Энг сара асарлар

Шукур Холмирзаев ҳикоя ҳақида


Marta o'qildi

Шукур Холмирзаев ҳикоя ҳақида

.
.Чамаси, ҳикоя ёзишдан кўра, ҳикоянинг ўзини ёзиш қийин эмас экан, сабаби – ҳикоянгдаги қаҳрамонлар ҳам, улар хатти-ҳаракати, ана шу ҳаракатдан келиб чиқадиган маъно ҳам ўзингники бўлади, буларнинг ҳаммаси, Анненков айтмиш, «қанотинг остида» туради. Ёзганда ҳам, ёзаётганда ҳам ўзингни эркин ҳис этасан, нафсиламбири, руслар «китоб ўзи учун ўзи жавоб беради» деганларидек, ҳикоянинг ўзи ҳам ҳар бир асар каби ўзига хос бир олам, сен – ёзувчи – ана шу олам устида туриб, ундаги ўзинг «бино этган саргузаштларни, Флобер айтмиш «инсонлар тақдирини кузатувчи худо сингари кузатасан», лекин албатта, улар ишига ҳадеб бош суқавермайсан.
Лекин «ҳикоя» ҳақида мақола ёзиш қийин экан, чунки ёзганингда беихтиёр унинг қонун-қоидалари, вазифаси ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида ҳам сўзлаш лозимлигини сезасанки, ана шундай қонун-қоидаларни кўп эшитган, кўп ўқиган, баъзи танқидчилар қулоғига қуявериб, кўнглини безиллатиб қўйган баъзи кишилар олдида, ҳатто дуруст-дуруст ёзувчилар олдида ҳам, хижолат тортишингни ҳис этасан...
Бошқаларни билмадим-у, лекин мен «ҳикоя ҳақида» деб сарлавҳа қўйишим билан дилимда мана шунақанги андишалар пайдо бўлди...
Мен бир қаламкашман, беш-ўнта ҳикоя ёздим, бунгача ва ҳозир ҳам ҳикоя ўқиб бораман, бу тўғрида оз-моз ўйлайман.
Бир замонлар, − ҳозирги кунда ҳам баъзан, − шундай ҳикояларни ўқир эдим: бир қиз бир йигитни севади, кейин йигит вафосиз чиқипти, кейин қиз унинг юзига... Ёки, бир йигит бир қизни сева туриб, эскилик сарқити йўлига кўндаланг бўлгани учун уни енга олмай, бошқага уйланипти, кейин ўша қизни кўрипти – иккиси ҳам пушаймон... Ёки, ёмон одам билан яхши одам ҳақидаги ҳикояларни айтмайсизми... Хуллас, санайверсам, адо қилолмайман.
Кейинчалик тушундимки, ўқиганларимнинг ҳикоя деган нарса билан алоқаси жуда кам экан, улар шунчаки эрмак учун ёзилган ёки умуман адабиётни тушунмаслик оқибатида пайдо бўлган маҳсулотлар экан... Бу ўринда менга эътироз бўлиши мумкин: нима, шунақа мазмунда ҳикоя ёзиш мумкин эмасми? Асло, ундай демоқчи эмасман, ёзиш мумкингина эмас, зарур ҳам, лекин гап ўрнига қўйишда. Кейин классикларга ўтдим...
Яхши ёзувчилар ҳикояларини ўқий бошладим.
Классиклар деганда мен тўртта улуғ ҳикоянависни эслатиш билан кифояланаман: рус адабиётида Чехов, инглиз адабиётида Жек Лондон, ҳинд адабиётида Тагор ва ўзимизнинг адабиётда Абдулла Қаҳҳор.
Чеховни Абдулла Қаҳҳорнинг ўзлари ҳам «менинг устозим» деб айтган эдилар, бунда ҳикмат кўп, қолаверса, Чехов умумжаҳон адабиётида ҳам ҳикоянинг устаси сифатида тан олинган, қайсидир йили К. Федин Германиядан қайтиб келаётиб, поездда журналистлар билан қилган суҳбатида, − бу суҳбат «Литературная газета»да босилган эди, − биласизми, бутун оламдаги ёш ёзувчилар кейинги йигирма йил мобайнида Чехов билан Хеменгуэйга эргашибди, − деб тўғри айтган эди, бунда ҳам ҳикмат зўр...
Мен Чехов домлада ҳикояда характер нима – феълу атворли тирик одам қандай акс этишини кўриб, ҳайратда қолдим, тўғри, йигирма ёшимгача домланинг ҳикояларини ўқиб тушунолмагандим, кейин шунчалик роҳат олдимки, ҳали-ҳали эсласам, маза қиламан, Толстой домла айтмиш, бу каби ўз замонасидан ўзиб кетган, «империссионист ёзувчи» олдида таъзим қилгинг келади.
Бироқ домла ижодлари билан танишиш оқибатида, ниҳоят, у кишининг «Қайлиқ» ҳикояларини ўқидим ва (буни муаллифнинг пьесаларига ҳамоҳанг эканини кўриб), ғалати ҳолга тушдим: У кишининг мен ўқиган ҳикояларининг тўқсон фоизида характер кўрсатилар ва шу билан автор мақсадига эришгандек бўлар эди... Бунда – «Қайлиқ»да-чи? Бунда ҳам характер бор, лекин, лекин... у ўзгаради, у ўзи ўрганган, Чеховнинг барча қаҳрамонлари яшаб, кўникиб келаётган ҳаётдан чиқмоқчи бўлади, бунга қисман эришади ҳам.
Бу ҳикоя менга таъсир этиб, демак, чин ҳикояда мана шунақа образнинг такомили ҳам бўлгани тузук экан, деган қарорга келдим.
Чеховдан кейин Ж. Лондон ҳақида гапириш бир оз эзмалик бўларми дейман. Чунки, ўзингизга ҳам маълумдир, Жек Лондоннинг деярли барча ҳикояларида, умуман айтиш мумкин, ижодида иккита тип бор: ботир ва қўрқоқ, тўғрироғи, кучли ва кучсиз.
...Аммо Жек Лондоннинг Чеховдан фарқ этиб, кези келганда, ўзи тасвирлаган, кучли, олижаноб қаҳрамонларни севишини баралла айтиши, ҳатто уни ўта бўрттириши ҳам менга маъқул тушди. Демак, чин... ҳикояда ёзувчи, кези келганда, қаҳрамонларга муносабатини бекитмаса ҳам бўлаверади...
Тагорни ўқиганимдан кейин, ҳикояда чуқур бир маъно бўлиши керак, деган хулосага келдим.
Бу хулоса сиздан ҳам узоқ эмас, биласиз, танқидчилар «Тагорнинг ҳар бир ҳикоясида бир роман мазмуни бор», деб вақтида ёзишган эди...
Сўнгра, кейинчалик шуни англаб қолдимки, Тагор ҳикояларидаги «маъно» шунчаки маъно ёки шунчаки миллати чегарасидаги маъно бўлмасдан, балки умуминсонлар учун ҳам керакли бир маъно экан... шунинг учундир, шу кунларда ҳам баъзи ҳинд миллатчи танқидчилари «Тагор ҳиндлар учун ёзмаган, у Европа учун ёзган!» деган гапни айтиб юришибди.
Ана шу ўринда, Тагор «Шарқ билан Ғарб орасидаги кўприк» деган баҳода катта ҳикмат кўраман.
.
«Шарқ юлдузи», 1971 йил, 1-сон

- - -


< Orqaga qaytish