Шеърият


Marta o'qildi

"Сенгача кимларни кўрмаган бу йўл". Шукур Қурбон

Тарих, дегани бу — жанг-жадал эмас,
Сўздир у , сўзларда акс этган маъно.
Балки туркийни ҳам биров тил демас,
Навоий назмидан туймаса наво.

Уйғоқ шуур билан хаёлга толсак,
Навоий ва иймон — эгиз тушунча.
Шоирга биз қанча яқин боролсак,
Худога яқинлаб борурмиз шунча.

Эл ғамин ўйлаган бари бир ўлмас,
Уни кутар доим тақдир аломат.
Бу теран нолалар ҳеч қачон сўлмас,
Кўнгилни авайлаб-асрар саломат.

«Эй, Навоий», дея чорлар ўзини
Муҳаббат йўлига, меҳр йўлига.
«Эй, Навоий» — жаҳон очар кўзини,
Тилла тушган каби гадой қўлига.

«Эй, Навоий» — қуёш тушар самодан,
Кетар пой-пиёда уфқлар оралаб.
Юрак энтикади тоза ҳаводан,
Метин дардларини тилка-поралаб.

Авлод-авлодларга ҳамиша ёр у,
Турли халқлар аро расо қаддимиз.
«Сўзимни эшит», — деб бизларга зор у,
«Биз ҳам зор», — дейишга борми ҳаддимиз?

МАҲАЛЛИЙЧИЛИК

Душман керак бўлса, дунёда қанча,
Дўстларинг — омонат,
ҳамкорлар — қаллоб.
Кўнгилни орзулар шиддати янчар,
Юрак — меҳрталаб, муҳаббатталаб.

Ҳар жой, ҳар кўйингга жонимни қоқай,
Халқим, жаҳолатда токай
қақшайсан?!
Калта ўйлаб гоҳо қийнайсан токай,
Маҳаллийчиликни қачон ташлайсан?

Ҳасрат, ҳаяжонлар бўғизга етди,
Кўзинг оч, сен ҳам бир атрофга қара.
Оламда ўт ва сув бирлашиб кетди,
Лайли-Мажнун бўлди оқ билан қора.

Пастлар баландларни кўтарди бошга,
Қайноқлар кўксига босди совуқни.
Нега сен ҳамиша қоқилдинг тошга?
Нега ўз кўксингга отдинг шу ўқни?

Номи бир ўзбексан, ўзингга бексан,
Яхлит бир парчасан туркий жаҳондан.
Юракда дард билан сен қадди тиксан,
Чегара чизиғи ўтмаган қондан.

ТИЖОРАТЧИ ОНА ВА БОЛА ҚИССАСИ

Қанд-қурс, сақич-пақич, парварда…
Бир халта чиқар ё чиқмас нарса-мол.
Йўл бўйида, одам гавжум шаҳарда
Ўзича тижорат очган бир аёл.

Тижоратчи аёл ортида шу чоқ
Майсазорга китоб-дафтарин ёйиб,
Дарс тайёрлар унсиз бир бола ушоқ,
Ўзини, дунёни унутган кўйи.

Халақит бермасдан четроққа бориб
Кузатдим бу ҳолни тўхтаб ногаҳон.
Аёл, харидори кетгач сал нари,
Кўмаклашар эди унга меҳрибон.

Она бўлса керак болага аёл,
Балки ёлғиз қўл у, балки камхаржроқ.
Лекин келажакни ўйларди алҳол,
Болам ўқиб одам бўлсин дерди оҳ.

Ўтди хаёлимдан бозорлар тинсиз,
Улар ва уларда оналар қанча.
Пештахта ортида биқиниб унсиз,
Дарс тайёрлаётган болалар қанча.

Топилган арзимас даромад билан
Бола-чақа боқар, бутлар уст-бошин.
Она юрагида орзу-истак шан,
Кўрар келажакнинг порлоқ қуёшин.

Бир ўй юрагимга солар фиғонлар:
Бу орзу-истакка заҳа етмасин.
Юртим келажаги бўлган инсонлар
Пештахта ортида қолиб кетмасин.

CИНГИЛ ЙИFЛАЙДИ

Ҳар ким бу оламдан саодатталаб,
«Бахтим қани?!» — деган
кўнгил йиғлайди.
Бир аччиқ орзулар остонасида
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Аланга рақс этар гулханлар аро,
Чечаклар жилмаяр гулшанлар аро.
Бу ёруғ оламда кулганлар аро
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Сумбул сочларида ўрмалаган оқ,
Интиқ юрагида куйдирги бир доғ,
Саҳарлар бўғзидан отилади «оҳ»,
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Тирик етимларин бағрига босиб,
Хаёлан гоҳ ёқиб ўзин, гоҳ осиб,
Манглайига турли қисматлар ёзиб,
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

Ё Оллоҳ, тараҳҳум айла сен унга,
Қайтар уни бахтга, бахт тирик кунга,
Инсон ҳаётини солма қуюнга,
Турмуши бузилган сингил йиғлайди.

АВВАЛГИ ДЎСТЛАРИМ

Аввалги дўстларим, мени эслабсиз,
Мени соғинибсиз, мени излабсиз.
Дебдилар: у бошқа ҳолатда бу кун,
Бундай давраларга чорламоқ нафсиз.

Тўғри, эсланмаган дўст, бу — дўст эмас,
Сиз-да хаёлимга ҳамиша пайваст.
Телвагезак ўтган ажиб у йиллар
Менинг ҳам қисматим йўлига пайваст.

Ҳаёти дунёда турфадир сабоқ,
Танлаш гали келди, кутдирмай узоқ.
Сизга у дунёнинг саодатидан
Бу дунё роҳати туюлди хўброқ.

Кетдингиз бирингиз қувиб амал, шаън,
Бирингизни мол-мулк чалғитди йўлдан.
Оқибат қабрнинг остонасида
Тушай, деб турибди ҳассамиз қўлдан.

БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
(Ҳикматлар асосида)

Дардимиз мунаввар ниятни берди,
Нафсимиз жунбуши уятни берди.
Хорликни танладик бу улуғ йўлда,
Аллоҳим абадий иззатни берди.

Сенгача кимларни кўрмаган бу йўл,
Қоқилган, йиқилган кимса бунда мўл.
Шамга ўхшаб элга равшанлик бахш эт,
Ўзинг-чи, панада, қоронғуда бўл.

Пайғамбар дуоси баракотидан
Бу умматда сиртдан ҳайвон бўлиш йўқ.
Нокаслар касридан, қусуротидан
Сийрати махлуқни кўрмай ўлиш йўқ.

Дилни англамаслар куйдирди ғоят,
Умидим ўлмади, орзиқиб тўздим.
Валийдек бирор дўст келса деб шояд,
Юзлаб душманларга дастурхон ёздим.

Халқ ўзи сабабчи ортда қолса гар,
Кифтида ўзлари орттирган ғамлар.
Ҳолбуки, хато йўқ Аллоҳ ишида,
Нуқсон йўқ илоҳий файз келишида.

СОХТА ДЎСТ

Мени балки яна керак қиларсиз,
Бошланг, мен тайёрман, борайлик қаён?
Кимларга айтишим лозим қандай сўз?
Қўшай қайси сўзга қандай ҳаяжон?

Бу оламда менинг кўрган-билганим —
Балки юрагимга ортиқча бир юк.
Бу юкдан эзилиб оғрийди жоним,
Тамасиз, бегидир бирор дўстим йўқ.

Ҳурматингиз мен-ла ортсин, ўзгалар
Назарида мудом юксалинг, ўсинг.
Кимлигингни билмоқ бўлсалар агар
Донолар қизиқар, ким, дея дўстинг.

Хасга ёпишгандай чўкаётган зот,
Раъйингизга қараб яшайман бу чоқ.
Душманлар кулади ҳолимга, ҳайҳот,
Йиғлайман мен дўстлик ҳолига узоқ.

- - -


< Orqaga qaytish