Шеърият

Нурларга ғарқ бўлиб неча минг йиллар. шеърлар.   Адиба Умирова.


Marta o'qildi

Нурларга ғарқ бўлиб неча минг йиллар. шеърлар. Адиба Умирова.

ДАШТ

Дашт. Биёбон. Сўнгги саратон
Гулханларинг cўнг даъфа ёқиб.
Кўз олдимда ястаниб чунон
Мағрур қиздек турасан боқиб.

Ҳадигингми Шарқнинг шамоли,
Кузатарсан беизн, бесўз.
Хайрлашув чоғидек ғамли
Ҳар не менга туюлар азиз.

Қандай тоза туйғулар билан
Барханларинг кечардим яланг.
Сут ҳиди анқиган тонглардан
Тўкиларди мовий рангларинг.

Нафис ифорларинг, сирларинг,
Олов тафтинг, оташин меҳринг.
Томиримда оқар шивиринг,
Тортар эди ҳаяжон, сеҳринг.

Одам бўлай, девдим, бу қисмат
Шоир қилди базмларга ўч.
Чорлайвердинг соғинганинг пайт
Унутдилар, унутмадинг ҳеч.

Қанча жоним тутсам ҳам йўлга,
Мени сендек кутган йўқ ҳеч ким.
Худди мубҳам келажак каби
Юрагимга кириб келдинг жим.

Хаёлларинг бу қадар улкан,
Юксакдасан фалакдан гўё.
Билдим – шунча ёнганим билан
Қум заррангга арзимас дунё!

Куйишга арзимас ҳеч нарса,
Тириклик ҳам оний ҳақиқат.
Ҳақ – ягона! Сен ҳақ экансан,
Қолган ғамлар бари муваққат.

Қуёш олиб сўқир кафтига
Осмон тушар кўксимга қулаб.
Сенда қолган охирги имкон,
Бир мозор бор ётар ҳувиллаб.

У мен учун яралган каъба –
Қабрларнинг эврилар тоши.
У мен учун тавбадир, тавба,
Кезар гумроҳларнинг кўз ёши.

Тўзонларинг кўзимга кириб,
Бағрим эрур шу лоларанг қир.
Фақат сенда шон-шуҳрат мағлуб,
Тақдиримиз, манзилимиз бир!

Дашт. Биёбон. Сўнгги саратон…

* * *

Бу чўллар мангу бешак,
Карвон босиб келар йўл.
Бир туяда беланчак,
Бирида бахмал замбил.

Қўлдан тушмас бир фурсат,
Умид деган олтин жом.
Кимга бахт, кимга кулфат
Олиб келар бу оқшом?!

Парво қилмас дала-туз,
Қумзорлар – ёнар танча.
Бунда изсиздан-изсиз,
Келиб-кетарлар қанча!

Тиним билмас шамоллар,
Афсона тўқир гулхан.
Дунё қайта яралар,
Бор эканда, йўқ экан…

* * *

Сизни билмадиму менга танишдек
Уфқ ортидаги пуштиранг йўллар.
Кўзим дарёсида яшаётгандек
Нурларга ғарқ бўлиб неча минг йиллар.

Айни шу лаҳза ҳам ёруғ сирларга
Кўмилган дунёга келганман бирров.
Қонимдан то ўтли нафасимгача
Кўксимни куйдирар ишқ деган олов!

Санобар тушлардек бариси аён,
Оққушлар руҳимни уйғотар огоҳ.
Қачондир елкамда қанот бўлганин
Менга эслатади осмон баногоҳ.

Ноумид эмасман агар айрилсак,
Соямиз қўшилар суман гулида.
Қайсидир ҳаётда яна учрашсак,
Балки сўзлашармиз қушлар тилида!

* * *

Кўзимга тўкилиб келар хиёбон,
Хайрлашмоқ оғир сўнгги йўлакда.
Ғамларга кўмилиб кетасан шу он,
Мен эса қоламан хазон кўйлакда.

Юрагимга ботган кипригинг аро
Кўксимга тўкилар синиқ илинжлар.
Яна дийдорингга етгунимча то
Сочимда оқариб кетар соғинчлар.

Ҳавасим кўкарар остонанг қучиб,
Бекатлар ям-яшил армонга тўлар.
Ўзимни унутиб, ўзимдан кечиб,
Сенинг кўзларингда яшагим келар.

Исмингни ёзаман тонгда қуёшга,
Тунда тўлғонаман гуллардек беҳуш.
Менинг оловларим сўнмаган ёшда,
Сенинг кўзларинг туш…
киприкларинг туш…

Тутқин қуш сингари бандиликда дил,
Бунча хаёлларинг кенг осмон қадар.
Юраман, қаршимда ёлғизоёқ йўл,
Хазон ёмғирига чўмилган шаҳар!

* * *

Сенинг измингдадир жону жаҳоним,
Оташман, исёнман, ишқман бор-йўғи.
Нега кўзларимдан излайсан хато,
Ўзи бу дунёнинг қаери тўғри?!

Ҳаммадан қолган май қуйқаси ҳаёт
Гоҳи ҳуш, гоҳида йўлдан оғдирар.
Қумнинг заррасидан кичик коинот
Бошимга маломат тошлар ёғдирар.

Айланар чарх, тархи бузилган фалак
Қисматим кўзларин тўлдириб ёшга.
Нима гуноҳим бор кўнгилдан бўлак,
Оқлагувчим йўқдир Худодан бошқа.

Мени дилингга сол, жонингга яшир,
Азоблар, оғриқлар бариси ўтар.
Юрагимни кўмиб ишқзорларингга,
Қақроқ лабларимга тўкилсанг нетар!

ИСТИҒФОР

Кимлар, нималарга сарф этиб умрим
Кечганлиги учун сендан олисда.
Ошиқ бўлганлиги боис кўзларим
Бу дунёнинг ҳою ҳавасларига.

Бир нур илинжида баридан кечиб,
Фалакдан тушганим аро чоҳларга.
Хаёлинг шавқида сароблар ичиб,
Кўмилганим сабаб шунча оҳларга.

Ўзимдан бехабар, сендан бехабар,
Оламдан бехабар яшаганим чун.
Юрагимда қолган чоғирранг ишқнинг
Қонлари қонимда оққани учун.

Сўзлардан ахтариб ҳаёт тотини,
Кўксимни зардобга тўлдирганим чин.
Фақат ғам келганда арзу дод айлаб,
Ёдимга тушганинг учун кечиргин!

* * *

Гуноҳга ботибман яшаяпман деб,
Кўнглим кўзларини беркитибди ғам.
Шаффоф ёмғирларда покланаётиб,
Руҳимни тарк этди настаринлар ҳам.

Қизарган уфқдек ботар кўксимга
Кунлар саноғига етолмайин куз.
Шунча йилдан буён ёлғон дунёга
Нега келганимни билмайман ҳануз?!

Беҳуда эзилар хазон юрагим,
Қаерга чорлайди номаълум йўллар?
Бемақсад курашдан жуда чарчадим,
Билмадим, кимлигим қачон фош бўлар?!

Адашиб туйғулар тўполонида
Дилобар ҳисларим кўтарар исён.
Наҳотки, ишқим ҳам қиёматгача,
Қалбимда очилмай қолар ноаён?!

* * *

Бунча кеч юкиндим, бунча кеч топдим,
Майсалар оҳидан танидим сени.
Шунча йил ғафлатда кечган бу умрим,
Балки кечирилмас қиёмат куни.

Мўмин мусичалар, муслима гуллар,
Покдан-пок номингга сиғингани дам.
Мен осий бир ёрнинг ҳажрида ёниб,
Унутиб қўйибман борлигингни ҳам.

Қанча соя келиб-кетди ҳаётга,
Топмадим юзингдек бирор юз ёруғ.
Бу ёзган шеърларнинг абадиятга,
Битта хазончалик дахли борми, йўқ?!..

* * *

Шунча йил ким учун яшадим ахир,
Жонимни асрадим нимага узоқ?!
Чархи йўқ фалакдек айланиб тақдир,
Бахш этар кўз ёшу бир ҳовуч тупроқ.

Ўлим ҳам яшашнинг давомидай гап,
Бунча ғамларингда куйдирдинг бежон.
Дўстни-дўст, ёрни-ёр дедим… ҳаммадан
Фақат сенга яқин эдим, Художон!

Дунёда нима бор, ўзингдан абад,
Омонат лаҳзалар ўтар бирма-бир.
Аянчли туюлар хаслигим фақат,
Тупроғлигим оғир ботар негадир!

* * *

Сенга ёқаман деб, йўл топаман деб,
Ишқда, ибодатда адашмадимми?
Беозор майсалар кўз ёшин тўкиб,
Бир умр сўқирдек яшамадимми?

Дўзахми вужудим ёндираётган
Кўксимни куйдирган гул фарёдиму?
Ўзимдан ғанимдек ўч олаётган
Йўқотган қадримнинг ўчмас ёдиму?

Жавзо боғларида тентиган мезон –
Кўрган тушларимнинг ўнгимасмикан?
Ўзим билиб-билмай мен янчган хазон
Кимнингдир топталган кўнглимасмикан?

Бошимни пойингдан кўтаролмайман,
Кўзимдан тўкилар тун изтироби.
Яратган, аён эт, қалбимдаги ишқ,
Бу қайси дунёнинг гўзал азоби?!

ҚАЙДА ЭДИНГ

Қайда эдинг ўша олов йилларим,
Бағрим безаганда ишқ ғунчалари.
Чорлаганда олис манзилга йўлим,
Хаёлим ёққанда нур кечалари.

