Маданият, санъат

Ялдо кечаси  - туғилиш байрами.    таклифлар.       Саломат Вафо


Marta o'qildi

Ялдо кечаси - туғилиш байрами. таклифлар. Саломат Вафо

 

     Тарихий манбаларда ёзилишича Ялдо кунининг эртаси Хорруз.. қуёш, туғилиш куни ҳисобланар экан. Ушбу қуёшли туғилиш кунида..менинг яна Ялдо туни ҳақида ёзаётганимда маълум бир маънода самовий сезимлар бордир.

  Инсониятнинг энг қадимий китобларидан бири  “Авесто ” асарида  баён қилинишича  олам икки асоснинг ибтидонинг, яъни ёруғлик ва қоронғулик, яхшилик ва ёмонликнинг тўхтовсиз курашидан иборат. Яъни эзгулик ва ёзувлик, ёруғлик ва қоронғулик ғоялари қадимий халқларнинг урф-одатлари, яшаш тарзи,сайл-байрамларида ҳам акс этгандир. Бунинг далили сифатида  Марказий Осиё ва форсий халқларнинг янги йилни Наврўз байрамида нишонлашини  кўрсатиш мумкин.

  “Новрўз” – форсча янги кун маъносини англатади.  Баҳорда яъни 21 март куни коинотдаги барча тирик жон, инсоният, ўсимлик ва ҳайвонат дунёси қайта жонланади.  Мамлакатимизда Наврўз – баҳор байрами, янги кун, табиатни уйғониш байрами сифатида кенг нишонлади. 

  “Авесто” диний таълимоти асосида асрлар давомида юзага келган  яна бир  қадимий байрамлардан бири “Ялдо туни”ҳисобланади. Ялдо туни байрами бугунги кунда Эрон ва форсий тилли халқларда кенг нишонланмоқда. “Ялдо” – узун тун ва умумий маънода туғилиш, қуёш,ойнинг туғилиши деган маънони  англатади. Бу тун.. ер шарининг юқори қисмида юз беради. Ялдодан сўнг кундузлар узаяди, тунлар қисқаради. 21 март куни нишонланадиган Наврўзда эса  юқорида таъкидлаганимдек,  йилнинг тенг кунлиги  юзага келади. Яъни кеча ва кундуз тенглашиб, уйғун ҳолатга келди. Бундан маълум бўлмоқда-ки, “Авесто” да баён этилган Ялдо туни ва Наврўз байрами  бир-бири билан  даврий боғлиқдир.

     Бу йил Ялдо туни 21 декабрдан 22 декабрга ўтар кечаси нишонланди. Ҳозирги кунда Ялдо туни Эрон ИРсида катта байрамлардан ҳисобланиб, асосан  оила давраларида қарши олинади. Бу кечада  мусиқа тингланади,  Хофиз ғазаллари ўқилади. Муборак Қуръони – карим асосида ёзилган Хофиз ғазаллари билан ёрқин келадак  башорат қилинади. Байрам кунлари мева-чева, ноз-неъматлар, қуруқ меваларга тўла дастурхон ёзилади. Қариндош – уруғлар, дўстлар йиғилиб  суҳбатлар қилинади. Ўтганлар  руҳига дуо қилинади.

  Тарихий  аввалда: “Авесто”да баён қилинган воқеалар асосан, “Арианам Вайжа” мамлакатида, яъни олимлар томонидан “Катта Хоразм” деб аталган давлатда рўй беради. Бу давлат Бақтрия, Марғиёна, Сўғдиёна, Хвайрезм (Хоразм)ни ўз ичига олган.

Фирдавсий ва Берунийнинг тасвирлашича: Қувғунига дучор бўлган Зардўшт,  ўз динини Эрон шоҳи Виштаспга асослаб кўрсатиб, унинг ишончини қозонади. “Шаҳристонҳои Эрон” китобида Виштасп фармонига кўра, Зардўшт 1200 бобдан иборат панднома “Авесто”ни олтин тахтачаларга ёзиб, шоҳнинг оташкадасига топширган деб ёзадилар.  

   Манба: http://khorezmiy.uz/uz/pages/view/451

  Аммо.. даври-давронлар, тож-тахтлар, гуллаган қалъалар замон туфонлари  билан барбод бўлади. Муқаддас китоб "Авесто"ни икки нусхаси македониялик Александрнинг юриши даврида йўқ қилинади. Сосонийлар даврининг охирларида араблар Эронни босиб олиб эски динни ва муқаддас китобларни ўтда ёқишади. Ўз этиқодларига содиқ баъзи бир қавмлар Авестони каттагина қисмини олиб Ҳиндистонга қочишади. Улар катта қийинчиликлар билан Ҳиндистонни Бомбей шаҳри атрофидаги қишлоқларнинг  бирига етиб боришади ва у ерда ўтроқ бўлиб қолишади. Ҳозирги кунда ҳам Бомбей атрофида 250 000 нафар порслар яшашади ва муқаддас "Авесто"нинг  нусхаси уларда сақланади.Ўша асрлар қувғинида қолган форслар қавмида сақланган “Авесто”  таржима қилиниб кейинчалик  Европага тарқалади.  

    Берунийнинг гувоҳлик беришича, Зардўшт  македониялик Александрнинг Марказий Осиёга келишидан 258 йил илгари дунёга келган.  Демак, “Авесто” китоби ҳам Македонский босқинидан 200 йиллар аввал яратилган.

  Демак, “Наврўз” байрами ва “Ялдо туни”нинг яралганига етти минг йиллар  бўлган. Чунки, форсий халқлар..уларнинг ота-боболари ва аждодлари  гўзал Ялдо тунини 7 минг йилдан бери нишонлаб келмоқда.

  Ялдо туни шарқ адабиётининг энг  салмоқли  мавзуси ҳисобланган. Туркий тил асосчиси хазрат Навоий ўз ғазалларида Ялдо тунига кўп бор мурожаат этади. Унинг : "Эй Навоий, ғам туни эрмас шафақким, чархни қилди гулгун қон ёшинг дарёси ҳар дам чайқалиб. ... Шоми ҳажрим тору бепоёнлиғин англай десанг, фаҳм ўлур ялдо туни янглиғ сочинг ҳар торидин" каби гўзал мисралари бор. 

  Бугунги ўзбек адабиёти шоирларидан раҳматли Асқар Маҳкам, Ҳалима Аҳмедова, Зебо Мирзаева ва Одил Икромлар шеъриятига Ялдо туни мавзуси алоҳида гўзаллик бахш этган эди.

  Бу гўзал байрамлар халқларнинг китоби, тили, тарихи   турли асрларда турли босқинчилар  тамонидан ўтда ёқилди, тупроққа кўмилди.  Яқин тарихда  чор Россияси, сўнг Совет Иттифоқи даврида  миллий халқларга қарши шовинистик  сиёсат олиб борилиб, уларнинг  тарихи, тили, урф-одатлари, Наврўз ва Ялдо тунидек миллий, диний байрамлари қатағонга учраган эди. Шўролар тузмида яшаган халқлар ..бугунги   Сибир кичик туркий халқларидек ўзининг кимлиги, тили ва маданиятини унутмоқда эди.   Аммо ўлмас  рухий обидалар, байрамлар, анъаналар  халқлар  ва миллатлар қалбида яшайверган.

  1970 йилларда..мен болалигимда декабрь ойларида элатимиз масжитлари ва яқинимиздаги “Ваёнгон” қабристонида сайллар, байрамлар бўларди. Ишонинг, қабристон ичидаги майдонда  дарбозлар ўйин кўрсатганини ўзим кўрганман. Хоразмда  одамлар ҳаёти қабристонлар билан узвий боғлиқ бўлгани учун биз қабристонлардан чўчимай, қўрқмай улғайганмиз. Бу каби ҳаёт тарзини инсоннинг шаҳс сифатида шаклланишига ҳам катта аҳамияти  бор деб ўйлайман. Ўнлаб қўйлар сўйилиб катта чулан қозонларда  қорма, шовлага ўхшаган таом пиширилиб, бутун элат биргаликда баҳам кўришар эди.Бу биз болалар учун катта тантанага айланар эди.  Камбағал оилаларга қўй эти ва нон,бўғиросқ, қорма тарқатиларди. Шу таҳлит биз болалигимиздан раҳмдиллик ва саховат туйғулари билан таниш бўлганмиз.

  Сўзимнинг оҳирида асосий мақсадимни эълон қилмоқчиман.

  2020 йиллар инсоният тарихининг махзун йиллари бўлиб қолади, назаримда. “Авесто” китобида ёзилганидек..биз  умримизнинг қоронғулик даврини босиб ўтдик. Негаки, жаҳон мамлакатларида юз берган коронавирус вабосидан 1 миллион 700 минг нафар одам вафот этди.

  Ҳар кун  газета-журнал, ижтимоий саҳифаларда ўқийдиган ўнлаб одамларнинг  таъзия эъонлари бизни вақтидан олдин улғайтирган эди. Энди биз дунёга бошқача кўз, яъни юқорида ёзганимдек, меҳр-муҳаббат ва раҳмдиллик туйғулари билан боқмоқда эдик. Биз олис-яқин давлатларда яшайдиган одамларнинг ўзимиз каби ҳимоясиз,  омонат тақдир эгалари эканлигини англамоқдамиз.

  Коронавирус халқаро пандемияси  юз берган айрилиқлар дунё халқларини яқинлаштиришга, бир-бирини севишга  чорламоқда..Шу маънода ҳаётимизни янада равшанлаштириш ва бойитиш  учун қўйидаги таклифларимни баён қилмоқчиман.

  Биринчи:  Юртимизда  кенг нишонланадиган “Наврўз ” байрамининг узвий давоми сифатида “Ялдо кечаси” байрами ҳам кенг нишонланса.."Ялдо кечаси" - Ўзбекистонда яшайдиган барча халқлар нишонлайдиган дунёвий байрам ҳисобланса..

  Иккинчи: ТВ ва матбуот, оммавий ахборот воситалари орқали тарихчи ва этнограф олимларимиз “Наврўз” ва “Ялдо кечаси” байрамлари тарихи, аҳамияти, уни қандай нишонаш ҳақида чиқишлар қилинса.. Мактаб, лицей, университетларда "Тарбия" дарсларида "Ялдо" байрами ҳақида тушунтириш берилса...

  Учинчи: Бу байрам қиш вақтига тўғри келгани учун  сайлни қандай ўтказиш борасида Эрон ИРси тажрибалари ўрганилса.. Ўзбек ТВлари форс диёри, шаҳар ва қишлоқларидан репортажлар уюштирса..Кўчалар Роджество янги йилини кутиб олинганидек чироқлар, байроқлар..ва ҳаказо..билан безатилса..

   Туркий халқларнинг тўй, тантаналари қирқ кунлаб давом этган эди. Балки, шунинг учун ҳам туркий эл-элатлар меҳрли ва жасур миллатлардан ҳисобланар.. Ўзбекистонимизда эса тўй, тантаналарнинг кўп бўлгани яхши..айниқса халқаро пандемиядан сўнг халқимизнинг рухини кўтаради деб ҳисоблаймиз.  Гўзал "Ялдо туни" ҳам байрам қилинса...  Ўшанда календаримизда яна бир қизил рангли санъа кўпайиб ҳаётимизга мазмун кирар эди. Энг муҳими биз бу байрамни нишонашимиз билан дунё халқлари, ҳусусан, буюк форс халқи билан яқинроқ бўлар эдик.

   23 декабрь 2020 йил.

  Тошкент шаҳри.    

 

- - -


< Orqaga qaytish