Мақола

Мангу баҳорлар ўлкасига сайёҳат.        Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Мангу баҳорлар ўлкасига сайёҳат. Саломат Вафо.

                                  

  “Тошкент-Куала Лампур” йўналишидаги “Батикайр” компаниясига қарашли учоғимиз етти ярим соат осмонда учиб,денгизлар,тоғлар,океанларни босиб ўтиб Куала Лампур аэропортитга келиб қўнди.Учоқда уч юздан ошиқ йўловчилар,асосан Бали,Ланкавига дам олишга келаётган йўловчилар жамланган эди.Куала Лампур аэропортининг халқаро йўналишидан маҳаллий йўналишига ўтиб Ланкави оролига бир соат учдик.Ланкави аэропортида бизни хушмуомила,хижоб ўраган бир қиз кутиб олди.Жамодонларимизни машинасига юклаб ўзимиз олдиндан брон қилган “Паланги” мехмонхонасига йўл олдик.Ҳайдовчи қиз бизни мехмонхонанинг хашаматли қизил фонар ва бошқа чиройли анжомлар билан безатилган холида қолдирди.Маълум бир расмиятчиликларни бажарганимиздан сўнг,”Баги” кичик аравачасида биз учун ажратилган 39-02 хонасига йўл олдик.Соат кечки 9лар бўлиб қолган эди.Атроф чироқлар билар ёритилган бўлса ҳам,номаълум,ваҳимали қаронғилик босиб турарди.Чунки, бизнинг 2 қаватли хонамиз океанга 20 метр яқинликда жойлашганидан хабарим бор эди.Бу ер қирғоққа жойлашгани учун ёввойи ҳайвонлар,асосан маймунлар келиши мумкин эди.Кун бўйи самолётларда учиб юрганимиз учун жуда очиққан ва чарчаган эдик.Хонага овқат буюртма қилиб овқатландик.Шу маҳал Тошкентдан Ҳумоюн қўнғироқ қилди.Биз отелнинг FiWiга уланиб Телеграм орқали Ҳумоюн билан бемалол видео чақирув орқали гаплашдик.Тошкентдан неча минг километр узоқликда дунёнинг бошқа нуқтасига,мангу баҳор,мангу ёз ўлкасига келган эдик.Деразадан денгиз  тўлқинларининг шовуллаши эшитиларди.Йўлда чарчаганимиз учун эртароқ ухлашга ётдик.Мен ҳаяжонданми,чарчоқданми ухлолмасдим.Маҳаллий вақт билан соат 2ларда атрофдан ёввойи ҳайвон ва тунги қушларнинг товушлари эшитила бошлади.Мени ҳаёлимга “Цунами” номли фильм кадрлари келди.Шу таҳлит уҳлаб қолибман.

   *         *        *

Эртаси ювиниб тараниб мехмонхонанинг лоббисида жойлашган ресторанга йўл олдик.Яна хонада туриб “Баги” аравасини чақирдик.Бу кичик арава ғизиллатиб малайча меъморчилик усуллари билан қурилган  ёғоч котеджлар оралатиб ресторанга олиб борди.Ресторанда ҳайратимиз ошди.Ойнаванд деразалар орти қип-қизил гуллаб ётган дарахтларга бурканган эди.Турли хил емаклар,малайча овқатлар...биз хизмат либосидаги   бақалоқ ошпаз пишираётган омлет буюртма қилдик.Апелсин шарбати олдик. Ресторанда паст товушда оҳанглар янграб турар,кофенинг ўткир хиди босиб кетган эди.

  Нонуштадан кейин океан бўйига бордик.Андаман денгизи ястланиб ётар эди.Оролни Андаман денгизи ўраб турар,бу ерда 150 минг аҳоли,асосан мусулмонлар  яшар экан.

  Сувда шундай жонзотлар кўп эдики,қирғоқларга қисқичбақа,саккиз оёқ ва бошқа денгиз ҳайвонларини тўлқинлар чиқариб ташлаган эди.Биз уммонга чўмилмасликка қарор қилдик. Набирам қўлидаги чўп билан “денгиз онаси,денгиз онаси” деб қирғоққа чиқиб қолган шиллиқ жонзотлар ва саккиз оёқларни туртарди.

  Биринчи қаватга жойлашган хонамизнинг айвончасидан қуёшнинг гўзал ботиши кўринар эди.Биз ҳар куни болконимиздаги столда чой ичиб, қуёш ботишини тамоша қилар эдик.Сувратларга тушдик.

   Эртаси куни орол жанубида жойлашган “ҳаво йўли”ни тамоша қилишга бордик.Ярим соат навбатда туриб ниҳоят “канатний дорога”га чипта олдик.Ҳаво йўли кажавалари шу қадар баландликка кўтарилар эканки,ёнимизда ўтирган,баландликдан қўрқадиган хорижлик йигитнинг овози чиқмай қолди.Ҳаво йўлининг энг баланд жойига чиқиб осмон кўпригига ўтдик.Осмон кўприги икки баланд қоянинг ўртасида неча минг метр баландликда осма этиб қурилган эди.Кўприк шамолда чайқалар эди.Унинг баъзи ерлари ойнаванд этиб қурилган бўлиб неча минг метр баландликдан ер аранг кўринарди.Сайёҳатчилар расм ва видеога тушишар эди. Йўловчиларнинг ичида узун чапон кийиб,салла ўраган диний уломолар ҳам бор эди.Уларни кўп жойда,худди биздагидай иззатлаб навбатсиз ҳаво кажаваларига чиқариб юборишди.Ногиронларни ва болали оилаларни ҳам навбатсиз ўтказишди.Анъаналаримиз ўхшаш экан деб ўйладим.

  Келишимизда “Ўзбегим” ресторани деган ёзувни кўрдик. Нилуфар гуллар очилиб ётган осма кўприкдан ўтиб юртдошларимиз очган ресторанни излаб-излаб топа олмадик.Топсак ўзбекча овқатларни мазза қилиб емоқчи эдик.Малай овқатлари,асосан аччиқ ва денгиз махсулотлари бўлгани учун уларни танаввул қилишга қийналардик.Шунинг учун турк кафесига кириб таом едик.Қайтишда шундай кафеларнинг ёнида  хўппа семиз маймунлар оиласини кўрдик.Қоп-қора маймунларнинг кўзлари қўрқинчли ёнарди.

     *        *       *

  Эртасига оролнинг бир чеккасига жойлашган  тимсоҳлар фермасига бордик. Йўл-йўлакай ўзимизнинг ўзбек усталари қурган масжитларни кўрдик.Ичи орнаментлари,нақшлари ўзимизнинг масжитлардагидек безатилган экан.Оролда 90 фойиз аҳоли ислом динига эътиқод қилар экан.

 Жунгли ичидан ўтган йўлнинг икки тарафида жуссаси кичик маймунларни кўрдик.Афтидан уларни сайёҳлар қўлдан овқат бериб ўргатган,машина тўҳташи билан сакраб ёнимизга келарди.Таксичи ойналарни очманглар деб огоҳлантирди.Негаки,маймунлар одамлар қўлидаги егуликни оламан деб қўлига,юзига чанг солар экан.

  Шундай қилиб турли шиор ва лозунглар билан безатилган тимсоҳлар фермасига бордик.Иккита футбол майдонидай келадиган ховузда баҳайбат тимсоҳлар сузиб юрарди.Ховузнинг ўртасидан ёғоч кўприк ўтган бўлиб,одамларнинг шарпаси пайдо бўлиши билан улар кўприкнинг остига сузиб келишар эди.Тимсоҳлар билан турли кўнгил очар ўйинлар ташкил этилган эди.Катта майдонда ётган тимсоҳларни очиқ оғзига қўлини тиқар,озиқлантирар эди бир одам.Русча гапираётган сайёҳлар унча катта бўлмаган тимсоҳларни қармоққа ўхшаган таёқ билан овқатлантирар эди.Кичикроқ тимсоҳларни ушлаб расмга тушиш мумкин экан.Бу ҳавфли бўлгани учун суратга тушишдан воз кечдик.

  Қайтишда яна таксида қайтдик.Йўлнинг икки тарафи жунгли чакалакзорлари билан қопланган эди.Ёз ойларида бу ерда ёмғир,селлар ёққанда чакалакзордан кобра илонлар чиқиб одамларни уйига кириб олар экан.Баъзи илонлар канализация орқали ҳаммомга кириб одамларни чақиб ўлдирар экан.Ланкавининг табиати шу қадар жонли эдики,дунёнинг ҳамма ҳайвон,парранда,қушлари шу ерга йиғилганмикан деб ўйлайсиз.Уммони балиқлар,акулалар,саккизоёқлар,турли шиллиқ қуртлар билан мисоли тирик деб биласиз.

   *      *       *

    Сўнгги куни Валерия деган рус гиди бизни монграв ўрмонларига сайёҳатга олиб борди. Валерия “Паланги” меҳмонхонасидан бизни машинасида олиб кетди.Биздан ташқари яна иккита сайёҳ бор эди.Узоқ юриб,маймунлар чиқиб турган йўлларни босиб ўтиб кемалар турадиган кичик портга етиб келдик.У ерда Валерия маймунлар учун ёнғоқ сотиб олди.Йўлбошловчи аёл малай йигитга эрга теккан, 4 нафар фарзанди бор экан.Ўтган йили уни кобра чақиб бир ўлимдан қолган экан.

   Биз кемага чиқиб океан бағрига сузиб кетдик.Бу ер ҳозир ҳам Андаман денгизи деб аталади деб тушунтирди Валерия.Денгизда кичик-кичик ороллар сочилиб ётарди.Сариқ,жигарранг қушлар учиб юрган орол  қаршисида тўҳтадик.Бу бургутлар,денгиз бургутлари,деди йўл бошловчи.Кейинчалик маълум бўлдики,бургутлар Малазиянинг рамзи,символи бўлиб гербида ҳам акс этган экан.

  Биз яна юриб кетдик.Океаннинг тўлқинлари бизнинг кичик кемамизни чайқаб,сакратарди.Уммоннинг мангра дарахтлари ўсиб ётган жойига келиб тўҳтадик.Кемадаги сумка ва кийимларимизнит яширдик.Маймунлар ҳужум қилиб тортиб кетмаслиги учун.Тўҳташимиз билан оғочзор ичидан турли – туман майманлура чиқиб келди.Портда сотиб олган ёнғоқларни талашиб олишди.Болали маймун кемамизга сакраб чиқди.Унга Валерия сув ичирди.Бошқа маймунлар келиб ҳужум қилмаслиги учун биз у ердан кетдик.

  Пандемия вақтида кўп ҳайвонлар,қушлар қирилиб кетибди.Негаки,сайёҳлардан озиқ олиб ўрганган маймунлар ўзлари ов қилишни унутиб қўйиб,пандемия вақтида сайёҳлар келмагани учун ҳалок бўлишибди.

  Кейинги тўҳтаган жойимизда ҳар кимнинг қўлига фонар беришди.Одамлар тизилишиб ғорга кириб кетишди.Мен қаронғида яхши кўра олмаслигим учун ғорга кирмадим.Менга маймунлар ҳужум қилмаслиги учун хизмат либосини кийган мулозим эркакнинг ёнига ўтқазиб қўйишди.Маймунлар туб аҳолига тегмасдан сайёҳларга ҳужум қилар экан.

  Денгиз сафаримизнинг охирги нуқтаси денгиз ўртасида  тахта ва ёғочдан қурилган балиқчилик фермаси бўлди.Фермада турли хил балиқлар боқилар экан.Баҳайбат балиқлар,қонхўр пираниялардан тортиб,қути балиқларгача боқилар экан.Йўлбошловчимиз балиқлар ҳақида ҳикоя қилиб берди.Хўрак балиқни бир зумда еб битиришларини кўрсатди.Сўнг бизни дастурхонга таклиф қилишди.Малайлар деярли нон емас экан.Бизга димланган гуруч билан балиқ,сояли товуқ гўшти беришди.Ичишга лимонли сув беришди.Балиқчилик фермасида расмга тушдик,видео олдик.Сўнг яна қирғоққа қараб сузиб кетдик.Уммон бағрида сузиб кетар эканмиз,қалбимизда ҳаяжон ва бир оз қўрқинч бор эди.

  Отелга қайтиб келганимизда қуёш чарақлаб турарди.Ҳаво 34 даража иссиқ эди.Бу вақтда Тошкентда қор ёғарди.Бизнинг олдимизда 8,5 соат учиш масофаси бор эди.Аввал Ланкавидан Куала – Лампурга 1 соат учишимиз лозим эди.Куала-Лампурдан Тошкентгача етти ярим соат масофани босиб ўтишимиз керак эди.

   Мангу баҳорлар ўлкаси Ланкави – ўчмас таассуротлар билан ёдимизда қолди.

            Январ – феврал.2024 йил.

- - -


< Orqaga qaytish