Marta o'qildi
Ярадор арслоннинг сўнгги ноласи. мақола. Саломат Вафо.
«Она тили — миллатнинг ҳаёти ва руҳидир. Она тилини асрагин, чунки у сени миллат деб танитур».
Алишер Навоий.
Элатимизда кўп ҳикояларимнинг қаҳрамонлари бўлган тотор хотинлар Нойила, Сапира тоторлар бор эди.
Хоразмда тил, бугунги Ўзбекистон жамиятида шева деб айтиладиган Хоразм тили шу қадар кучли эдики, балки шундандир элат ва туманда .. бошқа миллат деган туйғу бўлмасди. Ён қўшнимиз Тожигул анага муносабат қандай бўлса,қўшниларимиз бошқа миллат эгаларига шундай муносабатда бўлардик.Балки, шунинг учун ҳам хоразмликлар миллатларга нисбатан бағри кенглик маъносида ўсишган.
Хоразмга алоқадор воқеаликни ёзишдан мақсадим, хоразмда яшаган бошқа миллатлар барчаси хоразмча гапиришарди. 1970 йилларда Хоразм тили шу қадар кучли ва ҳаётий эдики, хоразмда яшайдиган руслар, корейслар, тоторлар хоразмча сўзлашарди. Улар хоразмча гапиришни ўзларига шараф деб билишарди. Бу ҳолат назаримда Туркияда кўп миллатлар яшаса-да, улар гўзал турк тилида сўйлагани учун мағрурланганидай бир фазилат бўлса керак.
21 октябрь Ўзбек тилига давлат мақоми берилган кунда.. мустақилликка эришганимизга 34 йил тўлган бўлса ҳам, тарихан жуда буюк, айтиш лозим бўлса ўзбек тили дунёга келмаган вақтда эрадан олдинги 1 мингинчи йилларда туғилган она тилим Хоразм тили ҳақида фикр юритмоқчиман.
Биз барча изхор қиладиган ғоя ва фикрларимизга БМТнинг 2019 йил 1 февралда Парижда тантанали қабул этилган “2022 – 2032 йиллар туб халқлар тиллари халқаро ўн йилликлари ” қарорини мақоламизга асос қилиб оламиз. Биз БМТнинг ушбу қарорига кўра дунёнинг энг қадимий туб халқи ҳисобланган Хоразм халқининг Xоразм тили тақдири ҳақида фикр юритмоқчиман.
Хоразм жуғрофий жиҳатдан марказдан йироқ ва бошқа халқлар билан ассимляцияси кам бўлгани учун совет даврида рус тили гегимонлиги остида эзилиб ўз таркибини ўзгартира бошлаган эди. Чунки, у вақтларда барча миллий ўлкаларда рус тили хукмрон эди. Рус тили элита тили ҳисобланарди, барча раҳбарлар,ташкилот ходимлари ва бойлар рус тилида мулоқот этишарди. Аммо, рус тили, инглиз тили шарқ рухидан узоқ, тамоман бошқа тил бўлгани учун Хоразм тилини истеъмолдан суриб чиқара олмаган эди. Минг таасуфки, мустақиллик йилларида Хоразм тилининг вужуди тилка-пора қилиниб, улкан шоир Омон Матжон: “орадан 50 йил ўтмай буюк Хоразм тилидан фақат “галди, гетди” деган сўзлар қолади” деб жуда аччиқ башорат қилган эди. Надоматлар бўлсинки, бугун айни ана шундай Хоразм тилининг йўқолиб кетиш даврида турибмиз.
Мен адабий ўзбек тилининг мулоқотида бирон камчилик кўрмайман.
Маълумотларга қараганда ҳар 14 кунда Ер юзида бир тил ўлар экан. Ҳозирги кунда дунё юзида 6700 мулоқот тили қайд этилган. Ушбу тилларнинг орасида кўпгина кичик тиллар ўлимга махкум ҳисобланади. Йўқолиб бораётган тилларнинг қора рўйхатига кирган гўзал ва оҳангдор Хоразм тилининг тақдири ва келажаги ..шу юртнинг фарзанди сифатида мени қайғуга солади.

Абулғози Баҳодирхон “Шажараи турк ” асарида Хоразм тилининг қадимий ва бой тил эканини... эроний, араб, форс, муғул тиллари билан қиёслаб, жуда кўп тарихий мисоллар билан исботлаб берган. Абулғози Баҳодирхон ўз асарида Хоразм тилининг жуда кам ишлатилган 2680 сўзни қиёсий ҳолатда кўрсатган..
Бугунги кунда Хоразмда боғча ва мактаб, университетларда фақат адабий тилда ёки рус тилида сўзланади.Хоразмча гапирган болалар қаттиқ жазоланди ва баҳоси пасайтирилди.Ва оддий аҳоли муомила қиладиган халқ тили ҳам телевидение, газта - журналлар тасири остида адабийчага ўта бошлаган.Ўзаро мулоқотда 3чи шаҳс бирлик ва кўплик феълига "лар" қўшимчаси қўшилгани жуда ачинарли ҳолатдир.
Яна такрор ёзаман, болаларнинг адабий ўзбек тилида сўйлагани жуда яҳши..аммо, шу ҳудуднинг ўз тили.. дунё ўғиз тилларининг онаси бўлган қадимий Хоразм тилининг йўқолиш даражасига келиб қолганини таъкидламоқдаман.
Маҳмуд Қашғарий “Девону луғати - т-турк” асарида келтирган сўзлар ва уларнинг маъноси бизга.. тушуниб бўлмайган архив ёзувларини эслатади. Биз она тилимиздан, Ўзбекистоннинг қишлоқларида сақланиб қолган ҳозирги жамият тили билан айтганда Хоразм шеваси,Фарғона шеваси, Самарқанд шеваси, Сурхон-қашқа, Бухоро шеваларидаги она сўзларимизни тушунмайдиган ҳолга келдик.
Бунинг асосий сабабларидан бири бугунги кунда 1 миллион ўзбек боласининг она тили.. рус ва инглиз тилида чиқаётганлиги, ўзбеклар дунёни русча ва бошқа тафаккур билан англаётганлигида деб биламан.
Ёшларимиз жуда мураккаб тил ҳисобланган япон ва хитой тилини билишлари мумкин. Лекин ўз она тилида фикрини равон ифода олмайди, дарров фахр билан русча ёки инглизча гапиришга ўтадилар. Мамлакатимиз шаҳарларида, айниқса Тошкентда барча расмий мажлис ва тадбирлар русча, ёки инглизча олиб борилади.Пойтахт кўчалари дўкон пештахталарида бирорта ўзбек сўзи учрамайди. “Мы открылись”, “Корзинка”,”Салон красата”, “Таль Пич”, “Туры в Дубай”, “Wunderkind”, “Profi Educations”, “Makro”, “Indenim» каби ёбончи сўзлар билан тўлиб ётибди.
Юқоридаги омиллар туфайли йўқолиш даражасига келиб қолган бечора Хоразм тили мавзусига қайтамиз. Бугунги кунда Хоразм тили икки –уч тамонлама босим остида қолгандир. Хоразм тили.. рус тили, инглиз тили ва ўзбек тили остида эзилиб инграб ётган ярадор шеърга ўҳшайди. Чунки, Хоразм инсоният тарихида ер юзида империя қурган беш буюк мамлакатнинг бири ҳисобланади. Бир замонлар Хоразм тилида хоразмшохлар 33 та мамлакат подшоҳларига мактуб битиишган, Хоразм тилида дунё мамлакатлари билан шартномалар тузилган. Ва хоразмшоҳлар тангалари хоразм тилида зарб этилган.Хоразмнинг қора ва олов тусли байроқлари дунё юзида музаффар ҳилпираган.
1920-24 йилларда ташкил бўлган Хоразм Халқ Республикасида адабий тил - Хоразм тили ҳисобланган.
Ана шундай ўз тарихи, маданияти ва санъати билан феноменал миллат ҳисобланган улуғ ўлканинг тили бугун шу қадар қашшоқлашиб тилка-пора этилганки, хоразмликлар бир –бири билан “отец чаққонми, ураганчдаги сестралар ничик” деб сўрашадиган бўлди. Хоразмнинг шаҳарлари Урганч, Хива ва Хонқада халқ ўзаро мулоқотда сўзларнинг феъллари, олмошларини русча айтадиган бўлишган. Бу сўзларни ўзбекча қандай эквивалентга эга эканлигини билишмайди ҳам.
Бечора она тилимнинг оғир аҳволи қалбимизда турли саволлар туғдиради. Хоразмда тил, ёзувлар қайси даврларда пайдо бўлган?. Бу маълумотлар қайси манбаларга асосан эълон қилинган эди?.
Хоразмнинг логографик ёзуви эрамизгача 1 минг йилликларда мавжуд бўлган эди. Бу тарих қолдиқлари ..зарб қилинган кумуш тангалар Тупроққалъадан топилган эди. IV-VII асрларда аҳмонийлар империяси таркибида бўлган Хоразмда .. арамий(оромий) ёзуви кейинчалик квадрат шаклли иврит тили, парфия, суғд, араб ва хоразм ёзувининг яратишига асос бўлгани таъкидланади.
Маълумотларга кўра қадимий гўзал иврит тили 2000 йилдан кейин қайта тирилтирилди,ҳозирги кунда унда 9 миллион жухуд халқи сўзлашади..
Иврит (Hebrew) — асрлар давомида фақат диний китобларда яшаган бу тил XIX асрда Элиэзер Бен-Иехуда томонидан қайта жонлантирилди. Бугун у Исроилнинг расмий тили ва миллионлаб одамлар сўзлашмоқда.
Корниш (Cornish) — Англиянинг Корнуолл ҳудудида сўзланган бу келт тили XVIII асрда йўқолган деб ҳисобланган. Аммо XX асрда маҳаллий фаоллар ва тилшунослар уни қайта тирилтиришди.
Манкс (Manx) — Ман оролидаги келт тили 1974 йилда “сўнгги сўзловчи” вафот этганидан кейин йўқолган деб эълон қилинган. Лекин 2000-йилларда болаларга ўқитилиб, мактаб дастурларига киритилди.
Вампаноаг (Wampanoag) — Америка хиндуларининг тили. 100 йил йўқолиб кетган бўлса-да, кейинчалик ҳужжатлар ва тарихий манбалар орқали қайта яратилди.
Бу ўлик ҳисобланган,бугунги кунда қайта тирилган тиллар рўйхати, қадимий Хоразм тилининг тирилишига имкон борлигини кўрсатади.
Аммо, Хоразм тили алифбоси шу вақтгача тўла ўрганилмаган, ҳозиргача 20 ҳарф аниқланган, ҳалос. Буюк олим Абу Райхон Беруний асарларида Хоразм маданияти,тарихий анъаналари ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолган. Аммо Беруний надомат билан “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида “ У1 аср араб босқини даврида хоразм ёзуви тупроққа кўмилди. Китоблар ёқилди ва хоразм ёзувини биладиган одамлар ўлдирилди” деб ёзган эди.
Хоразм тилининг бугунги ғариб аҳволи ҳақида маълумотлар ва фактларни истаганча санашимиз мумкин.Мамлакатимизда ўзбек тилига Давлат мақоми берилганига 34 йил тўлиши муносабати билан ўз она тилим .. Хоразм тили ҳақида мулоҳаза ва таклифларимни баён қилмоқчиман .

Биринчидан: Бугунги..2024 йилда дунё юзида туркий тилли давлатларнинг ижтимоий, сиёсий, маданий яқинлашуви муносабати билан Ўзбекистонда адабий тил масаласи янгидан кўриб чиқилиши лозим. Яқинда 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Бокуда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатларнинг хамкорлик кенгашида ҳам кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган масалалар, ҳусусан маданий муносабат,китоблар, луғатлар чоп этилиши масалалари кўриб чиқилди. Ушбу Кенгашда Озарбайжон,Қозоғистон, Қирғизистон,Туркия, Ўзбекистон мамлакатлари доимий ва Венгрия, Туркманиятон давлатлари кузатувчи сифатида қатнашди.
Демак, ўзаро мулоқот воситаси ҳисобланган турк тилининг истиқболи ва келажаги ушбу кенгашда қатнашган барча мамлакатлар учун қадрли ва улар манфаатини тўла акс эттиради.
Бобомиз Маҳмуд Қашғарийнинг “Луғати-т - турк ” асарида келтирган соф туркча сўзлар бугунги кунда Хоразм, Қорақалпоғистоннинг ўғиз уруғлари, Қашқадарё, Сурхандарё, Бухоро, Навоий вилоятларида кенг истеъмолда экан. Қашғарий минглаб сўзлар қатори: бу ерда сўзини “мунда” деб келтиради. “Мунда ”сўзи юқорида номларини санаган вилоятларда, ҳатто туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо давлатларнинг аксариятида ҳам қўлланилар экан. Демак, Ўзбекистоннинг барча вилоятлари алоқа воситасига Хоразм тилига тўғри келади..
Иккинчидан; 21 асрда қардош туркий халқларнинг яқинлашуви Марказий Осиё халқлари қозоқ, туркман,хоразм, қирғизистондаги ўзбек уруғлари;ҳусусан,озарбайжон,Турк ва шимолий Сибирнинг кичик туркий халқларининг ўзаро мулоқот заруратини юзага келтирмоқда.
Тилшунос олим Анвар Бўронов “Олтойлар” китобида, Россия Федерациясининг Олтой республикасида яшаётган қардошларимиз никоҳ орқали боғланган эркак қариндошларни қуда, аёл қариндошларни эса қудағай, холанинг фарзандларини бўла, тўёнани соун, жонлиқни соғум, курашда тўй эгаси қўйган совринни табақ, жигарни бовур, бўғирсоқни бовурсоқ, тўнни тон, пахта ва жун савашда ишлатиладиган савағични собов, оғизни овуз, пастликни тёмен, эртага сўзини эртен дейишар экан, деб хабар беради.(“Тирик кўмилган кўзлар”.Олим Тошбой. UzA)
Хоразм тили мамлакатимизда адабий тил сифатида қабул қилинадиган бўлса Марказий Осиё халқлари, турклар,озарбайжон, туркман, юқорида таъкидлаганимиз кичик сибир халқлари ва бевосита хоразмшоҳлар тарихига алоқадор венгер, можорлар билан мулоқот қилишимиз осонлашади. Ва Хоразм тили Давлат тили қабул қилинганига 34 йил тўлиши муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ҳаётга тадбиқ қилинадиган лотин ёзувига ва ҳарфларнинг оҳангдор талаффузига ҳам мос келади.
Учинчидан; Боку шаҳрида бўлиб ўтган “Туркий тилли мамлакатлар Кенгаши” йиғинида туркий республикаларнинг иқтисодий, сиёсий алоқлари билан бирга маданий алоқасига ҳам кенг ўрин берилмоқда. Кейинги вақтда олимлар, ёзувчилар тамонидан ўрта турк тилини яратиш, гўзал турк тилининг ингиз, француз,рус тиллари каби дунё мулоқот тиллари қаторига киритиш ғояси кўтарилмоқда.
Туркиянинг ўзида ҳам 1923 йил Туркия республикаси ташкил этилгандан сўнг, турк тили софлигини сақлаб қолиш йўлида.. мамлакат учун оғир иқтисодий шароит даврида Турк тили алифбоси ислоҳатлари уюштирилди. 1932 йил ташкил қилинган “Туркия лингвистик жамияти”ташаббуси билан замонавий Турк тили истиқболи йўлида маъданий инқилоб содир этди. Ушбу жамият ҳозиргача гўзал турк тилининг софлиги ва манфаати ҳақида махсус дастурлар асосида фаол ҳаракат олиб бормоқда.
Олимларимиз тамонидан кўтарилган бу ғоя тарихий ҳақиқатларни акс эттиради, чунки бутун ер юзида улуғ турк тилида 200 миллион аҳоли ўз аро мулоқот этади.
Демак, ўрта турк тилини яратиш, ҳусусан гўзал турк тилининг мавқеини ошириш ғояси концепцияси асосига қадимий хоразм тили асос бўлмоғи лозим.Яқинда ўрта турк тили алифбоси қабул қилингани нур устига аъло нур бўлди.
Чунки, пойдеворсиз уй қурилмайди, бахтсиз Хоразм тили эса барча туркий ўғиз тилларининг онаси ҳисобланади. Ана ўшанда мамлкатимизда мавжуд бўлган тиллар, шеваларни..қонун асосида шаклланган тизим ва система орқали ҳимоя қиламиз.
БМТнинг 2019 йил февралида Парижда тантанали қабул этилган “2022 – 2032 йиллар туб халқлар тилларининг халқаро ўн йиликлари ” қарорида ҳам йўқолиш даражасига келиб қолган туб халқлар тилларини асраш,тирилтириш, популярлигини ошириш, ҳусусан, келажакда миллий ва халқаро доирада жиддий тадбирлар қабул қилиш кўзда тутган.
Мақолада баён қилаётган барча ғоя ва мулоҳазаларимиз БМТнинг ушбу тарихий қарори асосида Хоразм тилининг тиклаш йўлидаги изланишларимиз махсус баёнидир.
Тўртинчидан; Ўзбекистонда Хоразм тилининг адабий тил сифатида шакллантириш учун Ўзбекистон ҳукуматининг ва Олий Мажлиснинг ҳужжатлар тўплами яратилиши лозим. Ушбу қарорга БМТнинг “2022 – 2032 йиллар туб халқлар тилларининг халқаро ўн йиликлари ” қарори асос бўлади. Бу қарорда Хоразм адабий тилининг тирилтириш, илмий шакллантириш асослари,дастурлар,концепциялар, ғоялари илгари сурилмоғи лозим.
Ва ушбу дастурлар асосида энг аввало Хоразмда Хоразм тилида мактаб, университетда дарсликлар киритилиши лозим. Хоразм тилида газета, журнал, телевидение дастурлари ташкил этилмоғи лозим.
Хоразмда..Хоразм тилини ҳимоя этадиган “Геч ёқтилиқ” номли адабий, маърифий газета фаолиятини қайтадан тиклаш ва бошқа матбуот органларини ташкил этиш ишларини уюштириш кўзда тутилади.
Илмий асосда Хоразм адабий тилининг тарихи, турли хил луғатлари яратилмоғи лозим.

• Мамлакатимизда 2024 йилда туркий тилли мамлакатларнинг яқинлашуви муносабати билан адабий тил масаласи янгидан кўриб чиқилиши лозим. Ёзувчилар, тилшунослар, маданият институтларимиз ҳамкорликда концепция тайёрлашлари керак.
• Хоразм тилини адабий тил сифатида ривожлантириш учун ҳукумат ва парламент ҳужжатларини ишлаб чиқиши зарур. Мактабда, университетда, оммавий ахборот воситаларда Хоразм тилида сўзланиши таъминланиши керак.
• Туркий ҳамжамият доирасида, халқаро миқёсда, Хоразм тилини тиклаш, уни ҳуқуқий ва маданий жиҳатдан мустаҳкамлаш учун дастурлар ишлаб чиқилиши лозим.
• Хоразм тилига оид илмий тадқиқотлар, луғатлар, эс¬ки ёзувлар замонавий талаблар асосида қайта нашр қилиниши керак.
Олим Фаттоҳ Абдуллаевнинг 1961 йилда нашр эттирган “Хоразм шевалари” луғати ноёб китоблардан ҳисобланарди. Афсуски, бу асарлар жуда кам нусҳада босилди. Бизга маълум бўлишича бу китобдан сўнг Хоразм тили тилшунослик осмонини қора булутлар қоплаб, тил бўйича бирорта жиддий тадқиқот олиб борилмади.
Мен чуқур йўналишдаги тилшунос мутахассис эмасман. Аммо бу мақолани изланиб янги илмий фактлар билан жуда катта ҳажмда ёзишим мумкин эди.Мен ёзувчи сифатида ушбу мақолани дунё юзида йўқолиб, ўлиб бораётган тилларни асраш масалалари кўтарилаётган даврда, мамлакатимизда йўқолиш даражасига келиб қолган тилларни асраш ва тарихий ҳақиқатларни тиклаш ҳаракатида ёздим. Энг муҳими... жамиятда қадимий Хоразм тилини тирилтириш уни адабий тили воситаси сифатида шакллантириш жараёнига инерциал туртки бериш маъносида ёздим.
Бу мақолани ёзиш: менинг бечора, ғариб, аммо гўзал, жилокор..фақат қадимий ашуллалардагина сақланиб қолган она тилим Хоразм тили асраш ҳақидаги фарзандлик бурчим, орзуларим эди.
Олимларимиз, тилшуносларимиз, бу мақола ҳақида фикрларини билдирадилар,деган умиддаман.
- - -