Marta o'qildi
"Самарқанд гардини кўзга суртгали..". шеърлар. Нуруллоҳ Остон.
Туғилган қишлоғим Чордаранинг ён атрофларида қадимий Самарқандни ўраб турган кўҳна кентлар: Ҳазора, Бухори, Урганжи, Арабхона, Найман, Туркманқишлоқлари бор. Уларнинг ҳар бирида Самарқанд тарихининг бир саҳифаси яширин. Улардан бири Туркманқишлоқ деб аталса-да, кўпроқ хоразмтабиат инсонлар яшайди. Бу қишлоқ таниқли шоир Темур Маъруфий, адабиётшунос олим Нуриддин Шукуров, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ва бошқа жуда кўп машҳур ижодкорларнинг киндик қони тўкилган тупроқ.
Бугун шеърларини сизга тақдим этаётган ажойиб шоир ва таржимон Нурулло Остон ҳам Туркманқишлоқнинг фарзанди.Нурулло Остон 1955 йилнинг 10 сентябрида Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган. 1981 йил Тошкент Давлат Университет журналистика факултетини, 1989 йил Ленинград олий партия мактабини тугатган. Н.Остонов 1991 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзосидир. Унинг «Юлдузлар чақнаган тун», «Баҳор рақси», «Йўлдаги булоқ», «Юрагимнинг безовта гули», «Қадим йўлларда», «Осмон тўла фаришта» номли шеърий тўпламлари нашрдан чиққан. Ижодкор туркман шоирининг «Рангли ёмғирлар» шеърий тўплами ҳамда Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатовнинг «Бир оила фарзандлари» номли шеърий тўпламларини таржима қилган.
Бу қишлоқни биламан кўпдан…
илон изи—тор кўчалари,
зилол сувли шарқираган сой, —
кўзим қароғи ичра бари…
Бу қалашган ҳовлилар ичра
барно қизлар гуркираб ўсар.
Қарай-қарай деворларидан
йигитчалар хўрсиниб ўтар.
Бунда кўпдир етилган қизлар,
гўзаллиги беқиёсдир хўп…
Шунинг учун бу уйлар қиммат,
бу уйларнинг харидори кўп…
* * *
Кунлар тақиб келди толбаргак,
тупроқларда ялпиз ислари…
Тушлар кўриб тўлғанди сергак
хипча бўйли қишлоқ қизлари.
Хижолатда ўтган кечада
япроқ тақди дуркун новдалар.
Бери келмай қўйди кўчадан
тиним билмас шаддод болалар.
Лабларида қизғиш табассум —
дув очилди шафтоли гули.
Ҳар гардида яшаш навоси,
гулга тўлди дунёнинг йўли…
САМАРҚАНД
Ҳали ноз уйқудан уйғонмай шамол,
Тоғлар тун қабосин ечмайин ҳали,
Ҳар саҳар кўчага чиқади бир чол,
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Ватандан айрилган ватангадолар
Тириклик йўлида саргардон, дали,
Лаблардан узилар мажруҳ нидолар
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Дунёни таниган не-не зотлар ҳам
Мағрибу машриқдан келган маҳали
Улуғбек юртига қўяркан қадам
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
Олислаб кетганда она юртимдан,
Қалбимда титрайди бир туғён сели,
Соғиниб қайтарман етти иқлимдан,
Самарқанд гардини кўзга суртгали.
* * *
Юрагимни Ватанимга элтинглар…
Шопен
Унинг кўзларида қишлаган қушлар
Шайланиб-шайланиб қанот қоқдилар.
Бир фасл юртини ташлаган қушлар
Солланиб-солланиб Шарққа оқдилар.
Оқдилар,
Учолмай қийналди бағир,
Қафасга айланди кўкрак қафаси.
Қирғоқда термилиб қолди бир сағир,
Кўзларда потирлаб соғинч-талваса.
Бу қушлар эрклидир, билмайди ҳудуд,
Узалган йўлларнинг чокин ўрайди.
Кўзларга айланган ночор бир вужуд
Қўлларин чўзганча Ватан сўрайди…
* * *
Жануб туманига чўмди чироқлар,
ёғдулар қуйилди оқшом қаърига.
Қушлар шовуридан ҳориган боғлар
қунишиб ўранар япроқларига.
Тўлин ой паришон сочин ёяди,
чорбоғни оралар оппоқ сокинлик.
Хипча белларини нурга чаяди
дарахтлар — кечанинг масрур ҳокими.
ВАЗНГА СИҒМАЙДИГАН ШЕЪР
Фарзанди йўқ эди Сарви холанинг,
чироғи йўқ эди Сарви холанинг.
Тунлар қуроғини пойига ташлаб,
нинадай қадалиб чиқар эди у.
Бир кун укасининг
чилласи чиқмаган Ғайбулласини
Қўйнида аллалаб
Ётганди
Бедор,
Маммага талпинган гўдак меҳридан
Бирдан —
сут кела бошлади кўкракларига…
Ўзи улғайтирди Ғайбулласини,
Ҳамсуҳбати
Тунни,
Ёлғизликни унутиб.
Кўзмунчоқдай кунларни йиғиб,
тумор қилди узун йилларни…
Энди момо бўлди набираларга.
Бироқ,
тирик етим қолган норасидаларни
кўрганда
ҳали ҳам
оғриққа тўлиб
Сут кела бошлайди кўкракларига…
* * *
Қўшиғинг бунчалар дилбар бўлмаса,
бунчалар малҳамкор, ширин авжлари
Ки, ташна қалбимда оқмоқда менинг
сен айтган қўшиқнинг қайноқ мавжлари.
Кўзларинг бунчалар чақноқ бўлмаса,
бунчалар иболи, бунчалар теран
Ки, акси жойланди кўз гавҳарига,
кўзларинг, дилбарим, жон олгич экан…
Бунчалар мукаммал олам эҳсони,
бир севинч жойланур ҳайратли дилга.
Ки, сенга ўхайди дилбар қўшиқлар,
чароғон кўзларинг — унинг осмони.
* * *
Униққан кўчалар… Сокин хиёбон,
яланғоч дарахтлар…
бунчалар файзсиз.
Сенсиз ҳаловат йўқ кўзларимда,
Қайт,
Ахир тирик жон бўлмас айбсиз!
Кўрдинг-ку,
фаришта эмасман мен ҳам,
изингдан бораман фурсатни чегиб.
Гуноҳкор боқаман маъюс юзингга,
—Салом, бу—мен!— дейман ғурурни енгиб…
БОЛА ҲАҚИДА БАЛЛАДА
«Йўлим олис, отим оқсоқ…»—
кетиб борар бир бола.
Кўз ўнгида кенгаяди
тор туюлгаи бу олам.
Елкасида йиртиқ чопон,
қўлтиғида китоби.
Кетиб борар бола шодон
«катта шаҳар»га шошиб.
Шаҳар қайда—билмас ҳали,
кунчиқарни кўзлайди.
Қуёш тикка келган маҳал
бир сояда мудрайди…
Кўзларига қўнар уйқу,
кундуз ранги ўчади.
Ширингина эрка туйғу
болаликни қучади.
Оппоқ, оппоқ отлар эмиш,
ялтирармиш ёллари.
Тушларида акс этади
бойчечак хаёллари.
Бола тинмай югурармиш,
қийнайди йўл шитоби.
Елкасида йиртиқ чопон,
қўлтиғида китоби.
Етолмасмиш сира-сира
Армон ила термулармиш
арғумоқлар ёнига,
оловланган ёлига.
Сўнг…
ёнида пайдо бўлди,
мунчоқ кўзли синглиси.
Болаликнинг тушларига
урилар райҳон иси…
Югуради ўксик нидо,
эирқирайди мурғак жон.
у туш кўрар.
Қўлда китоб,
тагида эски чопон…
Кўзларида шашқатор ёш,
чорлар уни онаси.
Туманларда кўринади
қадрдон остонаси.
Уйғонади бола бирдан,
тугар ширин эртаги.
Ортга қайтар келган йўлдан
уйнинг ёлғиз эркаги.
Оппоқ отлар, оппоқ отлар…
Қолди уфқ томонда.
Бола эса уйга қайтар
йиртиққина чопонда…
* * *
Уй ичида чироқ ўчади,
кимдир кетар сукунат сари.
Деразани беҳис қучади
панжаранинг темир қўллари.
Неларнидир шивирлар ҳилол,
деразага босиб юзини.
Уйғонади ойдин бир хаёл,
уйғонар ва танир ўзини.
Ҳуркиб чиқар юлдузли боққа
ва эслайди олис ёшликни.
Сўнг оҳиста куйлай бошлайди
унут бўлган олис қўшиқни.
Уйғонади мудраган кўча,
жон киради сокин чорбоққа.
Тун ярмида одамлар чўчиб
ҳайрат билан тутишар ёқа…
* * *
Сукунатга чўкар қадамлар,
чекинади хомушгина йўл.
Сабзалардан шудрингни сочиб,
мен бораман.
Қучоғимда гул.
Изларимдан келар талпиниб
болаликнинг хушнуд кунлари
Ва бағримдан қолар тўкилиб
чанг кўчага дала гуллари.
* * *
Учолмасдан қолган каптарлар —
деразанинг оқ пардалари.
Қаердаднр кетар бетайнн
тугаётган тун шарпалари.
Қўлчаларин чайиб шудрингга,
қиқирлашиб кулар майсалар.
Қуёш чиқар.
Гала каптарлар
Учолмасдан ҳамон чайқалар.
Аллақайдан келади шамол
Ва бузилар исёндан сафлар.
Потирлашиб уча бошлайди
оқ пардадар —
гала оқ каптар.
Хуршид Даврон кутубхонасидан.
- - -