Мақола

Океан ортидан мактублар.    Алишер Айматли.


Marta o'qildi

Океан ортидан мактублар. Алишер Айматли.

Бор
Кимнинг қичқириғи, кимнинг наъраси,
Ҳар дониш ёнида бир ғалча бордир.
Туғилмоқдан токи ўлим ораси –
Бомдоддан шом қадар бир йўлча бордир.
Замоннинг кишиси бўлма қадрдон,
Ҳақнинг ҳукми билан эврилсин замон,
Ростнинг жиловини қўйма ҳеч қачон,
Ёлғоннинг қудрати бир филча бордир.
Қорни ва кўзининг нафси – нияти,
Сўзфурушлик қилар, йўқдир уяти,
Қилган ишларининг бори қиймати,
Имомга аталган тугунча бордир.
Олдин мафкуранинг раиси бўлар,
Кейин маданият сайиси бўлар,
Сўнгра адабиёт даюси бўлар,
Қилган иши танглай ва тилча бордир.
Кўринмайди бугун дўстнинг қораси,
Борми уни асраб қолиш чораси?
Дўстларим, дўст билан дўстнинг ораси,
Ажралишга мойил бир қилча бордир.
Жалол дўстим бўлар, Исматилла дўст,
Юсуф укам бўлар – йўқ ҳеч каму кўст,
Эй сен бир вайсақи, ташлайверма пўст,
Сенинг юзинг куйган бир кулча бордир.
Мен бир мусофирман, элдан узоқда,
Гоҳ озод оҳуман, гоҳо тузоқда,
Сигирнинг қарзи бор, ахир, бузоқда,
Мен учун Бўзсув ҳам бир Нилча бордир.
Арман ёмон дейди, тотор – ёмонлар,
Ўз юртини доим сотар ёмонлар,
Ким бўлсин, гуноҳга ботар ёмонлар,
Шавкат Раҳмон айтган қотилча бордир.
Юртимни соғиндим, борми чораси,
Аймат, бу – кўзимнинг оқу қораси,
Шунда шифо топар кўнглим яраси,
Алишер юртига бир қулча бордир.
Хастаман, узоқдир йўлнинг ораси,
Айтинглар, хастанинг недир давоси?
Биламан биргина унинг шифоси –
Ўзбек деган улуғ бир тилча бордир.
  *                  *                   *
Даҳрийнинг совғаси
Яшар эди бир аёл,
Камбағалгина, ночор.
Аммо иймони собит,
Аллоҳдан умиди бор.
Болаларин қолдириб,
Ҳар кун ишга кетарди.
Ишлаб топгани зўрға,
Овқатига етарди.
Бир куни иситмалаб,
Ётиб қолди бечора.
На юришга ҳоли бор,
На ишлашга бор чора?
Озиб кетган, кўрсангиз,
Ўйлайсиз тирик мурда.
Уйида қолмаганди,
Ҳатто нон ҳам бир бурда.
Соппа-соғ эди кеча,
Бугун не бало боқди...
Ноиложликдан аёл,
Радиога сим қоқди.
Шукур қилиб кўз тикди,
Бир мужда бўлса шояд.
Аллоҳдан мадад сўраб,
Қолдирди мурожаат.
Ҳаттоки таҳририят,
Ходимлари ачинди.
Аммо битта тингловчи,
Бу аҳволдан ғижинди.
У ўта даҳрий эди,
Ишонмасди Худога.
Кўзини парда қоплаб,
Ҳирс қўйганди дунёга.
Шу боис у аёлни,
Синаб билмоқчи бўлди.
Аниқроғи, устидан,
Мазах қилмоқчи бўлди.
Котибасин жўнатди,
Супермаркетга шошиб.
Котиба тезда қайтди,
Бозордан тўлиб-тошиб.
Сумкаси тўла гўштга,
Нон, қатиқ ила қаймоқ.
Турли хил ширинликлар,
Ва қайноққина қуймоқ.
Дори-дармон аёлга,
Ҳам иссиққина таом.
Болаларга ўйинчоқ,
Хуллас, зўр совға-салом.
Котибага дедики,
Тезда бориб-қайтасан,
"Кимдан бу?" деб сўраса,
Шайтондан, деб айтасан.
Шунда аён бўлгуси,
Аллоҳга муҳаббати.
Иймони неча пулу,
Ихлосининг қиймати.
Совғани олиб аёл,
Кўкларга етди боши.
Ёқасини ҳўл қилди,
Кўзидан оққан ёши.
Шукур, дерди тинмасдан,
Қизни дуо қиларди.
Минг бор ўпиб-ўргилиб,
Яхшиликлар тиларди.
Қайтар чоғи котиба,
Аёлга деди: "Балким,
Билишни хоҳлайдирсиз,
Совғанинг соҳиби ким?"
Аёл деди: "Аслида,
Бу муҳим нарса эмас.
Илтижоимни Аллоҳ,
Эшитди, шу менга бас.
Аллоҳим деганларга,
Аллоҳ сояси тегар.
Аллоҳдан амр бўлса,
Шайтон ҳам бўйин эгар!"
   *        *        *

  "Қирққа кириб қўйдингми, болам?!

