Шеърият


Marta o'qildi

"Бир қўшиқман.."...янги шеърлар. Мансуржон Хўжаев.

Бир зарраман,
қумдин кичик,
саҳроларнинг қайғуси бор,
.
Бир зарраман,
кўксимда Ҳақ,
илоҳий Ишқ мубталоси,
Бир қўшиқмен,
янграр илҳақ,
боқий дилнинг оҳ садоси...
Бир зарраман,
бир томчиман,
киприкларда илинган ул,
Бир булбулман,
бир қушчаман,
кўзларимга яшринган Гул...
Бир зарраман,
миллион дардман,
дунёларга сиғмаганман,
Бир қатраман,
ўтли фардман,
самоларга сиғмаганман...
Бир зарраман,
бир томчиман,
саҳроларга ёмғир бўлган...
"Қумнинг заррасиман, аммо саҳронинг дардини ташийман" Жалолиддин Румий
     *                *                   *
Ҳаммани кулдирар баъзида сўзим,
Ичига йиғлаган кўзларим бордир,
Сизга кулиб турган, меҳрли кўзим,
Сизга айтолмаган сўзларим бордир...
Дардимнинг чангини босар кўз ёшим,
Тошиб кетган дилга тўғон кипригим,
Бахтиёр кўриниш бари ёлғондан,
Бир қоп устухондир асли тиригим...
Не сирлар ичимда, не не ҳасратлар,
Неча ҳақиқатлар ётар ивирсиб,
Ҳаётдан топмадим, на нур, ҳайратлар,
Юрагим бормоқда, илвираб, қуриб...
Ичимдан тугаб бораётирман,
Қисқариб бормоқда умрнинг шами,
Гоҳ ёниб, гоҳ тутаб кетаётирман,
Милтирар кўзимда Қисмат шабнами...
Сиз кулиб ўқиган жумлани балки,
Кўзимда ёш билан ёзаётирман...
*                 *                          *
Қани сумбат савлатинг,
Қани молу давлатинг,
Қани дину, миллатинг,
Нимангга кериласан...
Қани қизил тилларинг,
Қани ўтли дилларинг,
Қани амал, пулларинг,
Нимангга кериласан...
Қани ука, акалар,
Қани сингил, опалар,
Қани Сени эркалар,
Нимангга кериласан...
Қани тилла кумишинг,
Қани сарват, юмушинг,
Қани зарҳал ковушинг,
Нимангга кериласан...
Қани дўсту, улфатлар,
Қани зўр зиёфатлар,
Қани гул зиёратлар,
Нимангга кериласан...
Қани минган уловинг,
Қани ғазаб, сўровинг,
Қани борми бировинг,
Нимангга кериласан...
Кўргин ҳолинг не бўлар,
Қабр қуртга ем бўлар,
Эвоҳ тилинг жим бўлар,
Нимангга кериласан...
Бир томчи сув эдингку,
Бир парча гўшт эдингку,
Бир ҳовуч қум бўлдингку,
Нимангга кериласан...
Чайнаб дўсту, душманни,
Единг бори оламни,
Унутма, ушбу ғамни,
Нимангга кериласан...
Қани ўткир кўзларинг,
Қани кескир сўзларинг,
Ўчиб кетгай изларинг,
Нимангга кериласан...
  *             *            *
Муножот...
Тилимга бергил зикр, қалбим занглари кетсин,
Қалбимга бергил шукр, қаро ранглари кетсин,
Таваккул бер онгимга, Ўзингдан билай борим,
Қисматимдан нохушу, нотинч оҳанглар кетсин...
Бир қоқилган онимда, уҳлатиб қўйма, Мани,
Ғафлатнинг кўрпасида ухлатиб қўйма, Мани,
Қисматнинг қаршисида тўхтатиб қўйма, Мани,
Турмушнинг тўрларида турфа жангларим кетсин.
Субҳи Козибдан ўтиб, субҳи Содиққа етказ,
Халқ қилдинг Ўзинг мани, дўсти Содиққа етказ,
Ўзинг Алиймсан Аллоҳ, илми Соҳибга етказ,
Тафаккур зиёсила, нурсиз онгларим кетсин...
Бир Ишқ бергил, Кўнгилга, икки дунё нур бўлсин,
Юзимдан кулган нурга, дўст душман масрур бўлсин,
Ўзингдан келган Ҳукм, умримга Дастур бўлсин,
Тилимда номинг мангу, Сенсиз кунларим кетсин...
Аллоҳ, Аллоҳ шайтоннинг ҳийласига уйнатма,
Ҳар касу, ҳар ёмоннинг нағмасига ўйнатма,
Ногоҳ келган турмушнинг номасига йиғлатма,
Ғулу кетиб тилимдан нолиш, унларим кетсин...
Усту, остимга Нур бер, юзу, дастимга Нур бер,
Ўнгу сўлимга Нур бер, тилу, қалбимга Нур бер,
Бир зарра Илоҳийдан, Аллоҳ умримга Нур бер,
Аллоҳим ожизингдан, Муножот, Сенга етсин...
Омийн!
 
   Шеърлар Мансуржон Хўжаевнинг Файсбук  саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish