярди. Сигир ёнида чўккалаб ўтирган она: мадрасанинг  юпун кийинган камбағал талабаларидан боламнинг бошига бит – бургалар сакрамасмикан деб ўйланарди.  Соғинчдан кўкси қақшаб, сигирнинг кўпираётган сутига қараб, елиннинг ёрилган, эчкиэмар тишлаган юмшоқ жойларига мис сут идиш четига ёпиштириб чиққан куйдирилган сариёғ сурарди.       

  Дунёнинг жуда улкан  юнус балиқлар, шилимшиқ саккиз оёқлар, гала – гала шошалоқ ва ақлсиз дўнг пешона, сазан чавақ балиқлари,  чўлдаги катта –катта  барханлардай катталикда сув остида улкан тоғлардай сирғаладиган китлар сузиб юрган, очкўз балиқчи қушлар учиб юрган кенгликларда пайдо бўлган жуда  ғалати кумуш тус булутлар отлиқларнинг устида пайдо бўлиб қуёшдан олган  нурларини  сочарди.  Сафнинг бошида  қора тулпорда учишга шайланган мағурур бургутлардай  адл ўтирган  қизнинг бошидаги каскан ялтирар,  буғдой ранг юзида қора кўзи, қирра бурунлари ҳам ялтираб, инсоният тарихида ўтган эл  маликалари  шарафига қўйилган маъбудларни ёдлатар ва шунинг баробарида  осмон қопқолари, уммондан куч олган сеҳрли кумуш тус булутлар  ва сочлари булутларга айланган қиз билан илоҳий боғлиқлик борга ўҳшарди. Қуёшинг тонг олди нурига чўмилган қалъанинг шудрингдан ҳовурланаётган  ёрғисимон деворлари,  фонус ва маёқларни  бир – бир ўчираётган соқчи минораларидаги уйқусираган юзлар, даштга  сурув  -сурув бўлиб отланган қўй – қўзиларни ҳайдаган  орқа дарвоза дарвозабонлари,  подшо қурдирган  миноралар, мадрасалар олтин  қуббалари, тераклар, гужумлар, саватли оқ толлар.. орқада қоларди.

   “Ҳўш қол энди,  Гурганж..” дея ҳайқирди малика.

   “Хўш қол, ҳўш қол..” дея такрорлади оёқлари ва бўйни узун аҳал тулпорларида елиб бораётган сочлари тўлқин  қизлар.

  Бека қизнинг дугоналари билан  тонготар зиёфат, кулгилари, соз ва нағмалари, дунёнинг турли мамлакатларидан келган ва ҳар сафар қуруқ қайтган совчиларнинг норози нигоҳлари сингган  зарҳал нақшли деворли саройлари орта қолган эди.  Тарихи аввалда саҳронинг  бурунги кекса битикчиси Одам қария Олтин Ўрда шоҳи Ўзбек хонннинг қизи малика Тўрабекахоним 1359  йилда энасининг қурсоғидан ажралиб эди деб ёзган эди. 

   “Дупур..дупур..дупур..”..

  Гурганчнинг тош кўчларидаги от туёқларининг “тақ..туқ” урилиши,  бозор майдонида чалинадиган сурнай, ноғора оҳанги, устознинг қироат билан ғазал ўқиши,  навниҳол қизлигидан   ўғил болача кийиниб, бир тўп қизлар билан  қумнинг қалъа дарвозаларига яқин жойларида от чоптириб чопишма ўйнаб юрадиган давридаги ҳайқириқлари..синган Гурганжнинг баланд деворлари ортда қолган эди.  Отаси Одилшоҳ: “..юртга подшоҳлик этдим, аммо.. измимни ўз қизимга ўтказа олмадим..” дерди ўйинқароқ ва эрка қизининг ортидан.

   Қизлар карвонининг шовури, от кишноқлари ва  ҳайқириқларга..чор атрофдан  ҳали уйқуси учмаган чўл қушлари, кулранг бўғоз товшанлар, ўт – ўлан кўплигидан семирган сайғоқлар, ёввойи дашт эчкилари, курралаган қадрсиз кулонлар, қир ортидаги туялар ҳуркиб бош кўтарар ва ялтироқ, сочлари булут, улкан отлари тонг нурларида ялтираётган ғалати тўпга  қараб қолишган эди.

  “Салом, чўл қушлари..”.

  “Ассалом, қистанчоқ товшанлар.. ”.

   “Ассалом, сузанғич эчкилар,  озод сайғоқлар..” дея ҳайқирарди от устидагилар.

  Дупур ..дупур от туёғи остидан кўтарилаётган нам ҳаво, ....  гўё учиб бораётган маликанинг сочларини шамоллар тўзғитар,  қора  зулукдай ялтираётган отнинг устида кўтарилиб –тушаётган хотинларнинг “ҳаҳ..ҳаҳ”, “чув..чув” деган ҳитоблари, отларнинг ҳансироқи ва дупури эшитиларди.