Бугун бош фарзандим – Жаҳонгиржоннинг таваллуд топган куни! Эсимда, 1982 йил 12 декабрда Сирдарёдан юк поездига ўтириб, бир ярим суткада Навоийга етиб олдик. Поездда мен ва хотиним. Хотиним ҳомиладор. Чунки ўша йили Навоий вилояти очилиб, мени ўша ёққа жўнатганди. Янги йилдан вилоят газетаси иш бошлайди.
Вокзалга яқин жойдан ижарага уй топдик. Ҳайҳотдай уй. Совуқ. Қалин қор. Уй исимайди – чақиб оламан, дейди. Саксондан ошган кампирнинг хотинимга қараб раҳми келди, чоғи, ўзининг каталакдай уйига таклиф қилди. Чарчаганимдан совуқни ҳам сезмабман – уч-тўртта кўрпани ёпиниб, қотиб ухлаб қолибман. Ярим оқшом кампир уйғотаяпти – тур, ҳамсоянинг телефонидан “Тез ёрдам” чақир, тўлғоқ тутди.
Мен кийиниб бўлгунча, “Тез ёрдам”келди. Ўзим билмаган шаҳарнинг ичкарисига кетдик. Хотин кириб кетди, мен кўчада совуқда қолдим. Бироз турдим, совуқ ўтиб кетди. Ўша ердаги ҳамширага айтиб, уйга кетдим.
Эрталаб кампир тухум қовуриб берди. Туғруқхонага келдим. Туғруқхонадаги ҳолатимни ҳамма томоша қилди. Мен бола ҳали туғилмаса керак, деб ўйлаганман, шекилли, чақалоқ пайда бўлганлигини эшитиб, турган жойимда сакрайверганман.
Хуллас, 14 декабрни ҳар йили байрам қиламиз. Кампирнинг маслаҳати билан чақалоққа Жаҳонгир деб исм қўйдик. Амма совуқ бўлганлиги учун қайтиб кампирникига бормадик. Шаҳардан бошқирд татар кампирнинг уйида яшадик.
Биз Тошкентга кўчиб келганда Жаҳонгир 1-синфга борарди. Тўртта фарзандим ҳам Навоийда туғилган. Қолганлари Тошкентда ўқишди.
Хотиним Навоийда мактабда дарс берарди. Тошкентга бориб ишламади. Фарзандлар тарбияси билан шуғулланди. Мен эртадан қора кечгача ишда бўлардим. Газетанинг қора меҳнати бизни қаритди, ёзадиган нарсаларни ҳам ёзмадик. Умрнинг бир тутам эканлигини ҳис қилолмадик. Жўралар билан у қиз ундай, бу қиз бундай қабилидаги бетайин суҳбатлар билан кайфиятимизни чоғлаб юрдик.
Алал оқибат, мана, ўғлимиз бугун қирқ ёшга тўлди. Халқ тили билан айтганда, инязни битирган, сўнг Англияга бориб ўқиди, Сўнг Сингапур университетида магистратурани битирди. Банкир. Ишлари яхши. Дунё кўрган йигит эмасми, Нью Йоркка келиб, бу шаҳар ёқмаганлигини айтди.
Отаси етим ўсиб, ижарама-ижара яшаган эди, ўғли Тошкентда мана-ман деган ҳовлида яшайди, ҳатто синглиси ҳам. Омадини берсин!
Кеча синглиси Ҳулкар банкда яхши ишлагани учун Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан рағбатлантирилибди, махсус нишон билан тақдирланибди.
Ўғлим, қирқ ёшинг муборак бўлсин! Соғ-саломат бўл! Фарзандларингнинг роҳатини кўр, мартабанг улуғ бўлсин! Уканг, сингилларинг сенинг ортингдан юришини унутма. Уларга намуна бўл! Фарзандларингни ўқит, касб-кор бер! Японлар айтганидек, балиқ тутиб берма, балиқ овлашни ўргат!
Илойим, умринг узун бўлсин!
Тарихни эсладим. Ўтган умримизга назар солдим. Онангнинг сени кўтариб, автобусма-автобус, поездма-поезд, самолётма-самолёт юрганликлари эсимга тушди ва гап сўнгида “Бола кўтарган аёл” номли шеъримни қўйгим келди:
Бола кўтарган аёл
Бир бола йиғлайди учоқда тинмай,
Ёнида опаси икки ёш катта.
Опичлаб олгандир онаси, ҳай-ҳай,
Қани энди кўнса йиғлоқи, шадда?!
Бола тинмай йиғлар, қўллари қақшаб,
Ҳатто оёқлари толди онанинг
Бола йиғлар худди касалга ўхшаб,
Минг бир хавотирга солди онани.
Бола йиғлар, ота парвойи палак,
Бир четда кўзини юмгунча ётар.
Овозини ўчир, дейди, ҳой сўтак,
Аҳён ва аҳёнда хуррак ҳам отар.
Ўксинма, бу одат онангдан қолган,
Майлига қўлларинг, оёғинг толсин.
Ўзини замоннинг зайлига солган,
Қўлида боласи йўқлар уялсин!
Эй номарди олам, сиз шуни билинг,
Кекириб юргунча тўйиб куксига.
Пойига гул сочинг, тавбалар қилинг,
Унвонлар тақингиз унинг кўксига.
Нега жим турибсан, ҳой, ҳайкалтарош,
Жилов топилмасми ўжар хаёлга.
Кел, ҳайкал тиклайлик, кўзларида ёш,
Боласин кўтариб турган аёлга!
Нега жимсиз, ўзни уйқуга солиб,
Ақл қайнайдиган азиз бошида.
Йиғлаган фарзандин кўтариб олиб,
Инграб чопаётган Она қошида!
Бу ўлик дунёда тириклар ҳам бор,
Кўриб, ҳавас қилсин жумлаи башар.
Ўксинма жон синглим, ўксинма зинҳор,
Бу ўлик дунёда тириклар яшар.
Майлига йиғлоқи, майлига сергак,
Шундай парваришлар асли ниҳолни.
Фақат севиш, бошга кўтариш керак,
Боласин кўтариб турган аёлни!
  Алишер Айматли.
  Шоирнинг Фейсбук саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish