Жаҳон адабиёти


Marta o'qildi

"Ишқ бор, тирикдир жонимиз"..шеърлар. Юнус Эмро

Юнус Эмро 1320 йилда оламдан ўтган бўлса,орадан ўтган салкам еттиюз йил мобайнида турк ва бошқа туркий халқларининг энг суюкли шоирларидан бирига айланди.

Юнус Эмро тахминан 1238 йилда Сивриҳисорнинг жанубидаги Сарикўйда дунёга келган.

Бўлажак бахши шоир мадраса таълимини олган,араб ва форс тилларини яхши билган, Эрон ва Юнон мифологиясини чуқур ўрганган, ўз даврининг етук мутасаввуф олими бўлган зот бўлиб, ўз фалсафий дунёқараши билан ўша даврнинг йирик, XIII  асрда Хуросондан Анадолуга келган, Хожа Аҳмад Яссавий ғояларига боғлиқ бўлган таниқли пири муршид Ҳожи Бектош Валий асос солган сўфийлик мактаби — Бектошияга яқин эди. У Ҳожи Бектош Валий ва Таптук Бобо (Таптук Эмро) каби табаррук пири муршидлардан тариқат сабоғларини олади.

Юнус Эмродан икки асар қолган. Булар: “Рисолайи Нусҳия” (Risale-i Nushiyye; яна уни “Ўгит рисоласи” деб номлашади) бўлиб,аруз вазнида ёзилган тасаввуфий,ахлоқий асардир.Иккинчиси унинг юксак асарларидан тузилган шеърий девонидир.

Юнус Эмронинг шеърлари алоҳида китоб ҳолида ўзбек тилида нашр этилган. Айтиб ўтиш лозимки, Юнус Эмронинг ўзбек тилидаги биринчи таржималарини мен 1986 йилда “Ёшлик” журналида чоп этган эдим. Худди ўша йили “Юнус Эмро оҳангларида” туркумини ёздим.Бу шеърларни 1997 йилда нашр этилган “Баҳордан бир кун олдин” номли китобимда ўқишингиз мумкин. Ушбу туркумдан олинган икки шеърни сизга тақдим этмоқчиман:

ЮНУС ЭМРО ОҲАНГЛАРИДА

I

Аввал манам,охир манам,
Ҳар жон ичида бор манам,
Ёв чорласа,мен дўст бўлиб,
Дўст сотса гар,ночор манам.

Гоҳ долғаман,гоҳ тинч манам,
Ёр кўзида севинч манам,
Бемор дилга илинж манам,
Гоҳ гиря,гоҳ алёр манам.

Гоҳо кезиб гуллар аро
Соҳибдили дилдор манам,
Гоҳо ёниб куллар аро,
О,ёздиғИ Ўтрор* манам.

Тунлар самода ой бўлиб,
Ой чўмилган бир сой бўлиб,
Гоҳо фақир,гоҳ бой бўлиб,
Диллар аро ашъор манам.

Карлар аро ҳофиз бўлиб,
Кўрлар аро юлдуз бўлиб,
Гунглар аро бир Сўз бўлиб,
Тақдири хўб душвор манам.

Ўлсам агар тақдир этиб,
Тобутда жим ётсам қотиб,
Чўб  тобут дастин тутиб
Борган манам,хунхор манам.

*Ўтрор — мўғуллар томонидан ёндирилган қадимий шаҳар.Бу шаҳарда 1405 йилда Соҳибқирон Амир Темур оламдан ўтган.Унинг харобалари бугун Қозоғистон ҳудудида жойлашган.

II

Ишқ бор,тирикдир жонимиз,
Ишққа бахшида қонимиз.
Ишқ — кечамиз,ишқ – тонгимиз,
Ишқдир бизнинг султонимиз.

Ишқ бирла дил бийрон эрур,
Ишқ бирла дил вайрон эрур,
Ишқ бирла дил ҳайрон эрур,
Ишқдир бизнинг султонимиз.

Ишқ бирла дил булбул бўлур,
Қумлар аро бир гул бўлур,
Дунё надир,бир пул бўлур,
Ишқдир бизнинг султонимиз.

Қайғу надир,ёр севса бас,
Дилдор ила кўшкдир қафас,
Қайс мандайин севган эмас,
Ишқдир бизнинг султонимиз.

