Маданият, санъат

Ҳаво йўли.    янги ҳикоя.         Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ҳаво йўли. янги ҳикоя. Саломат Вафо

         

                          Ҳикоя

   Дунёнинг олис бурчаги бўлмиш қумлар кўмган, сахролар бўғзига келган Моноқ элатининг уй эгалари тонггача кўз юммай чиқди. Улар ҳали инсоният пайдо бўлганига, аллақайси солномаларда  5 миллион йил деб ёзилган бўлса, беш миллион йилдан  бери ҳеч ким қилмаган ишни қилишга бел боғлашарди. Кимнинг уйида бир бир парча қоғоз топилди.Кимдир болаларнинг чақмоқ дафтари ўртасидан бир йўла икки варақни қўпориб олди. Шу куни эрталаб ҳамма уйда тус-тўпалон  бўлиб мактаб болалари йиғи-сиғи кўтарди.  Навоийнинг суврати туширилган  она тили дафтари ва  ал Хоразмийнинг салла ўраган расми акс этган математематика дафтари варақлари қўпорилган  болалар изиллаб йиғлашарди. Кимгадир ширинлик, кимгадир пул бериб мактабга жўнатишди. Тун бўйи уҳламай чиққан асабий  оталар  қаҳр билан  болаларни дўппослаб эшикдан  чиқаришди. Моноқ элати  тонг маҳали мусибат хабарини олгандай сукунат чўккан эди.   Орада икки –уч соат вақт бўлса ҳам уй эгалари, элат кадхудолари асабийлашарди. Моноқ катхудолари соат 11да  Ваёнгоннинг эски масжиди биносида учрашишлари лозим эди.

Минг машаққат билан қум бағридан тортиб олиниб сув чиқарилган ер энди бўлиқ ҳосил бера бошлаган эди. Одамлар ўттиз йилнинг нари-берисида.. итда тиним йўқ, қушда тиним йўқ ер кураб  энди оғзи ошга етган эди.

  Юқоридан тушган буйруқ элатнинг катта-кичигини  оёққа турғизган эди. Орол  қуриб Амударё  сувлари тортилгани боис  Қорақум  экин далаларини босиб ола бошлади. Одамлар  отизда тонгдан оқшомга қадар ғимирлашарди.  Эртанги оқ буғдой экилиб, ҳосил йиғилиб  ҳовли, талаклар буғдойга тўлиб тошгач,ерга  маккажўхори, кузги қовун-тарвуз,картошка-сабзи, пиёз, ҳатто ариқ, солмалар атрофига кузги қавоқ ва шакар лавлаги экиларди.

  Энди  эса элатнинг ризқи қийиладиган бўлиб турибди.

  Моноқ элатининг бадқавоқ эркаклари,  қаҳратон совуқ ва жазирама  иссиқдан юз-кўзи куйиб эрта қариган  рўмолли хотинлари ўз инини ташлаб кетадиган баҳор қалдирғочларидай тизилишиб эски масжиднинг катта қироат айвонида ўтиришарди.

  Элатқўм Маширипнинг юзи кўпчиб қизариб  турар, афтидан раис  кечаси мижжа қоқмаган, аллақандай   азобли ўйлар  исканжасида  эди. Олтмиш ёшларидан ошган Маширип раис Моноқнинг ўзига тўқ обрўли одамларидан эди.

 -Мен Сизларни икки марта элатқўма йиғнағаним учун энди.. бердаги жойимиза  чақирдим. Навчунлигини ўзларингиз биласизлар.Бугун  Сизларни рост  сўллажакликларингиз  Моноқни сақлаб қолади. Сиз  биласиз, Оқвошли кўлсиз Моноқ Моноқ амас..Аса кимдан сўллийди...Шихназар оға Сиздан бошлиймиз.

               ШИХНАЗАР ДИРЕКТОР.

-   Ман Шихназар Ёқубовни ..ҳамма билади.Мани хизматим бу элата барчадан кўп сингган. Ўттиз йил Аваз Ўтар мактабинда директор бўлғонман. Юзлаган моллимларо, минглаган ўқувчилара  устозлик атганман. Ўзларингиз биласизлар  бир ўзим амас, қизим Назира билан юртни хизматини атиб юрибмаз. Гўзал қизим Назира она – тили адабиётдан дарс баради. Вудам кўп  одамларни тақдиринда ўзгариш атди. Шогирдларини орасинда врачлар, депутатлар бор. Саломат Вафо даган ёзувчи бор.Так. Ўқиб дурибмиз. Ана Хоразм тарихини ёзиб ётибди. Ман туфайли шу элатнинг.. балким ёридан кўпи унверситетларда ўқиди. Ўйли –жойли бўлди..Так.

  - Тўҳтанг, Ших оғо.Бу натганингиз бўлди..Сизни тушунган – билган одам даб ёзғонингизни биринчи ўқинг даб чақирдим. Аҳир аввалги сафар   айтвадим. Бу сиза автобиограпия амас. Оға ўтиринг гина атманг. Шу  совет давринда яшоғон  одамларни мияси қотиб қолғон..Сила бу гетишда мани гунимнан алдин ўлдирасизлар. Қани ким ўқийди..ман нови даб дурибман..онгшордингизла  аҳир.

-   Қани Моможон сан тур.Дур, дур..числони ёзмабмиз. Шаҳноза ёзиб қўй.. бугун 24  май 2010 йил. 

   МОМОЖОН  ДЎНДИҚ.

