Маданият, санъат


Marta o'qildi

"Инсонлар гўзаллик қадрини билиши керак"...Крисс Мерил. янги адабий кузатувлар. Саломат Вафо.

                                              

 

     Оламнинг ижодкор инсонлари ҳислари асосан ижодий руҳда тарбия топган бўлса, уларнинг характери ва жамиятда, дуёда юз бераётган воқеага муносабати  бир - бирига яқинроқ бўлади. “Шоир  ўз асарлари билан инсон қалбида эзгулик ва яҳшилик туйғуларини уйғота оладиган инсон ”  деганда янглишмаганди М.Пришвин.

    Ушбу кичик мақолани ёзилишига американинг машҳур шоири Крисстофер  Меррилл билан “Kitob dunyosi” газетасида қилинган суҳбат сабаб бўлди.  

   Бу дунёқарашларга  Америка билан оралиқдаги Атлантик океани ва минглаб километр, миль масофаларнинг таъсири йўқ..шоир, ёзувчи ўз қалби билан урушларга, у келтирган инсоний фожеалар ва вайронликларга қарши туради. Бу қарши туришда унинг шоирона мискинлиги, камтар дунёқараши ҳам асос бўлади деб ўйлайман.

   Мен  Американинг Гуттенхайм адабий мукофоти соҳиби шоир Крисс Меррилл билан 2009  йилда Ўзбекистондаги Америка Қўшма штатларининг элчихонаси гранти билан Айова университети бутун дунё ёзувчиларининг “Бадиий ижод” дастурида учрашган эдим.  Айова университетининг “Бадиий сўз” дастури жаҳон миқиёсида машҳур оезеденциялардан бири бўлиб,  унинг ташкил бўлганига 40 йилан ошганди.Бу вақт мабойнида   ушбу лойиҳада қатнашган кўплаб шоир- ёзувчилар Нобель ва дунёнинг бошқа олий адабий мукофотларига сазовор бўлган эди. Дастур жаҳон адабиёти янги анъаналарини ўрганишни истаган ва янги дўстлар орттириш, асарлари дунё газета-журналларида нашр қиинишни истаган ижодкорлар учун катта имкониятлар эшигини очади. Буюк хинд  йўлбошчиси   Махатма Ганди инсон психологияси тўғрисида “Шеърият – бу  гўзалликни эзгуликка айлантира олган қалб жасорати” деганди.

  Биз  лойиҳа бошланиш кунларида   асосан Айова штатида яшадик. Айова кўм-кўк шаҳар бўлиб, биз яшайдиган  университет хотели ёнидан Айова дарёси оқиб ўтарди.Ҳар тонг ҳали ҳамма уҳлаб ётганида  мехмонхона  ошхонасида тотли кофеларни олиб дарё бўйига чиқар эдим. Кимлардир флейтага ўҳшаган инструментда мусиқа чаларди. Кимлардир ям-яшил газонда китоб ўқирди. Чала- ярим тушунганимча Американинг газета-журналларини варақлаб ўтирардим. Ана шундай кунларнинг бирида мезбон сифатида дастур директори  икки ширин қизалоқнинг отаси шоир Крисс Мерилл барчамизни ва яна  Айова шаҳри мэрияти вакили, шаҳар газета –журналларидан ишлайдиган журналист, ижодкорларни уйига чақирган эди. Мен ўшанда Криссни дала ҳовлини эслатадиган, гуллар ва кўкликка бурканган камтар уйини кўриб ҳайрон қолган эдим. Шоирнинг уйлари, ётоқхоналари бирор хонасига қулф осилмаган эди. Хоналар оддий ва хашамсиз эди. Дунёнинг турли тарафидан келган шоир, ёзувчи, таржимон, драматургларни мусиқали шеъриятга, питцахўрликка чақирган эди.Ўшанда оқшомнинг барча мехмонлари ўзларини таништириб ижоди ҳақида гапирган эди. Америкага саёҳат умримнинг энг гўзал  вақттларидан бири бўлиб қолган эди. Ўшанда раҳматли онам Раимажон хожи она ҳали ҳаёт эдилар. Онам “Америка қаерга ўҳшар экан,Саломат”деганди. Мен “Америка жаннатга ўҳшар экан” деб жавоб берган эдим. Мен Америкага борган барча инсонлар қатори Американи, унинг супер қулайликларини ва тўғри сўзликни шаън деб биладиган, содда америкаликларни бир умрга яҳши кўриб қолган эдим.

   Биз таклиф қилинган Айова университети  “Бадиий ижод” лойиҳасининг  энг муҳим тарафи дунёнинг 37 мамлакатидан келган 40 одамдан иборат шоир, ёзувчи, таржимон, драматурглар гуруҳга Американинг  барча штатларига  сайёҳат уюштирган эди.

  Аҳир, бу орзулар мамлакати Америка эди.

  2009 йил сентябридан 2009 йил ноябргача давом этган лойиҳа вақти учрашувлар, тақдимот маросимлари,шеърият, кутубхона  наср оқшомларини ўз ичига олган эди. Дастур якунида  Вашингитонда яшайдиган  эр –хотин  ижодкорлар  “Бадиий ижод” дастури қатнашчиларини шундай меҳмон қилишган эдики, минг бир кеча китобидек сархил таомлар, биз яҳши кўриб қолган инглиз емаклари, ширинликлар, қизил шароблар, қимматбаҳо вискилар денгиз бўлиб оққани ёдимда қолган эди.

   Янглишмасам, 2018 йилда “Бадиий ижод” дастурига қатнашган шоира Гўзалбегим университет, дастур биносида Сизнинг катта портретингиз осилган эди, дея табриклаган эди. Бу дастурда ташкилот веб сайтига жойлаштирилган “Арғимчоқ” ҳикоям ва “Тилсим салтанати” романим  тилга тушган эди. Бир оқшомда  шоирлардан бири ҳазилми, чинми “Саломат Вафо IWP, яъни лойиҳанинг маликаси..”деган эди кўнглимни кўтариш учун.

  Жаноб Крисс Меррил билан  ”Kitob dunyosi” газетасининг 2020 йил 12 февраль сонида   “Беливер” журнали  ходими Лесли Керол Робертнинг   “Агар барча неъматлар бир лаҳзада ғойиб бўлиши мумкинлигини тушуниб етишганида эди..” суҳбати таржимаси босилган экан. .  ”Kitob dunyosi”  газетаси машҳур шаҳслар ва ёзувчилар билан суҳбатлар, учрашувлар тафсилотларини босишни жуда яҳши анъана шаклига киритгандир. Биз бу туфайли дунёнинг номдор шоирларидан бири Крисс Мерилл қалби, ҳаяжонлари ва дунёга муносабакти билан танишишга мувофитқ бўлдик. Ушбу  суҳбатда  2019 йил американинг Гуттенхайм мукофоти лауреати бўлган Крисс Мерилл  жамоатчиликнинг эътиборини бир масалага қаратади. Американинг машҳур шоири ўзининг Афғонистон, Боливия,Конго, Ливан,Негерия, Фаластин, Россия,Руанда, Сурия,Туркия, Украина, Венесуэла каби  дунёнинг кўргина уруш ҳаракатлари бўлаётган мамлакатларида бўлганини таъкидлайди. Ва ўз ижодкор қалби билан англаб етган эътирофини изҳор этади. У Афғонистонниг Қабул, Жалолобод, Мозори Шариф, Балх шаҳарларининг ўзига ҳос табиати, дарахтлари,гуллари борлигини ва ўттиз йилдан ошиқ давом этаётган уруш  инсонлар билан бирга, бу гўзалликни ҳам вайрон этганини оғриқлар билан таъкидлайди. Бу уруш бўлаётган ҳудудлавр юқоридан верталёт  учиши баландлигидан жуда кичкина бўлиб кўринар экан ва мен бу верталёт парвозини абадий давом этишини истадим дейди.

  Шоирнинг бу андуҳларида юқоридан қараганда  барча мамлакатлар жуда кичик уларда бирдай баҳор келади, бирдай қиш келиб қор ёғади, аммо инсонарнинг  тўҳтовсиз уруш ҳаракатларида қатнашиши Крисс  қалбини ларзага куелтиради.

  Ушбу озод дунёда яшаётган  иккала ижодкор Крисс Мерилл ва Лесли Робертнинг  интеллектуал тузилган саволлари ва жавобларида Фрейднинг “табақалаштириш тафовути”, ёки “цвилизациялар тўқнашуви”, иқлим ўзгариши, Суриядаги урушлар ва шоирнинг Нобель мукофоти совриндорларига муносабатлари ҳақида ҳам ўз муносабатини билдирган.

  Менга америкада яшайдиган Дунё ёзувчиларининг машҳур Айова университети “Бадиий ижод” IWP  лойиҳасининг директори  одамнинг уруш бўлаё

тган мамлакатлари, ҳусусан Афғонистоннинг  сал кам қирқ йил давомида давом этаётган урушда вайрон бўлган инсон омили ва маданият, тарихий  ёдгорликлар, гўзал табиат ҳақида куюниб ёзиши маъқул бўлди. Чунки, яқиндагина мен ҳам  қайғули афғон халқи ҳақида “Тун отлиқлари”  номли янги ҳикоя ёзган эдим.  Шунинг учун ҳам сўзим бошида  инсонлар, ижодкорларнинг яҳшиликдан шодланишига, ёмонлик урушларга  қарши туришида масофалар, денгиз, океанларнинг таъсири йўқ деб ёзган эдим.   Крисс Меррил  одамлар ва жамиятларни огоҳликка чақиради. “..кўриб турганимиз барча неъматлар бир лаҳзада ғойиб бўлиши..” мумкинлиги ҳақида огоҳлантиради.  Қадимда улкан тарихга эга бўлган, ҳазрат Алишер Навоий мангу кўз юмган юрт Афғонистон бунинг тирик гувоҳи ва исботидир.

Шеърлар ва назм чизгилари.

***

Кўмирнинг устида юрай деб аста
Оёқ кийимимни ечдим, бошладим,
Ўз теримни шилдим, мана, бирпаста, —
Сени айлантириб ўраб ташладим.
Танамни қийма гўшт этдим, оғринмай,
Сени севмоқ учун асли бу ришта.
Ниҳоят, жонимни суғурдим, атай, —
Сенга айланмоқ-чун, фариштам!

***

Очман. Рўза тутмоғим керак.

***

Аллоҳнинг сири: лабларини қўйди қулоғимга У, лекин бирор нарса демади.

***

Капалакнинг чаққани илон заҳридан баттар.

***

Қотиллика ўхшайдиган ўз жонига қасд қилиш энг мукаммал жиноят бўлур эди. Ўзимнинг орқамга ўқ отаман бир кун.

***

Сени ё ўн йил аввал, ё ўн йил кейин топишим керак эди. Ҳузуримга келдинг, лекин, вақтида.

***

Пашшанинг уч-тўрт кунлик умри билан тошбақанинг икки юз йиллик умри ўртасида қандай фарқ бор ўзи?

НАФОСАТ

Япроқларнинг синиқ томири ичра
Азадорлар мисол тизилиб қатор;
Осмонни сўнгги манзилга кузатаётган
Арчаларнинг тантанали намойишида;
Тун ўғриси ва келиннинг изини ёпган
Гъира-шираликда ёғаётган қорда; ҳар лаҳзада
Бошқа ўлжасига осилар Ўлим;
Нафис қулаётган юлдуз оппоқ чопон кийиб,
уфқда ўт олар қўққисдан.

ШАФҚАТ

Тонготар от ўғриси дарёдан туртиб чиққан
Хочни ёндирар, кули қирғоқни қоплайди дарҳол
Тутун ичра йўқолар кўприк.

Пишлоқ юкланган сут арава ҳайдовчиси ухлайди.
Оқ йўлдаги сузувчилар танасини қиртишлар,
Ёнаётган сув остига шўнғимоқдан қўрқади.

Уч машина тўхтару сутли кўлмакдан қонар,
Қирғоқдаги ҳақгўйнинг қўнғироғи бор,
Шафқат туйғусию, майин мусиқа,

Ҳатто итлар жим-жит. Ҳеч кимнинг
Оқ оти йўқ. Кимса қайғурмас. Ўғри эса
Ўрмонга беркинар, кўмар ўлжасин ва эгарни.

Кўприк очиқ ёки йўқ мутлоқ, оқ-қора
Сузувчилар сув остида сирғалар
Чўкаётган тавба билан, дурлар билан иши йўқ.

Бунда мусиқа йўқ, йўл ҳам йўқ бошқа
Дарёнинг у ёғида. Итлар аравага қараб додлайди.
Йўл ялтирай бошлар ойдинда.

Инглиз тилидан Аъзам Обидов таржималари

* * *

Футбол коптогини ўйнар болакай
машқлар ҳадисини олгач, аввал ўнг,
сўнгра чап оёққа, олд-орқа юриб,
яна ўнг оёққа, кейин – чапига,
сўнгра сонга олиб, сон атрофида
тўпни айлантирар чамбарак қилиб,
оёқ орасига тушади копток
танадан оққан тер мисоли аста
ва у оёғининг юмшоқ тарафи
билан тутиб олар ерга туширмай,
ҳуққабоздай уни тепиб ўйнайди
оёқда бир, икки, уч маротаба
сакрамачоқ каби спорт залида,
тепар ва ҳавода ушлар муаллақ,
заиф чап оёғи устида уни
олдин ва орқага юрар бемалол,
сўнгра боши узра кўтарар, копток
тепасида туриб қолар муаллақ;
болакай қаддини тутгунча расо
элка ва бўйнида кўтарар азот,
олар у елкадан бу елкасига,
оҳиста-оҳиста тебраниш сўнар,
сўниб бораётган нақорат қаби
ҳаракат тинар ва мувозанатга
келар болакайнинг сочи устида,
кўзига жизғанак қуёш билан тер
тўлади кўзига тўп ўнаётганда,
энгил тепиб ўйнар коптогини у,
букчайтириб олар елкаларини,
бошини орқага ташлар ва бўйин
ботиғида уни олади тутиб,
белини букар ва кўрар: соясин,
сербар футболкасин, жазирамада
куйган майсаларнинг тоб еган баргин;
дамини олар у, копток сирғалиб
элкасига тушар, оёқларини
соғина бошлайди зум ҳам ўтмасдан.

Айланиб чопади, копток устидан
тоққа қоқилгандай ҳатлаб ўтади,
чап оёғи билан коптогини ўнг
оёғига томон қисиб боради,
ва товони билан тепар коптокни,
у ҳавога учар – камалак мисол! –
тизларин айланиб ўтиб, болдирга
тушишидан аввал иккала сонин
орасига келиб тушади тўғри
токи болакай чап оёқдан ўнгга,
ўнг оёқдан чапга, сўнг сонларига
олиб коптогини ҳуққабоз каби
ўйнатиши учун ёзнинг энг сўнгги
куни бўш далада кезар чоғида.

Ғаввос

мувозанат сақлаб турар эди супанинг чеккасида
ой булутга урилгандай бир сўз жаранглаганда
кўзи билан қўлларини кўтариб сакради у
баландларга оёқ-бошин эгиб, ғужанак бўлиб,
орқага ўмбалоқ ошди у шифтдан ахтариб
қутб юлдузин, боши билан урилди-ку супага,
ажал уруғи ниш отди, шилқ этиб тушди боши,
оёқлари жонсизланди сирғаларкан ҳавода,
сув лоларанг бўлди қулоқ ва оғзининг қонидан,
у илдизга менгзалган кўй ҳовузнинг туб-тубида
қобиғида титраб турган трамплинни ҳамда
оёғига қалққан тўда солган чуввосларини,
синган кафти ёки гулни силкиётган аёлни,
сўнг қирмизи сувдан балққан нурни, ундан ҳам кейин
денгизчига йўл кўрсаткич кунни кўрмоқчи бўлди.

Денгиз

Япроқлар уй томин айланиб учар,
Куз келди боғларга, уйимиз заранг,
Эман соясида жойлашган эди;
Туш йўлакларию қафас оралаб,
Чопган каламушлар ва тонг чоғида
Ёлғиз уйғонишни ўйлаб мен “инмоқ”
Сўзини танладим…
Чунки сен кетдинг,
Япроқлар айланиб қочади томни,
Бўм-бўш уй чалади ҳуштагин: куз, куз
Ва мен шўр ҳавони ҳидлайман – денгиз.

Тўфон

Гўё меҳмон денгизнинг шиша столини синдириб, хизматкорларнинг қонини қайнатганча буйга ўтириб олганча сузиб кетаётгандай.

Гўё кимдир тўлқиннинг қизғанчиқ меросхўри бўлмиш тўлқинчалар соҳилни, қумтепаларни, қолаверса, денгиз йўсини ва кўпик кафанига ўралган оролни қоплашидан сақлаб қола оладигандай.

Албатта, мулозимларнинг мана бу кичик рўйхатида на денгизчилар, на балиқчилар, на қутқарувчилар, на тўлқин ўркачида сузувчилар, на қуёшда тобланувчилар, на чиғаноққа нақш чизувчилар, на денгиз манзарасин чизувчи рассомлар, на об-ҳаво мутахассислари, на бевалар, на деворлар… бор.

На уфқда туриб қолган ҳарбий кема экипажи бўлган денгизчилар – курраи замин бўйлаб тортилган симларда ғуж қўниб олган қушлар.

На телестудияда мўраётган Инжил воизи.

На йўлларни қоплаган, материкка йўл олган мошинлару юкмошинларнинг қувурию моторига тиқилиб қолган қум.

Ва шовот устидаги кўприк очилди, у чайқалди очилган кўйи, харилари синиб тушар, тиргаклари тик оёқда қочиб боради.

Кўприкнинг усти тузга бўккан тахталари билан сувга сирғалиб тушди.

Қўйиб юборинг деб ёлворган кўйи палтоси тугмаларин ечаётган кекса хотинбоз мисол.
_________

Гўё чақирилмаган меҳмон таклифимизни менсимагандай — об-ҳаво харитамиз, ҳаво шарларимиз, қум тўлдирилган халталару узун ёғоч оёқларимиз, лиқиллаган нарвонимиз қум уюмига лангар ташлади, ракеталар Ойда бўшалиб кетди, баржалар денгизнинг ҳамма жойига ахлат ташлади…

Чунки меҳмон сингари биз ҳам бурчимизни унутиб қўйдик ва шу тариқа борлиқ тартибига путур етказдик.

Бу тартибни на англаб етдик ва на ўрнига бошқа бир нарсани ўйлаб тополдик.

Чунки биз қуёш карахт қилган уйқудан уйғона билмадик, қум қалъаси қуриш мусобақасидан, қум уюмидаги қўнғизлар пойгасидан, клубдаги хўроз уриштиришдан ўзимизни тия олмадик.

Ҳатто қутқарувчи қизил байроқ кўтариб, бўрон булутидан огоҳ қилганда ҳам, сузувчиларга ҳуштак чалиб, ёз тугаганидан хабар берганида ҳам.

Яна бандаргоҳлар, қояларнинг анави узун енглари, бир жойга йиғилган траулерлар, пароходлар ва яхталар.

Ва пахтали елкани – қўлрўмоли билан чўкаётган чоғроқ бир кема.

Ва денгиз – оғзи кўпирган қутурган кўппак, сув кўтарилиши, яна чайнаб ташлар қирғоқни.

Қўлимиздан келгани – чапак чалмоқ ва келажак ёрдамни кутмоқ.
_________

Яна тўфонни эҳтирослар базми дея атаган ва у ўзини шамолга айлантириб, кўнглини супириб тозалашига ишонганлар ҳам бор эди.

Ва баъзилар унинг черков эшигига михланган рисоласини ўқишга уринганда бошқалар у қаэрдан шахдам одимлар буйруғини олганини, нега совғаларимизни ирганиб рад этганини билмоқ учун ибодат қилар эди.

Унинг тўлқинлари оломон лабларига тутилган сўзнинг пўстини сидириб ташлашига умид қилган одам ҳам бор эди.

Улар унинг очиқ кўзи – сокин қаҳрининг қоқ марказини биринчи бўлиб кўриб қолдилар.

Лекин қум йўлга йўлга уюлганда, лопиллаган қайиқлар ўз тўхташ жойи, бандаргоҳидан юлқинмай қўйганда болакай онасининг огоҳлантиришига ҳам қарамай варак учиргани қум уюмига устига чиқди.

Худонинг кўзига тушган чўпдай балиқчи ўлжаси бўлмиш окун балиғи томон кетаётиб қиқирлади.

Айни чоқда бобой одимлайди ҳаётидаги барча аёлларнинг номини минғирлар экан.

Унинг уфқда тўдалашаётган шамолларни жиловлаб олгудай шашти бор эди.

— Кейин у кўзини юмди ва яна босинқираш бошланди.

__________

Қум уюми устига туриб қолди дала ҳовлилар, чет мамлакат қўллаган ва устуворлик ҳиссини ўзгартириши зарур бўлган ҳукуматлар қулиб тушди қўққисдан, улар эшик ва деразаларин янги тартибга очиб, шамол билан сувнинг кескин буйруқларига бўйин эгди.

Худди ҳайдовчиси маст автобусдай бир коттеж денгизга оқиб чиқди, йўл-йўлакай кийимлар, китоблар, соатлар, устуллар, Эрон гиламлари ва оиланинг барча сир-асрорларини узун ва баланд тўлқин устига соча кетди.

Эгасиз мошинларни шовот томон сурган ўша тўлқин дала ҳовлини болалар аравасидай Дюн Роуд бўйлаб суриб, Шиннекок кўрфазига туширди ва дала ҳовли ясама оролга айланиб қолди.

Қум уюми ўсимлиги, тош йўл, ёғоч тиргаклар ва мих ёрдамга ташланган қумдан ясалган орол, унинг атрофида келаси йили ақлидан шамол оздирган аёл сузиб юрган бўлади.

Қўшиқ айтар, “Битта уй бор эди, тўфон келди сўнг…”

Бу жойда қуёш шақиллатар калитларини ҳамда чиғаноқ бўйсунар ўзининг оппоқ ёлғонларига.

У ерда шамолни мақтамоқни машқ қилаётган шоир дам олишга келган сўзлар бўронини топиб олади.

У ерда севишганлар саёз вужудларга ботиб қолади, руҳ эса баридан янгитдан бошлашни орзу қилади.

У ерга таниш меҳмон каби сув оқими билдирмасдан кириб келади…

Чунки
Яннис Ритсос мавзусига вариация

Чунки ўлик денгиз гаров тушганларни эмин қилди – туз таъми, рул ва елкан;
Чунки хожасининг кийимин кийиб олган римлик қуллар қитъа бўйлаб қочишга тушди;
Чунки бир қўлёзма, бир қисим мумланган сўз куйдириб кул қилди бир монастирни;
Чунки қуёш тан олмади Швартсвалдни, шамол тегирмонлари деҳқонларни ерга, ҳавога, бўри бўлиб увлаган болакайнинг овозига ун қилиб тортди;
Чунки бўм-бўш саҳнада вишиллар эди оломон, бадмаст суфлёр донг қотиб ётарди, примадонна ўрага яшириниб олди;
Чунки тиканли симга ҳиссиз юзимизу тўсиқлар ўрнини бердик;
Чунки қичқириқ вайрон бўлган ҳавода из қолдирди;
Чунки мен ўша из ортидан ўрмонга бордим, қўлларим эриб, тутун ва ёмғирга айланиб кетди;
Чунки мен юз йиллар олдин ташлаб кетилган сирти деворли шаҳар ташқарисидан топгунча кунлаб ва ҳафталаб саргардон кездим;
Чунки мен на деворни чамалай олдим, на қадрдон гўшимга қайта олдим, шу тариқа дарё бўйидаги соҳилда қолиб кетдим.
Чунки дарё ўзгартирди ўзанини ва унинг қирғоқлари мен тиз чўкиб, лол ва қўрқиб ўтирган қуруқ каравотга уваланиб тушди;
Чунки саҳронинг қаэрига борсам ҳам тинмай сўзланар эдим;
Чунки мен ҳеч қачон саҳрони кўрмаганман;
Чунки аниқ бўлмаган изга эргашгим келди;
Чунки аломатлар, йўлкўрсатар устунлар, ер ва денгиз ишорат белгиларига ишонмайман;
Чунки мен кўҳна шаҳарга илк сафарим чоғидаёқ сопол синиқлари билан тош қуроллар излаб, харобаларни титкиладим ва ҳеч қачон бу ерга қайтиб келмайсан деб огоҳлантирилдим;
Чунки мен барча огоҳлантиришлару оломоннинг кўрсатмаларини ерда қолдирмайман;
Чунки мен ўзимдан бошқанинг гапига қулоқ солмайман;
Чунки мен бўри бўлиб увиллашни яхши кўраман;
Чунки мен ўқиш учун қўлга олган ҳар нарсадан тутун иси анқийди;
Чунки баъзан қўлларимни топиш учун ярим тунда уйғониб кетсам, қўлларимни шўр босган, чойшаб эса баданимга елкан каби ўралиб қолган бўлади;
Чунки бу ер чўл ёки денгиз бўлса, буни гапириб бера олмайман;
Чунки юлдузларни ўқишни ўрганмаганман, қайга кетаётганимизни ҳам билмайман;
Чунки шу сабабли, ундан ҳам каттароқ сабабларга кўра, исмингни қудуққа яширдим, мана у яна паймонамни тўлдира бошлар.

Тўсиқ

Тоғ тизмасини иккига бўлиб қўйган тўсиқ “Кунлардан бир кун” деган сатр билан қўққисдан, узуқ-юлуқ ва қўққис гап бошлар.

У драма бўлиши учун ибтидоси, ўртаси ва интиҳоси аниқ бўлиши керак. Таъсирлари-чи? Улар террорнинг тозартувчи, покловчи хўжайинлари, улар таассуфининг ҳаётингга бурун тиқувчилари. Эҳтиёт бўл! – қичқирар драматург. Бутун дунё – тўсиқ, дер тўпори одамлар.

Кашфиёт билан тасаввур ўртасидаги кўҳна жанжалда тўсиқ икки тарафга ҳам ён босади. У на шакл билан мазмун ва на шеър билан насрни фарқлай олади.

Тўсиқнинг тўрт томони бор: юқори, паст, ўнг чап, қора, оқ, эркак, аёл. Шунга қарамасдан, кечалари тўсиқ келажакка йўл кўрсатади, вақт ҳақиқий шимолдир.

Теннессида кимдир даштни кўзага қуяди – бу тўсиқ қуришнинг бир йўлидир. Яна битта мисол: тошлар ўтган йўлни Яратганга томон қайта босиб чиқмоқлик.

Ойгул ва мў‘жиза ишораси ваколатин олган тўсиқ михларини йўқотиб қирларга ёнбошлар фитнакор тарзда, оҳанжомасини ечаётган одамлар уларни асраб қўяр сўнгги кунларга.

Боқ тўсиқнинг шамолда гириллашига, тажассумлантиришига адолатнинг ўлаётган ҳиссини; қўққис тошқиндан сўнг жилғага тўлиб қолган лойқанинг ғижим чойшабига соя ташлашига; мақсад танлашдаги ожизлигимизни фош қилишига.

Чунки тўсиқни талаффузу рақслар каби улкан қитъанинг қалин ўрмонларига кўтариб бордик, ўша ерда у қўпол талаффузимиздан узоқроқ яшаб қолди, рақсларимиз ўрнини эгаллади.

Биз у ерда бўғзимизни йиртиб куйладик, ўйларимиз хом эди. Ва бу ривоятдан келиб чиқиб, қонун ва тарихга йўл беради. Ким тўсиқнинг илк ва сўнгги таклифини қабул қилади?

Нариги дунё хариташуносларининг фикрича, Ернинг ўзи ҳам тўсиқдир, тўсиқларга тўлиб кетган коинотда нариги дунё демографлари буни рад этади. Тўсиқ кесиб ўтадиган ва юқорига ўрлайдиган дарёлар ва тик қоялар бир нарсани англатиб туради: дунё оловда куйиб кетадими ёки муз қотадими, барибир тўсиқ омон қолаверади.

    Шоирнинг  шеърлари  ziyouz.сайтидан олинди.

- - -


< Orqaga qaytish