Шеърият


Marta o'qildi

"Ҳамма қуёш бўлиб чарақлаганда".. шеърлар. Бек Али(1992).

Бек Али 1992 йили туғилган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. “Воҳ” номли китоби чоп этилган.

* * *

Йўқотганим недир?
Топганим недир?
Осмон деб бошимга ёпганим недир?
Ҳамма қуёш бўлиб чарақлаганда,
Мен эса узлатга ботганим недир?
Совиганим недир?
Ёнганим недир?
Душманни ташвишга солганим недир?
Хайёмга тақлиддан бошланган қуср,
Мен эса балога қолганим недир?
Сени кўп севардим, парвойи фалак,
Энди мен ҳалакман, муҳаббат ҳалак.
Бошкийимни олиб ўйлаб қарасак,
Энди сени ёдга олганим недир?..
Тонгда жойнамозга бошимни қўйиб,
Тунда иймонимни сотганим недир?
Енгиллашиш учун шароб симириб,
Оғир хаёлларга ботганим недир?
Онажон, мен сизни ташлаб кетганман,
Отажон, мен сиздан ўгирганман юз…
Сизларни ўлдирса меҳнат ўлдирар,
Мени эса гўрга тиқади афсус!
Бўшанг бола эдим, катта шаҳарда
Туртила-туртила қотганим недир?
Чол-кампир мункиллаб тиниб-тинчимас,
Мен оёқ узатиб ётганим недир?
Художон, мен сенга кўнглимни бердим,
Қисматинг бол дейсан, тотганим недир?
Дунёни Кузатмиш ягона дердим,
Дунёни кузатиб ётганим недир?!

ЭЙ!

Эй онамни йиғлатган ҳаёт,
Эй отамга панд берган дунё,
Эй қушларни ўлдирган сайёд,
Эй ичимни булғаган кимё,
Эй укамга етволган ажал,
Эй боламни бўзлатган фироқ,
Эй дарслигим қатида менга
Ватанимни англатган Широқ!
Ёмонлигим билдирган Яхши,
Кимлигимни кўрсатган Ёмон,
Эй энг гўзал сўзга қоришиб
чорлаб турган тўрттала томон.
Ичим денгиз аталса агар,
рангу рўйи номаълум Ғаввос.
Хиром айлаб тўй-томошада
томиримни жўштирган раққос.
Эй самовар қошида туриб
юзта-юзта отган амаки…
Кундан-кунга ўпкамни бўғиб,
хаёлга эрк берган тамаки.
Эй тунлари уйқусин бузиб
боласига кўкрак тутган ёр,
Эй бу дамда оёғин чўзиб
ухлаётган худбину айбдор!
Эй масжидга йўл олган иймон,
Майхонага бошлаб борган ғар.
Айни кузда, чўпкари уйдан
баракамни обкетган қушлар.
«Олиб кетгин!» дея, ёлвориб
муҳаббатдан сўз очган лаблар,
Падарига минг лаънат бўлсин –
Инсоният қўйган талаблар!
Эй хулоса, эй ечим топиб
якунига етган фикрлар.
Додлай десам, оғзимни ёпиб
келаётган икир-чикирлар.
Умрим ўтиб кетарми дейман,
«Эй»ни санаб битиргунча то.
Кейин, кейин мен нима дейман?
Наҳот ўлган бўлсам,
Эй Худо!
СОҒИНМАДИНГМИ?

НОЛА-А-А

Тупроқ олсам зар бўлмади,
Тишим дуру лаъл бўлмади.
Ҳаром қирқ йил ҳал бўлмади,
Ҳалол нонимга айтинглар!
Майин-майин сабо эссин,
Бўшанг ёшлигимини кезсин.
Маним қийналганим сезсин,
Қаттиқ жонимга айтинглар!
Айтинглар-о, мен ҳам банда,
Келгиндиман бу оламда…
Бут бўлмаган тоғорамдан
сизган иймонга айтинглар!
Андалибман, алданибман,
Аввал севиб, сўнг танибман.
Қучар бўлса силтанибман,
Йироқ кетса тўлғонибман.
Хуллас жуда булғанибман,
Гулистонимга айтинглар!
Деразадан боқсанг агар,
Ғира-шира қорам кетар..
Ҳар кетганда, менинг умрим
билан истиҳолам кетар.
Мен кетганман, бир кун келиб
бу йўллардан болам кетар.
Шеърим билан таскин бериб
онажонимга айтинглар!
Мен дарёни ичиб қўйдим,
Ойбалиқдан кечиб қўйдим.
Зунноримни ечиб қўйдим,
Суюқ қонимга айтинглар.
Эй, оламон, эй, мазлумлар,
Саноқлари маълум қумлар.
Эй, ватанни севгучилар,
Эй, дунёга маълум қуллар!
На аёлга берди бахт, деб,
Ўтиб кетди энди вақт, деб.
Ишқинг шунча оғирмиди?
Сени севган сағирмиди?
ё ўзи бўлмағурмиди?
Дея дилдан нола қилиб,
Художонимга айтинглар!

ИҚРОР

Бу гирёна эллара
Гирён боқаман доим,
Бу ҳайрона эллара
Ҳайрон боқаман доим.
Сувоқ кўрмаган уйга
Қалдирғочлар ин қўйган,
Мен ҳам тушиб шу куйга
Вайрон боқаман доим.
Сиз даҳосиз дейишар,
Бебаҳосиз дейишар.
Шоирсизку – гуноҳсиз,
Оппоқ қорсиз дейишар.
Мен эса улар айтган
Фариштани қидириб
Ҳар ён боқаман доим.
Боқишлари ўт қўйди,
Ичим тўла аланга.
Сўнг ёмғирга эландим:
Раҳминг келсин танамга.
Очиқ айтгим келади
Ўн саккиз минг оламга:
У осмонни севару
Тупроқдан бош олмайди.
Чегарадан чиқару
Худоосиз яшолмайди.
Елкам узра сочлари
Ўзини ташлолмайди.
Беқарор кўзларига
Сарсон боқаман доим.
Кибр шамоли эсди,
Ютмаган зот қолмади.
«Манфаат» сўзини эсда
Тутмаган зот қолмади.
Тупроқ эдим, бошимга
Чиқмаган зот қолмади.
Ҳатто бош кўтариб ҳам
Арзон боқаман доим.
Эй, ялпизни эркалаб,
Болам деган она ер.
Кенжа қизин эркалаб,
Онам деган она ер.
Олисларга тикилиб
Елкаларим мунғаюр.
Ботаётган қуёшга
Алвон боқаман доим.
Кечир менга дард бериб
Дарвишга дўндирган зот.
Даштдай қайсар руҳимда
Нилуфар ундирган зот.
Баъзан ўзим чақирган
Қисматнинг дастидан дод!
Деб сенинг кўзларингга
Ёлғон боқаман доим.

АЙЛАНАР

Ёмғир қорга айланар,
Қиш баҳорга айланар.
Кийикдай ўйноқи қиз
Мунис ёрга айланар,
Мен эрга айланаман.

Сув булутга айланар,
Меҳр сутга айланар,
Кўксингда йиғилган ғам
Жим, сукутга айланар,
Мен сирга айланаман.

Чумолича жоним бор,
Болам, деб йиққоним бор.
Бир пиёла май берсанг
Темурийдан қоним бор,
Деб шерга айланаман.

Ўв-в адашган руҳимда
Ғалат азоб туради.
Мен қишлоқда йўғимда
Отам кетмон уради,
Мен терга айланаман.

Тахтни қўриганлару,
Бахтни қурганлар билан.
Жаннатталаб сўфию
Ва дўзаҳи ғар билан
Ер шарига чиқволиб,
Қуёшнинг атрофида
Мен бирга айланаман.

Тошлар қумга айланар,
Сув қултумга айланар.
Қабрим бошида билмам
Кимлар кимга айланар,
Мен ерга айланаман.

БИР ТУШ КЎРДИМ,
Самарқанднинг осмонида
Гала-гала қушлар учиб юрар эмиш.
Қиш ортидан гулгун баҳор келганида
Қалдирғочлар айвонга ин қурар эмиш.
Гумбазларда қуёш нури жилваланиб,
Нақшлардан оқар эмиш тилла суви.
Ва боғдаги дарахтларнинг ғуборини
Туни билан кетар эмиш ёмғир ювиб.
О, ёмғирлар, Самарқанднинг ёмғирлари,
Менинг икки яноғимни чаяр эмиш.
О, булутлар, Самарқанднинг булутлари,
Хафа эмиш, қабоғи тумтаяр эмиш.

Бир туш кўрдим,
Самарқанднинг тупроғида
Бўй таратиб жамбил, райҳон унар эмиш.
Дарёларнинг қамиш босган қирғоғига
Тонг саҳарда оқ ўрдаклар қўнар эмиш.
Ҳолдан тойган орзуларим қўнар эмиш,
– Отма, сайёд, шафқат қилгин, бор-йўғим шу –
Шу қирғоқлар, шу қамишлар, шу дарёлар
Қучоғига чорлаб турар мени мангу.
Қўшоғизли милтиғини туширганча
Овчи бобо ҳандон отиб кулар эмиш.
Танир эмиш менинг етти аждодимни,
Болаликдан қўрқоқлигим билар эмиш.
Йўқ, қўрқмайман дунё кўриб дийдам қотди,
Йўлимда дуч келган сайёд руҳим отди.
Ҳаёт менинг танобимни роса тортди,
Мусофирни ҳар оёқ бир тепар эмиш.

Бир туш кўрдим,
Самарқанднинг тонгларида
Фаришталар ҳовлиларга тушар эмиш.
Саҳар туриб кетмон урган одамларнинг
Кучига куч, ризқига ризқ қўшар эмиш.
Кейин офтоб сочиб заррин нурларини,
Болаларнинг юз-қўллари қораярмиш.
Кенгаярмиш ёруғликнинг чегараси
Ва дўзахнинг эшиклари тораярмиш.
Эй, жаннати тупроқдошлар, қароғимсиз,
Қорачиғи равшан кўзлар кўрар эмиш.

Бир туш кўрдим,
Самарқанднинг минорлари
Қиёматга довур тикка турар эмиш.

ziyouz

- - -


< Orqaga qaytish