Ҳикоя, шеър

Гўзал Эрон шеърияти:Суҳроб Сипеҳрий, Фурўғ Фаррухзод,Мустафо  Раҳмондўст. ,:


Marta o'qildi

Гўзал Эрон шеърияти:Суҳроб Сипеҳрий, Фурўғ Фаррухзод,Мустафо Раҳмондўст. ,:

 

Суҳроб Сипеҳрий (سهراب سپهری) 1928 йилда Кашан шаҳрида туғилган. Эрон санъат институтининг тасвирий санъат бўлимида ўқиган. Шоирнинг “Чаман қўйнида ёхуд ишқ оромгоҳи”, “Тушлардаги ҳаёт”, “Қуёшнинг айланиши”, “Сув одимининг товуши”, “Йўловчи”, “Яшил ҳажм”, “Саккиз китоб” номли тўпламлари нашр этилган. Шоир 1981 йилда вафот этган.

МАНЗИЛ

“Дўст уйи қайда?” –
Тонготар пайтида сўради отлиқ.
Осмон бир нафасга қотиб қолди.
Йўловчининг лабидаги нур шохчаси
зулматга чўмилган шағалларни ёритди.
Ва йўловчи кўрсаткич бармоғи билан
оқ теракни кўрсатиб деди:
“Дарахтга етмасдан,
Худонинг уйқусидан ҳам яшилроқ
бир хиёбон бор.
Унда ишқ,
садоқатнинг қанотлари ҳажмида кўм-кўкдир.
Комилликдан ўтадиган кўчагача боргайсан.
Сўнг ёлғизлик гули томон бурилиб,
ер юзининг абадий фавворасига,
асотирга етгайсан.
Ва сени шаффоф бир қўрқув босади.
Фазонингсамимий оқимларида
Қулоғингга чалинади бир “хиш-хиш”.
Баланд бир қарағай устига чиқиб,
нур тўла уядан жўжа олаётган
болакайни кўргайсан
ва
ундан сўрагайсан:
“Дўст уйи қайда?”

ДЕНГИЗЛАР ОРТИДА

Бир кема қургум
сувга туширгум.
севги ўрмонида қаҳрамонларни
уйғотиб қўйгувчи кимсаси бўлмаган
ғурбатли бу юртдан бош олиб кетгум.

Кемада тўр йўқ
ва дилда марварид орзуси.
Мен ҳамон сузишда давом этгум.

Бундан сўнг
сув ости дунёсига
ва
балиқчиларнинг ёғдули хилватларига
зулфидан афсунлар таратиб
сувга шўнғиётган парига
кўнгил қўймагум.

Мен ҳамон сузишда давом этгум,
мен ҳамон куйлашда давом этгум.
Узоқлашиб кетмоғим керак.

У шаҳарнинг эркаклари ўтмишсиз эди,
у шаҳарнинг аёллари бир бош узумчалик
етилмаган эди.

Ҳеч бир уйнинг деразалари
шодликларни такрор этмади.

Шуълаларни акс эттирмади
ҳатто бирор-бир кўлмак.

Узоқлашиб кетмоғим керак.

Тун куйлади таронасини.

Энди навбат деразаларга.

Мен ҳамон куйлашда давом этгум,
мен ҳамон сузишда давом этгум.

Денгизлар ортида бор ёлғиз шаҳар
бир шаҳарки,
деразалари
тажаллий томонга очилган.
Томларига башар ақлининг
фавворадек отилишига
қараётган кабутарлар ин қурган.

Бу шаҳарнинг ўн ёшдаги ҳар бир гўдаги
қўлларида маърифатнинг шохчалари ҳилпирар.
Бу шаҳарнинг аҳолиси ҳар бир бошоққа
бир шуълага қарагандек,
гўзал бир тушдек
ҳайрат билан қараб ўтади.
Бу шаҳарнинг тупроғи
туйғуларнинг оҳангига қулоқ тутади.
Шамоллари
афсонавий қушлар қанотининг
садосини етказади.

Денгизлар ортида
бордир бир шаҳар
унда нур сочувчи қуёш кўлами
азонда очилган кўзларга тенгдир.
Шоирлар сув,
ақл
ва
нурнинг ворисларидир.

Денгизлар ортида бор ёлғиз шаҳар,
бир кема қурайлик…

ИНТИҲОГАЧА ҲУЗУР

Бу кеча
ажиб бир тушда
калималар томонга
очилгай бир йўл.

Ниманидир шивирлагай ел.

Олма узилгай
ва
заминнинг сифатлари устига тушгай.

Туннинг кўздан ғойиб бўлган
Ватанининг ҳузурига шошилгай.

Тасаввур томи
қулаб тушгай.

Кўз
ўсимликнинг ғамгин
ақлини кўргай.

Чирмовуқ
Парвардигор танасининг
атрофини
чирмаб олгай.

Сир
бағрини очгай.

Замона зуҳдининг илдизлари чиригай.

Зулмат кўчасининг бошида
сувнинг суҳбатга тўлган лаблари
барқ ургай.
Ва буни кўзгунинг ботини тушунгай.

Бу кеча
маъно танасини
дўстнинг эслашлари силкитгай.
Ҳайрат қанотин очгай.
Тун ичида ҳашарот
ёлғизликнинг саодатли тақдирини
бошидан кечиргай.

Тонг сўзининг ичида
тонг отгай.

Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржимаси

Фурўғ Фаррухзод (1935-1967)

Фурўғ 13-14 ёшиданоқ шеър ёза бошлади. Унинг “Асир” номли биринчи шеърий тўплами 1952 йилда, яъни 17 ёшида нашр этилди. Шу йили унинг “Гуноҳ қилдим, тўлиқ лаззат гуноҳи” номли шеъри бир журналда босилиб, анча шов-шувлару оилавий жанжалларга сабаб бўлди.
1957 йили “Девор” номли иккинчи шеърий тўплами босилиб чиқди. Бу тўпламдаги шеърлар унинг бой тажрибаларга эришганидан, шеърнинг янги чўққиларини забт этганидан хабар берсада, мазмун жиҳатдан “Асир” тўпламининг давоми эди.
У 1958 йилда “Бир олов” номли қисқа метражли ҳужжатли филмини монтаж этди. Бу филм 1962 йили Италияда қисқа ва ҳужжатли филмларнинг 12-фестивалида олтин медалга сазовор бўлди. Аммо унинг ажойиб ва мангу иши – моховлар ҳаётию орзулари ҳақида яратган “Уй қорадир” номли қисқа метражли ҳужжатли филмидир. Бу филм 1963 йили Германияда “Энг яхши ҳужжатли филм” мукофотини олди. Филмнинг таъсири шунча кучли эдики, дунёнинг нуфузли фестивалларидан бири “Vorschau” 14-фестивали ўзининг энг катта мукофотини “Фурўғ Фаррухзод” деб номлади ва шу мукофотнинг шиор сўзини “Уй қорадир” филмининг сўзларидан танлаб қуйди.
У 1964 йили ўттиз ёш арафасида “Қайта туғилиш” шеърий тўпламини нашр эттирди. Бу тўпламдаги шеърлар ҳақиқатан ҳам шоиранинг шеър дунёсида қайта туғилганидан, инсоний баркамоллигию санъатдаги такомилидан далолат берарди.
Фурўғ Фаррухзод 1967 йил 13 феврал куни автомобил ҳалокатидан вафот этди.

ҒАМСЕВАР

Мен фақат куз бўлсам, сўлғин куз бўлсам,
Саси йўқ куз бўлсам, ғамгин куз бўлсам.
Орзу япроқларим бирма-бир сўлса,
Кўзларим қуёши музлайин сўнса,

Кўксим осмонлари ғамга тўларди,
Кўнглим совуқ долғали бўларди
Ва кўзим ёшлари ёмғирга дўниб
Этакларим шибба ҳўл қилар эди.

Не гўзал бўларди агар куз бўлсам,
Завқдан, шавқдан рангларга тўлсам,
Куз бўлсам, ёш тўла кўзимда маним
Шоир осмон шеърин ўқирди ғамгин.

Ва қаршимда улкан чўғ товланарди —
Бир ошиқ юраги оловланарди.
Ўтли дардларимнинг учқуни каби
Қўшиққа айланиб учарди қалбим.

Қаноти қирқилган шамол нағмаси
Ғам атрин сочарди хаста руҳларга,
Ўнгда ёшлик қишин совуқ чеҳраси
Ортда ёздай қайноқ ишқнинг нафаси.

