Хабар

Эълон.


Marta o'qildi

Эълон. "Ваҳдат куйи". Шоир Асқар Маҳкам ижоди ҳақида хотира анжумани.

   

   6 март куни соат 11да Алишер Навоий номли давлат адабиёт  музейида ўзбек, форс - тожик халқларининг улуғ шоири Асқар Маҳкам ижоди ҳақида хотира анжумани бўлади. Йиғинда  шоир Асқар Маҳкамнинг “Ваҳдат куйи..”тўпламининг  тақдимот маросими ўтказилади.”Ваҳдат куйи”нинг тузувчи муҳаррири ва нашр ташкилотчиси таниқли шоир ва таржимон Одил Икромдир.

  Барча адабиёт ихлосмандлари ва Асқар Маҳкам шеърияти мухлисларини хотира учрашувига таклиф этамиз.

   Манзил:  Тошкент, Навоий кўчаси 55 уй, Алишер Навоий метро бекати.

   Сизни баҳор иссиқликлари ила кутамиз.

  Асқар Маҳкам биографияси.

Асқар Махкам 1958 йил 27 ноябрда Тожикистоннинг Кофарниҳон туманида туғилган. Хўжанд давлат педагогика институтини тамомлаган (1981). «Наврўз» (1988), «Тазарру» (1982), «Таважжуҳ», «Ишқ» (1994), «Ибодат» (1993), «Ҳақ» (1998), «Аналхақ», «Табриз дафтари», «Оқкитоб» (2003) каби асарлари нашр этилган. «Авесто», Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг «Кашф ул-асрор» (Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири), Ж.Румийнинг «Маънавий маснавий» (1-дафтар)сини, Шамс Табризийнинг ғазаллари ҳамда Эрон шоирлари шеърларидан намуналар таржима қилган («Туйғулар япроғи», 2005). 2007 йил 6 мартда Тошкент шаҳрида вафот этган.

МАҲБУБ УЛ ҚУЛУБ

Бизни савдолардан савдога солган,

на шамдир, на куйган бир парвона-да.

Тун — қора ридога ўраниб олган

сўфий қиздир улуғ чиллахонада.

Оғочларми —

Улар осиқ Мансурдир,

бу дунёнинг бори дорига тортиқ…

Осмон эса жуда-жуда чуқурдир

авлиёнинг ботиқ кўзлари янглиғ…

Фалак саҳросида югуриб юрган

учар оҳуларим — маҳбуб ул қулуб…

Шомгоҳ айвонида осилиб турган

бир парча жигардир ғуруб…

***

Довдир шамол оҳлар — сиғинди,

дарё ўкрик тортиб йиғлайди.

Томоғидан силққан тўлқинни

кучанганча туфлаб ташлайди.

Юлдуз эса ёнар — ёлғиз, жим,

ҳув дарчада титрайди чироқ.

Зикр қилар — Тун, Тупроқ, Бувим

Мен, Дарё ва Шамолдан йироқ.

Умр эса унинг сочидай

синиб-синиб адо бўлмоқда.

Ёлғиз кулба, ёлғиз соҳилда

менинг кўнглим дарё бўлмоқда…

***

Бу уйда бир пайтлар бувим яшаган,

меҳрсиз келинин дастидан ёниб.

Пойдевор тошини ўзи ташлаган,

бизларга нон ёпган тунлар уйғониб.

Ўзи ер чопарди, ўзи экарди,

невара ташвиши, беш маҳал намоз.

Ғам ошиб кетганда нос ҳам чекарди.

Қўшнилар гоҳ яраш, гоҳи пайт араз.

Айрилиқ дардида оқарган сочи,

сарғайиб борарди кун ўтган сайин,

турмушга етарди базўр қулочи,

бу давру замонга етмасди тайин.

Мен эса шоирман —

бору йўғим шу…

Баъзан шеър тўқийман ўшанга атаб.

Шеър нима билмаган ва билмайди у,

ўйлаб ҳам кўрмаган етмиш йил яшаб…

Бу уйда бир вақтлар бувим яшаган.

***

Бу йўлларда мендан кейин ҳам,

Яна кимдир тентирар беҳуд.

Ким бўлар у?

Агар мен билсам,

Оёғига келтиргум сужуд.

Балки у ҳам куйлар бурунги

Қўшиқларни ғамгин, саргашта.

Бу йўлларга топингай, чунки

Бу йўлларга қайтмагай қайта.

Одамларни севгани учун

Болаларча, телбаларча ё,

Одамлардан шубҳасиз бир кун,

Қарғиш тегар, тегар ё дуо…

Кейин…

У ҳам кетар мен каби.

Йўл четида боқар деворлар…

Бизни эсга оларсиз балки

Юрагида жунуни борлар!..

ТИРИКЛИК

Қўй, пешонам кетсин сўкилиб,

Еб ташласин ер эмас, хаёл.

Деворларнинг дарзидан кириб,

Ёриб чиқсин кўксимни шамол.

Нигоҳимнинг саҳифалари

Ўчиб битсин эски битикдек.

Дарёларим зор гирялари

Соҳилларда изғисин итдек.

Ва ҳар нечук ному нишонни

Юзларимдан ташлай сидириб.

Товонингга кирган тиканни

Кўзим билан олай суғуриб.

Минг йиллик гўр каби кўмилиб,

Сўнг қаршингдан чиқарман тирик.

Уч юз олтмиш пайғамбар бўлиб,

Сиғинаман сенга, Тириклик!

* * *

Мен бу шамолларга нима ҳам дердим.

Улар ўзимдан-да тантиқ ва худсар.

Мен умримнинг ярмин уларга бердим,

керак бўлса борин берардим агар.

Улар мендан хабар элтар бувимга,

сигирларга, мозор толларига ҳам.

Сариқ хазонларни сочар юзимга,

баргрезон боғларга қўйганда қадам.

Кейин даричамиз остида ётиб

итдек улиб чиқар то тонгга қадар.

Бувим топиб олар мени йўқотиб,

секин яниб қўяр: «Асқар, эҳ Асқар!..»

Похолларга ётиб ой думалайди,

сой бўйида бир қиз ўлтирар хомуш.

Сунбул сочларида жим ўрмалайди

пастқам кулбаларда мудраётган туш.

Шамол бадар кетар тепалар ошиб,

дарича ортида ўчар садолар.

Яна бурунгидек ақлдан озиб,

бошини тошларга урар дарёлар…

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот хизмати

   **               **            **

ШУКУР БУРҲОН МАРСИЯСИ

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди...

Қирқ минг йил гўёки тўрвасин ҳидлаб,

ойини кемириб, кунин кемириб,

отасин саночга солиб ўлдирган...

Гўёки мадраса ғиштини ялаб,

на калом, на ҳадис билмаган бир халқ.

Гўёки, буҳронлар чангиб, тўзғиган,

бижғиган, сасиган, ириган, алҳақ.

Зарандуд япроқлар ойдан йиқилиб,

минорлар ириллаб ҳурганлар мангу.

Сардоба остида қолган балиқлар

кўзларин юлдузлар чўқиб қақшатган.

Гўёки, ер шарин шохига илган

ҳўкизнинг туёғин тилло таниган.

На Ўрхун, на Бохтар, на Суғд, на Қиёт,

на Одам, на Ҳавво, на Ҳақ, на гадо...

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди.

Бир жувоз устуни синди қарсиллаб,

бир кулба томида сайради бойқуш,

бир кампир манглайин ковлади ажин,

бир йигит бошини учирди қилич,

бир чинор қулади гумбирлаб оғир,

бир етим оғзида қонлар гупирди,

бир малак номусин топтади иблис,

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди.

Совуқдан тиришган озғин оёғин

Лозими чимдиган жажжи қизалоқ

ғўзага суяниб йиғлади юм-юм.

Отамлаб, йиғлади шўрлик қизалоқ,

онамлаб, йиғлади шўрлик қизалоқ,

бобомлаб, йиғлади шўрлик қизалоқ.

Кесилган новдадек бармоғин куҳлаб,

кетмонин тутаркан, дод солди шўрлик,

ватанлаб, йиғлади шўрлик қизалоқ.

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди.

Нурота тоғида кекса бир овчи

соқолин тутамлаб узоқ ўйлади.

Оёғи остида ўлган барс каби

ағдарилиб ётар милтиғи

Айиқлар чўққидан кўчган тошлардек

ўкириб чиқдилар овчи қошига,

етмиш йил Нурота тоғин ҳатлаган

бечора овчига боқдилар ҳайрон...

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди.

Ва ўзбек тупроғин тўрт томонидан

жанозага одам айтилмай ҳали

Тошкент кўмиб келди Шукур Бурҳонни!..

Шукур Бурҳон эмас, бир ўзбек ўлди...

 

- - -


< Orqaga qaytish