Marta o'qildi
Ўрмон қоравули. янги ҳикоя. Саломат Вафо.
Ҳикоя
“Ҳеч қачон тушкунликка тушма.Энг зулмат кечадан кейин ҳам қуёш чиқади”.Виктор Гюго.
У қора уйнинг гуллари ўчган эски нақшларига тикилиб ётарди.Қора уйнинг устига кигиз ва елим қоғоз ёпилгани учун уй ўртасига қурилган қулбола печдан чиққан иссиқлик,икки уч-соат туради.Сўнг яна уй ичи совиб кетарди.Қора уйни янгилайдиган кигизларини,харракларини,устунларини алмаштирадиган вақт ҳам келиб қолди.Авваллари яқин – атрофдаги ширкат раислари келиб унинг холидан хабар олиб турарди.Ҳар қалай бир вақтлар қўшиқчи бўлган,машҳур хофизнинг укаси деган номи бор.Байрамларда,хайит кунларида қоп-қоп,қути-қути озиқ-овқат ташлаб кетишар эди.
Ҳозир ҳамма ёқ ҳусусий бўлиб,ерлар фермерларга,хорижий ер эгаларига бўлиб берилганидан бери,бу ёққа овчиларни,сайёҳларни ҳам ўтказишмайди.Қора уй ходасига осилган торига қаради,торининг ялтироқ симлари,оқ садафлари, тарам-тарам лакланган қорни ялтираб кўринади.Бу тор билан не-не концертларга,минглаб одам қатнашган тўйларга,телевизион кўрсатувларга,радио дастурларга қатнашган.Унинг симларида,харротларида ишқ,айрилиқ,Хоразм ҳақидаги оҳанглар,ўртанишлар,зориқишлар,кулгулар,ҳасратлар бор.Кафтининг,бармоқларининг минг чизиқли,нақшлари излари қолган эди.Энди йил ўн икки ой деворда осиғлиқ туради,унинг торини дарчадан кирган баҳор елвизаклари,шаббодалар чертади.У оҳангларни соғингандай “тиринг..тиринг” баҳор насмиларидай товуш чиқаради.
Азамат совуқ сувга юзини ювишни,тишларини тозалашни эриниб ўйлади.Ўз одати бўйича “ё,пийрим”деб ўрнидан турди.Уй ичининг аёз ҳаволари юзини,баданини чимчилади.Лўкдонни шақирлатиб тушириб,ташқарига чиқди.Юзига тонгнинг салқин ҳавоси урилди.Тиниқ осмон,кўкиш уфқ чизиғи,унинг ортида минглаб тақдирли одам яшайдиган шаҳарлар,қишлоқлар бор,оралари тоғу-тош,чўллардан,адирликлардан иборат йўл юз,икки юз километрдир.Уфқ ва ер чизиғи орасида арчалар,кузда тўзғоқлар учирадиган қамишзорлар шовуллаб турарди.Азамат бу ерга қачон келганини,йилини,саналарни ҳам эсидан чиқариб юборган,саналарни белгилайдиган календари йўқ,радиодан ора-сира дикторларнинг бугун 23 март санаси деган товушини эшитиб қоларди.Бу йилги 2025 йилги Наврўз байрами ҳам ўтиб кетибди.Қора уй бурчагидан жой олган кичик харитада яшил,қизил,оқ,сариқ рангдаги дунё мамлакатлари акс этган.Қуёш илк бор бош кўтарадиган юрт – Япония улкан уммонлар бағрида кичик нуқталар тизимига ўхшаб кўринади.Байрамлар,календарнинг қизил кунлари,дам олиш кунлари,туғилган кунлар унинг учун оддий бир худонинг бергани,қуёшли,қуёшсиз,қорли,ёмғирли кун ҳисобланади.Уни қор-ёмғирлар ташвишга солади,қор-ёмғимрлар қора уйнинг устига тўпланиб қолади,бу харраклар билан уларни тушириб,гуп-гуп уриб, тап-тап ерга тушириб юради.
Азамат бу кенгликларни,осмонни,арчазор, ўрмон,у ёғи кўл бўйлари қамишзорларга меҳри тушган,бу ерда ҳар тонг қуёшда қумми,чанг зарралари уйнайди.Жимм..жимм этиб турадиган бир оҳанг маромида ҳавода ялтироқ зарралар нур таратиб ўйнайди.Бу вақтларда у отига дон тўлдирилган қопларни юклаб кўл пастликларига қараб кетади.Изидан ити Қорабўйин ҳам эргашди. Кўлга яқин жойда сайхонликда қирқилган машина болони йиртиқларига буғдой,кепак,арпа каби донларни тўлдиради.Донларни ташиб кетадиган дала сичқонлари ва каламушларининг кураган инини тупроқ тўлдириб,гўё улар яна кураб олмайдигандай оёқлари билан босиб чиқарди.Азамат бу донларни жайронлар,кийиклар,тўнғизлар,Қозоғистон томонлардан ўтиб қоладиган сайғоқлар ейишини истайди.Отини суғориб,пластик идишларга сув тўлатиб,орқага қора уй қад ростлаб турган тепаликка,уйига қайтади.Йўлда тошсиз текис жойлада ўт ёқилган гулханнинг ўрнини,уйилиб ётган оқиш кулларни кўрди.Икки-уч кун олдин бу ерга чошгоҳда келганида уч-тўрт нафар ёш-ёш йигит қизларни кўрган эди.Шу он туйқус бута шохларига илиниб ҳавода пориллаб учиб турган қизларнинг мовий ранг шарфига кўзи тушди.Шарф кўл бўйи,кимсасиз кенгликлар аро турк кентлари узра порлайдиган музаффар турк туғларидай учарди.Қалбида бу шарфга боғлиқ бирон истак бўлмаса ҳам,ихтиёрсиз ҳолатда отини етаклаб бориб,ён-атрофига қараб олиб,шарфни шоҳдан олди.Беиҳтиёр бурнига олиб борди,ўткир атир хиди димоғига урилди,недир ўз ички оламининг қонуниятига,тартибига ҳиёнат қилгандай,бирдан чўчиб кетди.Бир оз ўйланиб тургач шарфни ,воқеаларни кузатиб тургандай қулоқларини чимираётган,пишқириб қўяётган оти устидаги хуржун кўзига суқди ва ўзи ҳам сакраб отга минди.Отини қичаб тез-тез ҳайдаб кетди,гўё бир гуноҳ иш қилган-у,шу ердан тезроқ узоқлашишни истади.Юзига бир-икки дона ёмғир томчилари тушди,кўл бўйида тез-тез ёмғир ёғиб турарди.Отини қора уйи ўзининг озод ва хотиржам ҳаёти томон ҳайдаб кетди.
Маҳаллий газеталар бир қизиқ хабар босганди.”Машҳур хофиз Азамат Тангриберганов санъатни тарк этди.У тарки дунё қилиб устига сўфи жандаларини кийиб,Тошкентдаги уйидан чиқиб кетиб,Тўдакўл бўйидаги тўқайда қора уйда яшамоқда.Ўрмон хўжалиги ғаройиб ҳулқ-атворга эга,серҳаракат,меҳнаткаш ва шижоатли Азамат Тангрибергановни егер қилиб ишга олди. Санъатчининг унвони йўқ,оила қурмаган,фарзанд ҳам кўрмаган ”.
Бу хабардан сўнг турли-туман газета-журнал ва сайтларнинг мухбирлари,ҳокимият вакиллари у билан учрашишни,бу ғаройиб одам билан яқинроқдан танишишни,истаса недир кўмак кўрсатишни билдиришди.Аммо улар келадиган куни Азамат тўқайга,ўрмонга чиқиб,кун бўйи чўлу-адирда тентираб,бир-икки каклик отган бўлиб қора уйда қорасини ҳам кўрсатмади.Пашшаҳўрда мухбирлар яна бир-икки келишди,бу ғаройиб,кўринмас одамни топишни,суҳбат қуришни,расмга олишни исташди,аммо,барча ҳаракатлари зоя кетиб, қайсар, одамлардан нафратланадиган санъатчини топа олишмади.
Шундай қилиб унинг тинч, тўқай ҳаётига,ёввойи табиатига,наботот,ҳайвонлар олами,ёмғир,қорлар ёғадиган оламдаги ҳаёти бошланиб кетди.Бора-бора атрофдагиларни унга бўлган қизиқиши сўнди,ёш авлод унутиб ҳам юборди,ўрмон хўжалиги ходимларини ҳам ойда бир кўрадиган бўлди.
Эшик очилиши билан ҳаволар ўйнаб қора уй силкиниб,деворга осиғлиғ турган тор тиринглаб кетди.Азамат бундан недир белги,англам,хабар ҳис қилиб,торини қўлига олди,эшикни очиб ташқарига чиқди,эски креслога ўтириб,арчазорларга,кўм-кўк осмонга қаради,қадоқ босган ва қўпол бармоқлари билан пардаларни босиб чала бошлади.Неча йил бўлди торни чалмаганига,унга не таъсир қилди экан,торни қўлимга олмайман деб аҳд қилганди,радиодан ҳам шу аҳди туфайли қўшиқларини ўчиртирган эди.Руҳида аллақандай кўтаринкилик бор эди,бу не экан,ичидан недир тошиб чиқди,гарчанд дунёдан,одамлардан юз ўгирган бўлса ҳам,кечагина кўл бўйида одамлар бўлгани,улар ўйнаб-кулгани,тансиқ таомлар егани,кулгани,мусиқа эшитиб,рақсга тушгани уни кўнглини кўтарар эди.У яшайдиган кимсасиз,жайронлар,қуёнлар,тўнғизлар югуриб юрадиган оламга одамлар келган эди,келса ҳам бир кун бўйи,кўл бўйида ўтирган эди.Уларнинг сафида қизлар ва аёллар ҳам бор эди.Азамат дунёдан юз ўгиргандай,хотин-қизлардан ҳам юз ўгирган эди.Аёллар унинг энг оғриқ жойлари эди,у хотин-қизлар туфайли бу дунёдан юз буриб,бу жойларда тентираб юрмаганмиди..
Тор чалиш ёдидан чиқмабди,бир мўъжизадай бармоқлари хотираси билан “Найлайин” қўшиғи мусиқасини чала бошлади,торнинг товуши арчазорлар,сув бўйида шовуллаётган қамишзорлар,ўрмон узра осмонларга кўтарилиб, бу борлиқдан,тўрт тараф,коинотдан тараладиган қадим, қум зарралари ўйнайдиган,рақсга тушадиган оҳангга қўшиларди.”Муҳаббат солган иморат вайрона бўлди,найлайин”...бу айтимни ичида айтди,овози билан айтишга ичида недир,аҳдими,қасамими монелик қилар эди.Азамат ичида бу айтимларни айтар,унинг теграсида,арчазор,қамишзорлардан узоқда,ўқлар отилар,бомбалар портлар,одамлар,аёллар,болалар ўларди,ёшлар уйланар,уйлар қуришар,кўчаларда тўлиб машиналар карвони оқар,одамлар бир ой рамазон ойида ҳаётида недир мўъжиза кутиб рўза тутар,телевидениенинг ўнлаб каналларида кўрсатувлар давом этар,YouTuBe каналларида одамлар тинмасдан таом тайёрлар эди.Бунинг атрофидан,узоқда тўқайлар ва кўллар ортидан,унинг ёнидан,тўқай,ўрмон сокинлиги ҳукмрон умридан ҳаёт денгизи шитоб билан оқиб борар эди.
Тор оҳанглари кўкка ўрлар,Азаматнинг қуёшда тобланган,қор,ёмғирда юравериб чандир бўлиб қолган танаси,бир авжни ҳис қилар,буни фақат қўшиқчиларгина ички бир сезим билан англар эди.Бу авж уни куй оҳангида сел қилар,арчазор ўтлоқ,ҳув шовуллаб турган,кузда мезон,тўзғоқлари учадиган қамишзорлардан тошиб одамийлик,турмуш хотиралари босиб келар эди.Радиодан рамазон ойи бошланганини эшитган эди,у тўқайнинг ёввойи қонунлари билан бандаларнинг қоидаларини тан олмас,гарчанд рамазон ойи ҳақида эшитган бўлса ҳам рўза тутмас,намоз ўқимас эди.Унга ўзи яшаб ўтган саросар ҳаёти таъсир қилганми,намоз бу кенгликлардаги ҳаётимни,озод ҳаёлларимни,орзу-мақсадларимни,интилиш ва шижоатларимни чегаралайди деб ўйлар эди.Унинг ҳаётида қуёш ҳукмрон эди,тоғ чўққиларига офтобнинг илк нурлари тушиши билан,қуёш Япония томонларда чиқиши билан ўрнидан турар,отига миниб,тўқай оралаб,ҳар кун ўтадиган сўқмоқдан юриб,юзига шох-шаббалар урилиб,қуёш нурафшон этган қирларга чиқиб,бутун борлиқни саодатли нурга тўлдирган,оғочзорлар,буталар,қирлар,чўллар нурафшон нурга чўмган борлиқни,тонг мўъжизаларини,пишқираётган оти устида туриб тамоша қилар,шунинг баробарида недандир юраги шовуллар эди.Мовий осмон,сарғиш уфқ чизиғи,чўллар,кўллар ва бутун коинотда ер харитасидек қалби билан уйғун бир оҳанг,қуёш нури билан ёйилиб кетар эди.Қуёш тиккага келганда қора уйга қайтар эди,қўшни фермерлар ташлаб кетган ёғга босилган қўй эти билан,қотган нонларига сариёғ суртиб,арча тутуни сингган дала чойларини ичарди.Қуёш тиккага келганда, қора уй ичига кириб,ухламаса ҳам кўзларини юмиб ётар эди,бу вақтда бутун борлиқ,тўқай,чўллар,сувлар пешин саратон сукутига чўкарди.
У шу 30-31 мартда келадиган хайит байрами кунлари Хоразмга,ота-онасининг қабрини зиёрат қилишга бориб келмоқчи эди.Ўзида пул йўқ,ўрмон хўжалиги бошқарувидан тушадиган пул ҳам келиши билан,минг хил ташвиш учун йўқ бўлиб кетади. Шунинг учун Ангрен шаҳрида тадбиркорлик қиладиган жиянидан поездга бориш-келиш билетини олиб беришни сўраган эди.Хоразмга бормаганига ҳам,тўқайдан чиқиб одамларга қўшилмаганига ҳам ўн йиллар бўлиб қолган эди.Балки,у яна ўн,ўн беш йиллар бу хилда қуёш билан туриб,қуёш билан ётиб юраверарди,аммо,кейинги вақтларда икки-уч маротаба онаси тушига кириб,эшиги олдида йиғлаб ўтирар эди.Шунинг учун Хоразмга боришга аҳд қилди,отини фермерларга қолдиради,беш-олти кун қараб туришар,қора уй эшигига қулф солади.Ўрмон хўжалиги бошқарувига беш-олти кун руҳсат беринг,Шовотга бораман-у,қайтаман деб айтади.Жиянига икки марта қўнғироқ қилди,чипта олдингми деб.Жияни Маъруф,ҳозир ишларим кўп ўзим қўнғироқ қиламан деди.Орадан бир ҳафта ўтгандан сўнг Азаматнинг ўзи яна қўнғироқ қилди,у: “поездга билет қолмабди,студентларга байрамда чегирма эълон қилишган экан,ҳамма билетлар сотиб бўлинган.Самалётга билет бор экан,у бир ярим миллион экан.Сиз самалётда кета олмайсиз-ку”деди қўйди.”Самалётда Хоразмга кета олмайсиз деган”гап Азаматнинг хотирасига оғасидан қарз сўраганини келтирди.Бир ўттиз йил давомида турли сабаблар билан оғасидан қарз сўрар эди.Оғаси ҳар сафар ҳар хил баҳона билан важ кўрсатиб,очиқдан-очиқ “сен қарз олсанг қайтара олмайсан” дерди. У қайтара олмаслиги учун оғаси қарз бермасди,аммо,бойлиги ошиб-тошиб ётса ҳам,ука,шу пулни ол,аҳволингни яхшилаб ол,топганда қайтарарсан,демасди.Дунёдан узилишига,тоғу-тошлар,тўқайларга чиқиб кетишига,ака-укаларнинг меҳрсизлиги,хасислиги,очкўзлиги ҳам сабаб бўлган эди.
Ҳуллас,жияни Маъруф ..”дойи юринг,демади...” учоққа чипта олиб ўзи хайит байрамига Урганчга учиб кетди.Азамат,бир яқин қариндошига саховат қилмаган одам,ўн минг доллорлаб масжитга хайрия қилганини,ёки Умрага уч-тўрт маротаба бориб келганини тушунмас эди.Яна жияни намоз ўқийди,ўзи аксарият бозорчиларнинг ҳаммаси намоз ўқийди,аммо,баъзилари ўн сўмнинг устида ўн юмалайди,бировнинг ҳақидан уриб қолади. Шу тариқа Азамат хайитда Хоразмга бора олмай қолди,бу йўлга етиш учун қанча машаққат чеккан эди,тўқайдан чиқиш, темир излар,поездга миниш,бориб қабристонни,қариндошларини кўриш,одамларга қўшилиш учун неларни,не-не тўсиқларни енгиб ўтмаган эди.Олис-олисларда вупиллаб,атрофга гулдирос солиб,вагонларига ёш-яланглар,эркак-хотинлар,нафақахўр чоллар ва кампирларни олиб,поездлар шаҳарлар,қишлоқлар,сахролар,дашту-биёбонларни босиб,бир кунлик йўлга Хоразмга қараб йўлга тушди.
Насиб қилмаган экан,яна қуёшнинг илк нури қирларга тушди,қуёш Киото томонлардан бош кўтариб чиқди.Отини чоптириб кетди,шох-шаббалар юзларига урилди,от силтади,ҳансиради,унинг юрагида аламми,изтиробми бор эди,одамлар томонга борадиган ягона йўлнинг охири ҳам берк бўлиб чиқди.Ҳув қуёш тушаётган қирларнинг,арчазорлар,тўқайзорлар ортида улкан шаҳарлар бор,у ерда одамлар кимсага раҳм қилмайди,ука опасининг операциясига пул бермайди,бой бўлатуриб яқин қариндош ўн йиллардан бери ижарада яшайди, ногиронлиги бор синглисининг даъволанишига,дорисига пул беришмайди,ҳамманинг ўз минг хил ташвишли ҳаёти ва худо битган тақдири бор.Бу одамларнинг ичида Азаматга ўрин борми,Азаматнинг ҳаёти кўкда чаққан гулдирмомодай гап эмасми,уни ҳайвонот боғининг қафасидаги бўридай ҳафли ва йиртқич шамойилида кўрмасларми...
Оти яна бунинг ичида кечаётган пўртаналардан хабардордай чопиб кетди,юзларига шоҳ-шабба,салқин ҳавонинг,тонгнинг хашоратлари,чивинлари уриларди.От дупурлаб чопар экан,узоқдан қора уйи олдида харбийларнинг ола-була машинаси кўринди. Қора уй ёнига боргандан сўнг ўн,ўн беш чоғли ҳарбийларни сояларда,дарахтлар остида ўтирганини кўрди.Қуёш тикка кўтарилган,ҳаво иссиқ эди.Турли ўрмон қушлари дарахтдан-дарахтга учиб юришарди.Азамат отдан тушиб сардорман деган ўрта бўй,думалоқ юзли,сочи калта қилиб олинган ола-була кийимли йигит билан кўришди.Гуруҳ бошлиғи:
-Биз учёбага келдик.Тўрт-бешта жамоа бир бўлиб беллашамиз.Иссиқда дам олиб кун қайтгандан сўнг йўлга тушамиз.Шунга сизнинг қора уйингизни танладик.Маҳаллий фермерлар йўл кўрсатиб,сиз ҳақингизда сўйлаб беришди.
-Келинглар – деди Азамат.
Кечгача аскарлар ҳар ким ҳар иш билан машғул бўлди.Икки-уч нафар аскар чор-атрофни айланиб,қиргача чиқиб келишди.Бошқалари оёқ кийим тозалашди,телефон ковлашди,кечки дастурхон ҳозирлашди.Олис-олисларда қўшни фермерлар ерларидан трактор товуши келарди.Гулхан ёқиб қизиқарли воқеалар сўйлашди,қўшиқ айтишди.
-Азамат оға,фермерларнинг айтиши бўйича сиз машҳур қўшиқчи бўлган экансиз.Сизни бу тўқайларда юришингиз жуда қизиқ.Бу ерда элатини,онасини соғиниб юрган аскарлар бор шуларга бир жуфт қўшиқ куйлаб берсангиз.Қўшиқ айтишни ҳам соғингандирсиз,мана сизга публика.
Азамат бир муддат даврада ўтирган ёш-яланг аскарларга,давра ўртасида ёнаётган оловга,қорайиб кўринаётган тўқайзорга ва тунд осмонга қараб қўйди.Эгнидаги эскирган кўйлаги оқариб кўринарди.
-Мен қўшиқ айта олмайман, - деди Азамат юзлари оқариб,лаблари титраб.
Ўртада гулҳанга қаланган ўтинлар чирсиллаб ёнарди.Аскарлар “қарс-қарс” қарсак чалишарди.
-Айтинг энди,таранг қилманг,қистир-қистир қиламиз, - деб ҳайқиришди аскарлар.
Шу яқин орадаги сувликлардан ўрдакларнинг “ғақ-ғақ”лагани,қанотини сувга шалоплаб ургани эшитилди.Гулҳан чирсиллаб,олов сачратиб ёнарди.
Азамат шаҳд билан бир толаси ҳам оқармаган сочли бошини бурилиб,иштиёманд, чороғон даврадан узилиб, қора уй ичига кириб кетди.
Қўшиқ айтиш унинг оғриқ нуқталари эди.Агар қўшиқ айтса у ўзи инъкор этган тақдир хотиралари,кечмишлари,оғриқлари билан юзма-юз бўларди.Аҳир шулардан узоқлашиш, бу кечмишларни унутиш учун ёзнинг саратонларида,қишнинг қаҳратонларида, ёввойи ҳайвонлар билан дўст тутиниб,ойлаб инсон овозини эшитмасдан саросар кезиб юрмаганмиди?.
Қўшиқ айтиш унга оғир, қўшиқ айтса,унга биринчи ёви аёлларни ёдга солади,ҳаётида неча бор хотин билан юзма—юз бўлди,ҳар сафар ҳиёнат,жабр-ситам,қайғулар кўрди.Ишонганлари унга ҳиёнат қилди.Ҳатто ўйинчи қизлардан ҳам вафо кўрмади,уларга кўйлак тиктиртирди,машҳур солонларда ясантирди,меҳр берганди,уйланасан деб бўйнига осилди.Уларнинг қай бирига уйланиб чиқсин,улар ўйинчи айтим саҳналарини безайди,бугун бу,эртага бошқанинг созига ўйнайди.Айтганидай бўлди,икки-уч йил унинг ашуллаларига ўйнаб юрган тахёларига товуснинг пари қистирилган,қўлларини,кўкракларини зеби-гардонлар безаган ўйинчилар,бошқа ёшроқ,юлдузи порлаб турган қўшиқчиларга кетди.Ҳаётининг бир қисми бўлган қизлар,давраларда кўрса ноз-истиғно билан бир кулиб қўйиди,халос.Шунда... хотинда вафо бормикан?.Шундай қилиб Азамат учун хотин деган ном саҳнасининг пардалари ёпилди.Буларнинг ҳаммаси бир бўлиб,унинг бу тўқай ўрмонларда кимсасиз яшашига,оҳу-зорларини,арчаларга,кузда ранго-ранг нур таратиб чор-атрофда жаранглаб юрадиган қамиш тўзғоқларига,ёлғиз отига, ити Қорабўйинга,шарқираб оқиб ётган сувларга айтишга мажбур бўлди.
Яна дон-дунларини ҳар кун бир ховуч қанд,шакар ейдиган,ўзи оч қолса ҳам отини тўйдирадиган, дулдулига юклаб,кўл томонга,қайир сўқмоқлари томон кетди.Болон йиртиқларидаги донлар ейилган,ерга тўкилганларини дала сичқонлари,каламушлари инига тортиб кетган эди.Дон солинган ернинг атрофлари,гўё болалар ўйнаб ковлаб ташлагандай,уч-тўртта жойи ўйиб кураб ташланган эди.Яна инларга тупроқ ташлаб оёқлари билан босиб чиқди.Донларни майда қушлар чир учиб юрган ерда болон йиртиқларига ва тош устига ёйиб чиқди.Энг четки оғочга ўрнатилган камерани кўрди,аввалги келганида уни текшириш эсидан чиқибди.Бу камерани қайси бир университетдан келган олимлар дарахтга осиб кетган эди.Азамат қизиқиш билан камерани айлантириб кўрди,тунда кўзлари ёниб турган бўрилар ва шоқолларнинг шарпасини кўрди.Тонгда ҳали қуёш чиқмасдан туриб, дон-дун солинган болонлар ёнига жайронлар,сайғоқлар,қуёнлар келган эди.Улар донлари еб айланиб ўйноқлаб юришарди.Ўрмон қоравулининг вақти ҳўш бўлди,негаки қилаётган ишларидан ҳеч бўлмаса ҳайвонларга наф тегаётган экан.Дон бериш маросими бир кун эмас,йил ўн икки ой давом этарди.Фақат ўрмон хўжалиги бошқарувидан ойда бир келадиган юк машинаси дон-дунларни вақтида етказиб турса бўлди эди.
Чор-атроф қизғиш шафаққа дўнган эди,ҳали қуёш чиқмаса ҳам унинг заррин илк ёғдулари атрофни қип-қизил шафаққа дўндирган эди.Сал қуйида ястланиб ётган кўл ҳам аллатовур қирмизи рангга кирган,тиниқ ва сокин оқарди.Азамат эгар-жабдуқини шақирлатиб силкитиб турган отини суғорди,сариқ елим сув идишларига сув тўлатди.Атрофга аланглади,олдинги сафар топиб олган қизларнинг мовий ранг шарфини эслади,унинг қора уй нақшининг орқасига осиб қўйган эди.Яна аста-секин пишқириб,бошини силкитаётган оти билан қора уйи жойлашган тепалик томон кетди.Ҳар тун юлдузлар бодраб чиқадиган қизғиш тўқай осмони тип-тиниқ эди.Аста чўл шамоли эсади.Узоқдан фермерлар ери томондан чираниб ишлаётган экскаваторнинг тариллаган товуши эшитилади.Икки-уч йилдан бери қўшни фермерлар туячилик ташкил қилиб,туя сути ва сийдиги билан касалларни даъволайдиган бўлган эди.Ҳатто,ички органлардаги саратонни ҳам даъволашаётган эмиш.Азамат ўша ёқларга ўтса,баъзан каклик отиб қолса,икки-учта каклик бериб,туя сути ва қатиғи,қуртларини олиб келарди.Ўрмон қоравули баъзан кун бўйи емак емасдан икки-уч, оғизида сув очирадиган шўртак қурутни оғзига солиб юраверар эди.
Кеча радиода эшитиб қолди.Японияда бир ўрмон бор экан,номини эслаб қола олмади,шу ерга бориб ёш-қари японлар ўз жонига қасд қилар экан.Ўрмон асфальт йўлларининг четларига “ўзингизни ўлдирманг,яқинларингизни ўйланг,ҳали ҳаммаси яхши бўлади”деган йўл тахталари осиб қўйилган экан.Аммо,шунда ҳам японлар ўзини ўлдирар экан,ҳар кун ўрмондан эгасиз қимматбаҳо машиналар,жасадларга оид телефонлар,тамаки,ёқгичлар,блокнотлар ва сувратларни топиб олишар экан.
Кечга томон Тошкентдан сингиси қўнғироқ қилди.Оғаси вафот этибди...у оғир касал эди.Бу хабар дунёни ҳувиллатиб ташлади.Кейинги вақтларда бу тўқайга яхши хабар етиб келмасди,бирон қариндош вафот этади,биров касал бўлади,ёки доимий давом этадиган пулсизлик. Бу оғочлари шовуллаб турадиган,тонгда ва тунлари ёввойи ҳайвонлар сасига тўладиган тўқайга кўнгилни кўтарадиган,одамга хушбахтлик бағишлайдиган чорловлар ҳам келармикан?.Тўқайда ёлғизлик ва кимсасизликдан дунё сукунатга тўла,вақт ҳам сирғалиб ўтиб,ҳув арчазорлар баланд шохига илиниб қолгандай қуёшнинг ботиши ҳам қийин бўлар эди.
Кеча ҳарбийлар ташлаб кетган гўшт консервани емоқчи бўлган эди,уни ҳам кўнгли тортмади.Тун чўкди,қора уйдан чиқмади,чироқни ҳам ёқмади.Хофиз оғасини хотирлади,Тошкентга мусиқа мактабига уни акаси олиб келган эди.Сўнг ҳаёт ва санъат йўлларида қадамба-қадам оғасининг изидан йўл босди,барча студентлардай қийналди,қурилишларда ишлади,сўнг гўзал овози туфайли танилди,олқиш,қарсак,мақтовларга кўмилди,сўнг бирданига бу ришта чирт узилди.Қарсак ва олқишлардан сўнг нима бор деди,нима мени бу саҳналарга боғлаб туради,деди.Бирданига ҳаммасидан кўнги совиган эди.Саҳнадан ҳам,хотиндан ҳам.Олис Хоразмнинг Шовотида қари онаси бор эди,бунинг йўлларига кўз тикадиган,тақдиридан беҳаловат ва безовта бўлиб жойнамозда дуо қиладиган.Энди акаси ҳам,онаси ҳам йўқ,энди бу ҳаётга боғлаб турадиган.
Яна отини фермерларга ташлади,Тўдакўлдан Тошкентга қараб йўлга тушди,синглиси айтган жаноза куни етиб борди.Кийими ҳам йўқ экан,эски футболкасида бораверди,акасининг уйини бир оз қийналиб топди,кўчалар ўзгариб,дўконлар,кафе ва ресторанлар кўпайиб кетибди.Ўзи хоразмликлар шундай,урф-одатларга унча эътибори йўқ,шунинг учун тўн кийиб белини боғлаб турган одам бўлмади.Бир-икки нафар қариндошлар тахё кийган бўлди,қариндошлар уни ҳар кун кўриб юргандай шунчаки саломлашди,ваҳоланки,улар билан ўн,ўн беш йиллар давомида кўришмаган эди.Оғасини ҳам сўнгги марта қачон кўргани эсида йўқ эди.Кичик синглиси “Азамат оға, Отажон акамдан айрилиб қолдик” деб йиғлади.Аммо у йиғлай олмади,қалбининг туб-тубида алланарсалар қотиб қолган эди.Мотамга тумонат одам йиғилди,улуғ санъаткорни каломлар айтиб кузатиб қўйишди,унинг буюклиги ҳақида сўз бўлмади,оддий бандадай диний расм-русм билан қабристонга... сўнгги йўлга кузатиб қўйишди.
Маросимнинг учинчи кунигача аранг чидади,уйлар,мебеллар,машиналар,деворлар,одамлар уни сиқиб юборар эди.Шу уч кун ичида ҳар ким ўзи билан ўзи андармон бўлиб,Азамат ҳовли четига қўйилган,бир вақтлар қўшиқчи Отажон аканинг севимли жойи бўлган креслода ўтирди,туллаган,жундик ва тирноқлари ўсган,уча олмай қолган чўл бургутидай.Асли у сафлари сийраклашиб,узоқлашиб кетган қариндошларининг “қачон Тошкентга қайтасан,қачон сен одам бўласан,қачон уйланасан,қачон фарзанд кўрасан,энди сен дунёдан шундай ўтасанми” деган саволларидан қочиб четда ўтирар эди.
Сўнг ҳамма билан ҳайрлашди,сингиси яна йиғлади,қўлига тугун берди. Тошкентда сон-саноқсиз кўп қааватли уйлар кўпайган,оғочлар камайган,бир замонлар у ишлаган радио уйи темир панжаралар ортида оқариб кўринарди.Бу ерда Азаматнинг умрининг гўзал онлари ўтган эди,мусиқа студиясида ишлар,қўшиқ ёзиб кечқурунлари,қўшиқчилар,шоирлар,хоразмлик шоир Қадам Сайидмурод билан кафеларда тонггача қўшиқ айтиб,шеър эшитишар эди.
Жанозага келган хоразмлилар уни акасининг уйидан олиб, Тўдакўл бекатига ташлаб ўтиб кетишди.Тўдакўл улкан Навоий вилоятининг кенгликларига жойлашган эди.Отини қўшни фермерлардан олди,қизғиш оти Азаматни соғингандай кишнаб юборди,йўлларда “иҳи..ҳий”лаб шодон дупурлаб чопди.Азаматнинг юзларига тўқайнинг, улкан кенгликнинг салқин ҳаволари урилди.Ўз хашаматли саройига етиб келган шоҳдай юраги ҳаяжондан қаттиқ урди,чўлни,кўл бўйини босиб ўтиб,қора уйи жойлашган тепалик томон интилди.Қора уйга етиб келганида тўс-тўпалондан ҳайратда қолди,ити Қорабўйин атрофда кўринмас,қора уй атрофида челаклар,ўтинлар, паншахалар сочилиб ётар эди. Қора уйнинг деворлари остининг у ер бу ери ковланган,тирналган,яхшиямки цемент қуйилганидан,ҳайвонлар ичкарига кира олмаган эди.Афтидан бу ерга ёввойи ҳайвонлар келган,келса ҳам кечаси келган,Қорабўйин вовуллаб унга ҳалақит берган.Азамат тошнинг остидан калитни олиб,осма қулфни очди.
Йўл босиб,яна қадрдон қора уйига етиб келган эди, қора уйда ҳамма нарса жойида турар эди.кўрпа-тўшак,кийимлар,чойнак-пиёла...уйнинг ўртасига қурилган мўриси юқори туйнакка туташиб кетган печка муздай эди.Азамат уни қаттиқ қишда ёқмаса,эрта баҳорда,кеч кузда ёқмасди,қалин кийим кийиб ўраниб ётаверарди.Кичик қора япалоқ радиони буради,шиғиллаган овоз чиқиб,ўчиб қолди.”Батарияси битибди”овоз чиқариб фикрлади у.
Ташқарида биров “хофиз ака,хофиз ака” деб чақирди.Азамат чиқди.Эшик олдида от етаклаган икки нафар йигит турарди.Йигитлар офтобда рангги ўчган иш кийимида,сочлари тўзғиган юзлари ҳорғин ва эзгин эди.
-Ака,учта туямиз йўқолиб қолди.Бири нор туя,икки кундан бери қидирамиз,еру-кўкда йўқ.Бугун фермага қайтиб кетишимиз керак.Сиз йўлда-изда кўрмадингизми уларни..
- Йўқ,мен Тошкентда эдим.Бугун келдим, - деди паст овозда.
Изқувар йигитлар кетишди,туялар учраб қолса,қўнғироқ қиларсиз деб,рақамларини қолдириб кетишди.
Шу куйи чироқни ҳам ёқмасдан ухлаб қолибди,йўлда қаттиқ чарчаган чоғи,тунда Қорабўйин вовуллаганидан,от кишнаганидан уйғониб кетди.Не бўлди?. Уйқусираб ҳамиша ўқлоғлиқ турадиган милтиқини олиб ташқарига чиқди, сутдай ойдинда қорайиб кўринаётган иккита туя алланарсадан қўрққандай ғуж бўлиб туришарди.Қорабўйин уларнинг атрофини айланиб вовулларди.Афтидан уларни бўри ёки бошқа жондор қувиб келган. Азамат милтиқни осмонга қаратиб варанглатиб отиб юборди. Қоронғиликда кўзлари ёнаётган қора шарпалар шатур-шутур қочиб кетди.Учинчи туя қаерда қолди экан?.Жондорларга ем бўлдимикан?.Туяларни бир вақтлар эчки сақлаган қўрага олиб кириб қамади.Қора уй ичига кириб,қўл телефони соатига қаради: тонгги уч ярим.Туя эгаларига хабар жўнатди:туялар топилди.Ўрнида тўлғониб ухлай олмасдан ётди,тўқай ичида ёввойи ҳайвонлар кўп бўлгани учун қора уйда товуқ,сигир,қўй боқмайди,бўлмаса бу ерда чорва озиқланадиган ем-хашак жуда мўл.
