Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Сени қўноқ қилган қасрлар"..шеърлар. Эрпўлат Бахт.




Оқшом чўкар. Қораяди қош,
Хотиржам хомуза тортади борлиқ.
Ўзбекистон – дуогўй халққа
Тинчлик учун берилган ёрлиқ.

Булбул сасин босади соҳир
Айвонлардан таралган алла.
Толемандлик муҳити ичра
Ором олар сокин маҳалла.

Оқшомлари гўзал ўлканинг
Сулув бўлар кўрган тушлари.
Тонгга қадар бахтингни алқаб
Сано айтиб чиқар қушлари.

Кекса гужум остида ширин
Сирлашади севишган диллар.
Сўриларга гап пойлоқчидек
Чирмашади номозшомгуллар.

Шундай ажиб, чексиз тароват
Таралади ҳар битта йўлга.
Оқшомларинг эртакдек тотли,
Ўзбекистон – серфайз ўлка!


ГАРЧИ СЕНГА ДЎСТ ЭМАС ЭДИМ

Гарчи сенга дўст эмас эдим,
Ғайрли бир душман ҳам эмас.
Сен тасодиф базмлар аро
Шунчаки бир таниш бўлган кас.

Бироқ сенда тавозе бисёр,
Узатасан қўлингни менга.
Мендек ўжар сўзпараст билан
Дўст бўлишни истайсан нега?

Мени гумон олади асир,
Шубҳаларга таслимман беҳол.
Кўксингдаги юрак эмасдир,
Отилажак тошдир эҳтимол.



НИҲОЯТ ЎТМАДИ СЎНГГИ ДАҚИҚА

Ниҳоят ўтмади сўнгги дақиқа,
Сабрнинг чоҳига қулади лаҳза.
Ичикиш дардида кўнгил алаҳсир,
Ғамлар тўзонида урганча акса.

Оҳ, жуда узоққа чўзилди ҳижрон,
Ниҳоят ташрифинг ҳақида дарак.
Эшик очилишга бир баҳя қолди,
Беқарор питирлар туғёнкор юрак.

Кўнглимни ғажийди бетин ютоқиб
Жодугар айрилиқ – тишлари кемшик.
Дийдор эпкинининг қитиқларидан
Базўр тиржаяди дангаса эшик.

Ўзингни қўлга ол, ёрилма юрак,
Сени тез сийламас тоқат ўлкаси.
Жонфидо ошиқдек тиз чўкма шитоб,
Бу ахир бахт эмас, унинг кўлкаси...




Мария БЕЛКИНАнинг
«Скрещение судеб» китобига қайдлар

Шоирларнинг ватани - эркдир,
Шоирларнинг миллати – ғурур.
Оҳ, Марина Цветаева* –
Россияга сиғмаган тақдир.

Москвада сўз қадри арзон,
Москвада руҳ иши сароб.
Александ Пушкин издоши
Бўлганларнинг қисмати хароб.

Ўхшаса ҳам Римга бу шаҳар,
Шарқнинг Гурганж, Қиёти* эмас.
Шеър аҳлининг бошин силаган
Бойқаронинг Ҳироти эмас.

Бунда намхуш қўрғонлар аро
Шоирларга ясалар кунда.
О, Марина Ивановнанинг
Тавонини сўрайман кимдан?!

Уйғон энди, эй кўҳна очун,
Уйғон энди ўрус диёри!
Чириб адо бўлдими, қара,
Хоинларнинг тиклаган дори?!

Йўқ, аксинча бўлса бегумон,
Сен жаллодсан, она эмассан.
Шоирларнинг севгиси ҳаққи,
Ортиқ сенга бир сўз демасман...

Марина Цветаева – рус шоираси.



АННА АХМАТОВА* МУТОЛААСИДАН СЎНГ...

* * *
Чўзилади тонгнинг азаси,
Ёпиб олди қоп-қора чодра.
Ўлди яна юрак сазаси,
Тентирайди дарама-дара.

Ортга қайт, деб чорламас ҳеч ким,
Юпатмоққа ким очар қучоқ?!
Зерикарли муҳит. Ҳаво дим.
Ой – юлдуз бола ғажиган пўчоқ.

