Шеърият

Асқар Маҳкам таваллудининг 65 йиллиги муносабати билан.    Одил Икром.


Marta o'qildi

Асқар Маҳкам таваллудининг 65 йиллиги муносабати билан. Одил Икром.

 

 

Ушбу битиклар бундан роппа-роса ўн йил муқаддам ёзилганди. Бу орада Асқар Маҳкам ҳаёти ва ижодига доир айрим тадбирлар, кашфиётлар рўй берди: 2018 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тожикистон Адиблар Иттифоқида Асқар Маҳкамнинг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар; Башорат Отажонова ташкил этган “Асқар Маҳкам ижоди” телеграм канали; Рашид Хожамовнинг Асқар Маҳкам ижодига бағишланган илмий тадқиқотлари; "Ваҳдат куйи" китоби нашр этилгани шулар жумласидандир. Бундай эзгу ҳодисаларга бош-қош бўлган қадрдонларимиздан Оллоҳ рози бўлсин!..
“НАСИБ ҚИЛСА ҚАЙТИБ КЕЛАРМАН...”
(Асқар Маҳкам таваллудининг 55 йиллиги муносабати билан)
Асқарали ака жуда кам умр кўрди. Кўрган кам умрида ҳам ёруғ кунлари саноқли эди. Балки шунинг учундир, тунни яхши кўрарди, суҳбатларимизда тунни “фариштасифат ҳолат” дерди. Дарҳақиқат, тунда одам барча ниқоблардан холи кўнгил ҳаётини бошдан кечиради. Кундузи кўзингизга балодай кўринган қаттол душманингиз ҳам ўша лаҳзада содиқ дўст; жонингизни жабборга бериб, ортидан қувган ташвишларингиз ҳам ўша ҳолатда майда, иддаоларингиз беҳуда туюлади. Кимнингдир кўнглини ранжитганингизни ўйлаб, ўзингизни гуноҳкордай ҳис қиласиз. Шафқатли, кечиримли бўласиз. Ҳақ билан кўнглингиз орасидаги масофа яқинлашиб, парда тобора ҳарирлашиб бораверади...
Ва беихтиёр суҳбатимиз, Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асаридаги кундуз куни чироқ кўтариб, бозордаги гавжум оломон ичра Одам ахтарган донишмандга бориб тақаларди. Кўп ҳолатларда бири бирини инкор этувчи, бири бирига зид фикрларимиз ўша лаҳзада бирлашарди ва ўзимизча хулоса чиқарардик: Эҳтимол, ўша донишманд ахтарган Одамини кундузнинг бўғзидан эмас, тун қаъридан излаганида эди, уни чироқ ёқмай ҳам топа олган бўлармиди...
Одам... Асқар Маҳкам илк китобини “Одам” деб номлаганди. “Наврўз” деб ўзгартиришди.
Садриддин (Садриддин Ашур) айтади: Асқарали акада далда бериш, айниқса, бошига оғир мусибат тушган чорасиз кўнгилларни кўтариш қудрати бор эди. Мусурмон (Мастчоҳлик курсдошимиз)нинг фарзанди туйқусдан вафот этганда, шўрлик бутунлай чўкиб, ўзини йўқотиб, яшагиси ҳам келмай қолганди. Бу мусибатдан хабар топиб, дўстимиздан кўнгил сўрагани, Тошкентдан Мастчоҳга келдик. Асқарали ака ўзига хос самимият ва куюнчаклик билан, тун бўйи ухламай Мусурмонни тақдирга тан беришга ярайдиган ҳолатга қайтарганди... Курсдошимиз Абдуҳафиз (Абдуҳафиз Мирзааҳмад)нинг укаси афғон урушида ҳалок бўлганда, Тошкентга эндигина келиб, ҳали ишга жойлашишга улгурмаган Исматулло (Исмат Худоёр)нинг бошига кўргулик тушгандаги Асқарали аканинг изтиробларига, жонбахш таскин-тасаллиларига мен ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Далда берувчилар кўп, аммо, Асқарали акадай дилбардорларни жуда кам кўрдим.
Асқар Маҳкам бағрикенг эди. Одатда, талантли инсонларнинг аксариятига хос бу хислат. Ким нима сўраса, сўзбошими, тақризми, тавсияномами... Ёзиб бераверарди. Унинг бағрикенглик билан ёзиб берган фикрларини дастак қилиб, ўзини етук ижодкор ҳисоблаб юрганлар, унинг қалами тиғидан сачраган кукунлар билан обрў, эътибор, мақом топганлар орасида “эшаги лойдан ўтгандан” сўнг меҳр-оқибатни унутганлари ҳам кўп.
Асқарали ака ижод аҳлини бир муҳит, бир маслак атрофида бирлаштира оларди. Ўтган асрнинг саксонинчи, тўғрироғи, 1983-85 йилларда (ўшанда “Совет Тожикистони” газетасида бирга ишлардик) Асқар Маҳкамнинг шарофати билан яхши адабий муҳит пайдо бўлганди...
Асқарали ака худбинлик нималигини билмасди. “Совет Тожикистони”да бирга ишлаб юрганимизда атрофидаги барча ижодкорларнинг асарларини вилоят ва ноҳиялардаги ўзбек тилида чиқадиган газеталарга юборишдан эринмасди. Унинг хатти-ҳаракатлари билан бир гал “Қўрғонтепа ҳақиқати” вилоят газетасида менинг ҳам бир туркум шеърларим эълон қилинди. Ҳозир ўн томлик китобим чиқса ҳам кипригим қилт этмаслиги мумкин. Аммо, ўшанда ҳаяжонлангандим... Зеро, ҳар бир ҳодиса ўз вақти-соатида рўй бергани яхши. Афсуски, ҳамиша ҳам шундай эмас. Агар бу ҳикматга амал қилинганида, Асқар Маҳкамнинг талабалигидаёқ камида тўртта китоби чоп этилиши керак эди... Яна бир воқеа: Асқарали ака билан бирга 1985 йилда Тошкентга кетдик. Мақсад аён – Тошкентда қолиб ишлаш. Паспортни қайд қилдириш муаммоси қарийб бир йилга чўзилди. Ва ниҳоят, бир кишини “прописка” қилиш имкони пайдо бўлди. Камтарликни қаранг-ки, орамиздаги ёш, қолаверса, иқтидор тафовути “аз куҷо то ба куҷо” (еру осмон қадар) бўлишига қарамай, Асқарали ака ўша имкониятни менга раво кўрмоқчи бўлди. Аксинча бўлиши лозимлигига бир амаллаб кўндиргандим ўшанда. Дунёга келиб, қилган бир тузукроқ ишим шу бўлса, ажабмас... Фурсат ўтмай, Худо “ол, қулим!” деди-ю менинг муаммоларим ҳам ҳал бўлиб кетди...
Шеъру шоирликнинг баҳридан ўтиб, Россияда узоқ муддат санқиб қайтганимдан сўнг Садриддинни Хужандда учратиб қолдим. Кўришмаганимизга ўн йилдан ортиқроқ фурсат ўтганди. Ундан Асқарали аканинг бетоблигини эшитган чоғимда, хаёлимга “ҳойнаҳой, талабалик йилларида орттирган лаънати полиартрит хасталигининг навбатдаги хуружи, давоси топиладиган асорати бўлса керак” деган фикр келди. Аммо... Муҳаммад Иқболдан кейин Жалолиддин Румий руҳига мурид тутинган, Мансур Ҳаллождан кейин “нафсда ўлиб, илоҳда қайта тирилиш” жараёнидаги, устоз мақомидаги увайсий бир дўст, бир қадрдоннинг ўлим билан аёвсиз олишаётганидан бехабар эдим... Ўлимидан тўрт ой олдин Асқарали ака билан телефонда гаплашдик...
Вафотидан кейин, 2008 йили худди шу куни Хужанд Давлат университетида Асқар Маҳкамнинг 50 йиллиги нишонланди. Асқар Маҳкамнинг душанбелик ва хужандлик курсдошлари ҳомийлигида нашр этилган катта ҳажмдаги “Оқ китоб”(муҳаррир – Абдуллоҳ Зуҳур, нашрга тайёрлаганлар – Садриддин Ашур, Абдулла Насриддин)и йиғилиш аҳлига тақдим этилди. Ўша тадбирда иштирок этган болалар шоири Султонмурод Ҳожибоевнинг ушбу гаплари ҳануз эсимда: “Ажал – гулчин. У ботил умр чечагидан аввал сара гулларни танлайди. Баъзиларнинг узоқ умр кўриш учунгина ўзини асраб-авайлаши, ростини айтсам, менга бироз эриш туюлади. Гап беш-ўн йил кам ёки ортиқ умргузаронликда эмас, Худо берган умрга, у тўққиз ойми, тўқсон йилми, қай тарзда мазмун бахш этишда. Атиги 48 йил умр кўрган Асқар Маҳкам тимсолида мен шу ҳақиқатга иқрор бўлдим... Асқаржоннинг Жангалободдаги уйида меҳмон бўлганимдаги қават-қават кўрпачалар солиб қилган меҳрибончиликларини, дарё бўйида ўтириб суҳбатлашишимизга шароит яратишдаги жонбозлигини, Тошкентдаги меҳмондўстлигини эсласам хижолат тортиб кетаман... Шундай улуғ одам...”.
Асқар Маҳкам ижоди ҳали умуман тадқиқ этилмаган деса ҳам бўлади. Бу йўлда айрим уринишлар (Юсуфали Шоназаровнинг “Асқар Маҳкам” номли китоби, “Сўйладик гоҳ урён, гоҳи мунаққаш” туркум мақолалари, Абдуллоҳ Зуҳурнинг “Қаттиқ иймон шоири” мақоласи) албатта, қувонтиради. Жумладан, Неъматулло Иброҳим Асқар Маҳкамнинг “Ҳақ” китобига ёзган сўзбошисида шундай дейди: “Асқар Маҳкам ўз асарларида Инсонни бор мураккаблиги билан тасвирлайди. Юзаки тавсиф этиш унинг руҳиятига ётдир. Бошқача қилиб айтганда, у Инсонни нафрат билан севади, инкор билан эътироф этади, оғу билан даволашга, алам билан шодлантиришга интилади...”.
Эшитишимга қараганда, ҳаётининг сўнгги кунларида Асқар Маҳкам билан Исмат Худоёр, Набижон Боқий, Абдуғафур Маматов, Икром Отамурод, Олимжон Давлатов, Алишер Нарзуллоҳ... ва яна мен алҳол исмларини эслолмаётган яна бир гуруҳ дўстлар ва Асқарали аканинг, Садриддиннинг яқинлари бирга бўлишган. Исмат Худоёр шундай деганди: “Асқарали ака билан сўнгги лаҳзасида бирга эдим. Менинг қўлимда жон берди. Жисми жондан фориғ бўлгач, юзида, худди нимадандир ҳайратлангандек бир ифодани кўрдим...”.
Бизга биздан-да яқинроқ Парвардигор Асқарали аканинг Охиратини обод айлаган бўлсин! Унинг Охиратидан кейинги яна бир обод манзили, яъни, “Асқар Маҳкам саҳифаси” ҳам борки, Асқар Маҳкамнинг яқинлари, дўстлари, мухлислари номидан ушбу саҳифани барпо айлаган салоҳиятли, нуктадон, маърифатли инсон, дўстимиз Олима Набизодага беадад раҳматлар айтамиз ва энг юксак хислатлар Соҳиби, қудрат ва ҳикмат Эгаси Парвардигордан унга саломатлик, хотиржамлик, қадр англаш, савоб йўлидаги ишларида ободлик, қурб-қувват тилаймиз!
Сўз охирида Сизлар билан баҳам кўрмоқчи бўлганим, Лойиқнинг “Шоир қадри” шеъри холис ниятларимизга ҳамоҳанг бўлади, бир кун келиб шеър ва одамийлик мулкида ўзига хос ҳодисага айланган Асқар Маҳкам ўзининг бундан-да баландроқ қадрини топади, деб ўйлайман.
* * *
Ошиқлар оҳ тортса ҳижронга ботиб,
Зўрлар ҳам йиғласа ҳайрон, лол қотиб,
Дўстлар бир-бирини кетса гар сотиб,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Осмонда бир юлдуз ёнса дамодам,
Тутса бир ёш юрак ер узра мотам,
Ўзидан ўзини ахтарса одам,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Овчиларнинг ови юришмаган он,
Бошин эгиб қайтса, елкада камон,
Харсанг тош устида ўтирса ҳайрон,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Йўловчи қумлоқдан ўтиб кетса гар,
Оҳанги қумларга чўкиб кетса гар,
Бир парча шеър ўқиб жўшиб кетса гар,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Кўнгил базми совиб қолса ногаҳон,
Қачонки, гўзаллик бўлса паришон,
Эзгулик дунёси унутилган он,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Дунё тор келганда зўрлар лошига,
Ҳангомаю ғурур етиб бошига,
Ёзув ахтарганда қабр тошига,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
Одамзод қайтадан топса қадрини,
Куйга солиб айтса алам, дардини,
Бир сўздан ахтарса ул дард шарҳини,
Ўшанда билинар шоирнинг қадри.
2013 йил.
 Асқар Маҳкам шеърлари.

Дийдор олис кетди дарёлар қадар,
Дийдор кўчди ердан юлдузлар қадар.
Дийдор ерга кирди жувонмарг каби,
Бунча олис кетди азиз дийдорлар…

* * *

Мен бу шамолларга нима ҳам дердим.
Улар ўзимдан-да тантиқ ва худсар.
Мен умримнинг ярмин уларга бердим,
керак бўлса борин берардим агар.

Улар мендан хабар элтар бувимга,
сигирларга, мозор толларига ҳам.
Сариқ хазонларни сочар юзимга,
баргрезон боғларга қўйганда қадам.

Кейин даричамиз остида ётиб
итдек улиб чиқар то тонгга қадар.
Бувим топиб олар мени йўқотиб,
секин яниб қўяр: «Асқар, эҳ Асқар!..»

Похолларга ётиб ой думалайди,
сой бўйида бир қиз ўлтирар хомуш.
Сунбул сочларида жим ўрмалайди
пастқам кулбаларда мудраётган туш.

Шамол бадар кетар тепалар ошиб,
дарича ортида ўчар садолар.
Яна бурунгидек ақлдан озиб,
бошини тошларга урар дарёлар…

***

Оғир-оғир қуюлар туман,
Оғир тоғлар чўккандай бўлар.
Туман бўлиб ўтар кўнгилдан
Туманлардан кечилган йўллар.

Реза-реза томчилар ташлаб,
Сочларингга сингар изғирин.
Лабларингни тўймайди ялаб,
Қилич каби яланғоч қуюн…

Оғир-оғир қуюлар туман.

МАКТУБ

Во дариғо…
Во дариғ…
Дариғ…
Сен машҳарга ёқув ердасан
Мен бу ерда танҳо ва ғариб
«Ғариб бувим сен қаердасан…»
Кийганим оқ
кийганим кўкдир
ай тупроғим қандай бандасан?

Ичим менинг қаро куюкдир
куйган бувим сен қаёқдасан…
Ҳей садқайи одам кет Асқар
Ким бўлибсан
бир саёқдасан…
Манглайи шўр
ичгани заҳар
шўрлик бувим сен қаёқдасан…

БУВИМГА ЮБОРИЛМАГАН МАКТУБ

Яна ёмғир ёғар тўзғиб, тирқираб,
осмон томоғида ярақлар ханжар…
Бу тўзонлар аро манзилгоҳ истаб,
умринг қай соҳилга ташлади лангар?..

Сўққа муслимадек ваҳдат ғорида
туйдинг руҳ косасин заҳру болини,
рўшино кунларинг рўшноларида
оҳулар тўлғотди кумуш ёлини…

Ой бистари куйиб битган нафасдан
фариштанинг товус қаноти ёнди
ва какликлар учиб кетди қафасдан,
пичоғини тишлаб қотиллар қолди…

Гумдон кечаларда бир гумроҳ каби
талмовсирар сарсон-саргашта шамол.
Гарчи бу шоҳ, гарчанд бу гадо қабри,
сенинг қабринг менинг бошимда, Аёл!..

Мени ўлдиролмас қисмат бари бир,
бир кун оёғингга қайтарман ўзим, —
Мушкил кунларингга гунаҳкор, мункир,
мункиллаган бувим, муслимам, бувим!

Нечун яна фарёд, нечун яна зор?
тақдир ҳамон тўзмас чориқларида…
не-не юлдузларнинг синиқлари бор
байтулҳазан кулбанг ёриқларида.

Яна ёмғир… Хайр, ёлғизим бувим!
Яна ёмғир… Хайр, мен энди қайтай…
У на яздон руҳи, на жим-жит ўлим, —
маймун йиғисига қолган бир мендай…

БУВИМГА МАКТУБ

Бувигинам,
бормисан омон?
Омонмисан
намчил тонгларда?
Оёқларинг оғрирми ҳамон
мўрисимон намозшомларда?

Мен уйғоқман,
жон буви, гапир,
киприкларим толиқсин, майли,
кўчаларга термилма, ахир,
кўзларингнинг оқи сарғайди.

Итлар узоқ-узоқ акиллар
далаларнинг
намчил бағрида.
Юлдузларнинг нури чарсиллар
лойсувоқ том сомонларида.

Тушларингда кўрасан кимни,
қизарганда уфқлар лаби?
Ёстиғингга чўккан бошингни
мен севаман шу Ватан каби.

Тиришади шом ажинлари,
милтирайди дарчада чироқ,
иблисона гўзал тунларни
мен севаман шеърдан-да кўпроқ.

Кофарниҳон бир зум тинчимас,
тўлқинлари
соч каби қўнғир.
Кофарниҳон –
бир ўткинчимас,
Кофарниҳон – мунгли куйчидир.

Мен севаман
дарё-ю тунни,
тўлқинланар
ёғдулар тарам.
Орзу эди қисиматга дўнди,
бирозгина шоирлигим ҳам.

Бувигинам
ёнсин чироғинг,
оппок тунлар тўлғоқсиз ва жим,
доғлар аро қотди нигоҳинг,
чекдим,
унинг доғини чекдим.

Биз дунёда шундайин элмиз:
«Жигар» деймиз куямиз, лекин,
болаларим улғаяр менсиз,
танирмикан энди отасин…

Дарё…
Дарё оқаверади
олисларга ташлаб ғулғула,
бироқ ой ҳам оқаверади,
тўлқинларда
сачрайди шуъла.

Ҳураверар
итлар ҳам токи
ёт шарпалар кезаркан тунда,
булар бари қисматдир боқий,
бу қисматбоз кўҳна очунда.

Лек, билмайман,
тун суронлари
ва дарёнинг тўзон тўлқини,
уйғотса-да руҳсиз жонларни,
уйғотолмас мангу уйқуни.

Лек, билмайман,
чарчоқ кўзларинг
кўчаларга сочилган онда,
узоқларга ёлғиз термилиб
топарсанми мендан нишона?..

Йук,
рўёлар васвасаси бу,
бу тун аро униққан унлар.
Кўзларимга ботмоқда уйқу,
хайр, буви,
хайрли тунлар.

Материаллар  шоир Одил Икромнинг Файсбук саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish