Хабар

Буюк


Marta o'qildi

Буюк "Маънавий-маснавий"нинг янги нашри. Форс тилидан Одил Икром таржимаси.

  
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари ижодининг гултожи «Маънавий маснавий» асарини ҳойнаҳой излаб юрган бўлсангиз керак. Яқинда мазкур асарнинг форсийдан янги таржимаси устоз таржимон Одил Икром томонидан амалга оширилди. Ҳозирда эътиборингизга мазкур асарнинг илк китобини тақдим этмоқдамиз. Умид қиламизки, китоб ҳатми сизга тенгсиз маънавий хазиналар туҳфа этажак. Зеро "бу китоб Ҳақ таолога етишмоқ ва Унга эътиқод сирларини очишда унинг асоси - дин асосларининг асоси. У Оллоҳнинг буюк фиқҳи, ёрқин шариати, ошкор-аён далилидир".

Китоб ўзбек ва тожик тилларида, ҳам аслият, ҳам таржима жозибасидан баҳра олинг!

Туркия. Кўнёдаги Жалолиддин Румий мавзолейи.

07


РУМИЙ ШАРҚДАН ЧИҚИБ,ШАРҚНИНГ ЎЗИГА БОТАДИГАН ҚУЁШ ЭМАС.
    Таржимон Одил Икром билан  суҳбат қисқартирилиб берилмоқда

Би-би-си: Бугунги «Би-би-си меҳмони» тожикистонлик таниқли ўзбек шоири ва таржимон Одил Икром бўладилар. Одил ака, дастуримизга хуш келибсиз!

Одил Икром: Раҳмат, хушвақт бўлинг!

– Одил ака, ота-онангиз, болалигингиз ҳақида хотирлаб ўтсангиз. Адабиётга меҳр қўйишингизда уларнинг кўрсатган таъсири қанчалик?

Одил Икром: Мен Тожикистондаги Исфара деб аталган шаҳарнинг Кўлкент қишлоғида туғилганман. Асли фарғоналикмиз. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида бобом Сайид Икромхон Бешариқ туманидан Исфара уездига келиб қолишган ва Кўлкент қишлоғидан қўним топганлар. Тақводор, маърифатли, адолатпарвар ва ҳаrпарастликлари боис қатағон йилларида отувга ҳукм қилинганлар.

Отам Қорихон (асли исмлари Сайид Иброҳимхон) Сайид Икромхон ўғли 2004 йилда, онам Истадхон Уста Валлами қизи 1984 йилда, акам Қодирхон 2008 йилда вафот этганлар.

Акам Сайфуллохон – асли, ўқитувчи, бир неча шеърий ва таржима китоблари муаллифи. Опам Шарофатхон – колхозчи. Синглим Муҳайёхон – уй бекаси, айни пайтда Бешариқнинг Ропқон қишлоғида яшайди.

Шеъриятга ҳавас пайдо қилишимга акам Сайфуллохон сабаб бўлган.

–   Адабиёт ва санъат инсоннинг маънавий юксалишида хизмат қилади ёки қилиши керак деймиз, лекин бугунги шунча баъдиий, шеърий асарлар, кино ва театр (қўшиқчиликни ҳам қўшмоқчи эдим, лекин ҳозирги ҳолатни эслаб тилга олмадим)ларнинг турли образ орқали яъни билвосита беришга ҳаракат қилгандан, бугунги кунда тўғридан тўғри панд-насиҳат бериш йўли қулай эмасми.? Бадиий асардаги муаммони ҳамма ҳам ажрата олавермайдику?

Одил Икром: Бу фикрингизга қўшилолмайман. Тўғри, донолар айтгандай, талантсиз ижодкор ёзган роман қисқартирилиб, кераксиз жойлари олиб ташланса, оқибатда битта ҳикматли сўз қолади… Ёмон асар учун бадиий адабиётни жавобгар билиб, унинг вазифасини менсимаслик – инсофдан эмас. Қолаверса, панд-насиҳатлар ҳам – адабиётдан ташқаридаги ҳодиса эмас. Уларнинг ўз ўрни бор. То ер юзида одам бор экан, адабиётга, санъатга эҳтиёж пайдо бўлаверади.

– Таржимонликка кириб келишингиз ҳаrида гапириб берсангиз, ким сабабчи бўлган, кимларга ҳавас қилгансиз?

Одил Икром:  Таржима соҳасига махсус кириб келмаганман ва ўзимни таржимон деб билмайман. Тил ўрганиш мақсадида талабалигимда курсдошим Абдулло Зуҳурнинг таклифи билан тожик шоирларидан ўзимча таржималар қилиб юрардим. Кейинроқ Эрон шоираси Фурўғ Фаррухзоднинг бир туркум шеърларини ўзбек тилига ўгирдим. Фурўғни таржима қилиш жараёнида форс тили мутахассиси Исмоил Бекжон ҳамда раҳматлик дўстимиз Асқар Маҳкамнинг фойдали маслаҳатларидан баҳраманд бўлганман. Кейинчалик Фарзона, Озарахш, Лойиқ, Муҳаммад Иқбол, Нодир Нодирпур, Нақибхон Тўғралнинг китобларини ва деярли барча замонавий тожик шоирларининг шеърларини ўзбек тилига ўгирдим. «Маснавий» таржимасига уч-тўрт йил бурун киришдим. Ҳозир учинчи китоби таржимаси билан бандман. «Маснавий»нинг икки китобидан айрим ҳикоятларни саҳифамда эълон қилдим. Ўрни келганда, таржималаримга ижобий муносабат билдирган дўстларга, хусусан, диққат билан ўқиб, айрим танқидий фикрларини ҳам дариғ тутмаган Матлуба Меҳр, Жўрабек Рамазонов, Саиджаҳон Зайнобитдинов, Шариф Холовларга миннатдорчилик билдираман.

Эрон. Умар Ҳайём музейи.

Ўзбек тилига маҳорат билан ўгирилган таржималар ва ҳавас қилса арзийдиган таржимонлар кўп.

– Таржимаси энг қийин кечган китобингиз қайси?

Одил Икром: Ҳар қандай асар таржимаси, дастлаб, қийин кечади. Мен учун Фурўғ Фаррухзодни ўзбекчалаштириш қийинроқ кечган. «Маснавий»да ҳам аруз талаби билан айрим мураккаб жумлаларни соф ўзбек тилига ўгириш қийинчилик туғдириши табиий.

–   Таржима нархига тўхталсангиз, яқинда бир таржимондан эшитдим. 1360 бетли китобни ўзбек тилига таржима қилди. 2 йил умри кетибди. Ҳар бетига ўн доллардан беришларини сўрайман деяпти. Бунга нима дейсиз?

Одил Икром: Таржима нархи ҳақида тасаввурим йўқ. Чунки, бу «савдо»ни бошдан кечирмаганман… Нима ҳам дердим, савол берган дўстимизнинг танишларига омад тилайман.

–  Сиз таржима қилган Лойиқнинг она ҳақидаги шеърларини ўқиб, ҳеч бир шоир у каби она ҳақида кўп ва таъсирли сатрлар битмаган бўлса керак, деб ўйлагандим.

Одил Икром: Дунёдаги барча зийнатларнинг йиғиндиси ўша оналарнинг юрагидан ўтади, деган ҳикматли гаплар кўп.Мен Лойиқнинг «Модарнома» яъни «Онагинам» туркумини таржима қилиш жараёнида худди ўз онам кўз ўнгимдан ўтгандек бўлдилар.ўз онам хаёлимдан ўтганлар.Лойиқнинг ҳар қандай дарди, изтироби, унинг онани қадрига етиш ҳақидаги ҳикматлари, туйғулар ҳар биримизнинг юрагимиздан кечади. Шу сабабли бўлса керак, Лойиқнинг шеърларини таржима қилишда қийинчилик сезмаганман.

–   Ислом оламида шоирлар пайғамбари, пайғамбарлар шоири деб тарифланадиган Жалолиддин Румийни бугунги китобхон ва дин намоёндалари қай даражада ўрганишлари керак?

Одил Икром: Савол учун раҳмат! Мен румийшунослик иддаосидан йироғман. Бор-йўғи, «Маснавий»нинг икки китобини ўзбек тилига ўгирдим, холос, яъни Румийни англаш ибтидосидаман. Шундай бўлса-да, ушбу саволга имконим даражасида жавоб беришга уриниб кўраман.

Дарҳақиқат, Абдураҳмон Жомий «Гарчанд, пайғамбар бўлмаса-да, пайғамбарона китоби бор» дея таъриф берган Мавлоно Жалолиддин Румийдан бугунги китобхон ва дин намояндалари Ислом ва иймон моҳиятини ўрганиши керак деб ўйлайман. Мавлоно «Маънавий маснавий» асаридаги ҳикоятларининг бирида

Мо забонро нангарему ҳолро,
Мо равонро бингарему ҳолро,

Яъни, биз тил ва сўзга қарамаймиз, биз руҳнинг ҳолига назар соламиз, дея шаклга эмас, кўпроқ мазмунга боқиш кераклигини, зоҳирий кўринишларнинг ўзигагина назар солиш — тақлид нодонлик, жахолатпарастлик эканлигини таъкидлайди. «Маснавий»нинг Мусо (а.с) ва чўпон хусусидаги ўша ҳикоятида ҳаққа фақат тили, вужуди билан интилувчиларнинг сохта муҳаббатидан кўра, оддий чўпоннинг чин кўнгилдан Худога қилган мурожаатидаги қусур ва камчиликларнинг «юз минг савобдан яхшироқ» дейилиши ҳамда «қалб ҳурлиги»нинг улуғланиши айрим дин намояндаларига эриш туюлади. Чунки, улар ҳикоятдаги бу фикрни исломнинг моҳияти ва қадр-қийматини пастга уриш, деб тушунадилар. Ҳолбуки, ҳикоятдаги асосий мазмун, менимча, Худога чўпон янглиғ мурожаат қилишга даъват эмас, балки, ҳар кимнинг Аллоҳга ўз мақомида муҳаббатини изҳор қилишига имкон ва енгиллик яратиш, «хароба қишлоқдан хирож талаб қилмаслик», сохта сўз, ваъзлардан кўнгил поклигини афзал билиш, деб ўйлайман…

Бугунги китобхон Румийнинг асарларини ўқиб, жон осойишталиги – нафс, кибрга қарши жангда қўлга киритилишини, кўнгилни покламай шариат йўлини тутиш, занг устига сурилган бўёғдай, барибир юзага қалқиб чиқишини ва нафсимиз, кибримиз зангини ҳеч қандай салла, чопон, соқол яшира олмаслигини англашига шубҳам йўқ.

–   Жалолиддин Румийнинг диндаги фирқаларга бўлинишларга муносабати қандай бўлган?

Одил Икром: Жалолиддин Румий диндаги мазҳабларга бўлинишларни, фақат, зоҳирий, шаклий келишмовчилик деб англаган. «Мен етмиш икки мазҳаб билан бирдирман» дейишининг ўзи, барча мазҳаблардаги хилма-хил қарашларнинг бир маслакка йўналганини англаганига далилдир. Нажмиддин Комиловнинг Асқар Маҳкам таржима-шарҳидаги биринчи китобига ёзган «Румийни англаш иштиёқи» номли сўзбошисида бу ҳақда батафсил маълумот берилган. Бир сўз билан айтганда, «Маснавий»да таъкидланганидек: «Ишққа ёрлар мазҳаби – ёлғиз Худо…»

–   Жалолиддин Румий ижоди Европа адабиётига қандай ўз таъсирини ўтказган?

Одил Икром: Мен  бу саволга аниқ жавоб беролмайман. Шуни яхши биламанки, Румий асарлари, хусусан, «Маснавий» дунёнинг тўрт томонида энг севиб ўқиладиган асарлар жумласига киради. Румий асарларининг Ғарб адабиётига таъсири мавзуси катта тадқиқотни талаб қилади. Ниманидир ахтариб сафарга чиққан одам излаган матоҳини ўз уйидан топгани каби, биз маҳлиё бeлган ғарб адабиётининг аксарият ёзувчилари Румийдан таъсирлангани яқин келажакда ошкор бўлса, ажабмас. Зеро, Румий, таъбир жоиз бўлса, Шарқдан чиқиб, Шарқнинг ўзига ботадиган қуёш эмас. Қолаверса, шоир ва таржимон Жаъфар Муҳаммаднинг «Пауло Коэлонинг «Алкимёгар» асари шарқ адибларининг асарлари, хусусан, Жалолиддин Румийнинг «Маснавий»сидаги бир ҳикоят таъсирида ёзилган бўлиши керак», деган тахминида жон бор деб ўйлайман.

–  Жалолиддин Румий асарини таржима қилишга нима ундади? Таржима жараёнида сизга таъсир қилган жиҳатлар билан озроқ ўртоқлашсангиз.

Одил Икром: Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асарига қизиқишим, анча олдин, Тошкентда ишлаб юрган пайтларимда, яъни, ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлган. Ўшанда Душанбеда чиққан «Ҳикоятҳо аз «Маснавии маънавии» номли китоб қўлимга тушиб қолди ва бир-икки ҳикоятларни ўзимча таржима қилишга уриниб кўрганман. Ўша йилларда Жамол Камол томонидан ҳассослик билан ўгирилган Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» романини ўқиганимдан сўнг, Мавлавий дунёсига қизиқишим яна кучайди. Аммо, тажрибасизлигим, тирикчилик ташвишлари сабаб бўлиб, бу жараёнда, Мавлоно тили билан айтганда, маълум муддат сукут юз берди… Бундан етти ё саккиз йил аввал аллома Муҳаммад Иқболнинг рубоий ва тўртликлари таржимасига киришганимда, Иқболнинг бутун бошли ижоди Румий асарлари, хусусан, «Маснавий» завқи ва шарҳидан иборат эканлигининг гувоҳи бўлдим. Иқболни ўзбек тилига ўгиришим мени Румийга янада яқинлаштирди, десам муболаға бўлмас. Бутунлай инкор – зиммасида масъулияти бўлмаган одамларнинг ягона овунчоғи. Шу боис, ўзимдан олдинги таржимонларнинг салмоқли меҳнатини қадрлаган ҳолда «Маснавий» таржимасига киришдим ва, иложи борича, уни ўзбекчалаштиришга ҳаракат қилдим. Менинг бу ҳолатим ва мақсадим «Маснавий»нинг мендан кейинги таржимонларида ҳам юз бериши табиий ҳол деб ўйлайман.

«Маснавий» таржимаси жараёнининг ҳар лаҳзасидан таъсирланганимни айтиб адо қилолмасам керак. Муҳаммад Иқбол айтганидай: «Биргина «Аллоҳу акбар» каломининг азоби, завқи, таъсирию тафсири беш маҳал адо этилажак намозга сиғмайди». «Маснавий» таржимаси жараёнида шу лаҳзани яшаб, шу ҳақикатга иқрор бўлдим десам, хато бўлмайди.

–  Самарқандийнинг сиз таржима қилган «Хотинлар макри»ни интернетдан ўқигандим. Унда ажойиб ибратли ҳикоятлар бор. Ўзингиз ҳам аёллар макрига дуч келганмисиз ҳаётда?

Одил Икром: Ажойиб савол. Кимки, ўзини аёллар, аниқроғи, хотинлар макрига дуч келмаганман деса, у зот ё ҳали туғилган эмас, ёки ўлик. Худога минг қатлаъ шукурким, мени ҳам кўп қатори бу неъматдан бебаҳра қолдирмаган. Аммо, нолимайман. Чунки, мен бошимни ўша деворларга уриб олганимда, бошимга эмас, кўпроқ деворлар дарзига ачинганман.

Би-би-си: Одил ака, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат! Би-би-си тингловчилари ва мухлисларингиз учун тилакларингиз бўлса марҳамат!

Одил Икром: Аввало, лозим топиб, суҳбатга таклиф қилганларинг учун раҳмат! Тилакларим кўп. Шулардан бири – осмон ҳеч қачон қулаб тушмасин ва ер чаппа айланмасин! Бундай тилак билдиришимга сабаб, ўқувчилигимда география дарслигида кўрганим бир суврат ҳануз кўз ўнгимдан кетмайди. Унда сув, улкан балиқ ва балиқ устида бир баҳайбат ҳўкиз шохи ва гавдаси билан ерни кўтариб турибди… Агар еримиз, ҳам ўз маъносида, ҳам кўчма маънода чаппа айланса, яъни, тўнтарилса, ўша манзаранинг тескари кўриниши юз беради, яъни, ҳўкиз ерни эмас, ер ҳўкизни, ҳўкизларни кўтариб юради. Бу кўргуликдан Худонинг ўзи асрасин, дейман ва «Би-Би-Си»нинг барча тингловчиларига, меҳнаткаш ходимларига, эрку иймон йўлида давомийлик, собитлик ва омад тилайман! Саломат бўлинг!.

Manba: BBC O’zbek xizmati

www.kh-davron

 

07

077    Одил Икром 1960 йил, 26 январда туғилган.  Ўрта мактабдан кейин 1977-81 йилларда ҳозирги Хўжанд Давлат Университетининг тарих-филология факултетида таҳсил олган. 1990-йилда СССР Ёзувчилар Иттифоқига аъзо қилинади.  Илк китоби «Уфқ дарахти» 1991 йилда чоп этилган. Шунингдек, «Таҳажжуд»(2007), «Таҳаммул», «Узлат»(2012)  ва бошқа  китоблари адабиёт ихлосмандларига яхши маълум.
У Муҳаммад Иқбол, Нақибхон Тўғрал, Фурўғ Фаррухзод, Нодир Нодирпур, Фарзона, Сайидали Маъмур, Аҳмаджон Раҳматзод, Озарахш каби форс ва тожик шеърияти вакилларининг шеърларидан намуналар, хусусан,  Лойиқнинг «Онажоним» номли туркум шеърларини, Заҳирий Самарқандийнинг «Хотинлар макри» (Исмоил Бекжон билан биргаликда), Муҳаммад Субҳоннинг «Қора чироқ» насрий асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.
Таржимачилик  соҳасида анча тажриба тўплаган ижодкор сўнгги йилларда мураккаб ишга қўл уриб, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асари ҳамда Мирзо Абдулқодир Бедил маснавийларини ўзбек тилига ўгиришни бошлади.  Жалолиддин Румийнинг «Маънавий маснавий» асари икки китоби таржимасини якунлаб, учинчи китоби   устида ишламоқда.

- - -


< Orqaga qaytish