* * *

Ғофилликни даф қилиб алҳол,
Бедорликда қушдек енгил руҳ.
Нафасингни овлайман беҳол,
Сўзларингдан силқийди андуҳ.

Ҳасратни қўй, шикоятни қўй,
Чор тарафга кулиб боқ бир бор.
Тонгдек тиниқ тортажакми ўй,
Демак, яқин қадрли дийдор.

* * *

Жуда олис кетдинг, ҳаттоки
Етмаяпти кўзимнинг нури.
Яшаркансан ҳаётда токи
Ёдинг ила ёришар шуурим.

Жуда олис, балки асрлар
Масофалар ўлчамига тенг.
Сени қўноқ қилган қасрлар
Муҳташам ва олам қадар кенг.

Менинг эса қалбим кулбаси
Эшигини чертасан тунда.
Юрак яна ишқнинг телбаси,
Эсим оғар севинчдан шунда.

Остонамда мағрур ва ўктам
Қад керасан киборларга хос.
Таралади тонгдан хушбўй таъм
Адабиёт муҳитига мос.

* * *

Бирам гўзал, танҳосан рости,
Кўнгинг аро миллионлаб ошиқ.
Содиқ жазман бўлмоқлик қасди
Ёнаётган дилда қоришиқ.

Мен ҳам ўтдим шеърият кўйидан,
Умидларим дилдан сўкилиб.
Дали ошиқ фикри, ўйидай
Ақл шошар руҳдан сўкилиб.

Бу йўлда мен топганим шудир
Шамоллардай самода йўртиб: -
Ўн етти ёш қизнинг кўксидай
Шеър туради чиройли бўртиб.

* * *

Ястанасан оромкурсига,
Тутатасан тамаки аста.
Аёлликнинг сирли қасрига
Мубҳам кўлка тушар бир пасда.

Йўқ, таъналар қилмайман ортиқ,
Тушунаман мен сени, хоним.
Тақдир сенга ғам қилган тортиқ
Никоҳингни ўқиган они.

Қизилларнинг* қатлгоҳида
Ёринг ила дўстларинг қулар.
Жигаргўшанг қоронғу чоҳда,
Тевараги соноқсиз қуллар.

Сабрингга кўз тегмасин дея
Тамакидан тутатқи қилдим.
Қаддим базўр шеърият суяр,
Хоним, пойинг узра йиқилдим!

* * *

Бир хил рангда кўринар дунё,
Бир хил рангда гуллар турмуши.
Оппоқ ғунча, оппоқ япроқлар
Эслатади қаҳратон қишни.

Булбуллар оқ, қарғалар оппоқ,
Оппоқ ҳатто чўкаётган тун.
Наҳот ғариб бўлди нигоҳлар,
Тасаввурлар шунчалик юпун.

Камалакдек минг хил товланиб
Турфа рангда кечади фурсат.
Эй тусларга тусмолли одам,
Қалб кўзингни ҳакимга кўрсат.

Руҳинг эмин қўйиб юбор, дўст,
Сезимларинг тушовини еч.
Ахир атроф рангларга тўла,
Қора десанг оқаради кеч.

Фасллардек тадрижда бўлсин
Кўз қарашинг, фикринг изҳори.
Ўз номида атамасанг гар
Тўкилади ранглар оҳори.

Ишон, ранглар исён қилади,
Ўзгаради инқилобга хос.
Оқ аталган қоп-қора ранглар
Бир кун сендан олади қасос.

Шунда... бирдан ўзгарар ҳаёт,
Ўзгаради тақдир деган фан.
Умр бўйи сен оппоқ билган
Қисмат қораяди дафъатан.

* * *
Мени ёлғиз қўйма, художон,
Ато айла менга содиқ дўст.
Буқаламун каби турланган
Нокасларнинг йўлларини тўс.

Улуғ неъмат ахир содиқлик,
Фидойлик азиз бир хислат.
Дўст бесанг гар – шу ўзи нусрат,
Дўст берсанг гар – шу ўзи исмат.

