Маданият, санъат

Фаришталар хонаси.  янги ҳикоя. Саломат Вафо


Marta o'qildi

Фаришталар хонаси. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                                                                            

           Барча замонларда бегуноҳ ҳалок бўлган  мазлум хотин- қизлар хотирасига    бағишлайман.

  Унинг бу кунги қўрбони ғалати эди. Темир деворлар ортидаги фаришталар хонасида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ишлар содир бўлмоқда эди. Бу хонанинг шундай аталишига   аҳён – аҳёнда    хоналарни  тозалайдиган фаррош хотинлар сабаб бўлган  эди. Ўзбекистоннинг шимолий вилоятларидан тирикчилик учун келган кекса  фаррош хотинлар “зўрхона” ҳам деб юришди. “Зўрхона” не дегани энди деб бақирарди хизмат либосидаги чақчайган кўзли, лаби дўрдоқ, кўкракдор қўриқчи хотинлар. Полвонлар кураш тутадиган уй зўрхона дейилган экан.  Назоратчилар, фаррошлар ўтганда- кетганда  йўмалоқ тешикчадан   қарашганида ичкарида хира ёруғлик кўринарди. Узун оқ  сочини ёйиб ўтирадиган Уни син солмаса доғ-дуғ  оқиш девордан ажратиб бўлмасди. Бир қарашда У ёпишқоқ  елим қағоз билан деворга ёпиштирилган  қўл- оёғи ликиллаган қоғоз қўғирчоққа ўҳшарди. Тешикдан фаришталар хонасининг цимент супасида ўтирган У..олтмиш ёшларидаги аёлга ўҳшаб  кўринарди.     

   21 асрда  тинч – осойишта ҳаёт кечириб..дам олиш кунлари  уйғониб, уйқусини учириш учун қаҳва ичиб,  газета – журнал варақлаган бўлиб,  сўнг пильесосни вағиллатиб ошхона, ётоқхона ва болалар хонасини тозалайдиган, эснаб соатлаб телевизор  тамоша қилиб, иссиқ душ қабул қилишга эринадиган одамнинг .. энг аввало вақт тўҳтаб қолган темир панжарали фаришталар хонасига тушиб қолиши ақлга сиғмас ҳолат эди. ..Ҳали – ҳануз  хона девори туйнук қапқоғи очилиб  отиладиган ўқдан ҳаёти битишини ҳис қилиши, худонинг ҳар бандаси учун кучли синов ва рухий босим эди.   Баъзан ўлимга ҳукм қилинганлар отилишдан  олдин кўм – кўк осмонни ва ёрқин қуёшни, қаерлардадир машиналар товуши, сигналлари, одамларнинг элас –элас келадиган саслари, кулгиларига тўла ҳаёт симфониясини эшитсин деб, қаронғи ва зах хонадан  майдонига олиб  чиқаришарди. Бундай чоғда фаришталар хонасининг ғалати махкумларидан бири, сочлари патила –патила қоқсуяк хотин  Назми қуёшни ҳис қилган кунгабоқар, балки сув яқинлигини интуитив англаган илон балиқдай жонланар, карахт ва маъносиз  кўзларида нурланиш ва илтижо туйғулари   пайдо бўларди. Назми шарақлаб очилаётган панжарали эшиклар қаршисида  назоратчи  кузатувида соме тураркан:” Балки худонинг раҳми келиб, Москвада  чарм столда, деразасидан Кремиль девори, баланд- паст  яшил- сариқ гумбазлари, осма соати  кўринаётган.. соатнинг ҳар кун соат 12 даранглаган товушини эшитадиган  бадқавоқ ёшулли..унинг айбсизлигини билиб..  оқлов қоғозига имзо қўйишгандир. Худо ҳоҳласа... Шу майдонда мўъжиза юз беради, мўъжиза юз беради..”.

  Қонсиз бир оз қизғиш юзи ва  ўлим олдидан ўзини йўқотиб ҳаёли паришон ҳолга келадиган махбусларнинг кўп талсаваси, йиғи сиғиси, деворга боши, қўллари, оёғи , тиззаларини уриб қонатган  жончиқар фиғони ва карахт холатини кўриб, тинглаб  қотиб қолган деворлар “қилт” этмасди.

      Хотин – қизлар  қамоқхонасидан катта – кичик челакларда суюқ - қуюқ овқат, кострюлкада саналган котлетлар,  кесилган хушбўй  ва юмшоқ қип-  қизариб пишган  буханка нон ва қаймоқли қатиқларни юклаб эски темир аравачани  ғилдиратиб кезиб юрадиган семиз бир қарашда хурпайган уришқоқ она  ғозни эслатадиган, ювилавериб сарғайган  халат кийган  ошпаз хотинларнинг айтувича..Назми.. қирқ ёшларидаги  ўқитувчи хотин бўлган экан. Пахта терими даврида  12 нафар юқори  синф юзлари офтобдан қорайган, қўллари совуқдан ёрилган, қора ва малла  юз  ўқувчиларининг ўлимига сабаб бўлганмиш..У ёқдалигида ўзини гуноҳсизлиги ва  авф этишларини сўраб Москвага жуда кўп қайғули хатларни ёзган экан.  Аммо негадир  номаси    манзили деган  жойга рақамли туссиз  тамға урилиб ва  конвертлар қамоқхона бошлиқларига қайтиб келарди. Ҳар  сафар шу таҳлит совуқ тамғали жўнатма қамоқхонанинг  турли корхона  билан ёзишмалари, махбус хотинларнинг арзи, элат ва овуллардан  ўқувчилар хуснихати билан ёзилган хат- хабарлар ичида ўқитувчига ёзилган хабар пайдо бўлганида, шўрлик Назмини бир ҳафтага карцерга ташлашарди. “Тварь Хазми, ну Назми опять  засрала..” дерди катта –  кичик  конвертларни тап – тап цимент полга  ташлаб. Аммо гўё муаллим  хотин вужудининг биологик қуввати қай даражага етишини экспримент қилишаётгандай у ойлаб қамоқдаги “зик” хотинлар оловдан қўрқадигандай “шайтон дори” хонасида ойлаб қолиб кетарди. Қамоқдагилар ёҳуд фаришталар хонасидагилар Мўйноқ бозорларидаги қоқбалиқдай  озғин,  бутун вужудида заиф ялтираётган кўзи қолган ва  атрофга жонсиз боққан Назмини кўриб ҳайқириб юборишарди. “Воҳ, сен  бечора ҳали ўлмадингми?. Вой, ты еще жива..Ҳали ҳам “вишка” дамисан” дейишарди. “Назмига раҳми келиб бир куни худо  осмондан фаришталар хонасига  тушиб, “эй, бахтиқаро ўқитувчи  сен нега бу ердасан” деб жаллод хотинни бир тарафга, эшиклар олдидаги семиз ва тунд қоравулларни бир тарафга улоқтирмаса,  бунинг “вишка”сини ўзгартирадиган қудрат йўқ. Яқин – орада манглайидан пақиллатишади” дея қағиллашарди  қамоқ жамиятининг булка нондай қизарган ошпазлари ва  инкубатордан  чиққан товуқлардай бир хил гулдор халат кийган този итдай озғин  фаррошлари. .