Қайноқ лабларимга югурганда ўт,
Яратган кўнглимга яқин келганда.
Уйғониб исмингни этганимда ёд,
О, нақадар жондан азиз билганда.

Ғамга ботганимда қайларда эдинг,
Орзу-ҳавасларим совурганда кул.
Совиб кетганимда бутун оламдан,
Бўшаб қолганида юрагим буткул.

Йўқлигингга ишонтириб ўзимни,
Тақдирнинг ҳукмига ташлаганим пайт.
Энди остонамда қайси юз билан
Жилмайиб турибсан, эй, нотавон бахт!

ОҚҚУШЛАР

Беш-олти ёш эдим чамаси
Кўлга олиб борганда бобом.
Бир тўп оққушларнинг галаси
Сув бўйида этарди хиром.

Юрагимда зарра ғубор йўқ,
Қамишзорлар чайқалар беғам.
Бир хил рангдан иборат борлиқ,
Қандай гўзал эди бу олам?!

Эртакларга тўла кўзларим,
Ғам нелигин билмасди ҳали.
Хотирамда қолгани шу зум
Зангор кўлнинг зумрад хаёли.

Англаб бўлмас қандайдир соғинч
Ва кўнгилни ўртагувчи зор.
Сиз ҳам сайр этганмисиз ҳеч
Қушлар билан дунёни бир бор?

Бобом, мен, кўл, бир ит овора,
Шундай кечар эди ёз, қишлар.
Болалигим эсласам дарров
Кўринади ўша оққушлар.

* * *

Кўнглини ром этмади шароб,
Шон-шуҳратга қўймади ихлос.
Бир хароба кулбада ё Раб,
Кун кўрарди авлиёга хос.

Тенгдошлари хаёлин мангу,
Банд қилганда ҳаёт, ишқ, тақдир.
Ҳаваслардан устун бир туйғу,
Фақат уни этганди асир.

Сездирмасдан чекарди қайғу,
Олисларга кўзини тикиб.
Бу дунёда яшар эди у,
У дунёнинг ғамини чекиб.

* * *

Балки, сизга шундай туюлар,
Ҳаммаси бир тушдек ноаён.
Самодаги зангори йўллар
Кўзларимда бўлар намоён.

Оч тўлқинлар чайқалар беҳол,
Ёнаётган шафақ кўйлаги.
Менга таниш кўринар шамол,
Ва дарёнинг нотинч юраги.

Қирғоқларга келганман аввал,
Қадим сувлар айлаган бунёд.
Чоғланганман яшашга ҳар гал,
Йўл бермаган бешафқат ҳаёт!

Ўшанда ҳам кўк тортган пушмон,
Замин борим сезмаган бир дам.
Чарх давворга боқаман ҳайрон,
Наҳот, қайта туғилган бўлсам?!

МУНГ ҚОЛАДУР

Бу қандайин ғамхонадур, ғамга қониб борадурман,
Дил риштасин узолмасдан, шамдек ёниб борадурман,
Дунё мендан, дунёдан мен азал тиниб борадурман,
Шу кетишда Ҳаққа етгум, қайдасиз э, кўнгли борлар,
Нуру зулмат орасинда ўзин излаб юрган хорлар.

Биздан олдин келиб-кетмиш қанча азал Мажнунлари,
Бу талх азобидан сархуш, ишққа ташна жунунлари,
Умримдан то қабримгача қоним ичар хунунлари,
Кўҳна олам сирларини ким мангуга англаб етмиш,
Анголмасдан ҳаёт рангин қайғуларга ранглаб кетмиш?!

Худо суйган бандадурман, ғусса билан сийламишдур,
Лойдан бино этган билан қалбим нурга бийламишдур,
Бир илоҳий дардлар бериб, ширин жоним қийнамишдур,
Ўзимдан топарсиз фақат ўзимдан ахтаринг мени,
Ҳил-ҳил пишиб чўққа тушган сўзимдан ахтаринг мени.

Асли дунё тоши енгил, юки оғир бозорлиғдур,
Тирикликнинг бори ёлғон, тортгани чин озорлиғдур,
Руҳимизни боғлаб турган ичимиздаги зорлиғдур,
Келинг, ишқдан минг бор ўлиб, яна қайта тириламиз,
Ердан баланд энг покиза хаёлларга бериламиз.

Кўксимдаги занглаб ётган занжирларни узадурман,
Айрилиққа чидолмасдан фалак чархин бузадурман,
Энди кўнгил сулҳин ёлғиз Оллоҳ билан тузадурман,
Ортимиздан қолса битта юзсиз даҳри дун қоладур,
Кўзимизда осмон қадар бир чиройли мунг қоладур.

Xurshid Davron kutubxonasi

- - -


< Orqaga qaytish