Хабар


Marta o'qildi

"Сен келдиннг..". Туркий халқларнинг буюк шоири Омон Матжон вафот этди.

 

    Бугунги оғир мураккаб  короннавирус пандамияси замонларида мотамлар зада қилганми, мени..Билмайман. Шу кунларда бирон таъзия эшитсам, назаримда қировда қолган япроқлардай қотиб қоламан. 29 октябрь куни ижтимоий саҳифаларда устоз Омон Матжон вафоти ҳақидаги хабарни ўқиб яна шу ҳолга тушдим. Тармоқнинг янгиликлар лентаси  шоир ҳақида таъзиялар билан тўлганда..мен яна кўзларим оловланган куйи, балки  йўлбарс мучалидалигимга бориб, гўё қаёқларгадир улкан сакрашга ҳозирланар эдим.   Кўз олдимга Абдулла Орип, Эркин Воҳид, Омон Матжонсиз, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, улуғ Ҳалимахоним Худойбердиевасиз, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуфсиз...ўзбек адабиёти боғи..ё, аллоҳ, Адиблар боғидаги ..ҳайкаллар..  шоир ва ёзувчилар келарди.  

  Устоз Омон ака билан биз қаҳратон қиш, аёзли саҳро одамлари эдик. Устоз,  февралнинг 14чисида, мен 20 январда туғилган эдим. Шу сиз кўриб турган суврат ҳам Омон Матжоннинг..беш-олти йил олдинги, янглишмасам 2016 йил  туғилган куни муносабати билан.. бир куни қуёш ботиб кетган паллада.. шоир ва ёзувчилар йиғилиб Омон аканинг уйига бостириб  борган эдик. Тўғриси, бу чақирса-да бир жойга кела олмайдиган киссаларида шамоллар елиб, буюклик ҳақида шеър ёзадиган  буюк  ижодкорларни шоирнинг  уйига бориш учун  қаттиқ босим қилган эдим. “Кетдик, бугун, аҳир буюк шоирнинг  туғилган куни..борсак хурсанд бўладилар..” деб туриб олган эдим.  Қиш оқшоми қўнган паллада  Тошкент шаҳрининг, Янгиободдаги, янглишмасам “Толариқ” номли кўчани  адаша – адаша топиб боран эдик. Мен ўшанда Омон акага тортиниб(хатолар билан чиққани учун) “Номсиз кема ” китобимни олиб борган эдим. Устоз қўлларида ушлаб турган китоб менинг “Номсиз кема” китобим эди. Қаронғи бир оқшомда шоирнинг умрига  қарилик хазон фасли кириб келган кўпдан бери  кимса йўқламай, телефонлари ҳам жирингламай қўйган  деразалардан қаронғи тун кўринаётган вақтда биз ёшулли оғамизни уйига бостириб борган эдик. Шу вақтларда   устоз  Марказқўмнинг катта лавозимларида ишлаб, ижодкорларга қўлланадиган  “запрет”ларнинг оғриқларини ҳам бошдан кечирган эди.  Биз борган кун,  даврада машҳур журналист  шоирнинг жияни Дилшода Матжонова ва уларнинг адабиётни эъзозлайдиган оталари билан кўришган эдик.  Мендан бошқа ижодкорлар ҳам устозга китобини берган эди. Бундан Омон Матжоннинг боши осмонга етган эди.

    Омон ака: “Саломат ”Матназарни(улуғ шоир Матназар Абдулҳаким)тузган хоразмча луғатни гўрдингми..уни дўлдириб катта китоб  қилиб босмасак, яқин эллик йиллар ичида Хорам тилидан фақат галди, гетди, сўзлари қолади” деган эдилар.

   Биз устоз Омон ака билан Тошкент шаҳрининг Роҳат кўли тамонида  Янгиобод  ва “Гўзал” маҳалласида яшар эдик. Кейинги пайтларда телефонда тез – тез гаплашиб турар эдик.

  “Саломат, биласанми, хоразмлилар бир – бирина ўхшийди. Яна кўп хоразмлилар   қишда дўғилади, Ортиқ Отажон ҳам февралда туғилган ” деб айтиб юрардилар.

   Ўша вақтда чиндан  хоразмликларни, балки ижодкорлар қалбини яқинлигини кўрсатувчи бир воқеа юз берган эди. 1985 йилларда Омон Матжон “Ёшлик”журналининг бош муҳаррири эди. Янглишмасам, журнал Москвада чиқадиган “Юность” билан тенг тиражда 700минг ададлар атрофида босилар эди.  Машҳур “Ёшлик”  журнали Тошкентда “Қатортол” кўчасида жойлашгани учун унга “Чилонзор” метросидан чиқиб бориларди. Ўшанда мени журналда янги ҳикоям босилаётган эди. “Чилонзор” метросидан жуда катта гулбозор тамондан чиқиб қолибман. Янглишмасам, баҳор ойлари ранго-ранг, қизил, оқ гуллардан кўз узиб бўлмасди. Гулларни яхши кўрганим учун у даврларда пуллар ҳам кўп бўлармиди..жуда катта гулдаста сотиб олган эдим. Ёзувчи Аҳмад Аъзам ёзганидек кўчада ҳамма кўз уза олмайдиган  гулдастани  кўтариб  журналнинг наср бўлимида  мудир бўлиб ишлайдиган ёзувчи Баҳодир Мурод Али хонасига олиб бордим. “Баҳодир ака, гулдастани бўлимга қўйинг. Кўриб ҳаммангизни   кайфиятларингиз кўтарилади” дедим. Баҳодир ака исломий тарбия олгани, балки Фарғонада туғилгани  учунми..”..узр, мен бу гулни ола олмайман..” деса бўладими..Мен катта гулдастани кўтариб хона ўртасида ҳайрон бўлиб  турар эдим. Қиз бола бўлганим учунми.... уялиб ноқулай ҳолатга тушдим.  Сўнг  бош муҳаррир  Омон Матжоннинг  катта кабинетига кириб, “..йигитларингиз гулимни олишмади” дедим кулиб.  Омон ака   жилмайиб тўрдаги креслосидан туриб келиб, “сиздай қиз “Ёшлик”ка гул олиб келади-ю, биз қайтарамизми ..мана биз оламиз-да..” деб гулдастани олди.  Содир бўлган воқеадан аллақачон хабардор бўлиб тинмай табассум қилаётган котиба қиз  гулдастани катта гулдонга жойлаштирган эди.

  Ўшанда, балки шоир номенклатурада турадиган раҳбар бўлгани учун, унинг устига ҳамюрт хоразмлик қиз бўлганим учун..гулни олмасликлари мумкин эди. Аммо, назаримда Омон оға...ҳузурига сўзга, гўзалликка сиғиниб келган мендай ёш ижодкор қалбини асраш учун ҳам катта қадам қўйган эди.

  Шундан сўнг йиллар давомида устозни қаерда кўриб қолсам, “..ёрнинг гули галди, ўзи галмади..”  деб дастондан парча айтиб  ҳазиллашар эдилар.

  Улуғ шоир Омон Матжоннинг ҳаётига алоқадор ғаройиб воқеалар, ҳодисалар кўп эди.  Эътибор беринг-ки, шоирнинг оғир фалсафий  шеърларининг аксарияти Олмахон Ҳаитова, Ортиқ Отатжон, Ғуломжон Ёқубов, Султонпошша Ўдаева ва бошқа санъаткорлар тамонидан  қўшиқ қилиб куйланган эди.

  Хоразм булбули Отажон Худойшукуров Омон Матжон ижодининг аксарият шеърларини қўшиқ қилиб айтган эди. Хофиз ўзининг юксак санъати учун Ўзбекистон, Қорақалпиғистон,Татаристон, Туркманистон халқ артисти унвонларига сазовор бўлган эди. Шоир Омон Матжоннинг дунё ва Хоразм тарихи акс этган шеърлари ва Отажон оғанинг қудратли овози  билан бирлашиб, эл-элатлар, қардошлар байроғи ҳилпирайдиган чегаралар, вақт ва замон деворларидан ошиб ўта олган эди.Бу эса буюк шоир ўзининг осмонлар каби баланд шеърлари билан  барча туркий халқларга  хизмат қилганидан далолат берарди.

  Шоир шеърларида ўз тақдири  ва келажак ҳақида башорат қилган эди.

 “Яратганга шукур сен яна келдинг

   Барча қонунларнинг ўзгарди кучи..”.    

 

Яратганга шукур, сен яна келдинг,

Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.

Мен сенга узундан узун от қўйдим:

«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»

Бармоқлар бармоқлар учини сезди,

Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,

Юрак алланенинг ўчини сезди,

«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»

Яна икки кўздан сирқилди намлар,

Биллурни ювдилар покиза ғамлар.

Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,

Эй, сен денгиз тубин долғалатувчи?!

Асли, қайда бўлсанг, мен кўнгли тўқман,

Кунчиқарим ишқтсир, нур ўчса — йўқман,

Биламан, кимгадир жуда суюкман,

Эй сен, хотирани поклантирувчи!

Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,

Келган кетди, кутган кутилди дея,

Шодман — яна менга дуч бўлди дея,

Ишқи омонларни яшартиргувчи!

Яратганга шукур, сен яна келдинг,

Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.

Сенга мен узундан узун от қўйдим:

«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!».

 ФИРУЗА

Келмадинг.
Қушлар кўчиб кетди қошимдан,
Тушлар чўчиб кетди ёшимдан,
Ҳушлар учиб кетди бошимдан,
Келмадинг.
Хазонлар тўп бўлди йиллаб мен учун,
Осонлар йўқ бўлди йиллаб мен учун,
Армонлар кўп бўлди йиллаб мен учун,
Келмадинг.
Ғамларнинг барига тўздим — чидадим,
Намларнинг баҳрида суздим — чидадим,
Дамларнинг шаҳдидан ўздим — чидадим,
Келмадинг.
Кунларим ҳижронга ўқдек ёққанда,
Руҳим оти қонга чўғдек ботганда,
Сўнгги ўқни жонга ўзим отганда,
Сен келдинг узр сўраб…
Сен келдинг нечун?!

1968

* * *

Кўзларингни яширгин мендан,
Ўтиб кетай ёнингдан бефарқ,
Ўтиб кетай ёнингдан бедард,
Кўзларингни яширгин мендан.

Борлигимни пайқама,майли,
Бурчакларда,майли, қайрилма,
Мени деб тинчингдан айрилма,
Борлигимни пайқама,майли.

Номим бўлса қалбингда агар,
Отиб ташла,майли,тупроққа.
…Ҳар куни ўт шу йўлни топтаб,
Номим бўлса қалбингда агар.

1967

ЭШИГИНГДАН ЎТАМАН…

Куз ёйса ҳам йўлларга хазон,
Қор кўмса ҳам борлиқни бутун,
Кўклам келиб,урса ҳам хандон,
Эшигингдан ўтаман бир кун.

Сочларингга тушса ҳамки оқ,
Пешанангни босса ҳам ажин,
Кирганда ҳам гавдангга титроқ,
Эшигингдан ўтаман бир кун.

Майли,шунда танимасанг ҳам,
Ёки десанг кўрмайин турқин,
Ёшим ютиб,бошим қилиб хам,
Эшигингдан ўтаман бир кун.

Мени демай юмсанг ҳам кўзинг,
Хонанг қолса зулматга тутқун,
Хотирангга шам бўлиб ўзим,
Эшигингдан ўтаман бир кун.

Вақтим этиб чиқса бу жоним,
Дардларимга ясалса якун,
Бу дунёни тарк рате оним
Эшигингдан ўтаман бир кун.

1965

“СЕНИ ЯХШИ КЎРАМАН” ТУРКУМИДАН

4

Кўп кезма дарахтзор боғлар ичинда,
Дарахтлар дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Чорласанг келолмас,ёниб қучолмас,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.

Кўп қолма жаранг сув булоқ бўйинда,
Булоқ ҳам дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Қайнашим чашмадан теран жойдандир,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.

Кўп титма муҳаббат китобларини,
Китоблар дил дўстинг бўлолмас сенинг,
Бу ишқнинг тарихи менинг қалбимда,
Сен фақат менинг бўл,
меники,
менинг.

10

Умр ўтар,вақт ўтар,
Хонлар ўтар,тахт ўтар,
Омад ўтар,бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг,сенинг кулишларинг.

Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг,ҳолим сўрашларинг.

Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг,пинҳон излашларинг.

Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг,ўша келишларинг…

1979

* * *

Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.

Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.

Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.

Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.

Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.

Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.

Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагангни ил, вақтинг бўлди.

* * *

Ўртамизда биргана олма –
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.

Ўртамизда биргана олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил.

Ўртамизда биргина олма,
Бармоқ учи тегса товланар.
Алвон иффат, яшил ташналик
Бир сенга, бир менга довланар.

Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза.
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса бошланар мўъжиза..

  2020 йил 31 февраль кунида ёзилди.

 

- - -


< Orqaga qaytish