Адабий тадқиқот


Marta o'qildi

"Бир қўшиқ бўламан дарёдай". 12 сентябрь.(1950 - 1996 ) Улуғ ўзбек шоири Шавкат Раҳмон туғилган кун.

Истеъдодли шоир Шавкат Раҳмон таниқли испан шоири Лорканинг гўзал шеърларини рус ва испан тилларидан таржима қилиб, ўзбек ўқувчисининг маънавий дунёсини бойитишга ўз ҳиссасини қўшган.

 

ОРЗУ ТАСБЕҲИ

Ажойиб кунларнинг бирида07
уйғониб кетаман уйқудан,
юракнинг энг чуқур ерида
оғриққа айланган туйғудан.

Бир қўшиқ бўламан дарёдай
юракнинг энг чуқур ерида,
боқаман дунёга дунёдай
ажойиб кунларнинг бирида…

ЭСДАЛИК

Унуттаним йўқдир ҳали
ўрикзорни, асов сойни,
сой бўйида кўздан холи
бақатерак ўсган жойни.

Унутганим йўқдир ҳали
ўйинқароқ зилол сувни,
тол тагида шом маҳали
ғира-шира икки қувни.

Ёдимдадир ўшал дамлар,
кулгуларинг эди сўлим,
ҳали йироқ эди ғамлар,
дунёда йўқ эди ўлим.

Қовжирадим ёз гулидай
соғинганча ўшал жойни,
холи кеча, етим ҳулво,
ярқираган улкан ойни…

ЎШКЕНТ ЛАҲЗАСИ

Оқ чўққилар,
шавақи сойлар
яшилликка кўмилган моҳтоб.
Мовий осмон ёйилмасида
сузар улкан олмадай офтоб.
Хаёлимнинг тиришларига
гуллар оқиб келар қаёқдан —
рўмолларнинг тирқишларидан
йилт эткизиб қарар аёллар.
Бир дақиқа ўйга ботибман,
жодуланиб шивирлар лабим.
Бир қарасам тошдай қотибман,
оёқларим илдизлар каби..

ЭНГ ОХИРГИ ШЕЪРЛАРИДАН

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг,
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон
танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
пешонамнинг шўридан
бино бўлган бу дарё…
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
боринг, қорли тоғларга:
бир шоир ётибди денг,
Худонинг ҳовлисида…
Осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди…

Манба: BBC Ўзбек хизмати.

Истеъдодли шоир Шавкат Раҳмон 1950 йилнинг 12 сентябрида Ўш вилоятининг Қорасув туманига қарашли Помир маҳалласида хизматчи оиласида туғилган.
1966 йилда ўрта мактабни тугатгач, қурилишларда, вилоят босмахонаси ва газетасида ишлайди.

1973 йилда Москвадаги М. Горкий номидаги Адабиёт институтини битиргач, Тошкентга кўчиб келиб, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул ходим бўлиб ишлайди. У шоир сифатида ўзининг такрорланмас овози билан тенгдошларидан ажралиб турарди.

У узоқ давом этган оғир хасталикдан кейин 1996 йил кузида оламдан ўтди. Шоирнинг дастлабки шеърлари Ўш вилоят газеталарида босилади.

Фаолияти

Биринчи шеърий тўплами «Рангли лаҳзалар» (1978). Шоирнинг «Юрак қирралари» (1981), «Очиқ кунлар» (1983), «Гуллаётган тош» (1984), «Уйғоқ тоғлар» (1986), «Ҳулво» (1988) каби бир қатор шеърий тўпламлари босилиб чиқади.
Шоирнинг ўз қўли билан тайёрлаган, аммо вафотидан кейин нашр этилган «Сайланма» тўплами (1997)ни кўздан кечирсангиз, бутун ижоди давомида яратилган сара асарлари қаторида хасталик дамларида битилган шеърларга ҳам дуч келасиз.

Шавкат Раҳмон таржимон сифатида таниқли испан шоири Лорканинг гўзал шеърларини рус ва испан тилларидан таржима қилиб, икки марта нашр эттиради (1979-1989) ва ўзбек ўқувчисининг маънавий дунёсини бойитишга ҳиссасини қўшган.

- - -


< Orqaga qaytish