Қора уй туйнугидан ғира-шира нур тушаётганида юзига шаффоф,совуқ бир нарса тушди,димоғига хотин-қизлар сепадиган атир ифори урилди,гўё боши айланиб кетгандай бўлди.Гўё қора уйга биров кириб келгандай бўлди.Бир дафъа не бўлганини англай олмай ётди.”Э,бу кўл бўйидан топган аёлларнинг шарфи-ку” ҳаёлидан ўтказди.Сакраб ўрнидан турди,шарфни олиб яна жойига илиб қўйди.Хотирасига умри давомида кўрган,яқин бўлган ва ҳатто икки-уч кун уйида мехмон бўлган турли-туман,ёш ва гўзал хонимлар келди.Ичида аллақандай зўриқиш,армонми,оғриққа ўхшаган туйғулар пайдо бўлди.Ўзи нега дунёдан юз ўгирди...у тўғри йўлдами,нега бошқалардай бола-чақаси билан тинч-осойишта яшаб юравермади..Энди ўлиги шу тўқайда қолиб ёввойи қузғунларга,ёввойи ҳайвонларга ем бўладими...нега ҳали қаронғи,қачон қуёш чиқади?. Ташқарига чиқиб юзини совуқ сувга ювди, тонг... арчазор ва ҳув олисдаги қирлар томонидан оқариб келмоқда,уфқ чизиғида тонгда пари қиз кўзини очаётгандай қуёшнинг қизғиш нурлари элас-элас кўзга ташланади.Ҳаво салқин ичкарига кириб неча йиллар олдин аллақайси тўйда кигизишган,эндиликда эскириб қолган тўнни кийди,кўзи осиғлиқ торга тушди.Торни ҳам қўлига олиб ташқарига чиқди.Тор мени ҳам қўлингга ол деб нола чекаётгандай тиринг-тиринг товуш чиқарди.
Ўриндиққа ўрнашиб ўтириб ғадир бармоқлари билан торнинг совуқ симларини силади,уйғон дегандай силкитди,пардаларини босиб кўрди.Олис яқинда қушлар сайрай бошлади,аллақаёқдан чумчуқлар пириллаб учиб,қалдирғочлар ер бағирлаб уча бошлади.От дупурлаб пишқириб қўйди.Кечаси билан бўрилар билан жанг қилган Қорабўйин хориб,бошини оёқлари орасига олиб ухлаб ётар эди.
Тинг..тинг..тинг..Азамат торни чала кетди,симлар,пардалар устида қадоқли бармоқлари тез-тез ҳаракат қилар эди.Тордан нафис бир оҳанглар юксалиб улкан коинотлар,осмонларга,ҳали ўчмаган юлдуззорор фалакка,ою-сомон йўлига, чексиз тўқайзор узра ёйилар эди.
Тинг..тинг..тинг..оҳанг авжланар эди.Азамат гўё концерти ва тўйлардагидай одати бўйича аввал,гўё овозини созлаб олаётгандай йўталиб,алланенинг хумори тортаётгандай қаттиқ ютуниб, иҳм..иҳмлаб турди.Ва бирдан..бирданига неча йиллардан бери айтмаган,айта олмаган қўшиғини бошлаб юборди,тамоғидан насмлар,оҳанглар чиқаётганига ўзи ҳайратда қолгандай куйларди.Яқиндагина вафот этган,номдор қўшиқчи акасининг мангу қўшиғини куйлар эди.
Бир дилбари золим,мани йиғлатди тунугунай,
Мужгон ўқини кўксим ора отди тунугунай,
Аввалдан эди ҳар неки сири мунга аён
Ағёр тиғи била мани қон этди тунугунай
Бу қўшиқни тўқайдаги ўрмон қоравули эмас,кўп йиллар олдин катта майдонлар,баланд саҳналар,минглаб одамлар даврасида адл турган Азамат куйлар эди.
Бир дилбари золим,мани йиғлатди тунугунай,
Азамат ўнг қўли билан юзларини артиб қўйди,ёмғир ёғаётганмикан деган ҳаёлга борди,қарса... йиғлаётган экан,кўзларидан қайноқ кўз ёшлар оқарди.Тор ва қўшиқ оҳанги юксаларди.Арчазорлар,тўзғоқли қамишзорлар ва қирлар ортидан алвон кокилларини ёйиб қуёш юксаларди.Япония,Киото томонлардан қуёш чексиз коинотга кўтарилиб,Тўдакўл кенгликларига,тўқайларга нур сочарди.
Ағёр тиғи била мани қон этди тунугунай...
27 март 2025 йил.
Тошкент.”Гўзал” маҳалла.
- - -