-Эй,  ўлсин бу бахтиқоролар. Аркак амас булар..Билмисизми..элатқўм оғо..Моноқда аркак қолмоғон..Худонам унутқон була..қайсисини алдина иш билан борсам..шундин гап.Сарим фермерни ёнина трактор сўраб борсам, новвила дийди данг ўлинга чиқин. Моможон..олтинчи гун гал..ховуз бўйинда ўтириб ..бир балиқ еяли..шийпонда йеч ким бўмийди.. Баликлар ҳам 3-4 кило бўлди. На бўлса сўлашамиз..дийди. Имонсиз. Оғо, инди ёшлиқда бир бўғон шўҳроқ бўлғонман, аркакла йигитчилик дийди. Манам ..энди хотинчилиқ..қизчилик дийман. Ҳа..ҳа..ҳа..

  Эски масжиднинг хайт кунлари жума намозлари ўқиладиган тантанали ёруғ..қироатхонаси катта столи атрофида ўтирганлар  Моможон дўндиқни танигани учун рўмолли хотинлар, соябонли пахол шляпа кийган эркаклар паст-баланд овозда кулишарди. Дераза ортида мусиқасини варанглатган  машина катта тезликда  ўтиб кетди. Моноқлиларнинг одатича қабристоннинг тўғрисида тезликни пасайтиришарди.

  “Индамаслар диёрини сайр айладим..”..

  Шу он юзи қизариб, ҳатто қорайиб кетган элатқўм Маширип Гўрўғлининг қўлидай катта панжасини столга “шап” этиб  ташлади. Даврада кулаётганлар бирдан тўҳтаб, йўталиб безовта қўзғолиб қўйишди. Эски масжид биноси Ваёнгон  қабристони ёнида бўлгани боис  деразадан  тумонат ва тобут кўтарган ёши улуғ одамлар кўринишди.Тобутга кўримсиз мото ёпилгани вафот этган одамнинг ёши катталигидан хабар берарди.  Ёш йигитлар ишлашга Россия, Қозоғистонга кетгани учун баъзан тобут кўтаришга одам топилмасди.

  “Ким вафот этибди?” дейишарди аста.

 - Ким бўсам  бешинчи гун ўлибди, иймон жойи бўлсин.

  “Эй,  Моможон апика. Новвила дийсан..бир фермер билан кўрпага гирганинингни айтмоғонинг қолди сани..апика калланг ишлийми..шу иш, шу сўз йиғина  ярашадими:”.

  “Ҳа..элатқўм бўлсанг ўзинга..бу санго мани сўкиша йўл очмийди...ўзинг сўлатмийсан воҳир...трактор сўрағонимни айтажоқ адим.. ерни   ман трактир билан сурмин бурним билан сурмиман, аҳир.. ”.

  “Момми апика, чиқ, чиқ, гўзимма гўринма, эртанг соат 5 дан кейин  элатқўма гал..”.

  “Бу на даганингиз бўлди..қайси соат 5 да бораман. Озонғи  5дами..хўроз қичқирминг элатқўмда натаман аҳир, ўзингизқу..бахтиқаро ўлинга чиқин  пермер олтинчи гун гал даганда сўллатмадингиз-қу..”.

-Апика, чиқ..чиқ..ман масалани  дибина етишим гарак. Сан халқни ичинда юрганинг учун  ҳақиқатни сўллийсан даб ўйлавадим..

  Моноқнинг  турли маҳалла, элатларидан йиғилган  семиз эркаклар, футболка кийган ёшлар, рўмолли хотинлар  яна кулиб юборишди. Ҳе..ҳеее..ҳе.. “Момми халқнинг ичида на сабабдан юради..”.

   Бу устунли улкан айвонда муборак Куръони карим, Ёсин сурлари..хадис ҳикматлари янгарагани боис .бу ҳолатдан  хайратланган пардалар, гиламлар, девордаги ялтироқ соатлар  силкиниб кетгандай  бўлади.

   Туманга янги ҳоким ишга келганидан сўнг масжид катта саройга кўчиб, эски бинони  маҳаллақўмга беришган эди. Моноқликлар  ҳозиргача   бу бинони  эски номи билан масжид деб атарди.

   Қирқ ёшларидан ошган..офтобда  қорайган юзига  турли бўёқлар чаплаган Моможон шахт билан  ўрнидан туриб, "дўғри гап дўғғонингга ёқмийди.."даб дўғри айтғон аканлар..

  У кимларнидир қарғагани  куйи  айвондан чиқиб кетади.

  Элатқум “бисмилло..”деб инграниб жойидан қўзғолди. У яқинда Макка  - Мадинага бориб келани учун қўлида тасбехлари ятирар, оппоқ кўйлаклари охорли эди.Уст-бошидан  эса ёқимли атир тараларди.

 -Манго қарангла..гапни резинкадин сўзмин..бўлодовун гапни сўллангла..Қани  элни ичинда юрган  кўп бололи таксичи на дийди.

         ШЕР ТАКСИЧИ.

 - Оға,  шунин даб дуринг, маникимас худоники.. беш болам бор. Ман  шу зартакчи “Матис”  билан кира атиб юрган бўлсамам Қозоқа, ёки Россияйа  гетмадим. Озон вилан, брат, бисмилло даб йўла чиқаман. Туркманни чегарасинан Шовотача одам қатнадим. Шундаб   оға  сиз яҳшисиз, апика  сиз аркаксиз даб.. беш-ўн  маат ишладим. Нишатин қора қозон қайнаб дурупди.

-Таксичилиқинги  ҳеч ким сўрамади, Шерзод. Қани на гапинг бор. Сўлла ...вақтимиз йўқ..Ер гаракми..

-Оғо, гарак, гарак, шунга галётир адим.  Сизам бардисини айтинча уриб ўлдирасиз..-дейди таксичи қўлидаги калитни столга тақ—тақ уриб қаддини кериб. – Брат, бир таклифим бор. Ўрисда  ишлаб юрган хоразмли йигитларни  30-40 фойизи зўрдан ўй кира пулини топади. Шулара  бир чопар юварали..

 - На чопар..туба..туба..на чопарамиш..-, деб ҳайрон бўлишди.

  Олтмишларидан ошган элатқум Маширип мажоро  давом этаётган вақтдан бери  биринчи марта жонланиб қўзғолиб қўяди. Эски амалдориги ёдига тушди чоғи...янги яшил тасбеҳи билан столни тақ-тақ урди.

 -Так-так қани сўлла..Шер. Айт, дардингни..

  -На  сўз, брат, шу ади гапим, Мани ўриса юварингла..бу Матисимни киччи дамангла бир ҳафтада ўрисни айланиб қайтаман. Галсинла..ина ер,  ина бололо..Ака даб гўзиннан ёши динмидовун норасталар.. аркаклара  халлунг-хуллингда юриб на вор. Мундина Қозоқни устинан тортаман..шунда  йўл қисқаради.Машши оғо, брат, манго жавоб барингла. Эшикда мошинда галин билан Шукуржон қизим ўтирибди. Товба, Шукуржонни юракина қурт тушибди амиш.

  Катта айвоннинг у ёқ бу ёғидан “хов, на қурт”..”..юракам қурт тушамикан..” деган товушлар эшитилади.

-Бу қурт даган  зери-завилни ўпкага,бағира тушганини эшитвадик.Оғо, юрака тушганини билмавадим. Шунга айар бу қурт урғочи..моччи  бўлса операция атади акан. Манглайи шўр боломни организмида бололоб тарқаб гетмасин даб..

 -Қизингиз нечча ёшда эди,  - дейди Ойжон қари қиз элатқумга яқин ўтирганидан руҳланиб журналистлиги ёдига тушиб.

- 9 ёшда апика..Эй, сиз ҳалам ўшайча сўллийсизми..Инди  шу норасида болани пичоқни тейина ётишини айтинг..дейди Шерзод таксичи..Эй, Маширип оғо..ҳаммасина Оролни қуриғони сабабмиш..Ичадовун сувимизда қуртми, паразитми кўпамиш..инди оғо.. биза бошқолордин ҳар гун қутилаб минерал сув сотиб ололиммиз..Оҳи ман ”Матиз”ни арендасина ойина 500 маат  тўлийман.

  “Бор аса, сан Шерзод қизингни духтира олиб бор.Аллоҳ, шифо барсин ..Гарак – ёроғи бўса ойторсон..” дейди элатқўм бирдан улуғвор Хожи оталигини  эслаб қолиб.

  Бу халқ ғалати эди ..  унинг  қайғуси ва қувончи ҳам ўртада эди.Моноқлилар бир-бирини йўлдами, даладами, автобусда кўрса дарди-ҳасратини айтиб кетверар эди.

   Ҳов дераза ортида кўриниб турган оғочлар ортида улуғ Абу Райхон Беруний туғилган қадимий Кат қалъаси бор. Беруний дунёни кашф этишга ер сайёрасини  ўз ўқи атрофида айланишини оламга  айтиш учун шу тупроқ йўллардан юриб Кўна Урганчга йўл олган эди.

  Қум йўлининг кунботарида .. ёғоч оёғи билан  етти марта хаж амалини бажарган Маҳмуд Замахшарийнинг Замахшар элати бор. У муборак ислом дини  ҳақида илмий шарҳлар ва араб тили грамматикаси ҳусусида  ягона асар ёзган олим ҳисобланади. Арабларнинг ўзлари уни буюк деб эълон этган. Улар  Маҳмуд Замахшарийни “Араблар ва араб бўлмаган халқларнинг буюк устози..” деб  ҳар кимга берилмайдиган ноёб унвон беришган эди. Араблар Замахшарийни бошига кўтаришган..унга   "Жаруллоҳ.." яъни "аллоҳнинг қўшниси"..деган буюкдан буюк матлаб эълон этишган. 

   Шу маҳал эшик очилиб оқ, узун..эчки  жун папах, сўнг   Давлатёр дўғма кўринди. У узун оёқларини ҳар ёнга силталаб  усул билан  қарс қоқиб ичкарига кирди. Ўтирганлар бир зум қотиб қолишди. Элатқўмнинг  қўшни хонасида   ёши улуғ  президентнинг .."тўғрими..шу гапга қўшилганлар ..қани бир қарсак чалсинчи..”..деган сўзлари эшитилди.

  Масхарабоз қарс қоқа бошлаши билан орқадан соз чалиниб, доиранинг  тап-тапи эшитилди. Айвондагилар ҳайратланиб ўрнидан туриб эшикка қарашди.

  “Иҳии..ибияй..қара ким галди..”..

  Бўсағада  шерозий папах кийган Қаландар бахшининг  жўшқин овози эшитилди.

   ..Қирқ кун тўй барди ..Мисқол пари..Қизил дўдоқ, юпқа дамоқ..Мисқол пари..

Соз ва доира оҳанги, бахшининг халқ йўлидаги қўшиғи айвонда мотам тутгандай маюс ўтирганларни  руҳини кўтариб юборди. “Оға, боракансиз-у..”..”Давлатоғо..ҳа..ҳа қолишмонг..Бешинчи гун ўйа боринг момойни юбилейи..бир пачка бели бекилмагани сизики..”. “Бу мақтовдан инди ман товсиб гетдим..” деб Давлат масхарабоз  оқ қалпоғини селкиллатиб юқорироқ сакрарди.  Қаландар бахши “таранг..таранг..” доира “тап-тап..” этиб қўшиқни  битирди.Бахши қўлини кўксига   қўйиди.

  -Оға, инди гечирасиз бизани...бир вақтингизи хўш атали  даб ..тамоша бўлсин  даб галавардик.Малол йўқми.. Эй, новвила дабсила Маширип оғо..одам шундин ёзиб биламакан..Ўлмин дуриб..Ман ёзўлимман. Монго донгача  дам омин достон айт данг ..беш-ўн маат бар данг..Маширип оғо..ҳали ўтирасилами шунда..аса ман узоқи билан бир соата галаман.  Маркс оғо Давлат дўғма иккимизни чақирибди.

 -  Давлат  дўғмони натадакан ҳоким бува..Маркс ..

  - Ҳов, билмисилами..ҳози зомон..замон.. дўғмони замони..ман чиқмасам, Фаррух Зокиров, Оғобек Собиров,Олмохонни, Рамат оғо чиқмасадам..дўғма ҳар гун  уйлани, саҳнани тўринда..

- Масхаравозло масхаравозди чақиради. Майлисларда ҳам масхаравозлар..теливизорда ҳам  Қаландар яна галсанг бор..аса..ҳеч нарса ёзмабсан-қу..дейди алланедан қаҳрга минган  жангда енгилган боксёрдек қизишиб  Пўлат муаллим.

-Эй, кўп соммилдийвармангла..Маркс оғодин ҳоким Ўзбекистонда йўқ..У даҳшат одам. Ҳатто  президентнинг ҳам айтганини атмаган акан. Бошқа лашкарбошиларни қолдириб, Урганчни ўртасина дунёни киндикина..Жалолиддин Хоразмшоҳни ҳайкалини қўйғон одом.

Қаландар бахши минглаб тамошабинлар қошида тургандай созини бағрига босиб энгашиб таъзим қилади. Давлат дўғма масхаравоз сакраб-сакраб қарс қоқади. Ўтирганлар яна кулишади.

-Аса бир омин ..данглар,-дейди  ийиб кетган дўғма масхарабоз.

   Айвондагилар меҳнаткаш асал арилардай "ғувв"..бошини кўтариб, шўрлик масхарабозни талай кетишади.

 - Ҳов..на дийди бу чошғон?..

 - Асир, асир..беш-ўн маат топиб.Бердагила одамамас..омин амиш...Тажанбувада сонго омин..Гўталли..

-На омин, ҳали бошламодиқ,жилли вўласанми..бор,бор..қайроқингни қоқ.., дейди Пўлат муаллим.

  Айвон халқининг таъна ва ҳақоратлари ёнидан ҳам ўтмаган Давлат дўғма, "..санго палон.."дегандай бир шатталаб чиқиб кетади.

-Қани Пўлатвой..ўзингиз булара  талабимиз ничик бўлишини гўрсатиб қўйинг.Галинг аса.

   ПЎЛАТ АДАБИЁТЧИ.

-Оғо, бир-икки ой бўлди. Гўззим оғриб юрибди. Шунго  6 синфда ўқидовин  оҳтиқ Сарабикага  ойтиб дурдим. Ёзиб олди.

   Элатқўм безовта қўзғолиб йўталиб қўяди. Исми каби қаттиқ қўл Пўлат муаллим тўғри сўз, юракли одамлиги  билан танилган эди. Моноқнинг катхудо, қўнгши-оволари  ненидир тараддутида девордаги масжид давридан қолган Каъбатуллоҳ  ва оқ либосли мингларча, миллионларча одам издеҳоми акс этган  расмларга тикилиб эснашди. Элат   ўрис йўл деб атайдиган бурилишда олдига жигарранг айиқ қистирилган тўй машиналари турарди. Галстук таққан, костюм-шим кийган пўрим куёв болалар устига кўшагана ёпилган  келин машинасини етиб келишини интиқиб кутишарди. Куёв жўраларнинг у ёқдан бу ёққа югургани, бир-бирини итариб ҳазил-ҳузул этишишгани деразадан кўриниб турарди..

   Эски масжид биносининг афтидан раиснинг хонасида ҳали ҳам юртбоши  гапирар, у одамларга юзланиб “шу гапга қўшилганлар қарсак чалсин”  дерди яна .  Шу хонанинг эшигида  котиба қизлар тамонидан ёпиштирилган  кўзи ёниб турган дайди мушук фонида “..инсон бўл..” деган шиор осилиб турарди. Расмлар қаторида харбий кийим кийган одам  элатқўмга келадиган одамларга қўлини бигиз қилиб, гўё “Стой” дерди.

-  Қани Шаҳноза қизим  ёзғонимни ўқи..

  Айвоннинг четки устуни ёнида ўтирган чиройли оқ сариқ қиз дик этиб ўрнидан туриб, устознинг қўлидаги қоғозни олади. Шаҳнозанинг ёш навирон овози яқин вақтларгача дуои-фотиҳалар янграган толор орасида жаранглайди.

-Ман Пўлат Ёқубов 1945 йил 23 майда  дўғилғонмон. Аваз Ўтар мактабинда она тили адабиётдан дарс бараман. Мен шу мактабда 30 йилдан бари ишлайман. Шу вақтача бир ерим булк атгани йўқ ади. Инди ё юраким санчади, ё гўззим оғрийди.Буни сабаблари бор. Бололордан ҳар  гун дарсни сўрийман. Ўқиб дарс тайёрлоғонло оз бўлади. Сифимизда 42 ўқувчи бор ади. Шулони 12си Россияда ота-онасини ёнинда ишлийди.

Айвон ҳайъати  луқма ташлайди: “улар мактабга борадими?..”деб сўрайди.

-Мактабга бормайди,биринчидан, рус – тилини билмайди. Иккинчидан, ҳамма борғон хоразмлини ҳужжатлари чотоқ..шунинг  учун бололо мактаба боролмийди..

-  Ҳамма синф вундинмасдир, Пўлат оғо.., дейди  Ойжон қари қиз.

-Эй, на дийсан, Ойжон..аввалги вахтла ўтиб гетди гарак. Аваз Ўтарни битирган 9 синфларни 70 фойизи қўнгши овоси  билан  лицейа бормиди..кўпи Қозоқа, Россияга иша гетган.. Қийизлани ҳар қишда 20-30ни ара барадила..чунки, йигитлар ёз бўйи дунёни тўрт тарафида ишлаб пул топиб қишда тўй атади. Ҳозир 17 ёшли қизлани бирдан, иккидан боласи бор..

  Айвондагилар вағир-вуғур этиб луқма ташлайди:

 - Ина сабаби топилди..аркакла ўрис хотина уйланиб, сўнг юрта юзи тушами.. 

-Бўсин..хоразмлила қачон кўпайиб ўн миллион бўлади..Ман онгимни билганан вари 1 миллиондан ошмийди..бу халқ..Эй, ҳози бир 400-500 минг чиқар..кўп амас..кимни қарасанг Питерда, кимни қарасанг Москвада..

-  Моноқни қизлори хушрўй..харидоргир..аҳир..дейди Ойжон қари қиз..

-  Овот атади бу қийизла чиройли бўлиб..Дубай, Туркия, ҳатто Хиндистон иславатхонасининг  жалаблари орасинда  хоразмни қизлари  бор  акан..

Даврага оғир сукунат чўкади. Ўтирганлар гуноҳкордай ерга қарайди.Қўшни хона телевизорида ҳали ҳам мажлис давом этар. Одамлар қарсак чалар, кимлардир ер тепарди. Ўрис йўл тамонларда  тўй машиналаридаги пўрим кийинган куёв жўралари  тинмай сигнал беради.

-Шаҳноза  вунин қийизла ҳақинда очиқ ёзилғон ерларини ўқима..дейди орқадан хотинлар аста.

   Пўлат муаллим кўзларини ярим юмган куйи деразадан ташқарига қарайди.Гўё инсоният тарихи  Ваёнгонда акс  этганди. Қадим замонларда шавкатли қалъа бўлиб, қалмоқ деган ёв келиб юртни қаътлиом  этиб тирик жон қолдирмаган экан.Шундан сўнг элатнинг баланд ерига  жойлашган қалъа улкан қабристон шаҳарга  айланган эди. Дунёда гуллаб турган қалъа қабристонга айланган бошқа юрт бормикан?. Бу қандай аянчли тақдир-ки, дунё харитасида белгиланган Ваёнгонн шаҳари..аллақачон қабристонга айланганини ҳеч ким билмайди.  Бу қабристонни қора тақдирлар таъқиб этар эди.  Хоразм шоҳлигининг улкан беклиги бўлган бир вақтлар  Ойжон қари қиз ва Назира муаллимнинг шогирди  Саломат Вафонинг бобоси Нуржон Баҳодирхон от сурган Моноқда, Хоразмда туғилган..умр бўйи дунёнинг тўрт тамонида яшайдиган хоразмликларни вафот этгач, ёки ҳалок бўлгач  олиб келиб шу қабристонга кўмишарди.

Болалигида Моноқ кўчаларида ўйнаб, Аваз Ўтар, Ҳақиқат мактабида, энди ҳувиллаб ётган лицейларда ўқиб дунёнинг турли тарафига сочилиб кетган хоразмликлар..умр бўйи бир-бири билан кўришмас эди.   Улар тириклигида бир-бири билан кўришишига, дарёю-денгиз, тоғу-тош.. юрт босиб келишга сира вақти бўлмасди. Энди улар дунёдан кўз юмганидан сўнг, оёғини узатиб Ваёнгонда  дўзах ёки жаннат боғларида бир-бири билан тўймай сўзлашиб юришарди.

Ўқувчи қиз Шоҳноза  ҳаяжонланиб  муштига аста йўталиб яна ўқишда давом этади.

-Аса, шу никрологни шундин даб ёзали.. Ўқитувчи Пўлат Ёқубов..халқи Россия,  Қозоғистон..Туркия..дунёнинг тўрт тамонина кўчиб гетган....баъзи ўқувчилари  тунги капалака айланғон ..энг  асосийси..ўнлаб..юзлаб  отасиз, баъзилари онасиз ўсаётган синф  ўқувчиларини гўзлариндаги ғусса, ичикиш ва соғинч ифодасига чидай олмай  66 ёшида ўлди.. Пўлат ўқитувчини қариндош –довғонларина, дунёнинг тўрт тарафина сочилғон баланд  саройларни алдинда қул бўлғон, Хиндистонни  дўндиқлар уйинда  етиб борғон  Хоразмнинг энг ақлли ва гўзал қизларига таъзия билдирамиз..даб ёзинг. Бори шойирдлара ..домилланг гўйиб ўлди..данг..

 Элатқум бир оз буғиқ овози билан гуноҳ қилган боладай бошини кўтармайди.

 -Пўлат оғо..дўғридон..бир-икки қиз гетса гетган чиқар..вундин Сиз  ойтқондинг кўп амас..

  Элатқўм гўё бошқа бировга гапиргандай муаллимнинг юзига боқмай....қани Ойжон ..сан ўқи..дейди аста.

 

            ОЙЖОН ҚАРИ ҚИЗ. 

    Олмиш ёшига яқинлашган умр бўйи эркак юзини кўрмаган дунёнинг энг хунук, катта пачақ бурунли бадрўй   аёли Ойжон кўзойнакларини тўғирлаб қўйди.Балки, уни  қуёш билан бирга уйғониб то тун қаронғилигигача дунёнинг минг хил ташвишлари билан куймаланадиган Моноқ халқи орасидан ажралиб чиқиб университетда ўқишига унинг  кўримсизлиги ҳам сабаб бўлгандир. Балки, у ўқиб умр бўйи Ойжонни зор қилган йигитларга ўзини  кўрсатиб қўйиш учун ҳам кунлар, ойлар ярим оч юриб, қишнинг қаҳратонида ўрис йўлда автобус кутиб совуқдан ушиб  ўқигандир.. Аммо, дунёнинг барча ҳақиқат қонунлари шўрлик журналистга келганда ўз кучини йўқотган эди. Университетда ўқиб “Шовот истиқболи” туман газетасининг стол ва стулдан иборат  ялонғоч кабинетида иш бошлаб,  собиқ бош муҳаррирнинг чарм ўриндиқли йиртиқ  баланд креслосида ўтирсада..дунёда эркак зотига қирғин келгандай  бирор  йигит унинг юзига боқмаган эди.Воҳ, шафқатсиз тақдир..

    Ойжон  қари қиз ўқитувчи Пўлат Ёқубовнинг  набирасига  айтиб  ёздирган некрологининг сўнггигача эшитишга  куч тополмади. Айни шу каби  шафқатсиз ҳақиқатларни ўз бошидан кечирганини ўйлаб кўзларидан ёш оқди. Балки, тақдир хукми, балки қуриган она Орол, балки Хоразмнинг адоқсиз пахтазорларига..  уруш йилларида бомбаларга ишлатилган  меркоптопост дориси  сепилгани  туфайли  ота-онаси ўлмаганида уни ҳам бир этак боласи бўлармиди. У болаларини меҳрсизларча ташлаб хорижга ишга кетмасди, тандирда гўштли, ёғли патирлар   ёпарди. Гўшт йўқ бўлганида пиёз,бир оз мол ёғидан тўғраб, мурч сепиб  қозонда  пўссиқ ва кўмач қотирарди..

  Ён-атрофдан ..айвоннинг қаронғи бурчагидан “Ойжон..Ойжон..” деган  саслардан сесканиб ўзига келади.

  - Эй, бошинғизи кутаринг..найа йиғлийсиз..бир боша бир ўлим вар..

 -Оға,  Сизни навчун элат катхудоларина Қорақумдағи ерарни сақлаб қолиш учун  ҳар ким ўз-ўзна таъзия хати ёзиб галсин даганингизни..энди тушундим.Сиз эски масжид жойинда одамлар фақат ҳақиқатни ёзади даб ўйлағонсиз. Шундаб Моноқни сақлийман даб ўйлоғонсиз манимча.  Таъзиянома даганингиз  “Хоразм ҳақиқати”,“Шовот истиқболи” “Геч ёқтилиқ” газитасини 4 бетида чиқадовин некрологни айтосизда..Маширип оғо..Момми апикага оғир сўз ойтиқ..кўнглина дейдик, лекин ву  Моноқдоғи бор ҳақиқатни билар ади..- дейди Ойжон қари қиз кўз ойнаги устидан қараб.

-  Ким вунга на дади..отойи-бува гап бор. “Ғора ғ.. дасанг ори галади..”..бердан бурга чўқиғондин  сакраб гетиб қолди..

Айвоннинг улкан устунлари ёнида кимлардир пиқир-пиқир кулишади.

   - Сўллийдовин одоминам топибди була..эл кимлара қолди?.

  Орқароқда ўтирган футболкалари ёшлар тиззаларини уриб овозсиз кулишади..

 -Ойжон Мадраҳимова 1966 йил Шовот туманида Беш марган элатида  туғилди. У Урганч давлат университетининг  тарих, география факультетини битирганди. Ойжон умрини халол меҳнатга сафлади. Туман ҳаётидан ва  хоразм одамлари тақдири ҳақида кўп мақолалар ёзди. Ота-онасининг уйидан 7-8 йил бўлди чиқиб кетганига..ҳозир туман  ўрдакчилик фабрикасининг ётоқхонасида яшайди. Моноқ қалъа лицейи  ўқитувчилари кўмагида  ёшларни ватанни севиш руҳида тарбиялайдиган иккита шеърий китоби босилди. Шоира тез-тез макаб ва лицей жамоси билан учрашиб ўзининг ватан ва муҳаббат ҳақидаги шеърларини ўқиб беради..

  Шу маҳал  йиғиндаги кимдир кулиб юборади. “Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева бўла. Ойжон Мадраҳимова амиш нича маат ойлиқ оладакан шу муҳаббат куйчсис...”.

Ойжоннинг  бутун умри давомида улғаймай қизлик оламида қолиб кетан қалби ларзага келади.  Кўзида яна ёш айланади. Қоғоздан бошини кўтармай ўз-ўзига сўйлагандай  ғулдирайди. 

-Мен энг одобли аёл бўламан деб ўттиз йил  уйдан тўғри газета биносига бориб келдим. Емадим, ичмадим..ароқни ёнина бормадим..ичмаганим учун мени сўнг-сўнг .. ташкиллара ойтмадилар..Бизани хотинларимиз  аркаклар билан данг ичадовин бўлғинонинда  майпараст  хотинлар ҳақинда мақола ёздим. “Ароқ ичиб шеър бўлғон хоразмли хонимлар” деган мақолам учун бошима на гунларни солдилар. Йигирма йил ишлаганим газетадан ишдан бўшатдилар. Анг ёмони тўйда юз берди. Ўрис йўлнинг ёнидаги тўйхонада бир тўп маст-аласт хотин  ташланиб қолди. Бошимдан рўмолимни юлиб олдилар, хотинлар бир-бир галиб юзима туфлади. Ёшроқ қизлар “..оғзингга сичин сани қари қиз ..қари товуқ.. бизани ароқ ичишимизни ёзишдан аввал .бировларни оғзини исқағининча .. гўттинг оғриб бола дўғ... аввал сан ҳам  ара бор. Ким ҳам оларади сани 50 ёшдан ошдинг.. Сани бу дуришинг билан” пўсиқа ўраб ташласа ит искамийди”, деб итариб ера йиқитдила.Ким дапди,  чой билан ичаман даб столдан конфет, пишириқ олвадим..кимдир шуларни устимдан  сочди..оға...

 Йиғиннинг   бир четида ўтирган ширмой нондай  қизил юз, тилла тишли  хотин .. шу Ойжонни дапганларини гўрвадим...дейди.

-Бир аркака алимни ушлатмадим. “Шовот истиқболи” газетасинда ҳам ёздим. Уйда ҳам  машинкамни чиққилатдим. Бошимни кўтариб қарасам ..олтмиш йил умримни яшаб қўйибман. Бу умрни қачон, нерларда яшадим, билмайман. Журналист Ойжон Мадраҳимова фарзандсиз, авлодсиз иш учун ўлди данглар..Оғоло..ўлсам..изимда она даб йиғлидовун  дўғоним  йўқ.. Оғоло..ўлсам..гўрима бориб дуои-потиё атадавун одам йўқ..қориндош-дўғонларим дунёдан ўтиб гетган..қанотларим қайрилғон..Мен тирик ўлимга махкум этилганман. Ойжон оила қуролмай, фарзанд кўрмай, ота-онаси, оға-инилари, апика, укалари учун ёниб ўлди данглар. Машши оға ..шурда сўз баринг,  сўз баринг, оғо..ўлсам..гўрима мармартош қўйиб ..”Шовот истиқболи..” қоғозлари билан қўшилиб ёнган Ойжон..даб ёздинг.Бу мани таъзия қоғозим, ҳам элатдоғиларо васиятим бўлади.Эй, манингдин гўйган одоми Қорақумдан  ер нага гарак..ман уни Ваёнгонбувағо олиб гетаманми..  

  - Эй, нишатдингизлар бу.. ука,бунга галишмавадик. Жонинг соғ бўлсин..нага қисинасан.. ана Алишер Навоийдек буюк одам оила қурмоғон акан. Сан биринчи эмассан.. кўп шойир-ёзувчиларнинг аҳволи шу..

  Шу он   бир таҳлам катта-кичик қоғозлар, сариқ тўлов тилхатлари, конвертлар.. қаноти қайрилган қушлар каби   столга тушиб ҳар ёққа сочилиб кетди. Йиғилганлар қоғоз учган тамонга анқайиб қарашди.

-Эй, отасина налат.. бу ҳаёт амас.. Анагул опабийими  икки ўғли ит ўлган йўлдоғи  “Жаслиқда” ётибди.. Нага ётгонини ўзиам билмийди. Қора қоптолдан гетсин..шу қамоқхона шундин оғир жой акан..Ҳозир 2010 йил..Ҳар гун икки-уч ўли чиқади акан. Мани Ҳасанбой ўғлим Россияда 12 этаждан тушиб ўлди. Тўлқин оҳтиқимни Москва вилоятинда электричка босиб гетди.. Паҳловон Маҳмуддин полвон болам ўзинан ўзи надан ўчакдан йиқилади. Бормоғон ерим қолмадди..Маширипбой шунинг учун бизани бера тўпладингми?. Ука, аса мани ёзиб қўйинглар..Хайитгул Шомуротова уруш қурбони бўлди, данг. Шомуротова 40 йил “Ҳақиқат” колхозинда катмон чопди. 70 ёшинда  оёқини узатиб дам оламан даганда..уруш қурбони бўлди данглар..аҳир, ўрисда, қозоқда ўлганлар эълон қилинмағон урушни қурбонлари, аҳир.

  Қўшни хона телевизорими, ёки радиодан  президентнинг гулдиррос қарсакларга кўмилган нутқи давом этарди. “Сабр қилинглар, халқим..Мен Сизларни  2010  йил оҳирида  ёруғликка олиб чиқаман...”..

-Бир гапинам ишонимман буларни ..болаларни ўлимина жавоб беражак одам борми?.

  Маширип элатқўмни жон-пони чиқиб кетди. Бирдан қон босими кўтарилиб қизарди.

-Апика, тўҳтанг. Ҳар гапни сўллийвармидилар..Сила мани ажалимнан беш гун алдин ўлдирасизлар. Сизни болангизни биров мажбурлаб ўриса ювардими..ўзи гетди-қу.. Урганчда, Тошкентда қурилишларда одам йўқ экан. Ўғилларингиз галсин ишласин ади..

 Хайитгул она умр бўйи эркаклар билан тенг кетмон чопган катта қўлларини кўтарди. “Етар” деб ишора қилди. Шахд билан  ўрнидан турди. Этагида қолган қоғозларни ҳам столга отиб  шиддат билан эшикдан чиқиб кетди. Масжид  йўлакларида унинг “Манингдин болам даб гуйгайсан..” деган буғиқ саси эшитиларди.

  Қуёшда қорайган  икки – учта бола ичкарига кириб эшикни  катта очиб туришди. Эшикдан  бир қучоқ  қоғоз қутилар,  ялтироқ қоғозли ўрамлар кўтарган Марат тотор кирди. У қўчоғидаги школадлар, печенье, холва, пишлоқ, конфетлар ва думалоқ қоғоз таҳламлари ва хурмоларни столга ташлади.

-Машши оға, бу на аза, бу на йиғи-сиғи..эй, хароп атибсиз.. Хавар юварибсиз..ўзим галдим. Оқшом Қозоннан учдим. Хайит ана йиғлаб борётир акан..Қўлима ничча доллор илса шуни барибардим. Вуни қўйинг..буни қўйинг ..маннан сўранг.. Биза Шуҳрат билан Хоразмни қутқариш йўлини топдик. Хоразмни тўрт тамонини туя карвонлари қўямиз..аҳир, оғо..бизада қум кўп..Дунёни  ҳар жойидан поездда, самолётда галган  турст меймонларни белгиланган манзила 2-3  чақирим қолғонда тўҳтатиб туя кажавалари, туялара миндирамиз . Қумлара, кўллара, миллий қўриқхона даб эълон қилинган тўқайлар  ва Орол денгизи бўйина канат йўллар, ҳаво йўллари қурамиз..Сайғоқлар овини уюштирамиз. Хомийлар  бир имомиза маатал дурибди, оғо. Ина Шуҳрат гувоҳ, ву ҳозир галади. Эй, Қорақумдоғи бир  қарич  ерларингизи қўйсониза..мани Хоразм ҳаво йўли.. ғоям амала оширилса..минг- минглаб одамла ишли бўлади..Бу дагани туристик элатлар, кафелар, мотелар,хостеллар, машина устахоналари, парранда, эчкичилик, қуёнчилик, туяқуш, товусчилик, хунармандлар..фермерлари..дегани..

- Мотеллар, хостеллар на дагани..дейди кимдир.

-Тўҳта, тўҳта..Марат. Нил оғам тондорми?. Қачон ароқ ичвадинг, гўзларингни зўрдан  очасанқу..деди кулиб, балки, бир оз шубҳаланиб  элатқум Маширип  берган худога ёқибди маъносида ....унга қўлини узатиб.

- Брат, при чём берда ароқ ичганим..Сила шунинсила яхшилиқ ҳам ёқмийди..шуни тайинда ҳам бир ёмонлиқ бор даб ўйлийсила..Оғо, ман тоторман, лекин Хоразм мани юртим. Хоразм туркларни, тотрлар, туркман, озор, сибир туркларини юрти..Хоразм дили барча туркий оламнинг дили..

Сила одома  шун даб юртни Қутайбага долотдигизла..шундаб Чингиза ем атдингизла.Шундаб Жалолиддин  Хоразмшоҳни ёт   юртлардо сийрон атиб  ўлдирдингизла..

 

-Буларни оғзина ароқ дейса бўлди..деган товуш қалқийди устунлар орасида.

  Шу он масжиднинг асрий сукунати чўккан деворлари, толорли заллари, дунёнинг турли қутбда жойлашган мамлакатлар соатларини, намоз вақтларини кўрсатадиган, Хива хонлари саройлари қандилларига мангзайдиган фонусли қандиллари зириллаб кетди. Эшикни икки табақаси очилиб ўнлаб сурнайчилар.. доирачилар, "Гулноз" тахё кийган ўн-ўн икки ёшларидаги халфа қизлар,  бахшилар “Сурнай Лазги..” сини чалиб кирдилар. Кўз ёш тўкаётганлар, бурнини артаётган қариқизлар, энгашиб ўтирган Пўлат муаллим, Маширип элатқўм, ўтиравериб жонидан тўйган элатдан келганлар  бошини кўтариб ғаройиб тўпга қараб анграйиб қолдилар.

  Мовий чарм жилд  кўтарган Шуҳрат  Марат билан кўришиб элатқўмнинг олдига боради.

  Сурнай оҳанглари ва доира тап-тапи, масхарабозлар ҳайқириқи, ёш халфа қизларнинг чийиллаши  қоришувида Шуҳратнинг овози эшитилади.

-Оғо, бу ўйин иш амас.Биза шунин проект атётирмиз..бера галган меймонлар ..ўтни устинан ўтадилар. Бу ёз ва қиша мослаштирилади.Марат билан галишдик, биза йўл четинам Хива ғоли дўшиймиз..

  "Ҳа..ҳаҳа..".кулишади айвондаги моноқликлар, кетишга чоғланаётган қўни - қўшнилар. 

 Масхарабозларнинг “ола..киштак ротолло..ротолло..ротолло..” ҳайқириқлари орасида элатқўм Маширипнинг “..ука, санам ичибсанми.. аса бирга лаққодон дўйиб "Бедана" ороқи билан..” деган сўзлари эшитилади.

Созчилар, халфа қизлар  ора –сира “Машши оға ..Марат оғо, Шуҳрат ука .. тўйингиз муборак бўлсин” ҳайқириб, чийиллаб  қўйишарди.

 “Хоразм Лазгиси”нинг авж оҳанги билан дераза ортида ястланиб ётган бир вақтлар гуллаган қалъа бўлган  Ваёнгон қабристони  орасида аллақандай ноувофиқлик бор эди.Бу йиғи ва табассус орасидаги энг узоқ ва энг яқин масофага ўҳшарди.

 

        Май – июнь. Тошкент.

        “Гўзал” маҳалла.Уй.

 

- - -


< Orqaga qaytish