Маданият, санъат

Денгиз туши.    янги ҳикоя.               Саломат Вафо.


Marta o'qildi

Денгиз туши. янги ҳикоя. Саломат Вафо.

                

                                                              ҳикоя

                                            “Одамни янчиб ташлаш мумкин,аммо уни

                                               енгиб бўлмайди ”.

                                             Эренест Хемингуай.

  Дунёнинг  аллақаёрларида тўҳтамасдан кўм –кўк осмонга найзадаек қадалган оғочлари бор ўрмонлари ёнарди. Миллион йиллардан бери асрий музликлар бағрида кезадиган қаҳратон элчилари бўлган  қаҳрли буйволлар ўт аламида,оқ айиқлар музлар эриганидан балиқ излаб очликдан балиқчилар чайлаларига яқин келарди. Оламнинг худонинг осмони булутларига ҳам даҳл қилган мегаполислари кўп қаватли осмонўпар уйлари булутлар бағрини тешиб ўтганига кўп бўлган эди. Дўм –думалоқ Мирзачўл тарвузига ўхшаган ер сайёрасининг 7 миллиард  паст-баланд уйларидаги катта – кичик телевизорларерда  ҳали инсоният тарихида кўрилмаган  метиорит катта тезлик билан яқинлашаётганидан хабар бераётганида аллақаердан гуммиллаган товуш эшитилиб, кўзойнакли, сочлари орқасига боғланган журналистлар вахима билан тинмай   билан ҳар ёққа чопарди. 

  Телевизор кўраётган овул одамлари ва телевидение ходимларни бу товуш нелиги ва қаердан кеаётганини билолмай жони халак эди.

  Борсагалмас  овулида   оқариб кетган спорт иштони кийган, совет даврида  пахталарга кимёвий дори сепадиган “кукуруз самолёт”и учувчилари яшаган ижара уйдан топиб олинган кирлиги ва эскилигидан ялтираб кетган тери жакет кийган, гўё рўмоли катталигидан букчайиб қолган кўзойнакли, ҳассали момолар ва қариялар тепасида байроқ хилпираб турган янги бино олдида аллақандай касалликка чалиниб парлари тўкилган, туллаган  қафасдаги қушлардай тизилишиб ўтиришарди..Эмишки, бутун оламга ва Ўзбекистоннинг  олис-яқин шаҳарларига вабоми, тож аталган касаллик тарқалгани  учун одамларга уйидан чиқишни ясоқ қилишган эди. Борсагалмасда электр, газ номли  ҳаёт  восталар йўқ бўлгани учун улар дунёда нелар содир  бўлаётганидан хабарлари йўқ эди. Бу уйларда ҳафтада икки-  уч марта қазон қайнайдиган бўлиб,  телевизор, музхоналар токча, қути, сандиқ  ишини бажарарди.

  Чоллар  Нукус қалъасига қатнаб ишлайдиган юзига  оқ дока ниқоб таққан  беш – олти энагалар, ҳамширалар, студентларни овулда  кўриб тум – турақай қочишган эди. Чол – кампирларнинг таёғини судраб, ковушларни шаппиллатиб, кўзойнакларини ерга тушириб бир –бирини итариб, туртиб – суриб  курка жўжаларидай  уйларига югуриши кулгили эди. Уларни совет даврида самолётларда учиб келган қандайдир одамлар дунёнинг у четида қора Африка мамлакатларида тарқаган Эбола вабосидан эмлаб кетишганидан сўнг овулнинг ярим аҳолиси ичкетар касалига дучор бўлишган  эди. Шундан сўнг  кунлари хожатхона излаб ўтди,осмонда  самолёт товушини эшитишлари билан тум-турақай бўлишарди.  Орадан кўп ўтмай барчаси яна Хиндистон кўчаларида туғилган уйсизлардай, гўё кўчада бир нарсадан қуруқ қолгандай  яна қуриган денгиз қирғоқларидан  йиғиб келишган  кема тахталаридан ясалган қулбола  ўриндиқларга  ўзларини ташлашар эди.  Чолларнинг  тараша кўтлари, оёқлари тушган тахталарда “Победа Арала”, “Москва”, “Пётр Великий”, “Сольнечная Каракалпакия” деган сўзларнинг  ҳарфлари сақланиб қолган эди.

   Бир куни овул чоллари ўриндиққа чўкиб ҳар вақтда жамолини кўрсатадиган қуёшга ўзини тоблаб ўтирганда,  Солия немис келиб заҳарини сочди. “Эй, тамбал текинхўрлар..”Қуёшли Қорақалпоғистон” кемасини Оролга келишига сабабчи  бўлган эдим. Менинг “Известия”да босилган мақолам учун шу катта кема Оролга келтирилган эди. Сен худо урган  ёввойилар шундай  улуғ кемани бузиб тараша кўтларингиз тайина  скамейка ясабсизлар. Илоҳим, шу тахталар товутингга ярасин ”..деганди қизариб – бўзариб.

   Қарғиш, ўлим,тобут ҳақидаги гап-сўзлар   қарияларнинг кулгисини қистарди.   Солия немис гўё аллақаёққа ғойиб бўлган денгиз тубидан кўкариб чиққан сув парисидай.. унга анграйиб қараб кулиб юборишди. “Ҳаҳа..ҳеҳе..не дейди..бу..Солия бу неси..”. Уларнинг   кундалик ҳазили шу бўлгани учун   эчкидай хихилашди.  “Ҳеҳе..Солия немис гамангни биз скамейка атдик, бошқалар тандира ёқиб нон ёпар ади. Уборийсина ўриндиқ ясар эди..” деб кулишган  эди. Улар кулишса-да, Борсагалмасни тутиб турган одам Солия  немис  экани учун ўриндан туриб “гал.ўтарсанми, бир оз дамингни ол..” дейишди.

  “Эй, сила одам бўмийсиза..берда одам ўтириб пайдо топмийди..”..дея теракдай адл қомат Солия немис қўлини силкиб йўлига кетди.

  Қари –қартанглар денгиз у ерларни  фаслсиз, вақтсиз, масофасиз ташлаб дунёнинг аллақаёқларига ғойиб бўлганидан бери тўҳтовсиз эсадиган шамолларда қуриб қоқ бўлиб ўладигандай тахта ўриндиқлардан мустаҳкам жой олишган эди. Бутун оламда  урчиб ётган    касаллик,йиллар, қариш  деган ходисалар денгиз   қаригами ёки осмонга кўтарилиб кетгандай, худонинг марҳамати билан Борсагалмасда қариялар умри вақт қонуниятлари ва мезонларига  тескари ҳаракат этарди. Овулдаги эллик – олтмиш нафарми, юз нафарми чол –кампир..замонавий медицинанинг озодалик ва тўйиб овқатланиш қонуниятларига қарама – қарши ҳолатда яшаб   ёшлари тўқсон, юзга етган эди.

  Ёз фаслида на ёмғир, на қор ёғдира олмай  бўзраядиган осмон ости, баҳор, куз, қишида худо қарғаган  саҳрода туну – кун  юзлаган, минглаган нар туялар эски калишдай осилган  лабидан кўпикларини оқизиб чопиб дунёни тузли бўронга буркарди. Бу   тўфонлар қутурган,  балокаш оламда тўқсон олти ёшига кирган Бекбўлсин қариянинг бўйни эгиг ..  унинг хотини тўқсон тўрт ёшли хотини Солия момо тез-тез касаб бўлар эди. Момони овул Солия немис деб атарди. Унинг   захарли тили, Русия газеталарида  ишлагани, яна  ҳақиқатпарастлиги  бунга сабаб эди. Опани  Орол денгизини асраш масаласида ёзган мақолалари билан Совет  даврида ўлмай, қамалмай  қолган  ягона журналист дейишарди. Балки, қария журналистнинг Москва университетида  ўқиганими ёки  коммунистларнинг марказий газетаси “Правда”, “Литературная газета” ларда мухбир бўлиб ёзганими.. Ёки бутун умр Москвага қоплаб дудлаган Орол  балиқлари,”Қоратов” ароғини  ташигани учунми журналист момо совет даврининг миллий ўлкаларга қаратилган ўлим машинаси тош тегирмонидан  тирик чиққан  эди. Ҳатто, аллақандай мўъжизалар билан тўқсон тўрт ёшга чиққан эди.  Айтишларича, унинг онаси хоразмнинг энг шимолий жойи Моноқ элатида туғилган экан. 

    Борсагалмас қариялари баъзан  худо ..ўзларини    дунёда борлигини унутиб қўйган деб ўйлашарди. Бу  элат  одамларини жаҳонда  на ўрмонлар ёнгани, на оқ айиқларини қирилиб битаётгани,на  айсберг  катталигича келадиган метеоритни ерга яқинлашгани билан иши бор эди. Улар бир тамондан Африкада эбола ва бутун  дунёда  тож деган касалликни тарқалганига хурсанд  эди. Чунки, Орол ташлаб кетанидан бери..бошида қизил нори бор президент Горбачев денгиз  бўйи овуллари  ароқ дўконларини ёпиб ташлаганидан бери  олам ..Борсагалмас овулини унутиб юборган эди.

  Қариялар овул йиғини  биноси   эшигига қуёш чиқмай келишган эди.Энди ҳали ҳануз эшик очилиб ҳар қайсисига сархуш этувчи шароблар, мойли калбасалар, қоврилган пиёзли тухумлар, балиқ консерваларининг  иси келиб турадиган пулни олишларини сабрсизлик  билан қарашарди.

  Қарияларнинг  жами олам уммонлари тошиб, ёки дунёга ўт тушиб, жумлаи-жаҳоннинг 7 миллиард инсонияти  сувга чўкиб балиқларга ем бўлиши, ёки   7 миллиард одам хиндларнинг муқаддас оловида ёниб тош товаларида жизғанак бўлиб бутун оламнинг инсон этининг даҳшатли бадбўйидан лорсилаши билан ишлари йўқ эди.

  Овул кенгаши биносига биринчи кириб кетган Володя ўрис ойнаванд акфа эшикдан чиқиши билан қари туядай оғзини катта очиб сўлак  ва тупукларини сачратиб ҳайқириб юборди.

-Ҳей, бовурларим. Ҳар бир  семяяа 1 миллион  сўм барар экан.Буни чиқарган  президентингга  раҳмат.  Манго Дианалалар билан 2 миллион бардила...

-Сан ичмаганмисан...Коля, шу рост гапми..

-Эй, Момит чавақ сан на манго ёпишиб олдинг. Сан аввал ўзигни ахтиқларингни овот ат..Беш- олти бола бирлашиб Борсагалмасда атмаган иши қолмади.Яна мани охтиқларимни гапирасан.

-Эй,қорриғонда чошмонгла, долашиб, ўрис сан ишинга боравар.Соат 5 дан геча қолма..1 миллион бўлса 1 миллион ...ҳали шу пул нага етади – деди ҳукмдор овозда Аҳмат шайтон.

-Шу гапни минг марта ойтдинг-до  шайтон, ўлдимми ман .... бораман..

Эшик олдида сувсиз қолган илон балиқлардай уймалашаётган  қариялар тўпи ўзларининг тўқсон ва юз ёшда эканликларини унутиб сакраб туриб, қоқ қўллари ва ҳассаларини осмонга кўтариб жазавага тушишарди. Улар яшин тезлигида Назира баракнинг емакхонасидаги ичиладиган  ароқни ва суҳбатлар, эжашикларни ҳаёлидан ўтказишарди.

-         Мен бир туш кўрдим, тушимда..

-         Ё, товба сен ҳам шундай туш кўрдингми..

 Орол денгизининг шонли қариялар армияси айни шу лаҳзада йиллар давомида тўланмаган уй тўловлари, сигир – товуққа олинадиган ем ва донлар, бўшаб қолган ун қопларини ўйлашмасди. Кимлар 1 миллион, ким 3 миллион сўм олиб шоду – хондон кечга тараф Назира  беракнинг тамаддихонасида кўришга аҳдлашиб тарқай бошлашди.

  Бекбўлсин чолнинг яна боши ҳам бўлди. Агар қизи  Сувсулув  оиласи билан бирга яшашганда у ҳам 2 миллион сўм олар экан.  Қария кўзойнагини арта – арта ичкарига кирганда овул кенгаши раиси, Мариям котиба қоғозларни йиғаётган  эди.

-Бекбўсин оға, ол қўл қўй....

Қария юмшоқ ва шаффофлашиб  қолган бармоқлари билан 1 рақамининг ортидан 6 та “0” рақами турган катакчага қўл қўйди.

-Нега қоғозни қайтарасиз Сувсулув  учун имзо чекмайсизми? – деди Мариям котиба.

-Қизим Мариям  Сулувлар Тошкентга..у ёққа  кўчиб кетганига  бир йилдан ошди.

-Оға, овулнинг устози Солия немиснинг пойини қўйибмиз. Опикама дори –дармон, кўнгли на емак тусаса олинг. Солия апикам бўлмағонда эй,Борсагалмасда одам қолармади..Оға, сиз мани ва болаларимни ўқитмаганингизда ҳозир нерларда улоқиб юрган бўлар адик.

Бекбўсин қария ич-ичидан қалтираб кетди. Балки, англашиб бўлмас саҳроий меҳр – яқинлик туфайли  одамлар бу юртларда яшаб қолишгандир. Яна 1 ва  олти нолли рақамлар ёнига ўзининг Ваисов Бекбўсин дея чиройли ўқиладиган имзосини қўйди.

  Олис-олислардан қуриган она денгиз тамондан  аллақандай оҳанглар саси тараларди. Бу товуш яқинроқ келганда қўбизга, узоқлашса  хотини Солия яхши кўрадиган саксафонми, италянларнинг пуфланадиган сози, ёки  сурнай  товушига мангзарди. 

Солия немисни гўё Орол туққан эди. У ёш болалардай  денгиз ташлаб кетган ерларда бир ёнтоқ, сарғайган ажриқ кўкарса ҳаяжони кўксига сиғмасди. Шу ерлардан  сув кўплиги учун бир вақтлар от билан ўтарди. Овул йилқичилари отларини ўтлатарди. “Булар одам бўлмайди..” деди ўз – ўзига  чолининг йўлига қараб. У Нукусда бозорга кириб ўн жуфт қўлқоп олиб келиб, совуқда тирналиб саксовул, йўлғун уруғлари қоқиб  терадиган овул хотинларига бўлиб берган эди. Аёл – қизлар олтин топгандай қувонганди.  Ўйсиз хотинларнинг  етти – саккиз нафари қўллиқларини эрига ва мактабга борадиган болаларига хадя этган эди. Ўзлари яна денгиз шамолида қизариб акашак бўлиб қолган қўлларига шолчаларини ўраб қолишаверди. Дунёнинг бошқа оналари ҳам  ўзбек,Хоразм ва қорақалпоқ оналаридай йўл тутар эканми?.  Борсагалмас овулининг барча хотинлари беш – олти йилда бир туғадиган қисир сигиридан чиқадиган бир коса сутини ҳам болаларига сутчой пишириб беради. Сутдан қаймоқ чиқиб қолса нон тўғраб оз-моз шакар сепиб   едириб  мактабга узатади. Овулда энг камёб сабзавот пиёз ҳисобланарди. Овул келинлари эрталаб болаларига едирарга емак топмаганидан, қолган-қутган ёғ билан хамир ийлаб,  мойсиз қозонда  пиёзли нон  кўмач қотиришар эди.

  Шу таҳлит овулнинг етим – есирлари, хотин – келинлари тўйиб овқат емай  ёппасига камқонлик касалига дучор бўлган эди.

  Солия немис Россияда ўқигани учунми.. руслар мактабни битирган фарзандини эшикдан чиқариб юборишини тўғри ҳисобларди. Аммо..Борсагалмасда дунёнинг қонуниятлари ўз кучини йўқотарди. Овул хотинлари ўғиллари, қизлари кузда иссиқ ўлкаларга йўл олган   турналардай пастак эшикли уйларни тарк этиб кетса ҳам, энг  сўнгги насибасини уларга илинарди. Улар  боласидан не кўрар эдики, Солия немиснинг  ўзи ўлғайтирган..ҳатто Тошкентда университетда ўқиган.. набираси Сувсулувнинг Туркияга кетиб қолгани..у ёқда қандайдир  ҳусусий газетада ишлаб юрганини тасаввурига сиғдира олмасди. Одам қандай ватанини, анасини ташлаб кетади?. Охтиқининг гўзал чеҳраси хотирасида жонланиши билан унинг норози товушини эшитгандай бўларди.  “Ана..ничик одамлар булар Сусулуви наси, аҳир..ўқишда ҳамма менинг устимдан Водасулув деб кулишарди. Борсагалмас амиш, эй, худо ҳатто ужас киноларда ҳам бундин одни ва жойни  топиб бўлмийди. Нима бўлибди Борсагалмасда дўғилсам, ино..ино қаранг..аҳир мани Сизнинг қуриб харитада изи  ҳам қолмаган Оролингиза на алоқам бор..Ман яшашни истийман, навчун печак гулдин манг ёпишиб олғонсизлар..”..

  Яна қулоғига бўзлаётган қўбиз оҳанги урилди. Шу яқин – орада тўй бормикан..Қайси бахши бўлди экан бу?. Бу яқин –орада Борсагалмас бўғозида бўрон қутураётганда ким ҳам қўбиз чалиб қўшиқ айтарди.

  Осмоннинг қизил алвонлари сақланиб миллий атласдай турли тусда товланаётган  уфқ бирлашган жойда  аллане номаълум мамлакат уруш эълон қилагандай “гуммилаб..” кетарди.

  “Ё, қудратингдан..” .. 

  Боғ эшигини очиши билан  “Солия  уйдамисан” деб чақирди.Уни уч- тўрт йиллардан бери кечалари уйдан чиқмаслигини билса-да.. Солия табассум билан Бекбўсинга қаради. Аммо юрагида ҳали ҳам охтиқи Сувсулув билан можоралашарди. “..Ана..сиз Борсагамасингиздаги энг ақлли одамсиз. Ўзи отам иккингиз бу саҳроларга  адашиб галиб қолғонсизлар. Ана, мани гечиринг овулинизни ёш – қариси  тузли қум бўронида нафас олавариб мияси қуриб Айтматовнинг манқуртина ойланган улар..Агар манқурт бўлмағонда  тўйинда, азасинда ҳам Орол, Орол дейаварами..Ҳа..ҳаҳа..алимсоқданн қолғон қўбиз гўтарган чоллар ва ёш йигитларам денгиз даб йиғлаб ўтиради.. Бу юрт амас..ҳақиқий Борсагалмас..қуш ҳам, одам ҳам боради. Аммо.. орқасина қайтмийди...Орқағо йўл йўқ. Сув тангриси Сулаймон пайғамбарнинг ер ости салтанати ютиб юборади. ”.

   Бекбўсин чол қўшни хонада юриб хотинининг товушини жон қулоғи билан эшитади.

     “Сиза сўллийман..Қўнгши Гулзира чиқиб уйотиб юборди. Гаччи сўйибдила..хомталаш атиб қўни – қўшниғо чиқарибдила..мани яши гўради даб..бағирини, мирға этларини олиб чиқибди. Яна бир гаччи садақа айтдим  Султонбувоғо дейди. Ман денгиза олиб бор дадим

  Чойчойнак  чийиллаб  қайнадим деб чинқиради. Тун чўкиши билан қутурадиган шамолда кўча симёғочидаги ягона фонуссимон чироқ чайқалади.  Совуқдан терлаётган деразада  кўчадан тушаётган ёруғликда яқинда қўшни Сариқ устага катта  тахта  ясатиб уйининг зали деворига қоқтириб барча расмлари, газетадан қирқилган мақолалари ялтираб кўринарди. Тахтанинг юқорисига  кекса журналист тақдирланган орден ва медаллар нишони,  осилган эди. Асосий бўлимда Солия немиснинг фарзандлари, набиралари расмлари  ва кўп ташкилотлардан  олган, энди ҳеч қандай қадри қолмаган миннатдорлик  гувоҳномалари ҳам тартиб билан ёпиштирилган эди. Сувратлар, кир босган медал гувоҳномалари, газета қийқимлари, фарзандларининг  ўқитувчиси билан тушган ўттиз – қирқ нигоҳ боқиб турган денгиз тўзонлари ортида қолиб кетган  синф суратлари ойнадан тушган чироқ нурида чайқаларди. Хотиралар, олам ва  одамнинг ўзи ҳам  чайқаларди.

  Кимлар кўчиб кетмади бу юртлардан?. 1991 йилларда  СССР  қулаб барча республиклар айрим бўлиб кетганидан сўнг..дунё кўзларига қаронғи  кўринарди.

   Энди...қўлига беш – ўн сўм пул тушди деганча  қўшни хотинларни олиб денгиз бўйига бориб  ўт ёқиб товада бўғирсоқ пишириб келишарди. Қазон ўчоқ атрофида ўйнайдиган болаларга бўғирсоқларни чўпга териб беришарди.  Ҳамма хотин ўйнаб кулар, Солия немис эса гўё кўз ёшларини бошқаларга кўрсатишни истамагандай “кўзимга қўм кирди”..деб  жуда олисларга чекиниб кетган денгизнинг шўр босган қум ўркачларига тикилиб ўтираверарди..  Термосда олиб келган қайнаган сувдан чой, қўлига пул тушган келинлар кофе ўрамларидан  ичиб гўё шароб ичгандай қувониб  бир-бирини қува кетишарди. Унинг набираси Сувсулув ҳам Тошкентда вақтида  овул келинларига ўхшар, вақти ҳўш бўлган чоғларда дугоналари билан кечиккан қалдирғочлардай тизилишиб кофе, кола  ичиб кулишарди. Ҳозирги ёшлар нега бўлар – бўлмасга кулавераркан. Уларнинг ўзлари тушунмай эшитадиган тарақа – туруқ мусиқалари ҳам бир – бириникига ўхшарди.

   Оролнинг аллақачон қишнинг оҳанглари эшитиладиган совуғида қўллари қотиб, юзлари қизарган  овул хотинлари чошгоҳда тарозига қўйиб килосига пул санаб оладиган юлғун созоқларнинг уруғларини теришга кетишарди.

  Денгизининг шўр қоплаган  сув излари, паст –баланд  сарғиш барханлари, кўкда дарё-кўлларни  излаб чирқиллаб юрган  такаллик қушларининг чинқириқлари  аро яна гумиллаган товушлар эшитиларди. Гўё минг йиллардан бери қирғоқлари музлаб ётган  Шимолий муз океани жуда яқин-у, қаерлардадир гумбирлатиб музларни парчалашарди.

  Солия  одатича қирғоқнинг баланд жойига чиқиб олис- олислардан на денгиз, на шўр ерлигини билиб бўлмайдиган оппоқ  чексизликка тикилиб ўтирарди. Шу чексизликнинг бағрида балиқчи қушлар чинқириб  учиб юрадиган  “Дўнгалак кўл” мудраб ётарди. Солия кўлни ҳали денгиз чекиниб кетмаган,қамиш тўзғоқлари қуёшнинг заррин нурларида ёғдули зулдирлардай учиб юрган, кўл шовуллаб  кўпикли тўлқинлари билан  айтим айтадиган кунларни кўрган эди. Энди ўйлаб қараса  узунлиги 75 чақиримча келадиган  улкан денгиз “Дўнгалак кўл”да асралиб қолганга ўхшайди.

   Қўшни хотинлар, келинлар, юзлари совуқдан тўрлаб кетган кўзлари қисиқ юпун кийинган болалар  ёйма,  қопларини юлғун, созоқ уруғларини тлдириб,  20-25 минг сўмни киссасига  совуқдан косовдай жонсиз бўлиб қолган қўлларига ёймаларини ўраб  қувониб қайтиб келишди...

 “Апиша,  учимиз қўшилиб эт-ёғ олиб, гешта қопширма пиширамиз..сиза олиб чиқамиз” деган сасларини эшитарди Солия  эски Опел Кадет машинаси  ичида.

  Балки, қўшни хотинларнинг  марҳаматли сўзлари  денгиз ташлаб кетган музлаган дунёни илитармикан?. Уларнинг кун бўйи қаҳратонда ишлаган пуллари ..учаласи бирлашса бир кило гўштга етаяпти.

   Бир вақтлар байроқларини ҳилпиратиб денгизда сузган кемаларнинг тахталаридан  ясалган ўриндиқда  қоқ балиқдай тизилиб ўтирган  Борсагалмас  мамлакати фаҳрий гражданларининг айтувича: овулнинг қария ва момойлари бир хил туш кўришар  эди.

   Кеча оқшом қуриган денгиз ўрнида бўрон кўтарилиб эди.

 - Бу оҳир замон белгиси...овулдинг бари қари одамини бир хил туш кўриши..  мени отойи – бувам бир хил туш кўрмаган, - дейди хотинлар бир – бир билан баҳслашиб.

 - Бир хил туш кўрмай нетасан, товуқ қўноғига чиқмай ухлаймиз. Туриб қаттиқ нон кавшаган бўламиз, монов Қусберганга ўхшағон туя сути ичади. Бизга шимилдириқ ҳам  йўқ.

  -Нукуснинг энг арзон ароғини ичган одам: денгиз тўфони  чанг-тўзон босган ўрнини кўрмай жаннат боғларини кўрсинми..Шунинг учун бир хил туш кўрамиз-да.

  Яна аллақаердадир денгизнинг сақланиб қолган жойидами, балки “Дўнгалак кўл” тарафларда “гуммиллаган” саслар эшитилади. Шамол кемаларнинг “вуппиллагани” ва  аллақандай одамларнинг овоз кучайтиргичда бақир-чақир қилганини олиб келарди.

   Қариялар Назира баракнинг қулбола тамаддихонасида  қизариб пишган мойбошбалиқларни олдига олишган эди.Шахт билан очилган эшикда Аҳмад ўриснинг ўн ўн икки ёшларидаги невараси  кўринди. У қонсиз юзларини аввал ўтирганларга қаратиб, сўнг дастурхондаги балиқларга қараб ютунди.

 -Ота, оғоларим  ўлди..- деди аста.

Тамаддихона кунда – шундалари яшин урган оғочдай қотиб қолишди. ..Аҳмад ўрис сакраб ўрнидан турди. Мусибат дамларида инсоннинг ички имкониятлари очилар экан. У бошқа вақтларда ўрнидан инқилаб – синқилаб қўзғоларди.

-Қайси оғаларинг, - деди бўйи паст  Момит чавақ .. ва иш қайси тамонга кетаётганини билиб оғзига катта бўлак балиқ  солиб юбориб ғудиради.

-Ҳаммаси..осилиб  ўлди, деб бола  бошини эшикдан  тортиб олди.

- Ҳийй..иййй..

Нукус қалъасининг аҳлатхонасидан топилгандек катта – кичик, орқаси кесилган қулбола  этик ковушлар ва юрганда шап-шап  товуш чиқарадиган  резинка калишларнинг орасидан ўзининиг спорт оёққописини  кияётиб  ўриснинг  “оҳ..иҳ”ми деб кўзларидан  ёш оқди. Умрнинг куз лашкарлари келган, озиқ топа олмай қолган туллаган хумой қушларидай ғувиллаб  қўзғолишди. Бири олдин бири кетин товушссиз ҳолда  Аҳмад ўриснинг  олди тамбурли уйининг боғ эшиги тамонга йўл олишди. Гўё, йиллар уларнинг қадами шиддати ва вазнидан жудо қилгандай, қариялар фильмнинг асталаштирилган тасвирлари булутидай шарпасиз силжирди.

  Қариялар тўпи ёз айвонга кириб Азроилни кўргандай қотиб қолишди. Айвон устунларига йўғон ёғоч боғланган бўлиб ёғочларга Аҳмад ўриснинг катта – кичик,узун – калта  набиралари оёғидан осилиб  қўйилган эди. Болаларнинг ўскин ва қуюқ ёйилиб  сочлари орасидан қизарган юзлари кўринарди. Аҳмад ўрис дорга осилганлар тамонга  “болам..ким осди сени” дея хўнграб имзанди. Остонада .юмшоқ туфлисининг бир пойи тушиб қолди. Хашаматдор хассасалардай эгилиб қолган Бекбўсин ҳам четдаги боланинг оёғига ёпишди. Лашкарнинг бошқа аъзолари оғзида  нони ва балиқ бўлаклари билан мисоли сақовлардай турли товушлар чиқаришарди..  

  Шу маҳал ерни тешиб чиққан юмрон қозиқдай қалпоқ ва елвагай тун кийган етмиш ёшларидан ошган  Шовон табиб қўлида белкурак билан  пайдо бўлди.

-Қоч-ай, ким осади бу ақлсиз болаларни..ҳозир ўзидан сўрайсан..агар дири қолса..

-Тўвиб бува, тўвиб бува..дейди қолганлар.

-На вўлди?. На вўлди, оға..

  Шу он “ҳиқ..ҳиқ..”деган сас чиқариб  Момит чавақ устунга суяниб хушидан кетди. Унинг оғзидан  чайналган нон, балиқ, шўр бодринг қолдиқлари  кўпик билан тошиб чиқди.

 -Эй, турай, монглайиқара Момит чавақ..ўзи бу  осилғон болалар боша бало бўлғанда..санго на  энди дўқсонингга етганда..

  Дорнинг энг сўнггига осилган кичик боланинг оғзидан шовуллаб оқ сариқ суюқлик аста оқди.Сўнг ярим қулочча келадиган илон осилиб тушиб биланглаб қоча бошлади. Шовон табиб бир хатлаб етиб илоннинг бошини чопиб ташлади.Дордагиларни яна уч нафарининг оғзидан илон шалоплаб ерга тушди. Илон бошлари чопиб ташланиб, болалар дордан туширилди.Сафнинг ўртасида  ўриснинг  қизидан бўлган набираси ҳали ҳам осилиб турарди. Уни  силкитишди. Яна айрон зардоби ичиришди. Сарғиш суюқликдан бошқа  нарса тушмаади. Уни илон ютмаган ҳисоблаб ерга туширишди. Боланинг онаси овулга нон  машина келадиган жума куни  Нукусга олиб бориб  аппарат кўригидан ўтказадиган  бўлди.Табиб болалар икки -  уч кун уҳлайди деб эълон қилди. Аҳамад ўриснинг катта ўғли болаларнинг ёнида қолди.Ҳаводан аллақандай қуланса ис келарди. 

 “Ўрис охтиқларинг йиғналиб Орола сув бўйина бориб пакникми, макникми, зиёфат атибдила. Қуён тутибди. Ўрдак урибди.Ўзларича довойи бўлади даб типритаканларни ҳам сихга тортиб ебдилар.Очгўзларни қара инди. Кечга тамон  уйга қайтишни режалаштирган  болалар шу уҳлашинда  қотиб  эрталаб тонг сахарда уйғонибди. Бирови аёзлағон, бирови алоқ – чалоқ душ гўриб уйғонибди. Оғир душ гўрибдила.  Кешта оғзини очиб ухлаб қолғон болаларнинг ёнина  қуён, кирпитикан гўшини исини олиб илонлар етиб галибди..Қуён, кирпи  гўшти иси учун уларнинг оғзина кириб кетибди. 

-         Воҳ,воҳ.. Шовон тўвиб сани етирган худоға шукур, дея хўрсинди Аҳмад ўрис.

-         Орол қуриғоннан сўнг чўл илонлари  кўпайиб гетибди. Йилина ўнлаб,юзлаб  қўй-қўзилар,молларни чақиб ўлдирадовин бўлди, бу газандалар.

 Рошларининг устида  Солия ва  халталарига уруғ тўлдирган ўн – ўн беш нафар  юпун кийинган овул хотинлари билан йиғилиб туришарди.

 Борсагалмас қариялар лашкари тушкин аҳволда овул четига йўл олишди. Болаларнинг бошига тушган кўргиликнинг нелигини англаб етиша олишмас эди. Олисдан қизил, кўк, гулли рўмолар ўраган овул хотинлари ва Солия немиснинг   қизил машинаси кўринарди. Борсагалмаснинг  кекса  армияси   саксовул экаётган одамлар тамон юришди.Момит чавақнинг ўзидай чаққон  набираси Назира баракнинг тамаддихонасидан дастурхондаги  емакларини олиб келган эди. 

Юлғун экиб юрган овул хотинлари ёнида баландроқ ўсган саксовулга   ўн ёшларидаги икки нафар бола  осилиб турарди. Шовон табибнинг  айтувича, икки  нафар овул боласининг ичига илон болалари кирган бўлиб, илончалар ошқозонда  ўлган, ёки   қаердалигини англай олмаётган эди.Улардан сал узоқроқда денгиз ташлаб кетган қирғоқ бўйида хотин – халаж кўринарди.

  -Беамр, тикон кирмас, денгизнинг ўчи бу. Қақраган бағрининг фарёди бу. Бугун бу илонлар болалорди оғзина гирибди, эртанг силани оғзингиза уллироқи гиради.

  Мовий кўклик  тўнкарилган қозондай само сари  кўтарилди. Осмонда  бўрон қушлари, оқ тус балиқчи қушларнинг учиб  қанотларини қоққанда ялтираб кетарди. Қариялар лашкарлари Солия немиснинг илондай совуқ сўзидан саксовулдай қотиб қолди."Денгизнинг ўчи..эмиш..Унда эртага овулнинг аҳволи не кечар".. Кимсасиз оламнинг ҳукмдори бўлган тангри ҳассасини  уриб  бу гўзал олам, сайёралар, булутлар, юлдузлар чеккиз уммонларни яратганидан бери  денгизнинг азалий шовуллашлари билан  ястланиб ётган сувликлар узра оқшомлари булутларга ўҳшамиш оқ чавақ балиқлар,  очкўз бўрон қушлар, кунботарда, баъзан эрта тонгларда  ойдинликларда сув парилари танаси билан тенг сочлари ни тараб аллақандай оҳанглар билан  қўшиқ куйларди.

    Шу яқин орада  яна нелардир гуммиллаб кетарди. Борсагалмас овулининг  саксовул экувчилари ва Солия немис олислардан таралаётган  акс-садога қулоқ тутарди.

  Ё, аллоҳ, қуёшнинг оловли  кокилларида , қизғиш гардишлари, кўпириб ётган осуда ҳаёт, мусиқалар, кофе иси тарқаётган, чироқлар, улкан реклама  кўзгулари бутун шаҳарни қоплаб олган, кўчаларида  одамлар овқат еб, чой, кофе ичиб ўтирадиган,  машиналар, текин автобуслар қатнайдиган шаҳарларга етиш учун кичик –кичик кемаларда бола-чақаси, қари-қартанг ота-онаси билан йўлга чиққиб, озод дунёнинг ўлим ва ҳаёт орасида 21 асрда энг чуқур океаннинг қаронғи совуқ тубларига чўкаётган одамларни ютган...ҳеч кимники бўлмаган сувлар.. гўё худо тамонидан ҳозиргина яратлагандай маъсум хамуза тортиб қуёшга юзини тутиб уйғонарди. Бутун оламдан, қуёш ва ой алмашинуви, ер айланиши, қуёшнинг оч  денгиз тўлқинлари кўпиклари, бўрон қушлари, чағалайлар чириллашида бир оҳанг юксаларди. Яна гумм этган товуш ер-кўкни қоплади.

  Солия немиснинг ҳикоясича..бундан эллик оллтмиш йиллар  ҳали Оролда тўлқинлар кўпириб турган маҳалда..Шимолий муз океани узра майин, ёқимли оҳанг таралар экан. Бу   тилсимот япон олимлари тамонидан яратилган сирли  мусиқа бўлиб, японлар уммон сувларида  бошқа давлатлар денгизи тамон сузиб кетаётган  миллион – миллион чавақ ва кичик кемадай семиз  балиқлар тўпини япон денгизи тамон чорлар ва ўзлари тўр билан тутиб  олишар экан.

  Тинг..тинг..тинг..

  Японларниг балиқларни чақириш йўлини ўрганган   рус ҳарбийлари тошаётган сув ва балиқларнинг олдига "кукуруз самолёт"лари, замбаракданми ўқ отиб япон денгизи тамон йўл олган балиқларни орқага қайтарар экан.

-         Сувга бомба ташлайдиган кукуруз самолётларнинг бизга нима алоқаси бор..

 Аллақаерлардан океанлар, музликлар бағридан денгизнинг тошиб йўлга чиққанига кўп  йиллар бўлди. Йўлда кимлардир, бомба ташлаб сувни ва балиқларни қайтармоқда..Шимолий муз уммонига ташланган бомба Оролда портламоқда эди.  Ана, ана боқ Оролнинг қуруқ жойларидан ҳам гумиллаган саслар эшитилиб тузли тупроқ осмонга кўтарилмоқда..Денгиз ҳам, сув ҳам  жуда яқин келди..унда балиқар ҳам яқин келди.

  -Бу денгизнинг туши..Борсагалмас овули такасалтанг қариялари ҳам шу тушни кўрди.. Не дейсан энди ..қариялар ҳам денгизнинг болалари.. Улар ёш бўлганда Орол ҳам ёш тўлиб – тошиб оқар  эди.Энди уларга ҳам недир бўлди..Бағри қуриб ўлаётган она денгиз..тўлқинларни ва балиқларини чорламоқда..Ана  боқ, боқ..сув ҳам, балиқлар ҳам йўлга чиқди.

   Солия немиснинг набираси Сувсулувнинг  олисларга кетиб қолгани  энди унчалик бағрини оғритмасди. Бўялган сочлари шамолларда учаётган кекса аёл  олисларда денгизда оқ тус  елканини  шишириб, ҳар замон “вупиллаб” товуш чиқариб сузаётган  “Қуёшли Орол” кемасининг оқ елканларини кўриб турарди. Кекса журналистнинг кўзларидан ёш чиқди. Энди эгалари кўчиб кетган  томи очиқ  ва деразасиз ойнасида шамоллар ғувиллаётган уйлар, мактаблар,дала ўртасида қаққайган хароба шийпонлар  қалбини оғритмас эди. 

  Бу қадим Орол саҳролари шамоллари  қушлар чинқириғи, денгиз шовури..ва аллақандай  майин оҳангларни қулоғига олиб келарди. Бу очликдан қутурган юзларча, мингларча  туяларнинг  "бў..бў"лаши эмас эди.  Бу на японча, на Солия яхши кўрадиган  Андреа Бачеллининг “Besame Mucho”, на хоразмча “Оразибон” ва на-да қорақалпоқча “Дембермес” эди.  Бу уйларни ямлай-ямлай  ҳар  тун қутуриб қаҳ-қаҳ  отадиган ёвуз саҳро, ёки “Титаник” фильмидаги сув остида ётиб емрилган, эндиликда   Борсагалмас қарияларининг ўриндиғига айланган кемалар, ёйинки, ҳар тонг кундалик нонушта дастурхонига сут ва нон пули ишлаш учун оппоқ,нозик қўллари денгизнинг шўр шамолида  тўнғиб қорайиб саксовул уруғини терадиган  овул хотинларининг хазин қўшиғи эмас эди. Бу кунботардан то кундўғаргача ястланиб ётган қадим хоразмшоҳларнинг ерлари, тупроғи, ҳали ўлмаган дарё-кўллари,  қум остида қолган  шаҳар -кентлари ва  "Дев қурган қалъа", "Қирқиз қалъа" каби ўнлаб кўхна қалъа харобаларига бир вақтда тикилган шамолда пориллаб учаётган  оловранг байроқлар тамонидан  куйланаётган тириклик ва ҳаёт қўшиғи эди.

 

   15 сентябрь -  5 ноябрь 2020 йил.

  Сайтнинг дахлсизлиги бузилиб, ҳикояга 15-20та имло хато киритилибди. Қайтариқлар, сўз бузилишлари пайдо этилибди. Ҳозир, 9 ноябрь соат 9.50да ҳикояни янгидан таҳрир қилдим. Айни замонда матнда  хато йўқ. Илтимос, хатолар учраса Фейсбук саҳифам орқали хабар беринг.

 

 

- - -


< Orqaga qaytish