Маданият, санъат

27 сентябрь. Миллатнинг буюк шоири Рауф Парфи туғилган кун. Ўлмас ва унутилмас шоир. Иброҳим Ҳаққул


Marta o'qildi

27 сентябрь. Миллатнинг буюк шоири Рауф Парфи туғилган кун. Ўлмас ва унутилмас шоир. Иброҳим Ҳаққул

 

Ғамлар чўкди менинг қалбимга,
Ғамлар менинг дўсту ёримдир.
Рауф Парфи

I

Мана, бир неча кундан кейин ўзбек халқининг буюк фарзанди ва бетакрор шоири, моҳир таржимон Рауф Парфи таваллудига етмиш беш йил тўлади. Кўп асрлик адабиётимизни Рауф Парфи шахсияти ва шеъриятисиз умуман тасаввур этиш мумкин эмас. Рауф Парфидай шоир-санъаткорларнинг дунёга келишини адабиёт асрлар мобайнида орзу қилади ва кутади, десам хато қилмасман. Бир ориф адиб дарвешлик – оловдан кўйлак кийиш, дейди. Агар таъбир жоиз бўлса, Рауф Парфи эгнидаги “олов кўйлак”ни ечмай шеър ёзиб ўтган шоиримиздир. Шунинг учун унинг руҳий дунёси ва ҳолатлари каби шеърларини англаш ҳам осонмас. У шеъриятнинг холис, шахсий ҳаётни унутар даражадаги содиқ муҳиби эди.

Рауф ака ниҳоятда хоксор, тамадан йироқ, камсуқум инсонлиги боис унинг на эллик, на олтмиш йиллиги ҳеч жойда расман нишонланган эмас. Ҳолбуки, шеърият орқали юртга, миллатга беғараз хизмат қилиб, бадиий ижодда мактаб яратган шоирни эъзозлаш лозим бўлса, бунга энг муносиби Рауф Парфи эди. Яқин ёру дўст, шогирду мухлислар қуршовида туғилган кунни нишонлашни у хуш кўрарди. “Неча ёшга кирдингиз?” деб сўралса, кўпинча “Йигирма бешда тўхтаб қолганман”, дерди. Кўзидаги мунг, ҳасрат, соч оқлиги эса хаёлни бошқа санага бошлаб кетарди. Рауф Парфининг шоирлиги четга сурилса, табиатидаги айрим хусусият ва одатларни қабул қилиш қийин бўларди. Шоирлиги, шоир бўлганда ҳам унинг беназир истеъдод соҳиби эканлиги тўғри қабул қилинса, “Бу Рауф Парфи-да!” дейиш билан ҳаммаси ҳал бўларди. Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам, ўзаро муомала-муносабатда ҳам Рауф ака турғунлик ва якрангликни ҳеч ёқтирмасди. Ботиний муҳофаза «усул»ини қўллай олгани туфайли ҳам у бир шеърида “Бекинаман ҳар хил сўзлардан, Сўзлар турган-битгани оғу”, деган Эркинлик ва самимият, ҳақиқат ва эътиқод, миллийлик ва руҳониятдан маҳрум ёки йироқ сўзлар Рауф Парфи учун оғули, мажруҳ, тутуриқсиз калима саналарди. Сўзни ҳис қилиш, сўзни фикрга, фикрни оҳангга алоқалантириш, ранг, мажоз ва тимсолларни ўзаро мувофиқлаштиришда у моҳир эди.

Рауф Парфининг шеъриятимиздаги тажрибаси, энг аввало, шеър ва шоирликка хиёнат қилмаслик, нафс ва манфаат ҳирси билан шеърни бозорга олиб чиқмаслик, мавқе, мартаба, обрў, унвон ва мукофот пойгаларида қатнашмасликдир. Айни шу жиҳатдан унинг панжасига панжа урадиган истеъдод бизда йўқ ҳисоби.

Менинг ижодкор тенгдошларимни Рауф ака “эллигинчи йиллар болалари”, дерди. Авлод масаласи ўртага тушганда, албатта, мен фахрланиброқ сўзлардим. Нима бўлди-ю, бир кун гапимиз чиқишмай баҳслашиб қолдик. Шунда унинг: “Бек, эсдан чиқарманг. Эллигинчи йиллар болалари, яъни, сизлар жуда интилувчан ва эришувчандир. Кўрасиз, энг ишонганларингиз ҳам мансаб ва мартабага жуда осон сотилади”, деган сўзлари сира ёдимдан чиқмайди. Фано ҳоли сир-асрорини сал англаганим учун бу айбловга қарши ҳеч нима демадим. Орадан узоқ вақт ўтмай, тўла бўлмаса ҳамки, Рауф аканинг гапи тасдиқланди. Журъат ва уюшқоқлик билан эришилган адабий ҳурлик ҳамда собитлик, истак ва умидлардаги покланиш ўтган асрнинг охирига ҳам етмай қўшқўллаб топширилди. Мустақиллик, Ватан, халқ, барқарорлик, тинчлик, порлоқ келажак мавзусидаги асарлар туб моҳиятда битта шахсни шарафлаш ва улуғлашга йўналтирилди. Энди Рауф Парфи ва унга ўхшаш шоирларга эҳтиёж қолмаганди. Оддий тирикчилик ва амаллаб кун кечириш маъносида ҳам шоир хору зорликка чидаши лозим эди. “Мен ёлғизман, овозим ёлғиз” деган сатри гўё қисматига ишора эди. У ҳам ёлғизлантирилган, ҳам ёлғизланганди. Унинг шодлик, хурсандлик қадаҳлари бўшаб, қайғу ва ҳасрат пиёлалари лиммо-лим тўлганди. Бизнинг авлод аҳволига келсак, моддий, иқтисодий, амалий томондан қандайдир бир омад, зоҳирий бир бтуқларга эришилди. Лекин миллат ва адабиёт манфаати, эътиқод ва эркин шахс тақдири, нуқтаи назаридан қаралса, улар омад ёки муваффақият дейишга асло арзимайди.

II

Ўлимидан сал аввалроқ Рауф Парфи ётиб қолибди, деб эшитдим. Орадан бир ё икки кун ўтдими, йўқми, ўз таъбири билан айтганда “тобуткаш дўсти”, ҳофиз ва шоир Дадахон Ҳасан телефон қилиб, “Рауфнинг мазаси йўқ эмиш, кўришга бормаймизми?” деди. “Борамиз, менга ҳам хабар етди…” дедим. Хуллас, баҳорнинг илк кунларидан бирида кўришув соатини белгилаб, шомдан кейин шоирни сўроқлаб бордик. Қандайдир умумий бир ётоқхонада турар экан. Яшаётган хонасини топиб ичкарига кирдик. Ранги, озиши, ҳолатидан касаллангани шундоқ кўриниб турса-да, кўзлари олдингидан ҳам чарақлаб-ёниб кўринарди. Бизнинг ташрифдан у қувонди. Авваллари ё уникида, ё Дадахон ака, ё бизникида тез-тез учрашиб, тонг отар учовлон суҳбатлашардик. Беихтиёр ўша гурунгларни хотирладим. Хасталик ва қашшоқликдан азоб чекаётган бу шоир мустақиллик ва истиқлолни қанчалик куйиб-ёниб орзу қилганди?! Ҳурриятга қарши бўлган ашаддий советпарастлар уни миллатчи ва пантуркист деб айблашмоқчи бўлишганди. Бир думалаб улар мустақиллик пешвоси ва муҳофизига айланиб, Рауф Парфи ва маслакдошларини четга суриб, ҳеч нима бўлмаган ва ҳеч нима кўрмагандай “янги қўшиқ”ларини куйлаб, коммунистик мафкура йўл-йўриқ ва имтиёзларидан тўла-тўкис фойдаланишди. Шундай бўлишини ўйлаганмикан бу жафокаш шоир? Йўқ, ўйламаган. Шунга қарамасдан, унда кўп такрорлайдиган Эрк ва Озодликка нисбатан иштибоҳ йўқ эди. Руҳи эса аввалгидай бардам, бақувват ва равшан… Гурунг қизиб, вақт қандай ўтганини сезмай ҳам қолибмиз. Гап орасида Дадахон ака “Тирикчилик қалай?” деб сўраганда, у “Чидаса бўлади. “Овчилик” ва саҳҳофлик қилиб, бир амаллаб юрибмиз”, дея бири-биридан муқоваси чиройли бир тахлам блокнотни кўрсатиб, “Студентлар сотиб келишади”, — деди. “Бизга ҳам сот”, дея блокнотларни Дадахон ака танлай бошлади. Билдимки, харид баҳонасида у дўстига уч-тўрт сўм пул бермоқчи. Хуллас, ҳазил-ҳузул билан улардан иккитасини олдик. “Буларга энди эсдалик бирор нима ёзиб бер”, — деди ҳофиз. “Бўлмасам-чи” деб, шоир ручкани қўлга олиб, устига тоғ сурати туширилган блокнотнинг илк саҳифасига шундай сўзларни ёзди: “Дўстим Иброҳим Ҳаққулга чин юракдан. Бу ерда, балки энг гўзал шеърлар ёзилиши керак эди, аммо улгурмадим. Чунки мен жуда ожиз эдим. Бироқ ўзимнинг бир турк ўғлони эканлигимни унутмаслигим керакдир.

Бизнинг билимларимиз ғоят ғариб, лекин умидларимиз хўрланган дунёнинг ҳали ўчмаган шамъи порлаб ёнажагига инонтиради.

Ўлимдан бошқа ҳамма нарса – пучдир.
Рауф Парфи Ўзтурк”.

Биз билан хайрлашганда мана шундай ҳолатда эди Рауф Парфи. Қанчалик яширмасин ўзини у ёлғиз, жамиятга кераксиз ҳис этар, ҳеч кимсадан марҳамат кутмайдиган бир аҳволга етиб борганди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора, дунё билан видолашаётган шоирнинг алам ва ҳасрати ичга чўкканди. Ёзувчилар уюшмаси учун Рауф Парфи аллақачон унутилиб, унга қайғуриш қарийб хиёнат ҳисобланарди. Чунки уюшма раиси уни ёмон кўрар, вафот этгач эса фотиҳага ҳам арзитмаганди. Қисқа бир тарихда нималарни кўриб, нималарга гувоҳ бўлмадик дейсиз?!

Мамлакатимизда 2016 йилдан кейинги ижтимоий, сиёсий ва маънавий-ахлоқий эврилишларга етиб, Президентнинг ижод аҳлига ғамхўрлигига агар қалбан ишонч ҳосил қилганда эди, менинг фикримча, Рауф ака нажотни ўлимда кўриб, охиратни ихтиёр этмасди. Тўғри, Рауф Парфи, Шукур Холмирзаев, Тилак Жўраларнинг вафотини биров тезлаштирганмас. Аммо “Истеъдод – халқ мулки”, “Адабиётга эътибор – келажакка эътибор” каби эътирофлар ижросини амалда исботлаб, таланти ва адабиётдаги хизматига яраша уларга меҳр, мурувват ва шафқат кўрсатишганда ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Ижтимоий, сиёсий турмушдаги сингари илм-фан, адабиёт, маънавиятдаги кўп ғирромлик ва нокасликлар ҳали очилади. Демак, таъна-ю маломатдан қочиб қутилолмаймиз. Бу ҳам тараққиёт талаби…

Оташнафас рус шоири Лермонтов замондошлари аҳвол-руҳиясини характерлаб, “Хатарлар олдида манфур қуллармиз”, деган. Ўтган асрнинг аввалидан бошлаб зулм, қўрқув, хавф-хатар, таҳлика мамлакатимизда неча авлодни ичдан кемириб, кўзга кўринмас душман сифатида қанча одамларни мағлуб айлаб келди? Ҳолбуки, Рауф Парфининг қалб исёни халойиқни пода даражасига тушираётган ана шу фожиага қарши қаратилганди.

Ё Раб! Бу қандай юрт, қандай олмон?
Мансабдорин асло тушуниб бўлмас.
У мазлум томонми ё золим томон,
У тирик инсонми ё мангу ўлмас…

Бу юртнинг даҳоси, паноҳи қани?
Қайда писиб ётар алдамчи каслар?
Қайда у озодлик, эркин нафаслар,
Қачон уйғонадир мардлар Ватани?

Яна бир мулоҳаза. Адабиётнинг кейинги аҳволи қандай бўлиши, кимлар тақдирини ҳал қилиб, бошига унинг нима балолар ёғдирилиши ҳақида Рауф Парфи айтган фикрлар ўшанда ёзиб олиниб, шоирнинг номини ҳам эшитишга тоқати йўқ, қўлидан келса шеъриятини адабиёт тарихи саҳифаларидан ўчириб ташлашни истайдиган кимсаларга ҳозир эшиттирилганда, жиндек инсоф ва виждон қолган бўлса, “Э, бу одам башоратгўй экан-ку”, дейиши шубҳасиз. Рауф Парфи аҳли дунёга ҳасби ҳоли деярли маълум бўлмаган фановаш бир шоир эди. Танқид ва маломати кўпинча унинг ўзидан бошланар ёки ўзи билан тугалланарди. Ўша учрашувда ҳам шундай бўлганди. Фақат оғзакимас, шеър тарзида. Мана блокнотга ёзиб бергани ўша ҳазил шеър:

Олтмишда бировлар олим бўлғонмиш,
Олим бўлмағони золим бўлғонмиш.

Уқувсиз, нодони миршаб бўлибдир,
Ақли тўлмаса-да, ҳамён тўлибдир.

Шоирлар бу ёшда довруғ таратмиш,
Ўзи туғмаса-да асар яратмиш.

Биз-чи биз, не қилдик, биқсиб, олайиб,
Олтмишга ҳам кириб-чиқдик лаллайиб.

Бу ўлмас шоирнинг ўз қўли билан ёзиб, менга берган сўнгги сатрлари ва ёдгорлиги эди.

2013 йил 24 сентябрда республика радиосида хизмат қиладиган шоир Берди Раҳмат “Рауф Парфининг етмиш йиллиги муносабати билан бир эшиттириш тайёрлаётган эдим. Сиз ҳам гапирсангиз”, деди. “Бўлади. лекин фақат Дўрмонда учрашамиз”, дедим. “Яхши, Навоий номидаги Миллий кутубхонада ҳам йиғин ўтказилар экан. Баъзи бировларнинг фикр ва хотираларини ёзиб олиб, сўнг ўтаман”, деди Берди.ҲХуллас, дала ҳовлига у келишилган вақтдан анча олдинроқ келди ва мен кутмаган гапни айтди: “Ака, анжуман ўтмади. юқоридан тўхтатилган эмиш. Чоршаъм ака ҳам аниқ бир гап айтолмади. Ёзувчилар уюшмасида ўтказилиши мўлжалланган мажлис ҳам қолдирилибди”.

— 26 сентябрда Низомий номидаги университетда ҳам адабий анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Дастур тарқатилган. Усмон Азим, Хуршид Даврон қатнашади. Сиз ҳам, албатта, келинг, деб телефонда ҳам таклиф этишди. Демак, у йиғин ҳам тўхтатиларкан-да, дейишим ҳамон телефон жиринглади. Олдим. Нотаниш овоз: “Салом, домла, мен фалончи талабаман. Телефон қилиб, тушишолмабди. Факультетимизда Рауф Парфи юбилейи бўйича ўтказиладиган йиғилиш қолдирилганини сизга айтишни менга топширишди…”

Тирик бўлганида бу қитмирлик ва номардлик ўйинларини Рауф Парфи қандай қабул қиларди? Тўппа-тўғри қабул этар, парво қилмасдан, сокин жилмайиб: “Май бер менга, аччиқ шароб бер…” дерди ва фақат Рауф ака шундай қила оларди.

IV

Дунё ўз ҳолати, ўз мақсад-муддаоси бўйича илгарига қараб одимлайди. Агар шу ҳақиқат кенг ва теран англанмаса, инсон ўзини қийнаши билан бирга, кўп кераксиз ғавғоларга гирифтор қилади. Аммо туб моҳиятни билишга ҳамиша уриниш керак. Бундан ҳеч зарар кўрилмайди.

Бир ўйлаб кўринг: мамлакатнинг 2013 йилги сиёсий ва ижтимоий шарт-шароити, умуман, бошқа эди. Зулм ва қўрқув нафаси уфуриб турганини ўшанда ким ҳам фаҳмламасди?! Ижтимоий, сиёсий ва маданий об-ҳаво мутлақо ўзгариб, яхшиланганини дунё бугун билиб, кўриб турибди. Ёзувчилар уюшмасининг раиси ҳам ўшанда бошқа кимса эди, уюшма раҳбарияти кейин ўзгартирилди. Рауф Парфига душман бўлиб, совет замонидагидек, марҳумга ҳам қарши жанг қилгувчилар ким унда? Ёки аввалги шотир ва шоввозларми? Онг ва идроки эркин ўн-ўн беш зиёли билан Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Жамол Камол, Муҳаммад Солиҳ, Хуршид Даврон каби шоирлар тўғрисида бамайлихотир айтиб-эшитолмайдиган, шижоати қандай бошланиб, қанақа тугашини ўзи ҳам билмайдиган шўрлик бандаларнинг ижодкорларга қанақа сарбонлик қилишини мен ҳеч тушунолмайман. Бу қўғирчоқбозликни кўриб, билиб, “Даҳолар – ўзларини баҳолар” йўлига ўтиб олган казо-казо адиб ва шоирларнинг аҳволи янада тушуниксиз. Юзлаб қалам соҳиблари ўзига муносиб раҳбар танлаб, ҳақиқий адабиёт тақдири учун қўлни-қўлга бериб, Уюшмага жон киритишни ўйлмаса, нимага қайғуради? Бўлмаса, томошабинлик ё бетарафликдан етадиган фойда ва унумни ёшларга очиқчасига нақл этмоқ керак. Кечаги носоғлом ва зўравон адабий сиёсат исканжасидан қутулмоқ шунча қийинми? Шунақа бўлса, алдов, риё, мунофиқлик юзасидан Президентнинг номини сотиб, фармон ва қарор, фикрларидан фойдаланишга чек қўйиб, ҳеч бўлмаганда навқирон авлодни алдамаслик жоиз. Бизга оддий ва одатий туюлган таъқиқу ноҳақликлар ёшлар қалби ва тарбиясига ёмон таъсир ўтказаётир.

Шу йил сентябр ойининг бошларида Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонадан телефон қилиб, Рауф Парфи туғилган кунининг 75 йиллигига бағишлаб 25 сентябрда йиғин ўтказилиши, маърузачи сифатида унда қатнашишимни айтишди. Албатта, розилик бериб, маърузани ҳам ўйлаб қўйдим. 18-сентябрь куни эса тушдан кейин ўша кутубхонадан яна қўнғироқ бўлиб “Рухсат бўлмабди, тадбир қолдирилди”, дейишди. Бу хабардан мен-ку ажабланмадим. Туғилган кунида шоир мозорига бориб дуойи фотиҳа қилишни мўлжалладим, холос. Негаки, Рауф Парфи жавонмард шахс ва шоир эди. Унга етказилган деярли барча ранжу азобларни кечира оларди. “Шеъриятга кўмилган ҳаёт…” қучоғида яшагани учун ҳам дунёни у қаҳру ғазаб, нолиш биланмас, шафқат ва ҳиммат ила тарк этиб кетди. Лекин сўнгги нафасигача ўзини у ноҳақлик ва зулмга қарши кураш аскари деб билганди!

Агар юрак ёриб қилсам ошкор –
Сўзларим зулмга отилган ўқдир.

Бизнинг вазифамиз юрак ёриб, шу ҳақиқатни тўғри сўзлаб, тўғри шарҳлашдир.

Бу оддий ёки жилмайиб қўя қоладиган гап эмас. Унга аниқ жавоб қайтармасдан, наинки адабий муҳит, ёзувчилар ташкилоти, балки адабиётда сезиларли янгиланиш бўлишига умид қилмаслик керак.

Дўрмон, 21.09.2018.

- - -


< Orqaga qaytish