Marta o'qildi
"Бу йўлдан чекинма,Жавлонбек". мулоҳаза. Саломат Вафо.
Эҳ, 2020 йилдан кейинги ҳаётим сув каби оқиб кетгандай, қадрсиз тарзда ўтиб кетганини кеч англаётгандекман. Тўрт йил деворлар ва деразалар ортида вақт номсиз оқди. Бунга сабаб ҳам бор эди: 2022 йилда кўзимда нуқсон пайдо бўлиб, операция қилиниб шоҳ пардаси алмаштирилган эди. Бироқ бу баҳона бўла олмайди. Мен "Қўрқма"ни ўқишим керак эди, билишим керак эди.
Куни кеча қўлимга ёш ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг "Қўрқма" романини олдим. Бу асар менинг маюс ва сокин оламимни ағдар-тўнтар қилди. Жавлоннинг беқиёс тахаюли, рангли фантазияси, дунёга бошқача қараши, фикрлаши, тили, идроки — ҳаммаси бир-биридан ўзига хос. Инсон фантазиясининг кенглиги ҳақида Шарқ улуғларидан бири Жалолиддин Румий:
"Хаёл — сенинг қанотинг. Ундан маҳрум бўлсанг, ерга қулайсан, аммо унинг орқасидан юрсанг, чексизликка етасан" дейди.
"Қўрқма"да замонавий сағир-етим йигитга оламнинг юки юкланади. Дунёнинг ранг-баранг ҳолатлари ифодаланади. Германияга ўқишга йўл олган 70 нафар ёш, уларнинг орзу ва интилишлари, Берлинга талпиниш ғояси асарнинг қизил ипи сифатида юракдан ўтиб туради. Бу орзулар, армонлар, замонлар, ҳаёллар инсоннинг ўз хаёли каби гавдаланади. Асар давомида момосининг мангу ҳасратлари, қиз така, олий курсдош образлари йўлдошдек ҳамроҳлик қилади.
Мен ўзбек адабиётига ҳеч кимга ўхшамаган, ўз овози ва ўз йўлига эга ёш қадам қўяётганига гувоҳ бўлдим. "Қўрқма" китоби муқовасига "Bestseller" деган сўз ёзилгани бежиз эмас экан. Чунки одамлар китоб ўқишдан узоқлашган бу даврда Жавлон Жовлиев асарининг учинчи нашри сотилиши ўзи бир қудрат, бир мўъжиза. Бу йўл Навоий, Бобур, Румий, Замахшарий, Ойбек, Қаҳҳор ва Одил Ёқуб каби улуғлар босиб ўтган йўлнинг давоми, бу йўллар муборак бўлсин.
Мен Жавлон ижодида жаҳон адабиётига тенглаша оладиган унсурларни кўрдим: унда Герман Гессенинг "Чўл бўриси" ҳам, "Минг бир кеча"нинг сеҳри ҳам, ҳатто ўз ижодимнинг айрим жилвалари ҳам акс этгандек. Бу — Хоразмдан, ёки қашқадарё воҳасидан отилиб чиққан, тўлқинланиб оқиб келаётган навқирон бир дарёнинг жилваларидир.
Ҳайратдаман. Ҳа, Жавлон ўғлим, бу сўзларни тўрт йил кеч айтганимдан афсусланаман. Аммо бугунги қувончим катта: сен каби издошларимиз бор экан, ўзбек адабиётининг парвози юксак бўлади. Биз кутган, Нобель мукофотига муносиб асарлар ёза оладиган ёзувчилар ана шу йўлдан етишиб чиқади.Бу мукофотни,Нобелни олиш насиб қилсин,Жавлонбек.
Жаҳон адабиётида буюк сўз эгалари инсоний ирода ҳақида сўз айтишган. Фридрих Ницше шундай деган эди: "Инсон иродаси тоғларни ҳам егади." Жавлонбек, бу машаққатли ва шарафли йўлдан чекинма. Сўзинг нурли бўлсин, йўлларинг оқ бўлсин.
Сендан янада буюк асарлар кутиб қоламиз. Чунки сен — ўзбек адабиётининг парвозини юксак осмонларга олиб чиқадиган янги қанотсан.
- - -