Ҳикоя

Сукунат манзили. ҳикоя. Дилмурод Назар.


Marta o'qildi

Сукунат манзили. ҳикоя. Дилмурод Назар.

 

…Кўзимга мил тортдим, сени эсладим,
Кафтингда бахт қуши, елкангда кафтар.
Осмон марказига ботаётирсан,
Осмон марказига ботар
Кийиклар.

Абдували Қутбиддин

   Бир умр гапирдилар, ғалва кўтардилар, шовқин солдилар. Ҳар дам шовқинлари билан наинки қулоқни қоматга келтирадилар, балки дунёни ҳадикда ушламоқчи бўлгандек товуш ёрдамида уйлар деворини қимирлатадилар, дарахт­ларни силкитадилар, ҳатто бақир-чақирлари орқали шамол эстирадилар.

Туғилганимдан бери уларни эшитиб, уларга қулоқ бериб, улардан безиб, қочиб қутулмоқни уддалолмайман.

Одам умид билан тирик. Мен ҳам умид қилдим. Товушлардан, шовқинлардан холи онлар қачондир келишига синиқ ишончим орқали кўз тутдим. Айтишдики, одамсиз жойларда мақсад ҳосил бўлади. Мен тоққа қараб йўл олдим. Тоғки, инсонлардан етти минг чақирим олисда. Чўққига етгач, “Оҳ!” деб юбордим. Ниҳоят, одамларсиз ҳаётни, уларнинг шовқинидан холи гўшани ҳам илк бор яқиндан кўрадиган бўлдим.

Тоғ ям-яшил эди. Баҳор эмасми! Нигоҳим қувнади, кўнглим шу тоғдайин яшнаб кетди. Бир қават эт олдим, шовқинлардан, унинг озорларидан қақшаб кетган суякларим бўшашди. Бошимни баланд кўтардим, яйраганимни ифодаламоққа қўшиқ истаб кўнглимга боқдим. Баҳорда қотқин муз эриб жилға ҳосил бўлганидек қотиб қолган ҳиссиётим ҳам сувдайин суюлиб дил жомига қуюлиб кела бошлади. Тилим овоз жўрлигида сўзларга бағрини очди. Сўзлар хиром айлаб оҳиста юрган гўзаллардай тилим кўприги устидан бир-бир ўта бошладилар. Куйлашни бошладим, лекин… Зум ўтмай ипдайин узилдим. Мен одамлар ҳақида, шовқинларининг дастидан ютган зардобларимдан куйиниб куйламоқда эдим. Ахир, уларни унутмоқ учун, улардан буткул халос бўлмоқ умидида тоғга йўл солмаганмидим?

Ҳаммасини бошидан бошлашга қарор қилдим. Ўз овозимни ҳам буткул ўчирдим. Гўё товушимдан кечган каби энди бир умр сўзламасликка ҳам рози эдим.

Тоғнинг бошига етдим – нақ еттинчи осмон бағрида. Пастга боқдим. Бошим айланиб кетди, бироқ ўзимни сархуш сездим. Мастлардек ҳамма нарсанинг баҳридан ўтдим-да, тоғ бўйлаб аланглай бошладим. Кўм-кўк ўтлоқ, ҳар ер-ҳар ерда арчалар. Улар бутун тоғга кўрк берарди. Дилим лим қадаҳ янглиғ шодликка тўлди-да, ўтлоқ устида ёш боладай югуриб кетдим, арчалардан бирининг тагига етдим. Димоғимни арча иси тўлдирди. Завқланиб шохига қўл чўздим. Нимадир пирр этиб учди-да, чуғурлаб юборди. Нарироқдаги арча шохидан яна бир қуш худди шундай товушда жавоб қилди. Атроф-жавонибдаги арчалар орасидан бирин-кетин учиб чиққан қушлар чуғурлаша кетдилар. Зумда дунёни чуғур-чуғур босди. Бу қўрқувга қараганда кўпроқ исён, ҳайдаш ва шикоят садосига ўхшаб кетарди. Бу садо менда аллақандай мавҳум, лекин ёмон таассурот қолдирди. Гарчи булар қушлар эканлигига ақлим етса-да, гўё инсон боласи ҳайдаб солаётгандек ранжидим. Нари кетдим. Ялангроқ бир жойга етганимда шом тушиб қолган эди. Катта тошнинг ғорсимон панасига жойлашдим-да, тун ўткармак учун чўзилдим. Дилимда тоғда ҳам  кўнгил истаган сокинлик топа олмасам керак деган ўй пайдо бўлган эди. Бир маҳал уйқу босиб келди. Уйғонгунимча ҳам ҳалиги қушларнинг мендан норози бўлиб, ҳадеб у ён-бу ён учишини туш кўриб чиқдим. Қушлар чуғурлашаётгандай кўринса-да, садоси чиқмасди. “Нега бундай?” дея ҳайрон эдим. Бир маҳал англаб қолдимки, қулоғим том битган. Зўр бериб қулоқларимни очмоққа уриндим. Бир маҳал қулоғим очилиб қолди–ю, кутганимдек қушларнинг чуғурини эмас, ўрнига қаттиқ шовуллашни эшитдим. Дарров англадим: шамол. Шамол зўрайиб, қушларни улар қўнган арчалар билан бирга тоғдан улоқтириб ташлади. Кўм-кўк майсалар чанг-тўзон орасида кўринмай кетди. Мен ваҳима билан ўрнимдан туриб кетдим. Қарасам, юлдузим нақ бошимда – йилтиллаяпти. Англадимки, туннинг иккинчи ярми бошланмоқда. Ҳақиқатан, борлиқ узра шовуллаган шамол кезинади. Кўнглимда қандайдир мавҳум ваҳима уйғонди. Шамолнинг шовурида аллақандай мунгни, дардни, нолани ҳис қилгандай бўлдим. Ичимдан зил кетдим. Одамлардан узоқда, уларсиз танҳо яшаш осон эмаслиги шу топда жуда билинди.

– Йўқ, – дедим ўзимга ўзим. – Менга шовқинсиз ҳаёт керак. Модомики, шу мақсад йўлида кураш бошладимми, энди ортга қайтиш йўқ.

Зум ўтмай ўз сўзларим дардимга малҳам бўлаётганини сеза бошладим. Кўнглим тонгдан аввалроқ ёришди. Яна сўзлай бошлаганим парвойимга ҳам келмай, яхши кайфият ҳузури ичра кўзим кетиб қолибди.

Уйғонганимда кўзим билан бирга кўнглим ҳам буткул чарақларди. Тоғ бошида тонгни қарши олиш бошқача завқ беради одамга. Тоғда кун олдинроқ оқаради. Қишлоқда ёруғликнинг ўзини кўрасан, тоғда эса қуёшнинг осмон тоқида илк пайдо бўлишига ҳам гувоҳ бўларкансан.

Арчанинг қуриб қолган шохидан кесиб ўзимга йўл ҳасса ясадим. Сўнг йўл юрдим, бироқ мўл юриш насиб этмади. Гулхандан қолмиш кулга дуч келганимда одамлардан узоқлашиб кетолмаганимни, бунинг иложи йўқлигини англаб қолдим. “Улар нима мақсадда келган?” деган саволга жавоб топиб улгурмасимдан, бироз юргач жавобни топгандай бўлдим: шундоқ йўлим устида каклик пати сочилиб ётарди. Мен шу патлар инсон қўли билан юлинганини тасаввур қилдим. Эҳ, одамлар! Шу тоғ ҳам, бундаги дов-дарахт, ўт-ўлан, ҳатто бор жонзотлар-да Сизнинг шовқинингиздан зир титрадими? Худди мен каби…

Тушга яқин дам олиб, хаёл суриб ўтирарканман, яқинимга бир нечта каклик келиб қўнди, сўнг у ёқ-бу ёқ юра бошлади. Бўйнимни чўзиб харсанг тош бўйлаб улар томон назар ташладим. Мени сезиши ҳамон какликлар йиртқичдан қочгандай париллаганча учиб кетди.  Мулзам ҳолда ўтирган еримда узоқ қолиб кетдим.

– Тушунишинг керак, – дедим ўзимга ўзим. – Ахир, уларнинг қанча-қанчаси одамлар томонидан қурбон қилинди. Сени ҳам ваҳшийлардан бири дея гумон қилишгани эса уларнинг айби эмас…

Мен одамларнинг какликларни отиб қулатгандаги қийқириқларини, омон қолган бечора қушларнинг дилини босган ваҳмни тасаввур қилиб, бу ҳол гўё кўз ўнгимда содир бўлаётгандек сесканиб кетдим. Шом тушди. Ўрнимдан туриб йўл юришда давом этдим. Ўзимга бир кечалик бошпана топишим лозим эди. Шу ниятда – ғорми, панароқ бўшлиқми топиш илинжида қоялар орасида кезинардим. Бир маҳал ўнгурсимон жой топгандай бўлиб ўша ёққа тирмашдим. Бирдан олдимдан нимадир, қандайдир ҳайвон, отилиб чиқди. Беихтиёр ортимга тисландим. Оёғим тойиб кетди. Ёнимда ўсган бутага осилиб қолганим пастга сирғаниб тушиб кетишдан асради. Қаттиқ қўрққан бўлсам ҳам, дарров илғадим – кийик. Мен кийикдан қанчалар қўрққан бўлсам, кийик ҳам мендан шунчалар, балки бундан ҳам зиёда чўчиганди. Мен буни унинг катта қора кўзларида ялт этган шуъладан, бир ёнга жон ҳолатда сакраганидан билдим. Бечора! Шунчалар қўрқдингми? Мен келгунча ким сенга шу қўрқувдан сабоқ берган экан? Албатта, одамлар. Улар сени отмоқчи бўлиб қийқиришган. Ана… Шу қийқириқ, шовқин юрагингда бир умрга ботирлик чироғини сўндирган ва у ерда ҳадик зулматини қуюқлаштирган. Энди сен умринг охиригача қўрқиб яшайсан, бу азоб сени бир лаҳза бўлсин, тинч қўймайди. Тўхта, нега сен бир ўзинг, ёлғизсан? Ахир, кийиклар жуфт-жуфт бўлиб ҳаёт кечирмайдими? Ҳа, ҳаммаси маълум: улар сени жуфтингдан айириб, умрбод тоқ қолдиришган. Йўқса, кўзларингда бунчалар ҳадик акс этарми эди? Қорачиқларинг шунчалар қорайиб кўринармиди?..

Кийик маконида қолгани кўнглим бўлмади. Бошим оққан тарафга равона бўлдим. Тун ҳам чопони барини йиғиштириб тоғ устига буткул чўкди. Ерга узала тушиб ётдим. Уйқум келмас, кўзларимни осмондаги ғуж-ғуж юлдузларга тикдим. Назаримда, сомон йўли бўйлаб нималардир ғимир-ғимир этаётгандек эди. Нима экан? Бутун диққатим кўзларимга йиғилди. Кўз нуримнинг борини тўксам ҳам, у ерда бўлаётганларни илғагани қудратим етмади. Шунда кўзларим билан сомон йўли ўртасидаги масофани қирқиб ташладим. Энди бўлаётган ҳодисотни яқиндан кўриш имконига эга эдим. Сап-сариқ ер ястаниб кетган. Саҳро. Қумлик. Қумлик аро карвон тебранади, юради. Туялар устида одамлар. Ҳар хил қиёфа, ҳар турли кийим. Бироқ бир хил кайфият. Барчанинг чеҳрасида хушчақчақлик, хуррамлик ҳукмрон.

Афтидан, бугун карвон ҳаётида қандайдир муҳим янгилик бўлган. Балки, муждалар олингандир. Кимдир қўшиқ бошлаб юборди. Бир дам ҳамма жимиди. Қўшиқ мунги саҳрони босиб кетди. Қўшиқ тугаши билан гулдурос қарсаклар ҳозиргина мунг селида ивиган саҳрони зир титратиб юборди. Карвон давра қуриб базм қилмоқ учун тўхтади. Чодирлар тикилди. Беш-олти киши ўртага гулхан ёқиб жиз-бизни бошлади. Зумда сихга тортилган гўшт ҳиди барчани гулхан ёнига бошлаб келди. Одамларнинг кўзларида томоқ васвасаси ўйнар, ҳаракатларида иштаҳа бергучи завққа етиш орзу­си зуҳурлана бошлади. Ниҳоят, дастурхон тузалиб, таомлар тортилди. Патнис ва баркашларга терилган сихлар ўртага келтириб қўйилди. Ҳамма дастурхон атрофидан ўрин олди. Одамлар иштаҳа билан овқатланишга тушиб кетишди. Ниҳоят, иштаҳа ҳарорати бироз пасайиб, нафс дами кесилгач, одамлар ўзаро суҳбатлашдилар. Ғувур-ғувур орасидан “кийик” деган сўз қулоғимга чалинди. Не кўз билан кўрайки, одамлар луқмасига айланган нарса кийик гўшти эди. Баркашлар устида, одамлар чангалида, ҳатто оғизларда кийик асл ҳолига қайта бошлади. Кийикнинг кесилган бошидаги мунгли кўзлари баркаш устидан менга қарар, гўё “Бу очофатлардан мени қутқар” дегандай нуқул жавдирар эди. Мен ҳам ҳайрон ҳолда унга боқардим. Шунда бир эркак қўлидаги санчқини кийикнинг бир кўзига санчди-да, уни косасидан суғуриб олди. Сўнг оғзига солиб чайнай бошлади. Бечора кўз то оғиз ичига кириб ғойиб бўлгунича менга жавдираб боқишини қўймади. Ҳатто эркакнинг оғзи чайнаш асноси ҳар очилганда тишлар орасидан ҳамон жавдираб қоларди.

Ниҳоят, эркак кўзни ютди ва у абадий йўқлик чоҳига ботиб кетди. Мен “Иккинчи кўз нима қиляптийкин?” дегандек баркашга қарадим. Иккинчи  кўз қонталаш ҳолатда менга боқарди. Жуфтликдан тоқликка маҳкумланган кўзнинг мунги дилимга дарров юқди. Унга қарарканман, бағрим хун бўлиб кетди, юрагим эзилди, кўзларимдан ёшим сел бўлиб қуйила бошлади. Ҳалиги эркак дастурхонда ётган санч­қисини қайта қўлига олди-да, баркаш устига энгашиб келди. Қўлидаги санчқи кийикнинг омон қолган иккинчи кўзига қаратилган эди. Буни мен эркакнинг нигоҳидан илғаб олдим. Унинг нигоҳи ки­­йикнинг омон қолган қонталаш кўзига қадалар экан, қорачиқлари қонга тўлган эди. Гўё ваҳшату ғазабдан қутурган бўри қўрқувдан умиди синган қўзичоққа ҳамла қилмоқда эди. Мен беихтиёр:

– Йў-ўқ! – деб бақирдим.

Шунда вақт тўхтади. Эркакнинг санчқи ушлаган қўли ҳавода муаллақ қотди. Қонталаш тоқ кўз менга мунгли боққан кўйи ўз орзуларидан афсона сўйлади. Нигоҳим кўз сари учиб борди-да, унга ботиб кетди. Кўз ойнасида кийикнинг олдинги ҳаёти тасвири жонланди. Икки кийик тошдан тошга сакраганча шамолдан тез чопар, ортидан шодон қувган ел уларга етолмай шовуллар, кийиклар эса бундан руҳ олиб қуёшга интилгандай осмонга уча-уча югурар эди. Туёқларни қанчадан-қанча қўнғир тошлар ўпар, яшил майсалар силаб қолар эди. Кийикларнинг йўллари эса сира адо бўлмас, улар қандайин манзил сари интилганлари интилган эди. Югурар экан, ул сирли манзилда уларни бахту ҳаловатлари кутаётганига шубҳа йўқ эди. Негаки, жониворлар бетиним интилаётган тараф осмонида қуёшдан ҳам ёрқин оппоқ нур жилваланарди. Менинг нигоҳим-да шамол етовида кийиклар ортидан олдинга қараб елиб борар, олдинда уфқ ястаниб ётар, у кийиклар етиб бориши ҳамоно ортга сурилиб, йўл бўйлаб ўзининг янги этагини ёярди… Бир пайт кийикларни қандайдир кўланка босиб кела бошлади. Осмонга боқдим. Қора бургут. Панжалари кийикларнинг гарданини кўзлаган. Кўзлари ваҳший боқади. Бургутнинг ваҳшатидан сукунатнинг бағри сўкилди. Мен даҳшат ичра ҳозир бургут пастлайди-да, кийиклардан бирига чанг солади дея ўйладим. Бироқ бургут осмон бўйлаб ёйилиб кетди. Самони қора булут қоплай бошлади. Булут тобора қуюқлашиб бориб, аввал қуёш нурини назардан буткул ниҳон этди-да, кейин кийикларни ютмоқчидек улар устига узалди. Кийиклар қўрқувдан юрак­лари бўғизларига тиқилган кўйи жон ваҳмида ҳамон югурар эди. Тун киргандай борлиқ қорайиб кетди. Орқа-олдларини қора туман бутунлай қоплаб олган кийиклар ёруғлик балқиб турган тарафга етиб қутулар дегандим, бироқ улар жон ҳолатда интилиб бораётган томондан ҳам энди зулмат бош кўтармоқда эди. Бошқа тоқат қилиб туролмадим. Дод солиб юбордим. Кийиклар хаёлоти ойнасидаги тасвир буткул қорайиб кетди. Ойна ўрнида оддий қонталаш тоқ кўз қолди. Кўз ўлим ваҳмида менга жавдиради. Ҳавода муаллақ қотган санчқили қўл қайта жон олиб, кўз томон яқинлашиб кела бошлади. Бехос қоқиб юборган кипригим тегиб кетдими, юлдузлар ҳар ён сочилиб сомон йўли бузилди, нигоҳим остида бир зум замину осмон, юлдузу сайёра айқаш-уйқаш бўлиб кетди… Устимдан булутлар сузиб ўтар, булутлар оқими шу қадар тез эдики, мен гўё тоғ устида ётмас, балки уфқни кўзлаб кийиклардай чопар эдим.

Бошимни кўтардим. Бошим зилдай оғир эди. Тонг ёришмаганига қарамай атроф кўринарли эди. Кўнглим бошимдан ҳам вазмин эди. Гарчи тиқ этган товуш бўлмаса-да, ичим ғалаёну шовқинга тўла эди. Бундай ички шовқин билан энди сира ёта олмаслигим аён эди… Яқинда шоҳид бўлганим воқеалар таассуроти хаёлимдан кетмаган, миям ғувиллар эди. Қора туман ичра ғарқ бўлган кийикларни эслаб дилим тилина, жоним ачиша бошлади. Шунда ёнимдан кимдир сассиз ўтиб кетгандай бўлиб сапчиб тушдим. Қарасам, кечаги кийик. У яқиндаги қояга чиқди-да, менга қайрилиб қаради. Қоронғи бўлишига қарамай, тундай қаро кўзларидаги нурни илғадим, ажабо, кўнглимга қандайдир илиқлик оқиб киргандай бўлди. Кийикка меҳрим жўш уриб кетди. Хаёлан унга мурожаат қила бошладим. У эса менга қотиб боқиб турар, қимир этмасди. Ниҳоят, айтар сўзимни айтиб бўлдим, оққан ёшимни артдим-да, тағин унга разм солдим. Кўзимга ғариб кўриниб кетди. Уни ёридан айирганлари эсимга тушди. Ёрини саҳродаги одамларнинг еганлари хаёлимга урилди. Менга жавдираб боққан кўзлар… Кийикнинг кўзларига қарадим. Кийик эса гўё кўзларини мендан яширмоқчидек терс ўгирилди. Сўнг ўзимни ўнглаб олмасимдан ғойиб бўлди. Дилимни зилдай армон босиб келди. Кийик олдида ўзимни қандайдир гуноҳкор сеза бошладим. Сўзламаган бўлсам-да, қора хаёлларим ундан пинҳон қолмади. У мендан сукут истаб қошимга келган эди, мен бўлсам… Аламдан бошимни харсанг тошга қайта-қайта ургим келди…

Бутун кун давомида бошим оққан тарафга қараб юрдим. Йўлимда хаёлимни бўладиган ҳеч зоғ учрамаган эса-да, мен сукунатни ҳамон тополмасдим. Аксинча, кейинги кунларда рўй берган воқеалар мени сукунат манзилидан чалғитгандек ёки сукунат диёридан олисга олиб кетгандек эди. Мен ўз хаёлларимдан, қўрқувларимдан қутулолмасдим, қочган билан халос бўлиш йўқ эди. Орзую армонларим руҳимга кишан эди. Васвасаларим – ички дунёмни чексиз шовқинга тўлдириб ташлаганди. Мен афсусу надомат юкидан эзилганча, гоҳо-гоҳо унсиз ёшлар тўкиб тоғма-тоғ сарсон кезинмоқда эдим.

Бир кечаси тоғда қаттиқ шамол эса бошлади. Нажот истаб кундузи топиб қўйганим бир ғорга кирдим. Ниманингдир чирқиллаганини сезиб, разм солсам, ғорнинг бурчида уя турибди. Уянинг ичида қайсидир қушнинг полапонлари бор эди. Уларнинг сукутини бузиб қўйганимни билиб, шамол шовқин солиб турган эса-да, ташқарига чиқдим. Қулоқларим битай деб турганига қарамай, қилган ишим туфайли бироз ҳаловат топдим. Шунда сукунат ҳақидаги қарашларим мукаммал бўлмаганини англаб қолдим. Ухларканман, қоқ тунда устимда қимирлаган нарсадан уйғониб кетдим. Кўзимни очмасимдан:

– Йўқ, – деди қандайдир овоз, – қарамоқчи бўлсанг, фақат кўзсиз қара.

Мен кўзимни юмганча қарай бошладим. Қандайдир нурдан бино бўлган қиз рўпарамда турарди. Нуридан дилим юмшаб, бутун чарчоқларим тарқаб борарди. Ўзим ётган бўлсам ҳам, гўё узоқ юриб ҳолдан тойган-у, юмшоқ ёстиққа чўзилгандек танам бор юкини ерга энди ташлай бошлади. Ажиб бир ҳаловат етди вужудимга. Қиз ортига бурилди-да, нари кетди. Қарасам, тоғ бошидан пастлаш ўрнига тўғрига – ҳавога қадам қўйди, сўнг юришда давом этди. У уфққа қараб юриб борар, орқасидан узун нурли йўл ҳосил бўлаётганди. Қиз юра-юра охири осмон бағрига сингиб кетди. Мен кўзимни очдим. Тонг оқариб келмоқда эди. Қиз юриб кетган тарафга боқдим. Демак, манзилим ниҳоят аён бўлди: у сингиган жой – сукунат юрти. Қиз каминани манзилдан воқиф этгали ва ўша ёққа чорлаш учун келган.

Ғордан иккита каклик учиб чиқди-да, атрофимда доира ясаб айлана бошлади. Қўлимни узатгандим, кафтимга келиб қўнди. Уларнинг ҳар бирини меҳр билан ўпдим-да, ҳавога қўйиб юбордим. Улар ғорга кириб кетиб, ҳали анча кичик, бешта боласи билан қайтиб чиқди. Қушлар атрофимда гир-гир айланишга тушди. Мен каклик­ларнинг сукутида, ҳаракатида улуғ маъно ўқир эдим. Ниҳоят, манзилимга етмоғим учун фурсат келганига ишорат ҳам эди  бу. Ўрнимдан турдим. Каклик­лар нур қизи юрган йўл устидан олға интилди. Мен сўз қотмай уларга эргашдим. Тоғ тугайдиган жойга борганда улар яна ҳавода айлана бошлади. Афтидан, қандай йўл тутишим улар учун муҳим эди. Мен қоя лабига етиб, пастга боқдим. Ғира-шира тонгда замин кўзга ноаниқ кўринарди. Шунга қарамай ўзимни нақ фалакда тургандай ҳис этдим. Кўнглимда Сўз бош кўтариб келди.

– Қадам қўёлмайсан, – деди у, – акс ҳолда ўласан.

Мен тоғдан қулаб чил-чил синишимни тасаввур этдим. Устимда ноумид қолган каклик­ларимнинг гир-гир айланганча ёш тўкиши дилимни ларзага солди.

– Йўқ, – дедим мен Сўзга, – мен какликларимни ташлаб қўёлмайман.

– Шунинг учун ортингга қайт, – деди яна Сўз. – Сен сукунатга етолмайсан. Чунки сен мен билан тириксан.

– Тўғри, лекин сенда ҳам сукунат бор-ку?

– Оҳ, қандай қилиб билдинг? – ҳаяжон жизиллатиб ташлади Сўз бағрини. – Наҳотки одам боласи менинг сиримни англаб етди?

– Мен сенингсиз шовқинни ҳам биламан…

Шундан кейин Сўз оловга айланиб ёна бошлади.

– Мен сеникидурман, – деди у куя-куя. – Энди мени сукунат юртига олиб кет, ўтинаман…

Какликларим ҳали ҳам сабр билан муаллақ қанот қоққанча менинг қароримни кутмоқда эди. Мен кўзларимни юмдим. Қиз юриб кетган йўлни чамаладим. Сўнг у сингиб кетган манзилни кўзладим-да, қадам олдим…

Биз юриб кетмоқда эдик. Ортимиздан майин шамол эса бошлади. Шамол дилимга завқ берди-да, чопа кетдим. Қушларим энди анча илдам учар, биз тобора илгарилаб бормоқда эдик. Назаримда, шамол биздан ҳам ўтиб кетгиси келди, бор кучи билан эсди. Ич-ичимдан тошиб келган ҳаяжон таъсир қилибми, бутун қувватим билан чопдим. Бироқ манзил олис эди… Олис манзилга борган сари яқинлашиб борардик, аммо… Мен чарчадим. Чопишга ҳолим қолмади. Ичимдан заифликдан туғилган ҳадик бош кўтариб келди. Гўё “Кўрдингми, топа олармикинсан сукунатни?” деб тургандай бўлди. Титраб кетдим, ўчаётган гулхандай дамим кесилди. Дилимни юриб турган йўлим еттинчи осмондан қулаб кетиш хавфи босиб келди. Қушлар эса атрофимда доира ясаб гир-гир айланар, бу билан мени ўз-ўзимга ишонишга, кўнглимдаги ғалаён оловини ўчириб, сукунатни қайта қарор топтиришга ундар эди. Уларнинг бу истаги менга юқиши билан билқиллаган ботқоққа ботаётган буюмнинг сўнгги силкиниши каби чайқалаётган танамни қайта тасарруф эта олдим, кўнглимдаги оловга хаёл қўли билан сув сепдим, бошимдан қарийб учиб кетган орзу қушига ирода кафтларида дон тутдим. Кўзларимни юмдим. Борлиғимда фақат бир сўз қолди – сукунат…

Биз парвоз этардик. Мен на қанот қоқар, на оёғимни қимирлатар, танҳо сукунат оғушида борар эдим. Кўнглим ҳаловати кўзларимни қайта очишимга кафил бўлди. Қарасам, биз нур мамлакати сари елдек учиб бормоқдамиз. Негадир кийикларим олдидан босиб келган зулматни эсладим, бироқ кўз ўнгимда оппоқ диёр бўй кўргузмоқда эди. Ортимизда эса кийикларимни қувган қаро туман ўрнига оқ кўнгилли шамол елар эди… Теграмда етти каклигим, остимда ўша мен билан сукунат тилида сўзлашган маҳбубим – кийигим… Кўзимга ёш қалқди. Дил чашмасининг қаноат сувидан оқиб келаётган ушбу ашклар сукунат рангида жилваланар эди.

Биз тобора яқинлашаб бораётган сукунат диёри минг йиллик йўл ниҳоясида оламнинг давоми бўйлаб ястаниб кетган эди.

 

Дилмурод НАЗАР

 

1984 йили туғилган.

Фарғона давлат университетининг

ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.

Ҳикоялари матбуотда эълон қилинган.

- - -


< Orqaga qaytish