Marta o'qildi
Йўқолган баҳор. янги ҳикоя. Саломат Вафо
“Мен сенга келдиму, ўзимдан кетдим”..
Интиқом Яшар.
Бутун борлиқ олов рангига чўлғанган эди.Коинот ва булутлар орасида гўё самон йўлига ўҳшаган оловли йўллар, буғлар, тутун,туманлар пайдо бўлган эди. Чексиз булутлар саҳроси, гўё минг йиллик ўсимлик, оғочлар аллақандай шамолдан чайқалаётган тексликлар шаклидаги паёнсизлик ..тараддутда эди. Бир оздан сўнг чиқадиган қуёшнинг оловли кокиллари ҳукмронлигида бир чексизлик оний вақт синиқларда ғойиб бўлар..Бу гўзаллик неси билан Момо Ҳаво, Одам Ота замонларида ерда пайдо бўлган ёпларидан бол оқаётган жаннат боғлари ва ер юзида ибтидойи ҳаётни эслатарди. Бу ерда вақт тўҳтаб қолган эди, бунда на фасллар, на замон, на кеча ва кундуз бор эди. Бу ерда ёлғиз менинг онгим, тафаккурим ҳукмрон эди.Мен уни ўз измимга бўйсундирар ва ўз ҳаёлларим бўйича қиёслантира олар эдим. Умримни шу вақтигача ичимда алланелар ҳис қилган, жавобсиз сўнгсиз саволлар бор эдики, айни шу чексизликни ҳис қилиб поёнсизлик ва менинг ғариб кўнглим орасида уйғунлик, боғлиқлик борлигини англаган эдим. Аммо бу манзаранинг ерга, ҳаёт, тирикликка алоқаси йўқ эди. Бу фақат иккаламизга алоқадор эди. У ёнгинамда уҳлаб ётар эди. Ориф исмли инсон уҳлар эди.
Ё, парвардигорим.. уҳлаётган одам юзи ўз ифадаси ва шунинг маъносида ўз насли, зотидан маҳрум эди. У бир одам эди. Уйқу иккаламизнинг орамизда бегоналик, совуқлик, қадимий Хитой девори каби бир ётлик пайдо этган эди. Ёши улғайиб қолган эркакни хотинга қандай туйғулар боғлайди. О, наҳотки, аллақачон уни ёшлик ҳис-ҳаяжони тарк этган..унга кинога бориш, футбол тамоша қилиш, рок, реп мусиқасини сабот билан тинглаш.. тунги клублар қаҳ - қаҳаси бегона бўлган..Бу уҳлаётган ва шу уйқуда ожиз кимсага айланган кимсани аёлга қандай кучлар боғлайди.. Худодан қўрқиш туйғуси..ҳаҳаҳаа...айниқса худога яқин жойда.. барча оҳирати яқин бандалар каби ёшликда қилмаган, қилган ҳато ва гуноҳлари учун товба қилиш туйғуси..уни менинг ҳузуримга етаклаганми..
Иккаламиз булутлар уммони устида парвоз қилардик..Уҳлаётган одам ва мен..Кўпикланаётган денгиз тўлқинларидек тебранаётган булутлар карвони бағрида бир кўриниб бир кўринмай чайқалаётган не бўлди. Американинг “Озодлик” ҳайкали..ана хотин кишининг зайтун баргларидан гулчамбар таққан боши,елкалари.. ана унинг қилич кўтарган қўли..аммо, у қилич бўлиши мумкинми..озодлик маъбудаси қўлида қилич тутарми..янглишди. Бу фонусми, маёқми.. энди топди. Ана осмонга тенглашган бинолар,Американинг улкан байроғи, саноқсиз ойналар..
Ориф ушиди, сўқишди чоғи, безовта қимирлаб қўлларини кўксига чалиштириб олди. “Нега, шиппагингни менинг шиппагимни устига ечасан,бу билан нима демоқчисан..”..”Нима бўлибди, унутдим, хожат оққични сувини очмабман.. ўзим ўтиргач ювмабман..Ҳушбўй ҳаво тозалагични сепмабман..ўзинг ювиб қўя қолмабсан”..дерди у уйқу аралаш. Ойимжон қошларини чимирди. Орифнинг сўзларидан бурнига хожат жойининг бадбўйи ургандай бўлди. Уҳлаётган одамга ичида жирканиш, ҳусуматми ҳис қилди. Кўрпангга қараб оёқ узасангчи..қария..демоқчи бўлди. Аммо, недир, афтидан поёнсизликми, недир бу сўзларни айтишдан тўҳтатди. Орқадан кимдир..”бу не бало..ҳамма нарсага ўлат текканми, ҳамма жой Антрактика музликларидай қотиб қолган..Қайси макон бу..ёзми, қишми..ҳей ёшуллилар соат неча бўлди..Биладиган борми?”..дея минғирлади.
Ойимжон бўйнидаги жун шарфи билан эркакни оёқ - қўлларини ўраб қўйди. Булутлар орасидан кеманинг улкан мачталари бошидек кўринаётган бу маёқ ёки чироқ бўлмоғи лозим. Ё, тангим бу “Озодлик” ҳайкали эмас эди.
Ён атрофдан вағир-қуғур, шатир - шутур, узуқ - юлуқ сўзлар эшитилди.Қандайдир чинни идишлар, шишалар бир-бирига урилиб чил - чил синди.
“Боқ, бу на ақлсиз оломон бу..ким булар..Қайси қалъа, қайси халқ.. бу..Ё, товба, кенгуруми бу сакраётганлар...аллоҳ, аллоҳ одам экан..Ёё, аҳир хотин экан-ку, иштонсизми булар..Ақлсиз, телба оломон оёғига қоп кийиб олибдими..Қарши тамонда келаётганлар ким булди, отларми..отга ўҳшамайди..ёввойи кулонларми...Чор –атроф нега ялтирайди..ойнинг парчаларидай нур таратаётганлар не бўлди экан..”.
Булутлар қалъасига яқинроқ борганим сайин булут миноралари кўпайди, буғлар ичидан тебранаётган кема елканлари, ялтироқ ойналар, аллақайси мамлакатнинг ҳаво босими ва намлигидан балодоғига ёпишган байроғи кўриниб-кўринмай лорсилларди. Бу дунёдаги энг баланд бино “Бурж ал Халифа..”бинолар тизими эди. Шунда у булутлар остида қақраб ётган дашту-сахроларни кўрди, “мени Дашту Карбалодан сўр” дея куйланарди қўшиқларда..Балки шу ерда минг йиллар олдин хазрат Алининг қони қардошлари тамонидан тўкилганмиди..Бир тамонда мавжланиб ётган Ўрта ер денгизи..у ёғи Эгей денгизи..Қирғоқларга туташиб кетган аллақачон барча мавжудодлари билан ўликка айланганлик денгиз тўлқинлар, қирғоқлар, қушлар, тушларига денгиз тўлқинлари шовқини кирадиган чиғаноқлар..Ҳуув..олдидаги сарғиш булут остида ер юзида бир замонлар яжуж - мажуж каби пайдо бўлган СССР деган давлати ҳалок этган Арал денгизи саҳролари мангу уйқуга кетган..Кемалар, совет иттифоқи коммунистлари ўлим полигонига айлантирган бир вақтлар яшнаган “Борса келмас” ороли, шу қирғоқларда яшаган эл- элатлар мангу уйқуга кетган эди.
“Худо жазосини берсин, худо..булар одамзодга.. қуёшга қарши, худога қарши..”.
Булутлар сийраклашиб ер яқинлашди. Яқин Шарқдаги Жебел Ансарий дашти саҳроси манзаралари.. Само баландилигидан қадимий Эфрат дарёси улкан аждарҳодай судралади.
“Оҳ, воҳ-воҳ..ушла..ушла..” дея ҳайқирди Ойимжон. Ўрта ер дегизининг ваҳшатли тўлқинларда пиёз пўчоғидай ўйнаб Яқин шарқ мамлакати қирғоқлари, Сурия тамонлардан келаётган катта- кичик кемалар, елимдан шиширилган қачоқлар ўрнашган қайиқ кемалар гўё ҳар бири поезд вагонидай келадиган улкан китлар қаҳрига учрагандай лопиллаб –лопиллаб бориб ағдарилиб кетар эди. Кекса денгиз кўпириб ўрнидан қалқди, чавақ балиқлар кўкка сакраб, дельфинлар фарёд кўтарди. Сув юзида қиёмат - қойим қўпди. Вақт, фасл, масофа фалажланган карахт бу маконда.. қайси йил, қайси ой кун эди...ҳей, қирғоққа қараб учган балиқчи қушлар қайси ой, қайси кун эди.Ҳатто, жавоблар ҳам қотиб қолган эди.
Булут, туманлар ичида бош тебратиб қолган “Бурж ал Халифа” минорасида 2017 йил саънаси чайқаларди. Кумуш оқлик ичида турли давлатлар номи, узун-узун қувурли завод, фабрикалардан тутун бўрқсиб ётган шаҳар ва кўйлар кўринарди. Шимолий Африка ва бошқа араб мамлакатларидан осуда ҳаёт излаб чиққан ўн минглаб, юз минглаб аҳоли дунёнинг тўрт тамонига тарқаб кетган эди. Сурия деган юртнинг Идлиб водийси, Хубейт, Рахжа, Умм – Сахриж шаҳарларидан юзларча, мингларча қари - қартанглар, ёш болалар, аксарияти ёш эркак ва аёллар улкан сувликлар орқали Европа мамлакатлари сари отланган эди. Алла замонлардан бери оқ билак ойим хотинлари туғмай қўйган европа шаҳарлари тамон сузишарди.Қачоқлар билан тўла кемалар карвонини гўё Бермуд учбурчагидай аллақандай сонсиз гирдоблар, бўронлар, тўфонлар чирпирак қилиб айлантира кетди. Болаларнинг елим ўйинчоқларидай сакраётган, чайқалаётган катта –кичик кемаларни денгиз ямламай юта бошлади. Бир..икки.. ўн уч.. Тақдири азалнинг 21 асрда бузилган азалий қонунларига кўра жон олиб жон бераётган кемалар чўкаётган ҳудудга Туркиянинг қизил байроқлари ҳилпираган кемалари жонҳолатда товуш чиқариб учиб келарди. “Кардашим, бир замон бекла..бекла..жўжикларим..”.
Одам қони исини юзлаб чақирим узоқликдан сезадиган темир жағли акулалар, одамҳўр пирания балиқлари тўпи Ўлик денгиз тамонларга йўлга тушди.Худонинг ваҳшатли маҳлуқлари олайган кўзлари, катта очилган саноқсиз тишли жағлари билан ола-тасир..бир –бирини қувиб Ўрта Ер денгизидаги қонли тамоша сари йўлга тушди. Иссиқ уйда душ қабул қилиш, эрталаблари болаларини боғчага олиб боришни, болаларини туғилган кунини ўтказишни кўнглига туйган қалблар, юраклар, орзулар, кўз ёшлар, қайғулар, олинмаган нафаслар, оғир тош каби денгиз остига чўкарди. Қизиган товада пишган оқ бодроқлар каби денгизга отиларди. Узоқларда кемалар оловли рангли халаскор байроқларини ҳилпираб келарди.
Энг замонавий рангга бўялган сочлар, кумуш узуклар тўла бармоқлар, гўзал жилмаядиган лаблар, эркаклар сўқини келтирадиган нақш олмадай мамалар,спорт залларида мускули таранглашган болдирлар..иссиқ вужуд, иссиқ қонлар акулалар, пиранияларнинг сонсиз ўлжасига айланган эди. Олам қон тусига кирган эди. Жаҳоннинг турли океанларидан одам боласи қонининг исини олган ёвуз юнус ..балиқлар, одамҳўр илон балиқлар йўлга тушган эди.
Тошдай қотиб уҳлаб ётган Ориф аёлнинг ҳайқириғига уйғонмади. Уйда кўп ишлаган кезларда уни кўз ойнагини Ойимжоннинг столига қўйиб кетишини эслади. У кўзойнакни унутгандир деб шишали стол устига олиб қўярди. Ориф атайлаб қилгандай кўзойнагини яна келтириб унинг столига қўйиб кетарди. Унинг ҳаракатлари куфрини қўзғотарди. Чуқур нафас олганича ўзини босишга интиларди. Балки, китоблар оламида яшайдиган яҳши одам.. ичида нафрат, жирканишга ўҳшаган номсиз туйғуларни уйғотарди.
Орқадан кимдир муздай маъданли сув тутди. Сув ёнаётган вужудига малҳамдай туюлди. Аёл сув ичилган бир марталик қоғоз идишни қаерга қўйишни билмасди. Бир эркак қўл узатиб қоғоз идишни олди. “Ташаккур, Сизга..” қандай тарбияли эркак. У ҳозиргина денгизга чўкиб кетган юзларча..мингларча одамнинг ҳалокатидан ўзига кела олмасди. Бу дунё уммонларида сузиб юрган кемалар..2010 йилларда Яқин шарқ мамлакатлари ва Шимолий Африкада юз берган “араб баҳори” урушларининг адашган кемалари эди.
Бутун вужуди титрар, қўллари қалтираб ўзига бўйсунмасди.Ё, аллоҳ ичидан билган сураларни ўқиди. Субҳаналлоҳ..субҳаналлоҳ..Кўзларидан тинмай ёш оқарди..
Ё, аллоҳ, оқиш туманлар, силкинган булутлар ичидаги қайси уммон экан...қайси тоғлар, қайси дарёлар экан. Қайси ватан ва қайси халқ экан..Вақт ўз ҳукмини йўқотган ва ўзи йўқолиб қолган сарҳат коинот баландлигидан Ироқ, Исроил, Иордония, Ливан ва Туркия мамлакатлари сарғиш чўлга ўҳшаш ҳудудлари чўзилиб кетган эди.
Юқоридан поёнсиз чўл –биёбонларга мангзайдиган ер унга Орол денгизининг қайғули тақдирини эслатди.Денгизнинг пайдо бўлганига 20-24 минг йил бўлган бўлса-да, ерли аҳолининг ўзидай заиф Жайхун ва бошқа майда - чуйда дарёларнинг қуймаслиги оқибатида денгиз ер юзидан йўқолиб халқ учун бало - офатга айланган Оролқум пайдо бўлган эди. Бу Оролқумдан шамолли баҳор ва куз ойлари осмонга миллион тонна тузли қум кўтарилиб бутун ер юзига ёйилиб кетарди.
Ўнлаб, юзлаб қора, сариқ, оқ тусли билак узукли, билак узуксиз жундор қўллар баланд кўтарилган эди..бу қўлларида кичик шиорлар, турли мамлакатларнинг байроқлари бор эди.Уларнинг қора, мовий, сарғиш кўзлари ҳаяжондан катта очилган эди.
“Биз қачон манзилга етамиз..қачон она ерни кўрамиз..Нега соатлар ишламайди,вақтнинг ўзи қаерда?. Нега қуёш чиқмайди, нега баҳор келмайди..Вақт нега қотиб қолган, эй, қардошлар..Биладиган бўлса айтсин”..
“Бутун инсониятга қарши дунёнинг қаеридадир қудратли иқлим қуроли қўлланилмоқда..Улкан шаҳарлардан узоқда энг замонавий тизимлар билан қуролланган станциялар..ер сайёрасини ўргимчак тўридай ўраб олган сунъий йўлдошлар..спутниклар орқали..истаган ўлкага баҳор келтиради, истаган ўлкада тўфон яратади. Она ерни тебратиб зилзила яратиб беланчакдай силкитади..Аслида глобал исиш деган ҳодисанинг ўзи йўқ.. ” деди Ориф уйқудан қизарган кўзларини олис булутлар маконига маюс тикиб.
Бутун жаҳонга, поёнсиз булутлар водийсига сукут чўкди.
“Қандай қурол, атом, ядро қуролларини эшитгандик..Қандай қилиб иқлимни фаслларни ўзгартириш мумкин.Уни ким ўзгартира олади?.Бу кимга керак..?”.
"Мен бу қурол ҳақида "Euronews TV" каналида машҳур журналистнинг репортажини кўрган эдим".
"Россия" каналида мактаблари ўқувчилари "Косманавтика" музейида сунъий уюштириладиган тектоник ҳаракатлар,шамол ва ёмғир ҳодисалари билан танишган эди".
Ойимжон олтмиш ёшдан ошган Орифнинг бир оз оқарган, соқоли ўсган юзига тикилиб қолди. Эркак ҳақидаги ўй, туйғуларидан уялди, ичида оғриқлар уйғонди..Бир - бирига мингашган уй шиппаклари, шиша столларга отиладиган кўзойнаклар ва денгизга чўккан одамлар орасида улкан номувофиқлик бор эди.Асли одамлар инсонийлик туйғуларига илк дарз кетган шипаклар денгизига чўкиб кетгандир. Юзлаб минглаб аёллар, эркаклар, болалар, ёш қизлар ва йигитлар шиппаклар, кўзойнаклар лозим бўлмаган қаронғи салтанатга кетган эди.
“Тангрим, гуноҳ ва ҳатоларимни ўзинг кечир..товбамни қабул айла..”.
Яна одамларнинг ғола-ғовури, йиғлагани, кулгани эшитилди.Аллақаерларда улкан кемалар йиғилиб қолган Дорданел бўғозидами кечув талашиб вупиллаб товуш берарди. Қизил байроқли турк кемалари қонли издеҳқомда тирик қолганларни қутқарди. Ўлим комидаги қачоқларга кекса денгизнинг ҳам раҳми келиб турси ва оёғига кичик ковушчалар кийган тўрт –беш ёшларидаги болакайни қумли қирғоққа чиқариб ташлади.Кўпикли тўлқинлар юваётган қирғоқда ётган қора соч болакайнинг ўлик, ёки тириклигини юқоридан билиб бўлмасди.
“Боқ, боқ..Ё, аллоҳ, булар юзлаб кенгурулар эмас..оёғига қоп кийган ҳам минглаб телба оломон эмас..Булар Хоразмшоҳлар лашкарларини буюк жангга руҳлантираётган товоқ, бодиёда оёқ яланг “Сурнай Лазги” сига ўйнаётган.. тахёсига товус парлари қадаган юзлаб, минглаб Хоразм хотинлари..ялтироқ кийимли хоразм ўйинчилари экан..
..Иии..иййи..ола киштак ..ротолло..ииййии.. ҳайқирарди юзлаб сурнайчилар..
“Ол,ол..бос..бос арслонларим..бургутларим..”.
Ана, орқада Турон пасттекислиги..Бутун борлиққа ёйилиб ялтираб ётган Тупроқалъада зарб этилган Хоразмнинг энг эски ёзувидаги Хоразмшоҳлар давлатининг олтин кумуш тангалари экан. Ҳар тангада бир юртнинг тарихи, одамлар тақдири битилган экан. “Ола..киштак..ротолло..ротолло..ротолло”.. Қорақум саҳроларида Хоразмшоҳларининг юз минг отлиқ лашкари..жанговор филлари фавжи ёвга қарши отланди..Хоразмшоҳларнинг қора ва оловранг туғ, байроқлари кўтарилди..Қиличлар қинидан чиқарилди, филлар наъра тортди, юз минглаб отлар кишнаб ер юзини ларзага солди..
Шиор ва байроқ кўтарган ўнлаган, юзлаган қўл эгалари оёққа қалқиган эди.Ойимжон ҳам ҳали ҳам уйқуси учмаган соқоли янада ўсган Орифнинг қўлини маҳкам ушлаб олган эди. Булут ва туманлар остидан инсон тақдирлари битилган тангалардан ғалати..кумушранг нур тараларди..Бу нур яқин - орадаги боғлар ўрик гулларида жилоланарди. Билакларига занг таққан юзлаган Хоразм раққосалари катта тавоқларини қўлига олиб алланенинг тараддутида йўл четида саф тортиб туришарди.
Вақт, замон, масофа ва фасллар қотиб қолган паёнсиз чексизликда улкан оқ учоқ қўналға излагандай айланиб учиб юрарди. Сирли учоқ тўғри чизиқ бўйлаб пасая бошлади. Йўловчилар салонининг юзларча маниторида “Шовот..эски Оқвошли чўл ҳарбий аэропорти..”ёзувлари пайдо бўлди. Учоқ улкан чўл бургутлари каби қанотларини ёйиб ҳалигина ўтиб кетган Хоразмшоҳлар лашкарининг чанг-тўзони тарқамаган,кенг майдонда бўян, ёнтоқ, ажриқ ва қамишлар ўсиб ётган ҳудудни нўзарлаб эниб борарди.Эниб борарди..
Декабрь 2019 йил.
Уй.Тошкент
- - -