Маданият, санъат

Бошқа қирғоқдаги аёл.     Баҳром Рўзимуҳаммад


Marta o'qildi

Бошқа қирғоқдаги аёл. Баҳром Рўзимуҳаммад

Бизда на осмонга, на ерга тегишли тўрт нафар соҳибжамол, мажнуна, телбаваш ижодкор аёл бор. Уларнинг ўз экзистенциал олами бор. Улар: Саломат Вафо, Ҳалима Аҳмедова, Сулҳида Ёлғиз, Тилланисо Нурёғди.
Уларнинг ижодига баҳо берингу ўзига баҳо берманг! Барибир тушунмайсиз. Уларни Худо шундай яратганки, турли ғийбатларга ёки психологик баҳоларга сиғмайди. Тамом. Дарвоқе, бугун Саломат Вафонинг паспорт бўйича таваллуд куни экан. Шу муносабат билан Баҳром Рўзимуҳаммад бир мақола ёзибдилар, шуни ўқинг!
БОШҚА ҚИРҒОҚДАГИ АЁЛ
Камина “Холисликдан нега олисмиз?” сарлавҳали мақоламни “Фаровон юрт” газетасида чиқарганимда бухоролик шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Абдунаби Ҳамро шундоқ “акс-садо” қайтарган: “Баҳром айтган Саломат Вафо ижодига ўша 85- йиллардаёқ Одил Ёқубов, Иброҳим Ғафуров каби буюклар, жаҳон адабиёти билимдонлари катта баҳо беришган” ( Абдунаби Ҳамро. “Истиқлолни ҳис қилайлик”. “Фаровон юрт”, 27.04. 2017 й.)
Чиндан ҳам 1985 - йилларда Саломат аёллар орасидан чиққан, ноанъанавий усулда ёзадиган “қалдирғоч” профессионал насрнавис рутбасида эътироф этилган. Минг йилларга туташган насримиз дунёсида Саломатга ўхшаганлар аввал ҳам бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Замонлар орасидаги масофа ортга сурилганига қаранг.
1985 йил. Иброҳим Ғафуров: “Саломат Вафоеванинг Фаридаси - чарс қиз. У эгриликка, эгри, одамнинг нафсониятини ерга урадиган муомалага қарши кескин ва бирдан бош кўтаради. Сукунат ичида бирдан ингроқ бир овоз ҳаммаёқни ларзага солгандай, кўз очишга, увадаларни тузатишга чорлагандай бўлади. Саломат Вафоеванинг “Фарида” ҳикоясини ўқиб, шундай товуш берадиган одам пайдо бўлганлигини сезамиз. Товуш берадиган одам деганимни огоҳ қиладиган, ҳушёр торттирадиган одам деб тушунсангиз эди...” ( Иброҳим Ғафуров. “Ўзинг бўл булбул!”. “Ёшлик” журнали, 1985. 10-сон. 59-бет).
2021 йил. Бекзод Ўктам: “... воқеа - ҳодисаси белгиланган хос чизиқлар доирасида рўй берадиган анъанавий ижод муҳитини ёриб биргина насрда Темур Пўлатов, Мурод Муҳаммад Дўст...,Хуршид Дўстмуҳаммад, Олим Отахон..., Назар Эшонқул, Шодиқул Ҳамро, Саломат Вафо, Мурод Човуш, Улуғбек Ҳамдам..., Умид Яъқуб ... каби муаллифлар ўзгача асарларини кенг китобхонлар оммасига ҳавола этиб улгурганди...” ( Бекзод Ўктам. “Новоқеъ муҳит сарҳадларидаги ёлғизлик”. “Шарқ юлдузи” журнали. №10. 2021. 87-бет).
Эътибор қилинг. Иброҳим Ғафуров эътирофи билан Бекзод Ўктам ( Бекзод 1988 йилда туғилган) эътирофи орасида 36 йиллик масофа бор. Аммо, баҳо моҳияти ўзгармаган.
Профессор Қозоқбой Йўлдош насрнависимизнинг “Тилсим салтанати” ҳамда “Оворанинг кўрган-кечирганлари” номли китобларига сўзбоши битиб, С.Вафо ижодиёти ўзбек насрида бутунлай ўзгача - фавқулодда эстетик ҳодиса эканлигини далиллаган.
Олима Марҳабо Қўчқорова Н.Эшонқул ижодига бағишланган “Ўз ичига беркинган одам” образи: Абсурд вазият ва абсурд қаҳрамон” сарлавҳали мақоласи эвазига адабий танқидчилигимизга “Бошқа қирғоқ” терминини олиб кирди. Ёзадики: “... Таъбир жоиз бўлса, замонавий ўзбек прозасининг йирик асосчилари Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаев каби ўнлаб ижодкорлар дарёнинг бу қирғоғида турган бўлса, Назар Эшонқул уларга тескари равишда дарёнинг у қирғоғида туради” ( Қаранг: “Бобур ва дунё” журнали. №1 (14). 2020 йил. Март. 55-бет).