Ишқ бирла дил обод эрур,
Ишқ бўлмаса,фарёд эрур,
Ишқ бўлмаса,дил ёт эрур,
Ишқдир бизнинг султонимиз.

Юнус Эмро ҳаёти ва ижоди ҳақида машҳур турк олимлари Фуат Кўпрули, Бурҳон Тупроқ, Абдулбоқий Гўлпинарли, Сабоҳиддин Айюбўғли, Мижгон Чумбур, Меҳмет Байроқдор, Аҳмад Қабақли ва бошқалар асарлар ёзишган.

Бу ўринда ўзбек тасаввуфшунос олими Иброҳим Ҳаққул номини ҳам алоҳида тилга олиб ўтиш керак. Иброҳим Ҳаққул буюк Хожа Аҳмад Яссавийга бағишланган мақоласида шундай ёзади:”Юнус Эмронинг девони умумий руҳи ва бош пафоси билан Яссавий тажрибаларидан айтарли фарқ қилмайди.Қолаверса,Яссавий Юнус Эмронинг улуғ салафи.

Ҳақдин манга назар бўлди,
Ҳақ эшигин очар бўлдим.
Кирдим ҳақнинг ғазнасина,
Дурру гавҳар сочар болдим… —

дейди Юнус Эмро.Ахир Яссавий ҳам айни шу эҳтиёж ва мақсад билан ҳикматлар айтмаганми? “Толибларга дурру гавҳар сочтим мано”, — деган Яссавий туркий шеъриятидаги Юнус Эмрога ўхшаш сўфий шоирларга:

Ҳақ йўлига кириб бўлмас пок бўлмасанг,
Ломаконда Ҳақдин сабоқ олдим мано, —

деган сабоқ бўларли фикрларни баён этган…” (И.Ҳаққулов. Шеърият – руҳий муносабат.Тошкент,1989.24-бет)

Юнус Эмро қабрининг Эскишаҳарда,Караманда ва Туркиянинг яна бир қатор шаҳру қишлоқларида мавжудлиги уни суйиш ва эъзоз этиш қай даражага эканини намоён этади.Бу шаҳру қишлоқлар аҳлининг ҳар бири Юнус Эмронинг ҳақиқий қабри бизнинг шаҳарда,бизнинг қишлоқда жойлашган, дея фахрланишади.Бу Юнус Эмронинг ҳақиқий қабри халқ кўнглида,уни суйган инсонлар қалбида эканининг ёрқин далилидир.

ЮНУС ЭМРО
ШЕЪРЛАР
Хуршид Даврон таржималари
08

ДУНЁСАН

Билурман сани, ёлғон дунёсан,yunus-portre_400x400.jpg
Авлиёларни олғон дунёсан,
Қочган қутилмас санинг қўлингдан,
Темир қафасларни қурғон дунёсан.

Севганинг олдинг, мени йиғлатдинг,
Дўниб куларак, боқғон дунёсан.
Сулаймон тахтин сен вайрон этдинг,
Маъсумлар бўйнин буқғон дунёсан.

Дунё одам-ла этти бор тўлди,
Охир биздан-да қолғон дунёсан.
Фалак — тегирмон, чарх уриб дўнар,
Унинг чархини бузғон дунёсан.

Юнус ҳам само этиб чарх урар,
Бизим чархимиз бузғон дунёсан.

ТОШДИНГ ЯНА,ДАЛИ КЎНГЛИМ…

Тошдинг яна,дали кўнглим,
Сувлар каби чоғлармисан?!
Оқдинг яна,қонли ёшим,
Йўлларимни боғлармисан?!

Нетай,қўлим етмас ёра,
Этишмас дардима чора,
Бўлдим элимда овора,
Мани бунда сақлармисан?!

Қидирмишам ёр-йўлдошим,
Овунмас бағримнинҳг боши*,
Кўзларимнинг қонли ёши
Юрагимни доғлармисан?!

Ман – тупроқман,юрак — вайрон,
Толеъ кулмас менга бир он,
Ай,қаршимда кўкрак кергон
Тош бағирли тоғлармисан?!

Дунё дейди: Мани унут,
Йўқдир энди санда умид.
Салқин-салқин учган булут,
Ҳазин-ҳазин йиғлармисан?!

Асирдир Юнуснинг жони,
Йўллардаман,элим хони!
Юнус тушда кўрди сени,
Қўлларини боғлармисан?!

* Бағримнинг боши — юрак маъносида келмоқда

БУЛБУЛ,ҲЕЙ…

Бу ерларда ғарибсанми,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?
Узун йўллар юрибсанми,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

Учиб қорли тоғ ошдингми,
Сою ирмоқлар кечдингми,
Ёрингдан айру тушдингми,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

Қўзи каби бўзларсан,
Маним дардим тозаларсан,
Дўстни кўрмакни тиларсан,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

Қанотинг оча биларсан,
Учубон қоча биларсан,
Ҳижоблар еча биларсан,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

Қалъанг,шаҳринг йиқилдими,
Ғурбатда ёринг қолдими,
Ё номус-оринг қолдими,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

Қимматинг билинмас бўлдими,
Ҳолинг сўралмас бўлдими,
Дўст-ёринг кўринмас бўлдими,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

Ўз кўнглингни тинглаярсан,
Тоғу тошни куйлатарсан,
Юнус каби инграярсан,
Нечун йиғларсан,булбул,ҳей?

БАЛИҚ СУВДАН ЧИҚСА…

Маним кўнглим,кўзим ишқдан тўладир,
Дилим сўйлар: Ёрим узум гулидир.

Ўт оғочи каби ёнар вужудим,
Тутуни кўйларда саҳар елидир.

Сенинг ишқинг — денгиз,ман бир балиқчи,
Балиқ сувдан чиқса,ҳамон ўладир.

Сани севганларнинг ақли бўлурми?
Бир дам эсли бўлса,бир дам далидир.

Юнус,сен тупроқ бўл ёринг йўлида,
Ёронлар манзили аршдан ули*дир.

* Ули – улуғ маъносида

ИШҚИНГ ЎТИ

Ишқинг ўти жигаримни
Ёқиб келди,ёқиб кетар.
Ғариб бошим бу савдони
Чекиб келди,чекиб кетар.

Зулм этди фироқ жонима,
Ошиқ бўлдим султонима,
Ишқ занжирин дўст бўйнима
Тақиб келди, тақиб кетар.

Содиқлар турар сўзина,
Ўзга кўринмас кўзина,
Бу кўзларим дўст юзина
Боқиб келди, боқиб кетар.

Орада бўлмасин ношуд,
Соғ эмас бағримнинг боши,
Кўзларимнинг қонли ёши
Оқиб келди, оқиб кетар.

Булбул айлар оҳу фиғон,
Ҳасратида ёнди бу жон,
Маним кўнгилжўйим,ай жон,
Чиқиб келди, чиқиб кетар.

Юнус англар бу диларни,
Фарёд айлар булбуллари,
Дўст боғчасининг гуллари
Қўқиб келди, қўқиб кетар.

ИШҚ

Биз ҳаммамиз ишқ қулимиз,
Ишқдир бизнинг султонимиз.
Ишқ йўлида ўлсак агар,
Ишққа ҳалолдир қонимиз.

Ишқ Мандан мани олади,
Ёр ишқин дилга солади,
Дил ишққа қурбон бўлади,
Ёр бўлса гар имонимиз.

Ишқ бирла бошим хуш бўлур,
Хаёлимга йўлдош бўлур,
Ўн икки ой сархуш бўлур,
Ишққа асирдир жонимиз.

Доим юракда кезадир,
На майлимизни бузадир,
На сўладир,на тўзадир,
Бизнинг бу гулистонимиз.

Юнус деяр: Неча-неча
Кунлар охир бўлди кеча,
Қонимизни тўймай ичар
Бу ёлғончи давронимиз.

МАНГА САН КЕРАКСАН

Ишқинг олди мандан мани,
Манга сан кераксан,сан!
Жисмим ёнур кеча-кундуз,
Манга сан кераксан,сан!

На борлиққа севинарман,
На йўқлиққа қувонарман,
Ишқинг ила овунарман,
Манга сан кераксан,сан!

Ишқинг ошиқни ўлдирур,
Ишқ денгизида қолдирур,
Тажалло ила тўлдирур,
Манга сан кераксан,сан!

Қайғуларинг улуғ пешам,
Мажнун бўлиб тоғлар ошам,
Сансан умрлик андишам,
Манга сан кераксан,сан!

Сўфийлара суҳбат керак,
Оқиллара охрат* керак,
Мажнунлара Лайли керак,
Манга сан кераксан,сан!

Агар мани ўлдирсалар<
Кулим кўкка совурсалар,
Тупроғим сани чақирар,
Манга сан кераксан,сан!

Мискин Юнус маним отим,
Куну кундан ортар оҳим,
Икки жаҳонда муродим,
Манга сан кераксан,сан!

*охрат – охират маъносида

ИШҚ НАЙЛАДИ

Юрадирман ёна-ёна,
Ишқ бўяди мани қона,
На оқилам,на девона,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Гоҳ эсаман еллар каби,
Гоҳ шошаман йўллар каби,
Гоҳ тошаман селлар каби,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Оқар сувлардек оқаман,
Дардли жигарим ёқаман,
Дунёга ҳайрон боқаман,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Ё қўлим ол,қолдир мани,
Ё васлингга қондир мани,
Хўб йиғлатдинг,кулдир мани,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Элма-эл юргим келар,
Дилма-дил юргим келар,
Ғурбатда дардим ким билар,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Ман Юниси бечораман,
Ёрни тушимда кўраман,
Уйғониб маълул юраман,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

Ман Юниси бечораман,
Бошдан-оёға яраман,
Ёр элида овораман,
Кел,кўр мани ишқ найлади!

КЕЛДИМ

Меним бунда қарорим йўқ,
Мен бунда кетмоққа келдим.
Бозургонман, матоим йўқ,
Олганга сотмоққа келдим.

Мен келмадим даъвий учун,
Менинг ишим севги учун.
Дўстнинг уйи — кўнгуллардир,
Кўнгуллар топмоққа келдим.

Дуст асири — далилигим,
Ошиқлар билгай нелигим,
Бекор қилиб иккиликни,
Бирликка етмоққа келдим.

Ул Хожамдир, мен қулиман,
Дўст — боғининг булбулиман,
Ул Ҳожамнинг боғларида
Шод бўлиб ўтмоққа келдим.

Бунда топишмаган жонлар,
Унда топишмагай онлар,
Бунда топишиб Дўст ила,
Ҳолим арз этмоққа келдим.

Юнус Эмро ошиқ бўлмиш,
Маъшуқи дардидан ўлмиш.
Асл марднинг эшигига,
Ҳолим арз этмоққа келдим!

ДЕДИМ

Жонлар фидо йўлингда,
Бу жон қайғуси дедим.
Сан бир жаҳонсан мана,
Жаҳон қайғуси дедим.

Жонлар ичинда жонсан,
Сан бир оби ҳайвонсан,
Бизга дину имонсан,
Имон қайғуси дедим.

Дилимни тиғсиз тилдим,
Ярам киндандир билдим,
Ёнина ошкор келдим,
Пинҳон қайғуси дедим.

Ишқ шаробин тотмишам,
Минг муродга етмишам,
Маст бўлиб-да ётмишам,
Сайрон қайғуси дедим.

Жону кўнглимни нетдим,
Ишқнин ўтина отдим,
Бу жаҳонни унутдим,
Гумон қайғуси дедим.

Ишқин бурчиндан учдим,
Жавлон урубон кечдим,
Ман дўст билан бўлишдим,
Жавлон қайғуси дедим.

Баҳр-уммона тўлмишам,
Унда садаф бўлмишам,
Гавҳар бўлиб қолмишам,
Уммон қайғуси дедим.

Бир эркин тарлон қушдим*,
Юнус,пару фол очдим,
Сўнг манзила қовушдим,
Карвон қайғуси дедим.

* Қушдим — қуш эдим маъносида

МАНИ МАНДА ДЕМА…

Севирам ман сани жондан ичари*,
Йўлим бордир бу аркондан ичари.

Шариат,тариқат йўлдир кетгунча,
Ҳақиқат меваси ундан ичари.

Динин тарк этганнинг куфрдир иши,
Оҳ,на куфрдир имондан ичари.

Мани манда дема: манда деганим
Бир ман бордир манда Мандан ичари.

…Сулаймон қуш тилин билур,дедилар,
Сулаймон бор Сулаймондан ичари.

Тажаллодан бир пай чатди камина,
Камина мақсади бундан ичари.

Санинг ишқинг мани мандан олибди,
Не ширин дард бу дармондан ичари.

Мискин Юнус кўзи дуч келди сана,
Боғингда бир гул бор Султондан ичари.

* Ичари — ичкари,янада ичкарироқда,янада пинҳонроқда маъносида келмоқда.

Хуршид Даврон кутубхонаси

- - -


< Orqaga qaytish