  Ойнинг кумуш нур қўрғонида олисга отланган карвоннинг ўзи   ғаройиб эди.  Малика бошлиқ лашкар сафида  олтмиш - етмишта от бўлса, тўданинг атрофида яна шунча катта – кичик, қизғиш, ола, қора   қулунлар, ҳалигина энасини эмган чоғи,  тумшуғидаги кўпикларни оқизганича,  бияларнинг ортидан етолмас ва  “иҳиҳий” лаб  нолакор  сас чиқарарди. Тойчалар тўпи улкан бияларга қадалган  соғинч  ва саросима жойлашган кўзларга айланган эди. Қалъанинг чўлга туташ узун йўлларида қулунлар  тўпи..гоҳ кўзга, нигоҳларга ва ерга тегиб – тегмай учайтган туёқларга айланарди. Қулунлар туёқчалар ерга теккунча “иҳийлаб..” энасини чорлар ва яна кўкка кўтарилиб тупроққа тушгунча нола қиларди. Туёқчалар “дупа дупп..дупа..дуп..” эмас,  гўё  “она, она..” дегандай  садо берарди.    Аммо эна  бияларнинг изми.. тонг оқлигида камалак ва олтинранг товланаётган  либосли сувворий қизларда бўлиб, биялар қулунларига “..изимдан қолма..тинмай югур..” дегандай  узуқ –юлуқ кишнаб чопишда давом этарди. 

  Малика Дорова  ҳали Гурганж қалъасидан узоқлашмаган паллада чанг – тўзонлар ичида осмонга бўйлашиб  қалъа деворига ёпиштириб қурилган қизлар мактаби минораси, бозор тимининг мовий  қуббаларга қараб, сафар олди  номаълумликдан ҳижил бўлган кўнгли  бирдан ёришиб кетди. Бир вақтлар ўзи ўқиган мактабга: устоз халфаларига  яқинда  янги бино қурдириб берган эди.  Қизлар мактаби масаласи баҳслари отаси Ўзбекхонга етиб бориб, Ўзбекхон жаҳл отига миниб, усталарни ҳайдаганида ҳам чекинмаган эди.

  “Ота, ақчани ўз ҳузур – кайфимга эмас, мактаб биносига сарфладим” деб барчани мот тган эди. Саройнинг узун ялтироқ чапонларига турли нишонлар, фил суягидан ясалган ханжар ва номдор усталар узун қиличларини  таққан,  семиз –ориқ, ёш – қари  мулозимлари шижоатли, фавқулотда зехнли, от минишда, қилич чопишда эркаклардан қолишмайдиган ёш маликанинг  қатъияти олдида тош қотишган эди.

   Тасира – тусур... қурғоқчилик ва сувсизликдан “тарс -тарс”  ёрилган ерларда, от туёғи дупурлари,   от устида учиб бораётган жангчи  қизларнинг яғринидан    ва чор – атроф барханлар устидан кўтарилаётган буғ  офтобнинг илк нурларида жимирларди.

   “Ассалом..сувсиз Қора қоп – қора қум..”..

  Қалъанинг бир юз уч ёшли муъаззини  “саҳро алвасти кампирдай қутуради..инди..Тўрабека хоним қизим  элнинг оғир кунида Гурганжга сув келтирмак учун йўлга чиқдинг. Энди элат сени суйиб  ўз тилида ўлмагай  Дорова деб алқайди”.

  Тарих  ва асрлар..вақт ва замон сени Тўрабекахонимнинг Жайхунга сув очдириш учун   Хазораспга  юриши.. деб ўз битикларига ёзгай..

 Саҳро.. сенинг иҳтиёрингни ўзига тортиб олғай.. Саҳронинг минг йиллик қонунларига кўра, болам, йўлга чиққач  иҳтиёринг пийирларининг..улуғларнинг иҳтиёрига ўтгай..Сен  чўлннинг қадим манзараси,  кўринтилари билан   инжилмай юз кўриш.. деганди ҳеч қийналмай миноранинг тик зиналаридан чиқиб азон айтадиган муаъззин.  

   “Дорова..Бойтўра  ва  Қадам Бўлунғурни ҳам олиб кет...у ҳам одам бўлсин” деди қария тортиниб.  Муъаззиннинг сўзидан Дорованинг қошлари чимрилиб, қорачиқларида норозилик ва иккиланиш туйғулари  намоён бўлди.

    Бойтўра, баландбўйли, келишган, ҳатто ақлли, сарой йиғинларида  ғазал ёзиш йўлида ғолиб чиққан бўлсада, худо уни эркакча шижоат ва ғайратдан  қисган эди. Бойтўрага одам ажратилган эди. Қадам Булунғур Бойтўранинг маҳрами бўлса -да,   хоразмшоҳлар форс  юртидан тутқун этиб  олиб келган қалъанинг шимолий бўлакида яшайдиган  қул авлоддан, аммо ақлли ва  шижоатли  эди.

   “Ота,  сўзинг ўтмас, бу дов ..Бойтўрага  энагалик этадиган чопишма  эмас. Унга энагалик этадиган ана Қадам Булунғур бор. .”.

  “Дорова, бир отни ёнингда эгасиз чопди деб ҳисобла..Сен маликасан, сен яхши – ёмон ва ўғри, тўғрига тенг бўлмоғинг лозим ”..

   Саҳронинг ўркач қумлари, тўнкарилган қозондай қум тепаликлари ортидан шамолда ҳилпираётган, паст – баланд, қизил, зангори, ангоб, қора рангли байроқ – туғларнинг учлари кўринганда.. қизларнинг алп қомат малкаси сергакланиб от жиловини тортди.  Ота – боболарнинг  қадим  қизил, қора тусдаги минглаган..  қуёшнинг илк заррин нурларга чўлғанган ва қоп –қора   бўрибоши, кўк юзидаги ярим ой ва ёрқин қуёш тасвирланган қизил, яшил, сариқ туғларнинг, саҳро ва кўкнинг уфқ чизиқлари бирлашиб кетган кенгликлари  узра тантанавор ва улуғвор порлаши ва минглаган, юзлаган қиёфалар  бўғриққан юзлар, ҳаяжонли чеҳралар қоришуви ичра  нурли бир донишманд сиймоси қалқди. Байроқ туғлар, ўркачлар,  шамолда маъносиз чайқалган созоқзорлар, пўрсанг йўллар тараддутда уйқусираб ҳамуза тортди. Ҳаловатсиз, шашқалоқ  тойчоқлар биялар олдига чиқиб қулоғини динг қилди.

  Саҳро қуюнлари ортида  юмушсевар қумурсқалардай юзлаган ялтироқ бошлар ғимирлади. Сўнг  саллали, кулоҳли юмушсеварлар  орасидан юксак гужумдай бир одам бино бўлди. Бу сиймо қуёшнинг нурлари шалоласида ўсиқ бароқ қош ва ўткир кўздан иборат эди.   Унинг қўнғир катта кўзларида қумлар, денгизлар, осмон ва Гурганж  қалъасига ўҳшаган элатлар аксланарди. У атрофга ҳайбат ва қаҳр билан боқар, аммо унинг тонгнинг мусаффо жилоларига тўлган нигоҳлари кўринмас..қош остида қолган  эди.

  Дорова ҳали тезлашиб кетмаган от жиловини тортиб, ҳайронликда  қум тўзонлари ичра пайдо бўлган отлиқларга ва  оқ кийимли  ҳайбатли чолга боқди. Шамол тўзғитган қумлар ичида қолган оламон, отлиқлар.. издеҳом булут ташлаган соялар  орасида  бир кўриниб ва бир кўздан  ғойиб бўларди.

  “Ё, аллоҳ, ё аллоҳ” демиш ёҳу ва ёки наръа чекди, бу ҳайқириқ олис – олисларга тарқаб, чўлнинг чўп-чарлари, оғочлари ва ҳатто кўкдаги булутларгача силкиниб садо берар, оқ  кийимли ҳайбатли одам атрофидаги туғ кўтарган мурид, мулозимлари, “Ё аллоҳ, ё мавлоно Кубро пийрим..” дея қумларни чангитиб - тўзғитиб фарёд чекарди.

  “..сен элатга сув келтиришга чиққан  қиз Доровами..?.Йўлинг оқ бўлсин, худойим мададкоринг бўлсин..Саломлар бўлсин, саломлар бўлсин”...

  Саҳронинг  қуёшда жизғанак бағрига сингиб кетаётган  туғ кўтарган отлиқлар, ялтироқ бошлар, ҳилпираётган либослар, алп қомат авлиёдан гоҳ орда қолиб, гоҳ етиб олаётган юмушсевар қумурсқалар кўтарган  оҳу – зорлар, айтим, йиғи – сиғилар осмон ва саҳро орасида осилиб турарди.  Фарёдлар кучлилигидан қумнинг  кўчманчи  малла қушлари издеҳом  фарёдларига  гўё деворга урилгандай ортга қайтарди.

  “Ердаги энг кичик қумурсқанинг шитирини эшитган Аллоҳ,  недан сенинг оҳу- фарёдларингни эшитмагай” деган эди  коинотнинг вақт деворлари ортида ... юз йиллардан  сўнг Жалолиддин Румий. 

  Олис уфқнинг  қалъа деворлари, шамолда тебранаётган узун тераклар,  юз йиллик  сершох гужум қораси туташиб кетган жойда, самода сузиб юрган оқ булутлар қатида, булут сояси  билан қуёш нурлари кесишаётган чегарада ул сиймо ва фарёд чекаётган муридлар,  лашкар қизлар отларининг чопиши, ҳансираши, гоҳ тойчоқларнинг  нолалари узра, гоҳ пайдо бўлар ва гоҳ йўқоларди. Маликанинг қулоғида оломон ҳайқириқлари, от кишноқлари ва сон- саноқсиз туғларнинг пориллаши қолди.

  Малика саҳронинг олис- олис буржларига кўтарилаётган, тўзонлар ва уясидан қўзғолган шамоллар тўзонига  ҳасратли боқди.

- - -


< Orqaga qaytish