Айнан шу сатрлар йўриғига яқинлашиб фикрласак: “... Таъбир жоиз бўлса, Ойдин, Саида Зуннунова, Шаҳодат Исахонова, Дилбар Саидова, Дилфуза Қўзиева, Зулфия Қуролбой қизи, Рисолат Ҳайдарова каби ижодкорлар дарёнинг бу қирғоғида турса, Саломат Вафо у қирғоғида туради”.
Назар турган қирғоққа қараб Мурод Човуш, Шарифжон Аҳмадлар сузиб бораётир. “Қора денгиз” сувлари нотинч. Саломат турган қирғоқ пастидаги сувда ҳали мавж йўқ. С.Вафо- бошқа қирғоқдаги ёлғиз аёл.
Ҳақли равишда савол туғилади: Саломат Вафо қандоқ каромат кўрсатибдики, уни шу тариқа таърифлаяпмиз? Айтиш жоизки, бу насрнависнинг ижод босқичлари икки паллага бўлинади. Биринчиси: 1982 йилдан 2004 йилгача чўзилган даврни ўз ичига қамраб олади. Иккинчиси: 2004 йилдан кейинги давр. 2004 йилда С.Вафо “Тилсим салтанати” номли китобини нашр эттирди. Алҳол, ижодида туб бурилиш воқеликка кўчди. “Тилсим салтанати” романида Онг оқими унсурларига дуч келасиз. Масалан: урушда ғолиб бўлиб, Ватанпарварлик туйғуларини кўксида жўш урдириб отда мағрур келаётган аёлнинг эсига бирдан қишнинг узун кечаларида суйган инсонининг қўйнида лаззатланиб ётган лаҳзалари тушиб кетади. Бу Онг оқими унсури эмасми? Ёки “Оворанинг кўрган-кечирганлари” романидаги психоанализ усуллари... Айрим ҳикояларида шафқатсиз реализм методи талқинларини учратасиз. Саломат - кашфиётчи; аммо, нимани кашф қилганини ўзи ҳам билмайди чоғи.
Таъкидлаш жоизки, Саломат Вафо одамзод ҳаётининг ҳамма тарафларини қамраб олишга интилади. Аёл насрнавис сифатида... ( Аёллар эротикани чуқур ҳис этсалар керак-да). Лекин у эротик ёзувчи эмас. Ушбу усуллар одамзоднинг “ичини” билиш йўлида асқотади. Усуллар мажмуасини назарда тутган чоғи жаҳон насри билимдони Иброҳим Ғафуров ўша 2004 йилги тақдимотда: “Саломат Вафо - ёзувчиларнинг ёзувчиси”деган эди.
Компьютеримда унинг “Доровахоним” отлиғ романининг электрон нусхаси бор. Роман қўшиқдек ўқилади. Матндаги гаплар товланиб келади ва воқелик тасвирига қоришади. Дарё тасвирига қаранг: “Сулаймон пайғамбар қирқ дарра уриб, ўз измига юргиза олмаган, гоҳ боғ-роғларни, гоҳ ёв қўлида Гурганжни сувга бостириб тиз чўктириш яроғига айланган, қалъа-кентларни вайрон этган Жайҳун ойнинг тонг олди оқиш нурларида қора симобдай ваҳимали жимирларди”. Роман бошидаги мусиқа интиҳога қадар гоҳ юксалиб, гоҳ пасайиб эшитилаверади. Бир вақтнинг ўзида ҳам мусиқа тинглаётгандек, ҳам картина томоша қилаётгандек бўласиз. Ёзув ичидаги қат-қат ёзувлар ақл-ҳушингизни чайқатиб юборади. Бу Оллоҳ тарафидан раво кўрилган юк. Юкни эса кўтариб юриш осон эмас. Гандираклаётган, алаҳсираётган, чўккалаб олган, узала тушган талант соҳибаси алпозини, улуғ шоир Ҳофиз таъбирича айтганда, четда турганлар на билсин? Фасоҳат фусуни шунда. Уни кўриш учун Руҳ кўзи очиқ, эшитиш учун Руҳ қулоғи динг бўлмоғи жоиз. Бунинг акси воқеликка кўчса, тилло мис сувратига эврилади ва шу баробарида: “У ким бўлибди?” дейдилар.
Қачонлардир эл-улус 20 январни байрам сифатида нишонлар... Ҳозирча, сукунат. Сирли, ёқимли, кўп нарсаларни ваъда қилаётган сукунат “жарангламоқда”
(c) Баҳром Рўзимуҳаммад

- - -


< Orqaga qaytish