Маданият, санъат

Дунёнинг музаффар турклари.  Нодира Даврон билан суҳбат.  Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Дунёнинг музаффар турклари. Нодира Даврон билан суҳбат. Саломат Вафо.

    

  Бугунги кунда Туркияда,гўзал Истанбул шаҳрида яшаб ижод қилаётган журналист,режиссёр ва продюссер Нодира  Даврон билан суҳбат.

Саломат Вафо: Нодира ижод қилиш жараёнида кўп жойларда бўласиз.Кўп инсонлар билан учрашасиз. Кузатувларингиз асосида турк ва ўзбек аёлларининг ўхшашлик томонлари борми?.

   Нодира Даврон:Турк аёллари жуда эркин.Тўғри сўз ва шижоатли.Бу эркинлик   Мустафо Камол Отатуркдан мерос қолди десам адашмайман.Туркияда аёллар жамият ва жамоатчилик тарафидан ҳурмат қилинади.Турк қондошларимиз энг аввало ўзларини ўйлайди. Яъни ўзларини севишади. Биз бу севгига узун йиллар давомида "эгоси бор" деб қараб келдик ва эгоси бор аёллар на жамият на жамоатчилик на оила тарафидан севилди. Ҳалиям ўзимизда  бу ҳолатга ҳар қадамда гувоҳ бўламиз.

М.К.Отатурк Жумхуриятнинг илк кунлариданоқ, аёллар ва ёшларга муҳим эътибор қаратди. Аёлларга эркинлик,сўз ҳаққи, устунлик ва ҳуррият берди.  энг муҳими қадр берди. Қонун билан ҳимоя қилди.

Саломат Вафо: Туркияда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида қандай фикрингиз бор?.

Туркияда аёлларнинг жамиятдаги ўрни жуда баланд. Мана орадан 100 йил кечсада, Отатуркнинг аёлларга берган қиймати ҳанузгача яшаяпти. Баъзи динчилар бу борада Отатуркни қоралашади. Аёлларга эркинлик бериб, издан чиқарди дея. Аммо Қадим турк тарихидан маълум турк аёллари  маслаҳатчи, доно фикр соҳибаси сифатида кўрилган. Жанг майдонида, оилада, соҳада фаол бўлишган ва бу фаоллик ҳалигача давом эттирилмоқда.

  Саломат Вафо: Ана шу жамиятда яшайдиган Ўзбекистондан келган аёлларнинг орзу,армонлари ҳақида фикр билдирсангиз?.

Улардан бири ўзим. Бошқа мамлакат ватандоши бўлганим учун соғлиқ,иқомат изни, таълим олиш,суғурта каби бир қанча  ишловлар қиммат.

  Аммо бу ердан туриб бир нарсани алоҳида таъкидлашим шарт. Қаерда,қайси мамлакатда яшашингдан қаътий назар икки нарсага амал қилишинг лозим.

Ахлоқга  ва ўша мамлакат қонунларига!

Бу иккисига амал қилдингми етарли,кимса сенга кипригини кўтариб ҳей демайди. Бу қўрқишга кирмайди. Аксинча, шу мамлакатда яшаганинг,ҳавосидан нафас олганинг ва туз нонидан тотганинг учун ҳурмат ва сайғи кўрсатишингга киради. Аммо буни англаган англайди англамаганлар эса ўрага тушиб қолаверади.

Саломат Вафо: Туркияда оғир вазиятга тушиб қолган аёллар учун Art tv ширкати ёрдам берадими?

Қўлимиздан келганича ёрдам бераяпмиз.Бу каби савобли ишларни айтиш жар солиш менга кўра эмас...аммо мажбур бўляпман охирги пайтларда. Қизларингизга эҳтиёт бўлинг дея мақолалар ёзяпман.

 Баъзан энг охирги маблағимизни ҳам беришга мажбур қоламиз. Чунки алданиб қолган,одам савдосига учраган хотин қизларимиз талайгина. Уларнинг кўпчилиги алданиб қолганидан номус қилишади кимса билишини истамайди,йиғлайди, сиқтайди... қандай уларнинг кўкрагидан итарасиз...номус ва шараф масаласи мен учун энг катта масала. Шу тарзда  яхшимизни ошириб ёмонимизни яшириб келяпмиз. Баъзан онам тўрт йилдан бери ишлайсан,бир сўм ортира олмадинг дея жиғибийрон бўлади  "Она мени уришманг, ҳеч нарса қилолмасам ҳам чўнтагимни дуо билан тўлдиряпман" деб куламан. Оғир вазиятга тушиб қолган аёлларимизга биз ёрдам бермасак ким ёрдам беради. Турк телеканалларига чиқиб ўзини шарманда қилаётган ватандошларимиз бор. Улардан нафратланаман. Менинг бир аёл сифатида ўз қонун қоидаларим бор. Уйимнинг ичидаги ғавғо уйда қолади. Ташқарига чиқмайди. Бу ғавғо ечимини топса ҳам топмаса ҳам. Бу ерда бошига иш тушиб оғир вазиятга дучор бўлган аёллар телевизорга чиқиб жар солмасдан, бизга келса чорасига боқамиз. Миллатимизни бутун дунёга шарманда қилиши шарт эмас. Аёл миллатнинг юзи,кўзи,номуси шарафидир.

Яна  шуни хам таъкидлашим керакки,бу борада янада кенг кўламли , расмий шаклда, Туркия қонунларига биноан, яқин кунларда ёрдам ва ҳимояларимизни йўлга қўямиз. Биз  Ўзбекистонлик фаол аёллар Сабохат Маъруфжонова,  Дилафрўз Позилжоновналар билан биргаликда мана шу  юртдошларимиз учун, уларнинг қонуний ҳимояси учун  ташкилот очяпмиз. Шу ташкилотқошида барча соҳадаги ишларимизни амалга оширамиз. Ҳужжатларни Туркия Республикаси идораларига тақдим этдик. Жавоб кутяпмиз. Тасдиқлангандан сўнг фаолиятга очиқмиз. Асосий фаолиятимиз аёлларнинг ҳимоясидир.

 Саломат Вафо: Нодирахон, яна ижодий ишларингизга қайтсак.Фильмлар ҳам суратга олаяпсизларми?.

Нодира Даврон.

Ҳа албатта бу йил ҳисобидан учта ҳужжатли фильм тасвирга олдик. “Зилзила ва Овакентлик ўзбеклар”,  “Тўққиз чироқ одами” ва «Дунёнинг Музаффар Турклари». Бундан ташқари "Güç birlikte","Susma dünya susma""Toprak sevgisi""Келажак инсонлари" каби телевизон кўрсатувлар тайёрладик, фирмаларнинг тадбирларини ва реклам танитим фильмларини суръатга оляпмиз. Шу тарзда оз кўп ризқимизни теряпмиз.

Нодирахон, Art tv ширкати қачондан бери фаолиятда?
Нодира Даврон:
Ширкатимиз 2018 йилдан бери фаолият юритмоқда. 2021 йилдан бери эса Туркияда фаолият кўрсатаётган Турк Дунёсини тарғиб этаётган ўзбек ширкатига айланди.Айни дамда киносаноатимизнинг ривожланиш йўлида бир қанча ишларни амалга оширмоқдамиз.
Туркия Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик қардошлик алоқалари асрлардан бери давом этиб келаётган қондошлик анъанасидир. Бу анъаналарга янада жило бермоқ ниятида икки мамлакат киностудиялари Туркиянинг FK YAPIM, Ўзбекистоннинг ART TV, FAVVORA FİLM ширкатлари ўзаро ҳамкорликда «Дунёнинг Музаффар Турклари» (Назаргоҳ) ҳаракатли ҳужжатли фильмини шу ойда тасвирга олдик.
Нега фильмнинг номи
Дунёнинг Музаффар Турклари -Назаргоҳ?
Бундай ном берилишига сабаб албатта тарих билан боғлиқ. Фильм сценаристи ва режессёри сифатида анча тер тўкдим. Хужжатли фильмнинг мақсади
Қадим Бурсанинг тарихи, Бурсага Руссиядан сургун этилган қрим татарлари, ўз ватанидан суриб чиқарилган Булғористан турклари ва 1989 йилда янглиш тушунча билан Ўзбекистондан қувилган ахизка Туркларини бағрига олган яшил макон ҳақида. Бурсада ётган олти Усмонийлар подшоҳлари ҳақида.
Фильмда жонли саҳналар мавжуд.
Тамошабин фильмни тамошо қилар экан тарихимиздан уч Турк қавмининг бугунги кунда бир вилоятда тинч тотув яшашларига бир тану бир жон бўлиб яшаш учун курашишларига гувох бўлади.
Фильм Турк тилида тасвирга олинди ва ўзбек,рус тилларига Favvora Fiilm киностудиясида ўгирилади.
Фильмда Бухоролик Амир Султон ҳазратларига катта эътибор қаратдик. Биламизки Амир Султон усмоний подшох Йилдирим Боязиднинг куёвидир,Бурсанинг ифтихори,фахридир.

Бурса аслида тарихий обидалари ва ўз яшам тарзи ва Турк қавмлари билан бир бутун бир вилоятдир. Фильмни ҳар бир томошабин завқ билан кўради деган умиддамиз

Режамизда  Измирда  тасвирга олинадиган "Мафия отаси" номли кинофильмимиз ҳам бор. Сценарийси ва режессёрлиги менга оид. Ҳозирда ҳомийлар билан муҳокамалар юритяпмиз. Ё насиб деб дуо қилиб турибмиз.... Фильмлар масаласи оғир масала. Маблағ бўлмаса  бир одим ҳам илгари юролмайсиз.

 Саломат Вафо: Ижодий жараёнингизнинг асосий мақсади нима?

Туркчилик! Турончилик! Бутун дунё туркларига хизмат қилиш.

Саломат Вафо: Нодирахон,келажакда Марказий Осиёга боғлиқ қандай режаларингиз бор?.

Нодира Даврон: Мақсадим фильмларим,кўрсатувларимда Ўзбекистонни дунёга танитиш. Кўпгина мамлакатларда бўлдим. Аммо ўзбеклардек ўз урф одатларини яшатган, яшатаётган Турк қавмлари жуда ҳам оз қолди. Шу сабаб ҳам кўпчилик Ўзбекистонга интилади. Бизнинг қадимий дурдоналаримиз ўз кўзлари билан кўришни орзу қилишади. Бу хусусиятларимизни тасвирларда яшатмоқ истайман.

Бундан ташқари  “Турон садоси”  номли Тарих,Адабиёт,Санъат ва Маданият улусларораси фестивалини ўтказиш режамизга киритилган. Ҳужжатларимиз Туркия Жумҳурияти вазирликларига тақдим этилди. Маблағ ажратилгандан сўнг гуруҳимиз билан иш бошлаймиз. Гуруҳимиз Туркияда фаолият юритаётган машҳур инсонлардан иборат. Орамизда тарих,санъат адабиёт ва маданият соҳасининг олимлари, ёзувчи санъаткорлари мавжуд. Бу фестивал Туроннинг бирлашиш йўлидаги энг мухим ижод  майдонларидан бирига айланади  деган умиддаман.

Саломат Вафо: Ўзбекистонни Туркиядаги элчихонаси билан алоқаларингиз қандай?.Улар уюштирган тадбирларда қатнашиб турасизларми?.

Нодира Даврон: Муносабатларимиз яхши. Ўтган йили “Баҳор”фестивалини ташкил қилдик. Жуда катта тадбир бўлди.Матбуот,радио ва телевидение орқали бутун Туркияда ёйинланди.

Саломат Вафо: Нодирахон мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.Келгуси ижодий режаларингизга муваффақият тилаб қоламиз.

Нодира Даврон.Сизга ҳам раҳмат.

   Саломат Вафо суҳбатлашди.

- - -


< Orqaga qaytish