Қай кунжакда кимдир нигорон,
Меҳрим унга англат, худойим!
Унга шундай дўст айла мени:
Бир умрга содиқ, фидойи!..


Анна Ахматова – дунёга таниқли рус шоираси. Ҳис–туйғулари эркин ифодаланган, коммунистик мафкурадан ҳоли шеърлар ёзган.
Қизиллар – большевиклар.



“УСТОЗ!”ДЕЯ ТУРГАН БУ ЙИГИТ

“Устоз!” дея турган бу йигит
Менга шогирд эмас аслида.
У... яхшилар бошига етган
Чақимчи бир каснинг наслидан.

Эътиқодли улуғ одамни
Сотган эди унинг отаси.
Фарзандига доғ бўлиб ўтган
Кўринади қилган хатоси.

Бугун эса...
Бу йигит шоир,
Қиртишлайди ғўддайиб қалам.
Шеър ўқиса ғашим келади,
Юрагимни тирнайди алам.

Сезгандайман, ҳасад, бахиллик
Кўзларига бормоқда тўлиб.
Туюлмоқда менга бу йигит
Отасининг нусхаси бўлиб.

ҚАРЗ

Сабоқдошим Лайло Туратовага!

Кечирасиз, майлими олсак
Қалбингизни бир кун қарзга?!
Бериб туринг уни бир оқшом
Ўзлигини йўқотган қизга.

Рўпарамда нотаниш ролни
Ижро этар уззу-кун кимдир.
Эҳ, дарвоқе, самимият ҳам
Керак эди озгина, чимдим.

Яна керак кулгуларингиз
Дардларимга ёпинчиқ учун.
Ғанимларим гар кўрса уни
Ўйлашмасин томоша деб чин.

Эсим қурсин, Сиздан қарзга
Сўрай дея келгандим меҳр.
Юрагимнинг дарз кетган жойин
Чегалашга қодир бу сеҳр.

“Меҳр беринг, менга шу етар!”..
Фақат шу сўз сирғалар тилдан.
“Судхўрманми?!” дея ранжиманг
Қайтарсам гар фоизи билан.

СЕНИНГ НОМИНГ

Ёдинг ила уйғонади тонг,
Ёдинг ила чарақлар офтоб.
Яна дилни қиламан тафсир,
У – ишқ ила ёзилган китоб.

Сенинг номинг оҳанрабодек
Тортиб олар ақл-ҳушимни.
Тафтиш қилар шоҳ Машраб руҳи
Менинг қилар ҳар бир ишимни.

Кўп замонлар эврилди ахир,
Даҳшат эмас “Анал Ҳақ!” энди.
Дордан қочган ношудлар учун
Дунёнинг тўрт тарафи кенгдир.

Лекин ўша ошиқлар аҳли,
Ҳануз тотли ишқ аталмиш дарс.
Ҳожати йўқ дорнинг, ҳолбуки,
Сенинг номинг ўзи сарбаланд.

Осиламан сенга, художон,
Юбормагил силтаб, итариб.
Гар қулсам... пойингга тушай
Сабрим аста қолганда қариб...

ҒУРУРИМНИ САЛОМАТ САҚЛА

Кўнгил бекатида ҳисларим юпун,
Художон, ато қил шавқни, сурурни!
Ён–веримда сўқир нигоҳлар
Топтаб ўтаман дер ғурурни.

Ғариб тахаюлнинг исканжасида
Фикрим бўртиб чиқар Наврўз гулидай.
Ёруғ манзилларнинг сўқмоқларида
Шубҳалар аврайди тулкидай.

Мен эса хатарнок бу йўлга тушган
Эмасман тадбирсиз, лапашанг, лақма.
Сенга юкунч заҳира қилдим,
Ғуруримни саломат сақла!


ЭРТАГА КУТАМАН


Салим Ашурдан бошқача...

Эртага кутаман... Эртага
Бугундек серғалва бўлмайди.
Телба мисол севган бу юрак
Эртага сени деб ўлмайди.

Эртага унута бошлайман
Ёлғон даъво, мавҳум қисматни.
Номингни бадарға қилиш-чун
Юракдан олганман рухсатни.

Киришмайди энди ҳеч қачон
Сохта муносабат сайқалга.
Бир-биримиз учун эртага
Айланамиз совуқ ҳайкалга.


ХОРАЗМНИНГ ЯХШИ ШОИРАСИГА

“Энди гетасим галди...”
“Сани гўрасим галди...”
Оғасинда хуш толди
Шу икки сўз аросинда айланиб.

Биринчиси – ёмон сўзга ўхшайди,
Иккинчиси – соғинч, бўзга ўхшайди,
Дийдор тилаб шеърпараст дил йиғлайди,
Ўлдирдингиз ҳижрон сари шайланиб.

Хоразмда гул ўстирмоқ осонми?!
Ё ўзга юрт ери Сизга бўстонми?!
Сиз кетган сўнг Полвонёплар* омонми?!
Тиниқ сувлар оқдимикан лойланиб?!..

Бикам энди қайтиб келса зўр бўлар,
Оғасининг қадди-басти ғоз бўлар,
Дил овутар: “Қиз болада ноз бўлар”,
Ким юрибди нозларина бойланиб.

Кетди санам индамасдан хуш олиб,
Орзулари риштасина тушолиб,
Юрмасдик-а, ёзғит экан деб нолиб,
Қайтиб келса бошкентлардан бийланиб.

Қайтиб келса ўзгаларга бермасман,
Ёт боғидан ётларга гул термасман,
Ўйлар босиб, иккиланиб юрмасман,
Шарт оламан шеърларига уйланиб.

“Энди гетасим галди...”
“Сани гўрасим галди...”
Оғасинда хуш толди
Шу икки сўз аросинда айланиб.
Полвонёп – Хоразмнинг катта каналларидан бири.
Бийланмоқ буюклашмоқ.


ТАЗМИН

“Сабо ва Самандар” асарини ўқиб...

Бетин шамол хитоби –
Кимнинг қисмат китоби?
Йиғлар ишқнинг офтоби
Абр ичина беркиниб.

Кулгунг... мунгга менгзайди,
Сукут... унга менгзайди,
Хатонг... мингга менгзайди
Жабр ичина беркиниб.

Ёвлар назар соляпти,
Мардлик урфдан қоляпти,
Яхшилар дам оляпти
Қабр ичина беркини.

Тишдан сизар бардошим,
Оқ тошим-а, кўк тошим –
Қаттиқ бўлгин-а, бошим
Сабр ичина беркиниб.

Кўнгил – қушнинг нусхаси,
Ул беҳушнинг нусхаси,
Ўнгинг тушнинг нусхаси
Таъбир ичина беркиниб.

Дема севги йўқ тилда,
Минг алам бор бир дилда,
Ишқ... ҳозирча таътилда
Давр ичина беркиниб


ТУШУНТИРУВ

Бир ўзи Сталин қайдан билибди,
Қодирий кимлигин, Чўлпон кимлигин?!
Уларнинг бошини кундага тортган
Ўзимиздан чиққан сотқин илиги.

Қайси кунжагида Ичанқалъанинг
Бобоохун йўлин пойлаган Иосиф?!
Уни Юмуртоғда қатл айлаган
Хоразм шўроси эди-ку, таассуф!

Қайси майхонада бўлибди улфат
Шўролар даҳоси Усмон Носир-ла???
Ҳасадгўй ғанимлар этди қатағон
Лочинваш шоирни ҳаёт қасридан.

Энди қўй, ўтмишга тош отма, дўстим,
Унинг ҳам замбарак ўқлари бисёр.
Бугун қалам тутган шоир йўлига
Меҳрингни тўшагил,
Жонинг эт нисор!

Шоирга шу керак –
Озгина меҳр
Оташида яшар мангу исиниб.
Ахир у – навниҳол.
Дуркун бўйлари
Ҳасад довулида кетмасин синиб.


..




УСТОЗ МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМНИ
ЭСЛАБ АЙТИМ

Булбулга устоз зоғлар,
Чўкиб бородур тоғлар,
Кўксимда битмас доғлар
Матназар оғасиз.

Синмоқда қадди долимиз,
Урилди қумга солимиз,
Есир қулундай ҳолимиз
Матназар оғасиз.

Ҳар ким ўзи бир дарға,
Даврада пошшо қарға,
Ким узлатга бадарға
Матназар оғасиз.

Бузилди шеър тахмони,
Пурёйвали чакмони
Тўшалди ерга бу они
Матназар оғасиз.

Ҳар ким кўксини муштлар,
Биров минбардан тушмай,
Кўнглини кибр хушлар
Матназар оғасиз.

Тур дилим-о, тур дилим,
Очилмаган ўн гулим,
Ичинг тўла йилдирим
Матназар оғасиз.

Титрама, қўрқма, қўзим –
Боғдодийдай пок сўзим,
Берсин сенга Ҳақ тўзим,
Матназар оғасиз.




ТИЛИ КЕСИЛГАН БУЛБУЛ ВА
УНИНГ ПАЛОПОНИ ҲАҚИДА

Булбул тилин чўқиди Қарға,
Шўх нағмаси авжга етган чоғ.
Шундан бери ғудранади у,
Шундан бери кўкси тўла доғ.

Тили эдиунинг ўзлиги,
Тили эди битмас хазина.
Барча бойлик дунёларини
Талаб кетди Қарға – ажина.

Э-воҳ, энди уйғота олмас
Ошиқларни тонгги навоси.
Шўрлик –соқов. Чора йўқ. Чунки
Соқовликнинг сукут давоси.

Шундан бери урчир фожеа,
Кулфат ёғар қавм устига.
Ахир Булбул полопонларин
Қарға олар қанот остига.

Ё Раб, ўзлик рамзи яраси
Асрларки қийнайди. Битмас.
Қарғадан дарс олган Булбулча
“Қарр”иллашдан нарига ўтмас.


ТУРКИМ

Эй турким, турланиб борасан,
Ҳурлардай нурланиб борасан.
Дунё чаманида мажлисинг тотли,
Табора қурланиб борасан.

Эй турким, шавкатинг, шоинг бор,
Савашда ўлмаган жонинг бор.
Оламни фармони остида тутган
Амиринг, султонинг, хонинг бор.

Эй турким, бирлашсанг – ўзасан,
Дардлашсанг, сирлашсанг – ўзасан.
Тувғонлар тўзиса – тўзим йўқ,
Хитобдан ўзга бир сўзим йўқ.

Эй турким, не улуғ халқдирсан,
Шукуҳга кўп тўлуғ халқдирсан.
Оҳ, бугун бўстонинг туташмас,
Гуллар хам, сўлуғ халқдирсан.

Қарғалар чўқимоқ истайди,
Ёв чанги қўқимоқ истайди.
Тулкилар тикилиб турибди,
Сирингни ўқимоқ истайди.

Эй турким, ҳазир бўл, азир бўл,
Тувғонинг қошида ҳозир бўл.
Зарра бир қоқилмай ёв келар,
Йўлига ҳандақлар қазир бўл.

Эй турким, Туронинг – тур тоғи,
Ҳар қавм – бир дарахт бутоғи.
Оламга қўр тўк сен муштарак,
Яшамоқ чоғи бу, яшнамоқ чоғи.

ИЧИКИШ

Руҳимга ингандек яздоний меҳр
Очунга тонг иси тўкулур.
Сесканур дил.
Қаро қисматнинг
Кўйини пайпаслаб ўксинур.
Тонг – дийдор,
Тонг – висол,
Тонг – неъмат,
Беназир жамоллим, қани сен?
Қизмисан,???
Гулмисан???
Ҳурмисан???
Ўзингни ўзимга танит сен!

Сўқирлик сўқишиб руҳ аро
Сезимлар сесканур жисмимда.
Бошимни тўрт ёна урибман,
Бориб тегарми деб исмингга.
Бу жисмим – хунолуд,
Жоним – хокистар,
Дил – умид комидан тафт олар.
Азизам...
Азизам...
Келдингми?!
Юракка тегмоқда шарпалар.


Эрпўлат БАХТ,
Хоразм

- - -


< Orqaga qaytish