Саломат Вафо асарлари

Қора байроқлар.   янги ҳикоя.     Саломат Вафо


Marta o'qildi

Қора байроқлар. янги ҳикоя. Саломат Вафо

.

         ҳикоя  

Уфқ қип-қизил алвон бўлиб,қуёш ғалати алфозда осмонда муаллақ осилиб турар,ер билан само туташган жойда чангми,булутми айланиб кўкка ўрларди.Борлиққа жаранг-журунг,тарақ-туруқ,”урҳо-ур” деган товушлар,шовқинлар янграрди.Каскан ва зирхли кийимлар кийган жангчилар майдонда от чоптирарди.  Чанг-тўзон кўтарилган жойларда шамолда турли хил рангдаги байроқлар,туғлар ҳилпирарди.

   Бирдан  атрофга шовқин солиб карнай-сурнай ва довул товуши янграрди.

“Ғата-ғут..иии..ииий...гумм..гумм..”.

   Карнай-сурнай  “ғата-ғутлаб”,довул  “гумиллаб” уриларди.Бир зум борлиққа оний сукунат,чўкиб уришаётган тамонлар тараддутлангандай тўҳтади.Улар бир муддат  чалинаётган ўнлаб карнай-сурнай ва довул овозига қулоқ тутиб туришди.

”Ғата-ғут..ииий”.

    Сўнг яна шиддат билан  йўналиб,отлар бир-бирининг устига ташланишди.  Қора байроқлар тобора баландроқ  ҳилпирарди,қилич ва қалқоннинг жаранг-журунги  кўкка ўрлади.

     Жалолиддин тепалик устида байроқдорлари билан жанг ҳаракатларини кузатиб турарди.Унинг боши узра қора байроқлар ҳилпирарди.

-          Ўрта фавж, - дея амр қилди у.

   Мўғуллар босқинчилик урушлари мабойнида биринчи марта Ирғиз дарёси қирғоқлари тамон чекинди.Жалолиддин аскарлари  музёрар кемадай шиддат билан ёв қўшнини ёриб,икки ёнга айириб илгарилар эди.Урдунинг марказий қисмида хотин-қизлар ҳам жанг қилар эди. Қўмондоннинг буйруғидан сўнг ўрта фавж ҳаракатга келди.Хотин жангчилар  ўримли сочларини бошига йиғиб шерозий папахларини бостириб кийиб олган эди.Қизлар эркаклардан қолишмаган ҳолатда шундай чапдастлик билан жанг қилардики,уларни эр жангчилардан ажратиб бўлмасди.

  Жанг суръонини  Чингизхонга асир тушган Туркон хотин шу яқин орада эшитиб ўтирар эди.У ўтов олдида сарғайиб ўйга толган  эди.Оёқларида занжирлар шилдирар эди.Хўрлик,изтироб,алам,оғриқлардан қотиб қолган нигоҳи  билан атрофга бефарқ қарар эди.Мўғулларнинг ора-сира гап-сўзидан Ғазна шаҳри яқинида жанг бўлаётганини англар эди.У жуда чанқаётганидан кўзларини умид билан ўтов эшигига тикарди.Бу ўтов Чингизхоннинг катта хотини Бўртаники эди.

   Жалолиддин лашкарлари душманни Ғазна шаҳридан суриб чиқарди.Ғазнага киришдан олдин Жалолиддин жангга минг аскар урдусини ташлади.Тепаликда жанг суръонини кузатиб турарди.

-          Мингаскар. Бос,арслонларим,-деди уларни жангга йўллар экан.

-          Тангри мададкор бўлсин,-деб ҳайқирди зирхли кийимларини шиқирлатиб минг аскарлар.

Улар белларига боғланган юпқа дамли қиличларини шиғға суғуриб,қалқонларига жаранглатиб урдилар.

-           Султоним хизматингдамиз.

  Жалолиддин Хоразмшоҳ лашкарлари Ғазна қалъаси дарвозаси олдидаги майдонда саф тортиб турар эди.Карнай-сурнай чалинди.Довуллар гумиллаб урилди.Байроқлар,туғлар хилпиради.Отлар эгар-жабдуқларини шақирлатиб пишқириб,кишнарди.Қўмондоннинг амридан сўнг қўшин марказидаги фавжлар  ҳаракатга келиб,сўл тарафга жойлашган мингаскар  қўзғолди.Довул  жангга чорлаб “гум-гум” урилди. Улар марказдаги отлиқлар қуршовида илгарилади.Мингаскарнинг қўлларидаги дами кескир,юпқа,узун Исфахон қиличи қуёшда ялтирар эди.

   Зирхли кийимлар кийган мингаскар лашқарлари душманга даҳшат соларди. Улар қалқонларини зич тутиб,отлиқларни ҳам писанд қилмасдан олға босишарди.Мингаскарнинг қадами ерга гурсиллаб урилиб,қилич-қалқонлари жарангларди.Зирхли аскарлар дарё сувларидай тошиб атрофга ёйиларди.Душман тарафдан “мингаскар,мингаскар” деган қўрқинчли ҳитоблар янграрди.

    Ғазна шаҳридан унча узоқ бўлмаган жойда Чингизхон  урдусида оқ ўтов олдида бир замонлар подшоҳ бўлган хотин забун ўтирарди.Урушда Хоразмшоҳнинг ғалабаси мўғулларнинг ички ҳаётига таъсир қилар эди.Улар шошилинч билан  ўтовларини қаергадир кўчирмоқда эдилар.Шунинг учун кишанланган подшоҳ хотинни майдон четига қуёш тиғига ўтирғизиб занжирини қозиққа боғлаб қўйишди.Хотиннинг сочлари тўзғиган,амалдорлар,подшоҳлар қабулига киядиган тахё,жиғаларидан асар ҳам йўқ эди.Ойлар давомида ювинмаганидан бошида пашшалар ғужғон ўйнар эди.Атрофга тер аралаш шиптир хиди тарқаларди.Унинг кўзлари жанг бўлаётган сарҳатларга маъносиз тикилган,юзида оғир изтироб ифодаси қотиб қолган эди.

  Шу он унинг қаршисида ёғоч товоқ кўтарган,узун кўйлак кийган хотин пайдо бўлди. У бўғирсоқ солинган товоқни махбуснинг олдига қўйиб “ол,е”деди.Дам ўтмай у сархумда сув кўтариб чиқди.Махбус хотин сувни ютоқиб ичаман деб, қўллари қалтираб тўкиб юборди.

    Бу ўзини қандай фалокат кутаётганини билмаган Чингизхоннинг катта хотини Бўрта эди.Емакларни хизматкор хотинлар олиб чиқиб юрса ҳам,бўғирсоқни Бўртанинг ўзи олиб чиққан эди.

    Қалъа дарвозаси очилиб ичкаридан чиққан душманнинг отлиқ ва пиёда қўшимча кучлари Жалолиддин лашкарлари томон ташланди.Яна Жалолиддин тарафда  карнай-сурнай чалинди.Ноғоралар,довуллар “саваш,саваш” дея  гумбирлади.

   Жалолиддин Хоразмшоҳ тепаликдан отилиб тушди.У от чоптириб келув бодига ёв лашкарбошиси билан юзма-юз бўлди.Мўйна тумоқ кийган улкан бошда қаҳрли қисиқ кўзлар ёнарди.Афтидан у Чингизхоннинг ўғиллари,ёки қариндошларидан бири бўлиб кўкрагида катта нишон ялтирар эди.Отлар ҳам жуда яқин келиб қиличлар бир-бирига урилди.Душман лашкарбошиси ҳам номи тилларда достон бўлган,мардлиги билан отаси Чингизхонни ҳам ҳайратга солган Жалолиддин Хоразмшоҳни жуда  яқиндан кўрди.Султон чиндан афсонавий паҳлавон эди.У елкаси кенг зирхли кийимда,баланд тутган қиличи ва касканли боши порлаб нур сочар эди.Иккала саркарданинг қилич ва қалқонлари бир-бирига урилди.Жалолиддин чапдастлик билан айланиб,бир уриб душманнинг қўлидаги қилични туширди.Ёв саркардаси бир муддат қотиб қолди.Жалолиддин ёвга шавқат қилиб иккинчи зарбани бермаганидан сўнг у Ирғиз дарёси томон қочиб кетди.

Сафлар аралаш-қуралаш бўлиб кетди.Яна мингаскар майдонга чиқди.Улар бири ўнлаб,юзлаб лашкарларга тенг келадиган номи билан мингаскар эди.Мингаскар ўрама усулини қўллаб,ёв жангчиларини ўраб олар,исфахоний қиличлар билан сермаб қириб ташлар эди.Ерда ётган майитлар кўплигидан отлар юра олмай қийналарди.Кўкда қуёш чанг-тўзондан хира тортган эди.Хотин-қиз лашкарлар Жалолиддин отларининг ортида туриб жанг қилар эди.Улар сассиз-садосиз кўринмас буйруқ берилгандай қилич сермашарди.

-          Бос,арслонларим,- дея ҳайқирарди зирхли кийимли,ўттиз ёшларидаги  Жалолиддин.

Жалолиддин лашкарларининг қўли баланд келганда байроқлар янада мағрур хилпиради.Ёв лашкари қочиб кетган лашкарбоши изидан дарё томонга чекинарди.Жанг суръони авжига чиқди.Карнай-сурнай янада тантанавор янграб,довуллар гумиллади.

   Урушлар тарихида биринчи марта Жалолиддин Хоразмшоҳ Ғазна шаҳри ёнида мўғулларни мағлуб қилган эди.

Қуёш тиғида ўтирган аҳволи забун  подшоҳ хотиннинг атрофида болалар қийқириб ўйнашарди.Унинг яқиндагина қирқиб ташланган узун  сочлари илондай тўлғониб тупроқда ётарди.Шу ерда дайдиб юрган итлар ҳам сочни искаб нари кетишарди.Бир замонлар подшоҳ бўлиб ярим дунёни сўраган хотиннинг аҳволи оғир эди. У  набираси Жалолиддинни ўлдиртириш учун қипчоқ бекларига мактублар ёзганидан ҳар кун юз маротаба   пушаймон қилар эди.Агар Туркон хотин  ўғлини қўллаб Жалолиддинни тахт вориси қилганда,тақдир китоби янгидан ёзилиб,у бу хўрликларни кўрмаган бўлармиди.. 

  Бўрта энди подшоҳ хотинга бўғирсоқ олиб чиқа олмайди.Уни Ғазна қалъаси мағлубиятидан қаҳрга минган Чингизхон буғиб ўлдиртирган эди.Бўрта бу қон оқаётган ўтовларда подшоҳ хотинга раҳмдиллик билан қарайдиган ягона хотин эди.

   Ғазна қалъаси дарвозаси олдида Жалолиддин Хоразмшоҳнинг қора байроқлари баланд хилпирарди. Дарвоза олдида сафга тизилган ўнлаб карнай-сурнайчи ва довулчилар  тантанавор  ғалаба  созларини чалишар эди. Ғолиб қўшинлар,мингаскарлар,сочлари ёйилган жангчи хотинлар саф-саф бўлиб қалъа дарвозасидан кириб боришарди.Осмон тоқида урушлардан ҳурккан қушларнинг,шовқинли дарёларнинг,карнай-сурнай ва довулларнинг  ғолиблик мусиқалари янграр эди.

     25 июль 2023 йил.

      Тошкент.

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish