Мақола

МДҲ адабиёти антологиясига Ўзбекистондан кимларнинг ижоди кирган?.               Ёрқинжон Ҳайдаров.


Marta o'qildi

МДҲ адабиёти антологиясига Ўзбекистондан кимларнинг ижоди кирган?. Ёрқинжон Ҳайдаров.

 

Ўтган ой Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган халқаро китоб кўргазмасида иштирок этдик. Бундай кўргазмаларнинг яхшилиги хорижий давлатларда қандай янги китоблар нашр этилаётганидан, ноширлик ишидаги янгиликлардан бохабар бўласиз, янги муаллифлар, ижодкорлар, соҳа мутахассислари билан танишиб, бошқа давлатлардаги ҳамкасблар билан ҳамкорликни йўлга қўясиз.

 

Душанбеда ўтган кўргазмада россиялик ноширлар томонидан олиб келинган бир китоб эътиборимни тортди. Чунки у МДҲ мамлакатлари замонавий адабиётига бағишланган антология эди. Қизиқиб қарасам, ушбу уч жилдли «Современная литература стран СНГ» (МДҲ мамлакатлари замонавий адабиёти) антологияси 2022 йил охирида Россияда «Объединенное гуманитарное издательство» (ОГИ) нашриёти томонидан нашр этилган экан. Бу янгиликдан ўзбекистонлик адабиёт ихлосмандлари ҳам бохабар бўлсин деган ниятда антология ҳақида қисқача маълумот беришни лозим топдим.

 

Аввало антологияни нашрга тайёрлаган «Объединенное гуманитарное издательство» (ОГИ) нашриёти ҳақида қисқача маълумот берсам. Мазкур нашриёт 1997 йилдан бери фаолият юритиб, гуманитар соҳалардаги адабиётлар нашр этиш бўйича Россияда етакчи нашриётлардан бири экани айтилади. Нашриётда ҳар йили рус адабиёти ҳамда хорижий адабиёт нумуналари – проза, поэзия, болалар адабиёти, биографик ва илмий-оммабоп нашрлар, илмий ва мемуар адабиётлар каби йўналишларда кўплаб китоблар нашр этилади. Тушунишимча, ушбу нашриёт Россия Матбуот ва оммавий коммуникациялар федерал агентлиги билан рус адабиёти ва маданиятини тарғиб қилишда ҳамкорлик қилади.

 

Антологиянинг наср йўналишига бағишланган жилди ҳозирда Россияда яшаб ижод қилаётган асли ўзбекистонлик ёзувчи Темур Пўлатов сўзбошиси билан нашр этилган. Унга МДҲ мамлакатларидан 94 нафар муаллифнинг охирги ўттиз йил ичида ёзилган асарлари киритилган. Тўпламга ўзбек ёзувчиларидан Хуршид Дўстмуҳаммад (“Қичқириқ”), Раҳимжон Раҳмат (“Адашбой”), Назар Эшонқул (“Маймун етаклаган одам”), Абдуқаюм Йўлдошев (“Пуанкаре), Исажон Султон (“Тунги бўрон”), Улуғбек Ҳамдам (“Бир пиёла сув”), Саломат Вафо ва Зулфия Қуролбой қизининг асарлари рус тилига  таржима қилиб киритилган. Мазкур асарларнинг аксари рус тилига адабиётшунос олима, профессор Саодат Комилова томонидан таржима қилинган. Антологияда келтирилган замонавий ўзбек адабиёти ҳақида каттагина мақола ҳам профессор Саодат Комилова томонидан ёзилган.

 

Антологиянинг назм йўналишига бағишланган жилдида 11 та мамлакатдан 100 дан ортиқ ижодкорнинг асарлари ўрин олган. Тўпламга ўзбек шоирларидан Рауф Парфи, Абдулла Шер, Турсун Али, Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Ғаффор, Абдулҳамид Парда, Баҳром Рўзимуҳаммад, Вафо Файзуллоҳ, Фахриёр, Даврон Ражаб, Улуғбек Ҳамдам, Хосият Рустамова, Гўзал Бегим, Тилланисо ва Жонтемир Жондор қаламига мансуб шеъларнинг русча таржималари киритилган.

 

Антологияда замонавий ўзбек шеърияти ҳақида маълумот берилар экан, 1980 йиллар охирида бошланган эркинлик даври узоқ давом этмагани, 1990 йиллар ўрталарига келиб адабий жараёнлар устидан цензура ва давлат назорати кучайгани айтилади. Аммо бу назорат совет давридаги каби қаттиқ бўлмагани ҳамда 2002 йил цензура қисман бекор қилиниши ҳамда асосан 2016 йил сиёсий ҳокимият ўзгаргандан кейин бошланган эркинлаштириш жараёнлари билан вазият ўзгаргани таъкидланади.

 

Мақолада айтилишича, мустақилликка эришилгандан кейинги йигирма йиллик, яъни 1990–2000 йиллар ўзбек шеърияти ўтиш даврининг ўзига хос қирралари билан характерланади. Шунингдек, тилга олинган ўтиш даврининг яна бир хусусияти ўлароқ ўзбек шеъриятида замонавий рус шеъриятидан узоқлашиш кучайгани таъкидланади. Шу ўринда бир мулоҳаза – мустақиллик давридаги ўзбек шеъриятига баҳо беришда нега энди унинг рус шеъриятидан узоқлашганини таъкидлаш керак, шундай бўлиши табиий ҳол деб қараб бўлмайдими?!

 

Яна шуни айтиб ўтиш лозимки, мазкур уч жилдли «Современная литература стран СНГ» антологияси 2023 йил август ойида Россияда «Книга года» (Йил китоби) миллий танловининг Гран-при совринига муносиб кўрилган.

oyna.uz

 

Ёрқинжон ҲАЙДАРОВ

- - -


< Orqaga qaytish