Ҳикоя, шеър


Marta o'qildi

"Хоразм Лазги"си..инсоният қўшиғи.. Саломат Вафо

 

  Жуда ғалати парадокс мен ҳаётим давомида Хоразмлилигим учун кўп жабр -ситамларга дучор бўлдим. Дунё тарихида кўп ўзгаришлар ясаган Хоразмшоҳлар империяси гўё йиллар давомида кичрайиб, мен чориғини судраб юрган ёзувчи тақдирида намоён бўлиб,у  такрор-такрор ҳужумга учрарди.

  2001 йилларда Ўзбекистон телевидениесининг “Сиёсат” студиясида ишлаганимда  бошловчи сифатида икки-уч йилгача эфирга  қўйишмаган эди. Ўшанда “Сиёсат” студиясининг  мураккаб сценарийларини ёзардим. Интервью берувчиларни ва тасвирга олиш манзилларини уюштирардим. Аммо, ҳар сафар олдимда турли тўсиқлар пайдо бўларди.Мен гапирганда, ҳатто сценарий  матнини ўқиганимда хоразмча акцент билан гапирар эканман. Мен ёзувчи сифатида соф адабий  ўзбек тилида ёзсам ҳам, аммо,  тафаккуримда хоразмча фикрлар эдим.Аҳир, бу тил менинг қалбимга онамнинг сути  билан кирган эди. Шундай бўлдики, ҳарфлар, сўзлар талаффузини тўғирлаб, эфирга чиқадиган бўлдим.Ёши улуғ режиссёримиз уялмай-нетмай “Саломат Вафо Сиз нима қилманг..хоразмча монатон оҳангда, хоразмча овозда гапиришингиз билинади”деганди.Ўшанда ўзимни йиғидан зўрга тутиб “ака, нима хоразмча ўгайми..ана бошқа журналистлар ҳар хил шева акцентларида гапириб юришибди”  дегандим.

  Ўзбекистон телекомпаниясининг “Ахборот ”студиясида хонқали Раимбой Ражабовни шеваси учун этчопардан ўтказишарди. Аммо Раимбой оға қўли очиқ, саховатли инсон бўлгани боис, қўли очиқни йўли очиқ принципида иш тутиб, эфирда “Ахборот”нинг барча матнини сал кам хоразмча ўқир, у хонқали бўлгани учун сўзларини мен ҳам баъзан тушунмай қолардим. Раимбой оға билан ТВнинг узун йўлакларида учрашиб қолганимизда “оҳшом тексни нишаб ўқидинғиз, оғабейим.. ”дердим. У “эй,шу манглайиқоралар тушуниб ёпишмасин даб тез-тез ўқидим..”дерди. Биз тилимиз учун кўп азобларга учраган журналистлар ТВнинг сокин  йўлакларини бошимизга кўтариб кулишардик.

  Ўзим шўр тупроқлари олтин, бир оз қўполроқ кўринадиган  инсонларининг ҳар бири сал кам Паҳлавон Маҳмуддай, Жалолиддиндай ҳимматли ва мағрур юртда туғилганимдан  ҳамиша юртим ва Хоразм инсонлари ҳақида фахр-ифтихор билан ёзганман.

  Аммо, худонинг марҳамати билан куч билан кўмилган  оққан дарёлар яна оқар экан.

   2019 йил 13 декабрь куни  “Хоразм Лазги”си Ўзбекистон маданий ёдгорлигининг бир қисми сифатида  ЮНЕСКОнинг инсониятнинг  репрезентатив  номоддий маданий мероси рўйҳатига киритилди.

  Мана шу худонинг инояти эди.Мана шу мендай юртини севган одамга Хоразм тарихи, маданияти, санъати ва “Хоразм Лазги”сини севган инсонлар ҳақида орқайин, қўрқмасдан ёзиш имконини яратди.

  Ўзбекистон телевидениесининг “Navo” каналидан “Лазги ” ансамблининг концертини кўрдим. Мен сўзларим умумий ва фикрларим сочқин бўлмаслиги учун  мангу гўзал, инсон шиддатининг тимсоли бўлган “Хоразм Лазги”си ҳақидаги фикрларимни шу концерт  мисолида баён қилмоқчиман.

  Тарихи қадим “Авесто”га бориб тақаладиган хоразм санъати асрлар, йиллар давомида мураккаб йўлни босиб ўтди. Ўзига  хос оғир миссияни бажарди. .. Хоразм халқ қўшиқларида деградацияга учрамаган, оддий акценти учун  таъқиб қилинган қадимий, гўзал, оҳангдор Хоразм халқ  тилини сақлаб қолди.

Профессор Исо Жабборов ўзининг “Юксак  маданият ва ноёб маънавият  маскани”асарида “Лазги”нинг 8 та тури ҳақида фактлар  келтиради. У “Лазги”ни олов рақси дея хабар беради. "Лазги" рақси ҳақида алоҳида мақола ёзганим учун бу санъат тури ҳақида тўҳталиб ўтирмайман.

  Қаранг.Мақола шу манзилда:http://nurzamon.uz/article_view.php?id=801 

  Бечора, ғариб, топталган гўзал Хоразм тили фақат Хоразм қўшиқларидагина сақланиб қолди.Шундай вақтлар бўлдики, хоразм қўшиқлари шарм-ҳаёсиз сўзларни тарғиб қилади деб бу   айтимлар таъқиқланган эди.. Аммо, ҳозир мавзу бу  ҳақида эмас.

  ЮНЕСКОдай улуғ даргоҳинг ушбу тарихий қарори бизга Хоразм санъати, маданияти соҳасига йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилишга, бу санъатни кўтаришга махсус дастурлар ишлаб чиқилишга имконият яратади..

  Шу маънода Хоразм санъатини ривожлантириш ҳақида  конструктив фикрларим бор эди.

   Биринчидан: Ўзбекистоннинг барча вилоятларида Маданият вазирлиги тизимидаги ташкилотлар моддий-техникавий аҳволи яҳшиланиши, ойлик маошлар  кўпайтирилиши лозим. Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё туризм ривожланаётган ҳудудлар бўлгани учун уларга ўз-ўзини иқтисодий таъминлаш ҳуқуқини бериш керак. Фақатгина номдор санъаткорлар тўйларда пул ишлаш ҳолатини бир оз ислоҳ қилиш лозим. Тўйхона, ресторан, чойхона, мунтазам ишлайдиган мақом марказларига..вилоятлардаги миллий ансамбилларни бириктириш лозим. Шунда халқ  ва тўйда асосий қатнашувчилар бўлган ёшлар баланд савияли миллий  санъатдан баҳраманд бўлади.

  Иккинчидан: Вилоят ансамбиллари, санъаткорлари  репертуари нифузли ҳайъат тамонидан кўриб чиқилиши лозим. Лозим бўлса, уларга   достонлар жамланган китоблар, дисклар, ҳайъат тасдиқлаган замонавий шоирлар шеърлари тақдим қилиниши лозим.

  Учинчидан: Хоразм вилояти ансамбиллари, “Лазги” ансамбили санъаткорлар, раққосаларнинг кийимлари ва тақинчоқ, аксесуарлари  Хоразм тарихига мослаб тарихни биладиган либослар дизайнерлари тамонидан яратилиши лозим.

  Хоразмда барча соҳаларда  бино меъморчилиги, ҳатто кийим-кечакларда ҳам тантанаворлик, ҳашаматга эътибор берилган. Мен бу ҳақида кўп ёзганман. Туркиялик ижодкорлар тамонидан ишланган    “Муҳташам юз йиллик”, “Кўсем” сериалидаги сарой маликаларининг кийими, таққинчоқлари  нақадар гўзал  санъат, юксак дид билан яратилган..танланган. Турклар бу гўзалликни қаердан олган, албатта туркий тарихга, қолаверса Хоразм тарихига асосланишган..чунки, Туркия турклари Марказий Осиёни, ҳусусан, Хоразмни ота юртимиз дея эъзозлашади..

  Тақинчоқлар маъносида Тошкентдаги халқ амалий санъати музейида..жуда юксак санъаткарона заргарлик билан соф олтиндан ишланган пешбандлар, шокилалар, сирғалар, билак узуклар бор.Мен у ерда  Ўзбек халқ  амалий санъати намунаси сифатида намойиш этилаётган Хоразм тақинчоқларини кўрдим ва  яҳшиям хоразмликлар соддалик билан топшириб буларни авлодларга қолдирибди деб ўйладим.

    Бугунги кун хотин - қиз санъаткор,  ўйинчиларнинг либослари маълум даражада талабга жавоб беради.Аммо, эркак санъаткорлар ҳозиргача қизғиш ва сариқ мовутга ўҳшаган мотодан чапон кийишади.Мен Хоразмда алоҳида хашаматга интилинган деб ёздим.Хон саройига алоқадор Нуржон Баҳодирхоннинг қизи бўлган анам, яъни бувим Шукуржон анам уйда бахмалдан жалабка, яъни нимча кийиб юраркан.Бобом  Матвапо буванинг ҳам қора бахмал, духобадан ёқали нимчаси бор экан.Уруғимизни Абдукарим бува деган эшон қариндоши бўларди.Отамнинг айтишича Абдукарим эшон Матвапо буванинг амакиваччаси саналар экан. Болалигимда ўзи ёлғиз яшайдиган эшонбувамизни ёзда оқ яктак устидан оқ бахмал нимчада, қишда оқ қўй терисидан тикилган пўстинда кўрганман. Бу ўз анъаналарини сақлаб қолган оддий халқнинг кийими эди..

  Александр Македонский мелодий  320 йилларда Хоразмга бостириб келганда, унга Хоразм хукмдори Фарасман пешвоз чиқади. У юксак тадбир айлаб  Македонский билан тинчлик шартномасини тузишга эришади.Македонский  одамлари хоразмлик лашкарларнинг  тантанавор кийимлари: калта силтма пўстинлари,қимматбаҳо тош қадалган шеърозий папахлари, касканлари, товус пати қадалган туғлари, ранг-баранг байроқлари, ҳатто олтин ва  тошлар билан безатилган, эгар-жабдуқли отларни кўриб кўзлари ўйнайди.  

  Мавзуга қайтсак.Менга  5 -  6  ёшларимда оқиш тусли устида гуллари бор ғижим баҳмалдан кўйлак тикдириб беришгани ёдимда. Демак, Хоразмда асосан оқ рангга тотем маъносида қаралган. Эркаларнинг  оқиш кулранг шерозий папахларни кийишини эсланг.Тўйларда удум бўйича  биринчи марта қизнинг уйига борганда оқ қўчқор олиб борилади.

  Буни  санъаткорлар кийими махсус либос дизайнерлари тамонидан яратилиши лозимлигини таъкидламоқчиман.Шу ўринда бир фикр либос дизайнерлари нафақат санъатчиларга, балки оддий халқ ҳаётига хоразмликларнинг миллий кийимлари бўлган силтма пўстинлар, кимхоб чапонлар, ғижим бахмал кийимларни замонавий тарзда яратиб киритмоқлари керак. 

  “Лазги”  рақси ЮНЕСКО тамонидан дунё саҳнасига чиқарилганда тикилмаса бу либослар қачон тикилади?.

  

    Тўртинчидан: ЮНЕСКО “Хоразм Лазги”сини дунёнинг номоддий мероси  деб эътироф этар экан..  Бу санъатни тарғиб қилиш учун давлат тамонидан махсус дастурлар ишлаб чиқилмоғи лозим. Ўзбекистон телерадиокоманиясида айтайлик “Lazgiriver”  канали очилишни таклиф этардим. Буни туризм соҳасига боғлаш лозим, шунда кўпгина “Ўзбекистон Ҳаво йўллари”каби йирик ташкилотларни муаассис қилиб олиш мумкин.  Бу канал бевосита Ўзбекистон, туркий  фольклор ва “Лазги” мисолида  Хоразм санъатини тарғиб қилади. Яна  бир орзуим, айтайлик  “Лазги садоси” радиоси  ташкил этилса, “Водий садоси” га ўҳшаган радио канал..Ҳар тонг соат 6да “Хоразм сурнай Лазги”си чалинса..”Ассалом, Ўзбекистон” деган калом янграса..Бошловчилари ушбу гўзал санъатни англатиш учун соф Хоразмча сўйлашса..мен ҳам ушбу радиодан муаллифлик  эшиттириши очиб, 50 ёшдан ошганимча  хаз аатиб  унутган-унутмаган сўзларни топиб хоразмча сўйлаган бўлардим.

  Китоблар, буклет, календар, шиор,эълонларни босиш  учун нашриётлар керак.Бу санъатни чуқурроқ англатиш учун Қадимий Хоразм луғатлари чоп этилади. Бу соҳада замонавий видео-аудио визиуал  ускуналар билан жиҳозланган янги студиялар яратилиши керак..ва бу студия Ўзбекистон бўйлаб,  ўз сет дўкончаларини очиши лозим...

   Хоразм санъати студия санъати эмас..фақат Телевидениеда намойиш этиладиган..”Лазги”ансамбили, бахшилар,халфалар, мусиқа мактаби болалари чиқишларини... Хивага ёпишиб қолмасдан,  Хоразм бўйлаб Аму дарё бўйларида, қумларда,гужумли боғларда, минглаб одамлар йиғиладиган полвонлар кураш тушадиган, қўчқор уриштириладиган қурли тўйлар ракурсида  тасвирга олиниши лозим. Хоразм вилояти аҳолисининг ярмига яқини Санк Питербург, кўп қисми Туркия, Америка, Корея мамлакатида  яшайди. У ерда мухбирлик постлари ташкил қилиниши мумкин.

   Бешинчидан: 2020 йилда Хоразм ҳудудида Тошкент театр, рассомлик ва дизайн институтининг филиалини очиш лозим. Бу филиалда хоразм маданиятини кўтариш учун мутахассислар, дизайнерлар, режиссёрлар, тақинчоқ дизайнералари тайёрланади. 

  Олтинчидан: Тошкент Ахборот технологиялар  университетининг филиалини ҳам очиш лозим. Бу президентимизнинг “1 миллион дастурчи” лойиҳасига ҳам ёрдамчи бўлади. Бу университет мутахассислари Хоразм санъати, ҳусусан “Лазги ” санъатини  интернетда сайтлар, форумлар, Art  интернет дўконлар очиб Хоразм халқ  санъатини тарғиб қилади. Дисклар.. концерт ва  билетлар  сотишга кўмаклашади.

  Еттинчидан: Хоразмнинг Туркманистон чегарасига яқин  Шовот тумани "Махтумқули"," Хоразм"  жамоа хўжалигида “Лазги элат”лари барпо этилиши  лозим. Ҳозирда Тошкент вилоятида ташкил этилган туризм қишлоқлари каби.. Бу ерда 50-100 дона қора уй кейинчалик доимий ишлаши учун  ўрнатилиши лозим. Бу ерда мусиқа асбоблари ясайдиган, қадимий харротлар анъанасини тиклайдиган усталар маркази, мунтазам намойиш этиладиган ансамбиллар гуруҳлари жойлашади.Пўстиндўзлар,папахчилар,бешикчилар,кулоллар ва ҳакозо.. Кафе, савдо-сотиқ ишлари йўлга қўйилади. ART элат маркази шу ўтовларга жойлашиши лозим. “Лазги элат” га Махтумқули ва Хоразм фермер хўжалиги ҳудуди танланишига сабаб, Туркманиятон чегараси очиладиган бўлса..Мустақиллик, Наврўз ва хайт байрамларида узоқ йиллар сим тўсиқлар ортида айрилиқда яшаган халқлар учун ҳақиқий байрам қилиш маъносида..Бу тадбирларни мунтазам уюштириш маъносида..Балки, бу ART элатга туркманлар ҳам ўзларининг қора уйлари, туялари, туркман гиламлари тўқув  дастгоҳлари билан қўшилар..

  Саккизинчидан: Ўзбекистонда ҳаво исиши билан ёки Наврўз байрами арафасида Туркия санъаткорлари  бошчилигида Марказий Осиё мамлакатларида “Лазги юриши”ни уюштириш лозим. Туркиялик санъаткорларнинг  қўшма ижро этилган “Гўзал Кавказ” компазициясига ўҳшаш.. Туркларнинг минглаб, уч минглаб инсонлари йўлларда машиналарни тўҳтатиб қўядиган,  7 ёшдан 70 ёшгача  биргаликда ўйнайдиган улуғвор ва мухташам “Зайбек” рақси каби..Бунга Нурсултон,Ашхабод, Бешкек каби шаҳарлар кўча ва майдонларидаги миллий либос ва оддий кийимдаги  одамлар қўшилса..Яъни Ўзбекистоннинг Фарғона, Самарқанд, Термиз, Жиззах,Нукус, Урганч, Ханқа, Хива, Шовот туманларида юзлаган минглаган одамлар оддий кийимларда "Сурнай Лазгиси"га рақс тушади.

    Бу “Хоразм Лазги” сининг инновацион тарғибот қилиш йўли  ҳисобланади.Бу “Хоразм Лазги”сининг ЮНЕСКО дастурига мос халқаро тарғиботи бўлади.

  Мен юқорида баён қилган хронологияни.. мақсадимни, илгари сураётган ғояларимни англатиш учун мисол тариқасида ёзаяпман.   

  “Дунёнинг ўзгариши энг аввало ёзувчининг тафаккурида, асарида яратилади” деб ёзган эди қайси бир файласуф..Ҳазрат Навоий ҳам ўз “Хамса”сида  Фарҳод Ширинни ойна орқали кўриб 6 аср бурун ойнаи жаҳон яралишини башорат қилган эди.

   Иншаллоҳ, кўнглимиздаги истаклар, ғоялар мақсад ва режага айланиб Ўзбекистон санъатининг ривожига, юксалишига хизмат этади деган умиддамиз.

  (Афсуски, бизда бу ғаразли хаккерлар гуруҳига қарши турадиган куч йўқ.Негаки, мақолага  яна 8 та ҳато киритилган.Энг ачинарлиси, матнда биринчи,иккинчи деб  саналган хронологик баёнгача ўзгартирилган..Яъни, учинчидан..сўнг яъна учинчи деб хронологик тартиб атайлабдан бузилган.Илтимос, ҳатолар учраса Фейсбук тармоғи орқали хабар беринг.17.02.2020)

  (Ҳозир оригинал матнда бўлмаган 8 та имловий ҳатони тўғирладим.Илтимос, Сизга ҳатолар учраса Фейбукдаги саҳифам орқали бизга хабар беринг. 16.02.2020)

- - -


< Orqaga qaytish