Адабий тадқиқот

Хоразмда адабий туризмни ривожлантириш масалалари.   мулоҳазалар.   Дилшод Ғайипов.


Marta o'qildi

Хоразмда адабий туризмни ривожлантириш масалалари. мулоҳазалар. Дилшод Ғайипов.

 

Ушбу мақолада Хоразмда адабий тузимни ривожлантириш истиқболлари хусусида баъзи фикр-мулоҳазалар, таклифлар илгари сурилади. Жумладан, улуғ аллома Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Рабғузий, давлат арбоби ва тарихнавис Абулғози Баҳодирхон мажмуаларини барпо этиш ҳақида фикр юритилади. Мунис, Огаҳий мақбарасини обод этишнинг ёшлар маънавиятини оширишдаги ўрни очиб берилади. Сайид Моҳирўйи жаҳон мажмуаси, Аваз Ўтар уй-музейи, Омон Матжон  асос солган боғ адабий туризм масканлари сифатида эътироф этишга лойиқлиги далилланади. Хоразмда ҳам “Адиблар хиёбони” бунёд этишнинг маънавий асослари хусусида сўз юритилади.

Калит сўзлар: Адабий туризм, Хоразм, Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Рабғузий, Абулғози Баҳодирхон, Мунис, Огаҳий, Феруз, Аваз Ўтар, Омон Матжон, мажмуа, уй-музей, боғ, Адиблар хиёбони, маънавият.

 Кириш. Хоразм азалдан маданият, санъат, адабиёт марказларидан бири сифатида эътироф этилган. Воҳада доимий равишда адабий муҳит тараққий қилган.Бу ижодкорлар томонидан яратилган асарларнинг сони ва сифатида ҳам ўз аксини топган. Хоразм адабий муҳити вакиллари ижодини тадқиқ қилиш ишлари ҳам кенг кўламли тарзда олиб борилмоқда.Бироқ бу улуғ ижодкорлар яшаган давр, муҳит, асарларининг яратилиш жараёни тасвир этилган экспозициялар билан қизиқувчиларни таништириш, қисқа қилиб айтганда, адабий туризмни ривожлантириш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Адабий туризм туризмнинг ўзига хос, кам тараққий этган турларидан.Зеро Президентимиз янги туризм йўналишларини яратиш, туризмнинг замонавий турларини ривожлантириш, уларнинг жозибадорлигини ошириш [1.Мирзиёев Ш. 173-бет] ни Янги Ўзбекистонни барпо этишда амалга ошириш лозим бўлган стратегик вазифа сифатида  белгилаб берган эдилар.

Асосий қисм. Адабий туризм истилоҳи ҳам давримиз учун янгиликдир. Нафақат Хоразмда, балки республикамизнинг кўпчилик ҳудудларида адабий туризмни ривожлантириш ечимини кутаётган муаммолардан ҳисобланади. Адабий туризм давлатга, жамиятга иқтисодий фойда келтириш билан бирга маънавий наф ҳам келтиради. Унинг иқтисодий фойдасидан кўра маънавий фойдаси кўп ва самаралидир. Биз Хоразмда, буюк аллома Замахшарий туғилган масканда туризм масаласига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Маълумки, Маҳмуд ибни Умар ибн Аҳмад Замахшарий замонасининг беназир алломаси, шоир, хаттот, Араб ва Ажам олимларининг устоди сифатида машҳурдир. У Хоразм, Бухоро, Исфаҳон, Бағдод ва бошқа жойларда яшаб таҳсил олади, икки марта Маккага сафар қилади, турли илмларни агаллайди, араб, форс ва бошқа шарқ тилларини ўрганади.

Аз-Замахшарий салжуқийлар ва ануштегинлар салтанати йилларида яшаб ижод этди. У яратган элликдан зиёд асарлар адабиётшунослик, тил билими, этнография, тарих, география, одоб-ахлоқ ва бошқа соҳаларга бағишланган, Қуръони Карим тафсирига атаб китоблар яратган. [2.Абдуллаев Ҳ. 8-бет.] Айниқса, унинг араб тили грамматикасига оид хизматлари бутун араб дунёсида эътироф этилган. Ана шуларни эътиборга олиб, Замахшарий туғилган масканда ёдгорлик мажмуаси бунёд этиш лозим. У ерда олимга ҳайкал ўрнатиш, асарлари факсимельесидан намуналар қўйиш, нашр этилган китобларидан фонд ташкил этиш, Замахшарий яшаган даврни эслатувчи экспозициялар яратиш араб сайёҳларни, жумладан, юртимиз илм аҳлини ўзига жалб этиши шубҳасиздир. Бу йил Замахшарий таваллудига 950 йил тўлади. Замахшарий номидаги мажмуа қурилиши бу йил бошланса, алломанинг юбилей санасига муносиб совға  бўлар эди.

Адабий туризм истиқболлари ривожида улуғ мутасаввуф Нажмиддин Куброга бўлган эътиборнинг алоҳида ўрни бор. Бу буюк шайх 1145 - 1221-йилларда яшаб ижод этган. Жорий йил шоир таваллудига 880 йил тўлади. Маълумки, Нажмиддин Кубро Хивада Соёт қишлоғида туғилган. Хоразмшоҳлар давлатининг пойтахти Кўҳна Урганчда ҳалок бўлган. У туғилган қишлоқда волидаси Биби Ҳожар онанинг, холаларининг қабрлари ҳам бор. Айнан мана шу қишлоқда Нажмиддин Кубро онаси ва холалари мақбаралари таъмирланса, улуғ шайхнинг ҳоки келтирилиб, мақбара-мажмуа бунёд этилса, ғоятда савоб иш бўларди ва бу фаолият адабий туризм истиқболида муносиб ўрин эгалларди.

Ўзбек мумтоз адабиётида Носириддин Бурҳониддин ўғли Рабғузий бадиий насрнинг бошловчиларидан, истеъдодли шоир сифатида эътироф этилади. У ХIII аср охири - ХIV аср бошларида Хоразмда яшаб ижод этган. Рабғузий Хоразмнинг Работи ўғуз қишлоғида туғилганлиги манбаларда қайд этилади. Бу қишлоқ ҳозирда Хоразм вилояти Боғот туманида жойлашган. Бугунги кунда ана шу туманда Қалъажиқ қалъа сайёҳлик мажмуаси бор. У ерга кўплаб чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар ташриф буюради. Агар туманнинг Работи ўғуз қишлоғида Рабғузий номидаги мажмуа бунёд этилса, бу мажмуа туманнинг сайёҳлик тизимидаги яна бир диққатга сазавор масканга айланар эди.

Янги Урганч шаҳрининг асосчиси, машҳур давлат арбоби, тарихнавис Абулғози Баҳодирхон номида ҳам алоҳида мажмуа-боғ ташкил этиш адабий туризм истиқболидаги масалалардан ҳисобланади. Таниқли олим Б.Аҳмедов: “Абулғозихон олий насаб ва тожу тахт соҳиби бўлган. У қарийб йигирма йил (1644-1664) Хоразмни идора қилди, лекин тарихда олий ҳукмдор сифатида эмас, балки йирик олим сифатида қолди. Илмнинг хосиятидан шундай бўлди у”, [3. Аҳмедов Б. 3-бет.] деб ёзган эди. Бугунги кунда Хоразм вилоятининг маркази Урганч шаҳрида Абулғози Баҳодирхон номидаги боғ-мажмуа бунёд қилиш, боғ мажмуада адиб асарларидаги воқеалар гавдалантирилган экспозициялар яратиш, “Ёш тарихчилар”, “Ёш адабиётшунослар” тўгаракларини мажмуа қошида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Бу хайрли иш ҳам ёш авлод маънавияти юксалишида катта ўрин тутади.

Ўзбек адабиётини Шермуҳаммад Мунис, Огаҳий ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кейинги йилларда Огаҳий ижоди тадқиқи, асарларини чоп этиш борасида катта ишлар қилинди. Президентимиз ташаббуси билан Огаҳий ижод мактаби ташкил этилди. Шоир уй-музейи таъмирланиб, файзли масканга  айланди. Ана шу хайрли ишларнинг давоми сифатида Хива туманининг Қиёт қишлоғидаги Мунис ва Огаҳий мақбараларини қайта реконструкция қилиш ва катта мажмуага айлантириш лозим. Агар бу ишлар амалга оширилса, Хоразмда адабий туризм ривожидаги беқиёс ишлардан бўлур эди. Мунис ва Огаҳий мақбараларини ҳали хоразмлик ёшларнинг ҳам кўпчилиги кўрган эмас. Мақбаралар таъмирланиб, катта мажмуага айлантирлса, республикамиз ёшлари, адабиёт ихлосмандлари учун ҳам зиёратгоҳ масканга айланар эди.

Хивада Сайид Моҳирўйи жаҳон мақбараси бор. Улуғ давлат арбоби, шоир Муҳаммад Раҳимхон соний Феруз, ана шу мақбарага дафн этилган. Муҳаммад Раҳимхон соний Феруз асли сайидлар авлодидан. [4. Давлатёр Раҳим, Шихназар Матрасул.112-бет.] Бугунги кунда Сайид Моҳирўйи жаҳон мақбараси катта мажмуа кўринишида бўлиб, у ерда Хива хонларидан баъзилари, жумладан, Феруз, давлат арбоблари Иброҳимхўжа, Исломхўжа, шаҳзода Темурғози тўраларнинг қабрлари жойлашган. Афсуски, мажмуа таъмирталаб. Кейинги йилларда Хива шаҳрида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан улкан бунёдкорликлар бўлаётганини эътироф этган ҳолда, Сайид Моҳирўйи жаҳон мажмуаси ҳам таъмирланишини, адабий туризм масканларидан бирига айлантирилишини истаган бўлар эдик. Яна ана шу мажмуа билан бир кўчада машҳур шоир, маърифатпарвар Аваз Ўтар уй-музейи ҳам жойлашган. Бу уй-музей, қайта реконструкция қилинса, у ерга кўплаб экспонатлар қўйилса, музейда шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янграб турса, Авазнинг маърифатпарварлик руҳидаги шеърлари ифодали ўқилган ҳолда ташриф буюрувчиларга тақдим этилса, ватанпарвар ёшларни тарбиялашда ҳам бу уй-музейнинг  аҳамияти ортган бўлар эди.

Хоразмдаги адабий туризм манзилгоҳлари рўйхатига Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон томонидан асос солинган “Ёшлик” боғини ҳам киритиш лозим. Боғда шоир номи билан аталувчи музей ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Зеро шоир қолдирган бой адабий мерос шунга муносибдир.

Биз пойтахтимиздаги “Адиблар хиёбони”га бориб, у ердан маънавий қувват оламиз. Ана шундай хиёбонни Урганч шаҳрида ҳам бунёд этилишини, бу мажмуа туризм масканига айлантирилишини ҳам мутасаддиларга таклиф сифатида берган бўлар эдик.

Хуллас, кейинги йилларда туризмни ривожлантириш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Хива шаҳрига туристлар оқими кескин ошди. Биз туризмнинг турли тармоқлари қатори адабий туризмни ҳам жадал ривожлантиришимиз зарур. Адабий туризм нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий, сиёсий жиҳатдан ҳам улкан сармоя манбаидир. Зеро маънавий тараққиёт иқтисодий юксалишга асос бўлади.

Ғайипов Дилшод Қадамбаевич,

филология фанлари доктори, профессор

Урганч давлат университети

Филология ва санъат факултети декани

- - -


< Orqaga qaytish