Саломат Вафо асарлари


Marta o'qildi

"Араал.. араал..".. янги ҳикоя Саломат Вафо

        Умар мўйноқли йўқолган отларни қидира -  қидира  ҳориди, кун - тун от устидан тушмагани учун ҳисобларни ҳам йўқотиб қўйди. Атрофда  тўронғилзорнинг кумушранг япроқлари орасидан кесма -  кесма бўлиб тушаётган қуёш нурларида кузда пишиб етилган қамиш упилдириклари ва момақаймоқ тўзғоқлари сув чивинлари билан аралашиб учиб юрарди. Тўронғилзорлар орасидан кўриниб турган кўлнинг кўкимтир сариқ тусли суви, оғоч шоҳларига туташиб кетган бир парча осмон, ифорли зирага ўҳшаб қора уруғ туккан, отнинг оёғига ҳам ўралашиб ётган печакгулларнинг оғочлар танасини қоплаб ва тўқай ичидаги ним қаронғилик  ҳосил қилган эди.

     Август ойининг қайси санъаси эканлигини  билмаслиги тайин, аммо, айни дақиқада ҳафтанинг қайси куни эканлиги эсида йўқ. Уйдан чиқаётганда энаси, уйда ун ҳалтанинг ости кўриниб қолгани, болалари шакарсиз, новвотсиз чой ичишаётганини айтиб қолганди. “Эна..сутчой ичиб туринглар” деганди от устида.  Ўшанда отларни  излаб топгач, бир она эчкини Мўноқ бозорига олиб тушиб, сотиб, энаси айтган озиқларни олиб келтиришни кўнглига тукканди. 

  Нам тупроқли жойга думалоқ  доира чизди.  Ўзи турган жойни доирада белгилади: орқада Аёзли овули, шарқий шимол улкан Қорақум саҳроси, шундай тумшуғининг остида  ҳудудсиз дўнгалак мовийлик   Орол денгизи шовулллаб турибди.  Умар мўйноқли турган жой кўлнинг Борса -  келмас ороли томонга туртиб чиққан ва оролга энг яқинлашган жойи океанлардаги бўғозга ўҳшаган бурун. Баҳор ойларида овул хотинлари  кўлга яқин сайҳонликка чиқиб, эркаклар сўйган қўйлардан қорма, яъни шавла пиширарди. Атрофга қоврилган эт ва пиёзнинг тотли иси тутун аралаш тарқарди. Хотинлар,  қизлар ярим қозонча қуйилган қора қозонларда бўғирсоқ ва қатламалар қовуриб, бўғирсоқни икки қаричча келадиган  созоқ пояларига  териб    шакар сепиб болаларга   беришади. Овул  ёшуллилари ва момолари қариб ва оғир меҳнатдан  саксовулга ўҳшаб қийшайиб, эгри – бугри  бўлиб қолган бармоқли қўлларини осмонга кўтариб денгизга юзланарди. “Эй, эна Орол..бизни ташлаб кетма.. насибамиздан айирма..бағринг  сувга..  сазан ва мойбалиқлар мўл бўлсин” деб дуо қилишарди.

   ХХ асрнинг оҳирларида.. Йиллар ўтиб техникалашган даврда уруғ улуғлари дуоларининг кучи кесилдими... телба Жайҳун дарёси бу юртлардан қадамини узиб..она кўл қирғоқдан олислаб кетди. Қирғоқдаги тўронғилзорлар, қурқшаган саксовулар, шамоллар,  ҳатто парлари кирчиккан сув қушлари тонгдан то қаронғи оқшомгача “Арааал...Араал..” дея ҳасрат чекишарди. 

  Улар бани одамзод қавмидай  учрашиб, ўйнашиб   сўнг денгизнинг ҳар қисмига ва қўшни катта –кичик кўлларга тарқармиш. Қиш ойларида бериладиган тўйларида баҳшилар : Орол  кўли ...кўлнинг  балиқлари.. ва кетмонбош лаққалар билан бир энадан туғилганмиз дея қўбизини ғийқиллатарди. “Эй, энамиз Орол..эй..ота -  буваларимни боққан Орол эгаси мойбош балиқ...шамолингни ол..бўронингни ол..” дея  куйлашарди.   Умар олис сайёраларнинг  сезгир антенналари мисоли улкан  лаққаларнинг ялтираётган бошини, дўнгалакнинг иссиқ сувида жой талашиб, бир –бирини ўтган замон подшоҳларининг улкан елпиғичи  мисол  салобатли  қуйруғи билан сермаганда, узун ва ялтироқ    мўйловларини тўлқинлар ва сувга пастлаб учадиган оқ чорлоқлар орасида илғаб қоларди. 

  Йилқичи миясига келган фикрдан шодланиб қаддини ростлади:  ўтган йили баҳорда сув тошганда она биялар  сув оқизган қулунларининг ортидан орол томонга сузиб ўтган  эди. Йўлли гарангнинг қўналғаси ёнидан  орол томонга ва ўт – ўланлар ўсган  дўнглик томон сўзган бўлиши мумкин.

  Улкан кенгликларда жониворларнинг ҳам атвори дейишаркан,масалан, қумда яшайдиган отлар сувсизликка чидамли, кўл ва денгиз бўйида боқиладиганлари сузишга қойим бўларкан.

   Отларни икки -  уч кун излади, қум овулларидан сўраб чиқди. Мўйноқ томонлар пўрсанг барханлари томонларини ҳаварлатди. Йилқилар мисоли қанот чиқариб учиб кетгандай ном нишонсиз эди. Умар отларнинг бошига ҳар на келса Олтинкокил сабаб бўлади деб ҳисобларди.  Умарнинг Олтин кокил  демиш  қўшни туркманлардан  тойчалигида сотиб олган оқ деса оққа қизил жигарранг  деса унга  ўҳшамайдиган  ғаройиб хол –хол тусли оти  бўлиб, саҳро кенгликларининг хукмдоридай бияларга эгалик этарди. 

   Умар мўйноқли сакраб отига миниб Йўлли гарангнинг кўналғаси томон от қўйди. Юзига шох шабба урилди. Тўқай ичидаги сўқмоқдан отларнинг туёқ изларини ва теззакларини қараб кетди.  Икки  уч йилликда қўшни овул отлари билан билан тишлашганда, номард отбоқарлар Олтинкокилнинг орқа оёғини уриб жароҳатлаган эди. Шунинг учун Олтинкокил  орқа оёғини силтаб оладиган бўлган эди.  Аммо.. яқин орада  уюрининг изи кўринмас, сувлоққа ўтган тўнғиз, кийик,  қулонларнинг ва бир ойлар аввалги ёт отларнинг излари бор эди.

    Гаранг чолнинг икки - учта эски қайиқлари сувда чайқалиб турар, тўлқинлар қайиқлар ва эски пиллапояларга урилиб чаппиларди.Яқин  атрофда  сув қушларининг саси эшитилар. “Йўлли оға, Йўлли оға...” деди. Атрофда денгизнинг улуғвор нафаси, номаълумликдан пайдо бўлаётган, бир -  бирини қувлаб кўпираётган, шалоплаётган  тўлқинлар...Аммо..ҳар гал тишсиз милкини кўрсатиб, йилқичига пешвоз чиқадиган қоқбалиқдай озғин  балиқчи кўринмасди.  Чолнинг сув устига қурилган  кулбаси эшиги қия очиқ ётар, эшикларми, эски денгизинг шўр сувидан ёрилган дераза ромларими “ғийиқ -  ғийиқ”  деган товуш чиқарар ва тўлқин шовурига қўшилиб олис –олисларга тараларди. Атрофдан балиқ эси, аллақаерлардаги балчиққа аралашиб шамолда учарди. Қирғоққа боғланган оти безовта кишнади. Йўллининг   уйини турсиқми, аллақандай ёввойи ҳайвонлар озиқ излаб, ағдар -  тўнтар этиб ташлаган эди.

  Умар мўйноқли қамишзорда ўтларни чимдиб депсинаётган оти Ойбағир ва адоқсиз кўк денгиз кўлга нигоҳ  ташлади. Қорақумнинг Оролга яқин жойларда умуман қўл телефони ишламас, йигит вақт -  бевақт  телефоннинг соатига  қараб қўярди.

    Бағрига улкан сирлар яширган   ҳудудсиз Орол денгизининг қай  пучмоқларида пайдо бўлиб,қирғоққа, Йўлли гарангнинг қулбола қўналғаси эски  -  туски таҳта пиллапояларга, ёз ойларида тутган сазан, дўнгпешна, оқамур, лаққа ва ҳатто илон балиқларини қамаб қўядиган занглаган темир тўри  билан тўсилган ҳовузчаларнинг  темирларига  тўлқинлар шалоп – шалоп аллақандай куйми, қўшиқми, аниғи ҳасрат оҳангида уриларди . Бу оҳанглар қорақалпоқ бахшиларининг Орол ҳақидаги қўшиқларини, айтимларини ёдга соларди.

  “Ҳееей, бағри ёнган Оролим..

   Боланг қани Оролим..

   Ҳееей..ҳеййй..

   Қумга тўлган қороғим.. ”

  деб куйларди қиш ойларида тонготар овул тўйларида баҳшилар. Оролнинг абадий совуқ бағри, Қорақумнинг қақраган қучоғи, минг йиллардан бери кўчиб -  кўчиб ўз бахти ва тақдирини излаб юрган элатлар   ғуж  жойлашган қора уйлари Қорақалпоқ овулида туғилган аёзли шамоллар, Йўлли гаранг каби эски шипончалар, лиқиллаб қолган  пиллапоялар,  шамол йўналишини кўрсатадиган пиёздан бўшган тўрқопларга, аллақаердан оқиб келган оқ ва мовий ранг байроқларга  урилиб ғувиллар, шовуллар, иг тортар ва шунинг баробарида кимсасиз борлиқ қўйнида ғуссали ҳолат пайдо этарди.   

  Умар мўйноқли  недир ичмоқ бўлиб,  қўлига Йўлли гарангнинг кир - чир кўна пиёласини олганда, пасур -  пусур бўлиб, юқоридан   устига бир бало қулади. Бир муддат кўзи кўрмай қолди. У жунли  қора бало, балки, балки, шўрлик гаранг чолни еб, яна қайтиб келган маҳлуқ ола – тасир билан  ташқарига отилди.  Дашту - саҳроларда бўри, тўнғизлар билан олишиб чандир бўлиб кетган   Умар  йилқичи   ботирлик билан маҳлуқнинг ортидан ташланди.   Ойбағир ҳуркиб, бурун парракларини кериб юганларини шақирлатиб кишнади. Паст -  баланд тўлқинлар  шалпиллаб, эски таҳта супаларга урилди. Аммо  йилқичи  эшикда ғуссали чайқалаётган сариқ тус қамишзор, чексиз дўнгалак  нурли  денгиз, куз тўзғоқлари  ялтироқ кўз ёш мисол булутни тўсган кулча қуёшдан бошқа нарса кўрмади.  Ойбағир яна депсиниб  кишнади . Умар  милтиғини билан Йўлли гаранг савхоз кўчма фермалари бузилганда фермер эгаларидан  арзон -  гаровга сотиб олган эски ёғоч пиллапоялардан юриб, тўқайга туташиб  кетадиган жойга борди. От қулоғини қимиб, қозиқ атрофида безовта  айланарди. Унинг устида чивин ва пашшалар қора булутдай айланарди.  Отнинг ялтироқ кўзларида дўнгалак денгиз аксланарди.  Гарангнинг хонасидан қочиб чиққан  маҳлуқ шу яқин ўртада..

  “Бир худо асради..”..

    Йилқичи  ўткир кўзлари билан тўронғилнинг ерга яқин шохларидаги қорани, балки иккита қорани илғади.  Аллақандай инграган, ингиллагандай сас атрофга тарқаларди. Шохлар силкинарди ва силкиниш баробарида ерга милт -  милт қизғиш қора тусли недир томарди. Қон.     Умар мўйноқли  тўронғилнинг ёввоий қўшиқ куйлаётган  кумушранг япроқлари  остига бориб,   онго - тонг қотиб қолди. Тўронғилзорнинг ҳар - ҳар жойидан кузда семириб оғирлашиб қолган тўрғайлар дув -  дув учарди.Денгизнинг  момоларнинг ҳазин айтимидай ҳасрати арофга тараларди. Тўронғил шохларида  маймунга ўҳшаган    маҳлуқлар  ўтирарди.... Она бола маймун ҳозиргина бир балодан тирик қолгандай қўрқинчдан қилт -  қилт титрарди.  Чиғ – чиғ ун чиқарарди. Чиндан ҳам она бола маҳлуқлар аллақандай вабога учраган калласи ва қорин қисми жунлари қириб олинган ва қизил тусли жароҳатларнинг излари ялтираб кўринарди.

   Устюрт тўқайлари Африкадан ер шари бир айлангудай масофада олис бўлса, маймунлар саҳроларга қаердан келиб қолди экан. Бирор бойиган фермер сотиб олиб, текин емак бериш жонига тегиб қафасдан чиқариб юбордимикан?. Ёки Устюрт саҳролари устидан учиб ўтаётган аллақандай мамлакатнинг номаълум биологик, атом бомбаси ишлаб чиқадиган базасига олиб бораётган ҳарбий юк ташувчи учоқи ҳалокатга учраган ва маймунлар тирик қолганмикан?. Уруғ оқсоқоллари айтадиган оролдаги аллақандай сим тўсиқлар билан ўралган жойдан қочган бўлса...унга нечча йиллар бўлиб кетди. ..Маймаунлар ва бошқа жониворлар тирик қолармикан?.

   Ойбағир бирдан қаттиқ кишнаб юборди. Саҳро шамоллари моторли қайиқларнинг вар -  вар товушини олиб келди.  Тўронғил шоҳлари ола – таъсир бўлиб, қарсиллаб синиб, маймунлар ҳам аллақайга гум бўлди.  Саҳронинг ичкарисида мудраб ётган шамол  қаҳр ва ваҳшат билан  уйғонди. 

   Йилиқичининг кўз олдига 1 синфга борадиган ўғли Омонқўзининг ўқиш китобидаги кўз ойнак таққан маймун расми остига  ёзиб қўйилган “обезьяна” деган сўз  келди. У беиҳтиёр ва ўзи истамаган ҳолатда  она ва бола маймун ўтирган дарахт шохларига қаради.

  Умар мўйноқли ҳам бу ҳосиятсиз жойдан тезроқ кетиш учун Ойбағирга сакраб минди ва қирғоқ бўйлаб от қўйди. Йўлли гарангнинг қўналғасидан ҳали жуда узоқлашмаган эди  тўқайдан устма -  уст  отилган ўқ товушларини эшитди.  Ичида раҳмдиллик ва ачиниш  вужудида аллақандай   иссиқликни пайдо этди. Она бола маймуннинг  жуни қирилган калласи билан баланд тўронғилнинг шоҳ –  шаббасига урилиб  ерга гурсиллаб  тушишини тасаввур этди.  Қорақумдаги саҳроси овуллари ёши улуғлари қумнинг ичкарисида, балки денгиз ўртасидаги оролларнинг бирида  аллақандай  мамлакатнинг биологик қуролини синайдиган яширин ҳудуди бор эдики, бу юртлар элининг бошига қайғу ва алам ўша жойдан вабодай тарқаларди, демиш эди. 

    Қирғоқ қумларида  от туёғи излари пайдо бўлганда ўнг тамонда Қорақум саҳролари барҳанлари ичида жимирлаб ётган кўм -  кўк  кўлни кўриб  от жиловини тортди . Яқин – орада қум йўлдан отлар ўтган бўлиши керак, дея овоз чиқариб фикрлаб . Юзи ёришиб кетди. Отларнинг ҳеч бўлмаса излари топилганига қувонди.   Қум шамоллари қулоғига шовқин – суръон, гап сўз ва кулгуларни олиб келди.  Умар мўйноқли болалигидан яйдоқ  отларни  чопдириб юриб, бу ўрталарда кичик  кўл борлигини билмаган эди.  Кўл томонга от бошини буриб, икки -  уч йилликда бу ўрталарда,  соқолли ва  кўзойнак таққан ҳарбийларни пайдо бўлиб қолганидан, энди кўл ёки бирон  ташландиқ саройни  кўрса ҳам ажабланмайдиган бўлиб қолди.   

    Кўл бўйида  усти очиқ  юк машина турарди. Афтидан  ёш аскарларга сувга  тушишга руҳсат берилмаган  улар  машина устида ўтиришарди. Оқ кумушранг булут  карвони  тўла осмон  акс этган ва  кўм – кўк  сувда сузиб юрган  калта сочи  бир хил қирилган  аскарларни кўрди. Харбийларнинг  кийимлари бир четда уйилиб ётарди, эҳтиёткор Умар  Ойбағир  бошини  денгиз томонга буриб  кетди.

  “Ҳар қалай харбийлардан узоқ юриш лозим, балки қўшни давлат чегара қўриқчиларимикан?.  Болалигидан кенг саҳролар, ададсиз қум барханларининг эгаси бўлиб ўсган йилқичига,  азалий сокинлик бағрига чўмган, баҳорда дала гуллари лолақизғалдоқ,  намозшомгул, исриқ, номини билмайдиган ноформон  ва баҳмал гуллар очиладиган далаларнинг   тиртимлиги бузилганлиги ва  машина мотори саси ва сигналлари  куфрини қўзитарди. Бу ерларда ора – сира  учраб қоладиган харбийлар,  орқасидаги тўрва ҳалтага турли балиқ консерваси ва буханка нонлари  солиб  олган шубҳали газ,  нефт  ва олтин кони изловчиларини кўрганда, тўқайзорга кириб яшириниб турарди.   Улар кўтариб  юрган милтиқлари бир кун отиладида.” 

  Ойбағир билан тўқайнинг жангалзорга туташиб кетган жойига етганда тўҳтади. От ҳам безовта пишқириб  депсиниб, юганини шақирлатиб пишқирарди.   Йўлда тиконли жангалзор тиконлари юзи, қулоғи, қўл – оёғини тирнаб, юз -  кўзи  ачишиб ловулларди.  Юз – кўзини тикан ва шохлардан паналаб, Йўлли калнинг қўналғаси тамон кетиладиган сайҳонликка тушган  сўқмоққа  бурилганда, от чўчиб,  кўк сари сакради.  От жиловини торса-да, беш -  олти метргача тўҳтамасдан орқага тисралиб борди.  Чор – атрофга таралаётган акиллаш, вовулашдан отнинг устида ўтирган бўлса юрагига қандайдир оғриқ оралади..

 Умар мўйноқли  ҳаяжонланиб, асабийлашадиган  чоғларида тамоғида бир нарса қолгандай “имм...имм” дея тамоғини қирди.  Майдонда йигирма  -  ўттиз  чоғи катта -  кичик, жунли ва жунсиз думи, қулоғи кесик итлар, бир шохи синган серка бошлиқ кичик  сурувча  келадиган, аллақандай сеҳр -  тилсим жодусига учраб  бир жойга йиғилиб қолган  қўйлар,  бир -  бирини  сузар  ва орқасига ёнбошга юриб, илтижоли  маърашарди. Майдон четида қулоқлари кесилган, туёқлари чопилган ўн беш чоғли хўтиклар тилсимлангандай туриб қолган, уларнинг  иркит, сарғиш жунлари орасидан шамол ғувиллаб ўтарди.   Отлиқ  ҳайрат ва қўрқинчдан қараб қолди, у шунча йил Қорақум саҳроларида яшаб, яхши -  ёмонни  кўриб, бундай қўрқинчли, аянчли ва жирканч  манзарани кўрмаганди.

   Умар мўйноқлининг қорин ташвиши, уй ичи ва  отларнинг бўшловга ҳайдаш  каби  ибтидоий  заруратлар, ортиб борса қўшни овулда тўйда  тўйиб ичиб ағанаб қолган чоғларида, оти ҳеч янглишмай овулини  топиб келиши фикри  ўрнашган мия ва тафаккур  мезонларига кўрган  манзараси   тўғри келмаётганди.  Йилқичининг ҳолатидан  ва эгасиз қўйларнинг тақдирига бўлган қизиқиши устун келиб  ярадор, жабрланган  ҳайвонларга яқин борди. Бурнига ўлган эшакнинг қуланса хидига мангзаган бад бўй урилди.  Шундагина шохлари буралган қўчқорларнинг ва жажжи териси жингалак ялтираётган қўзиларнинг қорнида, танасининг аллақайси аъзолари устида қизғиш ялтираётган жароҳатларни кўрди. Аммо.. сурувдан на сас ва на садо чиқарди. Бир вақтлар худо яшаш учун яратган бу жониворлар гўё  қадим замонларнинг нафаси  ўткир қориларнинг дам урилган сувини ичгану, жодуланиб  қотиб қолган  эди.  

   Бирдан вабога учраган  қўйлар ва итлар тўдаси қўзғолиб, недандир ҳуркиб ўтакаси ёрилиб қоча бошлади. Умар мўйноқли аранг отини  четга тортиб  қолди. Куз қуёши кўкда ҳудудсиз кенгликларга  ҳасратли боқар, момақаймоқлар мезонлари рангсиз булутлардай тўзғирди. Тўқайнинг аллақаерида сув ўрдаклари “ғақ - -ғақ ” дея йўқолган жўжасини  чорларди.

  Ақлсиз ва  қутурган итлар ва қўй суруви жондор қувгандай  югура кетди, аммо уларнинг ҳаракатланиши  ғалати бўлиб, бу худо қарғаган ҳайвонлар ё олдинга, ёки орқасига чопарди.   

   Йилқичи яна анқайди, Ойбағир бўрини ҳидини олгандай безовта  депсинди.  Умар мўйноқли  қирнинг баландроқ жойига чиқиб, ҳали кўрган қатл кундасидан қутулган жонворлар  майдонига  боқди. Гўё майдон кучли магнит тўлқинларига бўйсунгандай  жароҳатланган, шикастланган, қутурган пода турган жойида  яна қотиб қолган, чор -  атроф қўйларнинг, итлар ва ҳўтикларнинг ўлим олди ҳасратли ингроқ, илтижоли маърашига тўлиб кетганди.

      Овулнинг ёши улуғлари айтувича..  1966 йиллар овуллар болалари орасида  сариқ касал кўпайиб, Мўйноқ туман касалхонасида шундай ҳасратли ингроқ ва ўлим олди ҳирқироқларга тўлган экан.  Сариқ касалига учраган бемор  болалар кўплигидан  туман ва овул элат кенгашига қарашли касалхоналарда ҳам жой қолмаган экан. Бу  қўйлар суруви ҳам аллақандай номаълум дардга учраган кўринади.

  Тўқайнинг одам оёғи етмайдиган ичкарисига  янги яшил ва олча рангга бўялган кемпинглар қурилганини кўриб ҳайртада қолди. Хоразмлик ва қорақалпоқ  фермерлари  Мўйноқнинг олис тўқайларига ҳам етиб келишибди. Овул кенгаши ҳар йили уюштирадиган навруз  байрами йиғинида  устюрт кенгликларида 500ми – 1000 гектар ери бор Солотин фермернинг югурдаклари:    куздан бошлаб.. дунёнинг ҳар жойидан сайёҳлар... европами, Арабистондан келиб сайғоқ овлашади...деганди. 

    Ўғлининг китобидаги эртакларидагидай   айиқчами ёки меҳнаткаш қумурсқанинг уйидай иҳчам уйлар овга келадиганлар учун қурилган эди. Йилқичи оға бошлаган саҳро қуёшига ҳавотирли қараб отига қамчи босди. Ичидан алам, қаҳр тошиб чиқди: агар Олтинкокилни топадиган бўлса, ярамас тўриқни аҳта қилдиради...Ўтган баҳордан бери куйикиб, айтса биров ишонмайди, Қорақум ва Устюрт саҳроларига сочилган қозоқ овуллари атрофида  бўшловда юрган биялари ўтида куйиб тунлари  саҳронинг у бошидан бу бошига чопиб чиқарди.

  Йилқичи Орол ташлаб кетган тузли оқ шўрҳок ерларда  от чоптириб кетди.  Беш ўн йил олдин кўл бўйида дарахт экиб юрган хорижлик одамларни, тўрва ҳалтали соқоллларини  кўрганди. Ям – яшил бўлиб қолибди.   Оппоқ туз билан қопланган майдонларда жуда баланд  ўсмаган бутасимон ўсимликлар ва оғочларнинг барглари оппоқ туз билан оқариб қолган  бўлсада, шамолда учиб гўё тузли кўз ёшларини тўкарди.

  Йўлли гарангнинг  қайиқларининг бири  олиб   денгизнинг қирғоққа урилаётган тўлқинлари билан олишиб, Бораса келмас оролига қараб сузиб кетди.Бугунги кунда Оролнинг суви қозоннинг ўртасида  қолгандай бир ҳовуч қолган, баҳор ва куз ойлари сув кўтарилиб ва қайтган чоғида овулнинг моллари ва баъзан отлари орол тамонга ўтиб қоларди. Эллик йилликлар нари берисида Аму дарёнинг суви денгизга қуюлмаётгани учун кўлнинг суви кўкимтир бўлиб, сокин сатҳида  сув ости ўтлари тарам –тарам бўлиб сузар ва  кўм – кўк осмон акс этарди. Умар абжир америка хиндулари каби чаққон – чаққон эшкак эшиб, қачонлардир  совет даврида қурилган  кўп қаватли уйлар, мактаблар, саройлар  ҳаробаларига  жуда яқин борди. Орол ҳудуди  катта бўлмагани учун  йилқичи Олтинкокил етовидаги уюрни кўриш учун ғайрат билан эшкак эшарди.

    Шаҳарчанинг шамол, ёмғир ва қуёш таъсирида нураган деворлари, занглаган темир – терсаклари, ҳатто вертолётларнинг қўниш йўлакчалари    маҳаллий халқ печак ўт дейдиган  чирмовиқ қопланган деворлар узра ғалати: яшил, сариқ, қизил қушлар учиб юрарди. Бу қандай қушлар бўлди?.  Яқин орада номсиз -  нишонсиз ўлиб кетган одамларнинг қафасдан қочган  ёввойилашган қушларимикан?.  Умар мўйноқлининг   қирғоқдаги ғайрати ва кўтаринкилигидан асар қолмади, у Йўлли гарангнинг пачақ қайиғи билан  оролни бир айланиб чиқдики, отлар учар тулпорлар мисоли қанот чиқариб ер юзини тарк  этгандай кўринмасди. Маҳаллий халқ Борса келмас дейдиган оролга тулқин мисол урилаётган денгиз қариб кучдан қолган, сочлари оқ, оёқ – қўллари қариликдан минг тиришган кампирдай  аста мажолсиз ва рухсиз тебраниб қўярди. Қорақумнинг минг йиллардан бери эгасиз ва кимсасиз кенгликда яшайдиган қуёши ботишдан олдин қаҳр  ва таҳдид билан саҳрога киноялими, аламли боқарди.   Йилқичи яна ғайрат билан эшкак эшиб қирғоққа яқинлашди. Қулоғига Ойбағирнинг қувончли кишноғи урилди: овулга кетишда  вабога учраган қўйлар суруви ва дайди ҳарбийларнинг кўриши мумкинлини ўйлаб юраги увишди. Сўққабош чолнинг қайиғини қозиққа боғлаб, лиқиллаган ёғоч пиллапоялардан юқорига чиқиб кўрган манзарасидан ҳайратда қолди.  Ойбағирнинг ёнида йигирма чоғли отлар йиғилиб турарди. Бия, тойчоқларнинг  бутун вужудидан, узун қуйруқларидан сув  томчиларди.  Олтинкокил сувдан энди чиққан   тойчоқларини эргаштирган бияларнинг атрофида мағрур кишнаб, қулоқларини динг этиб  айланарди.  Шундагина Умар мўйноқли Олтинкокилнинг терисини жароҳатлар қоплаганини, териси қирилганини,  чап сағринидан қон томчилаётганини кўрди. Бошидаги телпагини  қамчиси билан кўтарди ва ҳорғин жилмайди.

  “Олтинкокилим.. ўзинг кўкламда туғдирган тойчоқларингни  эргаштириб келибсанда..Шунга неча кун йўқолиб кетдингми, йўлларда бўри – шақолларга дуч келдингми.. воҳ Олтинкокилим..тойчоқлар кўл сувидан нетиб ўтди экан”..

  Баҳайбат тулпор гўё йилқичининг қувончини англагандай тупроқларни чангитиб кураб, узун бўйнини бир тамонга қийшайтириб, супачадай келадиган кенг яғринларини ялтиратиб, Ойбағир етовида йўлга тушди. Йилқичи бияларга эргашган тойчоқлар ҳоримаса, йўлда оёқ илмасдан  овулга етишни мўлжаллади.

  Дупур –дупур ерни титратиб, зириллатиб тойчоқлар ҳам ҳийиллаб чанг – тўзон   кўтарган куйи  эргашди.  Умар Ойбағир билан тенг  чопаётган Олтинкокилнинг шамолда учаётган ғаройиб қизғиш оқ кокилларини ва узун тумшуғини кўрар,ўзи эгардан бир оз кўтарилган куйи, кенгайиб бораётган йўллар, учаётган қушлар, қуёнлар, юмронқозиқларни кўриб борарди. Олисда  кўзига вабога учраган қўйлар суруви кўринди. Қўйлар йўлнинг қоқ ўртасига келганда ҳақиқий вабога учраганини намоён этгандай қотиб қолишди. Йилқичи жонҳалак учиб бориши мабойнида йўлнинг икки тамонидан  қайси тамонга от солса бўлар экан, деган фикр узуқ – юлуқ ўтарди.  Ва бирдан ярадор қўйлар, қорин терилари тикилган  ҳўтиклар тўпининг изига тисарилиб... орқага юриб, йўлнинг қуйисига  тушиб кетганини  кўрди. Вабога учраган қўйлар  турган жойини Олтинкокил ва Ойбағир тасира – тусур  босиб ўтишди. Йилқичи  онасидан айрилган қўзидай  маъраётган ва ҳангратган  ҳўтиклар тўпининг ёнидан шамолдай елиб ўтди.  Ярадор қўйлар тўпи чанг – тўзон  пардасининг ичида қолди. Денгиз яқинлигидан ернинг зириллашига, отлар дупурига сувлоқдаги ўрдаклар, суви қушлари пар – пар учарди. Саҳро  осмони отларга  раҳм қилгандай, гўё саҳро бағрида содир бўлаётган ғалати манзаралардан ҳайратланиб ботишни унутиб қўйгандай  уфқ ва ер  оралиғида қип – қизил баркашга айланиб қолган эди.   Кўп ўтмай қулоғига аллақандай шовур урилди:бу садони қачонлардир Ойбағирни аравага қўшиб район марказига   май байрами тантаналарига борганда одамлар кўчаларга  намойишга чиққанида эшитганини хотирлади. Олисдан  қизил шиор осилган юк машиналари коллонаси кўринди. Умар мўйноқли отининг жиловини тортишга мажбур бўлди: отлар ва изидан келаётган  отлар, тойчалар тезлигини пасайтиришди. Юк машинасига ғалати  юклар ортилганди.  Машинанинг ортида ҳали..ҳали..Умар келишда сувга   чўмилмасдан ўтиргани ёш харбий  йигитлар “вой..устоз..”лаб йиғлаб келишарди. Йилқичи тўҳтади: “укалар йўл бўлсин, нима бўлди, сизларга”...ва бирдан машина устида таҳланган қизил қутиларга кўзи тушди. “.сувга чўмилган камандирларимизнинг ҳаммаси ўлди”. “Қайси командир, нега ўлади?”.  Умар йилқичи машина устидагилар уст –устига  таҳланган қутилар тобутлар эканлигини энди англади. “Ҳувв..кўриниб турган  мовий кўллар, кўл эмас, оролдаги химиявий бомбалардан пайдо бўлган сув  ўралари  экан..ааа..ааа..”. “Бандалик, ука..бандалик. ўтовга борсангизлар қўноқ этай..”. Ёш зобитлар унинг саволига жавоб берадиган аҳволда эмасди. Юзлари мотамли эди.  Улар яна йиғлаб, бурнини тортган куйи машининг изидан боришар, фақат  керза этикларининг “дуп - дуп” саси эшитиларди.

  “Йигитлар  кўмак керакми?”.

   Йилқичининг товушини саҳронинг дайди шамоллари учириб кетди. Ёш аскарлар  бўзлаган куйи  аллақандай ҳарбий қўшиқни айтиб боришар ва ҳар бири сувга тушиб ўлган офицер кийимларини таёқларга илиб олишган эди. Зобитларнинг оқ рангдаги ич кийимлари шамолда учиб, олислардан мотам  байроқларига ўҳшарди. 

  “Ким эди..уларни бу куйга солган?”.

  Умар мўноқли оловли қуёшдан  қонталаш баркашга айланган офтобга қараган куйи, Ойбағирга, қўпироқ Олтинкокилга “ҳаҳ..ҳаҳ..” дея ҳитоб қилди. Отлар, биялар, оёқлари узун – узун тойчоқлар тумшуқларини осмон сари кўтариб  учиб кетди. Шамол, дупур..дупур. от туёқлари...олисда қорайиб кўринаётган қора уйларми, туғларми,тўронғилзорми..элас – элас кўзга ташланар, йўл кенгайиб – кенгайиб борарди.

  Дупурлар.. ҳансироқлар оқарган кўзлар.. кўпикли тумшуқлар... учиб борарди. Қанча чопганини билишмасди, йўлнинг баланд жойларида сув тошиб ташландиқ бўлиб фермерлар унутиб  қолдирган машина ғилдираклари тартибсиз ҳолатда  юмаланиб келарди.  Дигирчаклар янгимикан..  айланиш боробарида қуёшда ялтирар, тупроққа беланар ва яна йўлга тушарди.  Отлар  тўпи  бир оз секинлашди: Умар  от  устида  ҳайратдан қотиб қолди.  Ҳар пешин қайнар булоқлар устида йиғиладиган улкан лаққалар мисоли юк машинасининг дигирчаги мисол улкан оғизи билан қуйруғини тишлаб..тошаётган сув билан юмаланиб келарди.  Тирик ғилдираклар.. сув тошаётган баланд  қирғоқда пайдар – пай  пайдо бўлар, сувлар сачрар, ялтирар, фонтан каби ҳар ёнга отиларди. Йилқичи бу мислсиз гўзал,  маҳобатли ва сирли   манзарани кўриб ҳайрону –лол қолганди. Афсус, унинг   телефони бу ғаройиб нурли манзарани суратга оломайдиган кичик ва арзон қўл  матаҳи  эди.

  “Ой..бўврим..”.. ер ости  бўлоқлари  тоша бошлаган..бутун борлиқ  шаршараси...шарловуқи  ботаётган қуёшда ялтираб  миллион – миллион зарраларга айланарди... тўлқинланарди. Саҳронинг   шаршара тошган мангу  кенглигида улкан тулпорар, меҳрибон биялар ва қизиқувчан тойчалар  чопиб  чопиб боришарди.

   1 октябрь – 30 октябрь 2016 йил

   

- - -


< Orqaga qaytish