Маданият, санъат

Ўзбекистонга қайтиш. Шоир Муҳаммад Солиҳ ва журналист Анора Содиқова суҳбати.


Marta o'qildi

Ўзбекистонга қайтиш. Шоир Муҳаммад Солиҳ ва журналист Анора Содиқова суҳбати.

 

 

Имкон бўлса, ватанга қайтиш. 33 йилдирки, Ўзбекистондан йироқда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг бугунги истаги шу. Қайтса, биринчи Хоразмга — ота-онасининг қабрини зиёрат қилишга бормоқчи. Онаси вафот этганида жанозасига кела олмаган. «Ҳеч бўлмаса, дуо қилиш қарзимизни узмоқчи эдим», дейди у.

Бугун у ўзини мухолиф сиёсатчидан кўра кўпроқ ёзувчи деб билади, ҳеч кимга мухолиф эмаслигини айтади. «Ҳақиқий озодлик муҳити яратилса, мен мухолифатни нима қиламан?» — дейди Солиҳ. У Ўзбекистондаги очиқликни эътироф этиб, бу жараён давом этишига умид билдирмоқда.

Айни пайтда, унинг фикрича, одамлар ўз фикрини очиқ айтишдан, ҳатто унинг исмини тилга олишдан чўчиши — Каримов давридан қолган қўрқувнинг асорати. Солиҳ жамият ана шу қўрқувдан қутулиши кераклигини таъкидлайди. Ўзи эса муҳожирлик йилларида ҳатто душманларини ҳам кечириш кучини топганини айтади.

Uzdiplomat muxbiri Anora Sodiq: Муҳаммад Солиҳ билан қайтиш умиди, соғинч, адабиёт ва ўтмиш билан бугун ўртасидаги узилмаган боғлиқлик ҳақида суҳбатлашди.

«Ғариб дарахт»

Одамлар каби мен дунёни кезиб,
Ёза олмадим-ку шеърий туркумлар.

Чунки ота юртдан чиққаним сезиб,

Тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

Чунки келиш учун кўзларимга ёш,
Пайдо бўлиш учун илҳом юракда,
Менга жуда зарур аччиқ бир қуёш,
Кескин континентал иқлим керакдир.

Шундай экан, денгиз қирғоқларидан,
Яшил ўрмонлардан менга сўз очма.
Мен ёлғиз Туркистон тупроқларида
O’sa оладиган ғариб дарахтман.

Uzdiplomat: Мана шу беназир сатрлар муаллифи, шоир, сиёсий муҳожир Муҳаммад Солиҳ 33 йилдирки, Туркистон тупроқларидан, Ўзбекистондан йироқда яшаб келмоқда. Бугун у — Uzdiplomat меҳмони. Ассалому алайкум.

Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом.

— Муҳаммад Солиҳ ака, узоқ йиллардан кейин Ўзбекистондаги расмий медиага илк бор интервью беришингиз, шундай эмасми?

— Шундай, айнан шундай. 35 йил Ўзбекистон медиасига ҳеч интервью бермадим. Тўғрироғи, ҳеч ким интервью олмади, олишга қўрқди.

— Муҳаммад Солиҳ ака, бугунги сиёсатда сиз  норози бўлган жиҳатлар бўлиши табиий. Сиз маъқуллайдиган томонлар ҳам борми?

— Албатта, маъқуллайдиган тарафи бор. Буни фақат бир сиёсат учун айтаётганим йўқ. Кўриб турибмиз: кўп нарса ўзгарди. Иқтисодда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам, сиёсатда ҳам ҳозир бироз очиқлик келди. Буни эътироф қилишимиз керак.

Сиз билан ҳозир гаплашиб ўтирганимиз ҳам, менимча, ўша очиқликнинг бир нишонаси. Агар бу жараён шу шаклда тадрижий давом этса, яъни шу билан тўхтаб қолмаса, ўйлайманки, биз орзу қилган либерал муҳитга кириб борамиз. Бир-икки йил ичида, деб умид қиламан.

Албатта, мен ўзи туғилишдан жуда оптимист одамман. Сал яхшиликни кўрсам, баъзан уни бўрттириб ҳам гапириб юбораман. Мен ёй буржиман, русча айтганда — «стрелец». Ёйлар бироз ҳаддан ташқари оптимист бўлади.

Баъзи дўстларим мени дарров танқид қилади: «Ҳар нарсага ишонаверасан, ҳамма нарсани қучоқлаб олаверасан, дўст қиласан». Менинг характерим шундай. Албатта, кўпинча бу нарса ўзини оқламайди. Лекин мен мана шу характеримдан келиб чиқиб, яна умид қиламан. Иншааллоҳ, бу ҳукумат яхшиликка қараб кетяпти, деб умид қиляпман.

— Биз ҳам журналист сифатида доим либераллашув тарафдоримиз. Ҳозир умид, соғинч ҳақида гапирдингиз. Муҳаммад Солиҳ ака, тасаввур қилинг, эртага Ўзбекистонга келдингиз. 33 йиллик айрилиқдан кейин биринчи қаерга борган бўлардингиз?

— Биринчи, албатта, Хоразмга боргим келади. Мен онамнинг жанозасига кела олмадим. Чунки Ўзбекистонга кира олмас эдим, юрт ташқарисида эдим. Онамнинг дафн маросимида қатнаша олмадим. Бир армоним шу.

Уларнинг мозорига бориб, дуо қилиб, улардан афв тиламоқчи эдим. Биз уларга яхши хизмат қила олмадик — отамга ҳам, онамга ҳам. У пайтда ёшликнинг берган бир ақлсизлиги бор эди. Афсуски, уларнинг олдидаги вазифамизни, хусусан, мен бажара олганим йўқ.

Шунинг учун уларнинг ҳаққига дуо қилиб, у ерда улар билан маънавий бир суҳбат қилиб, қарзимизни, ҳеч бўлмаса, дуо қилиш қарзимизни узмоқчи эдим, албатта.

— Муҳаммад Солиҳ ака, 33 йил кам давр эмас. Йиллар ўтиши билан соғинч ҳам ўзгарадими?

— Соғинч менда илк ўн йил жуда кучли бўлди. Кейин, албатта, йиллар соғинчнинг устини ўрай бошлайди. Бошқа яшаш ташвишлари, умуман, сургунлик ҳаёти…

Хусусан, мен 16 йилгача паспортсиз юрдим дунё бўйлаб. Норвегияга 1999 йилда келдим. Сиёсий қочқин сифатида фуқароликни тез олишим мумкин эди. Аммо «Ватанга қайтамиз», деган умид билан яна ўн йил кутдим. 2009 йилда Норвегия паспортини олишга мажбур бўлдим.

Ёнимда СССР берган дипломатик паспорт бор эди. Унинг ҳам муддати 1995 йилда битди. Кейин 1995 йилдан 1999 йилгача сохта паспорт билан юрдик.

2000 йилда бизга БМТ қочқинлар учун берадиган ҳужжатни беришди. Паспорт эмас, у «саёҳат ҳужжати» деб аталади. Ўша билан юрдик. Мен паспорт олмай кутдим. Ниҳоят, 2009 йилдагина олишга мажбур бўлдим. Чунки саёҳат қилиш ҳам жуда оғирлашди.
Ўзбекистон паспортини кутиб юрдик, ўз ватанимизга қайтамиз, деб. Аммо бўлмади. Норвегия паспортини олишга мажбур бўлдим.

— Демак, 2009 йилда Ўзбекистонга қайтишга уриндингиз, шундайми?

— Шунгача уриндим. Яъни шунгача «Қайтамиз», деб умид қилдим.

1995 йилда Каримов бир ҳайъат юбориб, гўё биз билан ярашмоқчи бўлиб, баъзи ҳаракатлар қилди. Менимча, бу ҳам Америкага яхши кўриниш учун қилинган ҳаракат эди.

Ўша пайтда Алишер Мардиев деган, адлия вазири эди шекилли, у борди. У ҳукумат тарафидан, биз мухолифат тарафидан — мен, Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Бобур Маликов ва бошқа йигитлар қатнашдик. Паҳлавон Содиқ ҳам ўша пайтда Америкада, бизнинг тарафимизда, яъни мухолифат вакили сифатида бор эди.

Улар билан ўша ерда мулоқот қилдик. Аммо улардан ҳеч қандай аниқ таклиф келмади. Вазир ҳам фақат умумий гапларни гапирди.

Менимча, Каримовнинг нияти бизни қайтариш эмас, фақат «Либераллашувга ўтяпмиз», деган хабарни Америкага етказиш эди. У нарсадан ҳеч қандай натижа чиқмади.

Биз Ўзбекистон ҳайъати, Алишер Мардиев билан 1995 йилнинг бошида кўришдик. Ўша йилнинг сентябрь ойида Каримов «Озодлик» радиосига узоқ, бир соатлик интервью берди. Ўша интервью ҳақида китобимда ҳам ёздим.

Виталий Портников деган машҳур журналист бор, ҳозир ҳам фаолият юритади. У ўша пайтда бизникига жуда кўп келар эди. Каримовнинг унга берган интервьюсини «Свобода» радиосининг рус тилидаги хизмати эълон қилди.

Ўша ерда у мухолифат бемалол келиши мумкинлигини, Абдураҳим Пўлатов, Абдуманноб Пўлатов ҳам қайтиши мумкинлигини айтган. Аммо Муҳаммад Солиҳ масаласи бошқа эканини, гўё мен ҳокимиятни қурол билан эгаллаш салоҳиятига эга эканимни таъкидлаган.

У мен билан гаплашганида, гўё мен унга: «Бир соат ичида 20 мингта одамни кўчага чиқара оламан», деганимни айтиб, буни мендаги «экстремизм» сифатида кўрсатган.

Ҳақиқатан, мен шундай гапни айтганман унга. Фақат қачон айтганман?

1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларациясини қабул қилганимизда, ўша кечқурун бу ҳақда эълон қилиниши керак эди. Ҳатто Москвадан «Время» дастури берди, аммо Ўзбекистон телевидениеси эълон қилмади.

Бу тарихий воқеа эди. Биз кўкларга сапчиб, қувониб юрдик. Лекин кечқурун телевизорда чиққани йўқ, эълон йўқ.

Каримовга телефон қиляпман — топа олмадим. Ёрдамчиси бир рус киши эди, отини унутдим. У ҳам: «Ҳозир ахтариб кўраман», дейди. Олий Совет раисига телефон қиляпман — у ҳам телефонни олмайди. Кечқурун бўляпти, биз эса ўша куни мустақилликни байрам қилиб юрибмиз.

Кейин Атҳамбек Фозилбековни топдим. У пайтда Компартия бор эди, у Тошкент шаҳар партия қўмитасининг котиби эди. Яхши инсон эди, Мирсаидовга яқин одам. У билан дўст эдик. Мен антикоммунистман, ҳеч қачон коммунист бўлмаганман. Аммо у коммунистларнинг ичида яхши бир коммунист эди.

Уйига телефон қилдим, телефонга чиқди. Кейин унинг машинасида Тошкент шаҳар партия қўмитасига, идорасига кетдик. У ердан телефон қилдик.

Каримов ўша куни кечқурун Мирсаидовни олиб, Андижонга кетган экан. Менингча, мустақиллик декларациясини қабул қилганимизни эшитиб, «Москва нима дейди?» деган қўрқувдан Андижонга кетган эди. Давлат бошлиғининг Москвадан қўрқиб бундай қилиши, менимча, шармандали ҳаракат эди.

Телефонни Мирсаидов олди. Улар Андижон шаҳридаги бир меҳмонхонада экан. Фозилбеков: «Муҳаммад Солиҳ келди, “Нега бермадинглар?” деб жуда талаб қиляпти. Ўзингиз гаплашинглар», деб телефонни менга берди.

Мирсаидов: «Нима бўляпти?» деб сўради.

Мен айтдим: «Буни халқ қабул қилди. Бу 500 та одам шунчаки одамлар эмас, ўзбек халқининг вакиллари. Сизлар қандай журъат қилдингизлар буни бермасликка? Телевидениедагилар: “Бизга ҳали буйруқ келгани йўқ, бермаймиз”, дейишяпти. Ким бундай қилди?»

«Майли, ҳозир қизишманг, мана, Ислом акангизга бераман», деб телефонни ёнидаги Каримовга берди.

Мен: «Нима бўляпти ўзи?» деб сўрадим.

У: «Биз хато қилдик, эртага бермоқчи эдик. Ўзи бугун бермоқчи эдик, аммо монтаж қилишмабди», деб баҳона қилди.

Соат саккиз-тўққиз бўлаётган эди. Мен: «Агар эрталабгача эълон қилмасангизлар, икки соатнинг ичида 20 минг одамни кўчага чиқараман», деб таҳдид қилдим.

У эса шу гапни кейин Портниковга бошқача айтиб берган.
Гўё мен ўз-ўзидан: «20 мингта одамни кўчага чиқарамиз», деганман. Гўё у: «Нега керак бу сенга?» деб сўраганида, мен: «Бу бизнинг сафарбарлик қобилиятимизни кўрсатади», деб жавоб берганман.

Кечирасиз-у, қип-қизил ёлғонни киприк қоқмай гапирадиган одам эди.

Мана шундай воқеалардан кейин ихтилофларимиз кучайди. У 1989 йилда ҳокимиятга келганида муносабатларимиз унча ёмон эмас эди. Ёнимизга келиб, ҳол сўраб: «Ишларни бирга қиламиз», деган кўтаринки гапларни айтиб юрарди.

Мен ҳатто ўша пайтда америкаликларга ҳам интервью берганман. Яқинда Каратницкий деган одамнинг китобида ўқиб қолдим. У ерда: «Муҳаммад Солиҳдан: “Янги келган котиб Каримов қандай одам?” деб сўрадик. У: “Ҳозирча яхши, либерал гапларни гапиряпти. Аммо кўрамиз, келажак кўрсатади”, деб жавоб берди», деб ёзилган. Бу ҳам ҳужжат.

Ўша пайтда умид билан, ҳусни зан билан қараганмиз. Лекин бора-бора, кейинги 25 йил ичида, менимча, бутун мамлакатни — иқтисодни ҳам, сиёсатни ҳам орқага итариб ташлади.

— Муҳаммад Солиҳ ака, биз асарларингиз билан бирга тарихнинг сиз билан боғлиқ қисми ҳам қайтиши тарафдоримиз. Лекин шу ўринда яна бир савол бор. Сизнинг ҳарбий ҳаракат йўли билан бўлса ҳам ҳокимиятни ўзгартиришга тайёрлигингиз ҳақида кейинчалик, 2000 йиллардан сўнг ҳам гаплар айтилган. Бундай ҳаракат ёки ният кейин ҳам бўлганми? Ёки бу гапларнинг барчаси мустақилликдан аввалги ўша воқеага бориб тақаладими?

— Ҳокимиятни ҳарбий ҳаракат билан олиш деган фикр ҳеч қачон бўлмаган. Буни айтганлар ғирт ёлғончи. Битта далил келтиришсин: овозимни қўйиб беришсин, видеони кўрсатишсин ёки бирор газетадан иқтибос олиб келишсин. Ҳеч бирида бундай нарса йўқ. Ҳеч қачон бундай демаганман.

Агар айтган бўлсам, тан олар эдим. Мен улардан ҳеч қачон қўрққаним йўқ.

Мен бир нарсани айтганман. Буни Каримовнинг ўзига ҳам, бошқа дўстларга ҳам айтганман: «Биз мустақилликни жуда осон қўлга киритдик».

Табиий, бунда зиёлиларнинг, ҳаммамизнинг озгина ҳиссамиз бор. Совет даврида қўрқмасдан гапирган инсонлар бўлди, ёздик. Буларнинг халққа таъсири бўлди. Халқ кўчага чиқди, митинглар қилдик, давлат тилини қабул қилдик. Босим кучимиз бор эди, халқ биз тарафда эди.

Лекин: «Биз бу озодликка, бу эркка, Аллоҳга шукр, қон тўкмай эришдик. Фақат мени қўрқитадиган бир нарса бор: осон қўлга киритилган озодлик худди шундай осон қўлдан берилиши ҳам мумкин», деганман.

Каримов эса буни: «Муҳаммад Солиҳ қон тўкишга даъват қиляпти», деб талқин қилган. Гўё мен «Қон тўкилса яхши эди», дегандай.

Мустақиллик учун қурбонлик берган миллатларга, туркларга қаранг. Атрофи душманлар билан ўралган бўлса ҳам, ҳеч кимга бўйин эгмаган.

Биз эса сўнгги мустамлакачилик даврида 135 йил русларнинг қўли остида яшадик. Буни гапирсак, баландпарвоз гапга ўхшайди. Аммо бугун ҳам ўша қулликнинг асорати бор.

«Буни нимада кўрасиз?» десангиз, бугун битта тўғри гапни айтиш ҳам инсонлардан қаҳрамонлик талаб қиляпти. Ўзингиз айтяпсиз-ку: «Сизнинг отингизни шивирлаб гапиришади», деб. Инсонларни битта одамнинг исмини айтишдан қўрқадиган даражага Каримовнинг сиёсати олиб келди.

Қайта қуриш даври эсимда. 1988 йил 20 декабрда Инқилоб хиёбонида бўлган илк митингга мени чақиришди.

Ўша пайтда бош вазир Қодиров эди. Менга телефон қилиб: «Шу йигитлар сизнинг йигитларингиз эмиш. “Правда Востока”га қарши митинг қилишибди, Кружилинни самосуд қилмоқчи», деган мазмунда гапирди. Аслида улар менинг йигитларим эмас эди. Мен мақола чиқарганим учун улар митингга чиқди, деб менга даъво қилишган.

«Майли, бориб йигитларга айтаман», дедим.

Ёзувчилар уюшмасидан чиқиб, хиёбонга кирсам, атрофи милиция билан ўраб олинган. Милиция ходимлари ёнимга келиб: «Ака, давом этинг, биз сиз билан», деб, ўзлари ҳам миллий руҳдаги гапларни айтишган.

Яъни ўша пайтда миллий шуур шу қадар ўткирлашган, ойдинлашган эди. Бу фақат бизнинг шеърларимизда эмас эди. Табиий, ойдинлар, мунавварлар олдинги сафда эди. Шундай бўлиши ҳам керак эди. Биз турмасак, бошқа ким турар эди? Мунавварнинг, ойдиннинг вазифаси — халқнинг кўзини ойдинлатиш. Биз, албатта, бу вазифани бажардик. Лекин халқимиз ҳам мана шу нуқтага келган эди.
Мана шу халқ бугун битта одамнинг исмини айтишдан қўрқадиган аҳволга тушди. Ҳозир мен «Мирзиёев Муҳаммад Солиҳнинг исмини айтишни тақиқлаб қўйибди», деб ўйламайман. Бу — Каримовдан қолган қўрқувнинг оқибати. Ўша инерция ҳали ҳам давом этяпти.

Каримовнинг инсонларни ўлдиргани бир жиноят, аммо инсонларнинг қалбига солган қўрқуви ўлимдан ҳам баттар. Чунки бу қўрқув инсонни маънавий ўлдиради.

Биз қўрқувдан қутулишимиз керак. Иншааллоҳ, янги ҳукумат буни тушунади, инсонларнинг қалбига солинган қулфларни ечиб, занжирларни чиқариб отади, деб умид қиламан.

— Муҳаммад Солиҳ ака, менимча, бу савол ҳам кўпчиликни қизиқтиради: Ўзбекистонга қайтиб, сиёсий фаолиятингизни давом эттиришни хоҳлармидингиз? Қайтишингизнинг ўзи катта воқеа бўлади, лекин сиёсатга қайтиш истагингиз ҳам борми?

— Тушундим гапингизни. Бугун агар Ўзбекистонда ҳамма нарсани гапириш мумкин бўлса, сўз эркинлиги бўлса, инсонлар истаган жойига эркин бориб келса, телефонлар тингланмаса, одамлар бир гапни айтиш учун қўрқмаса, ҳақиқий озодлик муҳити яратилса, мен мухолифатни нима қиламан? Менга мухолифатнинг кераги йўқ.

Мен мухолифатни нимадан бошладим? Зулмга қарши бошладим. Ҳамма нарса тақиқлангани, мени гапиртиришмагани учун Олий Советдан чиқиб кетдим.

— Муҳаммад Солиҳ ака, исмингизни пичирлаб айтадиган зиёлилар билан алоҳида гаплашганда: «Муҳаммад Солиҳ жуда катта интеллект эди. Агар сиёсатга аралашмаганида, ўзбек адабиётининг энг сара, энг олди намояндаларидан бири бўлар эди», дейишади. Сиз бунга қандай муносабат билдирасиз?

— Мен тақдиримдан мамнунман. Яшаган умримдан ҳеч пушаймоним йўқ. Мен ўзимча ҳақ учун курашдим. Ҳар жойда тўғри сўзлашга интилдим, иложи борича тўғри сўзладим. Ёлғон гапирганим йўқ. Ҳеч кимга хиёнат қилганим йўқ. Бировнинг ҳаққини еганим йўқ.

Мана шу тўғри йўлни менга бергани учун Раббимдан миннатдорман, ундан розиман. Иншааллоҳ, у ҳам мендан рози бўлсин.

Юрт ташқарисига чиқиб кетиб, у ерда 35 йил қолганим ҳам мен учун буюк бир мактаб, маънавий мактаб бўлди. Бундан ҳам хурсандман. Балки бу изтиробларни чекмаганимда, ўлкама-ўлка дарбадар кезмаганимда, бугунги маънавий тажрибам бўлмас эди.

Кеча ҳам бир укамиз, дўстимиз билан гаплашдик. «Ака, сиз анавини ҳам кечирдингиз, буни ҳам кечирдингиз. Улар сизга шунча ёмонлик қилди, туҳмат қилди», деб танбеҳ берди. Бу прагматик бир танбеҳ.

Аммо менга кечириш қуввати келди. Инсонларни, ҳатто душманларимни ҳам кечириш кучига эришдим. Бунинг учун жуда катта куч керак. Агар шу изтиробларни чекмаганимда, бу кучни ҳеч қаердан топа олмасдим. Аллоҳ менга бугун шундай бир неъмат берди. Шунинг учун тақдиримдан беҳад мамнунман.

Адабиётга келсак, албатта, 35 йилимни сиёсатга бермаганимда, бугун ёзганимдан икки-уч баробар кўпроқ ёзган бўлардим. Лекин бугунги тажрибам, ичимдаги фароғат, ҳузур, тинчлик ва осойишталик бўлмас эди, балки.

Бугун мен жуда яхши яшаяпман. «Яхши» деганда моддий томонни айтаётганим йўқ. Маънавий тарафдан ҳузур ичида яшаяпман. Болаларим, набираларим, содиқ дўстларим бор.

Табиий, жуда кўп хиёнат кўрдим. Дўстликдан кўра хиёнатни кўпроқ кўрдим. Энг катта яхшилик қилган одамларим менга хиёнат қилди. Лекин бугун уларни ҳам кечирдим. Бундан жуда хурсандман.

Албатта, баъзиларга бу заифлик бўлиб кўриниши мумкин. Ўн ёки ўн беш йил аввал мен ҳам буни заифлик, принципсизлик деб билган бўлардим. Аммо бугун эмас. Бугун душманларимни ҳам кечириш нуқтасига келдим. Бундан жуда бахтиёрман. Буни сизга самимий айтяпман.

Шунинг учун адабиёт билан камроқ шуғулланганимдан ҳеч пушаймон эмасман.

Фаол сиёсатдан ҳозирча чекинганимдан кейин яна иккита китобим чиқди. Балки эшитгандирсиз: бири — «Императив», иккинчиси — «Водийда ўлиш тақиқланган». Ҳозир янги бир шеърий китоб ҳам тайёрладим. Қисқа икки-уч йил ичида учта китоб тайёрладим.

Режаларим жуда кўп.
Ёшимиз ўтиб, нариги дунёга яқинлашяпмиз, аммо шунга параллел равишда режаларим ҳам кўпайяпти. Демак, Аллоҳнинг бир режаси бордир.

Муҳими, бугун мен яшашга ҳам тайёрман, ўлишга ҳам тайёрман. Жуда оптимистик айтганда, мен жуда бахтиёр яшаяпман.

— Каримов даврида сиз билан хуфиёна мулоқотда бўлиб турган сиёсатчилар ҳам бўлганми? Ёки ҳамма юз ўгирганмиди? Қўрқмасдан гаплашиб турадиган расмийлар бор эдими?

— Йўқ, бирорта ҳам расмий бўлмаган. Дўстларимнинг ҳам кўпчилиги Каримов лагерида ишлашди. Ҳатто энг яқин дўстларим ҳам. Энг яқин дўстларимдан бири телевидениега чиқиб, бизга танбеҳ ҳам берган.

Аммо мен улардан хафа эмасман. Уларни афв этдим. Чунки улар шунга мажбур эди. Оиласини боқиши, нон топиши керак эди.

— Яъни уларни тушунасиз. Ҳозир-чи, расмийлар орасида сиз билан мулоқот қиладиганлар борми?

— Йўқ, ҳеч йўқ. Ҳеч қачон бўлмаган. Улар ҳаммаси содиқ эди, айтиб қўяй.

— Муҳаммад Солиҳ ака, мен бермаган саволлар орасида ўзингиз айтмоқчи бўлган гаплар бўлса, марҳамат. Суҳбатимизни бир шеърингиз билан якунлаб берсангиз.

— Шеър ўқиш мумкин. Сизнинг соғинч ҳақидаги саволингизга бир шеърни аввалдан тайёрлаб қўйган эдим. Бу — менинг бир оний ҳиссиётим.

Кўп сўрашади: «Ватанни соғиндингизми?» деб. Албатта, соғинамиз. Лекин баъзан шундай драматик шеърлар ҳам туғилади. Ўзи қисқа, саккиз қатор.

— Марҳамат.

«Хабар келса»

«Дарвеш, сургун битди ниҳоят,
Севин, сени кечирди Ватан.
Паспортингни ол, йўлга чиқ», — дея
Хабар келса эди дафъатан.

Мен аминман, йилт этмас эди
Кипригингда севинчнинг ёши.
Титрамасди, қилт этмас эди
Қуриб қолган соғинч оғочи.

 uzdiplomat.uz

- - -


< Orqaga qaytish