Адабий тадқиқот

10 январь. Улуғ Ойбек туғилган кун.


Marta o'qildi

10 январь. Улуғ Ойбек туғилган кун. "3630 кун. Зулмат ичра нур". Иброҳим Азиз.

 

 

Мустабид тузум қатағонининг урушдан кейинги тўлқини… Қарағандадан Магадангача охири кўринмайдиган қамоқхоналарни изғирин шамоллар увиллаганча айланиб юрибди. Қалбида илму маърифат ёғдуси чақнаганлар, руҳи эрксиз яшай олмайдиганлар, иймонли, виждонли, юраги буюрганини тилига чиқармай туролмайдиганлар ва ҳалол, бегуноҳ одамлардан иборат миллион-миллион аристонлар муздай бараклардаги устма-уст сўриларда ўғри-каззобларга қўшилиб интиҳоси йўқ соатларни, кунлар ва ойларни, йилларни санаб ётишибди. Ҳилвираган йўл-йўл либосларидаги рақамлар, суврати одам, сийрати ҳайвон соқчиларнинг зулми ва ҳақоратлари уларни инсон эканликларини унутишга ундайди.

…Эй худованди карим, яратиқларинг ичра энг мукаррами инсон эмасмиди ахир, танимизни яратиб унга руҳ бердинг – наҳотки руҳ учун жазолансак, ақл ва қалб бердинг – наҳотки шу учун хорлик ва забунликка мустаҳиқ бўлсак, миллат қилдинг – тил ва ватан бердинг ва дилимизга уларга муҳаббат солдинг – наҳотки шу учун одам одамга душман, хасдай беқадру бешон бўлса? Ўзинг нажот бер…

Бу аламли илтижо ҳар тун юмуқ кўзлар ичига қамалган нурдай порлайди. Чунки кўзларда ёш қуриган, тил эса боғланган.

0 1Navoii.jpegШундай тунларнинг бирида барак эшигидан Ойбекни етаклаганча Навоий кириб келди. Навоийнинг беш юз йиллик тафовут ила айтган сўзларини Ойбек изоҳлай бошлади. Хаёл овозига қулоқ тутаман.

…Мен сизларга нон олиб келолмадим, аммо қалбингизга умид таомини олиб келдим, мен сизларнинг қўл-оёғингиздаги кишанларни парчалай олмайман – ҳолбуки улар сурат – аммо дилингизга ўралган умидсизлик ва забунликнинг тиканли симларидан халос қиладиган сўз олиб келдим. Ҳар қазонинг аввали ва интиҳоси бор. Сиз халқсиз, миллатсиз, буюк ҳикматлар ва заковат хазинасининг соҳибларисиз, нажот руҳингизда, руҳингиз синмаса, қул бўлмаса бас, адолат, албатта ғолиб бўлғуси, бу зулм дарвозалари ортида сизни вужудга келтирган халқ яшамоқда, ота-она, ёр ва фарзандларингиз, ватанингиз мавжуд. Ва улар сизни кутмоқда, улар сизнинг номингиз билан нафас олади, тушларида кўради. Сиз унут бўлиб кетганингиз йўқ, ичингиздаги қўрқувни енгинг, мен ҳам зулм ва сотқинликлар, залолат ва ёлғонлар, фитна ва қатллар қўрғонини ташлаб кетдим, сиз ҳам бу ваҳшат қўрғонидан албатта кетасиз, мен сизга келдим, сизлар билан биргаман…

Навоийнинг сўзлари уларнинг қалбига шу тарзда қуйилгандир эҳтимол. Дарҳақиқат, Навоий улар билан қолди, кўнгилларига умид чироғини ёқиб қолди.

Орадан кўп фурсат ўтмади. Ойбекнинг «Навоий» романи юзлаб маҳбуслар руҳига қайта ҳаёт бағишлади…

* * *

Ойбек уй-музейи директори Ойнур опа Тошмуҳаммедова «Навоий» романининг бундан 72 йил муқаддам чоп этилган нусхасини кўрсатди, уни 50 йил аввал Қишлоқ хўжалиги институтининг Абдураҳмон Раҳимов деган домласи совға қилган бўлиб, бир мактуб ҳам битган экан:

«…Бу китоб биз, каторжанлар (сургундагилар – И.С.) учун ниҳоятда мўътабар китобдир.
Китоб инсоният дунёсининг энг улуғ кишиси, генийси, буюк мутафаккир мавлоно Алишер Навоий ҳақида ёзилган; ҳозирги замондаги қалам эгалари бундан ошириб ёзолмасдилар ва коинотда шул тахлитда ёзиши мумкин эди бир улуғ инсон. У ҳам бўлса Навоийнинг ўзи. Ўзгаларни(нг) қўлидан келмайди. Буни фақат Ойбек эплади.

Қўлингиздаги муқоваси тўрт-беш маротаба янгиланган, эски, чирик китоб кўп кишиларни ўлим чангалидан олиб қолган. Шоир эмасман-да, бу билан муболаға қилиб юборганга ўхшаб қолдим. Аслида эса ҳеч қандай муболағасиз, айни бир ҳақиқатни ёзаяпман.

Ҳурматли ўқувчи! Сиз ёзувчи Александр Солженицинни(нг) «Иван Денисовичнинг бир куни» деган повестини ўқигансиз. Унда ёзувчи бир куннигина ёзган, холос. Лекин қўлингиздаги китоб шунақанги кунларнинг 3630 тасини пўлат чидам билан ўтказди. Иван Денисовични(нг) фақат биргина лагердаги куни тасвирланган. Китоб эса ундан анча ёмон лагерларни(нг) кўпида бўлди, уни бутун азоб-уқубатлари, қийноқ, оч-яланғочликлари, хўрлашлари, уни инсон (деб) эмас, қўлларидаги овчарка итларидан минг марта паст кўришлари… – ҳаммасини ўз кўзи билан кўрди. Ул ердаги ҳар бир лагер бошлиғи «Мен совет ҳукуматиман» деб истаганича, айниқса, текин ароқ ичиб олиб, хоҳлаган номаъқулчилигини қилганларини, боқувда қутуриб ётган овчаркаларни бегуноҳ, зўрға оёғини судраб кетаётган маҳбуслар устига қўйиб юбориб, ҳатто баъзан ит бормаганда, мажбур қилиб қоптиришлари, соқчилар бир-бирлари билан кимни(нг) ити кучли ўйнашиб, итни қўйиб юбориб, кўкраги билан жим кетаётган маҳбусларни орқасидан уриб йиқитишлари… Бир бурда нонга оч маҳбусларни бир неча марталаб пешонаси ерга теккунча таъзим қилдиришлари, мабодо салом бермаса, роса сўкиш, уриш, хўрлаш, қамашлари… – шуларни(нг) ҳаммасини кўрди.

«Иван Денисовичнинг бир куни» китобидан маълумким, бараклар жуда катта, унда юзлаб ҳар хил миллат кишилари ётади. Ҳамма бараклар тунда қулфлаб қўйилади. Ҳар хил одам бор. Шунинг учун ҳамма нарсани бекитиб юриш керак. Хусусан, нонни. Китоб ўқиш, уни ўзи билан олиб юриш қатъий ман этилган. Келадирган ва юбориладирган хатлар албатта текширувдан ўтади.

Ҳар бир барак кунига албатта тинтувдан ўтади. Шунда назоратчилар қўлига нима тушса, олиб ўртага ташлайдилар. Айниқса, тахта чорпояни(нг) иккинчи қаватидан улоқтирилган нарсалар чил-чил бўлиб кетади. Этап вақтларида ҳам адабиёт олиб юриш ман этилганди (тўғри, кейинги йилларда рухсат этилди). Этап вақтида жуда синчиклаб тинтилади, ҳатто нина, тўғноғичлар ҳам совуқ қурол ҳисобланади. Бинобарин, дарҳол олиниб, буюм эгаси, шубҳасиз, жазоланади. Қалам-қоғоз, матбуотлар тортиб олиниб, четга отиб юборилар эди… Бас, шул зикр этилган тинтувларни(нг) ҳаммасидан 3630 кун мобайнида сабр-матонат билан, баъзан нон бўлса, нон ичида… китоб сақланиб, баъзан қўлга тушса, ялиниб, ёлвориб, бирор яхши нарса бериб… сақлаб келинди. Оч қолдик, калтак едик, хўрландик, сўкиш эшитдик, ўнлаб Навоий мухлислари бориб, назоратчи, бошлиқларга ялиндик, «Навоий»ни қайтиб олдик.
Бизлар нонни азиз тутгувчиларданмиз. Бинобарин, ҳамма вақт нонимиз бўлди, лекин бўлмаганда оч қолдик, тиз чўкмадик, сабабсиз қийнаганларида ҳатто ялинмадик, мардонавор тик туриб, ўртоғимизни сақладик, сотмадик, мағрур бардош бердик… Лекин «Навоий» учун уялмадик.

Ҳурматли ўқувчи сабабини сўрар. Албатта, бесабаб ҳеч нарса бўлмайди…

Маълумки, маҳбусларни(нг) кўпчилиги урушдан қайтиб ёки қайтмай қамоққа олинган, ёш, ҳали ҳаёт нима эканини билмай, 18 ёшида аскарга бориб, ул ерда қуршовда ёки бошқа сабабли, масалан, оғир ярадор бўлиб… асирга тушган, ул ерда роса фашистлар қўлида эзилган, хор бўлган, сўнгра ажратиб олинган, унда ҳам ҳаёт кўрмаган йигитлар эдилар. Бундай йигитлар учун, айниқса, азоб-уқубат ичида «Навоий»ни ўқиш, зулматдан туриб қуёш нурини кўриш… Шимолнинг зулматли қаттиқ қишидан бирдан уч-тўрт соат ичида самолётда бирданига қуёш нурини аямай тўкиб турган, ҳамма ерларда гуллар очилиб, уни(нг) анбар ҳидлари ҳар ёнга сочилиб турган, булбуллар сайраб, ариқларда зилол сувлар шарқираб оқиб турган гўзал Тошкент диёрига келиб қолгандек, ғариб кўнгиллари бироз бўлса-да, шу зулматдан чеккага, она ватанга, ўсиб-унган ўлкага ва хусусан адабиётга, унинг шу қадар пок қалбли мутафаккири Навоийга интилар эди.

Бу ёш, ғариб, эзилган, хўрланган, ҳаёт ҳақидаги маълумоти жуда саёз бўлган йигитлар 25 йил ўтиришларини эсласалар… ҳамма нарсадан, шу жумладан, азиз нондан ҳам воз кечар эдилар. Худди шул вақтда улар «Навоий»дан мадад олишар, яна яшашга кўникишар, яна сабр қилишар, яна чидашар эди. Бинобарин, Ойбекни(нг) китоби шу қадар яхши ёзилганким, у инсонларни жонни, ватанни, уни(нг) одамларинигина эмас, ноёб асарлари ва Навоийдек улуғ инсонни, тилини, асарини сақлашга ундаган…

Бул зулматда ҳам асар одамга маънавий куч-қувват, сабр-матонат, чидам… берди. Туб маъноси билан қоп-қора кўзларни ўлимдан олиб қолди…».

Мактуб остида шундай ёзув бор: «Карлаг (Караганда). 45-1955 й. келган».

Бу мактубни бор ҳолича ўқувчилар эътиборига ҳавола қилдик. Тарихни таҳрир қилиб бўлмаганидек, юрак қони билан битилган ёзувларга ҳам ўзгартириш киритиш қийин.

Бир китоб қисмати тимсолида Навоий бобомиз озодлик кунларига қадар ўша шўро зулмгоҳида, тақдир саволларига жавоб тополмай, азоб ва қийноқ исканжасидаги авлодлари ёнида бирга бўлиб, яна Ойбек хонадонига қайтиб келганлар.

* * *

Ойбек-чи?.. Бутун халқни «халқ душмани»га айлантириш пайида бўлган, ўша охири кўринмайдиган қамоқхоналар атрофида оч ажал янглиғ увиллаб юрган шўро мафкурасининг изғирин шамоллари Ўзбекистонда ҳам халқим деганларнинг бошида чарх уриб юрарди. Михаил Булгаковнинг «Итюрак» романидаги Шариковнинг клонлашган ака-укачалари катта овчига миллат фахри бўлган истеъдодларни овлаб бериш билан машғул эдилар. Улар «Навоий» романигача ҳам Ойбекка кўз олайтириб юрганларини адибнинг ўзи ҳам билар эди. Саид Аҳмад 1996 йили «Шуъла» мақоласида шундай ёзади:

«Минг тўққиз юз ўттиз саккизинчи йилнинг авжи баҳор пайти эди…
Ойбек бундан саккиз ой олдин Ёзувчилар уюшмасидан ўчирилган.

Ботуни Самарқандда ҳибсга олишди. У бир неча йилдан бери қамоқда ётибди. Санжар Сиддиқни Қибрайдаги дам олиш уйидан, Қурбон Берегин билан Анқабойни ёзувчиларнинг IV пленуми президиумидан ижод аҳлининг кўзи олдида қўлларига кишан солиб олиб кетишди. Ўша пленумда Ойбек билан Ҳамид Олимжон уюшмадан ўчирилди. Шу жойнинг ўзида аъзолик ҳужжатлари тортиб олинди.

Киоскалар олдида одам кўп. Газеталар ҳар куни «халқ душманлари» тўғрисида қулоч-қулоч мақолалар босиб чиқаради.

Фитрат, Чўлпон, Кодирий, Ғози Юнус, Элбек, Усмон Носирларни фош қилувчи мақолаларнинг кети узилмайди. Улар бу хил ҳужумлардан қамалганларидан кейин ҳам қутулишмади.
Ойбек тунука бозорининг даранг-дурунгига парво қилмай, мук тушганича газета ўқияпти. Мақолалардан ўз номини ахтаради. Хайрият, бу гал номи йўқ экан».

Нега инсон комиллик сари интилиш ўрнига разолат ботқоғига қадам ташлайди; жоҳиллик ва зулмга қандай барҳам бериш мумкин; одамзодни кин, ҳасад, мутеликдан халос қиладиган йўл борми; халқни бирлаштирадиган, ғурурини кўтарадиган, унга ўз эрки, ор-номуси йўлида жасорат бахш этадиган йўл борми? Назаримда, Ойбек ушбу саволлар билан ўзи меҳр қўйган, пири комил деб билган, ижоди ҳақида кўпдан буён тадқиқотлар олиб бораётган Навоий ҳазратларининг даргоҳига бош уриб боради. Адабиётшунос олим Наим Каримов «Ойбек чўққиси» мақоласида адибнинг таржимаи ҳолидаги шу сўзларни келтиради:

«Ўз халқимнинг тақдири ҳақида ўйлаб юриб, менда янги-янги темалар туғилди. Болалигимдан асарларини севиб ўқиганим ўзбек халқининг улуғ классик шоири Алишер Навоий ҳақида асар ёзишни кўпдан бери орзу қилардим».

Озод Шарафиддинов эса «Миллатни уйғотган адиб» мақоласида Ойбекнинг мақсадини шундай изоҳлайди:

«Ойбек нафақат санъаткор сифатида, балки мутафаккир олим сифатида ҳам ўзбеклар тарихининг ички оқимларига чуқур нигоҳ ташлайди, бу тарих ҳудудий жиҳатдан ҳам, хронологик жиҳатдан ҳам ўзбеклар тарихи тарқоқдек, парчаланиб кетгандек кўринса-да, аслида бир халқнинг тарихи бўлганини кўрсатади, бу бўлакларнинг мантиқан боғлаб турадиган ришталарини топади. Албатта, буни у ошкора тарзда, яққол кўриниб турадиган шаклда қилган эмас, у шароитда бундай қилишнинг имкони ҳам йўқ эди, ўз миллатини улуғлаш, унинг ижобий сифатларини мадҳ этиш бутун дунёда ижобий ҳодиса деб қаралса-да, шўро мамлакатида бу миллатчилик деб ҳисобланар ва бу йўлга кирган ҳар қандай фикрловчи одам даҳшатли таъқиблар хавфига ва ҳатто жисмонан фаол ҳаётдан четлаштириш хавфига ҳам рўпара келар эди. Шунинг учун миллатни уйғотишга, миллий онгни ўстиришга, халқнинг ўз-ўзини танишига йўналтирилган ҳаракатлар кўп ҳолларда эзоп тилида, рамзий шаклларда олиб бориларди».

Ойбек Навоий билан дардлашади, ҳасратлашади, одам ва олам ноқислиги ҳақидаги дарду ҳасратларини тўкиб солади – 1942 йилда роман тугалланади, 1944 йилда нашрдан чиқади. Кўп ўтмай қатағон салтанатининг Ойбекка кўз олайтириб юрган эски ва янги, катта ва кичик югурдаклари адибнинг юраги бўлмиш «Навоий»га чанг соладилар. Яна Саид Аҳмаднинг «Шуъла»сига назар ташлаймиз:

«Собиқ Ўзбекистон компартиясининг биринчи котиби Ниёзов партиянинг 1952 йил феврал пленумида қилган докладининг асосий қисмида Ойбекни шу пайтгача нимаики ёзган бўлса, ҳаммасини миллатчилик руҳида ёзган, феодал тузумни қўмсаган, тарихий жараённи марксистик нуқтаи назардан таҳлил қилмаган деб айблади.

Унинг бу докладидан илҳомланган олим Абдуғани Мирзаев ўша йилнинг 7 декабрида «Коммунист Таджикистана» газетасида «Тарихий воқеаларни бузиб кўрсатишга қарши» деган катта бир мақола бостирди.

Мақолада Ойбекка шундай айблар қўйилган эди:

«Навоий ижодига марксистик нуқтаи назардан ёндашмагани жиддий идеологик хатоларга олиб келган. Бу ҳол буржуа миллатчиларининг бир вақтларда Ойбекка ўтказган таъсири шу кунларгача сақланиб келаётганидан дарак беради». Ўша давр нуқтаи назаридан қараганда бу мақола Ойбекни қамоққа олиш учун асос бўла оларди. Қодирий, Чўлпон ва Фитратлар айнан шу айб билан қамалган эдилар».

Воқеаларнинг давомини Озод Шарафиддинов шундай ҳикоя қилади:

«Мақоладан кейин ғийбат ва бўҳтон қозони жўш уриб қайнай кетди – Ойбекнинг бошига қора булутлар ёғилди, академияда, Ёзувчилар уюшмасида, яна бошқа баъзи ташкилотларда муҳокама устига муҳокамалар бўлди – кечагина лауреат, зўр истеъдод сифатида шуҳрат қанотида учиб юрган Ойбек бир зумда лойга қориб ташланди, сиёсий айбдор қилиб қўйилди. Бу эса қамоққа ва сургунга олиб борадиган йўл эди. Хуллас, Ойбек жуда оғир касалга учраб, йиқилиб қолади ва шу йиқилганича умрининг охиригача ўзига келолмайди. Унинг тили дудуқланиб, қўли қалам тутишга ярамай қолади. Бу мудҳиш воқеанинг илҳомчилари ва ташкилотчиларини Ойбекнинг рафиқаси Зарифа опа «Менинг Ойбегим» китобида батафсил ёритиб берган».

Бу дунёи дунни қаранг – Ойбек сўз билан, Навоийнинг сиймоси билан юзлаб, балки минглаб одамларнинг руҳини ва ўзини ўлимдан асраб қолган бўлса, унинг ўзини маҳв этиш учун ҳам сўзни, сўз бўлганда ҳам мунофиқона сўзни қўлладилар. Аммо бундай сўзнинг умри қисқалигига гувоҳ бўлдик.

Бугун Ойбек ҳам тирик, Навоий ҳам тирик. Улар инсон қалбининг ўлимга бормаслиги учун, покланиши учун, меҳру мурувват, адолат ва ҳақиқат тантанаси учун юракларимиз эшигини қоқиб туришибди. Юрагимизни очсак кифоя.

8e9.jpgBu dunyoi dunni qarang – Oybek so‘z bilan, Navoiyning siymosi bilan yuzlab, balki minglab odamlarning ruhini va o‘zini o‘limdan asrab qolgan bo‘lsa, uning o‘zini mahv etish uchun ham so‘zni, so‘z bo‘lganda ham munofiqona so‘zni qo‘lladilar. Ammo bunday so‘zning umri qisqaligiga guvoh bo‘ldik…

 

- - -


< Orqaga qaytish