Ҳикоя, шеър

20 февраль - улуғ шоир Матназар Абдулҳаким туғилган кун.


Marta o'qildi

20 февраль - улуғ шоир Матназар Абдулҳаким туғилган кун. "Бир қужоқ гул" хоразмча шеърлар.

БИР ҚУЖОҚ ГУЛ
Хоразм шевасида шеърлар

Жаҳонда бир қанча ўлик тиллар бор. Баъзида ўйлаб қоламан – хўш, уларнинг ўлими нимадан бошланган. Товушлар, оҳанглар поёнсиз, тилларнинг имкони сарҳад билмайди. Бироқ, шуниси ҳам бор-ки, дунёдан нафақат битта сўз, балки у ёки бу тилга зийнат бўлиб турган бирон-бир товуш йўқолса ҳам, маънавиятимиз учун бу оғир жудоликдир. Дарёлар бориб қуйилмаса, денгизлар қуриб қолади. Худди шундай, шеваларимиздан, лаҳжаларимиздан жонбахш жаранглар, сўзлар, янги-янги ифода имкониятлари насиб бўлиб турмаса, ҳар қандай “адабий тил”, жумладан ўзбек адабий тили ҳам инқирозга юз тутиш хавфидан эмин бўла олмайди. Мен бунинг билан, албатта, эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу шеърлар қандайдир лингивистик мақсадларда ёзилган демоқчи эмасман. Бу шеърлар ҳам бошқа манзумаларим сингари, муайян ҳаётий кайфиятлар таъсирида битилган. Бироқ, адабий тилимиздан жиддий тофовут қиладиган, шунинг билан унга баракали таъсир кўрсатиш имкониятига эга ҳам бўлган Хоразм шевамизнинг ўзим мансуб бўлган ўғуз лаҳжасида машқ қилинган мисраларда олислашган турналардек хотирадан йироқлашаётган талаффуз хусусиятларимизга, ўзига хос сўзларга бўлган меҳрим ана шу ижодий кайфиятнинг таркибий бир қисми десам, муболаға бўлмайди.

 

БОЛ БИЛАН САРЁҒНИ ОРОЛОШҒОНИ

* * *
Хўшрўй қиз, сан қойси юртни болоси,
Бир гун йўқ ойтожоқ сонго орзим йўқ.
Маннан қочоварма, саннан олоси,
Бир коро тийин ҳам сонго қарзим йўқ.
Санго бир қорзим бо, узойсин алим,
Бошшинг ёш, қистомо йохши йомоним.
Вох, соати етиб етса ажалим,
Жонимни тўлийман жонинга, жоним.

* * *
Ийнди ёхтилониб борётир ади,
Ҳеч кима билдирмийн, донг-саҳар галиб
Пешономо гирдинг лавзингда дурип,
Сиз дим мозолисиз дадинг аркалап.

Новотдоном сужи гаппингни динглоп,
Билмийн қолдим дарё вўлиб дошғоним.
“Болмонми ё сарёғ?” – дап сўравадим,
Дадинг, - “иккисини оролошғони...”
* * *
Гетган ўйларингиз гетган –ворғонмиш,
Урганчда уйимиз чотли-қоқроли.
Лол атиб қоронгиз гўринётир бир,
Ойтинг ийнди, Сизни на дап чоқироли.

Ойтғон гапларимиз ёнғонимиздон,
Ройимизо қоронг, зўр қизоварманг.
Ажапам галасингиз галмийди акан,
Галмийман дап қотти қўрқизоварманг.

* * *
Сан бахт билан, шодлик билан чиқонсон,
Ман ғом билан, қойғи билан жўромон.
Сан мани жийнингдийн гўрасан,
Ман сани жонимдийин гўраман.

Йеғлосонг, азилса алрўмоллоринг,
Домиимни йипла атиб сараман.
Бийкажон, жийнингнан жоним ойнонсин
Жинингни жонимо олиб бараман.

* * *
Тутни шохосиннон дутор дастаси,
Тутни йўрпоқиннон йипак торлори.
Йўрпоқ билан шохо қўшилишғондо
Боғрингни азади чаккан зорлори.

Шохо болтолонор даста вўлмоққо,
Йўрпоқло қурто ем тор бўломиз дап.
На даган озопло чакдик сан билан
У дунё, бу дунё ёр бўломиз дап.

СИРТҚИ САБОҚ
«Имло хатоларим бўлса кечиринг,
хозир паришонроқмон...»
Мактубдан
Мен сени севаман... о, қурсин эсим,
Наҳотки «Мен» — эга?.. «Севаман» — кесим?..
Қоидага маҳкуммиз бунча нега биз?
Муҳаббат эмасми, ахир, эгамиз?
... Сен бўлсанг мактабда — машаққатдасан,
Руҳимда хавотир ғалаён бошлар.
Сени толиқтириб қўймадимикин
Ҳар хил ундалмалар, отлар, олмошлар?
«Ни»ни эмас, сени севаман ўзим,
Дийдорингга етмоқ умидим минг-минг,
Сенинг кўзларингни соғиндим, кўзим,
Кўзим йўқ кўришга турқини «нинг»нинг.
Юрагим ким, ўзи юрагим нима?
Юрагим занжирбанд — зулфингга боғлиқ.
Юрагим бўм-бўш уй, файзли қилмасанг,
Очмасанг берк уйдир, маҳкам қулфлоғлиқ.
Қулфлар синсинлар, кел, эшикларинг,
Уйига ўт тушсин келишикларнинг.
Қаратқининг ўзи сенсиз қаратқич,
Сенсиз тушумни мен туш кўрибмидим?!
Сен бўлсанг шу қадар келишгансанки,
Муҳаббатдан бошқа келишигинг йўқ...
На бир дарак гап бор мактубларингда,
На бир эргаш гап бор мактубларингда,
Фақат юрак гап бор мактубларингда,
Фақат тергаш гап бор мактубларингда.
Руҳимга ҳеч тинмас ғамдан таъқиблар,
Мактублар ишқ дардин маҳзун иложи.
Ўқир, конверт йиртиб, хатим рақиблар,
Юракни олгандек кўксимни очиб.
О, юрагим менинг — мактаб боласи!
Таҳликага тушмай, чўкмай севади.
Юрагим индамай севади сени.
Қучоқламай севар, ўпмай севади.
Мен севмоқ бахтига минг дардда етдим,
Бироқ бу не ҳикмат, бироқ бу не сир?
Лабларимда сенсиз бўсалар етим,
Лабларингда менсиз бўсалар есир.
Сенинг йўқловингсиз ҳислар ҳам сағир,
Хоҳи гар ишонма, хоҳи гар ишон.
Мени унутмабсан, хайрият, ахир,
Мактублар битибсан хотирпаришон.
Бироқ сендан хат йўқ кечадан бери,
Зор этдинг кўзларим — гадоларингни,
Мени соғинсайдинг соғинганимдек
Жондан азиз имло хатоларингни.
Бахт ва кулфат билан севаман сени,
Севаман зарарлар ва фойдаларсиз.
Кўзларим йўлингга термула берар
Ҳеч қандай бир имло қоидаларсиз.
Сен эса омон бўл бош келишикда,
Сарвиқад ва қаламқош келишикда.
Мактублар битавер, майли, паришон,
Таъна келишикда, тош келишикда.
Сен фақат унутма, фақат унутма,
Кўзларим кўп ёмон соғинди сени
Қайғу келишикда...
ёш...
келишикда...


Мен бугун кетаман, алиф қаддим дол,
Барча ёмғирларинг, осмон, ерга қуй.
Фақат сен ғам чекма, фақат сен хуш қол,
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

Ҳар бир деразангда чақнар бир қуёш,
Ҳар сафҳангда бир бахт кўрсатади бўй.
Сен улуғ бир шодлик, қутлуғ бир кўзёш,
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

Сен туфайли умрим пок бир мутолаа,
Дардларим шарҳлари сўзга сиғмас ўй.
Тошларни эритган оташин нолам,
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

Ғариб юрагимнинг муҳташам шони,
Ўкранган бир наво, титранган бир куй.
Сенда қолаётир жонимнинг жони,
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

Қароқларга қалқар қон бўлиб бағир,
Не бахт, не кулфат ишқ — сўрамаёқ қўй.
Кимга не ёмонлик қилгандим ахир,
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

Ҳар дилни ўзга бир ўтда қовурар,
Ким у деган «Севги кўпга келган тўй».
Ҳижрон шамоллари мени совурар
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

Тола сочига ҳам бермайлик озор,
Майлига мен ёнай, майлига, сен куй.
Муҳаббатсиз не-не қасрлар мозор,
Навоий кўчаси, ўттизинчи уй.

** *
Икки кўзинг тумор бўлиб тақилар
Юрак-юрагимга... жон-жонимга...
Иситмоқ ҳам гапми... бу икки тумор
Ўт қўйиб юборар хонумонимга.

Муҳаббат олади гирибонимдан,
На имкон, на истак халос бўлмоққа.
Сен ҳаётим билан тўлмоққа маҳкум,
Ҳаётим мушарраф сен билан тўлмоққа.

Йўқ! Мадад бермайди кўзларда ёмғир,
Йўқ! Мадад бермайди бошимдаги қор.
... Бир умрдан ва бир — сендан иборат,
Жуда қаттиқ келди, жоним, бу баҳор.


Соғинч бир ҳамлада сабримни енгар,
Қутлуғ дийдорингга эришмагим шарт.
Қанотли тулпорлар элтадир сенга,
Эй сарвиқад андуҳ, қоши ҳилол дард.

Гоҳ осмондан тушиб, гоҳ чиқиб ердан
Мен сенга етаман ҳорғин ва ўктам.
«Ердан чиқдингми?» — деб ўйлайсан эркам,
Таажжубланасан — «Тушдингми кўкдан?..»

Минг чақирим наридан бир иймо билан
Қозонадир қаро кўзларинг зафар.
Сенга тобе бўлар ақл ҳам, дил ҳам
Бошлана бошлайди қутлуғ бир сафар.

Юрагим юрагингни қилар зиёрат
Яшириниб теран-теран жойларга,
Ишққа олайган кўз бунча кўп, ё раб,
Олиб кетсам эди сени ойларга.

«Сафарлар муборак!» — ҳаприқади дил,
Бу қандай бир шодлик, қандай бир ғамдир.
Чеҳрангда чарақлар қайсар бир сурур,
Сенга менинг сени севмоғим камдир.

Юрагимда чиқиб олиб энг тўрга,
Таъналар қиласан мудҳиш ва майин.
Муҳаббатдан улуғ туйғуни ўргат,
То шу туйғу билан сени севайин.

Сенсиз не маъно бор, айт, бу умрдан,
Туғилгансан атай мендек зорингга.
Саргардон бир умр йўл босдим, бир дам
Термулай деб сенинг гул рухсорингга.

Юракни нимталаб борадир не дард.
Не бало бир сирсан, не бало фошсан.
Сафаримнинг сочи оқариб кетар.
Сен бўлсанг... сен бўлсанг...
жуда ҳам ёшсан.

- - -


< Orqaga qaytish