Шеърият

Илк бора ҳайратга бўлдим ғарқ.   шеърлар.  Амирқул Пўлкан.


Marta o'qildi

Илк бора ҳайратга бўлдим ғарқ. шеърлар. Амирқул Пўлкан.

 

Мен тупроқ маҳсули аталдим,
У мени заррадан яратди.
Гоҳида қаърида лол қолдим,
Гоҳида устидан қаратди.
Мен тупроқ маҳсули аталдим.
Илк бора ҳайратга бўлдим ғарқ,
Ғарқ бўлди уммонлар ва денгиз.
Шимоллар, жанублар, ғарбу,шарқ,
Наздимда ёзилди қаламсиз,
Илк бора ҳайратга бўлдим ғарқ.
Ниҳоят ақлимни куйладим,
Силадим тупроғим бошини.
Осмонни ва ерни ўйладим,
Яратдим меҳнатнинг қўшиғин,
Ниҳоят ақлимни куйладим.
Оҳ, энди онгимга асирман,
Қўлдадир замин ҳам, олов ҳам.
Ўйласам ўт бўлиб исурман,
Қўрқаман қўлдаги оловдан,
Оҳ, энди онгимга асирман.
1969.
 
**            **                  **
Пўлкан шоирга
Ҳар тонгда бобомни кўргандек,
Сувратин зиёрат этаман.
Қаршимда жилмайиб тургандек,
Ишга ҳам хушланиб кетаман.
У фақат рост гапни сўйларди,
Ёдимда, сўнгги бор кўрганим.
У фақат юракдан куйларди,
Мен ундан куйлашни ўргандим.
Уфқлар кўзимни толдирди,
Йилларнинг измила ўзгардим.
У менга кўп нарса қолдирди,
У мерос қолдирди шеър дардин.
1968.
   **                          **                      **
 
Оқшом
О, бу кеча ажойиб оқшом,
Асир этар ойнинг жамоли.
Мен хурсандман,сарҳушман бу дам,
Эсиб турар баҳор шамоли.
Сайр этаман хиёбон узра,
Қалбимда бир исмсиз қўшиқ.
Ғилдиракдек айланар курра,
Учгим келар дунёлар ошиб.
Чироқлардан қамашар кўзлар,
Япроқларда шуълалар қат-қат,
Оқшом ўзи бир эртак сўзлар,
Ишқ ва бахтдан сўзлар у фақат.
Севишганлар кўнглини ёзар,
Ишқ олами нақадар кўркам!
Тўп-тўп юлдуз самода кезар,
Хиёбонда кезаман мен ҳам.
Тонгда бирпас тин олар куйлар,
Аллақайда жаранглайди жом…
Сўнг қуёшга кўмилар ўйлар,
Ўзга юртга жўнайди оқшом.
1968.
**                **               **
Қаддингдан
Парилардан ҳуснинг минг бор зиёда,
Васлингни деб кездим пою пиёда.
Излай-излай охир топдим дунёда,
Садоғангман, бир назар қил,қаддингдан!
Тонглар отди, кунлар ботди, кўрмадим,
Ҳажринг билан баҳор ўтди, кўрмадим,
Қушлар келиб, учиб кетди, кўрмадим,
Кулбам сари бир гузар қил, қаддингдан!
Ой деса - ой, кун деса - кун, дедилар,
Дунёда йўқ бағри бутун дедилар,
Шоир халқи мисли мажнун дедилар,
Майли, мени сарбасар қил, қаддингдан!
Ишқ майидан тотдим, аммо тўймадим,
Осмон - узоқ, ер - қаттиқ, деб куймадим,
Қайда бўлмай, фақат сени ўйладим,
Ёмон сўздан сен ҳазар қил, қаддингдан!
Неча йилки, бахтим сира кулмайди,
Гоҳ сен келсанг, гоҳо омад келмайди,
Энди сенга етишмасам бўлмайди,
Ҳажрингни сен мухтасар қил,қаддингдан!
 
 
Саодат Пўлканованинг Фэйсбук саҳифасидан олинди. 

- - -


< Orqaga qaytish