Хабар

Болалар шоири ва таржимон Миразиз Аъзам 29 март куни 85 ёшга тўлди.


Marta o'qildi

Болалар шоири ва таржимон Миразиз Аъзам 29 март куни 85 ёшга тўлди.

Болалар адабиётида ўз йўналишига, ўз услубига эга бўлган ўзбек болалар адабиётининг тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган шоир Миразиз Аъзам серқирра, кўп йиллик ижоди билан, яъни катталар ва болалар учун ёзган шеърлари, достонлари, ҳикоят, ривоят, мақола, латифа ҳамда таржималари билан китобхонлар қалбидан жой олиб келмоқда.
Миразиз Аъзам 1936 йили Тошкентда таваллуд топган. Тошкент давлат университетини тугатган. Тошкент телестудиясида, «Ғунча» болалар журналида, «Ёш гвардия», Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир бўлиб ишлаган. Кўп йиллар Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасида маслаҳатчи, бошқарув котиби вазифасини бажарган.

Миразиз Аъзамнинг биринчи шеъри 1960 йилда «Металлург» номи билан чиққан. Биринчи шеърий тўплами эса 1964 йилда чоп бўлган. Шундан сўнг шоирнинг болалар учун «Ақлли болалар» (1969, достон), «Сенга нима бўлди» (1970), «Бир чўнтак ёнғоқ» (1990, сайланма) каби бир қатор шеърий тўпламлари босилиб чиқди. Уларда шоир болалар қалби ва туйғулари тасвири орқали оламни, одамни билишга, яхши-лик билан ёмонликни фарқлашга, ҳалол ва покиза меҳнатни улуғлашга интилади.

Адиб катталар учун ҳам бир қатор салмоқли шеърий гулдасталар яратган. Жумладан, «Севаман» (1977), «Туйғулар» (1980), «Сабот» (1983) каби тўпламларидаги кўпчилик шеърлар ўзининг ҳаётийлиги ва жозибалилиги билан ўқувчи қалбини забт этган. Шоир ана шу шеърий тўпламларидаги энг яхши шеърларини ва янги ёзилган асарлари сарасини ўзининг «Ҳақиқатнинг кўзлари» (1988) сайланмасига жамлаб, талабчан ўқувчисига ҳавола қилган.

Миразиз Аъзам ҳароратли, шижоатли публицист ҳамдир. Унинг маданий-адабий меросни кўз қорачиғидек асрашга даъват этувчи бир қатор мақолалари мавжуд. Унинг «Ўзбек тили ва адабиёти» журналида босилган Ҳамза ҳақидаги сўровларга жавоблари, «Шарқ юлдузи»да босилган «Амир бобомиз уфқлари»даги муаммоли мақолалари, «Сирли олам»да йил бўйи эълон қилинган Мурод Ўрознинг «Турк асотирлари» китобининг таржимаси каби ишлари халқаро Маҳмуд Кошғарий мукофотига сазовор бўлган.

Шунингдек, у Н. Ҳикмат, Нажиб Ҳожи, Маҳмат Осиф, Бадиуззамон Али Оқбош, Урфон Камол каби ўттиздан ортиқ турк адибларининг ҳикоя, шеър, роман, достон ва рисолаларини таржима қилган. У Туркия адабий жамоатчилиги эътирофига ҳам киради. 1993 йил декабрида Туркия ёзувчилари Бирлиги уни Ўзбекистондаги ўзининг тамсилчиси этиб тайинлади.

Шоир шеърларига болалар табиатига хос саволларни сарлавҳа қилади ва уларга қизиқарли, образли тарзда жавоб беради.

Болалар «Бўталоқнинг ўркачи нима учун қўшалоқ?» шеърини ўқиш жараёнида ўзлари билмаган ҳолда туяларнинг бир ва икки ўркачли турлари борлигини билиб олишади. Шоир уни шундай тасвирлайди:



Тоқ ўркачли бўталоқ,

Роса отди шаталоқ.

Олма дарахт тагида,

Ухлаб қотди бўталоқ.

Ярми қизил, ярми оқ

Олма узилиб шу чоқ

Белга тушди «тап» этди.

Эҳ, иш чатоқ, иш чатоқ:

Бўталоқнинг ўркачи

Бўлиб қолди қўшалоқ.

«Китоб нима десалар…»

Офтоб ахир кечқурун,

Кўзга куринмай қолар.

Тунда унинг иссиғи

Бизга билинмай қолар,

Китоб эса тунда ҳам

Яна ўқи деб қистар.

Ўқисангиз тушда ҳам

Қалбингизни иситар.

Китоб – бу кон

Китоб нима десалар,

Китоб – бу кон дедилар.

Қўшилмайман ҳеч бунга

Ўхшамайди у конга.

Йиллар, асрлар ўтиб

Конда маъдан тугайди.

Газу темир, кўмир ҳам

Озу оздан тугайди.

Китобларчи аксинча,

Ошиб борар йилма-йил

Турар дунё тургунча,

Кўчиб юрар тилма-тил.

Китоб одам, дегайман

Энг қадрдон оғайним,

Ичи олам, дегайман.

https://uz.denemetr.com 

 

- - -


< Orqaga qaytish