Кўксимдаги дарду умидсизлик, ғам,
Бошпана топарди агар куз бўлсам…

УЛ КУНЛАР
Парча

Ул кунлар кетдилар —
Ул мароқ ва ҳайрат кунлари,
Ул уйқу ва бедорлик кунлари…
Ул кунлар ҳар сояда бир сир бор эди,
Ҳар боғлиқ қутида бир хазина яширин эди.
Пешин сукунатида омбор ичида
Бир дунё бор эди.
Ул кунлар кетдилар —
Ул кунлар Қуёшдан қуриган гиёҳлар каби
Қуёшнинг ҳароратидан қуриб битдилар
Ва акатсиялар атридан маст бўлган кўчалару
Қайтиб бўлмас йўлакларнинг тўполон
Издиҳомларида йитдилар.
Ва яноқларини рангин бўёқлар ила
Бўяган ул қиз ҳам, оҳ.
Энди ёлғиз бир хотиндир,
Энди танҳо бир хотиндир.

ҚУШ ФАҚАТ БИР ҚУШ ЭДИ

Қуш деди: » Не гўзал ифор бу,
Не гўзал Қуёш бу, оҳ, майин.
Навбаҳор келибди.
Энди мен дўстимни излаб топайин».

Қуш айвон қанотидан учди,
Бир хабардай учиб кетди қуш.

Қуш кичкина қуш эди,
Қуш фикрлашни билмасди,
Қуш газета ўқимасди,
Қушнинг қарзи йўқ эди,
Қуш одамлардан хабарсиз эди…

Қуш фақат бир қуш эди.

САВДОЙИ

Мани тарк эту кет, ман бир дилозор,
Ожизу заифу сусту гуноҳкор.
Кўксимда девона дилим бор ёлғиз,
Дилимнинг ичинда минг бир ҳавас бор.

ИШҚ ТОНГИ

Осмон юрагимнинг саҳифасидир.
Уни ёритади ой сочган шуур.
Кечалар уйқумни қуваман, ахир,
Хаёлинг уйқудан ширинроқ эрур.

Толнинг даҳшат тўла сояси тушиб
Қордек оқ тўшакда ётурман тағин,
Кўксимдан сеҳрли нағмалар учиб
Бошимни қўярман дафтарга ғамгин.

Юзлаб тароналар ўйнар, рақс этар
Овозимнинг зариф, биллур торида,
Номаълум лаззатлар, рўё ҳасратлар
Қон каби югурар дил томирида.

О, гўё дилимнинг мақбарасидан
Тункезар ой руҳи учдию кетди.
Наҳот унут, овлоқ йўллар устидан
Учган ел этагин ёсмин ҳўл этди?

Лабимда товланиб бўсанг шуъласи
Армоннинг гулидек очилар, ёнар,
Хаёлимда сирли розлар эгаси –
Порлоқ юлдузларнинг нури товланар.

Юрагимнинг мендан пинҳон қаъридан
Етиб келар гоҳ чанг, гоҳ руд фарёди,
Уларга қўшилиб мунгли нағмалар
Таратиб янграйди ошиқ уд доди.

Оҳ, қандай ишонай, менинг дилимга
Пайваст эканига сенинг сўзларинг?
Бир умр қошимдан кетмай, йўлимга
Нур сочиб турарми сенинг кўзларинг?!

Ишондим, бу рўё жаҳонда Зуҳра
Муҳаббат кўзидир, юмилмагай у,
Ёзарман қадрдон дафтарим узра:
“О ишқим тонги сен мангу бўл, мангу!”

АСИР

Сени кутаману биламан, асло
Мен сени бағримга боса билмасман,
Сен – зангор, беғубор самосан, само…
Мен-чи, қафасдаги қушман, асирман.

Сарғайган даштлардан ҳасратга тўлиб
Умидсиз боқарман, боқарман ҳайрон.
Кутарман, қандайдир қўл пайдо бўлиб
Қафасни очару йўллар сен томон.

Кутарман, ўша он ғафлатда қолиб
Кетмасман – учарман осмонга шодмон,
Боқарман зиндонбон кўзига кулиб
Ва сенинг қошингда яшарман омон.

Шундай ўйлайману биламан, бироқ
Тарк эта билмасман асло қафасим,
Зиндонбоннинг қўли бўшатгандаям
Учиб кетмоқ учун етмас нафасим.

Сарғайган дашт аро ҳар субҳи азон
Менга боқар гўдак нигоҳи ила,
Қувонч қўшиғини бошлаганим он
Лабларим қовушар дудоғи ила.

Агар-да, эй осмон, дил истаб бирдан
Зиндонни тарк этиб осмонга учсам –
Бу бола кўзига қандай қарайман?
Яхшиси, қўй, мени… Мен асир қушман.

Мен шамман, бу шамнинг ёғдуси тушса
Чароғон бўлади вайроналар ҳам,
Агар мен учишни истасам, учсам,
Паришон бўлади кошоналар ҳам.

Хуршид Даврон таржималари


ДЕВОР

Совуқ лаҳзаларнинг учқур бағрида
сукунат ичра ваҳший кўзларинг
атрофимда девор тиклайди, сендан
қочарман тонг каби сокин бўзариб.

То кўрай даштларни ой ғуборида
то нур чашмасига чулғаб танимни
иссиқ саратоннинг рангин тонгида
энг маъсум, саҳройи чечаклар билан
тўлдириб-тўлдириб этакларимни,
эшитай хўрозлар қичқириғини
деҳқон кулбасининг пасқам томида.

Сендан қочиб саҳро этакларига
оёғимни тираб танига, ичай
совуқ шабнамини алафзорларнинг.
Сендан қочиб денгиз соҳилларига
Қора булутларнинг сояси ичра
йўқолган қоялар қароргоҳида
назар солсам денгиз тўфонларининг
далли, деворангиз ўйинларига.

Олис ғурубдаги кабутар янглиғ
далаларни ҳамда дашт-довонларни,
пурвиқор тоғларни ва осмонларни
қанотим остига олиб тинглайин
қуриган буталар илтижосидан
саҳройи булбуллар қўшиғин майин.

Сендан олисларга кетарман қочиб,
синдириб орзулар тор қафасини.
Сендан олисларда қоларман очиб,
рўёлар қасрининг тош тамбасини.

Бироқ, таъқиб этиб сенинг кўзларинг,
йўлларни кўзимга айлаб тангу тор,
жисмимни қаърига яшириб тинмай,
гирду атрофимда тиклайди девор.

Мунофиқ кўзларинг домидан озод
бўларман бир куни охир-оқибат.
Таралиб рўёлар гулин атридай
осилиб тунги ел қанотларига,
бораман то қуёш қирғоғигача
мудроқ жаҳон, мангу сукунат ичра.

Қаҳрабо булутлар тўшагида бот
ширин энтикаман қайғулар ариб,
ёйилар ҳур осмон кифти узра шод
бетимсол, ғаройиб нур кокиллари.

Мен ўшал маъвода сархуш ва озод
қарайман, фусункор, маккор кўзларинг
кўзимга йўлин тор этган дунёга.
Қарайман, фусункор, маккор кўзларинг
зулмат пардасига чирмаб пайдар-пай
атрофини девор этган дунёга…

ЁЗНИНГ КЎМ-КЎК СУВЛАРИДА

Танҳо сени айро этиб битта япроқдан,
ҳижронимнинг шод, залворли юки қаърида
рихлат этгум
ёзнинг кўм-кўк сувлари ичра
мамот юрти,
кузак ғами соҳилларига.
Сояларда авайладим ўзимни ночор,
бебок, бесуд ва бесамар ишқ соясида —
сурурлардан, саодатдан тонган тунд, беор
нобарорлик, нопойдорлик ҳимоясида.
Нафаслари қайтиб кетган тор самоларда
шаббодалар тентираган зулмоний тунлар,
томирларнинг кўкмак, бебош кўчаларида
сўйилган ой сарсон кезган тул, фоний
тунлар —
танҳо.
Руҳим ларзалари билан қўшилиб
танҳо қолди бетасалло тун, субҳи содиқ
ҳатто томир зарбалари билан кўпириб,
бедаво дард балосига гирифтор борлиқ.
«Бир асрор бор дарраларнинг интиқлигида…»
Бу битикни кимдир тоғлар бағрини ўйиб,
зилу замбил тошларига ёзиб ташлаган,
тошларгаким,
сукутининг сурони ичра
бир тун тоғлар сукутини аччиқ ва тахир
илтижолар билан тилка-пора айлаган.
«Тўлиб-тошган кўлларнинг ланж изтиробида
бўм-бўш кўллар халовати бўлмагай зинҳор,
Оҳ, гўзалдир сукунати вайроналарнинг…»
Бу битикни ёзнинг кўм-кўк сувлари ичра
куйларди бир аёл вазмин тароналарда.
Ўша аёл яшар эди вайроналарда.
Оташфишон нафасимиз билан белаймиз
бахтиёрлик тақвосидай
бир-биримизни,
Ногаҳонда кезган дайди шамол шарпаси
ваҳимага кўмиб ташлар гоҳ дилимизни.
Шубҳаларнинг соясида сарғайиб-сўлар
бўсаларнинг ҳур боғлари
бад-балолардан.
Меҳмон бўлиб биз ҳар нечук нур масканида
зор-зор қақшаб-қалтираймиз гўр садолардан.
Энди менинг бағримдасан,
тонг палласида
сарвигулнинг атри каби ёйилган озод
сочларимга кўмилганча ўзингдан кетиб,
юрагимда тош қотарсан энди умрбод.
Алланечук чўнг ва ғамгин тийра мавжудот
олисларда ёришгувчи кун садосидай
пароканда қароғларим аро чарх уриб,
ёйилади гоҳ паришон,
гоҳо осуда.
Балки тиниқ чашмалардан симирадилар,
Балки шохдан узадилар мени сўрмасдан.
Балки мени эшик каби сўнгги лаҳзада
кўрадилар, балки…
Балки, бошқа кўрмасман.
Қора ерда яралганмиз
бемаврид, бесас
қаро ерга тўкилгаймиз…
Ўша роҳларда
«ҳеч»ни кўрдик
у ўзининг қанотли, сариқ
тулпорини миниб борар шаҳаншоҳлардай.
Биз хушбахтмиз, осудамиз бироқ, водариғ
биз бадбахтмиз, осудамиз азалдан-абад.
Биз хушбахтмиз,
зеро, севиб яшаймиз мангу,
Биз бадбахтмиз,
нафрат эрур зеро, муҳаббат.

СОЯЛАР ДУНЁСИ

Туннннг рутубатли йўлакларида
қувғинди бўлганда сояларимиз,
Биздан йироқларда,
ой ёруғида
дийдираган узум новдаларидай
бир-бирин пинжига тиқилар улар.

Туннинг рутубатли йўлакларида
муаттар тупроқнинг сукути ичра
беқарорлик билан чирмашар гўё
шабнам шаробидан сармаст гуллардай
сояларимиз…
Айрилиқ онида гўёки улар
биз ҳеч чоқ куйламай
Қаҳр-ғазаб билан
ичимизга ютган тароналарни
завқ билан баралла куйламоқдалар.
Бироқ соялардан йироқ-йироқда
бехабар аҳд нла паймонларидан,
висолу айрилиқ, армонларидан
бурканиб латтаю путталарига
яратарди хаста, хор вужудимиз
тирикликнинг шаклу шамойилини.
Туннинг рутубатли қаърида қолиб,
ўз-ўзимга айтдим такрор ва такрор —
«Ё соямиз сийратидан борлиқ ранг олар
ё соямиз сингиб кетган сийратимизга…»
— Эй, зулматнинг мавжи ичра зор, мотамсаро
атрофимда ўралашган саргардон руҳлар
соям ҳайда?
— Ваҳшат нури порлаётир, боқ,
сокин, хомуш фарёдимнинг биллур бағрида.
Соям қайда қолди,
кўланкам қайда?
Истамайман
ундан ҳатто оний айрилсам,
Истамайман
ё йиқилса сирғаниб беҳуш
йўловчилар оёғининг остига мулзам.
У ахтарган ўз йўлига келсин юзма-юз.
Эшикларнинг қимтиқ лабларига у
бошин суқар нечук баҳона билан?
Етти ёт бегона юрт аро нечук
ҳар уйнинг нотаниш остонасига
ноумидлик билан қўяркан қадам?!
Оҳ, офтоб,
оҳ, офтоб, беҳол жисмимдан
не учун соямни айирдинг-а, айт?!
Айтгил, қоронғилик шодликми ё дард?
Айт, вужуд зиндонми ё эрк саҳроси?
Тун зулмати надир?
Бу зулмат кимнинг
юзидаги қаролиғнинг сояси?..
Нима деркин у?
У нима деркин?—
Дея тентирайман саргаштаю зор
сўровларнинг — бировларнинг кўчаларида…

ЖУФТ

Тун қуйилар…
Ва тундан кейин
тунд зулумот
ва ундан кейин
қароғлар, дастлар
ва нафаслару нафаслару нафаслар.
Сув қуйилар…
Қатра сизиб жўмракдан
қатра-қатра бўлиб тўкилар нолиб.
Ва икки чўғ —
икки ёниқ сигара,
Соат чиқ-чиқи
Ва икки қалб —
икки танҳолик…

УНГА НИСОР АЙЛАНГ

Унга нисор айланг:
аҳён-аҳёнда
сабил қолган дардманд, хор вужудини
кўлмак сув ва бўм-бўш чуқурлик билан
пайванд айламакни унутган, бироқ
бошида чарх урса тентак бир хаёл,
яшамоққа ҳакқим бор деган.

Унга нисор айланг:
Ёвуз тажовузнинг бефарқ қаҳридан
юксак эзгу орзу аъмоли
эриб битса қоғоз дийдаларида.

Унга нисор айланг:
нур тараб тобути узра сарсари
кезиб ўтар бўлса қирмизи ойлар
ва туннинг беқарор муаттар мушки
танининг минг йиллик мудроқларини
ўзига ошуфта айлаган бўлса.

Унга нисор айланг:
Сийрати вайрон
аммо ҳанузгача кўз пардалари
куйиб кетса тола нур хаёлидан
ва бебок, ноумид зор кокиллари
қалтираса оний ишқ нафасидан.

Эй, хушбахт маъвонинг тирик жонлари,
ёмғирга дарича очган одамлар
унга нисор айланг,
унга нисор айланг!
Зеро, у — афсунгар,
тириклигингиз
томирлари буткул кетса кўмилиб
унинг заҳар-заққум тупроқларида
ва сизнинг гўл-гумроҳ юрагингизни
ҳасрат доми билан маҳв этар бўлса
кўксининг зулмоний пучмоқларида..

ВИДО

Кетарман ложарам,
Кетарман нолиб
Тағин вайронадан вайроналарга.
Кетарман дарбадар,
Кетарман олиб
Бу дарё дилимни девоналардай.

Кетарман йироққа,
Қалбимнинг қора
Гуноҳини ҳамда ишқ доғларини
Ювиб
Халос этсам дилимдан зора
Хароб истакларнинг дудоқларини.

Кечирмадим.Кечдим сендан,умидим,
Бенаво қалбимнинг тинглаб додини,
Тириклайин гўрга олиб кетдим жим,
Қўмсамасин дея висол ёдини.

Янграйди андуҳлар,ашклар нағмаси,
Кетарман саргашта,
Кетарман бадар,
Сиздан,гуноҳларнинг қайноқ чашмаси,
Шояд ўшал ондақилсайдим ҳазар.

Маъсумгина фараҳ ниҳоли эдим,
Шохимни қайирди ишқ панжалари.
Кулфат ёғдусига айландим-қолдим
Лабим у лаблардан тушганда айри.

Оқибат,
Пойимга ташлади каманд
Сафар арқонлари.
Жигархун,жимжит
Кетарман,кетарман,
Торт юрагимдан
Ночор қўлларингни, бесамар умид.

Мустафо Раҳмондўст (1950)

КИЧИК ЭЛЧИ

Дарахтларнинг кўк барглари
Қизарди, сарғайди.
Кўм-кўк печак ҳолсизланиб
Тўхтайди, қалтирайди.

Боғнинг хурсанд лабларида
Хурсандлик сўнди бирдан.
Тўлди қўшиқ тўла боғлар
Қарғалар қағи билан.

Дарёларда сув қуриди,
Тўхтаб қолди жилғалар.
Ўйнаб юрган капалаклар
Елда хомуш сирғалар.

Хабар сочар титраб-титраб
Кичик элчи ҳар ёққа:
“Зимистон қиш мавсуми ҳам
Тоғлар оша келмоқда”.

БАҲОР ҚЎШИҒИ

Кеча совуқ,
Бугун илиқ –
Қиш кетмоқда азмкор.
Тоққа,
Чўлга,
Боққа,
Кўлга
Келмоқда яшнаб баҳор.

Ҳар бир гиёҳ
Очди лабин,
Кўрк улашиб борлиққа.
Тил-забонсиз,
Лаб-даҳансиз
Шукур айтди Холиққа.
Ҳув-ҳувлатиб,
Ғув-ғувлатиб
Елни учирди баҳор,
Бу садони
Эшитганда
Тоғда эриб кетди қор.

Тоғнинг суви
Жилға бўлиб
Шилдир-шилдир куйлади.
Ҳамма ёқда
Елнинг, сувнинг
Янграб кетди куйлари.
Булбулчалар
Нағма чалар
Ел куйига ҳамоҳанг,
Шодликлари
Ичга сиғмай
Чаҳ-чаҳлайди сержаранг.

Баҳор ели
Хуш бўйини
Шоввалардай тарарди.
Баҳор куйи
Бир овоздай
Кўкка ўрлаб борарди.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси

  ziyouz

- - -


< Orqaga qaytish