Саломат Вафо асарлари

Тери устидаги  ит.  янги ҳикоя.     Саломат Вафо


Marta o'qildi

Тери устидаги ит. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                

  

    Тунда  қора балодай тоғдан бўри энди. Шерхон  Тяьнь Шань тоғи тизмаларига туташиб кетадиган  қир йўлидаги баланд ҳарсангга чиқиб  ваҳшат билан увиллади. “Ҳей, жонингда қасдинг бўлса, кел, келавер.. сен олчоқ бўриларни  кучинг  қўйга етади..кел.. келабер..келсанг тилка – пора бўласан..” дея  ваҳшат солиб увилларди. Ойнинг  нури қуюлиб  турган жойда Шерхон тоғнинг шамолларида мисоли ваҳшатли арслондай ҳурпайиб  турарди. Бўрилар қайтди, аммо Шерхон увилламасидан олдин ўрғочи бўрилар икки икки - уч қўзини  бўғизлаб, олиб кетган эди. Ит негадир урғочи бўриларнинг изидан  тушмади...Ҳавода урғочидан  қалбининг туб –тубини қитиқлайдиган аллақандай  ис тарқаларди.  Шерхон кузда эгаси кўчириб кетган  ўтов ўрнининг қоқ ўртасида ётган   тери устига аста чўзилди ва авваллари энасининг иссиқ бағрида ётган чоғдагидай ингиллаб ғингшиб қўйди. Аммо энди на энасининг иссиқ нафаси ва  на унинг қайноқ вужудини туйди, унинг ўрнига Қорақум саҳросининг  шафқатсиз ва совуқ шамоллари увиллаб,  уй эгалари унутиб қолдирган кичик намат, озиқ овқатдан бўшаган елим пакетлар, печьене ва школаднинг шилдироқ қоғозлари, янтоқ уюмлари ва чўп -  чарларга қўшиб, кечалари гирдоб этиб учирди. Шерхон уй эгасининг  хотинини    ҳаммадан кўпироқ суярди.Ундан ҳамиша атирнинг ёқимли иси ва эмизикли гўдаги ва  гўдакдан келадиган сут исига аралаш мусаффо ис келарди. Шерхон  бекаси ва унинг гўдаги хидини миллион тур исларнинг ичидан ажратиб оларди. Бекаси кичик қизил қўллари билан итга суяклар, гўшт ва қотган нонлар келтирарди. Ўшандай чоғда Шерхон тандирдай бошини  беканинг оёғига қўярди. У  бека эрталаблари ялоғига  эчки сутига  тўралган нон солганини  яҳши кўрарди. Қизил рўмол танғиган бека қўлидаги  иштонсиз болакай итни кўриши билан “вов..вов..” дея  оёларини ликиллатарди. Иссиқ тили билан оёқчаларни яларди. Бекадан ва боладан сутнинг, қоврилган гўшт ва исриқми, ялпиз ислари келарди. Бекалари кўчиб кетганига беш – олти ой бўлсада,  Шерхон юлдуззор дашт осмони остида югуриб бораётганида дунёни қоплаб олган исриқ ва ялпиз ислари  қумсовидан увиллаб юборарди.

          Қумлар, майда зарралар ва каламушлар, кумсичқонлари ковлаган ҳўл ва сувми аллақандай  дала ўтларининг хиди келадиган қум – тўпроқ  бўйлари  бўрнига урилиб, бўриларникидай кўркли ёлларини  хурпайтириб бошини силкитди. Айни  ҳозир ҳурпайган ёли  ва қизарган кўзларида ёнаётган важоҳат ва виқорни чўл  бўрилари кўрганида, думларини қисиб тўдаси билан  тун  зулматига чекиниб йўқ бўларди.

  Саксовул ўсган бархан  тарафидан кулгими, йиғими саслари эшитилиб, Шерхон   қулоқларини динг қилди. Юз йиллик  улкан тўронғил остига  қурилган айвондай бостирманинг устига  улкан иккита бургут патир – патир талашиб, қулбола ташландиқ  айвон устидаги қуриб – қақшаб қолган ошланган териларнинг устига  қулаб тушди. Шерхоннинг бутун вужуди  ўқ ёйдай таранг тортилиб, бостирманинг ёнига  отилиб борди. Бургут оппоқ  қанотларини йиганича чўп  -  чарга қўшилиб, нақ Шерхонинг тумшуғи остига           келиб тушди. Ит “хап” деганича бургутнинг устига сакради, жарохатланган бургут  оғида  туролмасада, улкан қанотларини кериб, бир оёғининг ўткир тирноқларига таянганича итнинг бошини  мўлжаллаб сакради. Бургутнинг қанотлари орасидан боши мажақланган кулранг қулоқлари узун қуённи , бир сакрашда илиб олди.  

  Неча тунлар ва неча кундузлар, балки ойлар.. ўтов  эгаларини йўлларини  қараб ётадиган тери пўстакнинг устига етиб бориб, жонсиз қуённи улкан панжалари орасига олди. Қуён ҳали иссиқ экан.

    Ит  қорнини тўйдириб, қуёшнинг сўнгги нурларида  қизил шафаққа  бурканган,  саксовулларнинг ёнига бориб сарилиб ётиб, мовий осмонлар, олис  - яқинларда учиб юрган калхатларнинг паврозини ва саҳронниг қизғиш осмонини кузатиб ётди.  Кўзи қанотларини ёйганича судралиб  Шерхонинг тери пўстаги ёнига келиб қолган оқ қанот бургутнинг  ёйилган қанотларига оқиш ўткир кўзларига  тушди. Шерхон  яна бир сакраб бургутнинг олдига етиб  борди. Бургут яна улкан қанотларини Жалолиддин*инг музаффар байроқларидай ҳилпиратиб, ҳамлага ҳозирланди.

  Ит оқиш кўзли бургутнинг атрофини айланиб сакраб -   сакраб ўйнади. Бургутнинг  чап        оёги майиб бўлса хам   ўзини мардановор химоя қиларди. Ит ўйнаб  - ўйнаб    қуённинг қолган - қутган сарқитларини пўстак билан судраб бургутнинг олдига олиб келди.  Бургут кўзини ўткир тикканича  яна қанотини ёйди. Ўзи яна тепалик тамонга чопиб кетди,   саксовуллар остида етиб, кўзларини юмганича қисилган қабоқлари орасидан оқ қуйруқ бургутнинг шўрлик  қуённинг узун ичакларини тортқилаб чўқалаб юрганини кўриб етарди.

  Қум барида қаттиқ шамол уйғониб, янтоқ ва чўп   чарларни бошига сочиб, қутуриб этакларини ёйди. Шерхон  бошини оёқларини орасига суқиб, саксовулнинг остига тиқилди.  Шамол чўлнинг ўрталарида мовга келган мушук ёки чия бўридай чийиллар, увиллар,  гўё саҳро қаридан Дев қурган қалъанинг   минглаган қутурган буқаларидай  ўкирган куйи йўлга чиққанди.

  Даштнинг ўртасида  қиёмат қойим бошланаётганида осмонниг бир буржида вариллаб темир қанотли қуш самолёт пайдо бўлди. У барханлар устида айланиб – айланиб учиб яна тўзонларнинг ичига кириб йўқолди.  

   Ит бу каби қутурган шамолларни  бир тунда ўтовдан ташқарида қолган туни кучуклигида  шамол билан олишиб  енгилмаганда кўрганди. Туннинг тўнкарилган зумат  қозони жуда катта ва  энди сутдан чиққан олабай  кучук  жуда кичик эди. Ҳар баҳор Шерхон  яйловга кўчган эгалари билан қўй қўзиларни қувиб ўйноқлаганича, от ва эшак араваларнинг ортидан, баъзан ён атрофдан шовқин суръондан   қочиб қоладиган қуёнларни қувлаб кўчма карвондан узоқлашар,  аллақайларга бориб қолган карвонга тили оғзидан чиққанича қувиб етарди.    Довул  баҳорнинг илк элчиси сифатида қандай  тез  қутуриб бош кўтарган  бўлса, шундай  тез босиларди.  Ит қулоқларини  бир – бирига шапиллатиб  уриб,  кўзлари, киприклари, хумдай бошидан  ялтироқ қум чагаларни шовуллатиб тўкди.    Чанг ва қум кириб қолган кўзлари ҳайратдан катта очилиб кетди. Шерхон  тўфон шамоли билан катта - кичик, оқ - кулранг, сон - саноқсиз  сарғиш тошларми, ҳайкаллар денгизини кўриб бошини ҳар тамонга қийшайтириб туриб қотиб қолди.  Гўё саҳронинг минг йиллик бағридан қадимий  хун    лашкари тош жангчилари  баҳодир Атилла бошчилигида  қайнаб чиққанди. Ҳалигина чўлоқ бургутнинг олдига қуённинг қолган  - қутган эт бўлакларини судраб борган.. ўртадаги оралиқ аллақандай тошлар, ҳайкалларга тўла эди. Ҳайкаллар  денгизи  тўфондан сўнг мўралаган   қуёшнинг ҳира сариқ нурларида.. қип  - қизил денгиздай жимирларди. Яна осмоннинг олис –олисларидан   темир қуш, яъни  кичикроқ  самолётнинг саси эшитилди, темир қуш  ҳали  довулда пастлай олмаган чоғи,  энди у қум бўронлари босилган осмон тоқида  пастлаб,  бағридан оқ шишган шарсимон  нарсалар ёйилиб – ёйилиб  туша бошлади. Шерхон.. осмондан тушаётган   одамларнинг оёқларини  кўриб, яқиндан кўриш учун  югуриб кетди. У юқоридан тушаётган одамлар...ликиллаётган оёқларни кўриб, бирдан  очлиги устун келдими, парашютчиларга ҳужум  қилиб қолди.  Ит саҳро кенгликлари, шамолларидан куч олган  бўридай ириллаб,, оқ ва йирик тишларини кўрсатиб, ҳамлага шайланарди.

  “Волк, волк”..”Бўри..бўри..” деган саслар эшитилди шишган ҳаво пуфаклари ортидан. Шерхонни осмондан тушаётган  шамолда шардай шишаётган оқ ва мовий  ранг ҳаво ҳалталари қонини жўштириб ақлдвн оздирарди.  ”Увв..увв.. ” дея увилларди  гўё саҳронинг турли кунжагига сочилиб кетган  саҳролар хукмдори  бўрилардай. 

  Шу он яқин – ўртадан  пистолетнинг пақиллаб   ҳавога отилган товуши эшитилди.  Итнинг  гўё бирданига итлиги ёдига тушгандай “ангиллаб” ўзини  барханлар тамонга отди. .. Шерхон  барханларга тирмашар ва тезликдан қум билан пастга оқиб тушарди.

      Яна орқада яна  “пақ – пақ”  ўқ товушлари эшитилди.  Ит улкан гавдасини олдинга ташлаб, ёллари арслондай  ҳурпайиб,   йирик панжалари билан  қумларни ковлаб  ҳар ёққа отиб, бархан ошиб  пўстаги тамон чопди.  У..жони оғзига етиб  борганда, оқ қуйруқ бургутдан асар ҳам йўқ эди.  Итнинг улкн танаси  ҳалиги ўқ овози ваҳимасидан титраб турарди.

   Шерхон ҳид олиб чор атрофни зир айланди, ўтов эгалари ёзги ошхона қилган  бостирманинг ёнига бориб, юқорига  сакраганича вовуллади.      Бургутни шамол учирганми... қуён этини еб ўзига келгач ,  бостирма устида     важоҳат билан атрофга боқиб ўтирарди. Ит ҳамроҳини йўқотгандай юқорига қараб сакраб -  сакраб турганда  даштнинг ич – ичидан тўфондан сўнгги сокинликда шамолда узуқ -  юлуқ моторнинг овози эшитилди. Сас аста - секин кучайиб, энди жонлана бошлаган қушлар ва  чигирткалар, олис сувлоқлаги  сайғоқларнинг “бў..бў”лаган  сасини босиб тобора кучая бошлади. Ит алланарсани сезгандай яшин тезлигидаа гўё буйруқни бажаргандай бир сакраб яна терининг устида пайдо бўлди. Гўё ўз қўрғонини ҳимояга  этишга ҳозирланди. Сўнг яна жони ичига сиғмай  сўқмоқлар, янтоқлавр, саксовулзорлар тош хайкаллар денгизини айланиб  машина келаётган йўлга чопа кетди. Унинг ичида  “эгаммикан..бекаммикан” деган умид бор эди.

   Кичик кузовли юк машинаси кабинасидагилар аввалига баҳайбат оқ итни  бўри деб гумон қилиб, машинасини секинлаштирди. Ит машина билан тенг тезликда вовуллаб югура бошлагаб, унинг итлигини  англаб..  ўтов ўрнида қолган тери ёнига келиб тўҳтаб,  моторни ўчирди.

   “Бу ёввойилашиб кетган ит... афти ангри  туллаб кетганини қара”.

   “Вовуллади,  бизни кўриб эгаммикан деб қувониб чиқди”.

   “..Ўҳхў бунинг  турган – битгани хазинаку....ана пул..мана пул..”.

   “Буни тутиб чўпонларга олиб борсак.. тўрт беш қўй беради. Отарда алабайнинг исини олган бўрилар   сурувга яқинлашолмаган...”.

   “Оширмасангчи..бу чўлда адашиб -  дайдиб ёввойилашиб кетган  ит - да..”.

   “Бу алабай .  зотли ит.. Ганжа чўпон  отарни қўриқлайдиган итнинг уч ойлик  кучуклигини  200 доллорга олган экан..”.

  “..қандай олиб кетамиз..ёнига борсак... бизни  тилка - пора этади..эшакдай келадику..бу бало”.

  “гўшт консерва борми..оч..оч..анови  аптечкани олиб берчи..ана бўлди..еса..ўн беш  дақиқага етмай уҳлаб қолади. Қарабсанки.. машинага юклаб олсак.. марра бизники.. энг камида ҳар қайсимизга 2  қўйдан тегади..Ганжа чўпонга олиб борамиз..шунинг қўли очиқроқ..”..

  Ҳайдовчилар машина буферига оёғини қўйиб  турган баҳайбат итнинг шамолда жуни арслонинг ёлидай хурпаяётган тандирдай  бошига қараб хуши учди. Гўшт консервасини очиб, сув қоғозлардаги оқ ун дорини қуяётганида , ит ириллаб юборди.  Гўё ўзига боғлиқ недир ёзувлик ҳаракатлари содир бўлаётганини англарди.  Доришунос семиз ва ориқ  ҳайдовчилар консервани қўлларига   ушлаган  куйи қотиб қолишди. Баҳайбат итнинг ириллаши шамолларга қўшилиб кучаяди.  Кабинанинг ёпишиб қолган ойнасини тушириб ялтироқ  қутини  “маҳ..маҳ..” деб пастга  отишди. “Ҳайда..ҳайда Зайни..” деди озғин шериги семиз ҳайдовчига, гўё ит  бир сакраб машина устига  чиқиб, ойнани синдириб, ичкарига кириб, бу иккаласини тит - питини чиқарадигандай.  

  “Бу балони Ганжа чўпонга топширсак, хотинимнинг туғилган кунига қўни – қўнжимни тўлдириб   уйга борардим.”

   Итнинг қулоғи  остида машина мотори вариллар шамоллар увиллар,  осмоннинг аллақаерида  кимдир... эгасими ёки ўтовнинг ёш болаларими “ Шерхон тур..мах мах кел..кел” деб чорларди. Аммо ит улкан бошини сира кўтаролмас,гўё икки ориқ – семиз ҳайдовчи қалин ёймага солиб  кўчириб олиб кетишаётганди. Баайни  кўзига қум тиқилгандай  очилмас эди.  Машинанинг бир силтови итни  кўтариб ташлади, саҳронинг совуқ шамоллари ёприлиб  келди. У очиқ  кузовдан юлдузли осмонни кўриб, бирдан сакраб ўрнидан турди. Гўё бу машина , икки кўзли аждарҳодай қийналиб қаронғи зулмат бағрида ётган чўлни қурт – қумурсқалар, бўри, шақол, тўнғиз, қуёнлар, каклик, қумрию – қарғалар билан судраб борарди. Дунё мотор товуши ортидан эргашарди.  Машина қаронғи саҳрони иккига бўлиб юлдузли осмон остида чироқларини  ёрқиб, гўнг қўнғиздай  вағиллаб   қийналиб илгариларди.  

  Машина бирдан  секинлашиб тўҳтади, афтидан ҳайдовчилар ёзилишни   истади чоғи,  фарасини ёқиб қўйиб, қорайиб кўринаётган қумга  дўпиллаб сакраб  тушишди. Зум  ўтмай қаронғи  чўлга қараб  чиптиришарди. Ўзига келган ит юмшоқ қумга  шарпасиз сакраб тушди. Қаронғилиқ қаридан ириллаб, одам боласининг ваҳшийлигидан етти авлоди бўрилар янғлиғ увиллааб юборди. Ҳайдовчилар  иштонини кияр - киймас, шими замогини ёпар -  ёпмас  машинага тамонга чопишди. Инқиллаган ҳарсиллаган саслар эшитилди. “Сволоч Зайни, сиймай чукинг  кесилгур, сенга тўҳтама..” дедим.   Ҳайдовчилар бир зум вағир -  вуғур қилиб туришгач машина қаттиқ газ олиб юриб кетди. Шерхон  машинанинг ёнаётган қизил  чироғига, шамол олиб келаётган газ исларини ҳурпайган жунли бўйнини  кўтарганича бир зум шамолга юзини тутиб турдида, дигирчак изи билан саҳро бағрига қараб кетди.  

  Эрта тонг қаронғисида худонинг ҳафтасининг учинчи куни  тонг энди кунчиқар тамонларда оқара бошлаганда..қирлар бағрида улкан бўри кўринди. Бўри олис йўл босиб гўё ўз ватани ҳудудига етиб келган сайёҳдай қир устида тўҳтади.  Уфқлари  оқараётган  бўзранг кенгликларга, тун пардалари остидан чиқиб келаётган саксовул, қизғиш бошли янтоқзорларга, ялтираётган хайкаллар тўпига   ғамгин нигоҳ солди. Ҳайкаллар денгизида сариқ ялтироқ бошлилари камайган афтидан самолётда шишган шарларда тушган одамлар уларни олиб кетган эди. Улкан бўри қирдан тушгач Шерхонлиги аниқ бўлиб,  аста – секин лўкиллаб ,  ўтов ўрнидаги титилиб ётган қадрдон териси ёнига етиб келди. Тери  нам, ёмғир ёғиб ўтган чоғи ҳўл бўлиб қолган эди.

  Ит   аллақандлай меҳр истагандай ғингшиб, ингиллаб оқсаётган оёғини авайлаб босиб тери ёнига етиб келди. Шерхоннинг қулоғи, яғринлари тишланган, тимдиланган.. афтидан йўлда ёлга келганда ёввойи итлар, шоғоллар билан уришган, тишлашган  чоғи,  терга ботиб лой  ва қумга беланган   вужуди билан ер бағирлаб ётиб кўзларини юмди. .      

    Тонг сахар совуғиданми бирдан кўзлари очилиб кетди. Юзларини аллақандай кучуклигида онасининг         момиқ жунларига бошини қўйгандагидай  мулойим пардек бир нарса силаб ўтди. Тумшуғи остида кузда тухумдан чиққан ўрдак қумга қоришиб ётарди. Эгасининг ёзги ошхонаси ёнидан  ярадор бургут улкан қанотларини ёйиб кўкка парвоз қилди. Унинг ўткир тирноқларида.. итнинг  олдида ётган ўрдакнинг парлари шамолда айланиб – айланиб учарди. Бургутга кетма дегандай ғингшиб қўйди.  Шерхон ўрдакни бургут   ташлаганини англади.

  Етти авлоди улуғ  чўл бўриларига хос.. дунёга даъво  билан увиллаб юборди.

 Итнинг вужуди кеча  шақоллар билан олишувда олган жароҳатидан ачишиб оғриб  илтижоли  ғингшиди. Шерхоннинг  шағоллар  тишлари  ўрнидаги  оғриқлари кучайиб, гавдасининг ҳарорати кўтариларди. ..Балки саҳронинг ёввойи ҳайвонларида аллақандай юқумли касаллик бормиди, ит тобора  холдан тоярди. Кўзидан бурнидан тинмай сув оқди.

   Аллақандай мусибатни дараклаб саҳро осмонининг баланд – баланд  жойларида калхатлар пастлай бошлади.

  Яна чор атрофни гувиллаш, мотор саслари, вағиллаш тутди.  Ит бу товушдан қочиш кераклигини англар, аммо сал кам хачирдай келадиган улкан гавдасини кўтаролмас, ёшга  тўла кўзларини ҳам очолмас эди. Аммо..шу холида ҳам бўриларга хос товуши  билан ҳаста овозда ирилларди.  Шерхонннинг ёшга тўла кўзлари олдида катта этиклар, қизил ковуш ва ёш болаларнинг оёқчалари пайдо бўлди. Оёқлар дупурлаб у ёқ бу ёққа  юриб,  унинг атрофини айланарди. Бирдан қулоқларига, вужудига саҳронинг ичидан кўтарилиб келган сас урилди. Бу овоз тунлари қум бағридан янграйдиган куҳна  қўшиққа ўҳшарди. Унинг қулоғига  бекасининг  ҳаётбахш овози  келарди.

  “Вой, бечора Шерхон..ўлмай – нетмай бўри, айиққа ем бўлмай кузу – баҳор бизни  кутибди. Мен кузда элатга қайтар чоғимизда уни улов – пулов, машина ғилдираги остига тушмасин  деб. Шерхон,  қимирламай  тери устида ўтир.. ”  дегандим дейди бека ҳазин кулиб.

   Итнинг улкан  тумшуғи  остига болаларнинг қизил ковушли оёқчалари келиб тўҳтагинида, ит кўзларини аста очиб ғингшиди.  Дунё жуда ёруғ, қуёш ёрқин, товушларга ва тотли сут исларига тўла эди.

  “..Шерхон..уч  фасл тери устида ўтирган ит”... бу сўзларни саҳронинг шамоллари, Қорақумнинг барханлари айтди.

 

          24 апрель..март  ойлари.  2017 йил. Навоий кўчаси – 30.

- - -


< Orqaga qaytish