  Жаллод хотин ора – сира фақат ўзи қарайдиган  темир қапқоқли туйнук  “кўзи”дан қамоқхона майдонида сайр қилиб қайтган, аммо на қуёш, на шамол, на одамларнинг элас – элас саси жонлантира олмаган махкум хотинларнинг  тўзғиб кетган момақаймоқ ўсимлигидай боши эгиг ҳолатда  эрта баҳор қалдирғочларидай девор  остида ҳорғин  тизилишиб ўтирганини кўрарди.

  “Жон..десин  ёш ўқувчиларни ўлдирган бу қотил ..Сибирнинг  ерга тушган тупуги тош қотадиган совуғи хукмрон қамоқхонасида  отув ҳукмини туну-кун қарашса не этарди?..Бу  Назми деганини  анови қўрқувдан эси оққан актриса Татьяна деган,  Политотдел колхозидан олиб келинган корейс хотиндан ва  Германияда ўқиб келса-да отиб ўлдирилган Мариям Султонмуродовадан неси ортиқ..Оти ким эди уни Назмимиди, ҳа шалтоқ,  алвасти Назми..ёзавермай қўлинг сингур.. Шимолий Сибир шаҳарларида  баъзан ўлимга махкум қилинган  хотинлар  тўрт девори цемент  бетондан қилинган фаришталар хонасида отиш навбатини кутиб ҳам қўрқувдан юраги ёрилиб  ўлиб музлаб  қолишар экан.  Москва қамоқхоналарида  мудҳиш Семёнов отиш майдонида   Иттифоқнинг  не-не  миллий ўлкаларидан чиққан  исёнкор  чечен хотинлари, бўйсунмас татарлар, жонига ортар ҳатарлар, қачонлардир Россиянинг ноқоратупроқ  ҳудидига кўчиб кетган ва эрини ўлдирган қўйдай юввош ўзбеклар, қайси гуноҳлари учун СССР қамоқхоналарга қамалган қасоскор афғон, ўзбек   хотинлари..бир-бир   отилмади. Эҳҳе..Кўзи кўм –кўк, қоши қора, қирра бурунли.. бир қарашда  тош санамга ўҳшаб кетадиган.. қиш совуғида ферма моллари қирилиб кетгани учун айбланган  катта гулдор пўта ўраган Помирнинг баланд бўйли   тожик хотинлари келди бу хонага. Тоғорадай соябонли шляпа кийган ва оқ хитой этиги билан чўлоқ  калхозчи хотинни тепган...  раисга ханжар тиққан... типратикандай ҳурпайган кўкўғуз хотинлар, ўлим олди ҳам товба қилмаган ёввойи мушукдай қаҳрли  қирғиз жувонлари, узун  ялтироқ лозим  кийган  жонидан ўтганидан, бир кечада  эри ва қайинотасини чопиб ташлаган анқов ўзбек келинлар отилмади. Уларнинг баъзилари то отилгунча ҳам ўзини ўлишига ишонмасди. Оламнинг турли осойишта манзилида яшайдиган ёш – қари, озғин- семиз, қора ва малла хотинлари..қора тақдир ҳукми билан қамоқхонага келса-да “фаришталар хонаси”сидай мудхиш жой борлиги етти уҳлаб тушларига кирмаган эди.  “Жон десин бу..қотиллар .. ҳар қалай буларнинг  ўз ўлими билан юз йиллик Франция урушини тўҳтатган  Жанна д> Аркдай, исёнкор деҳқонларнинг бошини  гильотина билан узмаётганига  шукур қилишсин.. айбсизмиш..Айби бўлмаса буни отувга ким  қўярди.. ”...

     Назмининг кўзлари ўрнида  ялтироқ бир нарса  бўлиб, у  қаронғи бурчакда эгилиб ўтирганда патила сочлари орасидан ёнидаги маҳбус хотинлардан фарқли  қарчиқлари зулмат тундаги мушукникидай ёнарди. Жаллод янги ишга келган даврларида  Қофқоз тоғларидан тушган  террорчи хотиннинг кўзлари ҳам  шундай ёнганини  эслади.  Террорчи хотин Москвадаги одамлар фильм тамоша қилаётган кинотеатрни портлашишга қатнашган эди. Худкўш қизнинг исмини ошпаз хотинлар Бика деганди. Ошпазлар ҳам нўҳат иси таралаётган шўрваларини косага қуяётганда “биз ҳам бу йигирма ёшларидаги қиз Бикани иҳ..деб овозини чиқарганини эшитмаганмиз..” дерди. Назми хотин ҳам  фаришталар хонасининг тўртбўрачак деворлари орасида ярадор она шердай айланарди. Хона  деворлари, эшик ёнларида, баъзан ерда  бир жуфт нур пайдо бўлар, сўнг йўқоларди.  Аммо жаллод хотин унинг  шарпасини, ора – сира ёнаётган нигоҳларини кўриб қолар, аммо овозини эшитмас эди. Хонанинг бурчак-бурчагидан унинг фақат  оҳ тортгани, ичкиб йиғлагани  эшитиларди. Гўё, фаришталар хонасининг метиндай қаттиқ деворлари худкўш хотиннинг товушларини ҳар тун аждарҳодай ютарди, ютаверарди.

   Бу  шарпалар, кўзлар, ёғдулар жаллод хотиннинг ҳаёлларини йиғиб олишига гўё ҳалақит бераётгандай эди. Қамоқхона сайёр суди  тамонидан отишга ҳукм қилинган хотинлар шаҳси билан қизиқиш таъқиқлангани учун...тоғлик хотиннинг ёнувчи нигоҳлари, кўзлари ҳақида кимсага айтишга қўрққанди.   У одатича ўз қурбонлари, яъни отадиган  хотин - қизларини кўрмас, келиши билан қора муқовали кир босган, варақланаверганидан бетлари бир жойга келмайдиган  дафтарни олиб, айтайлик,  17 март санъасини кўрарди. Дафтарда санъалари билан  рўйхат ёзилган бўлиб, балки уни яъни отувчи киллерни  чалғитмасликлари учунми.. махкумларнинг исми фамиляси ёзилмас эди. Рақамлар билан  белгиланарди.   Аммо,  2000 йилдан сўнгги мамлакатдаги ўзгаришлар олис овлоқдаги, балки овлоқ ҳам деб бўлмас, шундай шаҳарнинг катта иситиш корхонаси қозонлари улкан қувурларидан буғ  чиқиб ётадиган, банклар, тижорат марказларининг кўп қаватли  баланд биноларининг рангли  деразалари ялтираётган бинолари, сайр майдончасидан Тошкент телевидение минораси кўринаётган йўлнинг четидаги кўримсиз қамоқхонага ҳам етиб келган эди.

  Жимжитлик хукмрон уйида телевизорни токка улаганида: Чорсу бозорида нон сотаётган пешбандли хотинлар,  ёки қорақалпоқ олис чўлларидаги шамол ва жазирамада қовун қоқидай қорайиб,  озиб кетган қорақалпоқ чолларигача “мустақиллик, мустақиллик” деб қақшашарди. Бу юрт ўз сувиренитетлигини 1991 йил 1 сенябрда эълон қилган бўлса ҳам, хотин – қизларнинг озодликдан махрум қилиш муаассасасига ўзгаришлар, шимолий вилоятларга келадиган соғинчли  баҳордай кечикиб келарди. Мамлакатдаги ўзгаришларнинг илк белгилари кўриниши: сайр  майдонига қўшни жойлашган қамоқхона  ҳовлисида эрталаблари мусиқа товуши ва аристон хотинларнинг уйқусираган  овоз билан Ўзбекистон гимнини  куйлайдиган панғи товушлари келадиган бўлганди.

  “Серқуёш, хул ўлка элга бахт нажот.

   Сен ўзинг дўстларга йўлдош меҳрибон

   Яшнагай то абад илму- фан, ижод

   Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон”..

  Бу тош деворлар, темир эшиклар  салтанатига яна бир янгилик кириб келганида  эди. Қамоқхонага марказдан  келган  ўзбек бўлмаган рахбарлар..бу ҳудуд  хотинлари  қалбини  эгаллашга  бел боғлагандай..гўё  хотинларнинг тунлар шифтларга осиладиган, деразалардан мўралайдиган, тушларининг қават – қаватига кириб келадиган  қайғу аламлари, ғамлари, қонлар, оқарган нигоҳлар, жон талвасасида бўғриққан кўкиш бўйин шох томирлари, мислсиз оғриқлар,  хўрлашлар, маст эрнинг болалари олдида тўшакка босиши, ялонғочлаши, кийимларидан мол хиди келади деб  топталишлари хўрлигини унуттиришни истагандай.. тонг сахардан  то соат 18ларгача  Россиянинг “Эхо, Россия ”,”Радио Россия”, “Радио Зайцев FM” каби  радио каналлари бошловчиларининг ҳаяжонли, сершовқин дастурларини эшитиришарди. “О, Россия, Россия..шедрая душа” дея куйларди улуғвор овозда умр бўйи дунё ва Россиянинг энг қимматбаҳо, порлоқ олмос йиққан олмослар маликаси Людмила Зикина.

  “Подъем..подъем..” дея ҳайқирарди момогулдиракдай овози билан қамоқхонанинг норасмий бошлиғи Александра..яъни Олияхон ...”мама..мама..прости я вора любила..” дея куйламиш Любовь Успенскаянинг шансон қўшиғлари оҳанглари орасида.

     Кўкрак суяклари ичига  ботган, озғин зарҳил  юзи бир бурда,  баъзан сочини икки ўриб юрадиган кирилл алифбосидаги “Г” ҳарфидай  эгилиб қолган  Назми, ҳар тонг гимн садолари янграй бошлаши  билан  қўлини кўксига жуфтлаб, ҳўнг –ҳўнг йиғлай бошларди.  Унинг  изғор қамоқхона  ошхонасининг ёвғон макаронли  шўрвалари аранг кўтариб турган майда гулли чит кўйлак остида бужмайган қизғиш бўйни ва гавдаси, керосинда ишлайдиган қулбола ўт ўрар ускунасидай титрар ва қалтирарди. “Ааа..ааа..” дея йиғларди у гимннинг садолари авжига чиқиб янграй бошлаши билан..Шу он яна  “кобёл” Аександр Олиянинг  “отстань Мастара кому говорю..” деган амрона  саси эшитиларди. Қамоқхонанинг ҳанги хотини Олия негадир янглишиб,  Назми исми ўрнига “Мастара” дерди.  Кобёлнинг “мастара” деган талаффузи.. “эй, мастава,мастава”  дегандай  деворлар оша тараларди.

  Эгилиб қолган Назми эса жазирама ёзда  узоқ давом этган рамазон рўзасидан сўнг қўрбонликка ҳозирланган туллаган бечора қўйга ўҳшарди. Ўқитувчи қачонлардир элатда энаси  ўргатган арабча оятларни ўқимоқчи бўлар, аммо..фикрлашдан тўҳтаб қолган карахт миясига бирор фикр  келмасди.   Афтидан қачонлардир ўқитувчи бўлгани  ва ҳаётида нелар содир бўлганини, бу қон ҳиди, жон ҳиди, шиптир ва алақандай қоришиқ қуланса ҳидлар ҳукмрон  жойда.. ақлу – хушидан айрилган эди.

  “Назми..бечора Назми..энди нетарсан?” дерди қамоқхонанинг у ёғидан бу ёғига югураддиган  қари ва донишманд каламушлари.

   Жаллод хотин  қайсидир газетада ўқиган эди. Улкан  мамлакатда қайта қуриш деган тўлқинлар даврида ..аввал давлат махфий сирларидан бири деб саналадиган сирлар очиб ташланган эди.  Совет иттифоқи даврида 1962 ва 1990 йиллар орасида, содир этган ҳар хил жинояти учун   мамлакатда 21  минг одам отишга махкум қилингани каби маълумотлар эълон этиларди. Телевизорнинг кичик хира мониторлари ҳувиллаган дайди итларга макон бўлган овул -элатлар, “вупиллаб” сас чиқариб саноқсиз вагонларни судраб олисга отланган поездларни тўлдириб номаълум тамонларга отланаётган ғуссали ишчи  эркаклар, дўконларнинг балиқ консервалари ва туз қоплари таҳланган  бўм – бўш пештахталари, пул ўрнига берилган қоп – қоп купонларни кўтариб қочаётган ёш – қари эркаклар, эмизикли, иштонсиз болалари билан темир йўлларни тўсиб исён этаётган шовотлик  хотинларнинг  оҳу- зорини, қайноқ кўзёшларини кўрсатарди.

  Жаллод хотиннинг ўзи фаришталар хонасида  йиқилган сувратлар, олайган нигоҳлар, ақлдан озган қиёфалар, қичқириқларни эшитиб, ўликларнинг ҳар хил ҳолатда ётганини кўравериб, дийдаси қотиб кетган бўлса ҳам, баъзан у отиш майдонининг  дарчасини очаётиб, ўзининг овоз чиқариб фикрлаётганини сезиб қоларди. “..булар курортда..ю,  бу иссиқ фараҳбахш ҳавода ўлаётган 21 минг одам қанча бўлди экан.. 21 минг нафар одамнинг қанчасини У отган экан?. Ўқларни исроф этмагани ва  махкумларни зўр нишонга олгани учун икки -   уч йил  давомида  қамоқхона рахбарлари тамонидан пул мукофоти, 13 чи ойлик билан мукофот олгани юрагини ҳаприқтирарди. Кўп қаватли  бир уйнинг, бир кўчанинг, бир мавзе ва  бир  шаҳарнинг одамича келармикан?. 21 минг нафар эркак,хотин, ҳали мўйлови сабза урмаган йигитчалар..

    Бу сукунатга тўла ора –сира “ставай, руку назадь..”деган амрлар ва  темир эшикларнинг шарақ –шуруқ товушлари эшитиладиган  йўлаклар  қопилари очилганда тоза ҳаволар кириб қоларди. Қамоқхонанинг эски темир дарвозалари қисматига ўҳшаган залворли шонли совет иттифоқи энг сўнгги кунлари хизмат либосини кийган ўзбек  маъмурияти яқиндан бери  отишга ҳукм этилган  махкум хотинларга марҳамат кўрсатилиб, у  насроний бўлса қўлига қора тусли, қаттиқ муқовали зархал ҳарфли “Библия”,“Инжил” китоби бериларди.   Агар ўлимга махкум этилган... мусулмон  хотин бўладиган бўлса, “Шарқ юлдузи” журналининг 1989 йилларда босилган сарғайган варақлари титилган  сонини беришарди. Бу  кичик мовий  тус устида ойю-юлдузлар тасвири акс этган мовий  журналда муқаддас “Қуръони карим” ва хадислар, ҳикматли сўзлар босилиб турарди. Юз йиллар давомида  худосиз бир жамиятда яшагани ва унинг устига коммунистлар диний китоб тугул, ўз асарида “худо, аллоҳ” деган сўзларни ёзган  ёзувчини бир кунда йўқотиб юборган замонларда...Қодирий, Чўлпон,Усмон Носирлар отилган оралиқда, яъни  миллий ўзбек ўлкаларида  “Куръони карим” китоби  нашр қилинмаган  эди.  Кир – чир, латта – путтага ўранган ва “қув -қув” йўталиб қон  аралаш балғам ташлайдиган  маҳаллий маҳбус ўзбекларнинг журналнинг пешонасига суриши, телбалардай бағрига босиб пичирлаши жаллод хотиннинг қаҳрини қўзғатарди.

  “Боламм..боламм.. Сардоржон қайдасан..” деб йиғларди ўзбек хотинлар нажот истаган кўзларини дарчага тикиб ўлими олдидан.

  “Заткнись ты сука, я тебя покажу..как  поклонять  и просить помощь бога ”.

    Снайпер хотин баъзи ҳолатларни кузатиб, насронийлар ва мусулмонларнинг ўлим олди феъл- атвори ва рухий ҳолатларини солиштирарди. Инсон қонининг аллақандай бадбўй аччиқ ислари сасиётган  ним қаронғи хонага  олиб кирилган насронийлар ақлу – ҳушидан жудо бўлган одамдай қотиб   ўтирарди. Ўлим олди  инон иҳтиёридан айриладиган махбусалар, отувчининг дарчасига  ҳужум қилмасликлари учун уларни  тик турган ҳолида йўғон темир устунга боғлаб қўйишарди.Сўйишга ҳозирланган тандирдай каллали улкан хўкизларни, ўлимини қонларида гизланиб қолган тоғларда, совуқ қорақалпоқ  Устюрт қирларида қони қизиб “бў-бў”лайдиган минг йиллик ёввойи авлодлари қутосми, зубрлар монанд   устунга боғлаб қўйиларди.  Қиёфасида қон қолмаган  насроний  махкум тўрт муши бўм-бўш  бетон хонанинг бурчаклари ва каламуш ини тешикларига тикилганича тош ҳайкалдай қотарди. Баъзан боши, қўллари   эпилепсия тутгандай  жонсарак қалтироқлик билан  кўзларига тубсиз маъносизлик чўккан ҳолатда  “Библия”ни  варақлаган бўлар ва титроқ лаби билан алланарсаларни пичирларди. “.. да благословит тебя Господь и сохранит тебя!.Да призрит на тебя Господь светлым лицем Своим и помилует тебя!” деган чала- ярим айтилган сўзлар ўлимлар уйининг шифтларида сузиб юрар ва айни бунда  синдирилган, буғилган, чил-чил қилинган  юзлаб,минглаб тақдирларнинг яшалмаган умри, орзулари, армонлари, ҳаёт соғинчи қумсови билан оғирлашган ҳавода муаллақ туриб қоларди..

  Қора китоб “Библия” миллионлаб юраклар  йўлни ёритадиган  ёғдусини ўзининг  минглаган варақлари орасига жамлаганича   фаришталар хонасининг қаронғи бурчакларида қолиб кетарди.

  “Тур ўрнингдан Лазерь”

  Дарчадан кузатаётган снайпер  ўзича фикрларини жамларди: ўзбеклар ва бошқа шарқ халқлари оиласига, туғилган юртига боғланган, ота – онам деб жон узадиган , болам деб жонидан кечадиган  бағри бўш ва йиғлоқи халқ экан..Насронийлар эса..метин иродали..

  “Аллоҳу ла илоҳа иллаҳу. Ал хаййул қаййум. Ла тахузуҳу синатун ва ла навм. Лаҳу мафиссамавати вама фил ард. Ман заллази йашфаъу иъндаҳу илло би изниҳ. Йаъламу ма байна айдиҳим вама халфаҳум вала йухитуна би шайин мин иълмиҳи илло бима ша. Восиа курсиййуҳиссамавати вал ард. Вала йаудуҳу хифзуҳума ва ҳувал алиййул азйим.

“Худойим, худойим..гуноҳларимни маҳфират этгин, оллоҳим..” Назмининг йиғи, ҳурсиниқ, йўтал, ичикиш орасидаги унлари қаронғилик қаридан қулоққа чалинарди.

    “Прости..прости..”.

  “О, боже, о, боже”..

  “..худойим, худойим..”.

  Нола, илтижолари бетон хонанинг узоқ йиллар двомида чўккан қайғу ҳасратларига урилиб йўқ бўларди. Аммо жаллод хотиннинг дарчаси тарақлаб очилиши билан улар бошини кўтариб дарчага тикиларди.  Маҳбусларнинг   чуқур маъносизлик чўккан нигоҳи, бўм –бўш  кўз қорачиқлари бутун вужудига қўшилиб карахтланиб қотиб қолган эди.

     “Қарс..қарс..” қуролнинг отилган  товуши  эшитиларди. Отувчи хотин киприкларини қоқмасдан хонанини ҳира ёритаётган кундузги вариллаётган лампа ёруғида қурбонинг сўйилган қўйдай занжир ва ўз кишанларига осилиб қолганини кўриб турарди. Баъзи барваста ва чайир бир замонлар спортчи бўган малла соч хотинларнинг жони чиқмай  типирчиллаб ётганда, снайпер  хотин яна бир марта ўқ узишга мажбур бўлар эди. Бундай ҳолатда жаллод хотиннинг ғазаби қўзғарди,  уларнинг кимлиги, қандай миллат, ёши, мусулмонми,  хрестианми, барибир...Ўлимга махкум қилинганларнинг бир ўқ билан ўлмаслиги.. назарида махбус хотинлар унга қаршилик кўрсатгандай кўринарди.

  “Ўл..дедим сенга..ўл..балога нафас оласанми?. Заткнись..заткнись..умри..умри..” дерди у  аристон аёлларнинг жон талвасасидаги оҳу –воҳларини эшитмаслик учун.

   Мўлжалдан адашмаслик учун , балки ўқи зоя  кетмаслиги учун бутун диққати ва вужудини отилажак ўққа қаратарди. У етимхонада юқори синфда ўқиётганида харбий таълим дарсидан аъло баҳога ўқирди. Унинг нишонга, манзилни нўзарга олишда фавқулотда қобилияти бор эди. Балки, унинг ҳаммадан мерганлигига отилажак ўққа  онасига бўлган нафрати, алами,  қайғули хотирасини қўшгани учун ҳамдир. Унинг онаси ароққа муккасидан кетган хотин бўлиб, бўлғуси жаллод  12 ёшларига кирганида онаси жазманини  қизғаниб,  уҳлаб ётган қизнинг устига қайноқ сув қуйиб  юборган эди. Қизнинг танаси, кўкраги, сонлари, энди тук қоплаётган жинсий аъзоси ҳам куйиб қолган эди. Қайноқ сувда ўша жойлари ҳам куйиб, у бутун умр фарзанд кўрмаслик  қисматига мустаҳиқ этилган эди. Снайпер ..умрининг 40 чи йилида  кимсиз ёлғиз қолган эди. Энди унинг  тош қотган насройний, ёш келинчакдай ҳиқиллаб йиғлайдиган ўзбек хотинларига қарата отган ўқи ўз қисматига отилган ўқ ҳисобланарди. Алҳол, онасига бўлган чексиз ҳусумати,  синган тақдири, поймол бўлган умри оғриқлари билан бирга сукунатга тўла ҳаёти ёлғизлик аламлари ҳам қўшилган эди. У айни ўзининг ички тўфонларини, қилаётган ишини яъни ҳар кун юраги уриб турган бир аёлни овозсиз ўқ билан отиб ўлдириш машғулотини яширин учун хотин – қизларнинг кўчалик кийимини кийиб оларди. Қайси бир газетада ўқиганди. Хива хонлари даврида 11 йил ойболта билан махкумларнинг калласини чопиб  жаллодлик этган одамни коммунистлар 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган экан.Бир кун келиб буни ҳам қамасша-чи..ким ҳам қамайди буни..Хива хони жаллоди қўлида ойболтаси билан қизил кийими бўлган. Буни ким билади, ким танийди?. У ҳамиша ҳатто ўлимга ҳукм қилинганларни ҳам  ниқоб кийиб отган..Юзида ниқоби бўлган.. Қўшниларга қамоқхонанинг итларини ўргатувчи кинологман...дерди. У кўчаларда:  эрини кўриш учун касалхонага кетаётган, набирасини мусиқа мактабидан олган буви, ҳаражат тўла  оғир сумкаларни кўтарган, ёш- қари, озғин – семиз хотинлар, эркаклар оқимига қўшилиб кетарди.

  “О, боже..я с тобой..”.

  “Ҳар сафар  ўлим ҳукмини ижро этаётганда  ниқоб кийиб дарча олдида пайдо бўлар ва  махкумлар  дачанинг очилгани ва унинг ҳаракатларини илғаши билан баъзилари қотиб қолар, баъзилари аллақандай ибтидойи ҳайвоний саслар чиқарар эди. Мерган  совуққонлик, қаҳр, нафрат туйғуларини ҳис этар, вужудининг бир туки қимирламасдан...болалар аттракционидаги   жилмайиб сабзи тишлаган қуён, беўҳшов айиқ, қора бошли ҳўкиз  шаклидаги зув – зув айланаётган йирик – кичик елим  нишонларни мўлжалга олгандай бир-бир  отиб ташларди. “Қарс..қарс..”.Кўз олдида қуёнлар, айиқлар, ҳўкизлар..антрактида денгизларидаги ўприлиб тушаётган минг йиллик муз қояларидай қулаб тушарди. “Қарс..қарс”..

     “Сардоржон..нердасан,болам..онанг ўлсин..онанг ўлсин..”. 

     “Кудайберген,қайдасин широғим...ўй..широғим..энанг ўлсин”.

    “О.Боже прости меня, мама дорагая прости меня..”.

    Мерган қарамай деса ҳам негадир нигоҳи..махкум қилинганларнинг кўзларига қадаларди. Эшиклар, деразалар, цимент йўлаклар ортида қолган йилларларда турли тус,қора, мовий, мушук бўқи рангли, катта, қисиқ , бичимдаги киртайган ботиқ   кўзларни кўрарди. Оғриқ, изтироб, қўрқинч ва мавхумлик балққан нигоҳлар  даҳшатли  оқариб кетарди. Ажал дарчаси очилиши билан махкумларнинг  кўпчилиги фиғон чекар,ялинар,  қичқирар,жазавага тушиб  шайтонлаб қоларди.

   Қамоқнинг қаронғи ва зах хоналарида озиб- тўзиб, туберкулёз  касалига учраган  қорақалпоқ, хоразм  овул ва элатлар уйлари чангакидаги этдай қоқ бўлиб, дард ва қўрқинчдан куйиб қорайиб кетган хотинлар...ўзбеклар, руслар, белоруслар, қозоқлар, арманлар, чечен хотинларни, тожикларни ўлим олдидаги қўрқув  туйғуси бирлаштирган эди. Энди улар на миллат, на ранг, на ватан, на дин тушунчаларини ҳис этардилар. Ҳеч нарса йўқ эди, фақат ҳаёт деган мўъжизакор сўз бор эди. Фақат худо демиш халоскор сўз  бор эди. Фаришталар айвонида холи ҳароб  махбус хотинлар   тош поллардан эрта баҳорда сахроларда тупроқларни кўтариб чиқадиган замариқлардай униб чиққан  тош ҳайкалларга ўҳшарди. Уларнинг рух тарк этган қорачиқлари, кўзлари қон қуйилгандай қизариб кетарди. Кўзларнинг дарддан қизариши, қалбининг йиғи, изтироб, алам, айрилиқдан куйиши, дунёни, жигарларини севиш каби инсоний туйғулар.. вақт  ва ажал уйи оралиғида  махбус   хотинларнинг қалбини куйдирарди.

  Шу он қамоқхона  майдонидан  соф ўзбекча  наволар янграб Ҳалима Носированинг “Қора сочим ўсиб қошимга тушди..” қўшиғи  аста – секин томлар,дарахтлар узра  юксаларди. 

  “Онажон..онажон..” дерди Назми  юраги потирлаб тунги сўқир қушлардай учиб  кетмоқчи бўлаётган қоқ кўкрагини ушлаб тошларни ёриб чиқадиган чечакдай бош кўтариб.

  “ Ҳалима Носирова..Ҳалима Носирова..айтётир..”.

  Аллақаерларда янграётган ..ўлим хонасининг барча темир қонунларига қасдма – қасд кириб келган бу қўшиқ...темир эшиклар, темир бетон поллар,темир панжараларни парчалаб ташларди.Бу қўшиқ инкубатор товуқларидай бир хил кийим кийган ўзбек маҳбусларига “сиз озодсиз” деган хабардай ҳаётбаҳш эди. Назми қалтираётган вужуди..қоқсуяк қўл – оёғини  ўзига бўйсундириб.. қўлларини осмонга кўтарди. У телбалардай алаҳсирарди. “Қора сочим..воҳ..қора сочим..” ..”..У тош осилгандай оғир оёқлари, касовдай озғин қўлини кўтариб шивирлаб  аста айланарди.

  “..муножот..муножот..”.

  Қарс..қарс..

  “Воҳ..воҳ..она” дерди баъзилари.

   Қарас..қарс..

   У..  кўплаб хотин- қиз  ва болаларни қилт этмасдан отган ёки пичоқлаган қотилларнинг.. туйнук  олдида..ҳали – ҳануз отиладиган қурол олдида  ақлу-хушидан  айрилганини кўрганди.

   “Қарс...қарс”.. Фаришталар жойида англамсиз нелардир содир бўлмоқда эди. Мерган хотин тўсатдан дарчадан бошини  жониққан ҳолатда тортиб олиб  ниқобини ечди. Ҳаво қизиб  қотиб қолган  туйнук ичи ва атроф қон исига ўҳшаган бадбўй қоплаган эди. Жаллод хотиннинг кўзларига қон тўлган  эди.   Фаришталар уйида  вақти- вақти билан эшитилиб қоладиган ўқ отилган эди. Қарс..қарс..ўлдинг..ўлдинг. Ўқ товушидан сукут  чўккан хоналар, йўлаклар, фаришталар уйи ларзага келарди. Оғир чанг зарралари жон бозорида  жон бераётган жонзоддай титраб юқорига кўтарилиб, куйган исга қоришиб ҳавода маллақ қолди. Ўқ отилганидан сўнг арқонга тизилган кўна кўйлак – жиякли иштонга ўҳшаган узун - калта, озғин - семиз хотинлар   дорга ёйилган  кирлардай осилиб қолади. Устунларда бўш тугундай ҳар тарафга осилиб қолган махкумлар кўз ёш билан юмилган ёки бақрайган кўзларидан ёғду сизиб чиқа бошлади. Уларнинг кўзлари таралган нур,  панжарали кичик ойнадан тушаётган ёруғлик билан қоришиб,   хона  ғаройиб кунботарнинг қон рангидаги  шафағига  тўлган эди. Хотин – қизларнинг  озодликдан маҳрум этиш қамоқхонаси ўлим хонаси  барпо бўлган 1970 йиллардан буён..армонли юмилган кўзлардаги ифода ўзгармаган эди. Кўзларда, ҳатто инсон ҳаётининг  сўнгги дақиқаларини, кўзларида балққан ҳаётга бўлган сўнгсиз интилиши, муҳаббати даҳшат, қиёмат  шаклида  акс этган эди. Қалин  деворлар ичига жойлашган фатишталар хонасида махбусларнинг жончиқар саси,ҳириллаши, буғилишини..  кимса эшитмаслиги учун бу хоналар ва отиш туйнуклари  ичкарида жойлашган эди.

   Совет иттифоқи даври кўҳна биноси лабиринт йўлаклари сўнгига  жойлашган   фаришталар хонасига чин маънода кўк тоқидан фаришталар тушиб келарди.Қачонлардир катта – катта деразалардан кириб қолган ҳаво ва чангнинг ялтироқ зарралари бўрон олдидан қўзғолган Тўдакўл булутларидай ялтираб, нур сочиб, ҳаёт ва ўлим  йўллари орасида чир – чир айланиб  сузиб юрарди. Шафақ, қалбларнинг ёғдуси ва ялтироқ чанг зарралари билан юраклар нишонга олинадиган жой,  ўз тарихида ҳеч қачон... бундай ёримаган эди.

  “Назокат Раҳимова..сиз озод қилиндингиз.  Юк машинасида Оқвошли чўлга пахта теришга борган болалар ҳайдовчининг айби билан  йўл ҳалокатига учраб вафот этган экан.Москвадан хат келди. Сиз озодсиз..”..

    Қирқ эллик йиллар олдин қаронғи тунда олиб келиниб отилган ёзувчи, олим, шиорлар  ҳам сўнгги нафасларини яшаган  эди бу хоналарда. Ўшанда  ҳам  устунлар..қурбонлар сафга тизилган, сўнг темир қапқоқли тўйнук шақирлаб очилиб, қора ниқобли одам кўринган...Нафаслар тўҳтаган, юраклар худо яратгандан бери биринчи марта  коинот тезлигида тез уради. Ва бирданига Калашников автомати чиқ- чиқ..шув - шувиллаб кетади. Яна мудҳиш уй тўрида кир дорлари лопиллаб осилиб қолади. Сўнг...  умрини яшолмаган, хотини колхоз раиси оғушидан юзини терс бургани, элнинг ёвлари телбалар уйига ташланган ёзувчи хотин тақдири  акс этган ҳикояларини ёзолмаган  армонли ижодкор  қалбидан аллақандай ғаройиб ёруғлик тошиб чиқади.

   Ўшанда ҳам худо қарғаган қора хона худди мана шундай ёришиб кетган эди. Бу ёруғлик  қачонлардир йўлакларга, хоналарга қамалиб қолган чанг зарралари қанотлари, доираларида  пайдо бўлган эди. Бу  ғурбатхона фаррошларининг айтувича  рух ва қалб  вакиллари, шиор ва ёзувчилар қалб одамлари бўлгани учун... ўлим ҳолати  олдидан  энг аввало уларнинг қалби куяр экан..Қалб куйиши..барча орзу -  ҳаёллари, тассаввурлари, муҳаббати, ошиқликка боғлиқ умидлари, ишонч ва орзу туйғулари куйиб кетаркан.Кўнгил фикрлашдан, орзу этишдан тўҳтар экан. Тиб шоҳи Ибн Сино: мамлакати, бойликлари ва ҳарамини ёвга бой берган тарихдаги бир подшоҳ ҳақида:  “..унинг қалби куйиб бир кунда ёниб ўлди” деб ёзибди. Қалб орзу –умидлари, ишонч ва эътирофи куйган махбусларнинг кўзларидан ёғдулар чиқиб, шу таҳлит хоналарни тўлдирар экан.

   Дарча   қари кимсасиз кампирнинг эшигидай ғийқиллаб  фиғон чекиб  очилади. Милтиқ ушлаган ниқобли хотин пайдо бўлади. Қора ниқобли жаллод  бир дафъа ичкарига боқиб, чуқур нафас олади. Бир кўзини юмиб, “кир дорларидаги эски кўйлак -  иштонларни”нишонга олади: нишонлар, болалар аттракционидаги қуён, айиқ қиёфасидаги ниқоблар қотиб қолади. Йиллар давомида қолган бармоқлар  хотираси билан тепкини босади.  

  Қарс..қарс.. шувв..шувв..

   Ҳар бир осилган лошнинг бошига  нурли юлдузлар  йиғилганди. Чирик, пўпанак босиб ётган зулмат  хукмрон фаришталар хонаси ёришиб кетган  эди. Майидларни олишга кирганлар.. ҳар хил алфозда осилиб, ёнбошлаб, боғланган қайишлар узилиб,ерга  юзтубан йиқилган  жасадларнинг дунёга тўймаган, ҳаёти қоқ белидан қирқилган лошларнинг кўзларидан  нур тошиб чиқаётганини кўришди. Сафнинг оҳирида  устунга суянган куйи  узала тушиб  билинар-билинмас нафас олаётган  маҳбус  Назокат..Назми Раҳимованинг кўзлари юмуқлигини кўришди. Унинг рус кирилл “Г”ҳарфидай  қоқ ва эгиг танаси узра эрта оқарган кумушранг сочлари ёйилиб ётган...  Назокат оғир ярадор бўлиб, нурли юлдузлар қўнган қон ва жон денгизи устида ётарди. Қуланса ҳид ва қон исига аллақайси тешиклардан қоп -  қора йирик пашшалар учиб келганди.

  “Ия, бу хотин тирик. Она жива. Ажали етмаса..одам ўлмас экан..” деган сўзларни эшитган жаллод хотин  қотиб қолди. Қия очиқ туйнукдан Назокат Раҳимовани ўраганича ҳайратдан пичирлашаётган қамоқхона моргининг қора кийимли одамларини кўрди. Жаллод хотин бирданига ҳамма нарсани англади ва бошини ушлади.  “Қарибди..” умрида биринчи маротаба махкумни отиб ўлдиролмаганди. Бир ўқ билан. Бунга балки.. жони қаттиқ ўқитувчи Назмининг телбавор рақс тушаётгани сабаб бўлди..Ҳа..ҳа..ўша қоқшол “Г” ҳарфи  шаклидаги ўқитувчи аёл  ўйнамаганида ..уни бир ўқ билан тинчитган бўларди.

  “Қора сочим ўсиб қошимга тушди, не савдолар менинг бошимга тушди..”.

  Яна қаронғи йўлакларда югур – югур бошланди. “Телеграмма..телеграмма”дейишди.

    “Махбус Назокат Раҳимова..айбсиз деб топилсин..У фаришталар уйидан чиқарилсин.. ” терлаб ҳаллослаб келган навбатчилардан кимдир қистириб кетган қоғозни ўқиб пешонасидан тер чиқди. Яна ҳайронлиги ошиб  санитарлар уймалашаётган дарча орқали ичкарига  қаради. “..Ия, бу қандай бўлди.. ўқитувчи Назми ҳали хануз хабар келишини  билгандай тирик қолибди. Агар у янглишмаганда не бўларди”.

  Жаллод хотин савол назари билан кейинги вақтларда тез- тез очиладиган  темир панжарали темир эшик ортида турган қўриқчи хотинларнинг ифодасиз юзига  қаради.

  “ Бу  худо номли  зотнинг борлиги..йўмасам арслонни ўлдирадиган ўқ билан бошқа маҳбуслар илма-тешик бўлиб кетди..Ё, яратган карамингдан..” деди фаришталар хонасида ўз- ўзига сўйланганича  қон-қўхни ювиб олаётган қари фаррош хотин.

  Жаллод хотин 17.45 ни кўрсатаётган думалоқ девор соатига қараб кийимларини алмаштирди.Биров йўқламади, тушунтириш хати ёз, демади. Қамоқхонанинг манзил тахтасиз дарвозаси даранглаб ёпилди. Дарвоза ортида юзлаб синган тақдирлар, қон дарёси, кўз ёшлар, орзулар, армонлар ва отилса-да ўлмаган ўқитувчи Назми қолди. Мерган хотин оғир нафас олди. Ишдан бўшатилганидан сўнг, фаришталар хонасидай  бўм- бўш уйида ёлғизлик азоби комига ташланишини ўйлади.   У яна қуёш чарақлаб чиқиб турган, минг хил ташвишлар билан зир югураётган, ялтироқ кийимли хотинлар, қориндор эркаклар,  боласини аравага солиб судраган келинлар, қўлига баланд байроқча кўтариб давлат тарих музейига кетаётган  бир тўп болалар оқимига қўшилиб кетди.   

     2016 -  2018 йиллар.Тошкент.

 

 

     

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish