Marta o'qildi
"Ёниб,зор излади сени бир булбул"...шеърлар. Дилобар Жўраева.
Жўраева Дилобар Саъдуллаевна 1987 йил 20 май куни Бухоро вилояти Олот туманида туғилган. Унинг “Иккинчи умр”, “Кўнгил одами”, “Юрагимда гуллайсан Ватан”, “Мен сизни сўраб келдим” шеърий тўпламлари ҳамда “Қисмат чорраҳаси” насрий тўплами нашрдан чиққан. Ҳозирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Олот туман бўлинмасида бош мутахассис лавозимида ишлайди.
ТОНГ
Тим қора осмоннинг бағри тораяр
Мана, ой олдида бир юлдуз ҳалак,
Юз очиб бораркан тобора шафақ
Мана, қор рангига кирмоқда фалак.
Мангу қораликка чўмган шаҳарнинг
Гўё озодликка чиққани мисол,
Қора лашкар секин чекиниб борар
Биллур малак этак ёяр безавол.
Осмоннинг нақ кўксин ёриб ўтаркан
Самолёт тенг бўлиб кетар самони,
Ғимир-ғимирлашиб бошланар ҳаёт
Турфа хил овозлар тутар дунёни.
Мангулик юртида чекинади тун
Соатлар саҳар деб ураверар бонг,
Минг шукр борлиқнинг яралгани-чун
Ҳур обод диёрда отар янги тонг!
* * *
Қўлимда, кафтимда, енгим ичида,
Сенга тутмоқ учун сақладим бир гул
Шу бир дона гулни етказмоқ учун
Ёниб, зор излади сени бир булбул.
Ўтди у тунларнинг қароларидан
Жонини ўртади бу золим замон,
Унга торлик қилар гўё бу олам
Бошига қулаган мисоли осмон.
Сени зор қидирди фалак тоқидан
Парқу булутларга ўзини урди,
Ноласи дунёни тўлдириб кетди
Воз кечгин дея қалбига буюрди
Жонимдан узилган шу бир дона гул
Билмадим, сенга қай саҳар етади,
Ошуфта булбулку бўлиб саргардон
Сени топган куни умри битади.
Минг бора эврилар бу чархи гардун
Минг тусда товланиб оқади анҳор,
Орзулар юракдан олган каби хун
Қайта қайта келар умримга баҳор…
ЯШАМОҚ ЗАВҚИ!
Бедазорга ёнбошлаб олиб
Туйганмисиз майсанинг бўйин?
Қулоқларни ларзага солиб,
Тингланг она заминнинг куйин.
Шилдираган булоқ сувига
Еганмисиз кулча ботириб?
Тонг саҳарлаб боғ кезганмисиз
Капалакни қувлаб, югуриб.
Гул лабида шудрингни кўриб,
Ҳайратдан ҳеч тош қотганмисиз?
Райҳонларни чаккага тақиб,
Қумриларни уйғотганмисиз?
Лолаларни юринг кулдириб
Ҳар ўтган он жон қадар шавқли,
Чор тарафни бахтга тўлдириб
Қандай гўзал яшамоқ завқи!
* * *
Қўл силкитдинг кетар чоғимда
Қараб турдинг ортимдан узоқ,
Билмас эдим бу энг сўнгги кун
Сўнг етишин жонимга фироқ.
Хайрлашган дилларми, қўллар?
Тўхтаб қолди Ер аталган шар,
Қўл силкитдинг, негадир улар,
Ҳилпираган байроққа ўхшар…
СИЗНИ КЎРГИМ КЕЛАВЕРАДИ
Келасанми, йўқми сўрайсиз
Дилда ҳислар елаверади,
Қайтмасам ҳам ортимга лекин
Сизни кўргим келаверади.
Армон йиғлар қалбим тўрида
Дард ханжари тилаверади,
Умрим ўтиб бормоқда секин
Сизни кўргим келаверади.
Бағир қонига лиммо-лим жом
Ташна лабим сўраверади,
Йўлламайсиз ҳатто бир пайғом
Сизни кўргим келаверади.
Наҳот тақдир учраштирмаса
Ишқ билганин қилаверади,
Бошқа-бошқа айрилди йўллар
Сизни кўргим келаверади.
Тополмадим дардимга чора
Кўзлар гирён йиғлайверади,
Ожиз қолди кўнгил бечора
Сизни кўргим келаверади.
* * *
Сен кетгач бу боғларда, жоним
Шамол кезди излаб сарсари,
Қулаб тушди ҳадсиз осмоним
Бошга ёғди юлдузлар бари.
Қуёш нурин аяди мендан
Ой кўксимга ханжарин урди,
Замин адашибди йўлидан
Ва ё йўлин терс томон бурди.
Гумбурлади момоқалдироқ
Тўкилдику бошимга булут,
Қўлим толди осмонни суяб
Индамадим, жим қилдим сукут.
Сен кетгач бир исён бошланди
О, кўнгилнинг сарҳадларида,
Ҳамон сени кутиб яшайман
Булутларнинг қат-қатларида.
СЕН
Сен кўксимда кўпирган
Ҳайрат тўла денгизсан,
Сирларимга шеригим
Олам аро тенгсизсан.
Тўлқин бўлай кўксингга
Мени энди жойлаб қўй,
Кема бўлай бир сарсон
Дарбадарни ўйлаб қўй.
Сен дунёда ягонам
Мен асраган юлдузсан,
Тунлар менинг ҳамхонам
Қуёш кулган кундузсан.
Излаб-излаб топганим
О, бунчалар қайсарсан,
Тиниқсан осмон мисол
Мусаффосан, кавсарсан.
Жонимга жон бўласан
Кел, юзимни кулдиргин,
Ғамбода бу дунёни
Шодликларга тўлдиргин.
Сен дунёда ягона
Бўй таратган атирсан,
Кечалардан излаган
Мен кашф этган қадрсан.
Дардли-дардли дунёда
Мен сени бир қучгим бор,
Кейин қўлингдан ушлаб
Осмонларга учгим бор.
Сен исёнкор бир уммон
Ва ёки бир денгизсан,
Тўлқин бўлай бағрингда
Оламда энг тенгсизcан!
* * *
Сен келар йўлларга гуллар тўшалган
Мен борар йўлларда тиканлар бисёр,
Кўнгиллар бир ажиб ишқдан яралган
Бизни интиқ қилган шундай Биру Бор.
Сен келар йўлларда шеър бор, қалам бор
Мен борар йўлларга сиёҳ тўкилган,
Муҳаббат юртида дард бор алам бор
Шу сабаб саҳрога соғинч экилган.
Азизим, суюклим, кўнглим озори
Хаёлинг кўксимни куйдирган чўғдир,
Сен келар йўлларда ёшлик баҳори
Мен борар йўлларнинг охири йўқдир…
КУЯР
Кўйингга банди хаёлим, орзую армон куяр,
Тан куяр, кўнгил куяр, ҳам ўт олиб бул жон куяр.
Пардани ол, нури хуршид равшан этсин жумлани,
Қўрқаман аммо: бу ўтдин ер куяр, осмон куяр.
Изларингга зор этиб, тутдинг кибрнинг шевасин,
Энди етмоқлик гумондир, бору йўқ имкон куяр.
Даҳри дунда дод этарман, еру кўк бермас садо,
Бу нечук бир дард эрурким, дорию дармон куяр.
Азм этиб Бобур каби кетдингми Ҳинд, Афғон сари,
Оҳларим довон ошарлар, нолаю афғон куяр.
Эй кўнгил, озорда ўлдинг, ишқда топмассан омон
Энди ҳар мушкул ёнар, оҳ, энди ҳар осон куяр.
Эй Дилобар, бўлма ҳайрон хаста кўнглинг ҳолига,
Ишқ шундай бир оловдир, ошиқ ҳар инсон куяр.
ОНАМ СИЗГА ОМОНАТ!
Гўзал келин, ой келин
Малоҳатга бой келин,
Хушфеъл, хушчирой келин
Онам сизга омонат.
Юзга кирсин ёшингиз
Омон бўлсин бошингиз,
Асранг кўзу қошингиз
Онам сизга омонат.
Оғир ботмасин сўзи
Ахир, сиз кўрар кўзи,
Кўпам ёмонмас ўзи
Онам сизга омонат.
Азизсиз, ҳар бирингиз
Меҳрингизни берингиз,
Сақлайди дил сирингиз
Онам сизга омонат.
Дунё тошу тарози
Аллоҳим бўлсин рози,
Отам ўртада қози
Онам сизга омонат.
Айбини ёпасиз-да
Тўрт томон чопасиз-да,
Кўнглини топасиз-да
Онам сизга омонат.
Дуо қилиб, ҳорисин
Қалбидан дард арисин,
Бериб туринг дорисин
Онам сизга омонат.
Биз бирровга келамиз
Орқада оиламиз,
Сизга қуллуқ қиламиз
Онам сизга омонат.
Ўтинчим шу, келинхон
Қилманг сира шикоят,
Кам бўлмангиз ҳеч қачон
Онам сизга омонат.
- - -