Энг сара асарлар

Ёмғир булути хотираси. янги ҳикоя.   Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ёмғир булути хотираси. янги ҳикоя. Саломат Вафо

                 

                                          Ёмғир булутининг хотираси бор эди. Булутнинг  

                                         Орол  денгизи Қонликўл овулидан кўтарилганига  минг

                                         йилу 12 ой  21  кун бўлган эди. Ана шу  муддатда у

                                         коинотни айла..айлана  денгизни тополмай саргардон    

                                         бўлди.

                                               Бакан боланинг сўзи.                 

 Кеча ёлғиз ўзи бир шиша нукус ароғи ичганидан  совуқ урган уч юз йиллик қарғадай карахт бўлиб  дунё кўзига бўм-бўш ва туссиз  кўринди. Уйда хотинини овози эшитилмаганига ҳам кўп ойлар бўлди.. Картошка, пиёз, ошқавоқ ва гурунч сотиб олиш учун бозорга бориш, ёки беш яшар қизини доктор кўригига олиб бориш  олам –жаҳон машаққат бўлган овулда яшашдан ҳориган эди. Хотини аҳири жонидан тўйиб қизини ҳам олиб кетди

    Саилий ўзи яҳши кўрадиган ошхонаси радиосидан аллақандай қизалоқнинг “бир марта севаман..”деган нақорати такрор айтиладиган  қўшиқлари эшитиларди. Кир пардали ойна ортида  денгизнинг  ҳўрсиниқи эшитилар, ёзда қуриган янтоқ  ва сазоқ шохлари шамолга қўшилиб йиғлаб айтарди. “Ҳов, боврим, қайға кетиб борасан..қайға..қайға” деб йиғларди шамол.Яқин орада уй қураётган қўшнилар шовуллатиб шағал тўкар, машиналар вағиллаб айланарди.  Саилийнинг совет даврида қурилган қулбола уйларининг дераза ойналари зирилларди. Ҳаҳаҳа..қаерлардадир уҳлаб қолган жўжа ҳўроз тонг отиб, қуёш осмонга кўтарилиб кетган бўлса ҳам, “қуқуқу..” дея товуш чиқарарди..Худо қарғаб, пайғамбар таёғи билан туртган  бу жойда хўрозлар ҳам аллақандай касалликка чалингандай   пешинда қичқиради. “Қуқу..қу..”.овозинг ўчсин сени..хўроз бўлмай  ҳар бало бўл. У ўрнидан қўзғолиб  карахт бошини ушлади. Кўнгли ҳам айнирди, оч қоринга  ичишнинг оқибати бу. Уйнинг бирор кунжагида ичкилик, балки озроқ вино топилармикан?. Бунга ишончи бўлмаса  ҳам озғин танасини ўриндан кўтариб телевизор турган номи мехмонхона бўлиб..ҳеч қачон мехмон  келмайдиган,  шалағи чиққан диван ва қирилиб қолган яшил духоба дастурхон солинган столдан иборат хонани исковуч итдай тита кетди. “Сволочлар”..гўё ароқ бор эди, биров деразадан ошиб олиб кетгандай сўкинарди.Залда  ўзи тўрт жихоз бор эди. Ароқ шишаси бўлса пўпанак босган  диван орқаси ёки хотини ва қизининг аввалги даврларда урф  бўлган ранго ранг, хитой нақшлари акс этган, энди кийилмайдиган кийимлари осилиб ётган жавонда бўларди. Диваннинг синган оёғи остига қўйилган таҳламга  кўзи тушиб, китобларни тортиб олди. “Воҳ..ўлдим..” дея чинқирди у...оёғи эски диваннинг остида қолган эди. Ёш тўла  кўзлари билан қорақалпоқ ижодкорлари Тўлепберган Қаипбергенов,Ибройим Юсупов..Бахтиёр Кенжабек номларини аранг ўқиди. Бу яширин жойларни Саилий кунига уч – тўрт маротаба тимирсикланиб гўё мўъжиза юз берадигандай қараб чиқарди. Ўз сўзи билан айтганда “қора кунларга асраб қўядиган ” ичкилиги  ҳам аллақачон ўнлаб,  юзлаб қора кунларни бошидан кечириб ароқ ёки вино шишаси гум бўлган  эди. Ташқари эшикни очиб тунд, чанг – тўзонли осмонга юзланди ”Вой, иплослар..” деди товуш чиқариб. Буни кимга айтди ўзи ҳам билмайди. Шу маҳал Сайлининг манглайига уч –  томчи ёмғир тушди. “Ия, ёзнинг саратонида  туз босган Орол  саҳросига  ёмғир ёғиши мўъжиза эди”.

   Денгиз ташлаб кетган шўр сахроларда туну –кун туз ва қум бўронлари қутуриб, овулни қумга кўмарди. Бир вақтлар хотини товуқ боққан товуқхонанинг узун –узун ходаларига аллақандай мато парчалари илиб қадим қорақалпоқ бийлари, хоразмшоҳлар байроғидай пориллаб учарди. Саилий юмшоқ ва илиқ қумда овозсиз қадам ташлаб туғлар учиб кетмасидан уларни тутиб олди. Бу мойбўёқда чизилган тасвир  рассом Собир Қутлумуродовнинг расми  мотоси парчалари эди. Мотонинг катта парчасида отлиқ қизнинг қўли, бошининг бир қисми, кўзи ва от ёллари сақланиб қолган эди. Рассом ишидаги суврат парчасида сақланган кўзларда кўзёшми, ёмғир томчилари ялтирарди. Бу сувратни аввал қаердадир кўрган эди. Бу қиёфа ва тиниқ кўзлардаги сирли табассум таниш эди. Бу Мона Лиза  ёки Гоген, Моньенинг иши эмас..бу  қисиқ кўзалар қорақалпоқ қизига тегишли эди. “Эгам товшан, эгам товшан..қўйингни сотма, қўйингни сотма..фермер идорасига кел..Эгам товшан..”дея  карнай сасини шамол овулнинг мол бозори ва уч - тўрт нафар сабзи- пиёз сотадиган  момойлар ўтирадиган жойлардан  олиб келарди. Яна радио  карнайдан одатдагидай тезоб қорақалпоқми, хоразм мусиқаси эшиилади.

  “Ассалом азизлар Нукусдан гапирамиз. Қорақалпоғистонда соат 10 бўлди. Овул ишкорлари ва фермерлар учун  концертимизни бошлаймиз”.

  Шунда Саилий тушидами ёки кўпроқ ичиб қўйиб, эшакдай ағнаб ҳўнгир – ҳўнгир йиғлаганидами ..қаерлардадир ўзини ёмғирда қолганини, киминидир онасиними кўмакка  чорлаган таниш –нотаниш, бўғриққан овозлар қоришиқ симфонияни  эшитганини эслади.

  Олисларда туз бўронларининг ичидан шамол қаттиқроқ эсадиган паллада “Мўйноқ” деган ёзувни кўриб қолиб  йўлга отланди. Эрталабдан куйдираётган  қуёш нурлари остида энкайган овул уйлари ортидан ўзига қараб келаётган Бакан чолни кўрди. Шоирнинг оёғидаги  чинлар ишлаб чиққан резинка шиппаги қуёшда қизиб оёғини куйдирар ва аллақандай куйган ҳид чиқарарди.

 Бакан бола: “Шоир юр...бу ёқда балиқни конини топдим. Ёмғирда илонбалиқлар бир жойга йиғилиб  қолибди, ичида  жайн  лаққалари борми,йўқми  кўзим ўтмади. Бировга билдирмай..  қовуриб Нукуснинг ароғига закуска қиламиз  деб келавердим”.

  Саилий ароқ ва егулик дарагини эшитгач ёмғир чувалчангидай жонланиб,  Орол жазирамаларида  қорайганидан кўзи ялтираётган Бакан болага эргашди.  Астана шаҳридан университетни  битириб янги келган кезларида оппоқ кўйлагини ҳар кун юварди. Овулнинг ис босган яккаю-ягона ошхонасида кунда пашшахўрда бўладиган синфдошлари “кел, биз билан уриштир..”деса четдан ўтарди.  Ўн йилларда  алвасти хотиндай алчайиб ётган қўриган Орол денгизи Саилийнинг орзу-хаваси, мақсади,келажакка ишончи уят- номусга асосланган инсоний туйғуларини  тортиб  олди. Энди у ҳам  денгиз атрофида қолган саноқли овул қариялари,  ароқхўрлари, ялқов дангасалари билан бир сафда резинка шиппак кийиб йўлга отланганди.

  Қадим улкан давлатнинг 21 асрда   барбод бўлган икки  авлоди... Орол ташлаб кетган шўр ерлардан юриб, иссиқ гаримсел шамолга оғочлардай эгилиб  парс-  парс ёрилаётган қайноқ тупроқдан илгариларди. Бу ерларда бир томчи сув йўқлигиданн ҳаво у ёқда турсин сарғиш ернинг ўзи ҳам дўзах дарвозаси очигандай ланғиллаб ёнарди.  Қуёшда жимирлаётган кулранг осмонннинг аллақаерларида қуёш ўз овулини ташлаб кетмаган 20 ми 30 нафар одамларни товадаги этдай куйдирар, ҳатто осмонда учаётган  қушлар, ерда қумурсқалар ҳам бу худо қарғаган юртни тарк эттганига  кўп вақтлар бўлганди.

  “Гулпошшалар ҳам кетибди”.

  Бакан чолнинг бу сўзларини чалажон денгиз тамонга   ора –сира бўрон қушларининг товуши келаётган қайноқ шамоллар олиб кетади. Сайилий бу хабарни  оғриқ билан эшитиб индамайди.. Бу ердан кўчаётган ҳар  бир одам туфайли Қонликўл овули  саҳро бағрига янада чуқурроқ чўкаётганга ўҳшарди.

  Бакан чол  ва шоир Саилий  денгиз тубидан кўчган қум,шўр тупроқ тепалигига  чиқиб тўҳташди. Чолнинг кулранг кўйлак иштони ва шоирнинг тугмаси қадалмаган кўйлаги кучли иссиқ шамолда пориллаб учарди. Кўчган бархан устидан кулранг, сарғиш, жиггарранг, чанг-тўзон, ер хўрсиниқларидан чиққан буғ, туманлар орасида мудраётган шўр қўнган яккам –дуккам тўронғил, юлғунлар   шамолда ҳаёт тарк этаётган кимсадай титрар ва чайқаларди.Денгиз қуригандан бери Мўйноқдан 200-300 чақиримлар  ичкарига чекиниб кетган олисларда саробми денгиздан  қолган ҳалқоблар аллақачон кўкка булут бўлиб чиқиб худонинг амрига кўра бу юртларни қарғаб осмондан олов пуркарди.

-         Ҳув, анови пастликда..тўронғилнинг ост тамонида...

-         Бу ерларда не этдинг Бакан бола, қари  тозига овчи итга ўҳшаб шуни ҳам искаб топибсан.

-         Ҳеҳе..ҳе..

  Кимсасиз сархатлар исиқоматчилари кулгани  ҳўрсиниқ..йиғидай эшитилади.

  Ёш йигитлардай эпчил Бакан чол  қайноқ қумга кўтини ташлаб қуйига сирғалиб кетди. Шоир  зарралари  олтиндай товланаётган..жимирлаётган  қумда  бир икки одим ташлаб сўнг югуриб кетди. Резинка шиппаги қумга тўлиб қаерлардадир қолди. Асли Бакан бола  ичиб олса   бир  қўшиқни тарорлайдиган эски пластинкага айланарди.  

  “Саилий, айтчи шунча катта бўлган ва улкан ер шарини  нима кўтариб турар экан. Улкан коинотда  ер шари, ер сайёраси қандай тортишиб турар экан. Бизнинг ёмғир булутлари нерларда бўлар экан?.Қуёш ботганидан сўнг ер улкан қаронғи бўшлиқда бирор ёққа Фарғонанинг хандалагидай юмалаб кетмайди. Билмайсан яна шоирсан. Энам тоғли жойларда зилзила бўлса: хўкиз ерни бир шоҳидан иккинчи шоҳига олди. У кун бўйи ерни кўтаравериб хориган  эди", дерди.

  "Шоир айтчи, эрталаб қуёшни ким порлатади?. Кечқурун ой қаердан чиқади.Сен ҳам худо дейсан, мен ҳам худо дейман. Худонинг ўзи  қаерда унинг кўриниши қандай?. У қандай қилиб 7 миллирад одамни тақдирини  дарду - ҳасратини  билади.Уларнинг ҳар бири дарди, сўровига қандай кўмак  беради ”.

  Бакан бола ҳикояларини такрорлай бошлагач, Саилий дик этиб ўрнидан туриб  шиша ва Бакан болани ташлаб жўнаб кетарди.

  Саилий  карахтлик  ва туман қоплаган кўзлари билан  қум кўмган йўлғун ости қимирлаётганини кўриб ҳайратда қолди. Қум остидан қадим замонларнинг диназаврлари бош кўтариб чиқадигандай ҳавотир билан  Бакан болага  савол назари  билан қаради.

-         Яҳшилигимни билсан биларсан,  бошқага айтмай сенга айтдим.

Уч тўртта юлғун остида  одамнинг тирсакидай - тирсакидай келадиган ўнлаб ..юзлаб  илон балиқлар эртаклардаги аждаҳолардай бир -  бирига чирмашиб ўралиб ётишарди. Ора - сира уларнинг кўзлари қуёшда ялтираб кетарди. Саҳронинг қадим шамоли тракторлар товуши,шовқин –суръон ва   радио мусиқасини “бир ёнаман..” деган товушларини олиб келди.

-         Бакан бола, булар  илон эмасми..дейди орқасига тисралиб шоир.

-         Бу илонбалиқ ёмғир билан тушган.

  Саилий  ярим газча келадиган ола -  була ялтироқ балиқларни осмондан ёмғир аралаш  ёғишини тасаввур қилгандай кўкиш осмонга ва шўр босган порсанг паёнсиз ерларга қарайди.

-         Ота, одам ишонадиган сўз айт.Осмондан балиқ ёққанини энди эшитувим.

 Шундай улли балиқ нечук ёмғир билан тушади. Ёмғир  билан замариқ ёққанини биаман.

-         Ёмғир билан тушган, ёмғир билан тушган. Ҳозир кўтарганимизча   бозорга олиб бориб, нонга, памидор, карчишкага амаштирамиз.

   -  Бу на бало ҳаммаси тирикку, қўрқинчли.. бува..

   - Илонбалиқнинг  жони қаттиқ бўлишини  билмайсанми?.  Ина,ҳов.. эски сумка ва челакларни олиб келиб қўйганман, тирики яҳши-да саратонда  бузилмайди.

  Бакан бола.. биғирлаб доира ясаб  айланаётган ола - була илон балиқларни сумкага ва челакларга солар, сумкадан илондай ўралиб чиқаётганини калласига ёғоч билан  урарди.Жони қаттиқ илон балиқлар оғриқдан гангиб жонсарак ҳолатда ўзини ҳар ёққа урарди.

  Саилий иссиқдан лоҳас бўлиб келиб, карахт ҳолатда челак остида қолган лойқа таъми келаётган бўтала сувдан бир ҳўплаб яна ўрнига чўзилди. Бакан боланинг ундовига кириб қатлаванга борганига ўзини койиди. “Эй,худойим, мияси саҳро шамолида гавдасига қўшилиб   қуриб қолган чолга ишониб бориб юрибди. Иссиқда сасиб – бижғиб  балиқ орқалаб бозорга борди. Лойга белангани эвазига бир буханка нон беришса  гўрга эди”..

  Ароқ ичиш  ҳақида ўйлашга ҳам қалб оғриқларига чидай олмаслиги учун қўрқди.

 “Соқолингга ўт тушсин, Бакан бола”.

  Эҳ,биринчи марта адабиёт ўқитувчиси Танзила тоторга ланъат айтганига ҳам йигирма йиллар бўлди. Ўшанда хотини қизини туққач, уйидаги амал - тақал ҳаёт ва йўқчиликка чидолмасдан бир сўз деганди.”Эй, Саилий.. журналист деганни оғзина сичдим. Бўқ борми сенга ..уйингда боланг оч, ичишга сув ҳам йўқ. Яна сен  қуриб қолган Орол ва қўҳна мамлакатлар  ҳақида шеър ёзасан Мен   шеър ёзадиган эркакни эркак демайман. Хотинларга ўҳшаб ватан ҳақида бир тийинга қиммат  шеър  ёзиб тебраниб шеър ўқийдиган шойирларни хотинак дейман. Хотинак дейман”.

   Саилий 7 синфда ўқийдиган вақтда  ёмғир ҳақида шеър ёзиб Танзила тоторга кўрсатганида шеърни жуда мақтаганди. Сўнг Саилий йўқолган Орол денгизи атрофида айланадиган..булутлар.. балиқчи қушлардай ўз орзуси изидан юриб бир юмаланиб журналист бўлди қўйди.

   “Шеър ёзганига, Танзила тоторга ланъатлар бўлсин”.

  “Саил, ҳой Саилий” деган товуш келади ув  тортадиган йулғунлар, эски таҳталар ва нолакор  сасли эшик ортидан.

  Деразадан кўз ойнак таққан, қалпоқ кийган, шўртикли.. қирқ..эллик ёшлардаги ... элат қорақалпоқларига  ўҳшамайдиган одамлар  кўринди. Ойига ўн марта ҳам очилмайдиган эски мовий тус  эшик ғийқиллаб очилиб яна Бакан боланинг серсақол ва қора юзи кўринди.

  “Буларга сени айтдим. Мен Оролни билсам ҳам,  Орол тарихини ва кемалар ўтмишини билмайман. Юр йўл кўрсатамиз.Ҳар қайсимизга 10 доллор беришмоқчи..”.

   Илон балиқ воқеасидан сўнг ҳали ҳам ўзига келмаган эди. Орол атрофи, Устюрт паст текислигида  мол боқиб улғайган Бакан авваллари унинг ёнига ҳам кела олмас эди. Бир марта дарё қаирида ўтирганида Бакан бола келтирган ароқни ичиб яқин бўлиб қолишганди. Шўр босган денгиз ўрнида, қор, ёмғир,шамол ва жазирамада  уй сиёқтини йўқотган  овул ва саҳро ютган  жойларда туну-кун  тентираши билан етмиш ёшдан ошса ҳам Бакан бола бўлиб қолаверди. 

  Саилий  Бакан болага “10 доллоринг  бошингда қолсин” демоққа оғиз жуфтлаб тўҳтади. Шўрлик шоирни  борар жойи, қилар иши йўқ, эртанги кун ҳам қаронғу..

  “Бакан оға.. бу сўнгги боришм.Шуни ёдингда тут.”

  Машинада кондиционер ишлар, икки эркак ва елкаларига сепкил тошган сариқ сочли аёл  инглиз тилида  гапириб кулишарди.”You don’t imagine, how they are drinking ..young and old people all drinks vodka”..

  Машина салқинлигидан  Саилийнинг ичкилик абгор қилган  танаси совуқдан яйрарди. Саилий мехмонларнинг сўзлари маъносини тушунди. “2 чи Жаҳон урушида барча республикаларга трактор, танк, электр жиҳозлари заводлари эвакуация қилинган. Нукусга эса ароқ-вино заводи жўнатилган. Россиядан жўнатилган ароқ заводи гўё темир йўлларда адашиб-адашиб Нукусга бориб қолган эмиш. Бу ёлғон.  Анқов қора қалпоқларни ароқ блан маст  этиб она Оролни қуритишган..Биз ҳали ҳам не бўлганини билмаймиз. Ҳали ҳам бутун овулнинг тушига мавжланаётган денгиз, балиқ  овидан қайтаётган кемалар киради. Сиренадаларни эшитамиз”..деди Саилий ўзига сўзлагандай машинанинг қорайтирилган ойнасига қараб. Унинг сўзига    ҳеч ким индамади, Бакан бола меровсираб қараб қўйди, ҳалос.

  Ён – атрофдаги шўр босган барханлар, созоқ ва тўронғиллар ўсган чанг -тўзон тумани остидаги  поёнсиз кенгликларга  қараб ўтирган Бакан бола “зўрми..”дегандай шоирга кулиб қўйди. Машина радиоси шиғиллаб -вариллаб турли кулгулар, саксафон,скрипка саслари, совет иттифоқи гимнини эслатадиган  Ўзбекистон гимни орасидан қорақалпоқ тилли  каналга уланарди. “..қушлар учди Гунсулув..”дея шамонлардай виқорли сас билан куйларди бахши.

  “Орол тонги ” журналининг бош муҳарририман”.

  Қулоғига  ярамас Бакан боланинг “ҳиҳиҳи.. журналнинг оҳирги сони қачон чиққанини ўзи ҳам билмайди.”Орол тонги” эмиш..”Орол туни”  десанг бўларди” деган сўзлари  киради. Қоқбалик  чол ҳатто уни туртиб ҳам қўйди.Унинг овозини лоқайд эшитиб  чўзилиб кетаётган йўлга  машина ойнасидан қарайди. Узоқлардан келиб қўшилган  қорамтир йўлларга қарайди. Бу тамонларда Тупроқ қалъа, Дев қурган қалъа, Қўй қирилган қалъалар  вайроналари сочилиб ётибди. Қаерлардадир ичган, балки иссиқдан ҳориган жингалак соч  катта япалоқ занжирли билакузук таққан Жеймс дегани   “шақ - шақ “ вишшиллаган  тунука идишли  пиволларни очиб Саилийга узатди. Агар номига йўқ деса  пивони олиб қўядигандайй жон ҳолатда қутига ёпишди шоир..муздай пиво..мусиқа..кондиционери ишлаётган улкан машина...Одамлар қандай бахтли ..балки, қариндош -  уруғлари, синфдошларига қўшилиб Астана, Нукусга ёки Тошкентга кўчиб кетганида, у ҳам ёруғ фаровон ҳаётга эришармиди..

  “Орол денгизи 17 минг 564 йил олдин пайдо бўлган. Денгизнинг қуриши режали равишда 1980 йиллардан бошланган..Совет Иттифоқи   марказий  осиё халқлариини қул қилиш мақсадида  махсус режа асосида қуритган ”..деган сўзларни айтиб Саилийнинг кўзларидан ёш чиқади.

  Шиқ..шиқ..сувратлар олинади..хорижликлар иссиққа чидай олмай машинага кириб совуб чиқишиди. Шоир Саилий ва  етмишидан ошган Бакан бола шу ерда қумга кўмилиб қолган кемалардай қотиб қуёш тиғида жизғанак  бўлишади. Қайтишда  Жеймс дегани Тошкентга кетишаётгани учун  иккаласини йўлда туширишди. Унинг Орол осмонидаги ёмғир булутлари ҳафидаги фикрини саҳро шамоллари денгиз тамонга олиб кетди.  Шоир ва Бакан бола элат йўлида  қўй,эчки ва туялар қумалоғига тўла, деворларига  оҳак билан “О+Р-севги”деган  турли ёзувлар  ёзилган бекатда серрайиб туришади. Гаримсел бекатнинг гипсдан ясалган панжарали нақшлари, ёнбошдаги айлана тешиклардан   “ввввв.уу...” янғлиғ товуш чиқариб эсарди. Гўё қумнинг остидами ёки осмон устидами  йиғилган оломон иззиллаб  йиғлаб сас чиқарарди. “Худойим, нега бизни унутдинг..Қайдасан аҳир..”.. Сарғиш оловланаётган  осмонда  қуёш ҳам кўринмасди. Шамол тўҳтаган, қуш ҳам учмасди. Гўё офтоб ўзининг оловига ўзи куйиб қолганга  ўҳшарди.

  “Бакан оға, одам бўлмадинг. Етмишга чиқсанг ҳам ақлинг кирмади. Бу  чет эллилар ишини  битириб бизни бекатга ташлаб кетишди. Ўн доллор дейсан, энди 10 доллор  бериб овулга ета олмамизми?”. Саилий сўзини битирмасдан ғийқиллаб, турли саслар чиқариб, патиллаб  туман маркази ва овуллар орасида қатнайдиган автобус келиб қолди. Эскилигидан ғилдираги ёнлари занглай бошлаган  автобуснинг ойналарида тунда ёққан ёмғирнинг узун- узун излари бор эди.“Сенга яҳшилик ярашмайди, Сайил. Уйингда бир тийинга зор бўлиб ётгандинг. Ҳозир 10 доллоринг бор. Бу дегани сал кам юз минг сўм дегани..мехмонларни саҳовати билан пива ичдинг”..

  Шоир Бакан болага жавоб  бермай бозордан келаётган элат хотинларининг сўзларига қулоқ тутди. “Арилар қирилиб битганми, авваллари эски қалъаларнинг деворларига ҳам бол ариллар уя қуриб оларди.Кўрдингми, кўрдингми 1 кило бол 100 минг сўм дейди. Оладиган ойлик   300 минг сўм бўлса..”.”Эсинг жойидами болга бало борми..нонни айт.Уйга нон олдингми ўзи?”.”Ўқиган қизлар ўқимаганидан арзон бўлиб кетибди.Ўқимаган қизлар уй супуради,нон ёпади, мол боқади. Ўқиганлари  маошга ишлаб бири икки бўлмайди”.

  Саилийнинг иссиқдан қайнаган миясига “нега ўқиган қорақалпоқ қизлари эрга тега олмайди..нега овул катхудолари оз миқдор қалин  беради”деган фикр ўрнашиб олди. Бир оз дам олиб яна қачон чиқиши номаълум бўлган журналига бу ҳақида мақола ёзмоқчи бўлди. Стол стулдан иборат бўм-бўш хоналарни кезиб юраркан уйдаги ўргимчак пўпанаклари, ерда ётган қоғозлар, ташланмасдан қотиб қоган аҳлат челак, пардалари  йўқ деразалар руҳиятига таъсир қилди. Очиқ деразадан сарғиш осмоннинг олис-  олис  шимол тарафларида  бир тутам қорамтир булутни кўрди.  Ёмғир булути..Денгиз осмонига  бир бало бўлган эди. Ҳар кун кун пешиндан оққанда осмонда бир тўп булут пайдо бўлар,тун бўйи  аллақаерларга ёғиб чиқарди. Булутнинг қаерда пайдо бўлиб қачон осмонга  кўтарилганини  кимса билмас эди. Оби - ҳаво ҳақида хабар берадиган синоптикчи қиз “Бугун ҳаво очиқ бўлиб ҳарорат 45 даражагача кўтарилади. Ёмғир ёғмайди” дея тўтиқушдай такрорлайди .

  Шоир Саилий бошини ушлаб столга  ўтирди. Уйнинг йўқсизлиги,кимсасизлик,журналининг оғир аҳволи, ҳали ичган пиволарининг ҳароратиданми ғалати бўлиб “ваа..ааа..аа” деб йиғлади.

  “Саил, ҳой шоир Саилий..”.

    Машинада кимдир сигнал берди. Ойнадан овулниннг яккаю - ягона “милиция “деб ёзилган  эски Нексия русумли  машинасини кўрди. Кўз ёшларини аста артди. Бир қарашда мўғулларни эслатадиган ёш милиция йигит  Саилий каловиланиб  эшикдан чиқиши билан қўлига кишан урди. Шоирнинг кўзидан ўт чиқиб кетди.

  “Бу не иш..мен шоир Саилиймай..мен журналистман..”.

  “Кўп сўйлема.. чиқ машинга..участкада сўйлайсан...”.

Милиционер қўл  телефонда  “..иккаласини олдим, ўртоқ камандир..” деб машинасини вағиллатиб ўйдим- чуқур  йўллардан  босиб кетди.

  Шоир шу онда ерга боқиб ўтирган  серсақол  Бакан болани кўрди.

  Саилийнинг юраги шувиллаб кўз олди қаронғилашди. Оролни сувратга олишга келган хорижлик журналистлардан доллор олишганидан  милиция хабар топган. Бунинг устига Жеймс дегани  Тошкентга кўчаётгани учун идораси жиҳозларини Саилийга жўнатмоқчи эди.

 “Ўлганинг яҳши сени,илон балиқ  Бакан бола”.

  Кир -  чир  футболка, эски шиппакли Бакан бошини янада қуйироқ эгди. Уларни энг оғир жиноятчилардай  қориндор бошлиқнинг олдига олиб киришди.

  “Энангни овзуни..нега бозорда заҳарли илон балиқ сотасан..”. Бакан бола лол..гўнг эди. “Бошлиқ, биз уни қатлавандан топиб олдик. Ёмғир билан ёғибди..”. “Эй, сен шойирмисан..пойирмисан..у сказкангни уйингда энангга бориб сўйлайсан...илон балиқ ёмғир билан ёққанмиш..Иккалангни 15 сутка қамардим. Қамайдиган  жойнинг ўзи йўқ..”.

   Биров йиғлаган, биров кулган милиция участкасида турли қағоз ва протаколларга қўл қўйдириб шоир ва Бакан болани қўйиб юборишди.

  Саилийнинг ҳарорати ўз -  ўзидан  кўтарилиб вужуди қалтирарди. Кўз олдида “850 минг сўм” деган рақам рангли ҳалқаларнинг ичида айланарди. Милиция маҳкамасига..ароқ  ичиб уришган,  овулнинг энг учар тадбиркорлари  бўлай  деган журналист Қўрқмас Саилий ва Бакан бола олиб борган  балиқдан 14  нафар бозор сотувчилари, фаррошлар,  овулга  мехмонлари заҳарланишган эди. Эмишки, улар олиб борган илон балиқ Африка дарёларида учрармиш.  Қўшма  овул тадбиркорлари шоир Саилий ва Бакан болага маҳкама тамонидан  850000 сўм жарима  солинди.

  “Бакан бола, ўлдираман сани...қани..юр, юр..”...

  Шоир ва Бакан боланинг ораларида ёш жиҳатидан фарқ  бўсада, узоқ йиллар   бирга ичишгани учун дард аламлари оғриқлари ўртада эди.

  “Осмонга сакрама, штрафни ўзгартирдим. Бошлиққа, иним, бу бир  иштони йиртиқ шоир хотини ҳам ташлаб кетди. Бизни тепсанг ҳам  кетимиздан ўн тийин тушмайди..” дедим. Қўрқмас Бакан болага қараб югурди. “Ўлдираман сени, ким иштони йиртиқ”..”Ўчир овозингни ..сен..яҳшиликни билмаган нонкўр..” дейди умрида биринчи маротаба Бакан бола Саилийга тик қараб.  “Ҳозир сув ичамиз,  Кенагас бекатидан сўнг ҳарбийларнинг ташландиқ омборига борамиз”..

  Қўрқмас Саилий қалтирар, ҳаяжонланар Бакан болани уриш учун ердан олган шағал аралаш қум унинг юзидаги қаътий ифодани кўриб  бармоқлари орасидан оқиб тушарди.

  Йўлнинг ўртасига  гур- гур этиб юк машина ўҳчиб-ўҳчиб  тўҳтади.

“Мининглар, Қўрқмас  устоз.Қаёққа борасизлар?”.

Ортиқ ҳайдовчи  йўловчиларга қараб жилмайди.

  “Сен аввал мин шойир, йўмасам шиппагингга қўшилиб ўзинг ҳам йўлда тушиб қоласан..кейин суягингни чўплаб юрамиз”.

  “Илон балиқ сотдик, у заҳарли аждарҳога айланди..Ҳарбийлар омборида қаноти  сингган кўркалар бормиш, биз борсак у ҳам қанот  чиқариб учар диназаврга айланса керак” дейди Саилий Бакан болага жавоб бермай.

  “Чиқсанг, чиқ..” дея уни итаради Бакан.

    Қуёш чарақлаб чиқиб, кун қоқ пешин бўлса-да, шамол билан  аллақайдан етиб келган  булут бирдан қуюқлашиб ёмғир ёға бошлади. Саҳронинг олис буржида Орол денгизи сувларининг устида чақмоқ чақди.

   “Буни қаранг, қоқ  жазирамада йилдирим чақиб ёмғир ёғишини..Ҳов узоқдаги   барханларнинг ортига ҳам ёғаяпти.”.

  “Бу жамғир булутлари...булар одам каби тирик булутлар..”.

  “Ҳаҳаҳа..жамғир булути денг. Унда булар тирик бўлса нега ҳар кун ёғавериб Оролни тўлдирмайди..” дейди Ортиқ ҳайдовчи  қулоғини ёнига “калла борми..” дея ниқталайди.

  “Булутларни Оролинг билан не иши бор..уларнинг самон йўлидай йўли бор. Кўкка кўтариладиган жойи бор..Осмон сен кўрганингдай кичик эмас, ер юзини айланиб келишга минг йиллар керак бўлади дер эди бувам... ”дейди Бакан Ортиқ ҳайдовчига..

  “Орол денгизининг пайдо бўлганига 17 минг 564 йил бўлган..Шунда ёмғир булутларининг пайдо  бўлганига ҳам шунча йил  бўлган..Ана ёмғир тўҳтади.. ” .Йўл бўйи   “бир куркани қозонга  босиб  сариёққа  қизартирасизлар, 0,7лик  бир “ Қаратов”  мендан.. ” деб келаётган Ортиқ ҳайдовчи  “ол..а..ҳали сизлар булут гапиради  ҳам дерсизлар..””деб юборди.. 

  Машина қор – ёмғир ювган, қум билан кўмилиб қолган  йўлдан вағиллаб қийналиб ўрмалаб офтобда  тусини йўқотган  уч - тўрт метр келадиган буғдой самони ғарами, қийшайган сув минораси, темир-терсак аралаш  йиртиқ ва ёрилган юк машина балонлари уюми ёнида чайқалиб ўтиб, омборхона майдонининг ўртасида тўҳтади. Ёмғир ёғиб ўтган ҳаводан тупроқ ва балиқ иси келарди. Бакан патиллаб тўҳтаган юк машинадан сакраб тушиб тез-тез юриб ёпиқ дарвозалар тамонга қараб кетди.  Ўлганни кунидан  машинадан тушиб  атрофни, қуёш чарақлаб турган осмонни  кўздан кечираётган Ортиқ ҳайдовчи  ва Саилий  Бакан боланинг “..аа..вой..” деган сасидан ирғиб туриб ичкарига югуришди. Қия очиқ дарвозадан кирган  Ортиқ ҳайдовчи  ва шоир деворга суяниб ўтирган Бакан бола..тўрда турган  терга ботган отлар  ва яна алланималарни кўриб қотиб қолишди.

  “Бу отми..Курка қани Бакан бува..”.

  “Ҳув, бурчакдаги нима туяқушми?..”.

  Қаронғиликда Бакан бола ақлдан озгандай бошини сарак-сарак этиб қўлини қаронғи бурчак тамон чўзди. Саилий ва Ортиқ ҳайдовчи  омборхона тўридаги  бирининг оёғи, бирининг қаноти  сингган туяқушларни, олис йўл босиб келганидан терлаб, этлари дириллаб турган кулранг, ола-була сарғиш кўз баҳайбат отларни кўриб ҳайратда қолишди.

  “Эрталаб олти- еттита куркани қамаб, дарвоза  лўкдонини ўтказиб  кетгандим..Саройга ким келуви мумкин..шамолда очилганмикан ё..” дея минғирлайди Бакан бола.

  Эшикда олисларда тракторларнинг тариллагани ва одамларнинг шовқини эшитилади. Сув қушларининг “такаллик..такаллик ..” саси элас-элас эшитилди.

  “Бакан бола, отлар, туяқушлар булутларга қўшилиб ёғди..ерга тушаётганида қаноти, оёқлари синди дея кўрма..бу чўпчакингга Борса- келмас оролидаги дали телбалар инонади. Бакан, сен ҳам бир  марта одамдай сўйла..бизни тириклайин гўрга тиқма..Қара..қара..бу неси аҳир, ланъати илон балиққа ишонгандим..”.

  Бакан бола қаронғиликка қараганича  қоқ бўғизи  билан “ғулқ” этиб ютинади.Негадир икки қўлини осмонга кўтаради.

  Омборхонаги одамлар, отлар ва туяқушларга вабо теккандай сукутга чўкишади. Зах уфунати кучайиб, Саилий кетма-кет акса уради. Ортиқ ҳайдовчи  “..аста..астафуруллоҳ..” дейди.

  “Мен нени билайин,  ҳар кун овулдан чиқиб, ёмғир булутини излайман..Саҳронинг нерига ёғса гоҳ велосипед, ё эшакда етиб бораман. Воҳ, воҳ..қатлавандаги илонбалиқни сен кўрдинг. Аммо, бир ҳафта олдин бола  боғча атрофига  ёмғир билан ёғган ҳар қайсиси бир килодай келатовун кўк қурбақаларни сенга айтмагандим..у қайдан кўтарилган бўса, шу жойга қайтиб келётир..”.

  “Қурбақа”..

  Ортиқ ҳайдовчи  ва Саилийнинг ажабланган товуши қаронғи деворларда акс-садо беради. Отар безовта пишқириб қўяди.

  “Отларни билмайман.Йўл босиб терлаганига қараганда ёмғир булути уларни  ҳайдаб келган, отлар кечаси Қорақум орқали  ё туркман, ёки қозоқдан ўтган..Туяқушларни шамол учирган, сўнг саҳроға ёққан..Авал  бундай бўлмаган..ёмғир булути минг йиллардан бери Оролдан кўтарилгани учун..энди у дунё кезиб денгизни излаб юрибди. Бу ола-тасир ишлар шундан.. ”.

  Шоир Саилий бир-икки қадам олдинга ташлайди, қаронғида кўзлари ёниб турган отларга қараб тўҳтайди. Кучли  маст бўлган чоғидагидай боши айланиб гандираклайди.

  “Ааа..далисан, далисан Бакан бола. Воҳ, ўламан, воҳ  хушимдан кетаман..Аҳир, туяқуш 100-150  кило чиқади..бир ҳўкиз билан тенг дегани...Ўзинг айт Ортиқ, сен ҳам неча йилдан бери саҳрода машина ҳайдайсан. Бакан болани докторга олиб борувимиз керак..”.

  “Йўлға чиқаман..курка ҳам йўқ экан..лекин шамол бир марта мени машинамни учириб кетган..” дейди ишончсиз оҳангда  Ортиқ.

  “... лекин бизга арзимаган чой-чақа берган Жеймс “ёмғир булутларини хотираси бор.. деб эди”дейди қаронғилик бағрда Саилий.

  Бакан бола ўрнидан туриб  Ортиқ ҳайдовчи  тамонга юради.

  “Сен тўҳта, ҳей бола. Курка бўлмаса курканинг уллиси бор. Шуни бил..Қанликўл овулидан одамлар кўчиб кетса-да, ёмғир булутлари қайтди..ана ўзинг кўрдинг..”.

Мангу сукунатга чўккан саҳролар, барханлар, шамоллар қўшиғини куйлайдиган юлғун, созоқлар, олисларда шўр босган кекса денгизнинг тинчини зўриқан юк машинасининг  саси бузарди. Машина ғаройиб юкларни юклаган, кўкка бўялган  баланд тахтадан бирининг қаноти, бирининг оёғи синган туяқушларнинг кичик боши ва қизил бўйни чиқиб турарди. Машина таҳталарига аллақаёқлардан учиб келган осмон акс этган   расмларнинг парчалари ёпишиб қолган эди. Юк машинаси  орқасига ўнларча бўйни узун отлар боғланган, отлар ташбақадай ўрмалаётган машинадан гоҳ илгарилашар, гоҳ орқада қолишарди.

  Шу маҳал осмоннинг олис  буржида бир тутам кулранг булут пайдо бўлди. Самонинг  сас етмас  етти  қават  осмони яъни худонинг даргоҳида шамоллар уйғонди. Худо  шамол  ва булутларга “етган жойингда тўҳта..” дея амр этди. Саҳро товасида товуқ туҳумидай қоврилаётган ...поёнсиз текисликда чумолидай  ғимирлаётган  икки бандаси ҳайратдан қотиб туришарди. Кўк четида тўдалашган мовий, кулранг, қора  тусли ёмғир булутлари...кўп ўтмай денгиз тамон йўлга тушишди.

   Июнь - июль.Тошкент.

     2019 йил

 

 

 

 

 

- - -


< Orqaga qaytish