Шеърият

Бир оҳангман.   Насиба Аскар Ризаева.


Marta o'qildi

Бир оҳангман. Насиба Аскар Ризаева.

ЕРДАН ҚУЁШ ТОМОН
Қуладим қўлларим чўзилган кўйи,
Ердан қуёш томон қуладим бехос.
Балки, қўлларимни чўзганим – айбим,
Ернинг тортиш кучин тўхтатди қуёш.
Қўлларим чўзганча қулаяпман жим,
Бунча қаттиқ экан булутлар кўкси.
Нигоҳим жовдираб талпинар ерга,
Боғларим ортимдан термилар ўксиб.
Кўм-кўк товланмоқда ер шарим ана,
Зарралаб заррамга жойлайман рангин.
Очиқ кўзларимга сиғмас ҳадсизлик,
Сукунат чеҳраси бунчалар ғамгин.
Чексиз қўрқув қамрар чексизлик аро,
Охирим бормикан, охирим қаер?
Унинг бағримикан сўнгги манзилим,
Қачон тугар экан бу улуғ сайр?
Теграмда саноқсиз юлдузлар имлар,
Соғинчим совиди, хотирам толди.
Ҳамон ерга томон интилаётган,
Чарчоқ қўлларимдан хоҳиш йўқолди.
Лабларимни аста қоплади қиров,
Улгурмади сўнгги розини сўйлаб.
Тийрак хаёлларим кетди сочилиб,
Қоронғи ва совуқ коинот бўйлаб.
Киприкларим босди қиров бир текис,
Қошим ҳар толаси яхга дўндилар.
Қорачиғларимнинг қораси узра,
Қиров зарралари бир-бир қўндилар.
Энди неча аср музман шунчаки,
Неча ёруғлик йил қулайман ёлғиз?
Учган юлдуз каби топсайдим қўним,
Неча минг йил учар ҳар сўнган юлдуз?
Бўшаб қолди қалбим, бўм-бўш тафаккур,
На ўч бор, на ўкинч, қўрқув, ҳаяжон.
На алам, на қайғу, нафрат, изтироб,
Тоза вужудимда тозарганди қон.
Ҳеч нарсам қолмагач сабримдан ўзга,
Ногоҳ бармоқларим нурлана бошлар.
Лабларимдан қиров тўкилар дув-дув,
Ҳатто қорачиғда ялтирар ёшлар.
Олов қучоғида эримоқ учун,
Музга айланмоқ шарт эканми шунча?
Сукунат бир қўшиқ бошлар жилмайиб,
Уйғонар бир сархуш, ёруғ тушунча.
Қўлларим бутунлай айланди нурга,
Наҳот энди минг йил таратаман нур...
Неча аср эриб тугаркан вужуд,
Наҳотки шунчалар яқиндир ҳузур...
  *    *     *
БИР ОҲАНГМАН
1
Эй, дил,
Тўлин ойдан тўкилаётган,
Бир оҳангман,
Ҳовучингни тут.
Руҳим оппоқ кўксига ботган,
Бир фаришта
Чалаётир уд.
2
У куй чалар хаёлга толиб,
Дил ҳақида айтиб чаларди.
Бармоқлари тор узра ғолиб,
Бир чалганин қайтиб чаларди.
Кўзи йиғлар,
Лаблари кулар –
Қўлларидан бўлгандим озод,
Ой нурлари қучоқлаб қулар,
Нурки, мендек
Бу заминга ёт.
3
Ойнинг ойдин нуридан оппоқ,
Фариштанинг кўксидан оқман.
Тушунарми бу қаро тупроқ –
Қучоғида барибир тоқман.
4
Атай келдим бағрингга шошиб,
Эй дил, сен ҳам мендек оқ учун.
Нур бўйнида тушдим чирмашиб,
Фақат сен-ла қовушмоқ учун.
Муҳаббату ғазабларингни
Олиб, ойга кетурман додлаб.
Қувончингу азобларингни,
Фариштага элтурман ёдлаб.
5
Сенинг учун севиб чалинган,
Оҳангдирман танлаб олинган.
Ўйнашаман ҳисларинг ила,
Кулсанг кулдим,
Йиғласам йиғла.
Туйғуларинг селида оқдим,
Селга олов пуркадим – ёқдим.
Нега бунча титрайсан дилим,
Нигоҳингда...
Яширганинг...
Ким?
6
Оҳ...
Авайла...
Кафтингга қўндир,
Кўкка кўтар, ойимга етказ.
Фаришта ҳам кутаётгандир,
Озод бўлган жойимга етказ.
Ваъда бергум,
Фаришта чалган,
Мукаммал куй бўлиб қайтарман.
Сен кутган сўз – айтилмай қолган –
Севаман, деб,
Ўзим айтарман.
7
Тўлин ойдан тўкилаётган,
Бир оҳангман,
Ҳовучингни тут.
Руҳим оппоқ кўксига ботган,
Бир фаришта
Чалаётир уд.
 Шоиранинг Файсбук саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish