Саломат Вафо асарлари

Қизил лолақизғалдоқзор. янги ҳикоя.  Саломат Вафо


Marta o'qildi

Қизил лолақизғалдоқзор. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                                                                                                     

                                        .

       Оҳангарон  тоғлари бу йилги баҳорда  кўкнори чекадиган банги чолдай туманга беланиб қолди. Деворларига қадим суғд ва орий белгилари, ов манзаралари, кийиклар, хўкизлар тасвири солинган катта -  кичик  ғорлардан буғ чиқа бошлади.  Тоғ бағрига жойлашган элатдан тонг саҳар болалар бақир – чақир билан  меҳнаткаш чумолилардай туман чодирларини сўкиб, қирларнинг  юқори қисмидаги мактабга отланишарди. Тун бўйи аллақаёққа беркиниб ётган чумчуқлар ва каптарлар ҳам болалардан ортда қолишни истамагандай қуюқ тумандан асалдан ажралган арилардай  осмонга қанот қоқишарди. “Ана, ана чинни каптарлар чиқди..Каптарлар..” дея чувиллашарди.  Болалар  автобус бекатига чиққанда чўк тушиб ётган қоялар ортидан аллақачон чиқиб, оламни ёритаётганига кўп бўлган  қуёшни кўриб, “урре..урре..қуёш чиқди” деб ҳайқиришарди.

    Ўша кун..Мактаб болалари йўл – йўл ёзувли дафтарига,  1992 йил апрель  деб ёзиб қўйган  эди.  Ҳар кун тонг саҳари совуқ эпкин эсадиган тоғ чўққиларида яшил, қизил қушлар пайдо бўларди. Қушлар ҳар тунни  Оҳангарон Озодлик чўққиси бағрида ўтказиб, эрта саҳардан тоғнинг  тўрт тарафига тарқалиб кетарди. Болаларнинг ҳайқириқлари ва қушарнинг вижирлаши  тоғларда акс – садо берарди.  Оқшом қизил ва яшил  қушларнинг  туннинг қайси маҳалида  қайтиб ўтганини ҳеч ким кўрмаганди.   Адашиб қолган йилқи ёки совлиқни излаб тоққа чиқиб  келганлар...бу Покистонми..Хиндистондан келган..У ёқларда  саратон бўлгани ва уруш бўлаётгани  учун Хинд уммони тўфонлари билан  адашиб келиб қолган тўтиқушлар деб қасам ичишарди.      Чойхоначи чоллар, “Жигаристоннинг Оҳангарон, Қурама тизма  тоғларига  ҳеч қачон Афғонистонми..Хиндистоннинг яшил, қирмизи  тўтилари учиб  келмаган. У ёнбағирлардаги  эрта ғунчалаган тоғ лолалари бўлуви керак..” дейишди  олисдаги чўққиларга боқиб..

   Хонпошша тоғнинг саллага ўҳшаб туманга  чўлғанаётган чўққиларига боқиб, “..ишқилиб ёмғир ёғмасин..” дейди ичида. Нега бундай деди ўзи ҳам   билмайди. Хонпошша  Жигаристон қишлоғига Тошкентдан келин бўлиб тушгани учун..ой куни яқинлашган сайин, булутли осмон,  кети тешилгандай ҳафталаб тинмайдиган ёмғирлар мавсуми унинг юрагини сиқарди. Ёмғир пардалари остида қир ёнбағирларига улкан қўзиқорин ёки мульфильмлардаги  уйчалар каби тизилишиб турган уйлар ҳали – ҳануз  кучли дўлдан оқиб кетадигандай омонат кўринарди. Аммо айни ёмғирдан сўнг ҳовур кўтариладиган тоғ яғринлари, минг ҳил чироқлар осилгандай юз йиллик арчаларнинг минг -  минг шох ва бутоқларига осилиб – осилиб юмаланадиган томчилар ва шудринглар келинга илк келган кезлари, тоғ қишлоғининг сукунатидан юраги сиқилиб йиғлаган кунларини ёдига соларди. Шаҳарда  эрталабдан кечгача тинмайдиган машиналар шовқини, сигналлари, кўп қаватли уй майдонлари олдида ўйнаб юрадиган болаларнинг шовқинини соғиниб қолган эди.

  Тоғ баландлигиданми баҳор кеч келиб, ёзнинг  ўрталаридан   дайди қизлардай куз  этагини судраб келиб қоларди. ..узумлар, олмалар, беҳилар...пишиб етишмагани  учун, баъзан  япроқлар орасида қоқига айланиб, тоғнинг совуқ  ҳавосида  келгуси баҳоргача қип – қизил бўлиб тураверарди.  Хонпошша узум ишкомига илинган сут челакка  қўниб ўтирган яшил қушларни кўриб ҳайрон қолди. Қушлар ҳам сут ичар эканми?. Элатнинг момолари кўршапалакка ўҳшаган қоничар қушлар борлигини айтишганди. Сут челакдан сут ичадиган қушларни энди кўриши эди. Жигаристонга келганидан бери  бундай қушларга кўзи тушмаганди. Қайинонаси уни Майрам момоникига  чакки ёки нон ости кўриниб қолганда нонга юборганда “Хонпошшаой..анув ёзувчиларнинг дачасидан узоқироқдан ўт.. ертўлаларини, айвонларини илон босиб кетибди. Қуйи жамдагиларнинг сигири оёғига чўлашиб, она говумушлар қўрққанидан  сути камайиб кетибди....” дерди. Хонпошша келин  қайинонаси ҳар сафар шу фикрларни таъкидлаганда ғаши келар, аммо одоб юзасидан “нечча марта айтасиз энди..” демасди..

    Бу тоғ қишлоғидагилар қуёшдан ҳам олдин уйғонгани учун келин ҳам қўшнилардан орта қолмаслик учун эрта уйғонарди. Хонпошша чўчимай алланарсани кутгандай ишком оғочлари, боғнинг четан деворларига қўниб  ўтирган рангли қушларга “..кишт – кишт..қоч..қоч..” деб қувди.  Қушлар  қуйидаги чойхона ва каттта йўл тарафдаги шоввуллаб ётган трасса йўл тамондаги дарахтзорга қараб учиб кетди. Тоғ дараларида “кишт..кишт..қоч - қоч” деган ноинсоний товуш  акс -  садо берарди.  

   Шаҳарга..  баланд адирликларга тирмашиб кетадиган катта йўл беиҳтиёр эри   Элмуродни ёдига солди. Дунё аллақандай оғир ва залворли ва  унинг ўз қонунлари бор эди. Хонпошша Жигаристонга келин бўлиб тушди. Эри шаҳардан иш топиб, унинг онасиникида турар, онаси ҳам   ва эрдан қайтиб келган катта  опаси   Заҳро   билан қолган эди. Шаҳар бир қадам бўлсада йўл кира қимматлиги учун Элмурод   ҳафтасига бир марта элатга келарди.

   Қизиб турган думалоқ қора қозонда  юпқа хамирларни орқа олдини қизартириб олиб, савзи ва пиёзли  қиймани ўраб, иссиққлигича оғзига солди. Ҳали ҳамир қозондалигида жизирлаб туркларнинг кўзочисига ўҳшаб пишаётганда унинг сўлак безлари ишлаб оғзи сувга тўлганди. Хонпошша юкли бўлгандан бери ошхонадан бери чиқмас: хоразмликларнинг гўммасини серпиёз қилиб ва  қишлоқда пишириладиган юпқа яъни  пиёз пўстидай сутга қорилган  ҳамирга  қоврилган сабзили қийма ўраб пишириб еярди. Ҳовлига чиқиши билан эса  холодильникда совутиб қўйган балиқнинг “Килка” консервасини очиб тоғли осмон кўриниб турган ҳовлининг дуч келган жойига кўтини қўйиб еб оларди. У консервани егач  ундаги  шўртак памидор тами,  қайла ва ёғга ботган чавақ балиқларни егач  вужудида қониқиш... фароғат  туярдики, беиҳтиёр кўзларида мудроқ пайдо бўларди. Қайнонаси эса “..Хонпошша қизим..  қишда  ҳам сувда сузадиган морж ёки кемаларда олис сафарларга қатнайдиган бир моряк бола..туғасизов.. ” деб такрорлашдан чарчамасди.

 

   Қурама тоғ тизмалари  тамондан келаётган  тракторнинг  тар – таридан чўчиб кўзини  очди. Дўмпайиб чиққан қорнига қўлини қўйиб, типирчиллаётган гўдагини тинчлантирди гўё. Пишиллаб нафас олиб кўм – кўк осмон остида минг йиллардан бери чўк тушиб ётган тоғ янбағрида лой қояларни суриб юрган тракторларга боқиб турди. Ўтган ҳафтада ҳокимиятдан келган пўрим кийган хотин билан “Жигаристон” фуқаролар йиғини раиси уйма – уй юриб, тоғдан сел келиши ёки лой қоялар кўчиши ҳафи мавжуд  деб айтиб чиққанини эслади.  Тракторлар  оғзидан ўт сочаётган девлардай   шафқатсизлик  билан эди очила бошлаган лолақизғалдоқларни босиб, лойга аралаштириб   чеккароққа  суриб ташларди. Уларнинг ортидан майда дала қушлари учиб юрарди. Тоғнинг булутларга тегиб турган чўққилар аро тоғларнинг ҳукмдори бургутлар  виқор ва тантанавор учиб юрарди.

  Хонпошша келин ва унинг гўдаги чўққилар ва янбағирларга ястланиб ётган қип – қизил лолақизғалдоқ  гиламларга ачингандай “оҳ..” деди.  Буларнинг уйи баландда бўлгани учун  Жигаристоннинг паст – баланд жойларига жойлашган шиферли, яшил, қизил  тунукали уйлари, коинот антеннаси липпаклари, “Ucell” компаниясининг баланд  антенналари, сал юқорироққа жойлашган  янги супер маркетлар ва олдида  турли ранг машиналар йиғилиб турган мехмонхоналар кафтдагидай аниқ кўринарди. Тоққа ўрлаб кетаётган элатнинг қўй ва эчки суруви серкаси қўнғироғи “жиринг - жиринги” эшитиларди. Эчки сути одамга даъво бўлади деб эшитганди келинчак.  Бутун вужудида даҳшатли оғриқ пайдо бўлиб,  вақти – вақти билан такрорланарди.

   Олисларда нималардир ваҳимали ғувиллади, гуммиллади. Афтидан сўнгги 1980 йиллардан бери тинчимаётган қўшни  Афғонистонда каттароқ бомба портлади  чоғи,  Оҳангарон тоғлари  совуқда жўнжиккан ўсмирдай титрарди. Чўпон бола қўл телефони ўйинларига алаҳсиб қолди чоғи, сурув тоққа ёнғоқли  боғлар  тамонидан тирмашиб, Ёзувчиларнинг “Хўжакент” деб ёзилган дала боғи уйлари тамонга юрди. Туйқус,   қўйлар, ҳатто серка эчки ҳам   чўчиб дувва  қочди. Қўй ва аввало айёр эчкилар..хорижга кетиб қолган рассом, ёзувчи,  ҳайкалтарошларнинг уйларини босган илонларни..балки эгасизликликда маҳаллий илонлар билан чатишиб сал кам  уч бошли аждарҳона айланиб  қолган  капча илонлардан қўрқди чоғи..

  “..нега қўрқасан жанавор..маҳ..маҳ..” дерди бу тоғларда қишин – ёзин йиртиқ – ямоқда  1990 йиллардан аскарларнинг катта чарм ботинкасини кийиб юрадиган, дала ҳовлисининг эшиги олдида турган .. шоир Баҳром Ғойиб...

   Аммо, Жигаристоннинг сурувлари бир балойи офатдан қочгандай  тоғ чўққилари сари  учиб борврди.

  “қандай худо урган жой бу .. ёнимга ҳатто қўйлар ҳам келмайди” .  

  “Серка..уларни қўймайди, бу ёзувчиларнинг дачалари илонхона бўлиб кетганку..Қани уларнинг ўзи..” дейди бўйни узун   қизғиш  тус  от етаклаб  чиққан  Қурама чол.

  “Отахон, омонлик. Мен қаердан биламан ёзувчиларнинг қайтиш қайтмаслигини, кўпчилиги америкада  кўча супуриб юрибди.  Кўпчилиги қамоқларда, уруш ҳаракатлари бўлаётган жойларда ўлиб кетган дейишади.”.

  От пишқириб, эгар –жабдуқини шақирлатиб, қулоғини диккайтириб, чолнинг ҳитобларига қулоқ солмай икки оёғини кўтариб, гўё аждодлари учар  қанотли отларни чорлагандай, тоғ чўққилари тамонга қараб “иҳий..ҳиийи..” дея чолга бўйбермасди.

  “Дурр..дур.. Сени ҳам шойир дейишади, Баҳромбой  болам. Бу ёзувчиларининг қайтадиган сиёҳти борми?. Бир бало бўлганми бугун,  ёзувчилар боғи дала  боғининг ҳамма илони ташқарига чиқибди. ”.

   “Билмайман, бобой. Мен бир чориғини судраб юрган кичик шоирман.”.

  “..Нега кичи шоир  дейсан. Одамнинг катта кичиги бўлмайди, шоирнинг ҳам катта -  кичиги бўлмайди..”.

  “Э, ота,  бир кечаси намойишдан қайтишда бошимга  дубинками, қаттиқ нарса билан орқамдан келиб уришган..Ўшандан сўнг одам бўлмай қолганман,  кечалари бошим   кучли оғрийди. Кўз олдимга 1990 йиллардаги  Мустақиллик майдони  намойишга чиққан халқ..яшил ва оқ ранг байроғимизни кўтарган ёшлар,   қадим шоирлар асарларини қўлтиқлаб олган йиқилган – сурунган дўппили кекса кишилар,  оломон ва милиция тўсиқлари орасида қисилиб , бақириб – чақираётган  хотинлар кўз олдимдан кетмайди..”.

  “Болам, қаддингни кўтар, сен ким бўлсанг ҳам..  шоир  Баҳром  Ғойиб деган номинг бор. Одам эркак бўлиб бир марта дунёга келади ..ана мени  отимдан ибрат олмайсанми, жиловини ушласам ҳам  бўй бермай қочиб кетди, ярамас.. ”.

  Хонпошша келин уйқуси учмаган қайинонасининг қўлини қаттиқ ушлагаича   тўлғоқ тутиб “оҳ..воҳ..” қиларди. “Вой..она, вой дод.. она врачни чақиринг..”.

  Келин   тоғ чўққилари тамон дувва – дувва  кўтарилаётган  яшил ва қизил тус сариқ жундук қушларнинг ялтираётган қанотларини кўриб қолди.  Мактаб болалари қий – чувлар билан мовий белбоғли  автобусларга ўтириб кетиб қолган аллақачонлар. Майдон четида газмол тортилган қулбола бостирмалар остида  қурт, сақич, турли арзон гаров печеньелар ва рангли ширинликлар  сотиб ўтирган ўрта яшар хотинлар  савдо йўқлиги ва бекорчиликдан бир – бири билан валақлашиб ўтиришарди.    

  Жигаристоннинг энг баланд  адирига қурилган янги  замонавий  туғруқхонасида одам кўп эмас эди.  Хонпошша  боласини дунёга келтириб,  қушларнинг озиқ излайдиган полопонлар каби қип – қизил  оғзини очиб ётгани боласини бағрига босиб,  гўё уйқудори ичгандай уҳлаб қолди.

    Қанча ухлабди, кўзини очганди,  чор атрофга қип – қизил  борлиққа боқиб, ҳайратда қолди.  Хонпошша полвондай ўғлининг нурли юзларини кўриб кўнгли жойига тушганди.  Ўғлини соғиниб кўкраги оғриб кетди “Ҳамшира, ҳамшира ” деди. Унинг гапини ҳеч ким эшитмади. Туғруқхонанинг кириш жойлари, ошхоналари ва узун каридорлари бўм – буш эди.  Кеча қайнонаси олиб келган термоздан иссиқина чой ичди. Танаси яйради.   Елкасига паҳмоқ ҳалатини ташлаб, оғриётган қорнини ушлаб бир оз энгашиб, аста юрганича   деразанинг ёнига борди. Дераза тўғрисидаги қирда , дўппили ва чапон кийган эллик чоғли  ёш -  қари эркаклар  тизилишиб турарди . Жаноза кийимларидаги эркаклар Жигарситонга юзланиб турарди.  Атрофда ғалати жимлик хукмрон эди, на қушлар, на чойхоналар тамондан келадиган мусиқалар ёки тоққа ўрлаётган қўй –қўзиларнинг “ба..ба”си эшитиларди.   Хонпошша қуйига қишлоққа назар ташлаб бир қалқиб кетди. Ҳар кун ўз ҳовлисидан кўриб турадиган юзлача хонадондан ном нишон қолмаганди. Гўё Сулаймон девлари  наръа тортиб тоғдан  лой қояларини улоқтиргандай,  Жигаристон  устига   кўчиб, қишлоқдан ном – нишон ҳам қолмаганди. Гўё Жигаристоннинг бағридан сизиб чиққан қон денгизидай лой билан кўчиб келган лолавизғалдоқлар шамолларда ҳилпираб турарди.

   Катта ҳарсанг тошда ўтирган шоир  Баҳром Ғойиб  тошга ўҳшаб қотиб қолгандай сукутга чўмган эди.  Ундан қуйироқда лой ва қизғалдоқларнинг орасидан кечагина тоғ бағрида  лой тепаликларини  суриб юрган   тракторнинг ғилдираги чиқиб  ётарди.  Унинг қулоғига на Қурънни каримнинг ва овул  қориси ўқиган  жаноза суралари кирарди. Ҳозиргина мактабдан қайтиб келган ўқув либосидаги болалар қайси тамонга юришини билмай, не бўлганини англамасдан йўл бошида қотиб туришарди.  Каттароқ болаларнинг кўзларида ёш пайдо  бўлиб сафдан ажраб чиқишган эди. Чўққилар баландлигида учадиган бургутларнинг совуқ ва виқорли қий - қийи эшитиларди.  Қурама чолнинг ҳассаси лой уюмлари  остидан чиқиб турарди.  Шўрлик чолни  лой вулқони ўз домига тортиб кетган эди.  Юзларча одамлар, оналар, чоллар, ёш гўдакларнинг улкан қабристонига айланганди Жигаристон. Овулига юзма – юз туриб жаназа ўқиётган қўшни қишлоқ одамлари ва  лойга кўмилган одамларнинг олис – яқиндан етиб келган қариндошлари фарёд чекарди.

     Хонпошшанинг қулоғи бирданига очилиб кетгандай: одамларнинг фарёди, мактаб болаларнинг изиллагани ва яқиндаги дарёнинг шовуллаши  ва   уч -  тўрт кунликда дунёга келган жигаристонлик аммо жигаристонсиз қолган   гўдакларнинг инга – ингаси эшитиларди.  

  Қишлоқ ўрнидаги лолақизғалдоқзорлар  оралаб Дармон хамшира йиғлаб юрарди. Ва у лойларга ботганича:  “эшигинг қани она, йўлинг қани она..” деб  қўрқинчли пичирларди.       

  “Аллоҳим...бу ётган бандаларнинг...оналарнинг,ўғилларнинг, келинларнинг ва ёш гўдакларнинг  гўрлари нурга кўмилсин..Амин..” дерди қори.  Сафларда турган ёш  - яланг   йигитлар  кўзёшлар ва қайғулар  билан  “амин, амин” дейишди.   Ён атрофда минг йиллардан бери  қари туядай чўк тушиб ётган тоғлар, чўққилар, қирлар ва улуғ ёшли арчалар акс – садо қайтарди.

  “Амин...амин..”.

  Туйқус одамларнинг нигоҳлари тоғ чўққиларига қадалди.  Баҳром Ғойиб   ва Дармон ҳамшира лой қоялари орасидан юқорига кўтарила бошлади. Осмонни қоплаб олган яшил ва қизил ранг қушлар аллақаёқлардан учиб кела бошлади.  Тоғ чўққилари бағридаги мангу арчазорлар ёнида овулнинг сурувлари ва  Қурама чолнинг  тулпори  чопиб юрарди.

   Оҳангарон  тоғлари орасидаги  Жигаристон  қишлоғи  қип – қизил лолақизғалдоқзорга айланганди.

            24  - 30 май ..   2017 йил. 

- - -


< Orqaga qaytish