Адабий тадқиқот

Абсурдга қарши исён.  Нодира Афокова.


Marta o'qildi

Абсурдга қарши исён. Нодира Афокова.

 
Бизда ҳар кун бўлмаса ҳам, ҳафтада бир қандайдир китобларнинг тақдимотлари бўлиб туради.
Лекин Кафка китобининг тақдимоти – бу миллий маънавиятимиздаги ВОҚЕАдир. Биз яқиндагина Жалолиддин Румий “Маснавий”си таржимасида шундай тарихий ҳаяжонларни бошдан кечирган эдик.
Энг аввало таржимонга, “Муҳаррир” нашриётига, шу китобнинг қўлимизга етиб келишига ва тақдимотга ҳисса қўшган барчага ташаккур айтаман.
Биз аслида муҳташам “Қалъа”нинг 100 йиллигида тўпланиб турибмиз.
Китоб тақдимотлари, шунга ўхшаган тадбирлар зиёли инсонларнинг ўзаро фикрлашиб олиши учун бир имконият, деб ўйлайман. Келинглар, шу ерда дунё ҳақида, одамлар ҳақида, ўзимиз ҳақимизда фикрлашиб олайлик.
Аввало Кафка ва “Қалъа” ҳақида. Кафка қаттиқ иситма, безгак ичида ёзгандек туюлаверади менга. Бу – унинг мигрень билан оғриганидан миямда туғилган параллел бўлса керак. Лекин илҳом ҳам аслида қаттиқ иситмага, талвасага ўхшайди. Демак, Кафка ҳамма вақт кучли илҳом, жазава ҳолатида ёзган бўлса керак.
“Қалъа” қандай дунёга келган? Нима учун ёзилган?
Кафка суғурта компаниясида ишлайди. Ҳар кун тепадан ўнлаб топшириқлар келади, унинг бажарилган-бажарилмагани билан эса ҳеч ким қизиқмайди. Ходимлар уззуккун ҳисобот ёзишу, турли қоғозларни тўлдириш билан банд. Даста-даста қоғозлар ундан бунга – бундан унга оширилади. Ярим кунда бажариш мумкин бўлган ишни ҳафталаб судрашади ва ҳоказо.
Бу ишларнинг ҳаммаси нимага керак, фойдаси нима – буни топшириқ бераётганлар ҳам, пастдагилар ҳам – ҳеч ким билмайди. Лекин ҳамма ўзини муҳим иш билан шуғулланаётгандек тутади. Маҳобатли бюрократия машинаси эса миллионлар ҳаётини мажақлаганча тинмай айланишда давом этади, этаверади...
Мана шуларнинг бари Кафкага бемаънилик бўлиб туюлган. Бу – инсон ҳаётини бемаъниликка, абсурдга айлантиради, деган хулосага келган.
“Қалъа” бюрократиянинг мудҳиш моҳиятини англашдан, энг олий қадрият бўлган инсон ҳаётининг қадрсизланишини англашдан туғилган. Кафка суғурта компаниясида кўрганларини шу тариқа романга айлантирган.
Аслини олганда бугун ҳам биз ўша абсурддан халос бўла олганимиз йўқ. Офис ҳаёти, атай натижасизликка маҳкум этилган беҳуда югур-югурлар кўринмас даҳшати билан давом этяпти. Мана, жаҳоний абсурдга бир мисол: З.Фрейд ХХ аср бошида 1-жаҳон уруши муносабати билан шундай ёзган эди: уруш “ичимиздаги ёвуз руҳларни уйғотиб юборди – ваҳоланки, биз бу ёвуз руҳларни асрлар мобайнида маърифат ва маданият (unserer Edelsten) воситасида абадулабадга жиловлаб олдик, деб ўйлаган эдик”. Афсуски, одамзод орадан бир аср ўтиб ҳам ўзгармади. Фрейднинг гапи ҳамон ўз кучида турибди. Бугуннинг абсурдлиги шундаки, халқаро миқёсдаги мулоқотлар, йиғинлар, ўзаро таҳдилар, давлат раҳбарларининг ўзаро қўнғироқлашувлари – буларнинг бирортаси теварагимиздаги мудҳиш урушларни тўхтата олаётгани йўқ. Дунё худди “Қалъа”даги сингари бир-бирини эшитмай қўйди. Масалалар муҳокама қилинади, ажойиб қарорлар қабул қилинади, одамлар кечаю кундуз демай ишлайди – лекин ҳаётда ҳеч нима ўзгармайди. “Қалъа”дагидек уюм-уюм қоғозлар ичида яшаяпмиз...
Хуллас, одам ўз йўриғида кетаётгандек туюлган ҳаёт воқелиги фожиасини англамаслиги мумкин. Адабиёт ўшани ўқувчига ёрқин-аниқ кўрсатиб беради, уни бизнинг кўзимиздан яшираётган кундалик майда-чуйдалардан ажратиб-тозалаб кўз ўнгимизга қўяди.
Кафка инсон ҳаётини абсурдга айлантираётган шундай воқеаларни тасвирлаганки, юрак ўйнаб кетади. Масалан, амалдорга ўйнаш бўлишни хоҳламаган Амалиянинг оиласидан бутун қишлоқ юз ўгиради. Қалъага қўнғироқ қилинса, ҳеч ким жавоб бермайди, трубкадан шовқин ва мусиқа эшитилади, холос. К. гаплашиши керак бўлган амалдорлар қолиб, уларнинг хотинларию, ўйнашлари билан мулоқот олиб боради. Хасталаниб қолган, қариб-чурриган оқсоқол одамларни тўшагида чўзилиб ётганча қабул қилади. Кафка сокин додлайди: “К. ҳеч қаерда бундагидек хизмат билан шахсий ҳаёт чирмашиб кетганлигини кўрмаган” дейди у.
Кламмга ўхшаган ниҳоятда масъулиятли амалдор нуқул ухлагани ухлаган. Умуман, жамият бошқарувида бўлган амалдорларни оддий халқ умуман кўрмаган, кўрмайди. Қишлоққа танобчи умуман керак эмас, аммо бутун роман шу воқеа асосига қурилади. Ишнинг ҳақиқатини аниқлаштиргунча 30 ёшли К.нинг бутун умри ўтиб кетади... Хуллас, абсурд.
Кафканинг асарлари зерикарлидек туюлади. Кучли ҳаяжонлантирадиган драма-трагедиялари йўқдек. “Қалъа” ҳам шундай. Буни таржимон ҳам “Сўзбоши”да таъкидлаб ўтган. Лекин ўқийберсанг, ҳаммаси танишдек. Ҳаммаси юрагингни ўртаб бораверади. Айрим жойларини қайта-қайта ўқийсан. Хуллас, тагига чизиб-чизиб ўқиладиган китоб.
Энди асар таржимаси ҳақида.
“Қалъа”нинг таржимаси, юқорида ҳам айтдим, тарихий ҳодиса.
Вафо Файзуллоҳни ўз сўзига эга шоир, эътиқоди бутун инсон, бадиий сўзнинг рангу оҳангларини бехато англайдиган сўзшунос сифатида яхши биламиз. Жаҳон адабиётини Вафо Файзуллоҳдек кўп ва чуқур биладиганлар адабий жараёнимизда кўп эмас. Унинг таржималари ўзи бир дунё. Биз адабиётсеварлар биргина “Жараён”нинг таржимаси учун шоирдан қанча миннатдормиз!
Бугун эса мана “Жараён”нинг давомидек ўзбекча “Қалъа” қўлимизда турибди. Роман ниҳоятда ўзбекча жаранглаган. Таржимон ўзбек тилининг имкониятларини шундай ишга солганки, таржиманинг фақат тилшунослик тарафи тадқиқ этилса ҳам, яхшигина диссертация пайдо бўлади деб ўйлайман.
Мана, масалан: роман ниҳоятда кучли ирония, истеҳзо билан ёзилган. Таржимон киноя кучини “Сардинибой”, “бекаойим”, “хотинча” каби ўзбекча сўз шакллари билан ҳам беради – ноёб ва ўзига хос усул.
Бир қарашда арабча, архаик сўзлар таржимада кўпдек. Аммо улар ҳам айнан Кафканинг кинояларини оптимал бериш учун қўлланган. Масалан, таржимон канцеляриявий бюрократия дабдабасини “сени графлик мулкидан ихрож қиламиз” деган архаизм билан ифода этади. “Алмисоқдан қолган, оҳори учиб кетаёзган лахтак” деб таърифланган графлик байроғини дабдабали ва ҳеч ким тушунмайдиган “аълам” сўзи билан беради. Ўйнаши ҳақидаги хотираларни эри билан энтикиб йиллар муҳокама қиладиган бекага Кафканинг истеҳзосини “ақди никоҳингиз” деган жумлада ифода этади. Бу ҳолларнинг барида ирония ҳадди аълосига чиқади.
Вафо Файзуллоҳ таржима баҳонасида қарийб бутунлай унутилаётган, ҳаракатсизлигидан фалажланиб қолган сўзларимизга ҳаёт бағишлаган. Мана улар: ойтовоқ, падари қусир, данбал, пўла ва ҳ.к. Бочка сўзини эса ўзбекча талаффузда “бўчка” деб ишлатади. Тилимиз унча келишмайдиган “ноил”ни “нойил” дейди.
Энди таржиманинг бошқа жиҳатларига ҳам тўхталсам.
Таржима – нозик ҳодиса. Баъзи ижодкорлар таржимани бировнинг томорқасида қора тер тўкиш деб билади ва таржимага қўл урмайди. Баъзилар заказга ишлайди, таржиманинг кетидан шон-шуҳратми, тўрт танга топишними кўзлайди – бунда ҳам ҳеч бир ёмон жиҳат йўқ. Гап фақат сифатда.
Яна бир тоифа бор – ҳақиқий мажнун ижодкорлар. Улар бир тарафдан ўзи ўқиб маза қилган асардан бошқалар ҳам баҳра олсин, дейди. Алишер Навоий бобо ҳам “Лайли ва Мажнун”ни шу мақсадда ёздим, дейдилар. Кўп яхши қиссалар форсча эди, туркийлар уни ўқиб баҳра ололмасди, “Мен туркча бошлабон ривоят, Қилдим бу фасонани ҳикоят. Ким, шуҳрати чун жаҳонға тўлғай, Турк элига доғи баҳра бўлғай” дейдилар.
Яна шуки, ўша “мажнун”лар таржима орқали дардларини ҳам айтиб олади.
Баъзан адиб ҳеч нарса ёзмай, қаламига тош боғлаб сув тубига отиши мумкин – бу ҳам аслида санъаткорнинг ўзига хос СЎЗи, воқеликка муносабатидир. Таржима ҳам шундай деб ўйлайман, таржима – ҳаммасини кўриб туриб, айта олмаётган ижодкорнинг изтиробидир. Фикрлаётган одамнинг дунёга айтаётган сўзидир. Таржима – ижодкорнинг мажоз усулларидан биридир.
Зулфия опа нега “Рус аёллари”ни таржима қилди? Бу балки акаси ноҳақларча шафқатсиз отиб ташланган аёлнинг йиғисидир? Абдулла Орипов нега “Илоҳий комедия”нинг коммунизм мафкурасига мос “Жаннат” қисмини эмас, “Дўзах”ни таржима қилди? Бошдан бошласин таржимани, деган қоида йўқ. Ўша йилларда Навоий асарларининг ҳамд қисмини олиб ташлаб халққа тақдим қилишди-ку, Дантедан ҳам “Дўзах”ни олиб ташласа бўларди... Буларнинг ҳаммаси кишини ўйлантиради.
Вафо Файзуллоҳ ҳам ўзи баҳра олган асардан ўзгалар ҳам баҳра олишини истаган, таржимадан ҳеч бир манфаат кутмаган, таржима орқали фикрлаётган ижодкордир.
“Қалъа” таржимаси – Вафо аканинг ҳиссизлашган, ҳиссиётлари ёвузлашган дунёга муносабатидир. Бу таржима Шоирнинг инсон ҳаётини абсурдга айлантираётганларга қарши раддиясидир.
“Қалъа”ни Вафо Файзуллоҳнинг олам, жамият, одамлар, ижтимоий тузилмаларга оид нуқтаи назари деб қабул қилдим.
Яна бир фикрим бор, шуни ҳам айтиб ўтсам: адабиётшунослик илми бугун профессионал ва нопрофессионал таржимани, таржимонни ажратиб олиши керак. Шундай таржималар борки, маҳоратни у ёққа олиб қўя турайлик, ҳатто айрим гапларнинг маъносига тушуниб бўлмайди. “Таржимон” тилни ҳис қилиш у ёқда турсин, эга-кесимини жойига қўйиб гап тузолмайди... Ҳа, майли. “Қалъа”нинг таржимони А.Қаҳҳор, Қ.Мирмуҳаммедов, А.Рустамий, И.Ғафуров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Одил Икром каби олий даражали мутаржимлардан. Улар дунё адибларини ғирт ўзбекча гапиртирганлар ва гапиртиряптилар.
Яна бир гап: тўғриси, тугалланмаган бир асарни таржима қилишнинг ўзи ажабланарли. Унинг таржимасига қўл урилибдими, демак, у шу ҳолича ҳам муҳим асар экан-да, дедим ўзимча. Сираси, муаллифи ёзиб тугатган асарлар ҳам бунча эътиборга сазовор бўлмаган.
Кафка дўсти Макс Бродга асарнинг қандай якунланиши ҳақида айтган. Унга кўра, К. умри охиригача Қишлоқда қолади. У сўнгги нафасини олар экан, қишлоқда яшаш ва ишлашга рухсат келади... Лекин Кафка асарни тугатмай ташлаб қўйган. Бунда ҳам бир гап бўлса керак-да. Эҳтимол, ўзи ўйлаган якун Кафканинг ўзига ёқмагандир. Шундан келиб чиқиб ўйлайманки, асар, башарти, якунланганда ҳам, якун бўлмасди – худди ҳозирги каби узилиб қолганлигича қолаверарди. Бу – Кафканинг одамзод ўзи ўйлаб топган бюрократия туғдирган абсурд тугамаслигига ишораси бўларди.
Дарвоқе, “Қалъа”ни ҳар биримиз ўзимиз тасаввуримизда давом эттиришимиз мумкин.
Яна ўйлайман: асарни ўзимизнинг ёзувчилардан кимдир, масалан, Вафо Файзуллоҳнинг ўзи давом эттирса, у қандай якун топарди?
Балки шундай тажрибалар ҳам керакдир адабиётга? Худди Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф”и каби тажрибалар.
Гапимнинг охирида айтмоқчи бўлганим шуки, “Қалъа” – Кафканинг Сизиф тошидек узлуксиз айланаверадиган абсурдга қарши исёни бўлган.
Унинг таржимаси – Вафо Файзуллоҳнинг инсоннинг ўзи яратган абсурдга қарши исёнидир.
Уни мутолаа қилиш, умуман, китоб ўқиш – кундалик абсурдга қарши исёндир. Барчамизга абсурдга қарши мутолла исёнини тилайман.
  "Тафаккур ва ижод" саҳифасидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish