Шеърият

Ўғлимга мактублар. Шеърлар.          Карим Баҳриев.


Marta o'qildi

Ўғлимга мактублар. Шеърлар. Карим Баҳриев.

Ёзилаётган китобдан парча
Болам, уйимиз, оиламиз номусини асраш бурчимиздир.
Уйдан кўчага чиққанда ва дунёга чиққанда билгилки, барча аёлларни ҳурмат қилиш, номусини асраш, эҳтиром қилиш эркаклик бурчимиздир. Барча оналарга – ўз онамизни ҳурмат қилгандай эҳтиром қилишимиз керак, барча аёллар ва қизларга, опа-сингилларга – ўз аёлимиз ва қизларимизга, опа-сингилларимизга бошқалар қандай муомала қилишини истаганимиз каби муомала қилмоғимиз керак, уларнинг ору номусига қалқон бўлишимиз лозим.
Бир инсон кўчадаги бегона бир инсоннинг номусини қандай авайлай олади, деб сўрарсан. Сенга бир дўстим айтган воқеани айтиб бераман:
“Бир куни ошхонада таомланиб ўтирар эдим. Бир қирқ ёшлардаги эркак аввал қўл телефонни олиб гаплашди, кейин ўрнидан турди:
-Ўртоқлар, мен ўйланиб, ўн саккиз йилдан бери фарзанд кўрмадим. Ҳозиргина туғруқхонадан шифокор аёл телефон қилди – ўғиллик бўлибман. Бошим осмон қадар юксалди. Эй, ошхона соҳиби, шу ердаги ҳар бир инсонга иккитадан шашлик келтир. Ҳақини мен тўлайман!” – деди.
Ҳаммамиз у эркак учун хурсанд бўлдик.
Уч кунлар ўтгач, шу эркакни кўчада “Ўғлим, юра қол!” деб етти ёшлар болани етаклаб кетаётганини кўриб қолдим. Боласи бўлган экан-ку олдин ҳам?! Яқинига бориб, ўша кунги воқеани сабабини сўрадим. У шундай тушунтирди: “Ўша куни таом еб турсам, бир оқ соқолли эркак ва унинг кампири ошхонага кириб, иккита шўрвага буюртма беришди. Лекин аёли: “Адаси, шашликнинг ҳиди димоғимга урилди. Иккитагина шашлик олиб беринг. Шашлик емаганимга ҳам кўп вақтлар бўлди”, - деди. Эркак эшитилар-эшитмас овозда: “Фотима, ҳозир пулимиз фақат шўрвага етади, сабр қил...” – деб шивирлади. Кейин мен...”
-Ахир, сиз ўша эркак ва аёлгагина тўртта дона шашлик олиб берсангиз етарди-ку.
-Унда ўша эркак аёли олдида ва ҳаммамизнинг олдимизда уялиб қоларди. Унинг номусини ўйладим”.
Эркаклик номуси...
Мана, бир эркак бошқа бир юртдоши, миллатдоши бўлган эркакнинг, умуман бир инсоннинг номусини ҳимоя қилиши мумкин ва лозимлигини билдинг. Сенинг кўчадаги эркаклик бурчингнинг бири эди бу.
Оиланг, хонадонинг ва юртдошинг номусидан кўтарилиб, сен ҳимоясига масъул бўлган буюк юкимиз - туркий миллатимиз, қадимий шавкатли давлатимиз ҳамда бегонага қилинган табассумни ҳам садақа ва савоб санаган мубин динимизнинг шарафи ва номусини ҳимоя қилишга бурчли эканимиздир.

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан.

Менга ҳам аталган бир қатим нур бор,
Ҳаво бор – тўлдирдим кўкракларимни.
Яна етиб келдим ўзингга, баҳор,
Офтобинг иситди суякларимни.

Бўлди, адо бўлди тизгинсиз қувват,
Энди сиғинарман мен ўз ғоямга.
Энди ўз ёғимда қоврилгум фақат,
Салом бергум фақат мен ўз соямга.

Мени кечирингиз, ўқимас, майли,
Бировга ёқмаса ғамангиз сўзим.
Билдим, қутқаролмас одамни одам,
Агар қўл чўзмаса Аллоҳнинг ўзи.

Тупроқнинг хуш иси, қушлар чуғури,
Майсалар шивири дилимга яқин.
Туғилган ҳар киши дам ўтган сари
Секин бораверар ўлимга яқин.

Туғилмаган ўлмас, ўлар туғилган,
Туғилган онингдан ёй тортди тақдир.
Кўз очган заҳотинг бир ўқ отилган,
Умринг – шу ўқ келиб топгунча вақтдир.

Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.

1992 – 2011

ШУЛ МАМЛАКАТДА

Наҳот бағринг тилинган эмас,
Элнинг дарди билинган эмас,
Ҳақорат гар шул мамлакатда
Шеърларинг ман қилинган эмас.

Қора рўйхат боқсалар эди,
Қўлга кишан тақсалар эди.
Ҳеч бўлмаса ёзганларингни
Гулханларда ёқсалар эди.

Золимлари амалдан банги,
Халқ сукутда, улкан сабрда…
Ким ростгўйдир – қамоқда банди,
Ким ҳалолдир – ётар қабрда.

Ким жасурдир – ўққа учибди,
Ким ботирдир – қафасда барбод.
Уяласан – ҳануз тириксан,
Уяласан – сен ҳануз озод.

Дорга томон бошинг кўтарсанг,
Гулчамбарни ёпар оломон.
Кўкрагингни ўққа тутарсан,
Шақирлатиб тақарлар… унвон.

1990

ИЛТИЖО

Руҳим, энди шу саҳар тирил,
кўзим, тоза гулларга қара –
улар ҳозир байроқдай қизил,
юрагимдай бағри қон, яра.

Руҳим, энди шу тонгда қўлла,
ўтиб кетар бошимдаги ғам,
қара, ўтиб кетмасдан гуллар,
учиб кетмай баргдаги шабнам.

Пок нурларни тўйиб симиргин,
ўтиб кетар дайди шаббода,
кўриб қолгин: бир қатим ёғду
бир сен учун ўйнар ҳавода. …

Тўхтанг, гуллар, шуълалар, сабо,
учиб битма, баргдаги шабнам –
ўтиб кетар, ахир, сизларга
боқиб йиғлаётган ана шу одам.

1984

ТИЛСИМЛИ ДУНЁ

Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар.

Бунда сувлар шилдираб мангу
қучиб ётар тупроқни хушбахт;
бир тонг зангор гулбарг бўлар-у,
шовуллайди шамолда дарахт.

Бунда бари дилбар ва ширин,
тирикликка тўймас — дил ярим…
Юртдошларнинг қалбига яқин
йўлни излаб ўтар кунларим.

Фақат оқшом жимирлаб само
хаёлимга қуяди бир ғам –
мен севган шу тилсимли дунё
кирмас сенинг тушларингга ҳам.

1984

ЭВРИЛИШ
Турғун даврга чизги

Бугун Азон эмас, уйғотар Гимн,
Масжидга киришга патта керакдир.
Совутларни қўйдик йўлакка тўшаб,
Куллиётни қозон тагига ёқдик.
Энди ўт тулпорлар югурмас кишнаб,
Отни сўйиб едик, шунақа ишлар.
Жанггоҳларга пахта экиб ташладик,
Музейларга тушди кескир қиличлар.
Кесилиб қоғозга айланди изсиз
Шоирлар «сарвқад» деб ёзган чинорлар –
Уларга битилди дунёқарашни
Шакллантирувчи илғор шиорлар.
Демак, сиз бекорга турибсиз ҳуркиб,
Ҳеч ким уйғонмади биз айтган сўздан.
Бугун ўлтирибмиз чивинни қўриб,
Энди қўрқмаса ҳам бўлади биздан…

1983

Материаллар Карим Баҳриевнинг Факсебук саҳифасидан ва интернетдан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish